Menu
Categories
“Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш” ёки Ғурбатчига ҳаёт суғуртаси…
09/03/2015 Муносабат

Дилмурод ЖумабоевҒУРБАТЧИГА ҲАЁТ СУҒУРТАСИ

Ўзбек ҳалқи қадимдан ўтроқ ҳалқ ҳисобланиб, асосий машғулоти деҳқончилик ва чорвачилик бўлган. Бошқа юртларга фақатгина савдо-сотиқ ва илм олиш мақсадида борилган. “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг,” “Узоқнинг буғдойидан яқиннинг арпаси яхши” каби мақоллар ҳалқимизнинг нақадар ўзи яшаётган тупроқларга меҳри баландлигини кўрсатади.

Дунёда юз бераётган интеграциялашув жараёни ҳалқимиз турмуш тарзига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Дунёда чегаралар аста-секинлик билан йўқолиб, бошқа юртларга бориб ишлаш ва яшаш имкониятлари пайдо бўлди. Инсоният пайдо бўлибдики, у яхши яшашга, ҳаёт учун қулайликлар яратишга, фарзандлари ва келажак авлодларининг иқтисодий жиҳатдан қийналмай яшашларини таъминлашга интилади. Бу жиҳатлар ўзбек халқи учун ҳам бегона бўлмаган хусусиятлардир. Сўнгги йилларда бизнинг жамиятимизда ҳам янги қатлам – ғурбатчилар синфи пайдо бўлганини кузатиш мумкин. Ғурбатчилар, яъни ишлаш мақсадида хорижий элларга йўл олаётган, ўз ватанидан маълум бир вақт учун узоқлашаётган, ўз ихтиёри билан ана шу давр мобайнида ижтимоий-ахлоқий қоидалари ўзгача бўлган, ўзлари учун ёт бўлган жамиятда яшаб, меҳнат қилишга рози бўлган инсонлар сони кўпайиши билан фуқароларимиз орасида янги ижтимоий гуруҳлар, айтайлик, Кореяда ишлаб келганлар, Россияга бориб келадиганлар, Дубайда ишловчилар, Қозоғистонга мавсумий ишга борувчилар каби ижтимоий бирликлар шаклланди.

Ғурбат ҳаётида асосий қадрият сифатида пул биринчи ўринга чиқади. Чунки, ўз уйини ташлаб, хорижга пул ишлаш мақсадида кетган шахс уйга қайтганида, унинг муваффақият даражасини белгиловчи асосий омил сифатида моддийлик олинади. Бу эса, ўз-ўзидан ғурбатда юрган инсонларнинг, яъни: ўз эҳтиёжларини тўла қондира олишни истовчиларнинг; қисқа вақт ичида бойиб кетишни хоҳловчиларнинг; ўзини атрофга исбот қилмоқчи бўлганларнинг; муаммолардан қочиб, қутулмоқчи бўлганларнинг; умумий тенденцияга мойил бўлганларнинг; ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришни хоҳловчиларнинг; ўзи яшаётган жамият нормаларидан қочганларнинг; сўнгги чора сифатида ғурбат ҳаётини танлаганларнинг; жиноят олами вакилларининг; хаёлпарастларнинг ва ҳоказоларнинг аввалги ҳаёт нормаларига ўзгартиш киритмасдан қолмайди. Миллий қадрият деб билинган хусусиятларнинг кўпи аслида миллий эмас, ижтимоий қадрият эканига ғурбатчи синфи вакилларининг ўзга элларда олиб бораётган ҳаёт тарзини кузатиш орқали ишонч ҳосил қилиш мумкин. Чунки жамиятнинг энг асосий негизларидан бири унинг чеклов нормаларидир. Бошқа жамиятда яшаш даврида ўз жамиятининг чекловлари чегарасидан узоқлашган ғурбатчи, яшаётган жамиятининг қоидаларига ўта зид бўлмаслик шарти билан, ўзига мос янги қадриятлар шакллантирмоқда. Бу эса ўз навбатида, ғурбатчиларнинг ортга қайтиши ва жамиятимиз ичида янги ижтимоий гуруҳларга бирлашиши натижасида, салбий равишда қолган аҳолининг ҳам ҳаёт тарзига таъсир қилмоқда. Лекин, не афсуски, ғурбатчилик оқимини энди тўхтатишнинг иложи йўқ.

