Menu
Categories
“Оқланмаган ишонч қиссаси”ни ўқиб ёхуд кечикиб айтилган товба-тазарру…
07/03/2012 "Оқланмаган ишонч қиссаси"ни ўқиб...

Алимардон Аннаев (Тошкент)

Исмат Хушев тўғрисида бир томондан ёзиш, гапириш ҳам осон, иккинчи томондан эса бундай мураккаб тақдирли инсон, шахс тўғрисида сўз қотиш ниҳоятда қийин.

Осонлиги, икки оғиз гап билан “Ҳа, энди замона зайлига, тарози палласига қараб яшаган одамда. Бугун оёғи узангидан тушгач, оғзига келганини гапираверади”, дейиш мумкин.

Кўпларнинг Исмат Хушев тўғрисида таниш-нотанишнинг давраларда, гап-гаштакда фақатгина шундай фикр билдирганига гувоҳман. Ҳозир ҳам эшитаман. Кейин ҳам бундан ортиқ мулоҳаза билдирмайдиганлар бўлиши тайин.

Ва албатта, журналистнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси”га ҳали кўп бора танқидчиларнинг мурожаат қилишларига шубҳа йўқ.

Исмат Хушевни жуда яхши биламан, десам ёлғон бўлмас. Журналистни 80-йилларнинг охирларида, газеталардаги мақолаларини ўқиб таниганман. Кейин тақдир насиб қилиб, яқинроқ танишдик, бир мунча давраларда кўришиб, гаплашиб турардик.

Унинг энг юқори мансабларда ўтирган пайтида ҳам, газеталарга раҳбар этиб тайинланганида ҳам кўп суҳбатлашганмиз. Албатта, у пайтлар Исмат Хушев унча-мунчага сўзини бермайдиган, давраларнинг “гули” бўлган даврлар эди.

“Ҳозиргина Ислом акани қабулида бўлдик… Зокир ака билан (Ички ишлар вазири Алматов) гаплашиб чиқдим… Азизхўжаев чақирган экан…” сингари, бироз мақтанчоқликлари ғашимизга ҳам тегарди.

Исмат Хушев президентга фанатларча ихлос қўйганини яширмасди. У ҳақда гапирганда тилидан бол томарди. Ҳатто хийла эркин фикрловчи давраларда ҳам, уларга ёқмаслигини билсада, президент, ҳукумат тўғрисида ўзининг қарашларини бемалол гапира оларди.

Кўпчиликни ҳайрон қолдирадигани, Исмат Хушев бирон бир давлат кишиси ёки бош муҳаррир ёхуд журналист юрак ютиб интервью беришга ҳам ботинмайдиган Ғарб радиоаларига бамайлихотир гапира олар, наинки гапириш, балки гоҳ танқидий, гоҳида ҳукуматга мойдек ёқадиган фикрларини билдира оладиган камсонли журналистлардан бири эди.

Очиғини айтганда, кўплар қатори ўзим ҳам бу инсоннинг далли-ғуллилига шубҳа билан қарардим. Ҳукуматга яқин одам бўлса, аммо овози Ўзбекистонда тўсилган радиоларга ҳукуматни танқид қилиб интервью берса. Ҳатто, номма-ном вазирлар ёки уларнинг ўринбосарларини бемалол сўкса…

Хуллас, Хушевга нисбатан сал эҳтиёткор бўлган журналист аҳли.

Юқоридагиларни мавзуга кириш учун қисқа экскурс деб қабул қилишингизни ҳохлардим.

Асосий гапни энди айтмоқчиман. Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси”нинг биринчи қисмини анча йиллар, журналист хорижга чиқиб кетмасидан олдинроқ ўқигандим. Ўқигандим ва ҳайрон бўлгандим.

