Menu
Categories
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга
04/23/2015 Ватандан хабарлар

             Ислом аканинг янги ва яхши суратиЎзбекистон  Республикаси  Президенти  хурматли 

ИСЛОМ  КАРИМОВга.

       Нусхаси:       Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири

Ш. М и р з и ё е в га

Ўзбекистон   Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси

Р. Р. И н о я т о в га

Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори

И.Абдуллаевга

  Инсон  Хуқуқлари  Халкаро  Жамияти  Вице Президенти

М. Т. З о х и д о в га

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири И. Х у ш е в г а

ва барча ОАВ раҳбарларига

Фарғона вилояти Тошлоқ туманида фаолият юритаётган чорвачилик ва паррандачилик фермер хўжаликлари рахбарларидан

               

                      М  У  Р  О  Ж  А  А  Т  Н  О  М  А

                               ( такрорий  равишда)

 Мухтарам юртбошимиз Ислом Абдуғаниевич !!!

Сизни  республикамиз мустақилликга эришишида хам, ундан кейинги босиб ўтаётган тарихий йўлида хам, республика  Президенти,  халқнинг отаси, элимизнинг содиқ фарзанди сифатида бутун умрини халқимизга, элимизга, ватанимизга бахшида этган хақиқий инсон сифатида биламиз ва такроран Президентликга сайланганлигингиз билан чин юрагимиздан қутлаймиз, табриклаймиз.

Мустақил, демократик тамойиллар ва қонунлар устивор деб баралла айтилаётган ватанимиз Ўзбекистонда, адолат ва хақиқат қидириб, айнан туманимизда юзага келган  холат  мисолида қонунларни ишламаётганлигидан азият чекиб, хеч бир нажот топа олмай, нафақат адолатсизликдан жабр кўриб аламзада бўлганлигимиз учун эмас, Қонунлар бирдек хаётга тадбиқ этилмаётган жамиятда хеч қачон ва хеч қандай адолат ва фаравонлик бўлмаслигини ва хақиқат қарор топмаслигини англаб туриб, айнан адолат бўлишлиги учун хам, Қонун устиворлиги бўлиши лозимлигини, яъни қонунга хамма бир хилда риоя этишлиги ва қонун хамани бир хилда химоя этмоқлиги лозимлигини тушуниб, туманимизда ва вилоятимизда хақсизлик ва адолатсизлик, коррупция, қонунларни қўпол бузилиш холатлари ва чорвадор – фермер  сифатида бизларни қонун билан қўриқланадиган муайян хуқуқларимиз поймол этилаверганидан сўнг биз адолат ва хақиқат излаб, қонун устиворлигини таминлашида ёрдам сўраб республикамиз рахбариятига мурожаат этган эдик.

Биз фермерлар мурожаатимизда кўтарган муаммолар  махаллий хокимият миқёсида хал этилмаслигига, махаллий хокимият ва хуқуқ тартибот органлари,  солиқчилар,  фермерлар ва ахолини чўнтагига “уя” қуриб олган қонунбузар “Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ таъсисчиси Қўштепа тумани Лойсон қ.ф.й. худудида яшовчи фуқаро Фозилов Каримберди Йўлдашалиевич томонидан тузилган жиноий гурух ва ушбу гурухнинг кирдикорларини кўриб билиб туришсада, уларни жиноятларини хаспўшлашиб, аксарият кўплаб холатларда унга “ шерикчилик ” қилаётганликлари, жиноятчиларни танобини тортиб қонунлар доирасида чора кўриш ўрнига,  қонун бузилиши хусусида  ариза ва шикоят қилганларни ўзларига нисбатан “ чора” кўрилиши холатлари мавжудлиги, қонунбузарлар  топган харом пулларини сарфлаб, назоратчиларни, текширувчиларни оғизларини мойлаб,  сувдан қуруқ чиқиб кетишаётганликлари, уларни топганига  шерик бўлиб жиноят қилишларига ва ушбу жиноятлари жазосиз қолишига ёрдам бераётган хамтовоқлари, “криша” лари туман ва вилоятимизда қўлини қаерга узатса етадиган, ушлаган жойларини узиб оладиган айрим  “ шахслар ”  рахбарлар эканлиги сабабли шундай қалтис қадам  қўйишга мажбур бўлганлигимизни айтган эдик.

