Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Бердиёр ЖУМАЕВ: МУНОЖОТ – ИЛТИЖО!
07/05/2015 Муносабат

Б.ДжумаевБердиёр ЖУМАЕВ

 

 МУНОЖОТ – ИЛТИЖО!

 

“МУНОЖОТ” – ўтмиш мумтоз адабиётимизнинг бевосита Оллоҳга мурожаат-илтижо тарзидаги нисбатан камёб жанрларидан бири ва у, асосан манзумавий, баъзида мансуравий йўлда ёзилган. Мир Алишер НАВОИЙ ҳазратлари эса, йирик асарларининг муқаддималаридаги шеърий муножотларидан ташқари, яна сажъ услубида, яъни назмий насрда алоҳида бетимсол ва бетакрор “МУНОЖОТ”иниям яратганлар.

Мен даҳо ва бебаҳо бобомизнинг мазкур мислсиз асарига ҳавас қилиб, ундан руҳланиб ҳамда илҳомланиб, эски ўзбек адабий тилимизга яқинлаштирганим, шунингдек, сажъ услубидан фойдаланганим ҳолда, ўзимча “Муножот – илтижо” битишга журъат этдим. Унда бошқалардан фарқли ўлароқ, Парвардигори Оламнинг 99 та гўзал исмларини тўла қаламга олиб, ул Ҳақ Субхонаҳу таолога нолалар қилдим.

Мабодо, ушбу асарни ёзиш жараёнида билиб-билмасдан айрим қусурларга йўл қўйган эсам Қодир Эгамнинг Ўзи кечиргай, иншооллоҳ…

 

                                                      *    *    *

Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳимнинг номи билан сўзимни бошлаб, Яратганимизга салавотлар-у таҳийётлар, дуруд-у номаъдудлар айтиб, Ягона Эгамнинг табаррук Қуръони Каримда зикр этилган, яна Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаноблари ҳам ҳадисларида келтириб ўтган ал-Асмо ал-Ҳусноларини, яъни 99 (тўқсон тўққиз)та гўзал ва муборак исмларини бирма-бир тилга олиб, аввало, Раббимиздин жафокаш элимизга ҳақиқий озодлик ҳамда ситамкаш юртимизга чинакам истиқлол тилаб, Тангримизнинг ёлғиз Ўзига илинж ва ўтинчлар ила муножотлар-у илтижолар айлаюрмен.

 

Ё, ал-Илоҳ азалийлик ва абадийлик ҳамда сармадийлик, фақат Сенгагина хос, гуноҳкор-хатокор бандаларингга эса, ажратганинг фоний умрлари жуда мос.

Ё, ар-Раҳмон Ўзинг ўта меҳрибондурсен, аммо мунофиқ, кўрнамак, хиёнаткор қулларинг мазкур марҳаматингни қадрламаслар, илло.

Ё, ар-Раҳим жуда раҳмлисен, бироқ халқим, Ватаним меҳринг-шафқатингта интиқ ҳам муштоқ, камина ҳақир-у фақирингни-да ҳимматингдин тутмагил йироқ.

Ё, ал-Малик бутун Борлиққа, барча мавжудият ва вужудиятга ягона-ю якто Подшохдурсен, зеро, заминингдаги ўзларини Сендин-да устун қўйгувчи жоҳил-у жобир, хунрез-у хунхор ҳукмдорларнинг ҳам шоҳларнинг жиноятлари ва кирдикорларидин-да тўлиқ огоҳдурсен.

Ё, ал-Қуддус нуқсонлардин ҳамда қусурлардин мутлоқ холидурсен, алҳол, бизлардек нуқси бисёр махлуқларингниям даргоҳингга оладурсен.

Ё, ас-Салом ҳар не офат-у балолардин-ки саломатдурсен, лекин осий ва шаккок касларинг бошларига Ўзинг бало-ю офатдурсен.

Ё, ал-Мўъмин омонлардин-да омонсен ва эминлик-омонлик бергувчидурсен ҳамда ночор-у нолонларингга шафоат-шарофат кўрсатгувчидурсен.

Ё, ал-Муҳаймин   илоҳиятинг, башорат-у кароматинг бирла ер-кўкни, бор-йўқни эгаллаб олгувчидурсен, Сенга куфрлик қилгувчиларга, қулинафсларга, охир-оқибат, ваҳшат солгувчидурсен.

