Menu
Categories
Исмат Хушев: Курсдошим Баҳодир ҳаёт бўлганида, бугун – 55 ёшга тўларди…
04/20/2015 Адабиёт

“Дунё ўзбеклари”дан:

Курсдошим Баҳодир Содиқов ҳаёт бўлганида, бугун 19 апрель куни 55 ёшга тўларди. Лекин минг афсуски, бевақт келган бешафқат ўлим уни орамиздан жуда эрта олиб кетди. Архивимни титкилаб, Баҳодирнинг курсдошларимиз билан тушган бир дона суратини топиб олдим. Яқин соатлар ичида ана шу ноёб сурат тарихига оид мақоламни  ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиш ниятидаман. 

Исмат Хушев,

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.

 

Umid Bekmuhammad. Xotira uyg’onsa, go’zaldir (Bahodir Sodiqov haqida xotiralar).

09а 19 апрелда истеъдодли адабиётшунос олим Баҳодир Содиқов таваллудига 55 йил тўлади
Баҳодир Содиқовга худо умр бериб, бугунги истиқлол кунларигача етиб келганида, Нажмиддин Комилов,Иброҳим Ҳаққулдек етук тасаввуфшунос олим, тарихимизнинг теран тадқиқотчиси бўлиб етишарди.Бироқ унинг 21 ёшигача ёзган мақолалари ҳам тарихимиздаги нурли излар бўлиб қолаверади.Энди марҳум мунаққиднинг хотирасини абадийлаштириш масаласини маъсул раҳбарлар ўйлаб кўришса яхши бўларди.
003 Умид Бекмуҳаммад  ХОТИРА УЙҒОНСА, ГЎЗАЛДИР 004
Шовот Хоразм вилоятининг Туркманистон билан чегарадош туманларидан бири. Бундан қараганда юртимизнинг энг чекка ҳудуди.
Бироқ ана шу ҳудуд Юсуф Ҳамадоний, Ваянгонбобо каби қадамжолари, Кат, Ваянгон сингари тарихи милоддан илгариги даврга бориб тақалувчи қаълалари, тарихшунос Ниёзмуҳаммад Шайх,шоир ,таржимон ҳамда хаттот Отаниёз охун Ниёзий ,шоир ва саркарда Нуржон Ботир, адабиётшунос, драматург Юнус Айёмий, ҳофиз Комилжон Отаниёзов, 2-жаҳон уруши қаҳрамони Раҳим Авазмуродов, меҳнат қаҳрамонлари Карим Раҳимов, Оводон Дўсова, Зариф Раматов, академик Азимбой Саъдуллаев, шоир Баҳром Рўзимуҳаммад, адиба Саломат Вафодек фарзандлари билан ҳам машҳур.
Табиийки, ана шу сафда гарчи 21 ёшида вафот этган бўлсада, адабиётшунос Баҳодир Содиқовнинг ҳам ўрни бор дея айта оламиз. Агарки атрофингиздаги аксарият шу ёшдаги йигит-қизларга разм солсангиз, ҳали танлаган касби бўйича дадил бир ишга киришиб кетаолмагандек. Бироқ Баҳодир Содиқов 21 ёшигача ўз тенгдошларидан анча ўзиб кетаолганди, деса бўлади.
Буни у киши ёзган адабий-танқидий мақолалари, шеърлари яққол кўрсатиб турибди. Баҳодир Содиқов вафот этганига анча йиллар бўлган эса-да, у кишини билган яқинлари, тенгдошлари, бирга ўқиган талабаликдаги дўстлари адабиётдан гурунг очилганида “Ҳозир Баҳодир тирик бўлганидами…” дея афсус-надомат айтиб туришади.
Маълумки, 21 ёшдаги ижодкордан одатда бошловчи адабиёт ихлосмандларига хос айрим қораламаларгина қолади. Аммо Баҳодир Содиқов умри қисқа бўлгани билан ўзидан боқий асарлар яратиб қолдирган экан.
Ҳаётлигида “Учинчи имтиҳон” сарлавҳали мақоласи “Гулистон” журналида айрим қисқартишлар билан чоп этилган, “Шарқ юлдузи”да чиққан “Қирқинчи афсона” мақоласини кўриш эса у кишига насиб қилмаган экан…
Бироқ Баҳодир ака кўплаб адабий танқидий мақолалар, шеърлар ёзган эканки, улар дўсти, шоир Берди Раҳматда сақланиб қолибди. Баҳодир аканинг ҳамюрти Баҳром Рўзимуҳаммаднинг саъйи ҳаракати билан кейинчалик Баҳодир Содиқов ёзган мақолалар “Ёшлик”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” нашрларида, “Камалак” мажмуасида чоп этилди.
