Menu
Categories
Аҳоли қўлидаги ноқонуний қурол халқимиз тинчлигига хавф солиши мумкин
10/13/2015 Инсон ва қонун

Аҳоли қўлидаги ноқонуний қурол
халқимиз тинчлигига хавф солиши мумкин

ўқ

Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ юрт тинчлигини сақлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганлиги нафақат жамоатчилигимизга, балки халқаро ҳамжамиятга ҳам маълум. Аммо бугунги кунда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун нафақат мамлакатнинг ҳарбий қудрати, балки фуқароларнинг огоҳлиги, уларнинг хотиржамлик ва осойишталик йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилишлари ўта муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки ватан остонадан бошланганидек, тинчлик ва осойишталик ҳам ҳар бир фуқаро хонадонидан бошланади.
Дунёнинг турли минтақаларидаги нотинчликлар, таҳликали қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлардан хабардор бўлган ҳар бир шахс табиий ҳолда сергак тортиб турмуши давомида бепарволикка ва беғамликка йўл қўймасдан ҳаракат қилади. Тинчлик ва тараққиёт, фаровонлик ва ободлик ўз-ўзидан келмайди. Бу неъматларнинг барқарор ва мустаҳкам бўлиши учун танлаган йулимизда собитқадам бўлиб, тинчликнинг маъно-мазмунини амалий ишларимиз билан бойитишимиз, халкимизни, айниқса, ёшларимизни истиқлол шарофати билан эришган бугунги саодатли кунларимиз ва осуда ҳаётимиз қадрига етиб яшаш руҳида тарбиялашимиз даркор.
Шу ўринда айрим фуқароларимизнинг ватан тинчлиги йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари ва ташаббуслари борасида сўз очарканмиз, уларнинг юртимиз равнақи ва барқарорлиги йўлидаги амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ.
Хусусан, февраль ойида Ўзбекистон телеканалларидан бирида ўз ихтиёри билан “ПМ” маркали пистолетни топган ва уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширган 60 баҳорни қаршилаган андижонлик Нуриддинбой ота Хакимов тўғрисида телекўрсатув хавола этилган эди. Яна бир ёрқин мисол сифатида Андижон шаҳрининг ватанпарвар йигитларидан бири бўлган Холдаров Муроджоннинг мардоновор ҳаракатини эслашимиз мумкин. Муроджон Андижон шаҳрида жойлашган “Жаҳон бозори” атрофидаги ариқлардан бирини тозалаш ишларини амалга ошираётган пайтида жанговор автомат “Калашниковни” топган ва ҳеч иккиланмасдан уни ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширган.
Уларнинг бундай ҳаракатлари нафақат андижонликлар балки бутун мамлакат аҳолиси томонидан юқори баҳоланди. Чунки шиддат билан ўзгариб бораётган дунёдан хабардор ҳар қандай инсон отилган бир дона ўқнинг оқибатлари қай кулфатларни олиб келишини яхши тушунади. Илк таассуротларга кўра Нуриддинбой отанинг ва Муроджонларнинг ушбу ҳатти-ҳаракати уммондан томчи бўлиб кўриниши мумкин албатта. Аммо ҳар қандай эзгу амал ҳам илк ва кичик қадамдан бошланади.
Сизда “Бир дона жангвор пистолет ва автомат билан нима ҳам қилса бўлади?” деган савол туғулиши мумкин албатта. Бундай фикр нечоғлик янглиш эканлигини инсоният тарихидан хабардор инсонлар яхши билишади. Мисол учун инсоният тарихидаги энг қонли урушлардан бири ҳисобланган ва миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган Биринчи Жаҳон урушининг расман бошланишига сабаб 1914 йил 28 июлида Австро-венгрия империясининг меросхўр шахзодасининг атиги бир дона ўқ билан отиб ўлдирилиши бўлган.