Ё, ал-Азиз ҳадсиз икром, эъзоз-эҳтиром, чексиз куч-қувват соҳиби Ўзинг ҳамда интизор ва мунтазир кўнгилларнинг мусоҳиби-саждагоҳидур Каломуллоҳинг-Сўзинг.

Ё, ал-Жаббор бандаларинг қилмишларини ислоҳ ҳамда таҳқиқ қилгувчидурсен, уларнинг яхшилиги-ёмонлигини билгувчидурсен, холис баҳосини бергувчидурсен.

Ё, ал-Мутакаббир фақат Сен ҳайбат ва савлат, тамкин ва салобат ярашгувчи Соҳиби Қудрат, демак, манман-у такаббур, димоғдор-у кеккайма қулларингга иснод-у уят.

Ё, ал-Холиқ Ўзингдурсен буюк яратгувчи, барпо этгувчи Зот, буйруғинг бирла ўн саккиз минг оламни айладинг бунёд.

Ё, ал-Бориъ Сен боис пайдодур ҳар қандай буд-у набуд, ироданг туфайли табиат ҳамда жамият набуд-у буд.

Ё, ал-Мусаввир ҳар нимарсага-ки ажойиб суврат, ғаройиб шакл бердинг, зеро, бутун Борлиқда энг даҳо рассом-музаҳҳиб Ўзинг эрдинг.

Ё, ал-Ғаффор кечиргувчи, мағфиратли ҳам шафқатлидурсен, эй, жоҳ-у жалол, лек жоҳил-ғофил, ширкчи бандаларинг ушбу фазилатларинг айлаюрлар суиистеъмол.

Ё, ал-Қаҳҳор Ўзингсен ғолиб-у музаффар ҳамда барчани бўйсундиргувчи, зотан, бўйсунмаганларнинг бўйинларини синдиргувчи.

Ё, ал-Ваҳҳоб ўз неъматларингни мўл-кўл бахшиш этурсен, буни шукроналик-ла англаганларнинг додларига етурсен, ширк келтирган ҳолда тушунмаганларнинг баҳрларидин ўтурсен.

Ё, ар-Раззоқ ризқ-рўз етказиб бергувчидурсен бори мавжудотга, демак-ки, тириклик ато этгувчидурсен жами ҳаётга.

Ё, ал-Фаттоҳ мушкулларни ечгувчидурсен, раҳмат хазиналарини очгувчи, бул чархи давворда йўқдур ҳукм-у иродангдин қочгувчи.

Ё, ал-Алийм Ўзингсен энг оқил-у доно дониши  илм, фалакиёт-у коинотда йўқдурур билмаганинг ирфон ҳамда билим.

Ё, ал-Қобиз ҳар нени-ки изн-ихтиёрингга олгувчидурсен, ношукурларнинг ризқларини қийгувчидурсен, қаноатли-кифоятлиларнинг нафсларини тийгувчидурсен.

Ё, ал-Босит кимларгадур кенглик, нурафшонлик йўллагувчи, кимларнидур руҳан қўллагувчи, кимларнидур сарнигун айлаб, кўз ёшларини кўллагувчидурсен Ўзинг.

Ё, ал-Ҳофиз кофирлар-у мушриклар нуфузи-мартабасини туширгувчи, имонсизлар-у ҳаёсизлар азоб-машаққатини оширгувчи Сен.

Ё, ар-Рофиъ солиҳ мўминлар обрў-эътиборини кўтаргувчи, мушкулларини осонлагувчи, шаънларини юксалтиргувчи, бадкорлар-у табаҳкорларни яксонлагувчи Ўзинг.

Ё, ал-Муизз суюкли бандаларингни азиз этгувчи, қадрлагувчи, эъзозлагувчи, алардин илтифотини дариғ тутмагувчи, истасанг мазкур гумроҳ қулингни-да ёрлақагувчи Сен.

Ё, ал-Музилл Ўзинг ёмонларни, беимонларни тубан ҳам залил тутурсен, хор-хоксор, мискин-бенаволарни хўрлагувчиларни оғир уқубатларга гирифтор ҳамда дучор этурсен.