Ана шундан кейингина фақат бирга ўқиган дўстларигагина таниш бўлган Баҳодир Содиқов номи кенг адабий-илмий, ижодий жамоатчиликка маълум бўлди.
Баҳодир Содиқов Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетида талаба бўлган йиллар шўро мафкурасининг цензураси, шунингдек маълум бир қолипда қотиб қолган “олим”, ижодкор, муҳаррирларнинг матбуотга “тўғон” қуриб олган зиддиятли даври эди.
Ана шундай даврда яшаб ижод этган Баҳодир ака ўзбек адабиётшунослигига эркин нафас олиб киришга интилганди. Бироқ давр Баҳодир ака ёзган мақолалар, шеърларни чоп этишга тайёр эмасди. Ўша даврнинг нақадар мафкуравий исканжада эканлигини Баҳром Рўзимуҳаммаднинг мана бу ҳикоясидан ҳам билиб олиш мумкин:
Баҳодир аканинг Машраб ҳақидаги мақолаларини чиқариш учун ҳаракат қилиб, бунинг уддасидан чиқабилмай юрган пайтларига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. 1980 йилнинг баҳори эди. Мен машқларимни кўрсатиб, устодлардан маслаҳат олгани Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига бордим.
Шунда Баҳодир ака бир туркум мақолаларини олиб, машинкачилар хонасидан чиқиб қолди. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Мен шеърларимни “Ёшлик” альманахига бермоқчи эканлигимни айтдим. Йўлимиз бир экан, деди у. Кейин таҳририят жойлашган “Ёшлар уйи”га бордик. Ўша ерга бориб мен турғунлик даври адабиёти қанчалик исканжага олинаётганлигини аниқ тушундим.
Альманах муҳаррири Аҳмад Аъзам, баланд бўйли, сигарета тутатиб ўтирган яна бир шоир давр қийинчиликлари хусусида куйиб гапирарканлар, мен Баҳодир аканинг мақолалари нима учун матбуот юзини кўрмаётганлигини тўғри тушундим.
Баҳодир ака жуда кенг феълли, дарров кайфияти тушмайдиган, ҳар сўзини ўйлаб донишмандона сўйлайдиган йигит эди. “Ёшлик” да революция бўлибди-ку…” деди у афсусланиб, йўлда кетиб борарканмиз.” Истеъдодли ёш шоирлардан икки-уч нафарининг шеърий туркумларини 10-сондан олиб ташлабдилар…”.
Ҳа, давр ана шундай эркинликни исканжага олган ҳолатда эди. Аммо Баҳодир ака бобоси Содиқ эшон, дадаси Каримберган акадек эътиқоди мустаҳкам оилада вояга этгани учун ўтмишга, қадриятларимизга ғоят ихлос қўйган инсон бўлган эканлар.
…Хоразм вилоятининг Янгибозор туманилик журналист Ўрозмат Яхшимуродов Баҳодир акадан бир йил кейин университетга ўқишга кирган. У киши марҳум мунаққид билан илк учрашувларини шундай эслайдилар:
Тошкентда талаба бўлганимдан қувониб ўқишга борган пайтларим. Қайсидир Хоразмлик танишим билан шевамизда гаплашиб кутубхонага бораётгандик. Меним шевада гаплашганим учунми юртдошлик ҳисси билан бир йигит “Нердансиз? Гурланданми?” дея сўради. Ўзимдан каттароқ кўринган, бунинг устига 2-гуруҳда ўқиётган талабанинг “Сиз”лаб сўрашиши бошқача туюлди. Журналистикада ўқиётганим учунми “Боғолондан, шоир Омон Матжоннинг қишлоғидан” дея мақтанган бўлдим.
Шунда у киши ўзини таништириб, “Боғолон топономи қандай маънони англатади?” дея сўраб қолди. Мен кексалардан эшитганим бўйича Боғолон билан боғлиқ ривоятнамо гапни айтдим. Ўшанда Баҳодир Содиқов “Хоразмдаги кўплаб жой номлари уруғ номи билан боғлиқ. Хусусан, Боғолон ҳам олон уруғига алоқадор, дея олон, ос, массагет сингари қадимда Хоразмда яшаган уруғ, қавмлар тўғрисида маълумот бериб ўтганди.
Кейинчалик Баҳодир Содиқов билан анча яқин бўлиб қолдик. Баҳодир ака доимо биз ўшанда эшитмаган Хоразм тарихининг турли воқеалари тўғрисида гапириб берарди. Ҳа, оилада тарихга, аждодлар ёдига эҳтиром руҳида вояга етган Баҳодир Содиқов ўз даврининг талабалари орасида ҳурмату-эъзозга сазовор бўлган шахс даражасига етганди, деса бўлади.
