Menu
Categories
Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (3-қисм)
08/24/2015 Бош мақола

IMG_1352

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррирининг АҚШга навбатдаги сафари тўғрисида

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Исмат Хушев шу йилнинг 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларида бўлади. Журналист бу гал ҳам одатдагидек сафари давомида кўрган кечирганларини ўз ўқувчилари билан ўртоқлашиш ниятида.
Яқингинада ниҳоясига етган Бирлашган Араб Амирликлари (Дубай, Шаржа, Абу Даби) ва Туркия (Анталия, Истанбул) га бўлган, нашримизда эълон қилинаётган қизиқарли сафар таассуротлари тугамай туриб, журналистни бу галги кутилмаган АҚШ сафарига нима мажбур қилди?
Яна бир неча соатлардан сўнг Исмат Хушевнинг АҚШ сафари таассуротларини эълон қила бошлаймиз.
Нашримизни кузатиб боринг.

“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Абдулла Ориповни йўқлаб Хьюстон (АҚШ)га келди

Шоир ва АҚШ

“Дунё ўзбеклари”дан:
Шу кунларда Хьюстон (АҚШ)да даволанаётган улуғ шоиримизни йўқлаб, у кишининг саломатликлари билан қизиқиб нашримизга кейинги бир ойда юздан зиёд хат ва хабарлар келди, СМС ва телефон қўнғироқлари бўлди.
Шоир мухлислари ўзлари ихлос қўйган улуғ шоир тақдирига бефарқ эмасликлари тушунарли, албатта.
Қаршидан Зилола, Бухородан Ойдин, Шахрисабздан Акмалжон, Китобдан Собир, Косоннинг Некўз қишлоғидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари, Олтиариқдан Бегали, Қўқондан Сулув, Учкўприкдан Одилжон, Хоразмдан Шоҳсанам ва Фарҳод, Жиззахнинг Бўстонидан таниқли ёзувчи Абулқосим Мамарасулов, Самарқанддан Гуландом, Навоийдан Султонмурод, Андижондан Шавкатбек ва Моҳигул, шоир Суҳайлий, Тошкентдан таниқли табиб Абдуқодир Сатторов, шоир Ҳамроқул Асқар, Дилором, Азиза, Муниса, Бобир, Шуҳрат, Камолиддинлар, АҚШнинг Хьюстон шаҳрида яшовчи наманганлик Дилбар, Манчестердан Гулбаҳор, Кентуки штатидан шоир Юсуф Жума оила аъолари, Канаданинг Монтералидан Лариса, Жумагул ва Баҳодирлар, Торонто шаҳридан Умида Турсунова, Олмониядан Нафиса Қодировна, Дубайдан Салтанат, Зулайҳо, Франциядан Эргаш Тўхтабоев, Буюк Британиядан профессор Аҳмад Ҳожи Хоразмий, Швециядан ака ука Билолиддин, Шарофиддин ва Камолиддинлар,  Норвегиянинг Осло шаҳридан Отабек Тошев, Туркиядан Замира Одилова ва Муҳаммаджон Калоновлар оиласи, Шотландиядан Отабек ва Наргизалар, Қозоқистондан Лайло, Гулмира, Абдужаббор ва Шарофатлар, Бразилиядан Марат, Дурбеклар ҳам “Дунё ўзбеклари”га мактуб йўллаб, Абдулла Орипов ва унинг сиҳат саломатлиги билан жиддий қизиқишган эдилар.
Бу ҳали қўл остимизда тўпланиб қолган хат ва хабарларнинг бир қисми, холос. Худди шу мазмундаги яна ўнлаб хатлар борки, бу – халқимизнинг улуғ шоир тақдирига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Ана шуларни ҳисобга олиб, “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири 18-25 август кунлари бир ҳафталик ижодий сафар билан Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида бўлишни режалади.
Абдулла Ориповнинг сиҳат саломатлиги, у кишининг бугунги кайфияти ва умуман улуғ ўзбек шоири билан боғлиқ барча савол жавобларга Исмат Хушев яна бир неча соатлардан сўнг эълон қилинажак ўз сафар таассуротларида баҳоли қудрат жавоб беришга ҳаракат қилади.
Нашримизни кузатиб боринг.

