Menu
Categories
“Дунё ўзбеклари” тақдим этади – Юсуф Жума: Лаънат қисмат ижодкорига…
07/14/2015 Адабиёт
Юсуф Жума. 
Лаънат қисмат ижодкорига.
юсуф жу ма
Кечагина тишлари тушган
Бола эдим,  кўкка тикилган.
Бугун ерда кўзим қон тошган,
Соч тўкилган,   тишлар тўкилган.
Болаликда ўйлардим мендан
Кунли,  ойли юлдузли осмон.
Бугун Ватан — она заминдан
Айрилганман,  осмоним фиғон.
Қисматимга бўлсин минг лаънат,
Лаънат қисмат ижодкорига.
Калхатларга беради қанот,
Юк босади норлар норига.
Қўлларимга кўкларни эмас,
Темир,  пўлат кишан ушлатди.
Ош нон эмас,  бетин басма бас
Тишларимга ғам тош тишлатди.
Меники деб ўйлаган осмон
Мендан бўлди — қулади бошга.
Битта этди ер билан яксон,
Дил тўкилган сочимдай,  тишдай.
7 июл, 2015 йил
Қирғин этиб не-не инсонни
Берадилар шавқатдан сабоқ:
“Ардоқлагин ҳар битта жонни,
Чумолига тарқатгин бошоқ. “
Озор берма  заррача,  болам,
Илонга ҳам бермаса зиён.
Зиён берса қумусқани ҳам
Кечирмагин,  қўймагин омон.
7 июл, 2015 йил.
Бировларнинг ғамида
Куним тунга айланди.
Дардларининг йўлида
Суякларим яйланди.
Бугун улар  бедард,  шод
Бахтдан қутурган зотлар.
Яйланган суягимга
Ташланган гала итлар.
7 июл, 2015 йил
Кимларгадир этганман ҳавас,
Эргашганман ҳаёт йўлида.
Бўлган эди қадамлари дарс,
Унутмайман қадри кўнглимда.
Бир замонлар эргашганим чин,
Ўзганим ҳам чиндир мутлақо.
Оқаяпман  тошқин ва жўшқин
Улар ирмоқ,  мен қайсар дарё.
Тўлқинимда яшар осмонлар,
Ҳасад билан дилни ейдилар.
Ўзиб кетдим аллақачонлар,
Биздан оққан ариқ дейдилар.
7 июл, 2015 йил.
Йўли шонга бурканганлар
Кўклардай оз эмасми?!
Балчиғ каби булғанганлар
Йўли носоз эмасми?!
Бир эмас минг туғилса ҳам
Мабода ҳар бир одам.
Бундоғ келгандан дунёга
Келмаган соз эмасми?!
7 июл,  2015 йил
Икки очуннинг нури
Ўчмас чироғим бор менинг.
То абад ғолиб этар
Синмас яроғим бор менинг.
Кўк деган  Тангри деган —
Бир орқатоғим бор менинг!
Гердайма тождор,    тож деб
Юсуфга қарши қудратим.
Гердайма,  малай,  шоҳ деб
Юсуфга қарши давлатим.
Менда боқий сийратим
Ҳақиқатим пойдор менинг.
Кўк деган  Тангри деган —
Бир орқатоғим бор менинг!
Нима керак сенга деди
Илҳоми  — Ҳазрати Хизир.
Кўк керак,  Тангри керак
Бир керак ягона бир.
Гарчи гуноҳ бошдан оёқ,
Ўзинг кечир,  ўзинг кечир.
Менда бирдир,  менда бирдир
Менда бирдир,  менда бир.
Ҳазрати Мусо каби
Илҳом — Тур тоғим бор менинг.
Кўк деган  Тангри деган —
Бир орқатоғим бор менинг!
Бор душманим,   умрингиз
Бир ҳикматим умрича йўқ.
Давлатингиз,  бир сўзим–
Бир давлатим умрича йўқ.