Талабалик даврига оид яна бир воқеани Гурлан туманилик болалар шоири Содиқжон Иноятов сўзлаб берди: “-Эсимда, журналистика факультетининг биринчи курсига қабул қилингач, кузда биз талабаларни Сирдарё вилоятининг “Оқ олтин” туманига пахта теримига олиб кетишди. Талаба бўлганлар яхши билишади, талабаликдаги пахта даврининг ўзига хос гашти таровати бор.
Бийдай дала, дала шийпонида кечадиган кунлар, ҳар оқшом бўладиган ўйин-кулгулар, шеърхонликлар. Қайси бир кун теримдан қайтиб дам олишга чоғланаётган эдик, биздан бир курс юқори ўқийдиган Ўрозмат Яхшимуродов шошилтириб қолди. -Тезроқ бўла қолинглар, Баҳодир ака келинглар, деб хабар юборибди. Юқори курс талабалари биздан уч километрча наридаги шийпонда яшардилар.
Шийпоннинг ёнгинасида механизаторларга аталган кулба бўлиб, у ерда ўша йиллардаги анъанага кўра ҳар бир вилоятдан келган талабалар вақти-вақти билан алоҳида йиғилишиб ош қилишар, суҳбат қуришарди. Одатда бундай давраларда шеър ўқилар, қизғин ижодий тортишувлар бўларди. Борсак Баҳодир ака палов пиширишга уннаётган экан. —Келинглар, йигитлар, – деб кутиб олди у бизни. – Бугун бир Хоразмни эслаб ўтирайлик. Юртни ҳам соғиниб кетдик, ахир. Мен ўша кунги дилтортар гурунгимизни ҳали-ҳануз яхши эслайман.
Баҳодир Содиқовнинг суҳбати хотирамда айниқса қаттиқ муҳрланиб қолган. У Хоразм афсоналаридан бирини сўзлаб берди. Сўфи Оллаёр ижодига нисбатан бўлган бир томонлама, нотўғри қарашлар тўғрисида куйиниб, бу шоир ижодий меросида ҳозирги кун китобхонига бемалол ҳавола этса бўладиган ажойиб асарлар борлигини, лекин бу ишга ҳеч ким бош қўшишни истамаётганлигини гапирди.
Ўша йиллари эндигина сафга кираётган ёш шоирлар Усмон Азим, Хуршид Даврон, Шавкат Раҳмон ижоди тўғрисида ҳали биз учун бутунлай янгилик бўлган фикрларни айтди. Ва ниҳоят даврамиз сўнгида у ҳаммамизни ҳайрон қолдириб ( у даврларда бундай ҳол чиндан ҳам ҳайратланарли эди-да!) Қуръон тиловат қилганди.
Шу куни биз беш-олтита мақоласи-ю, бир иккита хом-хатала шеърлари газетада чиққан, университет талабаси бўлдик, деб ўзимизча ғурурланиб юрганлар нақадар ғўрлигимизни, оз нарса билишимизни, жуда кўп ўқиб ўрганишимиз зарурлигини ҳис қилдик.
Айни кезда шунча кўп нарсаларни биладиган Баҳодир акага дилдан ҳавас қилдик. Шундай элдошимиз борлигидан фахрланиб қўйдик. Кейинчалик университетга қайтгач ҳам, Баҳодир ака билан алоқаларимиз узилмади. У факультетимизда таълим олаётган барча ҳамюртларимизга бирдек меҳрибон, акаларча ғамхўр эди.
У ҳар доим яхши ижодкор бўлиш учун жуда кўп нарсани билишимиз лозимлигини айтар, араб имлосини ўрганишни уқтирар, ҳар биримиз Хоразм тарихини билишимиз шарт, дер эди. Афсуски, бешафқат ўлим уни орамиздан олиб кетди.
Орадан вақт ўтиб, 1989 йилнинг кўкламида Тошкентдан шоир дўстларимиз-Абдул Жалил, Берди Раҳматлар Гурланга, Вазир қишлоғига келишди. Меним “Москвич” машинамга ўтириб Шовотга – Баҳром Рўзимуҳаммаднинг уйига бордик. Уни олиб Баҳодир ака туғилиб ўсган Бешмерган қишлоғига, унинг отаси, ака-укалари ҳузурига бордик.
Ўшанда ёшлик қилиб ҳаммамиз бош кийимсиз зиёратга борган эканмиз. Баҳодир аканинг эътиқодли отаси ўшанда ҳар биримизга дўппи совға қилганди. Дастурхон атрофида суҳбат қилар эканмиз, назаримизда ёнгинамизда Баҳодир ака ҳам бордай, хиёл кулимсираб, бошини оҳиста силкитиб, сўзларимизни маъқуллаб ўтиргандай эди…”
