Menu
Categories
Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (1-қисм)
08/21/2015 Бош мақола

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди

Шоир ва АҚШ

“Дунё ўзбеклари”дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор,  Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъзолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар,  Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам “Дунё ўзбеклари”га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу – халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.

 

Исмат Хушев:

Торонто – Даллас – Хьюстон –

Абдулла Орипов Америка тупроғида  

(Сафар таассуротлари)

1-қисм

IMG_1306

Суратда: Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев билан АҚШнинг Хьюстон шаҳрида.
1.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов анчадан бўён АҚШнинг Хьюстон шаҳрида даволанаётганини билардим.
 Оила аъзолари билан вақт бевақт телефонда гаплашиб турардик.
Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, мен Абдулла аканинг Хьюстонда – АҚШнинг дунёдаги энг таниқли ва нуфузли шифокорлари  назоратида жиддий текширув ва кўрикдан ўтаётганини билардим.
Уларнинг дастлабки хулосалари эълон қилинганидан сўнг у кишини кўришга албатта боришни юрагимга тугиб қўйгандим.
Оила аъзоларим билан ҳар куни Худога саждалар қилиб,  шоирга узоқ  умр это этишини, ўзбек адабиёти ва халқимиз бахтига Абдулла Орипов тезроқ шифо топиб кетишини илтижо қилиб сўрардик….
2.
Ниҳоят 15 август куни шифокорларнинг дастлабки хулосаси янгради.
Юракларга тош бўлиб чўккан хавотирли ва умидсиз “прогноз”лар, Оллоҳга  – Яратган Эгамга минг шукурлар бўлсинки,  ўз исботини топмади. Улар тумандек тарқаб кетди.
Шифокорларнинг улуғ ўзбек шоири  соғлигидан ҳали яна узоқ йиллар бемалол умид қилса бўлади деган ширин ва умидбахш каломлар Канадага етиб келди.
Бу хушхабар ўша куниёқ мени йўлга отлантирди…
3.
Яна одатдагидек катта қизим Ҳулкарга менга интернет орқали самолетга билет олиб беришини илтимос қилдим.
Бу ерларда қизиқ бир одат бор.
Агар Сиз борар манзилингизга шу бугун ё эрта индин учаман десангиз, чипта пули аламижон бўлади. Агар шу билетни бир- икки ой олдинроқ  олиб қўйсангиз, у атиги 100-200 доллардан ҳам ошмаслиги  мумкин.
Аламижон бўлса-да, улуғ шоир истиқболига тезроқ етиш ва уни меҳр билан қучиб, чин дилдан зиёрат этиш, дийдорлашиш завқи ва сурури барибир устун келди.
Ҳулкар қизимга билет учун “раҳмат” айтиб, энди Хьюстондаги Абдулла Орипов истиқомат қилаётган Мавлуда Орипова хонадонига яқин жойдан меҳмонхонага ҳам буюртма бериб, пулларини тўлаб, тинч ва хотиржам бўлиб, йўлга чиқдим…
4.
18 август сешанба куни эрта тонг соат 7.00 да самолет учиши керак эди.
Икки соат олдин “Регистрация” бошланишини ҳисобга олиб, тунги соат тўртларда ўғлим Исломбек билан аэропортга жўнадик. “Барибир уйқум келмаяпти” деб кенжатойим Камронбек ҳам бизга эргашди.
Торонто халқаро аэропорти ҳам дунёнинг энг обрўли ва мўҳташам аэропортларидан бўлгани боис, унда йўловчилар учун барча шарт шароит муҳайё.
Бу ердаги биринчи, иккинчи ва учинчи аэропортлар одатдагидек туну-кун канадалик мезбонлар ва меҳмонлар хизматида.
Биз ўғилларим билан  адашиб, аввал биринчи аэропортга борибмиз. Америкага учинчи аэропортдан учишимизни билиб, учинчига ўтдик.
Исломбек ва Камронбекнинг “Кузатиб қўямиз, дада!” деганига ҳам қарамай, машинани “автостоянка”га киритмай, “тезроқ уйга боришсин деб” ўғлилларимга жавоб бериб юбордим.
Астойдил ранжиганларини кўриб: “Ҳали уйланиб, фарзандли бўлсанглар, кейин мени тушунасизлар!” деб уларни юпатган бўлиб, хайрлашдим…
5.
Торонто аэропортидан Америка Қўшма Штатларига учиш қоидалари ва парвоз хавфсизлиги ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтишни истардим.
Бу ерда энг аввало йўловчиларга хизмат кўрсатиш аъло даражада йўлга қўйилган. Аэропорт хизматчилари – юкингизни ташийдиган ҳаммоллардан ториб, полиция ходимларига қадар ҳамма – Сизнинг хизматингизда.
Кейинги пайтдаги ҳаво ҳужумлари ва парвоздаги террорчилик,  учоқлар билан осмонда тез тез содир бўлиб тураётган фожеали ҳалокатлар боис, Сизни бу ердагилар ниҳоятда кучли текширув амалиётидан ўтказишади.
Лекин шу билан бирга, уларнинг ёқимли жилмайиши, ҳар бир савол ва илтимосингизга  ним табассум ва хушфеъллик билан ўз вақтида жавоб қайтариши, лозим топса, кўмаклашиши, паспорт ва божхона назоратида агар бирор бир нарсага тушунмасангиз, одоб билан ҳужжатларингизни ўзлари тўлдириши, юкларингиз ва қўлдаги сумка-ю, лаптопларингизни текширгандаги ўзъаро ҳурмат ва илтифот – буларнинг бари Сизни бу ерда, яъни аэропортда бегона эмаслигингизни, бир сўз билан айтганда Сиз эмас, балки, аэропорт ва унинг ходимлари Сизнинг хизматингизда эканини ҳар қадамда ҳис қилиб турасиз.
Мен бу гапларни батафсил ёзаётганим бежиз эмас.
Яқинда Ўзбекистонга борганимда, Тошкент аэропортида кўрган-кечирганларим  менга то ҳануз тинчлик бермай келади. У ердаги аэропортнинг  ходим ва хизматчилари  йўловчиларга эмас, аксинча, йўловчилар уларга хизмат кўрсатадигандек, таасурот қолдиради, назаримда.