Исмат Хушев: Абдулла Орипов Америка тупроғида – Сафар таассуротлари (3-қисм)

 1.
Эшик очилди.
Ичкаридан –  ўзига хос ҳаё ва ибо билан ширингина жилмайиб – Абдулла аканинг оиласи  – Ҳанифа опа бизни илиқ қаршилади.
Янгам ўша ўша – ҳеч ўзгармаган. Ўша мунис ва меҳрибон қарашлар, бир оз ўйчан, бир оз маҳзун, лекин ўша табассумли боқишлар.
Абдулла акам сўнгги шеърларининг бирида ёзганидек:
Ҳаётда беморнинг ўзидан кўра,
Унинг боқувчиси тортгай кўп азоб.
Буни рафиқамдан яхшиси сўра,
Бунга ҳамишира қиз бергайдир жавоб…
деганларидек янгамнинг жилмайиб турган нурли нигоҳлари тубидаги ўйчанлик ва маҳзунлик сабабини ана шу дилбар ва бетакрор сатрлар жуда гўзал бир ташбеҳ билан изоҳлаб бераётгандек гўё.
Шу ўринда Абдулла Ориповнинг садоқатли умр йўлдоши – Ҳанифа янгамга атаб ёзган бошқа бир бетакрор шеъри ҳам ёдимга тушди:
Сен борсан – мен учун бу ҳаёт гўзал,
Сен борсан – мен учун дилбар коинот.
Сенсиз қолур эрдим зулматда тугал,
Сенсиз қолур эрдим буткул бемурод.
Сенинг висолингда умрим яширин,
Чечаксан мен учун асло сўлмассан.
Шу қадар дилбарсан, шу қадар ширин,
Афсус, шундайлигинг ўзинг билмассан…
2.
Модомики, Абдулла акамнинг садоқатли аёли  ҳақида сўз борар экан, шу ерда яна бир гапни ҳам айтиб ўтишни истардим.
Абдулла Орипов буюк шоир. Буни унинг дўстлари тугул, душманлари ҳам яхши билишади ва тан олишади.
 Буюк зотлар эса одатда – ниҳоятда инжиқ ва оғир характерли, мураккаб феъл-атворли, ҳар нарсадан тез таъсирланадиган ва ҳаяжонланадиган, бунинг устига ниҳоятда нозик таъб бўлишади. Арзимаган бир нарсага лов этиб ёниб, сўнг ҳеч бир кутилмаган пайтда шамдек ўчиб қолишлари ҳам мумкин.
Табиийки, буюк ижодкор билан умргўзаронлик қилиш, унга умр йўлдош бўлиш жуда қийин ва заҳматли, лекин шу билан бирга, ўта шарафли ва муқаддас вазифадир. Ўзбек адабиётида бу улуғ ва муборак номга ҳар томонлама муносиб бўлган аёллар жуда кам.
Бебаҳо Абдулла Қаҳҳорнинг оиласи – Кибриё Қаҳҳорова, Бетакрор Ойбекнинг умр йўлдоши – Зарифа Носирова, Қаҳрамон Озод Шарофиддиновнинг матонатли аёли Шарофат ая, Буюк Одил Ёқубовнинг рафиқаси – Марям Ёқубовалар шулар жумласидандир.
Бугун мен, Америка тупроғида туриб, бу улуғ ва муқаддас аёллар сафига Абдулла Ориповнинг садоқатли ва заҳматкаш аёли – Ҳанифа Мустафоевани ҳам қўшишга журъат этсам, не тонг!
3.
Мавлуда ва Аҳмаджон яшайдиган уй икки қаватли бўлиб, биз кирган даҳлиз ошхона ва меҳмонхонага туташиб кетган, уйга кираверишда диван ва креслолар дид билан жойлаштирилган, ўртадаги ойнаванд стол устидаги оқ қоғозларда янги ёзилган  бир даста шеърлар кўзга ташланиб турар эди.
Кенг ва қулай креслоларга чўкиб, атрофга разм соларканман, тепадан – иккинчи қаватдан Абдулла акамнинг азиз ва хаста товуши эшитилди:
– Исматбой келдими? Жуда яхши, ҳозир тушаман…
Юрагим энтикиб кетди. 2012 йилда Ўзбекистонга борганимдан бўён Абдулла акамни энди кўришим, муборак овозини энди эшитишим эди.
Тепадан – айланма зинапоядан қўлларида асо тутган, уй кийимидаги бемор шоир секин аста пастга туша бошлади. Худди юзларидан нур ёғилиб турган очиқ чеҳра мўйсафид ва донишманд Хўжа Хизр тимсолидаги бир фариштасимон инсон осмондан даврамизга тушаётгандек эди гўё.
Ҳаммамиз беихтиёр оёққа қалқдик. Аҳмаджон эпчиллик билан юқорига югуриб чиқиб, Абдулла акамнинг қўлларидан тутиб, меҳр билан пастга етаклай бошлади.
Ҳассага таяниб, зинапояларни бир бир оҳиста босиб, секин аста пастлаётган улуғ ўзбек шоирига боқиб, ичимдан нимадир узилиб тушгандай бўлди.