Хаёлимга ўшанда “Хушев амалларию рутбаларидан мосуво бўлгани учун аламида ёзган буларни”, деган ўй келган. Тўғрисиям шу! Ахир, неча йиллар амал пиллапояларидан шиддат билан кўтарилган, юмшоқ курсилару ҳашамдор хизмат хоналари ва автомашиналарини аямай алмаштирган одам, “манаман” деган идора эшигини оёқ учида оча олган, “вертушка” дея аталмиш ҳукумат телефонини шундоқ кўтариб, “Фалончиевни улаб беринг, ман Хушевман”, дея дағдаға қила олган даврларни унутиб бўладими?

Бугун назаримда бир қанча тўлдириш ва тузатишлар билан қайта чоп этилаётган “Оқланмаган ишонч қиссаси…”ни ўқий туриб, инсон фожеаси, тақдир зарбаларининг нақадар кутилмаган ва залворли бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Негаки, Исмат Хушевнинг мазкур асаридаги (ҳижолатсиз, қиссани автобиографик дейилса тўғрироқ) воқеалар силсиласи мустақил Ўзбекисон давлатчилигининг дастлабки йилларига тааллуқли солнома дейиш мумкин.

Албатта, бу сингари китоблар, ёднома ва йилномалар бор ва уларнинг аксарияти, 1936 йилда Иосиф Сталин КПСС (аниқроғи, ВКП(б) тарихини қанчалик ўзгартириб ёздирган бўлса, шу алфозда қораланмоқда, кенг жамоатчиликнинг қарийб иштирокисиз мамлакатда ўтган йиллар давомида амалга оширилган ўзгаришлару ишлар биргина шахсга тегишли эканини омма онгига сингдиришга уринишлар бугун ҳам давом этаяпти.

Исмат Хушевнинг мазкур қиссаси эса назаримда, бир муддатдан кейин кўпчиликда туғиладиган саволларга жавоб бўла олса ажаб эмас. Албатта, журналист тақдири, унинг аччиқ қисмати ва кечинмаларидан хабардор бўлмаган ўқувчи биринчи марта ўқиганида балки, асарнинг мазмун-моҳиятига тўлиқ тушунмас.

Кимдадир қиссани ўқиш жараёнида қаҳрамонга нисбатан нафрат уйғонса ҳам ҳайрон бўлмаслик керак. Бошқа бир ўқувчида эса унинг аччиқ тақдири ва қисматига нисбатан ачиниши ҳам бор гап. Чунки, журналист воқеаларни бор бўйича, ортиқча “оҳанжамолар”сиз, рўйи рост, батафсил баён қилишга интилади. Айниқса, унинг Китобда ўтган ўқувчилик ва ёшлик йиллари, ота-бола муносабатлари, илк муҳаббати, Қарши, Шаҳрисабздаги фаолияти ва унинг компартия сафига нима қилиб бўлсада кириш учун олиб борган, журналистнинг ўзи айтмоқчи, “ахмоқона кураши”, сингари боблар кишини бефарқ қолдирмайди.

Қиссада ота ва фарзанд муносабатлари алоҳида меҳр билан қаламга олинган. Муаллиф отасини нақадар севгани, унга ишонгани, ўзининг ҳақиқий маънода пушти паноҳи бўлганини самимият билан баён қилади. Аслида, оталар ва болалар ўртасидаги баъзи англашилмовчилик ёки тушунмовчиликларнинг бўлиши табиий. Шу ўринда, у онасининг вафотидан кейин отаси билан бўлиб ўтган суҳбат жараёнини эслайди.

Қабристонда отасининг онаси билан муносабатлари ниҳоятда таранг бўлганидан хабар топиб, изтиробга чўкади. Отаси айтган гаплар юрак-юрагига санчилганини тан олади. Аммо, ўзининг ўжар феъли туфайли отани тушуна олмаганини, аниқроғи, тушунишни истмаганини ҳам яширмайди. Шунинг баробарида, уруш қатнашчиси бўлган отасининг номи орқали ютуқларга эришганини очиқ-ойдин баён қилади.