Синмаганман,   сингансиз,
Синмасдирман,  синажаксиз.
Сўнмаганман,  сўнгансиз,
Сўнмасдирман,  сўнажаксиз.
Ҳам таянчим бор менинг,
Ҳам маёғим бор менинг.
Кўк деган  Тангри деган —
Бир орқатоғим бор менинг!
7 июл,  2015 йил.
Омонлигим онам эди,
Энди омонлигим йўқ.
Султонлигим онам эди,
Энди султонлигим йўқ.
Осмоним онам эди
Энди осмонлигим йўқ.
Танда жоним онам эди
Энди танда жоним йўқ.
Эвоҳ,  онажоним йўқ,
Оллоҳ,  онажоним йўқ.
Бу дунёда хизматин
Этолмадим,   қора бет.
У дунёда хизматин
Буюк Тангрим,  ўзинг эт.
Хизматида нурларинг–
Беҳиштларинг бўлсинлар.
Ризвонларинг тоабад
Хизматини қилсинлар.
Мен онамга этмаган
Хизмат учун доимо
Тангрим Сенга ялиниб
Этажакман илтижо.
Паноҳим,  паноҳи бўл,
Паноҳ — онажоним йўқ.
Эвоҳ,  онажоним йўқ,
Оллоҳ, онажоним йўқ!
7 июл,  2015 йил
Бир замон бир кимсага
Офат келди беамон.
Бир яхшилигим боис
Қолиб кетганди омон.
Нодон чиққан у кимса
Заҳарлади ошимни.
Эвоҳ,  бир яхшилигим,
Еди шўрлик бошимни.
7 июл,  2015 йил
Бир замонлар ҳукмдор,
Юртимдан қилди қувғин.
Элимдан қилди қувғин
Қилич домидай очун.
Бугун ўзимни ўзим
Қувғин этиб яшайман.
Дўсту ёрлардан қочиб
Ёлғизликда қишлайман.
Номард дўсту ёр билан,
Осмон ҳам қолмас бутун.
Эй,  эр,  ўлмай ўзингни
Ёлғизликка эт қувғин.
7 июл,  2015 йил
Она Туркистонда тонглар бошқача,
Осмонлар бошқача,  ранглар бошқача.
Ерга уруғ эксанг асал унади,
Тупроқлар бошқача,  чанглар бошқача.
Боболар бошидек  кўкни кўтарган
Тоғу тошларида санглар бошқача.
Ой  кунлар тўлдирган кўчаларини
Иринлар бошқача,  менглар бошқача.
Сочлар — этак ерда,   зулфлари енгдир,
Этаклар бошқача,  енглар бошқача.
Ҳар бирин ҳажрининг  ўлими мингдир,
Сонлари бошқача,  минглар бошқача.
Қизлари оташдан яралган,  Юсуф,
Висол майдонида жанглар бошқача.
7 июл,  2015йил.
Кўзлар берди дема,   ёғдули кўзлар,
Ярага айланар,  яра берди де.
Юрак берди дема,  ўқлар узилар
Ярага айланар,  яра берди де.
Бағр берди дема,  оташ,  оловли,
Қора қон берди де,  яра берди де.
Бош — онг берди дема,  тошдан эгови,
Қора қон берди де,  яра берди де.
О Тангрим,  ўлмагур,  буюк меҳрибон,
Неки берса фақат сара беради.
Ярага айланар,  бошдан оёқ қон,
Бошдан оёқ яра,  яра беради.
7 июл,  2015 йил.
Кўпчиликнинг битгани қумусқанинг изидай,
Десалар ҳам изимиз чуқур,  биз ким — арслон.
Кўп битик балчиқдаги қурбақанинг изидай
Эртага борисидан қолмайди бирон нишон.
Товуқнинг изларидай кўп шоир ёзган шеърлар,
Хўрозлари мақтайди  ўчмас излар деб бетин.