Юрагим сиқилиб, йиғлагим келди…
4.
Мен Абдулла Ориповни илк маротаба  биринчи курсда ўқиб юрган пайтларим – 1975 йилнинг заъфарон  куз ойларида –Тошкент Давлат Университетининг Маданият саройидаги мушоира кечасида кўриб таниган ва унга бир умр муҳиб бўлган, ихлос қўйган талаба эдим.
Ўшанда Абдулла ака ёш ва келишган, ханжардек йигит эди. Маданият саройидаги минглаб талаба қизлар ва толиб йигитлар унга астойдил  меҳр қўйган, маҳлиё бўлган ажойиб ва ғаройиб, бетакрор ва унунтилмас  даврлар эди.
Орадан бир бирини қувиб – номард ва бевафо йиллар ўтди.
Не кулфатки, бугун орадан қирқ йил ўтиб, Америка тупроғида – афсона ва достон,  девона ва шараф-шон умрининг етмиш бешинчи  – заъфарон куз ва қаҳратон қиш онларини қаршилаётган, ўзбек халқининг  улуғ ва мутафаккир, буюк шоирини қадди дол ва қўлида асо тутган ҳолда, бу ҳам етмагандек – бемор ва хаста аҳволда – мен ҳам бетоб бўлиб, юрагим қон ва зардоб бўлиб  қаршилаётган эдим…
5.
Ниҳоят Абдулла ака  иккинчи қаватдан пастга тушиб келди.
Қўлидаги асо халал берса-да, мени меҳр билан бағрига босиб, креслога оҳиста чўкди.
Сўнг оғир тин олиб, дуога қўл очди:
– Қани омин, қадамларингга хасанот бўлсин, ука. Бемор акангни кўргани хуш кебсан…
Ўзи шундоғам кўнглим тўлиб  турган эди. Устознинг бу дардли ва маъюс дуосидан сўнг кўзларим ёшланиб, томоғимга аччиқ бир нарса келиб тиқилди.
Лекин ҳозир кўз ёш қиладиган вақт эмас эди.  Ҳозир йиғлаш ожизлик ва умидсизлик, қолаверса, устознинг аҳволи ниҳоятда ночор ва ғариблигини ошкор қилиш билан баробар эди.
Ўзимни қўлга олиб, синиқ бир табассум билан Абдулла акадан ҳол аҳвол сўрай бошладим…
6.
– Худога шукр, ука, энди яна бир оз яшасак керак. Бу ернинг шифокорларига минг раҳмат. Юракка тегинмай, операция қилмай, диагностик машинага солиб, ҳамма нарсани бир пасда аниқлаб беришди. Хулосалари ҳар қалай умидбахш…
Маълум бўлишича, Абдулла аканинг АҚШга келган дастлабки кунларда аҳволи ниҳоятда ёмон бўлган, қийналиб, қийналиб – зўрға нафас олиб юрган эканлар.
Ҳатто ўзлари ҳам  юролмай қолган, фақат аравачада олиб юришар экан.
– Ҳозир, мана Худога шукур, қийналиб бўлса ҳам ўзим юқоридан тушиб келдим олдингга, ука. Яратган Эгамнинг иродаси, мўъжизаси бу…
Шу сўзларни тинглаб, беихтиёр кейинги пайтларда шоирнинг соғлиги ҳақида Тошкентдан келаётган ваҳимали гап сўзларда оз бўлса-да, ҳақиқат борлигини,   устознинг саломатлиги  ростдан ҳам анча чарчаб қолганини ҳис қилдим.
Лекин Оллоҳга – Яратган Эгамга минг бор тасаннолар бўлгайким, шоир саломатлиги энди анча яхши эканини ўз оғзи билан айтиб турилган, биз – унинг мухлис ва муҳиблари томонидан орзиқиб кутилган муборак онларга ҳам етдик…
7.
Кўп ўтмай, тепадан тушиб келингандаги зўриқиш ва толиқиш тиниб, Абдулла ака энди қийналмай – бир маромда сўзлай бошладилар.
Энг аввало Тошкентдаги сўнгги тиббий ҳолатларини айтиб, ҳозир соғлиқлари бир қадар дурустлигини, ўзларини энди-энди яхши ҳис эта бошлаганларини, медицинаси ўта ривожланган Америка Қўшма Штатлари  у кишига ҳаёт бахш этаётганини ажиб бир қувонч ва ҳаяжон билан сўзлаб бердилар.
Маълум бўлишича Хьюстонда   – юрак касалликлари бўйича дунёга номи кетган машҳур илмий тадқиқот маркази – шифохонаси бўлиб, улар анчадан бўён Абдулла акани ўз назоратларига олишган экан. Бу ерга дунёнинг жуда кўп таниқли кишилари, давлат ва сиёсат арбоблари келиб, даволаниб кетишаркан.