Афсус ва надоматлар бўлсинки биз юқоридаги жиноий гурухнинг ноқонуний ишлари ва кирдикорларини аниқ далил ва исботларга таянган фактлар билан кўрсатиб қонуний чора кўрилишини сўраб йўллаган мурожаатимиз бюрократик поғонадан пастга туширилиб, туман прокуратурасига ундан туман солиқ қўмитасига ўтказилди. Бу текширув хеч қандай натижа бермади. Шундай холат бўлишини  бу жиноий гурухни кучи ва имкониятларини катталигини, вилоятимиз ўлчамида уларни мишиғини “пишт” дейдиган мардлар топилмаслигини олдиндан билганимиз учун республика Олий рахбарларидан умидвор холда чора кўрилар деб, юрак ютиб уларга мурожаат қилган эдик.

Аммо пираворд натижа айтганимиздек бўлди. Текширувчилар аризамизни, бизлар томонимиздан текширув даврида тақдим этилган мазкур жиноий гурухнинг кирдикорларини фош этувчи факт ва далилларимизни шунчаки  “хўжа кўрсин” га ўрганишиб ёш болани “обаки дондон” қанд билан алдаган каби юзаки жавоб хатини бизга йўллаб текширувни якунлашди.( Текширув натижалари хақидаги жавоб хати илова қилинади.)

Таъжубланарлиси шундаки республика рахбариятига йўллаган мурожаатимизга Тошлоқ тумани солиқ қўмитаси рахбари имзолаган қониқарсиз жавоб хатини олдик.Хатни кўтариб Тошлоқ тумани прокуратурасига борганимизда  туман прокурори ёрдамчиси бизларни хатто хизмат хонасига хам киритмасдан кўчада, прокуратура олдида тик холатда қабул қилиб – “сизларга шундан бошқа жавоб йўқ текшириш натижаси шу, энди  К.Фозилов томонидан сизларга қарши ариза берилган шу аризани ўрганиш учун вилоят прокуратурасига жўнатилди” – деган  жавобни эшитдик.

Биз мурожаатимизда кўрсатилган ва текширувчиларга такдим этилган хар бир далил ва важларимиз тўлиқ, хар томонлама, сифатли текширилмади,  туманидаги мавжуд “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ га қарашли шохобчаларда текшириш даврида хам, ундан олдин хам, хар бир килограмм шелуха 900 сўмдан, хар бир килограмм шрот 1400 сўмдан сотилиб келинябди шуларни текшириб, ўрганиб кўрилмади, биз бор хақиқатни айтиб нима сабабдан шу холатларга эътибор қаратилмади деганимизда туман прокурори ёрдамчиси – “  бу ишларни текшириш бизни ваколатимизга кирмайди “ – деб  жавоб қилди. Қонунларни ижросини назорат қилиш прокуратурани ваколатига кирмаса унда кимни ваколатига киради?.   Агар прокуратура бу жиноятчиларни тийиб қўйишда иложсиз бўлса унда биз оддий фермерлар бу жиноий ишларни қандоқ қилиб тўхтатамиз?.

