Menu
Categories
Дилмурод Жумабоев: Президентлик осон, Юртбоши бўлиш қийин…
09/14/2015 Бош мақола
наманганлик мухбирПрезидентлик осон, Юртбоши бўлиш қийин…
(Муҳаммад Солиҳ вакили Муҳиддин Мирзога жавоб)
Очиғи, Муҳаммад Солиҳнинг интервьюсига фикр билдириб, тўғри қилганимни англаб етдим. Сабаби, сиёсат майдонида ҳеч қандай ўринга эга бўлмаган мендай оддий бир фуқаронинг “сафсата”сига, “ўзи учун йироқ бўлган, ихтисослашган соҳалар борасида билдирган фикрлари”га қарши ўлароқ, мендан ҳам “ихтисослашган соҳалардан йироқ бўлган” шахс билдирган янада сафсатароқ муносабатни, фикрларни кўриб, ишонч ҳосил қилдим, нега мен ўз Ватанимда ўтириб, бахтли ҳаёт ичида, жамият ривожи учун баҳоли-қудрат меҳнат қилаётганимни-ю, булар хорижга бориб олиб, юртимиз номига лой чаплашдан нарига ўтмаётганини. Фарқ шу: булар туғилишдан тақдиридан норози инсонлар. Улар олтин бешикда ётмаганидан норози, туваги олтиндан бўлмаганлигига норози, Сороснинг ўғли бўлиб туғилмаганидан норози, ҳатто ота-онаси қўйган исмдан норози. Шунинг учун бари тахаллус билан юради. Исми Ислом, оила исми Карим бўлмаганидан норози булар. Тақдирни инкор қилиб, ўзига белгиланган ҳаёт бурчагини тан олмасдан келаётганлар булар.
Исмат Хушевнинг “ОзодНазар”га берган интервьюсида эътибор тортувчи бир хусус ҳақида тўхталсам. “Дунё ўзбеклари” муҳаррири “Ислом Каримов мухолифатнинг айтганини, ёзганини ўқимайди, эшитмайди, сабаби Юртбошимиз уларни жиддий қабул қилмайди”, деган фикрни ифодалаганди. Ҳақ гап, саҳнага чиқиб, ўзини Ислом Каримовга мухолиф сифатида эълон қилган, ўз тўдасини “Ўзбекистон халқ ҳаракати” деб номлаганларни (аъзолари сонини бармоқ билан санаса бўладиган гуруҳ Ўзбекистон халқи номини ўзига ёпиштиргани ўзи жумбоқ!) мухолифат деб аташ учун ҳам тўртта гувоҳ керак бўлади. “Фикр эркинлиги тарафдорлари”нинг фикрини жиддийга олиб, мулоҳаза билдирибмиз-у, ёзганимиз сафсата деб топилибди. Яна, ким муносабат билдиряпти, жаноб ИКС, “Муҳиддин Мирзо”.  Барака топгур, мен расмим билан, паспортимда ёзилган исми шарифим билан ўртага чиқиб, фикр билдиряпман, тўғри ва ёки нотўғри, ўз фуқаролик позициямни. Эркак бўл, чиқ очиқ-ойдин, исминг билан, нима қиласан, тахаллусга таяниб. Лекин, мирзолигингни англадик, айтилганни ёзибсан, нуқта-вергулигача.
Энди ёзилганларга келсак. Берилган муносабатни ўқиб, ёзган мақоламда бир хато қилганимни англадим, тўғрилаб қўйишни истардим. “Сиёсатчинг шоир бўлса” шаклида кетибди, мен “Шоиринг сиёсатчи бўлса” десам, тўғрироқ бўларкан. Муҳиддин Мирзо тўғри айтибди, кўп сиёсатчилар шеър ёзган. Лекин, шоирлар сиёсат билан шуғулланмаган. Ҳар ким қўлидан келадиган ишини қилса, яхши бўларди. Чунки шоирнинг ҳатти-ҳаракатида -ҳис ва ҳаяжон, давлат раҳбарининг фаолиятида эса – ақл ва заковот устувор бўлади. Ҳиссиёт ақлдан устун келган жойда, хатолар тузатилмас бўлади.