Ё, ас-Самиъ ҳар не-ки, сир-синоатни, асрор-у кирдикорни билгувчи, ҳар қандай ниҳон ҳамда пинҳонни сезгувчидурсен.

Ё, ал-Басир Арши Аълодин туриб, ҳар нимарсани-ки кўргувчи-сезгувчи, Арши Муаллодин қараб, чор тарафга мудом бедор назар солиб тургувчи Ўзинг.

Ё, ал-Ҳакам қулларингни қатъий ҳукм этгувчи, аларнинг дод-фарёдларига етгувчидурсен, алардин диёнат-у эътиқод кутгувчидурсен.

Ё, ал-Адл ўта адолатпешадурсен ҳамда хайрли-саховатли, ушмундоқ ҳидоятинг-у иноятингдин жумлаи жаҳон тароватли.

Ё, ал-Латиф бандаларингга сездирмай аларни лутф-у эҳсонингдин баҳраманд айлагувчи, муносибларни мутаносиб сийлагувчи, яхшиларни беҳиштга ва ёмонларни сақарга жойлагувчи Ўзинг.

Ё, ал-Хабир бутун махфий ҳамда ошкорадин воқифсен ҳар он, Сендин ҳеч бир роз-у ғайб қолмагайдур пинҳон.

Ё, ал-Ҳалийм юмшоқ ва сабрлидурсен-ки, риёкор бандаларинг токи, ҳадларидин ошсалар-да Сен жазолашга шошмагайсен, лекин аларни жаннатийлар сафигаям қўшмагайсен.

Ё, ал-Азим энг улуғсен, энг буюксен, энг даҳосен бундай аъло сифатларда ёлғиз Ўзинг танҳосен ҳамда яктосен.

Ё, ал-Ғафур журм-у гуноҳларни яшириб, жазо бермай турурсен, фурсати етса, шаккок қулларингни чандон боплаб урурсен.

Ё, аш-Шакур оз амалгаям кўп мукофот бергувчи, тавбакор-тоибларингни мудом қўллаб, иршодга йўллаб тургувчи Ўзинг.

Ё, ал-Алий мартабанг бениҳоя юксак ва олий, марҳаматингдин четда қолмагайдур бирон-бир мардуми соъий.

Ё, ал-Кабир энг улкан ва ҳамма соҳада юқоридурсен, тоатли-ибодатлиларнинг ғурури-оридурсен.

Ё, ал-Ҳафиз сояи паноҳида сақлагувчи, қутлуғ амалларни ёқлагувчи, хоҳласанг ҳар қандай балиятлардин асрагувчи Ўзинг.

Ё, ал-Муқит моддий, руҳий ва маънавий озиқ-дармон-мадор бергувчи, ҳукмингга итоаткор бандаларингнинг ҳол-аҳволини сўргувчидурсен.

Ё, ал-Ҳасиб Ўзинг ҳар бир ишга кифоя, яхшилиг-у эзгуликларга доя, бева-бечоралар, ўксиклар, етим-есирларни айлагувчидурсен ҳимоя.

Ё, ал-Жалил барча сифатлари мукаммал-такомил Зотдурсен, шул боис, жаҳолат-у разолатга буткуллайин ётдурсен.

Ё, ал-Карим Ўзинг кечиримлисен ва лутф-у караминг нақадар кенг, даргоҳингда яхши-ю ёмон, атқиё-ю ағниё эмасдур тенг.

Ё, ар-Рақиб Арши Аъзамдин бори нарсани кузатиб, назорат остига олурсен, залиллар-у адашганларни хақ йўриғига солурсен.

Ё, ал-Мужиб дуо-ю ибодатларни қалбларга битгувчи, илтижоларни ижобат ва муножотларни мустажоб этгувчи, динингта қаршиларнинг бағрини сўтгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Восиъ мулки, раҳмати ва қудрати беададдурсен, имонли-диёнатлиларга нажот-у мададдурсен, Ҳазрати ҳакими азал Худованддурсен.

Ё, ал-Ҳаким заковат-ҳикмат, ақл-идрок соҳиби дақиқ ва нозик илмларни билгувчи, ҳар не жумбоқ бор-ки, ечгувчи, истасанг ҳар кимнинг-да ҳар қандай маъсиятларидин кечгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Вадуд дўст, хайрихоҳ ҳамда маҳбубдурсен, ашаддий гуноҳкор-табаҳкорларга қаҳр-у ғазабинг сочсанг-да хўбларга доимо хўбдурсен.