Олдинги мурожаатимизда айтганимиздек  К.Фозилов ва уни атрофида уюшган жиноий тўда вилоятимизда ижтимоий, иқтисодий керак бўлса сиёсий холатга таъсир ўтказишга, ўзларини нуқтаи назарларини сингдиришга, йўлларига туғаноқ бўлаётган инсонларни хар турли  усуллар  билан олиб ташлашга қодир бўлган, хокимият ва хуқуқ тартибот органларида уларни химоя қиладиган айрим  нопок рахбарлар, таниш билишлари мавжуд  бўлган шахслар эканлигини, уларни жиноий  кирдикорларини вилоятимизда очиб, қонуний чоралар кўрадиган, юрак ютиб уларга қарши борадиган, харакатларини қонунга солиб қўядиган мардларни ўзи  йўқлигини, юқорида гапи сўзи кесадиган танишларини ишга солиш орқали барибир хеч қандай жазо олмаслиги тайинлигини ва биз аризачиларни холу – холатимиз оғирлашиб қолишини, пуллари кўпайиб босар турарини билмай қолган ушбу жиноий тўданинг қўлидан хар қандай қабихлик ва разиллик келишини, бизларга хам рухий хам жисмоний босим ўтказишлари аниқлигини кўрсатиб ўтган эдик.

Пираворд натижа  шундай бўлмоқда. Биз аризачиларни оғзимизни ёпиш учун бизга нисбатан ариза уюштирилиб энди шу аризани кўриш ва бизга чоралар белгилаш билан қўрқитишмоқда.

Биз Фарғона вилояти хокимининг  6 ноябрь 2014 йил № 271 – сонли “ Вилоятда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, чорва бош сонларини кўпайтириш, гўшт, сут, тухум балик махсулотларини етиштириш хажмларини ошириш ва бозорларда нархларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги қарорини 13 – бандига асосан вилоятимиз марказий дехқон бозори худдида ташкил этилган  байрам олди савдо  ярмаркасида 2014 йил декабрь ойининг ўзида 20 000 (йигирма минг килограмм) дан ортиқ миқдорида гўшт ва гўшт махсулотларини бозорлардаги амалда бўлган нархлардан бир мунча паст бўлган арзон нархларда сотилишини ташкил этдик.

Бозорда бир килограмм мол гўштини нархи 25 – 27 000                         (йигирма беш – йигирма етти минг ) сўм бўлган холида биз томонимиздан 20 – 22 000    (йигирма – йигирма икки минг) сўмдан гўшт ва гўшт махсулотлари сотилди. Сотилишдан тушган нақд пулларимизни банкларга топширдик.

Ушбу қарорни 9 – иловасида  бизлар томонимиздан сотилган гўшт махсулотларини хар бир килограммига 10 (ўн) килограммдан шрот ва 10     (ўн) килограммдан шелуха биржа орқали арзон нархларда сотилиши белгиланган.

Ушбу қарорни бажаришдан кўзланган бош мақсад ахолини арзон гўшт махсулотлари билан таъминлаш, биз чорвадор – фермерларни  ушбу қарорни бажариши баробарида ахолига арзон гўшт етказиб бериш ва бунда тадбиркор сифатида ўзимиз хам зарар кўрмаслигимиздан иборатдир. Яъни “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖдан бизларга берилаётган шрот ва шелуха биржа нархларидан бир мунча қиммат. Вилоят хокимининг мазкур қарорида эса арзон нархларда гўшт сотган фермерларга арзон нархларда шрот ва шелуха берилиши ташкиллаш кўрсатилган. Бизлар арзон нархларда гўшт сотишдан маълум миқдорда зарар кўрсакда арзон нархларда ем олиб чорва хайвонларимизни боқиш хиссобига оз миқдорда бўлса хам фойда олиш имкониятини яратарди.