“Мухолифатчилар”, яна эски тос, эски ҳаммом усулида, Юртбошимиз Ислом Каримовнинг номини ёмонотлиқ қилиш учун ҳаракат қилибсиз, уринибсиз. Келинг, Сизга эмас, Ислом Каримов фаолиятига баҳо бериш. Ўзбекистонда яшаб, ўз турмушидан мамнун миллионлаб инсоннинг чин кўнгилдан, кўнгил рози билан яқинда бўлиб ўтган сайловларда берган овози ҳақиқий баҳо ҳисобланади. Қонун нима? Қонун бу – миллатнинг, давлатнинг манфаатларига хизмат қилувчи нормалардир. Ҳар қандай қонун, ҳаттоки Конституция ҳам, давлат ва миллат манфаатлари учун ўзгаради, ўзгартирилади.  Сиз айтган “Халқаро қонунчилик” деган тамға билан, баъзи маълум кучлар дунёда сиёсат юритишга уринадилар, ўз манфаатлари таъминланишига интиладилар. “Араб баҳор”ларини қаранг, Қаддофи, Саддам Ҳусайн, Ҳусни Муборак каби ўз халқининг, давлатининг ривожи учун жон куйдирганлар, демократик тамойилларни ўз жамиятлари талаблари доирасида жорий        этганларни айнан ўша “халқаро қонунчилик” талабларига зид ҳокимият сифатида ағдаришни амалга оширган “дунё устунлари” негадир, қўшни араб давлатларида ҳали абсолют монархия ҳукм сураётганини кўришмади ҳам. Сабаби очиқ-равшан: уларнинг манфаатларига мос иш юритсин-у, ҳоҳласа ибтидоий жамоа қабилабошиси шаклида давлат бошқарсин.  Шунинг учун тинч қўяйлик, бу “халқаро ҳуқуқ”ни!
Мен қаламга олган фикрларга баъзи Муҳаммад Солиҳ тарафдорлари шарҳ ёзишибди. Кулгим қистади ўқиб, тўғриси. Бириси ёзяпти: “озодлик ва эркинлик қўша қўша машиналар ва бойликдан устун туради”. Ўзи тушунмайди балки, нима демоқчилигини. Озодлик ва эркинлик, ажойиб сўзлар. Лекин, кимдан, нимадан озод бўлмоқчисан, эй ғофил! Мавжуд ҳукумат сенинг озодлигинг ва эркинлигингни буздими? Нима, намоз ўқиёлмаяпсанми, ёки пул ишлашингга тўсқинлик бўляптими? Ёки, ота-онангнинг дуосини олишингга йўл тополмаяпсанми? Аслида биламиз, сенинг ғаламислик, хоинлик “эркинлигинг” бузиляпти. Лекин, энди бунисига чидайсан,  бунақа “эркинлик”ни тушингда ҳам кўрмайсан, токи мен ва мен каби фикрлайдиган миллионлаб инсон яшар экан Ўзбекистонда!
“Ислом Каримовни куч ишлатиш йўли билан ҳокимиятдан ағдарилиши демократия меъёрларини бузмайди.” деган бу индивидга қарата, “Сен кимсан-у, демократия тамойилларини белгилаш сенинг зиммангга тушди” десам, кўпчилик бермоқчи бўлган фикрни ифодалаган бўлардим. Маълумот учун, инқилоблар ҳар замон ташқи куч, ташқи куч бўлганда ҳам, ўз манфаатларини очиқ баён қилишдан қўрқмайдиган, инқилоб объекти бўлган давлатда-жамиятда ўз таъсирини ўрнатмоқчи бўлган ғаразли кучларнинг ёрдамида амалга ошган, ошяпти ва ошади. Бу – юмуқ кўз билан ҳам кўриш мумкин бўлган ҳақиқатдир. Ўтмишни ковлаш шарт эмас, юқорида айтганимиз, “араб баҳор“лари-ю, собиқ иттифоқ ҳудудидаги “рангли” инқилоблар бунинг яққол исботидир. “Дунё ўзбеклари”да Юсуф Жуманинг Саакашвили каби раҳбар келишини хоҳлаётганини ўқиб, шукр қилдим, бунақа ниятли инсонларни санасам, бармоқларим ортиб қолишига ишонганимдан. Мустақил бир юртнинг президенти президентлиги учун Сорос фондидан маош олиши ушбу юртнинг нақадар аянчи ҳолатга тушганидан далолатдир. Минг шукрки, грузин халқи буни тез тушуниб етди. аммо, Саакашвилидек “лотерея ютуғи” украин халқининг чекига тушди. Бекорга ушбу мақолани ПРЕЗИДЕНТЛИК ОСОН, ЮРТБОШИ БЎЛИШ ҚИЙИН…” деб номламадим. Маълум бир даврда навбатдаги президент бўлиб, жамиятда қандайдир ўзгариш қилишга эришиш ёки эришмаслик ҳар бир президентга насиб этган ва насиб этади. Аммо, янги жамият қурилишини таъминлаш, халқни у муносиб бўлган мавқега олиб чиқиш, барча ички ва ташқи хуружларга, тўсиқларга қарамай, давлатни давлат, миллатни миллат бўлишига эришиш, ишонган марксизм-ленинизм ғоялари бекор эканлигини англаб, мафкуравий бўшлиқ ичига тушган инсонларни миллий ғоя атрофида жипслаштириб, ягона мақсад – келажаги буюк Ўзбекистонни қуриш йўлида бирлаштириш фақат бир инсон – Юртбошимиз томонидан амалга оширилди. Буни билмаган нодон, кўрмаган басир, тан олмаган душмандир!