Ё, ал-Мажид Ўзинг неъматлари ҳамда хайр-эҳсонлари бепоён, суюкли бандаларинг меҳр-мурувватингга шоён, ҳақир-у фақир қулингни-да саховатингдин ўксутмагил, эй Яздон!

Ё, ал-Боис пайғамбарларни заминингта йўллагувчи, солиҳ мўмин-мусулмонларни қўллагувчи, аларнинг хайрли амалларини маъқуллагувчи Ўзинг.

Ё, аш-Шаҳид бутун ер-у самода бор-у йўқнинг шоҳидидурсен, ўтган-кетганларнинг ажри-савоби гувоҳидурсен, музтарлар, мискин-у муҳтожларнинг паноҳидурсен.

Ё, ал-Ҳақ ҳақиқатда мавжуддурсен-у Ўзингга хосдур ҳалоллик-поклик, буларни инкор этмаклик, зойил айламаклик бориб турган шаккоклик.

Ё, ал-Вакил ҳамма ишларни ўз зиммасига, кафолатига олгувчидурсен, азал-абад имонли-эътиқодли бандаларингни суйиб қолгувчидурсен.

Ё, ал-Қавий ҳаққоний ҳамда бемисл куч-қудрат эгаси Ўзинг, исломнинг астойдил фидойиларига қувватдур, нафсоният-наҳсоният қулларига кулфатдур Сўзинг.

Ё, ал-Матин сабот-матонатда бетенг-бениёздурсен, боз, бардошли-чидамли бандаларинггаям яқин ҳамроздурсен.

Ё, ал-Валий Ўзингсен ҳабибларингта дўст-у мададкор, астойдил сиғинган-топинганларга халоскор-нажоткор.

Ё, ал-Ҳамид ҳамд-у санога, сипос-у салламнога, тасбеҳ-у тасаннога лойиқ танҳо Зотдурсен, ўн саккиз минг оламда Хожаи ҳаётдурсен.

Ё, ал-Муҳсий барча махлуқот-у мавжудотнинг ҳисоб-китобини пухта билгувчи, ҳар қайсига феъли-аъмолига яраша итоб ёки шитоб ёхуд хитоб қилгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Мубдиъ йўқдин пайдо айлагувчи Бир-у Бордурсен, замин-у осмонни, жонли-ю бежонни, яхши-ю ёмонни бунёд этган Ижодкордурсен.

Ё, ал-Муид ҳаётдин ўлимга, ўлимдин ҳаётга лаҳзада қайтаргувчи, муносиб бандалари учун абадий саодатни юборгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Муҳйий охират-у қиёматда барчани тиргизгувчидурсен, сўнгра, кимларни жаннатга, кимларни жаҳаннамга киргизгувчидурсен.

Ё, ал-Мумит тирик жон бор-ки, барини ўлдиргувчи, вақти-соати келгач, ҳамманинг умр гулини сўлдиргувчи Ўзинг.

Ё, ал-Ҳай абадий тириклик Сенга шон, яшашинг боқий ҳам жовидон, ҳукм-у фармонингдадур замон-у макон.

Ё, ал-Қайюм ўз-ўзидин тургувчи, бошқаларни ҳам турғизгувчи, азал-абад барқарор қолгувчи, қулларини турфа кўйларга солгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Вожид истаган нарсаларига эришгувчи, етишгувчи ва топгувчи ёки бандасининг сир-синоатларини очгувчи ёхуд ёпгувчидирсен.

Ё, ал-Можид Ўзинг битта-ю битта машҳур ва шарафли Зот, бундай рутбага даъвогар мубтало-ю заиф қулларингни жаҳим қаърига от!

Ё, ал-Воҳид Сендурсен ёлғиз-у тоқ, якто-ю ягона, мавжудот-у махлуқотингнинг бори бундай хислатдин маҳрум ва бегона.

Ё, ас-Самад беҳожатлик ҳамда беэҳтиёжликка ёрдурсен, лек чиндан ҳожатманд – эҳтиёжмандларга ҳожатбарордурсен.