2015 йил бошида ахолига биз томонимиздан арзон нархларда сотилган гўшт махсулотларини миқдорига қарорда кўрсатилган миқдорлардаги шрот ва шелухаларни олиш мақсадида вилоят товар хом ашё биржасига бордик. Биржадагилар вилоят хокимлиги  хал этади деб айтишди. Вилоят хокимини қабулига бордик. У ерда  бизни муаммоларингизни хал этади деб Акмал исмли хокимият вакилига рўпара қилишди. У ўз навбатида вилоят омухта ем МЧЖ бошлиғи А.Эралиевни чақириб гаплашиб  ишимизни хал этишни буюрди. А.Эралиев гўшт сотган фермерларни идорасига тўплаб сизларга сотган гўштларинг хиссобига омухта емларни “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ орқали олиб берилади, шартнома тузиб, пулларингизни шу МЧЖ хиссоб рақамига ўтказинглар деб айтди. Шартномаларни тузиб кўрсатилган миқдорлардаги пулларни МЧЖ хиссоб рақамига тўлиқ ўтказиб бердик. Бошида оз миқдорда бўлса хам омухта ем беришди. Аммо омухта ем берилишидаги муаммолар хусусида шикоят ариза қилганимиздан сўнг “ сенлар бизларни устимиздан хали шикоят қилишасанми  мана ундай бўлса ” – деган маънода иш қилишиб сотилган гўшт махсулотлари эвазига бериладиган омухта емларни берилишини бутунлай  тўхтатиб қўйишди.

Аризамизни ўрганиш давомида Тошлоқ тумани солиқ инспекцияси бошлиғи А.Эралиевга ( вилоят омухта ем МЧЖ раисини жияни) Тошлоқ туманидаги “ Тошлоқ Юсуф Амин” фермер хўжалиги рахбари томонидан “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖда ноқонуний ишлар ва конун бузилишлар мавжудлигини тасдиқловчи ва уларни жиноий кирдикорларини фош этувчи, инкор қилиб бўлмас факт ва далилларга асосланган ариза – кўрсатмалирини солиқ инспкциясига текшириш ва чора кўриш учун тақдим этган. Аризасини  бу солиқ инспекциясини ваколатига кирмайди деган важ билан туман ИИБсига чиқарилиб аризачи Ш.Миллабоевга аризаси бўйича иш юритувдан тўхтатилганлиги хақида 6 апрель 2015 йил кунги № 04-956 сонли А.Эралиев имзоси билан жавоб хати чиқарилди.

“ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ  таъсисчиси К.Фозилов жарак жарак топаётган пулларини қайси  йўсинда топаябди. У жиноятини қандай тартибда амалга оширади. Буни бир фермер хўжалигига берилган икки дона хиссоб фактруаси  мисолида тахлил қилайлик.

“Тошлоқ Юсуф Амин” чорвачилик фермер хўжалиги 2012 йил 18 майдаги Ўзбекистон республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги чорвачиликда насилчилик ишлари бош давлат инспекциясининг № 20 – сонли қарорига асосан наслчилик фермер хўжалигига айлантирилиб наслдор чорва хайвонларини етиштириб келади. Ушбу фермер хўжалиги                   “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси ” МЧЖ билан омухта ем етказиб бериш бўйича тузган шартномасига асосан  28 декабрь 2013 йил куни махсулот олгани борганида  “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ омборчиси М.Хаджибеков  ўзида мавжуд бўлган текширишларда кўрсатилмайдиган хиссоб  – китоб дафтари “ қора бухгалтерия” да  фермер хўжалигига хакикатда берилаётган 11 000 кг шротни хар бир кг учун 900 сўмдан нарх белгилаб жаъми 9 900 000 сўм ундан ферер хўжалиги рахбари томонидан нақд пул кўринишида  440 000 сўмни йўл кира хақига олиб  уни махсулот сотув қийматидан чиқариб ташлаб тўловга 9 450 000 сўм деб белгилаб, фермер хўжалиги бухгалтериясига хиссоб китоб учун  28.12.2013 йил кунги  № 679 – сонли хиссоб фактурасини берган. Бир қарашда хиссоб фактурасида кўрсатилган якуний сумма  фермердан олиб қолинган сумма  9 459 703 сўм билан бир хилда. Сумма ортирилиб ёки камайтирилиб қўйилмаган. Аммо фактурада  фермерга 15 534 кг шрот 608,968 сўмдан нархланиб жаъми 9 459 703 сўм деб кўрсатилиб  чиқариб берилган. Мазкур хиссоб фактурасида фермер хўжалигига умуман берилмаган 4 534 кг шрот қўшиб ёзилган ва олиб кетилди деб кўрсатилган.