Уларнинг вакиллари яқинда Тошкентдаги халқаро анжуманга боришганда, улуғ ўзбек шоирини бир қўр кўздан кечириб, зудлик билан АҚШга бориши зарурлигини уқтиришган эканлар. Улар ҳатто ҳукумат ва давлатимиз раҳбарларига махсус хат ҳам юборишган.
– Мен АҚШга ҳукумат раиси Шавкат Мирзиёев билан давлат раҳбаримиз Ислом Каримовларнинг ғамхўрлиги ва тавсияси билан келдим, – деди Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов.
Мен бу гапни эшитиб, рости жуда қувондим. Сўнгги пайтларда интернет тармоғида баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган турли-туман  майда-чуйда гап сўзлар мени ҳам анча- бунча ўйлантириб қўйган эди.
Ўзбек халқининг буюк ва суюкли шоири шахсан ҳукумат раиси ва давлат раҳбари тавсияси билан дунёнинг энг кўзга кўринган, машҳур шифохонасига келиб даволанаётгани ҳақидаги бу хабар – менинг ноҳақлик ва адолатсизликларни кўравериб, тилка пора бўлиб қолган ҳижронзада ва  мажруҳ юрагимни қувончга тўлдириб, эрта баҳор насимларидай яйратиб ва яшнатиб юборди.
Раҳмат, Сизга, Шавкат Миромонович!
Таъзим Сизга, Ислом Абдуғаниевич!
Улуғ ўзбек шоирининг соғлиғига бўлган оталарча эътибор ва ғамхўрлик учун Сизларга минг раҳмат!!!
8.
Суҳбатимиз қизий бошлади.
Одам ёши улғайган сари, ёш боладай тез ҳаяжонланадиган ва тез таъсирланадиган бўлиб қолади деганлари рост гап.
Абдулла акам ҳам сал кам бир ойлик АҚШ сафари ва муолажасидан зерикканми ё мендек шеърхон ва қадрдон укасини соғинганми, ҳар қалай тезда очилиб кетди.
Кайфияти кўтарилиб, руҳи анча тетиклашди.
Гоҳ қувонч, гоҳ алам ва гоҳ армон билан сўзлаётган, ўтган умр саҳифаларини бир бир варақлаётган, яхши ва ёмонни, катта ва кичикни қандай бўлса шундайлигича  – бир хил таърифлаётган  шоирга боқиб, унинг сўзларини тинглаб, беихтиёр хаёлга чўмдим.
Тўлиб тошиб, энтикиб энтикиб олис Канададан уни кўргани келган мухлис укасига дил ёраётган  улуғ шоирга боқиб, Абдулла Орипов билан бирга ўтган умрим йўллари кино лентасидек бир бир кўз ўнгимдан ўта бошлади…
9.
Не бахтки, мен улуғ ўзбек шоири Абдулла Орипов хонадонига бегона эмас эдим.
1975 йилда – Тошкентга ўқишга келиб, машҳурлик осмонида митти юлдуз бўлиб порлаган –  “Вуз городок”даги талаба ёшларнинг суюкли кумирига айланиб улгурган таниқли ва машҳур шоир билан танишиш бахти менга насиб этган эди.   Шунга ҳам аллақачон қирқ йил бўлибди.
Умр оқар дарё деганлари рост.
Мен умрим давомида Абдулла Орипов билан Тошкентда, Москвада бир неча маротаба, узоқ муддат бирга бўлдим. У кишига бўлган мухлислик ва муҳиблик бахти менга доим сирли бир завқ ва сурур, сеҳрли бир фахр ва ғурур берди.
Абдулла Ориповга ва унинг ўлмас шеъриятига ошно бўлиб, ўзим ҳам жамиятда обрў эътибор топдим, одам бўлдим, элга танилдим.
Тақдир менга ато этган бу бахт ва саодат йиллар ўтиб ўзимни ҳам ҳурликка ва юксакликка, поклик ва ҳалолликка етаклади. Менга адолат ва диёнат, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузликни ажрим қила олиш бахти ва саодатини берди.
Мана энди Тангрим менга Америка Қўшма Штатларида ҳам буюк шоир билан юзма юз кўришиш ва суҳбатлашиш бахтини ато этди.
Яратган Эгам мени яна улуғ устозим, азиз ва қадрдон акам дийдорига етказди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
22-23 август, 2015 йил, шанба ва якшанба.
Хьюстон шаҳри, Тахас. АҚШ.
(Давоми бор)
Абдулла Орипов: Умр йўллари Видео (3-қисм) Исмат Хушев Хьюстон (АҚШ)да
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"5" Comments
  1. Озодгул