Қўполлик ва бетакаллуфлик, менсимаслик ва жеркиб муомила қилиш Сизни ўз ўзидан уларга нимадир бериб, тинчгина манзилингизга етишга ундайди. Айнан шунинг учун ҳам улар айнан шундай муомила қилаётганларини беихтиёр англаб етасиз.
Ўзбекистон Жиноий процессуал Кодекси тили билан айтганда бунинг отини – таъмагирлик ва йўлғичлик, порахўрлик ва ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилиш деб баҳоласа, юристлар тили билан айтганда –  “квалификация” қилса ҳам бемалол бўлаверади…
Асабийлашасиз. Виждонингиз қийналади. Тузумдан ва сиёсатдан хафа бўлиб кетасиз…
6.
Ҳолбуки, Ўзбекистон Президенти Олий раҳбариятдагиларни, ҳукумат аъзолари ва министрларни, давлат мулозимларини ҳар доим одамлар билан одамдек муомила қилишга, доим уларнинг хизматида бўлишга, “Элим деб, юртим деб”  жон фидо қилиб яшашга  такрор ва такрор ундаб келади.
Лекин юртбошининг бу одил  ва инсонпарвар сиёсати уларнинг у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетаётгани оқибатида жамиятдаги бу каби муаммолар кейинги пайтда жуда кўплаб тўпланиб қолди.
Шунинг учун ҳам давлат бошлиғи ишончини суъистеъмол қилаётган ўткинчи ва лўттибоз раҳбарлар ўз сафдошларининг  МХХ ва Бош прокуратура  томонидан тез тез ҳибсга олинаётгани ҳақидаги нохуш хабарларни ўқиганда, Президентнинг ана шу огоҳлантиришларини ҳамиша ёдда тутишларини мен бугун  уларга олис Канадададан туриб, яна бир бор эслатиб қўймоқчи эдим.
Бир пайтлар уларнинг ўрнида бўлган Исмат Хушевнинг хориждаги бугунги аччиқ ва аламли муҳожирлик ҳаёти улар учун аччиқ сабоқ бўлишини, биз йўл қўйган хато ва камчиликлдарга улар йўл қўймасликларини, Ислом Каримов ишончини биздек оёқ ости қилмасликларини истар эдим…
7.
Торонтодан эрталаб роппа-роса 7.00 да осмонга кўтарилган самолёт икки соату, 20 дақиқадан сўнг  Американинг машҳур ва криминал шаҳарларидан бири бўлмиш – Далласга келиб қўнди.
Мен Даллас ҳақида олдин ҳам кўп ўқиган ва эшитган эдим.
Хусусан, “Далласдаги отишма ва қотилликлар” ҳақидаги турли туман китоб ва бадиий  фильмлар, “Криминальный Даллас”, “Наркабарон из Далласа” номли дидектив ва ҳужжатли кинолар  менинг бу машҳур ва жиноий шаҳар ҳақидаги хотираларимни бир қадар хиралаштиришга улгурган эди.
Лекин самолетимиз Далласнинг халқаро қўнаргоҳига келиб қўнгач, унинг  худди Сингапурдагидай остин устун қилиб қурилган бир неча қаватли гўзал ва бетакрор аэропорти, осмонўпар бинолари, ҳусну жамоли ва кучу қудратини кўриб, у ёки бу шаҳар ҳақида фақат китоб ва ё кинолар орқали маълум  тасаввурга эга бўлиш унчалик ҳам тўғри эмаслигини англаб етгандай бўлдим.
Мен Далласни бир соат ичида таксида айлангандаги кўрган кечирган таассуротларим булар.  Агар бу шаҳарда бир икки кун қолиб, уни бемалол айланиш ва томошо қилиш имконига эга бўлганлар учун эса унинг янгидан янги истиқбол ва уфқлари очилишига заррача ҳам шубҳа қилмаса бўларкан…
8.
Далласдан яна самолётга чиқиб, Хьюстонга учдим.
Бу галги учиш вақти бор йўғи 46 минут бўлди. Далласдан Хьюстонгача бўлган масофа  атиги 400 километр экан, холос. Машина бу йўлни икки уч соатда ҳам босиб ўтиш мумкин. Америка ва Канаданинг йўллари ана шундай – кенг ва равон, тез ва оромижон.
Бу  йўллар – инсонларга тез ва сифатли хизмат кўрсатадиган қилиб, фаровон қилиб  қурилган.
Далласдан Хьюстонга учарканман, беихтиёр Тошкентдан Шаҳрисаб ва Қаршига учган талабалик ва мулозимлик йилларимни эсладим. Ўшанда Шаҳрисабзда жуда яхши ва кўркам аэропорт бор эди. Умуман, Ўзбекистонимизнинг ҳар бир вилоят маркази ва катта катта шаҳрларида ҳам аэропортлар бўларди.
Билмадим, ҳозир ҳам Шаҳрисабздаги ўша аэропорт  бормикан, ишлаяптимикан? Кейинги пайтда Шаҳрисабзга самолётлар учмай қўйди деган хабарни эшитган эдим.
Бу ҳозирча  менга номаълум.
Лекин Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг унинг аэропорти, айниқса вилоятлардаги аэропортлар қайта қурилиб, жаҳон стандартларига мослаштирилиб, янгича қиёфа ва чирой кашф этганларидан хабарим бор, албатта. Айниқса, Андижон аэропортини кўп мақташади.
Хуллас, 2015 йилнинг 18 август тонгида Торонтодан самога парвоз қилган журналист Исмат Хушев тушга яқин АҚШнинг энг гўзал ва хушманзара шаҳарларидан бири бўлмиш – Хьюстонга учиб келди.
Хьюстон – кейинги пайтда замонавий ўзбек адабиётида катта ва шов шувли воқеа бўлиб жаранглаётган, тарихда улуғ ва мўтабар бир ном билан мангу яшаб қолажаги башорат қилинаётган улуғ бир шоирнинг бир туркум ўлмас ва бетакрор шеърлари дунёга келаётган сирли ва сеҳрли шаҳар ҳам.
Салом сенга азиз Хьюстон!
Буюк ўзбек шоирига шифо бахш этиб, уни ҳаётга қайтарган, унга сиҳат саломатлик бахш этган, айнан шу боис ҳам мангуликка дахлдор бўлган азиз ва қадрдон шаҳар, ассалом!
Мен сенга бир журналист сифатида миллион миллион ўзбекларнинг, она Ватаним -Ўзбекистоннинг оташин ва қайноқ саломини, эҳтиром ва таъзимини олиб келдим.
Мени қабул эт!!!
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
(Давоми бор)

