Menu
Categories
Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (5)
08/09/2015 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

 

Шоир ва АҚШ 
TЕХАС ПАХТАЗОРИДА
Ўтган бобосини кўргандек ўзбек,
Югурди Техаснинг пахтазорига.
Аввал атрофига разм солди тек,
Хаёли кетганди бадбўй дорига.
Ҳорғин кипригига чарчоқ ҳам инмай,
Ҳатто мусофирнинг ўзгарди туси.
Чаноқни олиб у ҳидларди тинмай,
Ҳолбуки, пахтанинг йўқ эрур иси.
АҚШ. Техас. 9.08.2015
ЭРКИН ВА ТЎЛҚИН (Ҳазил)
Уммон осойишта, эркин ҳамда жим,
Сайёҳ манзарани алқарди фақат:
-Эркин қўйган бўлса ўғлин отин ким,
Ўшанга тасанно, унга минг рахмат.
Бирдан тўфон турди, ёзиб қанотин,
Сайёҳ дер: -Бу ёвни чиқарган ўлсин.
Тўлқин қўйган бўлса ким ўғлин отин,
Унинг падарига минг лаънат бўлсин.
АҚШ. Атлантика уммони. 8.08.2015
НАСА 
Мен ҳайрон қоламан,
Одамзод гоҳо
Кўрган мўь­жизасин бирдан унутгай.
Искандар, Магеллан довруғи ҳатто,
НАСА игнасининг кўзидан ўтгай.
Қандоқ бунёд бўлган ҳазрати Одам,
Ҳеч кимса кўрмаган илоҳий дамни.
Лекин машқ қилганлар минг йил муқаддам,
Ойда Армстронг қўйган қадамни.
Конрад коржомаси осиғлик турар,
Марҳум фазогирлар кўргазмасида.
Шоҳларнинг либоси яхлит сийму зар,
Барибир, илингай унинг пастида.
Тоғнинг этагида ўтирган сайёҳ,
Унинг маҳобатин кўрмас ҳеч қачон.
Асрлар қаъридан ташласанг нигоҳ,
Инсон қyриб олмиш янги бир жаҳон.
Низолар йўколур бир кун, албатта,
Одамзод ўзлигин топар қайтадан.
Шонли ўтмишини эслаб у пайтда,
Келгай маьракага ҳар битта Ватан.
Башар болалари фахрга тўлиб,
Тафаккур тўйида кўтаргайлар жом.
Ишонгум, ўша кун биринчи бўлиб,
Ёдга олинажак Улуғбек бобом.
 АҚШ. НАСА. 7.08.2015
Изоҳ:
1). НАСА – АҚШ фазогирлар таёрлаш ва назорат қилиш маркази. Хьюстонда жойлашган.
2). Армстронг, Конрад – Ойга қадам қўйган дастлабки фазогирлар.
ТАРҚОҚ ҚАВМ
Бир қавм бор эди, ғоятда тарқоқ,
Ҳар қайси ўзича кўтарган байроқ.
Қўшни қўшни билан сирлашмасдилар,
Тўю азада ҳам бирлашмасдилар.
Бир куни ёғилди кўкдан фалокат,
Қилиб бўлмас эди офатга тоқат.
Қавм-чи, дод солди, тинчидан жудо,
Аллох, Аллох дея қиларди нидо.
Бало тушмоқдайди ҳануз ҳаводан,
Шундоқ садо келди бирдан самодан:
-Тегманг, тўрт тарафга майли чопишсин,
Ҳар ким ўзи учун Аллох топишсин.
  АҚШ. Хьюстон 8.08.2015
ПОЛИЗ ҚЎРИҚЧИСИ 
Чайламиз бор эди,
Далада эдик,
Жайралар ўч бўлар қовун-тарвузга.
Ҳарҳолда, чўчитиб туради дедик,
Қўриқчи ўрнатдик бир кун полизга.
Ўриснинг хочидек бутани чопдик,
Ерга қадаб қўйдик оёқ-дастакни.
Қайдандир эски бир шляпа топдик,
Эгнига кийгиздик яғир пўстакни.
Ғаройиб қўриқчи бўлганди пайдо,
Довдирар, тушса гар шайтоннинг кўзи.
Узоқдан қорасин кўрганда гоҳо,
Жуфтакни ростларди болалар ўзи.
Энди у жойларда қовун полиз йўқ,
Жайра ҳам, тарвуз ҳам йўқдир, албатта.
Баланд иморатлар кўкка урар дўқ,
Фақат сақлангандир чинорлар, катта.
Биз ҳам улғайганмиз, улғайди дунё,
Қолди хотиралар мисоли етим.
Ўша гузарлардан ўтганда аммо,
Эслаб қўриқчини, жунжикар этим.
АҚШ. Хьюстон 7.08.2015
"2" Comments
  1. Ха Абдулла ака бу Абдулла Ориф Худо берган истеьдод.Бир хил шоирман деганлар йиллаб езолмайди бунака мисраларни.

  2. Абдулла Ориповни янги шеърлари уқиб турибмиз. Исмат ака сизга катта рахмат!

Leave a Reply
*