Қуйида омборчи ўзини хисоб  – ктоби учун юритган қора бухгалтерия ёзуви акс этирилган.         № 1 – расм

1 расм

Қўйида фермер хўжалигига берилган” Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ томонидан  қалбакилаштирилган ва қўшиб ёзилган хиссоб фактура акс эттирилган.       № 2 – расм

2 расм

Шунингдек  2014 йил 6 январ куни махсулот олиш учун борганида МЧЖ омборчиси М.Хаджибеков ўзида мавжуд бўлган текширишларда кўрсатилмайдиган хисоб китоб дафтари “ қора бухгалтерия” да  фермер хўжалигига хақиқий берилаётган 24 480 кг шротни хар бир кг учун 900 сўмдан нарх белгилаб жаъми 22 032 000 сўм ундан фермер хўжалиги рахбари томонидан 730 000 сўм йўл кира хаққини нақд пул кўринишида олиб уни махсулот сотув қийматидан чиқариб ташлаб тўловга 21 302 000 сўм деб белгилаб, фермер хўжалиги бухгалтериясига хиссоб китоб учун № 6 – сонли  6 январ 2014 йил кунги хиссоб фактурасини берган. Бир қарашда мазкур хиссоб фактурада хам кўрсатилган сумма фермердан олиб қолинган сумма 21 302 085 сўм билан бир хилда. Миқдор озайтирилиб ёки кўпатирилиб қўйилмаган. Аммо фактурада  30 906 кг шрот   608,968 сўм нархланиб жаъми 18 820 765 сўм деб, 10 000 кг шелуха 248,132 сўмдан нархланиб жаъми 2 481 320 сўм деб кўрсатилиб чиқариб берилган.Мазкур хиссоб фактурасида хам аслида фермер хўжалигига умуман берилмаган 10 000 кг шелуха ва 6 426 кг шрот кўшиб кўрсатилган.

Қуйида омборчи томонидан ўзини хиссоб китоби учун юритилган қора бухгалтерия ёзуви кўрсатилган.            № 3 – расм

3 расм

Қўйида фермер хўжалигига берилган” Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ томонидан  қалбакилаштирилган ва қўшиб ёзилган хиссоб фактура акс эттирилган.       № 4 – расм

4 расм

Фермерга хар икки холатда хам берилаётган шротнинг нархини К.Фозилов томонидан белгилаб берилган хар бир килограмми учун 900 сўмдан хиссобланиб чиқарилмоқда. Холбуки фермер хўжалигига берилаётган хиссоб фактурасида эса махсулотнинг                   “Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ нинг 20 % устама хаққи билан қўшиб хиссбланганида хам хақиқий чиқариш қийматини  608,968 сўм деб белгилаб берилмоқда. Фермерлар хар бир килограмм шрот учун 900  –  608   =  292 сўмдан ортиқча тўлов қилибгина қолмасдан олмаган махсулотларини олдим деб сохта фактурага имзо чекишга мажбур бўлмоқда.

Шу усул билан фермерга берилди деб фактурада кўрсатилган махсулотлар аслида фермерларга тўлиқ берилмасдан  ортиқча қўшиб ёзилган махсулот ўзларига қарашли бўлган шохобчалар орқали қиммат нахларда сотилиб нақд пулга айлантирилади ва тўғридан тўғри шу ишни ташкиллаган жиноий тўда бошлиғи К.Фозиловнинг киссасига тушади. Фермерлар бу қинғир ишларни билиб кўриб туришсада бир нима дейиша олмайди. Сабаби бирор фермер  норозилик ёки эътироз билдирса шу фермер қайтиб шрот ёки шелуха олиш имкониятидан сунъий равишда К.Фозиловнинг оғзаки кўрсатмасига биноан махрум қилинади. Шу сабабли фермерлар К.Фозилов томонидан белгилаб берилаётган қиммат нархлардаги қалбакилаштирилган, кўшиб ёзилган  фактуралардаги шрот ва шелухани олишга ва уларни жиноятларига кўз юмишга мажбур бўлишмоқда.         ( Хиссоб фактура ва қора бухгалтерия ёзувлари илова қилинади.)