Ғурбатчиликнинг ўз ўрнида ижобий тарафи ҳам етарли даражададир. Чунончи, дунё кўрган инсонларнинг дунёқарашлари кенгаяди, юртимизда ишга янгича ёндашув пайдо бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодиётига катта миқдорда валюта кириб келиши таъминланади. Чунки уйга юборилган пул қайси соҳада сарфланишидан қатъий назар, ички бозордан жой олади. Бу ҳолатлар яхши, албатта. Лекин хориж давлатларга ишлагани кетаётган ҳар бир киши пул ишлаб топиб, эсон-омон оиласи бағрига қайтиб келаётганмикин? Одам савдоси билан шуғулланувчи нопок инсонларнинг гирдобига тушиб қолиб, чет элларда сарсон-саргардон бўлиб, не азоб-уқубатлар билан юртимизга аранг етиб кела олганлар талайгина. Ёки сайёҳ сифатида чет элга кетиб, у ерда ноқонуний шаклда ишга жойлашган ва ишлаб-ишлаб, охирида нонкўр иш берувчилар тарафидан атайлаб ўша давлатнинг ҳуқуқ органларига тутиб берилиб, мажбурий равишда бир тийинсиз Ўзбекистонга жўнатилган кўринишдан “учар”у, аслида жуда содда бўлган ҳамюртларимизни айтмайсизми? Буларку, ғурбат азобининг аёвсиз панжасидан осон қутулганлар. Не-не йигитлар, қизлар уйдан ўз оёғи билан чиқиб кетиб, темир тобутда қайтиб келишмоқда. Баъзи ҳолларда бунга сабаб хориждаги иш жойида меҳнат хавфсизлигининг етарли бўлмаганлиги бўлса, бошқа ҳолларда ҳамюртларимиз касалланиб, вақтида етарли тиббий ёрдам ололмаганликлари туфайли ҳаётдан эрта кетишмоқда, баъзан эса ўзга юртлардаги маҳаллий миллатчи-фашистик гуруҳларнинг қурбонига айланмоқда.

Кетганларни қайтариб бўлмайди дейишади, лекин уларнинг ортида кўп ҳолларда вояга етмаган фарзандлар қолишмоқда. Етим қолган бу фарзандларнинг келажаги ноаниқликка юз тутмоқда. Уларни вояга етказиш, ўқитиш ва катта ҳаётга учирма қилиш вазифаси муштипар онанинг зиммасига тушмоқда. Юртбошимиз тамойилларига таянган ҳолда сиёсат юрғизаётган, ижтимоий таъминот масаласига катта эътибор бераётган давлатимиз эса бу болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга вояга етгунга қадар, боқувчисини йўқотганлиги учун деб моддий ёрдам ажратмоқда. Бу ўз фуқароларига нисбатан бўлган инсонийлик ва меҳр-мурувват сиёсати нуқтаи назаридан жуда яхши албатта. Лекин бу пуллар бюджет ҳисобидан, яъни халқнинг чўнтагидан ажратилади. Биз интилаётган фуқаролик жамиятининг асосий хусусиятларидан бири шуки, фуқаролик жамияти ижтимоий ва иқтисодий адолатга асосланган бўлади, тўпорича айтганда, ҳар ким еган сомсасига пул тўлайди. Бундай келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, хорижга яхши ҳаёт илинжида кетаётганлар бунинг натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий ҳолат ва натижалардан тўла жавобгар бўлишлари шарт.

Бизнингча, Республика миқёсида хорижга кетаётганлар учун давлат томонидан кафолатланган мажбурий ҳаёт суғуртаси жорий этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу суғуртанинг бадали бошқа ҳолатлардаги суғурталардан анча миқдорда кўп бўлиши ва ушбу суғурта бўйича тўланадиган товон пули миқдори ( яъни суғурта қилдирувчи бахтсиз ҳодиса ёки бошқа бир сабаб туфайли хорижда ҳаётдан кўз юмса) ҳам катта миқдорда белгиланиши керак ва ушбу суғурта полиси қўлида бўлмаган шахсларни давлат чегара назорат пунктларидан хорижга ўтказмаслик даркор. Мабодо фуқаро хорижга тез-тез бориб келадиган бўлса, унда бу суғурта маълум бир муддат учун, айтайлик, йиллик бўлиши керак. Бир кетганда олти ой-бир йил юрадиган шахслар учун эса бир марталик шаклда суғурта расмийлаштирилиши мумкин. Бу нимага олиб келади? Биринчидан хорижга кетаётган фуқаролар, ҳар қандай бўлиши мумкин бўлган салбий ҳолатларда ҳам оилаларининг, фарзандларининг келажакдаги таъминоти етарли бўлишини билган ҳолда сафарга чиқадилар ва бу сабабдан ўз ҳаётларини суғурта қилдиришга ўзлари кўнгилли бўладилар. Иккинчидан, уларни суғурталаш орқали келиб тушаётган маблағлар йиғилиб, зарур ҳолларда боқувчисини йўқотган оилаларни етарли даражада, бюджетга боғлиқ қолмаган ҳолда моддий таъминлаш имконини беради. (Иншооллоҳ, бундай зарур ҳоллар ҳеч бўлмасин).

