Menu
Categories
Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (14)
08/19/2015 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

 

  Абдулла ака қўл
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,
ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ
САФАРДОШ
Сен билан заминни кезардим албат,
Баҳам кўрар эдим мушкул чоғларни.
Фақат чиқиб қолар ғалати ҳолат,
Бу нима? – дер эдинг, юксак тоғларни.
Сен билан баҳрга бурар эдим юз,
Денгизлар қўйнида урардим жавлон.
Фақат қўрқаманки, бошлар эдинг сўз:
-Нима дегани у, денгиз ва уммон?
Сен билан ўтардим саҳролар оша,
Офтобда қорайиб, қизартириб тан.
Фақат барчасини қилгач томоша,
Бу қандай кўргулик, дердинг дафъатан.
Бахт деган туйғу бор оламда тансиқ,
Балки излар эдик биз уни узоқ.
Бахтни мен ўзим ҳам билмайман аниқ,
У қандай емишдир, дердинг сен, бироқ.
Охири қайтардик, йўл босиб тинмай,
Кимсасиз, бенаво, ғариб ўлкангга.
Ҳафсаланг пир бўлиб, энди бутунлай
Кириб кетар эдинг мўжаз кулбангга.
АҚШ. ХЬЮСТОН, 17.08.2015.
МУЛЛА ВА БЕМОР 
Чилёсин ўқирди беморга мулла,
Бемор иссиғидан ёниб, жўшарди.
Суф, деса танига кириб ғулғула,
Безгак тутган каби, сапчиб тушарди.
Мулла чарчамади тонгга қадар то,
Ҳа, қадим  дунёнинг синоати кўп.
Қултум сув гоҳида бўларкан шифо,
Нишолда ковлар – ку оддийгина чўп.
Нима десангиз ҳам, кушойиш аён,
Бемор юзин бурди берига қараб.
Майда – чуйда гаплар кетмас бундай он,
Муллага шарафдир, беморга шараф!
Қурбонлик қилдилар қора қўчқорни,
Кириб чиқиб юрди  амма – холалар.
Мулла қўлдан бермай  турар виқорни,
Мўъжиза кўргандек хурсанд болалар.
Бу гаплар  бировга келмайди малол,
Ширин ҳам эмасдир, эмасдир тахир.
Бир гўдак юз марта йиқилиб, алҳол,
Ўрнидан юз карра тургайдир, ахир.
Асли  сир қаёқда? Билмасди ҳечким,
Ёғли шўрвада ҳам балки ҳикмат бор.
Бемор бирдан деди:- Маъради эчким,
Ўшани тушовлаб келмоғим даркор.
                                      А.Қ.Ш   ХЬЮСТОН . 17.О8. 2О15
РУҲ 
Менинг ишим йўқдир бу дунё билан,
Менинг ишим йўқдир у дунё билан.
Яхши – ёмон  нима? Дардим йўқ асло,
Улар бир пўчоққа бўлғувсидир жо.
Мен на тирик тараф, на ўлик тараф,
Улардан  руҳимга борми  бирор  наф?
Майли, мен ҳақимда эртаклар тўқи,
Фақат, вақтинг  бўлса, шеъримни ўқи.
                           А.Қ.Ш   ХЬЮСТОН . 17.О8. 2О15
ОТА – ЎҒИЛ ТОРТИШУВИ
Ота – ўғил тортишарди Маҳшар куни,
Қоғозга ҳам ёзиб бўлмас ҳатто буни.
Ота дерди:-  Гўдакликдан сени боқдим,
Байрамларда ўйинчоқлар этдим тақдим.
Еган барча овқатларинг  ҳисоби бор,
Рўйхат қилиб қўйганман мен, сен – қарздор!
Ўғил дерди:-  Мен уларни узгум албат,
Маҳшар куни  берса бўлди имконият.
Бироқ, Сизнинг гуноҳингиз ғоят катта,
Каллангизни узишса ҳам  оз,  албатта.
Қилмишингиз кўриб, билиб ўлтиргансиз,
Мени ёлғон шу дунёга келтиргансиз.
                А.Қ.Ш   ХЬЮСТОН . 17.О8. 2О15
Leave a Reply
*