Норози бўлган ва ўз нархида махсулот олишга интилган фермерларга махсулот берилмаслигини исботи сифатида Тошлоқ тумани “ Тошлоқ Юсуф Амин” фермер хўжалигини келтириш мумкин. Ушбу фермер хўжалиги рахбари ўз нархларида махсулот берилишини талаб қилганида йўлларига юрмагани учун К.Фозиловнинг кўрсатмасига асосан  ушбу фермер хўжалигига  2015 йил январ ойидан буён  шрот ва  шелуха берилишини кескин камайтириб юборилган. У қонунларни бажарилишини талаб қилганида бор қўлингдан келганин қил хохлаган жойинга арз қил бўлгани шу деб жавоб қайтаришган.

Шикоятимиз ўрганилаётган даврда фермерлар Тошлоқ тумани давлат солиқ инспекциясига кўрсатма олиш учун сухбатга чақирилган. Шикоятчи фермерлар текширувларни на вилоят на туман прокуратураси томонидан эмас балки Тошлоқ тумани ДСИ томонидан амалга ошрилаётганлигини ва бундан хеч қандай натижа чиқмаслигини, шунингдек Тошлоқ тумани ДСИ бошлиғи вилоят омухта ем МЧЖ раиси Абдулахат Эралиевнинг яқин қариндоши – жияни эканлигини билишиб, кейинчалик уларга қарши кўрсатмалар берган фермерларга турли кўнгилсизликлар уюштиришлари аниқлигидан хавфсирашиб умуман кўрсатма беришмади.Холбуки юқоридаги номи келтирилган фермер хўжалиги каби “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси ” МЧЖ дан махсулот олаётган хар бир фермер хўжалиги юқоридаги тартибда сохта, қўшиб ёзилган фактура билан махсулот олиб келган ва шу кунларда хам олишмоқда. Аммо жабр кўришсада  турли кўнгилсизлик ва зиддиятлар чиқишидан хавфсирашиб  “ Оч қорним – тинч қулоғим”  қабилида иш юритишга ва ушбу жиноий гурухнинг кирдикорларига кўз юмишга мажбур бўлишмоқда.

Шунингдек туман давлат солиқ инспекциясига текшириш учун чиқарилган шикоят аризамизда келтирилган важларимизни ўрганишдан олдин  тумандаги мавжуд 16 та савдо шохобчалари текширув бўлиши хақида олдиндан огохлантирилиб, шошилинч тарзда савдо – сотиқ тўхтатилиб, шелуха ва шрот қолдиқ махсулотлари мавжуд бўлган шохобчалар текширув тугагунча беркитиб қўйилди.Туман давлат солиқ инспекцияси номигагина Тухтабоев қ.ф.й. худудида жойлашган № 17 – сонли ва Арабмозор қ.ф.й. худудида жойлашган № 9 – сонли савдо шохобчаларини келишилган холда ўрганишиб сотувда шрот ва шелуха махсулотлари мавжуд эмаслигини, фақат кепак омухта ем  махсулоти сотишда оз иқдордаги нақд пулларни  НКМ (назорат касса машинаси)га кирим қилинмаганлигини қайд этишиб, хужа кўрсинга текширув ўтказилди. Холбуки сотувда турган кепак омухта ем махсулотлари “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ га умуман тегишли эмас.Улар томонидан олиб келиниб сотувга чиқарилмаган. Чунки “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” томонидан дон махсулотлари корхонасидан олинадиган кепак омухта ем махсулотларини биржа бахоси баланд бўлгани сабабли, уни олиб келиб МЧЖни устмасини кўйиб сотувга чиқарганда амалдаги бозор нархларидан хам юқори бўлиб кетиб  сотувидан К.Фозиловни  чўнтагига фойда тушмайди.

