Menu
Categories
Намоз НОРМЎМИН: ГУНОҲ КИМДА, ХАЛҚДАМИ, ШОИРДАМИ?
07/25/2015 Адабиёт

Абдулла акам шу киши

ГУНОҲ КИМДА, ХАЛҚДАМИ, ШОИРДАМИ?

Сўзга таърифдан бошлайлик: Халқ киму, шоир ким? Албатта, бу саволнинг мутлақ жавоби йўқ. Иккаласини ҳам таърифлаш ва тушунтириш ниҳоятда мушкул иш…

Халқ, эл, миллат, аҳоли, фуқаролар, оломон, улус, элат…Яъни, инсонлар жамоаси, инсонлар жамиятидир халқ. Гўё аниқ ва мукаммал кимликка ўхшайди бу таъриф. Аслида шундайми? Ўзбек халқи, тожик халқи, араб халқи, рус халқи…Масала аниқдай, муаммо йўқдай гўё…Аммо халқни таниш ва танитиш масаласида асл муаммо мана шундай муаммо йўқ дейиш билан бошланади…

Халқ яратилган деганидир луғатда. Яъни, халқнинг Яратгани бор. Халқдан устун, халқни халқ қилган, унга ризқини берган, унинг икки дунёда тақдирини белгилайдиган Яратгани бор халқнинг…

Аммо халқ ҳар доим ҳам эътироф қилавермайди ўзининг Яратганини.Чунки Яратган халққа яратишга ўхшаган баъзи сифатлар берган. Бу сифатлар халқнинг ўзидан ўзи кўпайиши, ижоди, илҳоми, ихтироси, кашфиётларидир…Мана шу сифатларни Яратгандан олган халқ ўз ўзидан мағрурлана бошлайди…Ва бу мағрурланиш баъзан кибрга, кейин эса куфрга қараб кетади…Ва бу шаклда халқ ҳақиқий маънода халқ бўлишдан, яъни Яратганини ва ўзинингяратилганини тан олишдан чиқади..

Халқни инсонлар жамияти дедик…Инсон ва халқ орасида ҳам турли поғоналар мавжуд..Шахс, оила, қабила, жамоат, фирқа…Яъни, табиатан халқнинг бағри тилка порадир, тўлиқ, жипслашган, бетон девор каби мустаҳкам эмас халқнинг фитрати ва табиати…

Одам (ас)нинг Ҳобил ва Қобил исмли икки ўғли бор эди. Иккаласи халқ эдилар, аммо орага низо кирди, Қобил Ҳобилни ўлдирди. Кейин нима қилишини билмай гаранг бўлиб қолди. Аллоҳ бир қарға юборди ва қарға тумшуғи билан ерни қазий бошлади…

“Афсуслар бўлсин менга деди қотил…Шу қарғача бўла олмадим…”. Шу тарзда инсон ерни ковлаб, ўликни ерга кўмишни ўрганди…Халқ шуми? Ҳа, халқ шу! Баъзан қарғаданда нодон, баъзан эса қарғача қадри йўқ…

Нега халқ ҳар доим ҳам жипслашавермайди, нега бир юрак бўлиб отмайди халқ доимо…Нега қувватли мушт бўлмайди халқ шоирлар истагани каби дўсту душман қаршисида…Чунки халқнинг табиати, яъни яратилиш фитрати шунақада…Халқ турли даражадаги дилдан (эътиқоддан), тилдан, тафаккурдан, қабилалардан, жамоалардан иборат. Бу халқнинг табиий бўлиниши. Яъни, халқ доимо шундай бўлади, бўлинган бўлади ўз ўзидан..Нега? Чунки Яратган инсонларни имон, ақл, мол мулк, истеъдод, жисмоний куч, қобилият жиҳатидан даража даража қилиб яратган…Бир инсон қуёш ва ойга қараб, унда Яратганнинг борлигининг ишоратларини кўриши мумкин, бошқа инсон эса фақат уларнинг нурини кўради, фақат кўзи қамашади…

 

Халқ мана шундай турли туман тушунча ва қобилиятлардаги шахслардан ташкил топган. Бу шахслар оилавий иплар билан қабилаларни, фикрий иплар билан турли жамоаларни (фирқаларни), мулкий иплар билан турли бойу камбағал тоифаларни (синфларни) ташкил қилади…Мана сизга бағри тилка пора бўлган халқ…Ва шоир йиғлай бошлайди бу ҳолатдан:

 

Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,

Қачон халқ бўласан, сен эй, оломон?!

 

Ҳолбуки, оломонлик, яъни тарқоқлик халқнинг асл сифатидир. Ўзбек халқининг, рус халқининг, тожик халқининг ва бошқа халқларнинг…У ҳолда халқ номидан гапириш қанчалик тўғри?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,

Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.

Ўртага бир золимнинг чиқиб, миршабларига халқни калтаклатиб, сўнгра таёқ зарбидан юзи кўзи қонга бўялган халқ номидан бу халқ амал қилиши керак бўлган Конституцияни (Давлат Низомини) эълон қилишидан ҳам каттароқ фожеа бўлиши мумкинми ҳеч?

Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан…Эй Халқ! Ҳолбуки, бир золим раҳбарнинг ҳам ёки девонасифат шоирнинг сенинг номингдан ҳукм ўқишга ҳаққи йўқ. Аслида сенинг ўзингнинг ҳам ҳукм ўқишга ҳаққинг йўқ, эй Халқ! Чунки сенинг вазифанг ҳукм ўқиш ёки тўқиш эмас, Яратувчининг сенга нозил қилган ҳукмига эргашишдан иборатдир..

Аммо халқ ҳар доимо ҳам Илоҳимй ҳукмларга бош эгиб, эргашиб кетавермайди. Ҳатто ораларида Пайғамбарлар бўлганда ҳам халқ Ҳақни қабул қилишни истамаган баъзан…Мусо (ас) халқини қанча қийинчиликлардан кейин, ваъда қилинган тупроқларга бошлаб келади. Аммо у ерни бегона бир қавм эгаллаб олганди. Мусо (ас) халқига келинглар шу бегоналар билан курашайлик дейди. Халқи эса “Эй, Мусо, бор, ўзинг ва Роббинг улар билан урушинглар, биз эса мана шу ерла қимирламай ўтирамиз”, деб жавоб беради…

Демак, халқ ҳеч қачон шоирлар истаганидек яхлит бўла олмайди. Бегоналарни қўйинг, халқнинг ичида душманликлар оилаларга ва ҳатто ота болалар орасига қадар ўрмалаб кириши мумкин..Худди, Нуҳ (ас) ўғли, Иброҳим (ас) эса отаси билан ўзаро душман бўлганликлари каби…

У ҳолда халқнинг асл ҳақиқати нимадан иборат? Халқ ҳозирги тушунчада бир поездга ўхшайди. Поезднинг бир икки локомотиви ва ўнларча вагонлари бўлади. Фитрийликда (табиийликда) локомотив (лар) поезднинг бош қисмида бўлади ва вагонларни олға етаклайди. Аммо баъзан халқ ичидан чиққан ақлсиз ва золим “локомотив (лар)” бу “поезднинг”думига ёпишиб олиб, уни орқага торта бошлайди…

Бу билан асло халқ жонсиз, фақат темир ва тахтадан иборат “вагонлар”дир демоқчи эмасман. Чунки халқ “вагонлар” ўз бағрида дилни (эътиқодни), тилни, тарихни, адабиётни, санъатни ташийди…

Яратган меҳрибондир, У халққа орангиздан “имон келтирган, яхшиликни ёядиган, ёмонликни таъқиқлайдиган” бир жамоа (“локомотив”) бўлсин, дейди. Демак, халқнинг ичида мана шундай имонлилар жамоаси бўлиш шарт, у ҳолда халқ орқага эмас, фақат олға кетади.

Яратган янада кўпроқ меҳрибондир, чунки “поезд” шаклини олган халқнинг “локомотивлари ва вагонларини” бир биридан ажратмайди, уларни бир биридан устун кўрмайди, фақат қай бирингизда тақво бўлса, ўша Менга яқиндир, дейди…

Шоирларга эса фақат ақлсизлар, нодонлар эргашади, дейилган Илоҳий ҳақиқатда. Нега? Чунки аксар шоирлар мутлақ маънода халққа умид кўзини тикадилар, халқдан мадад кутадилар, халқни мадҳ қиладилар, “халқим, халқим”, дея умрларини тугатадилар…

Шоирларнинг кўпи шунақа ўзи..Халқни танимайдилар, уларнинг назарида халқ ҳамма нарсага қодирдир. Ҳолбуки, ҳар нарсага қодир Зот халқни халқ қилган унинг Яратувчисидир.

Аксар шоирлар ўзларига берилган илҳомнинг маъносини ҳам билмайдилар. Илҳом эса илоҳий ҳақиқатнинг, яъни ваҳийнинг бандасидир. Инсонни Робби яратган, илҳомни эса ваҳий…Аммо инсонларнинг кўпи Робларига нонкўрлик қилганлари каби, шоирларнинг кўпи ҳам  ўзларига берилган илҳомни ваҳимага айлантириб юборадилар. Ваҳимадан эса васваса туғилади…

Шундай бошланади шоирнинг сўз водийсида дайдиши…Дайдийди шоир бу водийларда халқ севгисини Ҳақ севгисидан устун кўриб..Бошлайди шу тарзда ишқу ҳижрон мисрларини тизишга шоир Ҳақ севгисини унутиб…Бу ўткинчи ва бевафо севги йўлида маликаларнинг оғушини истайди Шоир, ўзича ҳижронда куйиб.. Баъзан уйғонгандай бўлади у бу ғафлатдан:

Дилдаги оҳим менинг биринчи муҳаббатим,

Ёлғиз Аллоҳим менинг биринчи муҳаббатим…

Аммо ғафлат тўлқинлари шоирни осонликча ўз қучоғидан қўйиб юбормайди. Энди  шароб тўқинларига ғарқ бўлади шоир нажот истаб. Зулм қасрлари кўзига нажот қалъаси бўлиб кўринади шу шаклда…

Охирида бу сархўшлик ва дайдишдан чарчайди ва шундай дейди Шоир:

Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,

Айтмаган ёлғоним қолмади бирор..