Ҳа, Баҳодир аканинг ўзи бир мақоласида ёзганидай “хотира уйғонса гўзал”дир. Бугун гарчи орамизда Баҳодир Содиқов жисман йўқ бўлсада, уни таниган, билганлар хотирасида ул кишининг номи ҳамиша барҳаёт. Ёзган мақолалари, шеърлари, таржималари орқали Баҳодир аканинг иккинчи боқий умри давом этмоқда.
Баҳодир Содиқовнинг умри қисқа экан, аммо ул кишининг ёзганларининг умри узундир… “Олтин Мерос” жамғармаси Хоразм вилоят бўлими раиси Комилжон Нуржонов айтганидек, “Баҳодир Содиқовга худо умр бериб, бугунги истиқлол кунларигача етиб келганида, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулдек етук тасаввуфшунос олим, тарихимизнинг теран тадқиқотчиси бўлиб етишарди. Бироқ унинг 21 ёшигача ёзган мақолалари ҳам тарихимиздаги нурли излар бўлиб қолаверади. Энди марҳум мунаққиднинг хотирасини абадийлаштириш масаласини маъсул раҳбарлар ўйлаб кўришса яхши бўларди”.
1990 йилнинг 20 февралида “Шовот истиқболи” газетасида Урганчдаги Х.Сиддиқ номли мактаб ўқувчиси, асли Шовотлик Гулнора Қуронбоева ўша давр анъанасига кўра, кашшофлар гуруҳига Баҳодир Содиқов номи берилганидан қувониб, ул кишининг номини Шовотдаги мактаблардан бирига беришни таклиф қилган экан. Орадан йиллар ўтди. Аммо…гарчи бугунги кунда таълим даргоҳларига атоқли шахслар номи берилмасада, Баҳодир Содиқов номини хотирлашнинг бошқача йўллари ҳам борку?!
Баҳодир Содиқов 1959 йилнинг 19 апрелида таваллуд топган ва 1980 йилнинг 12 сентябрида вафот этган. Ахир ана шу саналардан бирида Шовот туманидаги коллеж, мактабларда марҳум мунаққид хотирасига бағишлаб тадбирлар ўтказиш мумкин-ку?! 
Ёки бўлмаса Баҳодир Содиқов билан бирга ўқиган,ул кишини ўқитган, таниган-билган Шовотликлардан, университетда бир даврда таҳсил олган ижодкорлардан ул инсон тўғрисидаги хотираларни ёзиб олиб, бугунги кунда адабий анъанага айланган “Баҳодир Содиқов замондошлари хотирасида “номли китобини ҳам чоп этса бўлади.
Шунингдек ул ижодкорнинг илк ижод намунаси 1976 йил 7 февралида Шовот тумани газетасида чоп этилган экан. ”Хоразм ҳақиқати”,  “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”,  “Ёшлик”,  “Шарқ юлдузи” нашрларида чоп этилган, шунингдек дўсти Берди Раҳматда сақланаётган мақолаларини ҳам тўплаб нашр этсак, Баҳодир Содиқовдек умри қисқа бўлган инсоннинг руҳи шод бўлган, асарлари кенг жамоатчиликка етиб борган бўларди.
Ана шундан кейингина эса мунаққид таҳсил олган Ўзбекистон Миллий Университети журналистика, ўзбек филологияси факультетларида Баҳодир Содиқов хотирасига ва  ул кишининг ижодига бағишлаб илмий-амалий анжуман ўтказмоқ керак, менимча. Бундан ташқари мунаққиднинг юртдошлари – Урганч Давлат Университети ўзбек филологияси факультетининг зукко талабалари учун Баҳодир Содиқов номли стипендия жорий этишса, ёш авлод қалбида ўтганларга ҳурмат руҳи шаклланар, улардаги ижод куртаклари равнақ топиши учун замин ҳозирланган бўларди.
Ўйлайманки, меним бу таклифларимни ёзувчилар уюшмаси Хоразм вилоят бўлими, вилоят маънавият тарғиботи маркази ва Шовот тумани ҳокимлиги мутасаддилари ўйлаб кўришса, яхши бўларди. Зеро, Шовотнинг шарафли Баҳодири, ўзбекнинг 21 ёшидаям етук мунаққиди даражасига чиққан ижодкори хотирасини эъзозлаш, бугунги истиқлол фарзандлари учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