Ё, ал-Қодир қудратингнинг ҳудуди-ҳадди, хайр-у саховатингнинг-да адади йўқ, назаринг тушганларнинг у дунё-ю бу дунёда кўнгилларидур тўқ.

Ё, ал-Муқтадир Ўзинг қодирликда, аслида нодир, биронта воқеот-у ҳодисот иродангсиз бўлмағай содир.

Ё, ал-Муқаддим хоҳлаганингни Ўзингга яқин ҳамроз қилгувчидурсен, истамаганингнинг кўксини ўйгувчи-тилгувчидурсен.

Ё, ал-Муаххир риёкор-у ширккор, мунофиқ номардларни ёнидин узоқлатгувчи, шайтони лаъин шериклари ва ҳамтабақларини томуғ оташида додлатгувчи Ўзинг.

Ё, ал-Аввал ҳамма нарсанинг аввали-ю ибтидосидурсен, улуҳийят-у убудийятнинг бошланиши-бидояти, азалиётидурсен.

Ё, ал-Охир Ўзинг ҳар ненинг-ки охири-интиҳоси, йўқдур боқийлигингнинг, чексизлигингнинг ниҳояси ҳамда қиёси.

Ё, аз-Зоҳир мавжудлигинг ҳамма томонлама аён, атрофда неки жон-зот-у жамодот бари Сенда намоён.

Ё, ал-Ботин Ўзингнинг борлиғингни ғофиллар-у фосиқлар англамас, шундин-ки, бундайлар даъватлар-у насиҳатларинг тингламас.

Ё, ал-Волий ҳукмфармодурсен-ки барча ишларни тасарруф этгувчи, қандай-ки тилсим, мўъжиза, сеҳр-у жоду бўлса, тагига етгувчи.

Ё, ал-Мутаолий нуфуз-у мақоминг олий ҳамда мавқеинг сарбаланд, Сенга интилганларнинг ҳам толеларин кўтаргайсен баланд.

Ё, ал-Барр Ўзинг яхшиликлар, боз, эзгуликлар соҳиби, демак-ки, солиҳ мўминларинг илтифот-иноятинг, шафоатинг роғиби.

Ё, ат-Таввоб тавба-тазарруларни-ку қабул айлагайсен, қайта-қайта жиноятга қўл урганларни-чи, найлагайсен?!

Ё, ал-Мунтақим интиқомингдин-жазоингдин қочолмас айбдор-у зиндиқ, тағин, ҳирс-у ҳаво майлига асир бисёр қулларинг-да сазоинг-қазоингга мустаҳиқ.

Ё, ал-Афув гуноҳлар-у маъсиятларни афв этгувчидурсен, мазлумлар додига етгувчидурсен, золимларга ҳукм битгувчидурсен.

Ё, ар-Рауф Ўзинг ўта меҳрибон, яна соҳиби ҳидоят, бева-бечораларингга кўргузгил мудом имдод-иноят!

Ё, Моликул-мулк бутун Борлиқ, чархи аъзам, мулки адам тасарруфинг-да, сўзлашга тиллар қосирдур таъриф-у тавсифингда.

Ё, Зул-жалоли вал-икром шарафли-ю карамли, боз, азаматлик эгасидурсен, ҳиммат-у ҳикмат, навозиш-у навозанда хожасидурсен.

Ё, ал-Муқсит одилларнинг энг одили, адолатпарварларнинг энг адолатпарваридурсен, фалакиёт-у коинотнинг ҳамда заминот-у самовотнинг Мавлои Сарваридурсен Ўзинг.

Ё, ал-Жомиъ қиёмат куни Исрофилга сур чалдириб, бутун халойиқ-у малойикни Маҳшаргоҳда тўпловчидурсен, барча одамзот-у жонзотни ҳисоб-китоб қилиш учун йўқловчидурсен.

Ё, алҒаний Ўзинг тасаввурларга сиғмас даражада энг бойдурсен ҳамда мутлақо беэҳтиёж, алҳол, сарнигун-афсурда, йўқсул-қашшоқ бандаларинг раҳмат-у шафқатларингга муҳтож.

Ё, ал-Муғний хоҳлаганингни бадавлат-сармоядор айлагувчидурсен, истаганингни ҳар тарафлама сийлагувчи-ю минг-мингларнинг орасидин, фақатгина бир-бирларини сайлагувчидурсен.