Ҳатто норнинг излари — чуқур,  чуқур чуқурлар,
Қумларнинг бўронидан кўмилиб кетар секин.
Фақат тоғлар излари — юксак-юксак чўққилар,
Кўкларни тешиб турар,   ўлмас бўлиб қолади.
Эй бақалар,  товуқлар,  кўппак,  эшак,  тулкилар
Изингизни дафъат йўқлик қамраб олади.
7 июл,  2015 йил.
Бир тугманг қароғим бўлсин,  малагим,
Бир тугманг қабоғим бўлсин, малагим.
Анорбандингга ҳам керакку тугма
Бир тугманг дудоғим бўлcин, малагим.
Дилим сенга чанқоқ,  ўт ўтга ташна,
Бир тугманг чанқоғим бўлсин,  малагим.
Жон — ипимда тикай,  бағрим — ишқ доғи,
Бир тугманг шу доғим бўлсин,  малагим.
Тугмадай тугмадай тилка бош оёқ
Тугманг бош оёғим бўлсин,  малагим.
7 июл,  2015 йил.
Юзим ажинига этмагин парво,
Бошқага сарф этдим қаррилигимни.
Манглай ажинидан  қўрқма дилрабо,
Бошқага даф этдим қаррилигимни.
Кўргин юрагимнинг оташларини,
Бағрим оташида энди суйганман.
Сарф — қиш куним,  ёзим қуёшларини–
Ёшлигимни сенга асраб қўйганман.
7 июл,  2015 йил.
Берар экан номардлар фармон
Очилмайди бу элнинг кўзи.
Бўлмагунча юртга бир эр хон
Очилмайди бу элнинг кўзи.
Ўғизхоннинг тадбири керак,
Темурхоннинг шамшири керак.
Қайтармаса бирини фалак,
Очилмайди бу элнинг кўзи.
Қароғига тиғлар кирмаса
Кескир-кескир қилич йирмаса,
Тангри агар мардлар бермаса,
Очилмайди бу элнинг кўзи.
Ерда қолар  Юсуфнинг доди
Туғилмаса эрлар авлоди.
Буюрмаса элга юрт оти
Очилмайди бу элнинг кўзи.
7 июл 2015 йил.
Юсуф,  бахтинг — илҳом Ҳақдан
Кутма олқиш,  қарсак халқдан.
Сийлар сени мудом ўзи,
Буюк Тангри   юксак халқдан.
Номардлардан иборатми
Буткул силки  этак халқдан.
Эшакларга рози бўлган
Тўралари  эшак халқдан.
Кўппакларга рози бўлган
Пешволари кўппак халқдан.
Олқиш ёғар  тўғилажак
Ҳақ йўлида тўппак халқдан.
7 июл,  2015 йил.
Ёмғир тинар,  сел тинар,
Менинг қаламим тинмас.
Бўрон тинар,  ел тинар
Менинг қаламим тинмас.
Вулқонлар тинадилар,
Уммонлар тинадилар,
Осмонлар тинадилар
Менинг қаламим тинмас.
Қўрқоқ эллар тинади
Не-не диллар тинади.
Башар қуллар тинади
Менинг қаламим тинмас.
Шоирлар тиниб кетар,
Бирма бир синиб кетар,
Йўқликка эниб кетар,
Менинг қаламим тинмас.
Осмонларнинг ўрнида
Мангу чақмоқ қўйнида
Ҳақ хизмати бўйнида
Менинг қаламим тинмас.
7 июл,  2015 йил.
Белинг синдиради сочинг торини,
Игнани синдирар ингичкаликда.
Ойна кўрса синиб,  эрир ишқида,
Ойнани синдиради ингичкаликда.
Осмонга кўрсатма булутсиз куни,
Кўнани синдирар ингичкаликда.
Олов кўнглим чўғ-чўғ  талқон ҳажрида,
Сийнани синдирар ингичкаликда.
7 июл 2015 йил.
Бир талабдон борми,  чиқсин
Ҳикмат — шеърда беллашамиз.
