Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-22)
07/17/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

22. Йўлдош Эшбекнинг уй олиши

Саксон тўққизинчи йилнинг охирги куни. Ёзувчилар уюшмасида янги йил оқшоми бўлиб ўтди. Кимдир мукофот, кимдир дала-ҳовли, яна кимдир “Жигули” олди.

Кеча охирида шоир Йўлдош Эшбек сўзга чиқиб, аксарият кўпчилик ёшлар ва шулар қатори ўзи ҳам уйсиз эканини, қийналиб ижод қилаётганини айтиб, шеър ўқиди.

Одил Ёқубов ўйланиб қолди, кейин ҳорғин ўрнидан туриб бир-бир одимлаганча чиқиб кетди.

У Уюшма раҳбари эди…

Ўша оқшом, янги йил кириб келишига саноқли дақиқа қолган, бир вақт қўнғироқ жиринглади. Эшикни очсам, Тилак Жўра, Йўлдош Эшбек, Аҳмад Отабоев…

Тилла топган гадодай ўзларини қўярга жой топа олмайди, илжаяди.

– Биз билан Одил аканикига чиқмайсизми? – деди Йўлдош.

– Ҳа, тинчликми?

– Э-э, сўраманг! Биз ҳозир ватанли бўлдик! Иссиғида раҳмат айтмасак, уят бўлади! Балки янги йилни бирга кутармиз, оқсоқол билан?!

Борсак, уй тўла одам, ёш шоир ва адиблар Ёқубовнинг теварагини олиб ўтирибди. Оқсоқол эса, бўлиб ўтган воқеани айтиб бермоқда.

– Шахсан “Биринчи”нинг ўзига чиқдим, олдига аризани қўйдим, жон ака, илтимос, мени шу ишдан озод қилинг, дедим, астойдил.

– Сабаб?

– Ёшларимиз уйсиз! Мана, бугун янги йил киради. Улар ҳам янги йилни ўз уйида кутишни, эмин-эркин ижод қилишни, одамга ўхшаб яшашни истайди. Лекин менинг қўлим калта, ҳатто “майли, берамиз” деган уйларни олишгаям қурбим етмаяпти. Шундай бўлгач, қандай қилиб улар билан ишлайман, уларнинг кўзига қандай қарайман?

– Қанча уй керак?

– Йигирма тўртта!

Биринчи секретар шартта телефон дастагини кўтарди ва шаҳар ижроқўми раисига топшириқ берди: “Шу бугун йигирма тўрт ёзувчига уй беринг! Калитларни топшириш янги йилга қолмасин!”

Баҳоуддин Нақшбанд:

– Шам каби бўл, зулматни ёрит, аммо ўзинг хилватда тургин!

Ибройим Юсупов:

– Тоғнинг қора тоши, йиғлайсан нега?
Сен кимдан хафасан – дил-бағринг гирён?
– Э-воҳ, ҳозиргина тошдиллар бунда
Ҳақиқатни қилди роса тошбўрон!..

Leave a Reply
*