Сиёсий эврилишлар жараёни назаримда пўртанага ўхшайди. Бўтана оқованинг на ўзани ва на-да, аниқ чегараси бор… Унда ҳатто қайиқда эшкак тутган кишининг ҳам омон қолиши баъзида даргумон. Чунки, исталган пайтда шиддатли оқим бостириб келиши ҳам, йўналиш тўсатдан ўзгариши ҳам мумкин. Айниқса, қайиққа чиқиб олишдан умидворларнинг бисёрлиги, унга ҳар тарафдан ёпишмоқ илинжида бўлганларнинг, ўлар-тириларига қарамай қўл чўзиб келишларини ўйласанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Шубҳасиз, қайиқ бошини тутган бундай пайтда ўта хушёр ва кези келганда, бешафқат ҳам бўлиши керак. Ўзининг ва қайиқда бўлганларнинг омон қолиши, манзилга етиб боришини ўйлагани боис у шундай йўл тутишга мажбур, маҳкум.

Қиссада муаллиф қайсидир маънода, бир пайтлар қайиқда бўлгани, ҳатто қайиқ бошини тутганлар марҳаматига сазовор бўлганини илиқ бир соғиниш, қўмсаш билан эслайди. Аммо унда бир умр қолиб бўлмаслигини ўшанда англаб етмаганидан афсусда эканини ҳам ўқувчига уқтиришни унутмайди. Асар қаҳрамони сифатида ёшлик давридан то мансабларни қай тарзда эгаллаганига қадар батафсил, барча икир-чикирлари билан, баъзан ҳаддан зиёд, бироз “чучмал” таърифлайди.

“Оқланмаган ишонч қиссаси”да Исмат Хушев “Хизр назар солмаса, ҳаммомга ҳам гўлах бўла олмайсан” деяётгандек, назаримда. Муаллиф сингари кўплаб арбоблар ўз даврида баъзан босар-тусарини билмай қолган, бугун от устидаманми, истаганимни қила оламан, қабилида иш тутгани рост. Минг афсуски, бугун ҳам айнан шу тарзда амал курсисини, эгаллаган мавқеини абадий билгучилар, “Давринг келди сур бегим” дегучилар бисёр.

Исмат Хушев ўзининг аччиқ қисмати ва тақдири батафсил ёритилган асари орқали уларга “Кўзингни оч! Сен ўйлаганларнинг ҳаммаси бир кун албатта тугайди. Оёғинг ердан узилган бўлса ҳам, эртага қайтиб тушасан”, демоқчи.

Асосийси, Исмат Хушев қиссани ўқиганларнинг кўпчилиги асар қаҳрамонига нисбатан салбий фикр билдириши мумкинлигини билиб турсада, ўзининг ожизликлари, қусурларини мардонавор тан ола билган, йўл қўйган хатоларини тан олган. Хатоларини, кмчиликлари ва қусурлари, ожиз томонларини тан олиш ҳам аслида мардлик.

Афсуски, бугун аксариятимиз бундай фазилатларни унутганмиз. Гўёки, камчилик ёки қусурларни тан олишни ожизлик деб биламиз.

Муаллифнинг ютуғи китобда панду насиҳат йўлидан эмас, равон тилда баён этиш услубида, назаримда. Зеро, “Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб”, дейдилар.

Журналистнинг кўрган-кечирганлари тафсилотлари тўғри йўлдан адашган ёки йўлини топа олмаётганларга қайсидир маънода кўрсатгич бўлса, ажаб эмас.

No
  1. Улуғбек

    Хаммамиз билган ва билмаган, нафратланган ва кўкларга кўтарган, суйган ва хақоратларга кўмган ИСМАТ ХУШЕВни англашимизга ёрдам берадиган бир битик бўлибди. Муаллифга рахмат.

Leave a Reply
*