БАҲОДИР СОДИҚОВ ШЕЪРЛАРИДАН
0034

БАҲОР, УЙҒОН!

Баҳор, уйғон, уйғон ноз билан,
Наврўз , келгил, келгил соз билан.
Қийғос бўлиб гулласин боғлар,
Лолаларга буркансин тоғлар.

Дилдан қайғу-аламлар кетсин,
Умид қуши манзилга етсин.
Ел келтирсин гуллар тотини,
Мафтун қилсин инсон зотини.

Олам бўлсин аттор дўкони,
Боғлар бўлсин булбул макони.
Қайғу бўлсин диллардан гумроҳ,
Шодлик бўлсин инсонга ҳамроҳ.

Қуёш сочсин олтин нурини,
Деҳқон эксин бахти-дурини.
Баҳор, яшнат ўзбек элини,
Шоирлар ҳам боғлаб белини,

Тоширсинлар ижод дарёсин,
Бойитсинлар ижод дунёсин.
Сени куйлай, куйлайин баҳор,
Куйлайин ва мадҳ этай такрор.

Шодлик солиб менинг дилимга,
Баҳор Наврўз,келгил элимга!
Бунча шодлик бахш этгач менга,
Ушбу шеърни бахш этдим сенга!

1975 йил 14 март.

021

Дардларингни дарёга,
Сирларингни самога,
Тўкма, сочма, севгилим,
Сирларингни сев, гулим.
Дардинг билан дилбарсан,
Сирлар билан суюкли.

