Menu
Categories
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид: Соҳилдаги гўдак нидоси…
09/04/2015 Воқеа ва ҳодисалар

 оон бола жасади
Соҳилдаги гўдак нидоси
Мурғак бу танамни кўриб йиғлама,
Кўнгилни ғашлама, юрак тиғлама.
Балки, йиғла, уммат, ожизлигингга,
Бўзла, инсоният, ночизлигингга.
Инсон ҳуқуқидан сўз очма, башар,
Лоақал жим тургин, инсонсан, агар.
Нифоқу ёлғонга тўлган, эй олам,
Бир нафас сукут қил, сўзлайин мен ҳам.
Дунёга келгандим, кўп вақт бўлмади,
Балоғатга ҳали ёшим тўлмади.
Ота-онам билан яшардим сокин,
Севардим, ўпардим ватаним хокин.
Мен ўйнаб юргандим мутлақ беозор,
Ҳеч кимга кўнглимда йўқ эди ғубор.
Ўзгалар оёғи бош бўлмиш бизга,
Ўз қўлимиз етмас ҳаттоки тизга.
Айбимиз – қўрқармиш биздан қўшнимиз,
Семизроқ экандир яна қўзимиз.
Баногоҳ уйимни тутди бир олов,
Ўтинлар хўп ёнар, кўринмас косов.
Бир-бирин ўмарди қадим қардошлар,
Қўл-оёқ узилди, кесилди бошлар.
Бошларда ақл йўқ, кўз кўр, тил соқов,
Қўл-оёқ хиёрсиз, бир-бирига ёв.
Мен оловдан қочиб, чўкдим денгизга,
Дунёни тарк этдим, одамлар, сизга.
Денгиз ҳам вужудим юта олмади,
Дардимни уммон ҳам кўтаролмади.
Сувининг шўрлиги кўзим ёшидан,
Тўлқинлар юрагим ютган тошидан.
Бугун мен ётибман соҳилда сокин,
Юзларим ўпармиш ўзга юрт хокин.
Кўз ёшимни денгиз ювиб ётибди,
Бошимни тўлқинлар силаб ётибди.
Майли, жонсиз танам кўрсин ҳам дунё,
Виждонсиз нигоҳлар тушмасин аммо.
Бошим силамасин, қилурман ҳазар,
Золимга узалган қўл бўлса агар.
Совуган жасадим ўпмангиз, зинҳор,
Ҳаққа очилмаган лабдан этгум ор.
Боқманг кимлигимга, сабаб сўраманг,
Бир инсон фарзанди инсон деб қаранг.
Ҳали, эй инсонлар, берасиз жавоб,
Мурғак бу жонимдан сўралур ҳисоб.
Демангиз чўкмишдир жажжи бир бадан,
Исломий ҳамият, инсонлик чўккан.
Жоним олиб қочдим, борганим ажал,
Қорнингиз тўқликдан ёрилган маҳал.
Менку жаннат сари учдим қуш бўлиб,
Қардошларим асранг, кетмасин ўлиб.
Отам Иброҳимга етишдим омон,
Сизларни кутмасин Фиръавну Ҳомон.
Кўзни очинг, қайтинг ўзлигингизга,
Бўлди, расм чизманг кўзлигингизга.
Мусулмон мусулмон зулмидан қочса,
Ўзгалар унга ўз эшигин очса,
Араблар эшигин қоқмаса араб,
Ўзга остонада турса мўлтираб,
Эй Уммат, ҳаётдан кечганинг яхши,
Денгизларга чўкиб кетганинг яхши!
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

20.11.1436/04.09.2015

бегуноҳ

Hafiz  Abu Ubay's photo.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"4" Comments
  1. Элбек Раҳмат

    Араб эшигин қоқмайди араб.,
    Мўминлар кофирга боқар мўлтираб.

    БМТ дегани бир қуруқ савлат,
    Исломга қаршидир Исломий давлат.

    Бу қилмишлар қиз туғилган фарзандларини тириклай кўмган жаҳолат даври араблари ваҳшийликларини эслатади.

  2. Turkiy halqlar tarixi 6-13 asrlar

    Afsus. Mana sizga siyosat. Nima keragi bor edi bunaqa arab bahorining. Tinchgina yashay bermaydimi Asad rejimi bilan. Muxolifatning aybi buning hammasi. Muholifatga yordam berganlarning ham aybi bor. Arab davlatlarining aybi juda katta. Ochib qo’ymaysanmi chegaralarni. Arab arabga yordam bermasa kimga yordam beradi? Arablar foyda olishni biladi. Yordam berishni emas. Yana o’sha arablarga siginishadi ozbeklar.

    • Menimcha Ozod bulsang kerak. Hozirgni arablarning juda katta aybi borligi bu haq gap. Bu gapingga qushilaman. Ularning aybi shundaki, qiladigan ishlari kitobidagi ta’limotlarga teskari bulganligidan. Qur’onda miskinga, asirga, ojizlarga yordam bering deyilgan bulsa, hozirgi musulmonlar zulm qilyapti.

      Мусулмон мусулмон зулмидан қочса,
      Ўзгалар унга ўз эшигин очса. деган мисралар атом қалампириданда аччиқ ҳақиқат.

  3. Талант Александеров

    Бу марҳум гўдак куни кеча Туркия пляжларининг бирида сув бетига қалқиб чиққан. У ва унинг ота-онаси урушдан қочган қочоқлар (беженцы)эди. Бундай гўдакларнинг ўлимига юлдузли-йўл-йўл байроқ эгаларининг олиб бораётган империалистик сиёсатидир. Бу каби гўдакларнинг ва тинч ахолиларнинг ўлимига сабаб бўлаётган сиёсатларига лаънатлар бўлсин!
    Шу ўринда Германия канцлери Меркель хоним минглаб қочоқларга Олмон мамлакатидан жой бериб, хақиқий бағрикенглик сиёсатини бошлаб берди.
    Авторга ва хонимга таъзим.

Leave a Reply
*