Текширув натижалари айтганимиздек “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ таъсисчиси  К.Фозиловнинг тузган гурухи фойдасига,минг ёлғон ва бўхтонлар билан хал этилди. Энди текширувчилар билан қай йўсинда бўлсада келишувга эришиб ишни тинчитиб олган К.Фозилов биз аризачиларга “ Хап сенларними энди мендан кўрларинг”деб қарши юришни бошлади.Ўзи бир четда туриб олиб бизларга “ хужум” ни “ Тошлоқ омухта ем бирлашмаси” МЧЖ бошлиғи унинг гумаштаси бўлган Неъмат Мамаризаевнинг қўли билан амалга оширишга киришди. “ Тошлоқ Юсуф Амин” фермер хўжалиги бошлиғи Х.Юсупов “ тошлоқ омухта ем бирлашмаси”МЧЖга шартнома бўйича чорва хайвонлари учун шелуха ва шрот масулотларини олишга борганида  Н.Мамаризаев “ бундан буён хар бир бор  бош корамол учун бир ойга 4 – 5  ( тўрт ва беш ) килограммдан шрот ва шелуха махсулотлари бераман,бизга юқоридан шундай топшириқ бор ” деб хар бир бош қорамол учун ойлик норма шу ортиқ бермайман деб омухта ем беришдан бош тортди. Ариза  шикоятга қўшилмасдан уларни айтганини қилиб юрганида чегарасиз тонналаб омухта ем берилган фермер аризачилар сафига қўшилиб бор хақиқатни айтиб конунлар устворлигини талаб қилгани сабаб балоларга қолиб, ферер хўжалиги сунъиий равишда К.Форзилов томонидан иқтисодий “ блокада”га олиниб, аризачиларга қўшилгани  учун  тайзиқ ва босим остига олинмоқда.

Мантиқан ақл билан ўйлаб кўрилса  вазни 2 – 3  кг бўлган бир бош товуқ бир кунда 300 грамм озуқа истемол қилса  бир ойда 9 кг бўлади. Вазни 500 – 600 (беш юз –олти юз) килограмм келадиган йирик шохли қорамол нахотки бир ойда 4 – 5 килограмм омухта ем истемол қилади деб норма белгиланса. Бу нормани белгилашда нимага таянилган бу қайси мантиқ ва ақлга тўғри келади.Чорвадор фермерларга чорва хайвонларини олиб чиқиб боқиш учун яйловлар туманимиз шароитида йўк. Чорва хайвонлари асосан омухта ем махсулотлари билан боқилади.

Текширувларни “ талофатсиз, бости бости”  қилиб олган К.Фозилов “ мени кимлигимни ва нималарга қодирлигимни кўриб қўйинглар деб ” яна шохобчаларга шротни 1300 – 1400 ( бир минг уз юз – бир минг тўрт юз) сўмдан ва шелуха махсулотларини 850 – 900 ( сакию юз эллик – тўққиз юз ) сўмдан чиқариб хеч нимадан қўрқмасдан ва тап тортмасдан бемалол сотдирмоқда. К.Фозиловга хеч ким хеч нима дея олмаябди.