Ё, ал-Мониъ Ўзинг умматлар-у саҳобаларни муҳофазалагувчи, аммо мушриклар-у шаккокларга ўз неъматларини маън этгувчи, илло, инсонлар бекамдур марҳаматларинг қадрига етгувчи.

Ё, аз-Зорр нолойиқ бандаларингнинг бошига мусибат-ғурбат солгувчи, демак-ки, бегуноҳлар-у нотавонларнинг, бенаволар-у нолонларнинг ёнини олгувчидурсен.

Ё, ан-Нофиъ Ўзинг хоҳлаган мардумларига манфаат-у наф ҳамда фойда етказгувчи, истаган қулларини касофатлар-у кулфатлардин, ҳалокатлар-у офатлардин қутқазгувчи.

Ё, ан-Нур мавжудлигинг ўз-ўзингдин аён, бутун коинот-у фалакиёт ҳам Сен туфайли нурафшон, илоҳий ёғдуларингни-ю нурларингни таратавергин ҳар ён, ҳар томон!

Ё, ал-Ҳодий тўғри, рост ҳамда ҳаққоний йўлни кўрсатгувчи раҳнамодурсен, иршод-у ҳидоятда воҳид ҳам пешводурсен, боқийи жовидонийдурсен ҳамда танҳодурсен.

Ё, ал-Бадиъ буткул вужудиятнинг кашфиётчиси-ю ихтирочиси, илоҳиёт ва табиат ҳамда жамият қонунларининг ижрочиси Ўзинг.

Ё, ал-Боқий мутлоқ абадийликка, сармадийликка дахлдордурсен, барча нарсалар фоний, лек, фақат, Ўзинггина мангу бордурсен.

Ё, ал-Ворис бутун Борлиқни мерос қилиб олгувчи Ўзинг, ҳар не-ки ўткинчи-ю, аммо боқийликка сазовор, имонли-ю диёнатли бандаларингга, мудом фахр-у ифтихор яна Ўзинг.

Ё, ар-Рашид барча тадбирлари-ю юмушлари ҳамда чоралари-ю ишлари, доимо тўғри чиққувчидурсен, солиҳ инсонларнинг қалбида ҳалоллик-ростгўйлик оловини ёққувчидурсен.

Ё, ас-Сабур осийлар ҳамда гуноҳкорларни жазолашга шошмайдиган, ҳар қандай вазиятдаям қаҳр-ғазаби жўшиб-тошмайдиган тўзимли Зотдурсен Ўзинг Халлоқи Жовиди Олам!

 

*    *    *

Эй, Қодир Эгам, Сенинг тўқсон тўққизта табаррук ҳамда муқаддас исмларингни чуқур эъзоз-эҳтиром ила ёзиб, аларга баҳол-у имкон таъриф-тавсиф битганимдин, шундай шарафни айни ожиз бандангга муяссар этганингдин бениҳоя мамнун-у бахтиёрмен. Зеро, Ўзингнинг ҳабибинг – Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидламишларким, Сенинг мазкур  гўзал ва қутлуғ номларингни ким-ки, бирма-бир айтиб чиқса, анга жаннатингдин муносиб жой ато этилгусидур…

Ё, Соҳиби Қудрат, Ўзингга яна такрор-такрор беадад ташаккурлар ҳамда шукроналар, беҳад сипослар-у ҳамдлар-у санолар, бениҳоят олқишлар-у офаринлар, беғоят таҳсинлар-у тасаннолар, тасбеҳлар-у салламнолар бўлғай!

Эй, Илоҳим, Сен Ўзинг эл-юртимизни омон, ўзимизни ҳамда авлодларимизни эсон, барчамизнинг мушкулларимизни осон, кўксиларимизни осмон, ҳаёт йўлларимизни равон, турмушларимизни фаровон, умрларимизни комрон, кўнгилларимизни эзгуликларга ошён, яхшиликларга макон, дилларимизни имон-инсоф зиёсидин нурафшон, эътиқод-у виждон ёғдусидин чароғон айлагайсен.

Омин, Оллоҳу Акбар!

Бердиёр Жумаев,

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

Leave a Reply
*