Марду мардон борму чиқсин
Қўру нурда беллашамиз.
Зўр чиққанга тан берайлик,
Шон берайлик,  шан берайлик.
Мана майдон борми чиқсин
Сору норда беллашайлик.
Қалам — отда беллашайлик,
Ким Ғиротда,   беллашайлик.
Алплик унвон,  борми,  чиқсин
Бойчиборда беллашайлик.
Юсуф тоабад майдонда,
Талабдон борми жаҳонда?!
Дили вулқон,  борми чиқсин
Байт — най,  торда беллашайлик.
Шеърим шеру,  фикрим йўлбарс,
Чиқмасангиз тан олинг,  бас.
Руҳи осмон,  борми,  чиқсин,
Ҳақда — ёрда беллашайлик.
7 июл,  2015 йил.
Оламнинг туни гўзал,
Кўнгилнинг туни ёмон.
Ёритарди дилимни
Онажоним  бир замон.
Меҳрлим ўтиб кетди,
Меҳрсизларим қолди.
Энди тилка кўнглимни
Тонгларин тун олди.
Онасизлар бошида
Қора кун — охир замон.
Охирзамон бўлмасди
Меҳрдан бўлса нишон.
7 июл,  2015 йил.
Ёлғизликка — тубсиз қудуққа
Ташладилар  мени дўст ёрон.
Қутқаргин деб мўлтираб кўкка
Кеча кундуз тортаман фиғон.
Афсус,  осмон,  бутунлай битган
Қулоғингни тештирмайсанми?!
У Юсуфни эшитган эдинг
Бу Юсуфни эшитмайсанми?!
7 июл,  2015 йил.
Нозиксан,  гажагингнинг
Биттагина торидай.
Томчилаб томаётган
Асалнинг қаторидай.
Лабларим орасида
Йитасан,  кўнгил тўлмас.
Нозиксан,  ўт оғзимни
Тўлдириб ўпиб бўлмас.
7 июл,  2015 йил.
Олисдасан эй чиройли муз,
Севганимга этмайсан парво.
Юрак — ўтим — интизор,  ёлғиз,
Ишқимни рад этган,  дилрабо.
Яқин борай,  оташимни кўр,
Сўнг қадримни англаб етасан.
Ёғилади бағримдан ҳузур,
Оловимда эриб кетасан.
Яралгансан муздан ой бўлиб
Ях бўлсанг ҳам менга ёқасан.
Аввал ирмоқ,  кейин сой бўлиб,
Сўнгра дарё бўлиб оқасан.
7 июл,  2015 йил.
Ёв,  тўфонлар ичида ўсдим
Қўрқитмагин изғирин билан.
Оташдонлар ичида ўсдим,
Қўрқитмагин  дуд,  тутун билан.
Қазолмайсан мен учун лаҳад,
Қўрқ,  гирдобга чўкмаслигимдан.
Мен қўрқаман фақат ва фақат
Бир ўзидан қўрқмаслигимдан.
7 июл,  2015 йил.
Ҳазил
Қон сўргувчи нопок пашшалар,
Ёри борнинг ёнига борманг.
Қон сўргувчи йиртқич подшолар
Ёри борнинг ёнига борманг.
Дўст ёронлар — қонхўр жаллодлар,
Ҳам жононлар — шавқатга ётлар,
Қон ичгувчи барча жонзотлар
Ёри борнинг  ёнига борманг.
Ёр тозалар  жон,  қондан ёрин,
Ичади хун этиб  тан — борин,
Ёри йўқнинг ёнига боринг,
Ёри борнинг ёнига борманг.
7 июл,  2015 йил.
"2" Comments
  1. Inson qismat yaratuvchsi ekani bekor gap, qismat va taqdir yaratuvchisi Alloh! Unga la’nat aytganlarga la’natlar bo’lsin.

  2. Har kim o’z qismatini o’zi yaratadi

Leave a Reply
*