Очиқ хатга имзо қўйган чорвадор фермерларга К.Фозилов ва уни гумашталари энди очиқдан очиқ тайзиқ ва босим ўтказишга ўтди. Уларни аввало иқтисодий томонидан кисувга олиб омухта ем беришни тўхтатиб қўйди. Хат муаллифи Миллажонов Шукирилло устидан прокуратурага тухмат ва бўхтондан иборат ариза уюштирди. Оқибат бир гурух Тошлоқ тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари келишиб фермерни фаолиятини атрофликча ва чуқур ўрганишди. Аммо хеч қандай айб топа олишмасдан кетишди.Солиқчилар томонидан текширув ўтказилаётган даврда вилоят хокимлигини вакили хам келиб фермер фаолиятини ўрганди. Вилоят хокимлиги вакили фермерни фаолиятини аъло даражада деб топиб уни олиб бораётган ишларини вилоят чорвадор фермерлари ўртасида омалаштириш кераклигини айтиб, ютуқларини эътироф этиб вилоят хокимига ўрганиш якунлари хақидаги хиссоботда юқоридагиларни кўрсатишини баён қилди.

Хурматли Ислом Абдуғаниевич !!!

Биз фермерлар Сизнинг 10  апрель 2015 йил кунги ялпи мажлисда сўзлаган нутқингизни жону дилимиз билан эшитдик. Жуда хам тўлқинландик. Фермерлик қилиб эл – юртимизга, халқимизга мустаққил юртимизни янада мустахкамлашга озми кўпми улуш қўшаётганимиздан, бу ишларимизни амалга оширишда Сиздек  халқпарвар, адолатпарвар, элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, керак бўлса халқим учун жонимни фидо қилишга тайёрман, деб  турган Президентимиз борлигидан қалбимиз фахрларга тўлади.

Биз чорвадор – фермерлар республикамизни иқтисодий салохиятини янада юксалтиришда ўз улушимизни янада кўпроқ қўшишимиз учун бизларни иқтисодий ривожланишимизга тўғаноқ бўлаётган юқоридаги каби қонунбузарларни  Сизнинг иборангиз билан айтилса “ фермерларни оёқларига солинган кишанларни ” қонунлар доирасида олиб ташлашда,  мурожаатимизни бизларни иштирокимизда, холис ва адолатли ўрганилиб қонуний чоралар кўрилишида, фермерларни қонини зулук каби сўраётган юқоридаги жиноий гурухни жиноий кирдикорларига қонуний бахо берилишида,        текширишларни туман ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган хуқуқ тартибот органлари томонидан эмас, аввалги мурожаатимизда огохлантирганимиздек улар томонидан хал бўлмаслигини билиб,  республика миқёсидаги хуқуқ тартибот органлари томонидан олиб борилишини таъминланишига  Сиздан амалий ёрдам ва кўмак кутиб қоламиз.

Хурмат ва эхтиром билан

“Тошлоқ Комилжон Шукурилло”

ДХ рахбари Миллабоев Шукурилло.

Алоқа учун тел: + 998939747006

Инсон Хуқуқлари Халқаро Жамияти, Ўзбекистон инсон хуқуқларни химоя қилиш қўмитаси  фермерлар харакатини хар томонлама қўллаб қувватлаб, уларни йўлида бўлаётган суний тўсиқларни бартараф этиш бўйича доимий иш олиб боради.

Инсон Хукуклари Халқаро Жамияти

Вице президенти.

Ўзбекистон ИХХҚҚ раисдоши   Марат Зохидов


Хурматли Исмат Хушев. Биз чорвадор фермерлар сизни интернет журналингизни доимий мухлисимиз ва мунтаззам босилаётган мақола ва хатларни ўкиб борамиз. Сизга яна республика олий рахбариятига Мурожаатимизни юбораяпмиз. Уйлаймизки ушбу мурожаатимиз журналингиз сахифасида чоп этилса бизни кийнаб келаётган муаммолар бартараф этилиб муаммолар хал буларди. Шу сабабли журнал сахифасида чоп этишингизни илтимос қиламиз.

Ҳурмат билан:
Абдижабар Ашуров
abdizhabar.ashurov.60@mail.ru

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

"1" Comment
  1. 25 йил Ўзбекистонда президент бўлиб нима иш қилдингиз, Ислом ака?

Leave a Reply
*