    ассалому алейкум Абдулла ака Алмата шахрида яшовчи мухлисингизман биз уйгурлар сизни яхши курамиз тез тузалип кетинг

  2. Turkiy halqlar tarixi 6-13 asrlar

    Amerikalik doctorlarga rahmat. Abdulla akamizni tuzatishdi. Mana sizga America fanining kuchi. Bu sizga olloh emas. Buni “science” yani fan deyishadi. Fan oldida har qanaqa din va kuf-suf bir tiyin.

  3. Ҳа, тўғри Абдулла Ориповни ёмон кўрганлар қалбининг бир бурчагида халқ шоири талантига қойил қолиш ҳисcи ётади. Исмат ака буни жуда туғри ёзган. Умуман бу хотираларни ўқиб, Абдулла Орипов руҳияти ва ички кечинмаларидан хабардор бўлади киши. Исмат Хушевнинг ўзбек адабиёти ва журналистикаси олдидаги энг катта хизмати ҳам шунда. Раҳмат сизга, Исмат ака. Қўлингиз ва қаламингиз сира дард кўрмасин. Абдулла Ориповга эса мустаҳкам соғлик ва саломатлик тилаб қоламиз.

  4. Кўринишингиздан анча яхши бўлиб қолибсиз, Абдулла ака! Илоим халқимиз бахтига ўзоқ умр кўринг! Сиздай ихтидорли ва бошқа такрорланмайдиган улуғ инсонлар ҳар юз йилда бир тўғилади. Исмат Хушевга эса одатдагидай гап йўқ. Узбек жур- налистикасидаги жуда ноёб ходиса бу сафар хотиралари. Рахмат Исмат ака.

  5. Sizga xam katta raxmat Ismat aka bemorni ziyorat qilosh uzi bir savob buning ustiga bu kishi Abdulla Oripov zabardast xalq shoiri .

Leave a Reply
*