Янада ёрқинроқ ва барчамиз яшаб турган замондан мисоллар ҳам талайгина. Масалан 2010 йилги Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган қонли давлат тўнтариши натижасида тинч аҳоли қўлига тушган жанговор қуроллар кейинчалик миллатлараро хунрезликларга сабаб бўлганлигидан барчамиз хабардормиз. Жанговор қуролнинг тинч аҳоли қўлига тушиб қолиши Украина, Тожикистон, Сурия, Ироқ, Ливан, Яман ва бошқа кўплаб давлатларда фуқаролар бошига қай кулфатларни келтиргани тўғрисида соатлаб гапириш, юзлаб мақолалар ёзиш ва ўнлаб илмий ишлар қилиш мумкин албатта.
Бундай ҳолатлар ҳатто ривожланган давлатларда ҳам кузатилмоқда. Хусусан август ойида АҚШ нинг Виржиния штатида жонли эфир вақтида икки нафар журналист аёвсиз тарзда руҳий бемор томонидан отиб ўлдирилган. Бугунги кунда эса Америка ҳукумати мамлакатда қурол савдосини чеклаш бўйича янги қонун лойиҳаларини қабул қилиш илинжида.
Шу ўринда сизда “Ҳар қандай мамлакатда ноқонуний қурол айланмасини тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари назоратида бўлса, қурол савдоси мезонлари мамлакат қонунчилиги томонидан белгилаб берилган бўлса, мен каби оддий фуқаро бу муаммони ечишда қай тарзда ўз ҳиссамни қўша оламан? Менинг қўлимдан нима ҳам келарди?” деган табиий саволлар туғулиши мумкин албатта.
Бизнинг хонадонимиз ва маҳалламиз, ҳатто мамлакатимиз ва халқимиз тинчлиги ва фаравонлиги кўп ҳолатларди оддий, аммо ватанпарвар фуқароларимизнинг қаҳрамона ҳаракатларига муҳтож. Бу билан ёшу-қарини, аёлу-эркакни ноқонуний қурол айланмаси ва бошқа хонадонмиз тинчлигига хавф солувчи ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга қарши курашга отланишларини чақириш фикридан йироқман. Энг асосийси барчамиз кундалик ҳаётимиз давомида хушёрлик ва огоҳликни, ватанпарварлик ва ҳамжиҳатликнини, барчамизнинг осойишта ҳаётимиз учун курашаётган ҳуқуқ посбонлари ва давлат идоралари билан ҳамкорликни канда қилмаслигимиз даркор.

Бирон шубҳали ҳолатларнинг гувоҳи бўлсангиз, ноқонуний қурол сақланаётган жойдан хабардор бўлсангиз, қаровсиз қолдириган жанговор аслаҳаларни топсангиз ва бошқа шунга ўхшаш таҳликали ҳолатлардан хабар топган чоғингиз албатда яшаш манзилингиздаги маҳалла посбонларига ёки бошқа ваколатли идораларга мурожаат этишингиз ҳамда ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб огоҳлантирсангиз, маҳаллангиз ва қолаверса бутун юртимиз тинчлигини таъминлаш учун ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Эскилик сарқити ҳисобланган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан ҳайиқиш ҳиссидан узоқ бўлишимиз, уларни аввалом бор халқ хизматида юрган маҳалладош ёки ҳамшаҳар сифатида қабул қилишимиз керак. Қолаверса мамлакатимиз қонунчилигида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган фуқролар ҳуқуқлари кафолатланган.
Унутмаслигимиз керак-ки, бепарволик ва беғамлик бизнинг фаровон ва осойишта турмушимизнинг энг йирик душмани ҳисобланади.

Жавлонбек Тўлаганов,

Тошкент.

 

"1" Comment
  1. Рахмат! Ажойиб жумла учун! “Эскилик саркити хисобланган хукук тартибот идоралари ходимларидан хайикиш хиссидан узок булишимиз”!
    Катта рахмат сизга, тугри, улар аллакачон эскилик саркитига айланиб булишди, тоталитар тузум утганига чорак аср булса хам улар боскинчилик хиссидан кутила олишмай келишаяпди.
    Ана шуларнинг куролларидан катор йиллар давомида саноксиз хамюртларимиз халок булишди. Битта Андижон фожеасида бегунох улдирилганлар канча!
    Бу эскилик саркитларига куролни ишониб булмайди.
    Тугри ёзгансиз

Leave a Reply to Мухаммад Ёкуб Хамроев
*