Панорама вечернего Далласа

Американинг энг машҳур ва криминал шаҳарларидан бири – Даллас…

Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (1-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Торонто – Даллас – Хьюстон

2 шарҳ

  1. Ashina

    Abduqodir sizning o’tlariz Abdulla akaga ta’sir qilmadimi deyman. Lekin Amerikaliklarga gap yo’q. Abdulla aka albatta davolanib chiqadi. Amerikalik doktorlar juda bilimli. Abduqodir siz o’tlarizni yuz marta kuf-suf qilib Ollohning yuzta ismini aytiub bersangiz ham Abdulla akani tuzata olmadiz. Endi nega Amerikadagi doktorlarni eslamaysiz. Yana o’sha Ollohni yozasiz. Bir og’iz Amerikalik doktorlarga ham rahmat ayting.

  2. Исматжон хайирли ишларингизда ОЛЛОХим мадаткор бўлсин! Устозга каминадан ва домла сухайлийдан алангалик саломлар айтинг. Сафарингиз бехатар ўтсин

"2" Comments
  1. Abduqodir sizning o’tlariz Abdulla akaga ta’sir qilmadimi deyman. Lekin Amerikaliklarga gap yo’q. Abdulla aka albatta davolanib chiqadi. Amerikalik doktorlar juda bilimli. Abduqodir siz o’tlarizni yuz marta kuf-suf qilib Ollohning yuzta ismini aytiub bersangiz ham Abdulla akani tuzata olmadiz. Endi nega Amerikadagi doktorlarni eslamaysiz. Yana o’sha Ollohni yozasiz. Bir og’iz Amerikalik doktorlarga ham rahmat ayting.

  2. Исматжон хайирли ишларингизда ОЛЛОХим мадаткор бўлсин! Устозга каминадан ва домла сухайлийдан алангалик саломлар айтинг. Сафарингиз бехатар ўтсин

Leave a Reply
*