Ўзбекистонда давом этаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар давомида, айнан шундай жараёнларни бошидан кечирган ва кечираётган бошқа давлатлар сингари, ушбу муайян даврга хос баъзи камчиликлар бўлиши табиий. Фақат буни қандай талқин қилиш, инсоннинг ички дунёси-ю, ҳаётни англаш даражасига боғлиқ.
Тасаввур қилинг, эй аҳли “мухолифат”, агар ўзбек урф-одат, анъаналари, ҳаёт тарзини хотирангизда жонлантира олишга кучингиз етса, янги рўзғор қилиб, алоҳида ҳовлига кўчиб чиққан ёш оилани. Мустақил бўлиб чиққани билан, энди барча ташвишлар ёш оиланинг бошлиғи зиммасига ўтади. Икки-уч хона уйни сувоқдан чиқариб, гарбил тахтадан дарвоза ясаб қўйилган ҳовлини эпақага солиш керак бўлади. Ошхона, ҳаммом дейсизми, яна қўшимча уй солиш керак, меҳмонхона дегандай. Уйни олдига бетон қуйиш керак, сўрток қилиш зарурияти пайдо бўлади. Янги дарвоза фалон пул, ётоқхонага тўйда олинган мебел эскирибди, янгисини буюртма қилиш керак. Ошна-оғайни машина оляпти, секин янги автомобил учун жамғармани бошлаш керак.
Бу орада болалар кўпайиб боради, катталари мактабда, кичиги боғчада. Кийим-кечак, китоб-дафтар дегандай, қўшимча харажатлар дафтари очилади. Ота-она эканда, болаларимиз – бизнинг келажагимиз, эртамизнинг кафолати деб, топган-тутганини уларга сарфлайди, яхши едириб-ичириб, илигини мустаҳкам қилишга интилади.
Болалар эрта-индин бўйга етиб қолади, эшигимдан совчи келишга бошлайди, деган ўй билан ота-она қизига сеп тайёрлашни ҳам унутмайди. Ўғил эса ҳали иштон кийишни ҳам унутиб, кўча чангитганда, отанинг дилида ўғли учун участка олиб, бетонини қуйиб қўйиш фикри бўлади, уйнинг тўсини чиқар балки, деб, терак экади қатор.
Хўш, ҳалол яшаб, ўз имкониятларидан келиб чиқиб кун кўраётган оила бу харажатлар учун нима қилади? Албаттаки, ҳисоб-китоб билан турмушни режалаштиради. Бой қўшниси харид қилган нарсани харид қилишга интилмайди. Кўрпасига қараб оёқ узатади. Барча ҳаракатлар замирида фарзандларни вояга етказиб, ўқитиш, яхши ишга жойланишини таъминлаш, уйлаб-жойлаш, уларнинг камолини кўриш ётади. Бу жараёнда керак бўлса камроқ ейди ота-она, камроқ ухлайди, кўпроқ меҳнат қилади.
Қўшимча даромад манбаларига эга бўлиш учун оилавий тадбиркорлик йўлларини қидиради. Деҳқончилик қилади, уйидан чиққан мева-чеванинг сарасини бозорга олиб чиқади.