Дарёларнинг денгизи,
Самоларнинг юлдузи.
Сенга бўлса, мен ўзим
Борман ахир, кундузим.
Дарёлардан дилбарсан,
Самолардан суюкли.

Суйдириблар суймасанг,
Куйдириблар куймасанг,
Энг бахтиёр туйғу бўл!
Тоғсиз, чўлсиз оҳу бўл!
Куймагандан дилбарсан,
Суймагандан суюкли.

Сочиларсан сир бўлиб,
Ҳайратимда ҳур бўлиб.
Учарсан-эй фалакда,
Фалакларим юракда.
Фалаклардан юракда.
Фалаклардан дилбарсан,
Юрагимдан суюкли.

1980 йил.

021

Эса бошлар ишонч шамоли,
Ва кўпирар кураш тўлқини.
Ҳам озодлик денгизи узра,
Кўринади бахтлар ёлқини.

Ҳали кўпдир қуллик қояси,
Озодликнинг денгизи ичра.
Эй, шамоллар, довулдек эсинг,
Ва сен, тўлқин, қояга сачра!

Шамол ҳамда тўлқин, бирлаш ва
Қояларнинг қирғоғин кемир,
Эй сен, денгиз, қуллик оролин,
Қаҳр ила қаърингга симир!

Шунда қоя ўсмоғи учун,
Хунта бўлиб отилмас вулқон.
Замондошим озодлик учун,
Курашга чиқ, уйқудан уйғон!

1980 йил.

ТАРЖИМА ДАФТАРИДАН
ФЕЙЕРБАХ БИСОТИДАН
0034

021

Инсонни тушуниш учун уни севмоқ керак.

021

Гўдак фақат севганидан кейингина инсон бўлади.

021

Мардлик тафаккурнинг зарур шартидир.

021

Бизни фикрлашга, ўйлаб кўришга ундайдиган яхши китоблар бегона тилда ёзилган.Уларни ўқиш давомида ўз шахсий “она” тилимизга таржима қиламиз.

021

Ҳаёт –бизнинг фикрларимиз ва туйғуларимиз баҳори6 лекин уни фақат ёз охирларига бориб, ҳатто куздагина қоғозга туширамиз.

021

Дунё-гўзал сарой; фикрлар-бу қирол, туйғулар-бу ҳақиқатни тахтга томон ўтказмайдиган саройбонлар.

021

Ҳаёт тўхтаб-тўхтаб,томчилаб ичилиши керак бўлган шаробга ўхшайди.Энг яхши шароб ҳам, агар уни сутдек бирданига ичадиган бўлсак, биз учун барча лаззатларини йўқотади; унинг қадрига етмай қўямиз.

021

Ҳаёт — шоир,китоб файласуф.Биринчиси бирликни кўпликда мушоҳада қилади, иккинчиси кўпликни бирликда мушоҳада қилади.Поэзия самарани кучайтириш ва лаззатни ошириш учун дарахтга узоқдан қарайди.У дарахтнинг қандай гулларга буркангани, унда минг-минглаб гуллар қандай чайқалаётганини томоша қилади ва ушбу кузатишнинг магик кучи билан қаноатланади.Фалсафа эса дарахт олдига келади ва битта-иккита энг катта гулларини юлиб олади.Уларнинг бир-бирига ғоятда ўхшашлигини кузатади; ўзи билан уйига олиб кетади ва ақли қуёшида қуритади-да, китоб варақлари ичида сақлайди.

021

Вақт-борлиқ ва йўқлик шакли, у шу ҳақиқатни акс этдиради.Бугунги ҳаёт-лаҳзаларнинг давом этиши, холос; биз доимо бир лаҳзаликкина яшаймиз.Лаҳза-бу менинг бутун ҳаётимни ёритиб турадиган чақмоқ.
Лаҳзанинг борлиги ва йўқлиги ўртасида нима ётади? Унда борлиқ билан йўқлик оралиғи йўқ, акс ҳолда у лаҳза бўлмас эди.

xdk

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*