Menu
Categories
Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг Хьюстон (АҚШ) да ёзган янги шеърлари (17)
08/23/2015 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”

Абдулла акам АҚШда

ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ, ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ
ҚАДР

Ҳаётда одамдай
          Кўрмаганман кун,
На тирик юрганман,
          На ўлмаганман.
Бировлар измида
          Яшадим бутун,
Умримда ҳеч қачон
          Ҳақ бўлмаганман.
Севдим мен ўзимча
          Халқим, элимни,
Эъзозлаб, топталган
          Она тилимни.
Бўйнимга қўйдилар
          Лекин ўлимни,
Умримда ҳеч қачон
          Ҳақ бўлмаганман.
Мени четлаб ўтди
          Мудом адолат,
Кўзим очирмади
          Зулму залолат.
Чунки зўрликдадир
          Жами кафолат,
Умримда ҳеч қачон
          Ҳақ бўлмаганман.
Эзгулик йўлида
             Қўлимни бойлаб,
Шеърдан айирдилар
             Йиллаб ва ойлаб.
Бир кимса чиқмади
            Ҳимоят айлаб,
Умримда ҳеч қачон
            Ҳақ бўлмаганман.
Доим бирга юрди
          Мен билан нодон,
Ҳасадгўйлар бўлди
          Соҳиби майдон.
Улар орасида
          Ўтдим саргардон,
Умримда ҳеч қачон
           Ҳақ бўлмаганман.
Ўзимдек ночорлар
          Учради ҳар вақт,
Ногоҳ гурзи еган
        Жонзотдек карахт.
Қайрилиб боқмади
        Омад билан бахт,
Умримда ҳеч қачон
           Ҳақ бўлмаганман.
Минг йиллар наридан
          Келар бир оқим,
У марддир, бировга
          Эмасдир боқим.
Агар қўлламаса
        Шу танти ҳалқим,
Умримда ҳеч қачон
          Ҳақ бўлмаганман.
Кексайган чоғимда
          Нолимоқ  нечун,
Мутлақ бегонаман
          Ахир сиз учун.
Менга кўрсатгандир
          Ёвузлик кучин,
Умримда ҳеч қачон
          Ҳақ бўлмаганман.
Қачон қадр топмиш
        Шоирнинг сўзи,
Қадр топганда ҳам
      Беқадр ўзи.
Зора, қиёматда
      Оқ бўлса юзи,
Умримда ҳеч қачон
        Ҳақ бўлмаганман.
Сафарда битилган
        Манзумам басдир,
Улуғ дўстларимдан
        Гина эмасдир.
Асрлар қаъридан
        Келган бу сасдир:
Умримда ҳеч қачон
        Ҳақ бўлмаганман.
                   АҚШ. Техас. 22.08.2015

 

ҒУРУР
Ғорнинг ичида ё қудуқ тубида,
Айтма ашулангни, қилмагин пастлик.
Ақчанг мўллигида, пулинг кўпида,
Сенга тўғри келмас латтапарастлик.
Бозорга кирдингми, жоноқи қолиб,
Харидор   бўлмагин эшак олмага.
Назаринг баланд қил, ҳимматинг ғолиб,
Бўз кўйлак ярашмас сочи толмага.
Қул сўзи ортиқдир ўзбекка энди,
Исмингдан бу тубан қўшимчани от.
Қай бир дам камолот отига минди-
Ҳатто чумоли ҳам чиқазди қанот.
Олам вакиллари  жам бўлган фурсат,
Гуноҳ иш қилгандек,  юрма қисиниб.
Кимлардир сендан ҳам олсинлар ибрат,
Оловинг тафтида турсин исиниб.
Ахир бир замонлар Соҳибқироннинг
Теграсин ўраган эллар,  бўлиб ёй.
Удуми яшайди ҳар бир давроннинг,
Мисоли, сойларга оққан каби сой.
Мен-ку умр кўрдим, айтмасдан бир сўз,
Дуч келган кимсани сизлаб ўтганман.
Олис шуҳратимдан узолмасдан кўз,
Кетган ғуруримни излаб ўтганман.
                          А.Қ.Ш.ХЬЮТОН. 22. 08.2015
"1" Comment
  1. Коил, хакикатдан хам дахо шоир ..

Leave a Reply
*