Энди савол, нима, бу оила билмайдими, топганини ўша куни еб, маишатда кун ўтказишни? Билади, албатта, лекин, бу ота-онанинг олдида улкан мақсад, орзу-умид бор: Фарзандларимиз биздан яхшироқ яшасин, деган.
Бугунги кунда ўзбек жамиятини, мустақил Ўзбекистонимизни ана шундай ёш оилага қиёслаш мумкин. Йигирма тўрт йил давлатчилик даври тарих учун жуда қисқа оралиқдир. Айнан, ана шу оила каби, миллийликнинг, ўзликнинг хусусиятларидан келиб чиқиб ўзига мақсад ва вазифалар белгилаб олган давлатимизнинг асосий ғояси – келажак авлодга кучли, қудратли, бой жамиятни, мамлакатни қолдиришдир. Бу улуғ ниятни қабул қилмаган, менинг келажак билан нима ишим бор дейдиганлар биздан эмасдирлар, буни билсинлар!
 Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга берилаётган улкан эътибор, баркамол авлодни тарбиялаб, вояга етказиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар замирида буюк келажакнинг, ёрқин эртанги куннинг мустаҳкам пойдевори қўйилмоқда. Турли ғаламисликлар билан бунга тўғаноқ бўлишни хоҳлаганлар, турли ҳийлалар билан аҳолининг онгини бузишга уриниб, бу танланган йўлдан қайтаришни ўйлаганлар давлатимиз тараққиётини истамаганлар, Ўзбекистон Республикасининг жаҳонда ўз мустаҳкам позицияга эга, забардаст мамлакат бўлишига қарши бўлганлардир.
Муҳиддин Мирзо ёзяптилар, интернетда “zamondosh.com”га ўхшаган тутуриқсиз ва бир тийинга қиммат манбадан олган маълумотларига таяниб: “Пенсионернинг нафақаси 50 долларга, профессорнинг маоши 200 долларга етмайдиган жамиятда фаровонлик ҳақида сўз юритишнинг ўзи кулгилидир”. Бемаза фикрни ейдиган ахмоқ топилар балки, лекин бемаза рақамларни келтиришда эҳтиёт бўлган маъқул. Бегонани қўяйда, ўзимга алоқадор рақамларни келтирсам: ота-онам пенсионер, иккисининг ойлик пенсияси 1,700,000 сўмни ошади, опам бошланғич синф ўқитувчиси, 1,300,000 сўм атрофида маош олади. Мен нашриёт бош муҳаррири сифатида оладиган маошимни айтсам, Муҳиддин Мирзо мусаҳҳиҳлик сўраб ариза бериши тайин. Ва бу миқдордаги пул бут рўзғор билан, хотиржам яшашга етиб ортади. Шунинг учун, керакмас, хориждаги юртига келолмай юрган, ўзига ўхшаганларнинг ўзи чалғиб бўлган фикрини янада чалғитиш!
Иккинчи жаҳон урушидан кейин икки йирик мамлакат – Германия ва Япония мағлуб давлатлар сифатида иқтисодий инқироз кўчасига кирди. Аммо бугун немислар ва японлар дунёнинг энг ривожланган давлатларида яшаётганликларини тан оламиз барчамиз. Сабаби, бу икки халқ урушдан сўнг Ватан равнақи, юрт келажаги учун жонларини жабборга бериб меҳнат қилдилар, бугунги кун ўзбек жамияти аъзолари ўз олдига қўяётган, “Мен Ватанга нима бердим?” шаклидаги савол, япон ва немис жамиятида ҳам долзарблик касб этганди.
Хорижда туриб, Ўзбекистон номига лой чаплашга уринаётган ватандошлар! Қуруқ гапларни қўйинг, фойдангиз тегмаганига яраша, ўз беъмани чиқишларингиз, иш берувчиларингиз буюртмасига асосан тарқатаётган бўҳтонларингиз, киндик қонингиз тўкилган маконни, етти аждодингизни ўз ичига олган жамиятни қоралашингиз билан Ўзбекистонимиз обрўсига путур етказманг. Бу ахир Ватан, она Ватан. Дерлар-ку: “Ватанни севмоқ иймондандир!”. Иймондан кечманг…
 
Дилмурод ЖУМАБОЕВ,
Наманган,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус   
Leave a Reply
*