Чет элларга ишлаш учун бориш ёки бормаслик ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Бу эркинлик ҳуқуқини кичик бир мақола орқали тақиқлашни таклиф этиш ниятимиз ҳам йўқ. Лекин буни ихтиёр этганларга шуни яна бир марта эслатиб қўйишни ҳоҳлардикки: Ҳар ерни ҳам қилмангиз орзу, ҳар ерда бор тошу-тарози. Бобокалонимиз Алишер Навоий айтадилар-ку ахир: “Ғурбатда ғариб шодимон бўлмас эмиш…”

Дилмурод ЖУМАБОЕВ,

Наманган

“Дунё ўзбеклари” учун махсус

"6" Comments
  1. Хурматли дустлар!
    Мен маколанинг сарлавхасини укидим ва Наманган деган жойини укидим!
    ва бу бечора халкнинг бошига яна бир кора, коп кора булут келаётганлигини англадим!
    Холва деган билан огиз чучимайди ДИЛМУРОДХОН, ХОЛВАНИ ХЕЧ БУЛМАСА УЗОКДАН КУРСАТИШ ЛОЗИМ!
    МЕН САККИЗ ЙИЛЛИК ХОРИЖ УМРИМДА МИНГЛАБ ЮРТДОШЛАРИМИЗНИ КУРДИМ, СУХБАТЛАШДИМ!
    УЛАРНИНГ БИРДАН БИР ОРЗУСИ, ВАТАНДА ХЕЧ БУЛМАГАНДА 300 ДОЛЛАР МАОШ ОЛСАМ ЭДИ БУ ЮРТЛАРГА КЕЛМАС ЭДИМ ДЕЙДИ!
    ИНСОН ДОИМ FУРБАТДАН КОЧГАН, ЮРТИМИЗ FУРБАТИ ТУШУНИНГ ШУНИ!

  2. АГАРДА ЎЗБЕКИСТОНДАН КЕТИБ, БОШҚА ЮРТЛАРДА ИШЛАМАГАНДА ВАТАНДОШЛАРИМИЗ МАМЛАКАТ ИҚТИСОДИ ТЎЛАЛИГИЧА СИНГАН БЎЛАРДИ. ЭНДИ БЎЛАР ҒЎРБАТЧИ БЎЛИБ ҚОЛДИМИ. ЭЙ СИЗ, ҚАЙСИ ЮЗ БИЛАН БУНИ ЁЗДИНГИЗ. СИЗ ҚОЛГАНДИНГИЗ МЎХОЖИР БЕЧОРАГА ЁПИШМАГАН . СЎҒИРТА БАҲОНА ЎЗ ЖИҒИРДОНИНГИЗНИ ЎЙЛАБ ТЎРИБСИЗ . ОДАМЛАРНИ АҲМОҚ ДЕБ ЎЙЛАЯПСИЗМИ. ИСМАТ АКА. НЕГА БУНАҚА ТУТУРИҒИ ЙЎҚ МАҚОЛАЛАРНИ ЎТКАЗАСИЗ? БУ НАМАНГАНЛИК ОЛИФТАНИ ҚАЕРДАН ТОПДИНГИЗ ЎЗИ? БИЗ НИА ДЕСАНГИЗ ВА НИМА ЁЗСАНГИЗ СИЗГА ИШОНИБ КЕЛЯПМИЗ АХИР.

  3. Суғирта лойиҳаси бўлиш керак фақат эркин ким хохласа. Бу мақола эгасини фикрига қаранг “ким ўз ҳаётини суғирта қилмаса чегарадан чиқармаслик керак” Шусиз ҳам мамлакатда зўрлик аёвсиз кўриниш олган. Сенларга қолса феодал крепоснойликкача олиб борасан халқни. Энди бечора мўхожирикка чиққани охирги пўлигача тортиб олларинг. Исмат ака, хафа буманг, ака, лекин сиздан буни кутмаган эдик…

  4. Yaqindan arpaniyam topolmay ketishga majbur odamlar . Xatto oxirigacha uqishga sabrim etmadiyu maqolani kim va nima deyilmoqchi ekanligi tushinarli .

  5. Бу қанақанги фаросатсизлик! Ўзи мол-қўйини сотиб ёки бирор бир оға-инисидан қарз олиб кетаётган бўлса, энди камига давлатгаям солиғ тўласа ана ундан кейин ўша Дилмуродни ўзи айтаётгандай олти ойми, бир йилми юриб иш тополмай яна бўйнигача қаризга ботиб келса унда нима қилади у бечора. Ўзи у шундоғ хам бир сўм топсаям яна ўша узи айгандай узбекистон бюджетига олиб келяпти-ю! Бу қанақанги бедодлик яна!

    Дилмуроджон! Яқинда яна бир мақолангизга кўзим тушди, тўғри биззи юртимида жуда буюк олимлар яшаб ўтган. Бу боболаримиз билан хар доим фахирланамиз, лекин ачинарлиси шуки биздан, ёшларимиздан жахонга танилаётган фазогирлар, врачлар, ихтирочилар чиқмаяпти-ю, уша боболаримиз яратган нодир асарларни хозирги ёшлар бирон бир варағини ўқиганмикан.

    Гар фарзанд ноқобил, хунарсиз бўлиб
    Отадан лоф урмоқ, одамдин юроқ
    Мевали дарахтни, мевасиз шохи
    Ўтиндан ўзгага, ярамас бироқ!

    Сизга соғлик ва кўп эхтиром билан.

  6. Дилмирод Жумабоев хорижга кетиб ишлаётганлардан пул ундиришни яхши йулини топибсизу тезрок тадбик килилар йукса курук коласилар якинда.

Leave a Reply
*