Бу мисрларни ёзган шоирнинг асло ва асло “Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим?”, дейишга ҳаққи йўқ менимча…Аксинча, агар Машраб мендай шиор бўлган бўлса, у ҳам мен каби бутун умрини ёлғон билан ўтказган бўлса, сўз водийсида дайдиб ўтган бўлса, халқ уни осиб тўғри қилган эканда, дейиши керак эди…Фақат бу билан барибир ҳақиқат тантаъна қилган бўлармиди?  Чунки бир томондан халқнинг ўз номидан ҳукм қўйиш ҳаққи йўқ, Ҳукм қўйиш икки олам Парвардигорининг ҳаққидир… Иккинчи томондан эса шоирнинг ўзи эътироф қилганидек халқ доимо томошага ўч:

Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?

Нечун томошага бунчалар ўчсан?

Илоҳий ҳақиқат инсонлардан ва улар ичида бир ажиб тоифа бўлган шоирлардан Ҳақ тарафида туришни талаб қилади.. Аммо халқдан жуда озчилик, шоирлардан эса унданда озчилик Ҳақ тарафини оладилар ва Ҳақ тарафида турадилар. Аммо бу ҳол Ҳақиқатнинг, Ҳақнинг тугаганини ҳам билдирмайди. Чунки халқнинг эътиқодли бир қисми доимо халқни Ҳаққа даъват қилади, бу билан унга “локомотивлик” қилади…”Ичингиздан бир гуруҳ доимо халқни яхшиликка чақирсин, ёмонликдан қайтарсин”, дейди бу ҳақда Илоҳий ҳақиқат…

Аллоҳнинг имтиҳони туфайли халқ доимо ўз ичида мўминлар, мушриклар, аҳли куфрлар ва мунофиқлар, деган гуруҳларга ажралади. Аммо илҳомини ваҳимага айлантирган шоирлар баъзан бу ҳақиқатни пайқамай қоладилар. Бу шаклда улар халқни пишириш учун бошлайдилар назм ва наср қозонини қайнатишга…Бу мақсадда шеърлар, достонлар, ҳикоялар, романлар ёзилади…Ва ниҳоят ўз ишидан мамнун бўлган ва ҳатто кўкрагига Халқ нишонини тақиб олган шоир мамнуният билан ўзи бир умр қайнатган “қозонни”очиб қарайди. Аммо бу мақсад учун шоир умрини сарфлаган бўлсада халқ ҳали ҳам шу тўрт тоифага ажралганича турган бўлади…Бу манзарадан шошиб қолган шоир:

Қалбимнинг ўтида ёқдим инсонни,

Пишира олмадим аммо нодонни.

Сенга сарф этилди умрим ва хаққим,

Надоматлар бўлсин, сенга эй, халқим,

қабилида мисралар ёзади…

Аслида эса шоир бу билан ўзининг хомлигини, гумроҳлигини, нодонлигини яширишни истайди. Аммо бу билан ҳақиқат ўзгариб ҳам қолмайди…

Байт:

Бир умр бонг урди шоир Халқидан,

Кошки бонг урсайди бир бор Ҳақлидан…

Ҳақиқат Халқда эмас, Ҳақдадир…Ҳалқдан озчилик, шоирлардан эса ундандан озчилиги Ҳаққа эргашадилар..Демак, сўз бошига қайтадиган бўлсак, гуноҳ Халқда ҳам бор, шоирда ҳам бор. Фақат бу фожеа эмас, ниҳоий ҳукм ҳам эмас. Чунки Халқнинг ва унинг навкари бўлган шоирларнинг тавба ва тазкия имконлари бор…Уларни Ҳақ ризосига қайтарадиган ёлғиз имкон ва йўлдир бу йўл…

 

Намоз НОРМЎМИН

22.07.2015

http://namoznormumin.blogspot.com

"1" Comment
  1. “Қасамхўр дунёда кун кўрмоқ учун,

    Айтмаган ёлғоним қолмади бирор..

    Бу мисрларни ёзган шоирнинг асло ва асло “Машрабни осган элдан мен қадр тилармидим?”, дейишга ҳаққи йўқ”.
    Инкор қилиб бўлмас ҳақиқат бу!
    Бундан ташқари, шоирнинг ҳолидан айрим ўз шогирдлари хабар олмабди. Бунинг учун бутун бошли ҳалқдан аразлаб бўладими?
    Қариганда ҳам, силтанганда ҳам Рауф Парпидай мард бўлиш лозим менимча.

Leave a Reply
*