Menu
Categories
Муҳаммаджон Обидов: “Озодлик” тарқатган бир ёлғон ахборот ҳақида
10/17/2015 Ватандан хабарлар

МОФермер нега тажанг

ёки “Озодлик”нинг исми сир қолдирилган “манбааси” тарқатган бир ахборот ҳақида.

 

“Озодлик” радиосининг асоссиз ва пала-партиш ахборотларига одамлар аллақачон ишонмай қолган эди. Аммо унинг навбатдаги “мағзаваси” Қўштепа туманидаги Шахартепа қишлоғи худудида, катта йўл ёқасида ерлари бўлган “Абдулхафиз Халилов” фермер хўжалигига сочилганда дехқонларнинг пешонаси тиришди.

  • Нахотки “Озодлик” деган радио журналистлари хе йўқ, бе йўқ тухмат қилаверса,-дейди Қодиржон ота Рахимов. – Умрим давомида кўп воқеаларни бошдан кечирдим. Аммо минбар меники деб сурбетларча бутун дунёга ёлғон тарқатсалар-а!

Дастлаб “Озодлик” радиоси, сўнгра яна ўнлаб “холис” интернет сайтлари “Озодлик”ка таяниб гўё Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири ўтадиган Қўштепа туманидаги Шахартепа қишлоғи худуди йўл бўйидаги далаларда пахтаси териб олинган чаноқларга яна пахта толасини келтириб ёпиштирдилар, деган ахборот тарқатдилар.

  • Менинг ёшим 80 ни қоралади. Унинг 60 йилини журналистикага бағишладим. Бу қадар виждонсизларча ахборот тайёрлаш услубини учратмаганман, уни ўқиб сочим тикка бўлди, – дейди матбуот фахрийси Дониёр Эргашев. – Гап шундаки, биз ёши улуғлар ўзимиз тўпланиб айнан “Озодлик” айтган далада пахта тераётган фермер хўжалиги аъзоларини “хорманглар” дегани борган эдик. Хосил бисёрлигидан роса очилганида далага тушибдилар ва биринчи теримдаёқ режа бажарилган экан. Шу қишлоқнинг уста пахтакорлари билан учрашиб роса сухбатлашдик. Кейин бир мақола ҳам қораладим. Хайронман, кимга керак бўлиб қолди, “Озодлик”нинг ёлғонлари?!
  • Шахартепа қишлоғида фермер хўжалигимизнинг 106 гектар экин майдони бор. Унинг 52 гектарида пахта етиштирамиз ва деярли хаммаси катта йўл бўйида,дейди фермер Абдухаким Исроилов.2 октябрда гектаридан 32 центнердан жами 160 тонна пахта сотиб режани бажардик. Сентябрнинг охирги кунлари хам далаларимизда пахта чаман очилиб турганди. Ўша тухматчи журналистлар бирон аниқ шахс исмини айтсин, қайси дала ғўза чаноғига пахта ёпиштирганимизни. Интернетдаги қўйилган сурат оддий пахта даласи. Унда умумий манзара акс этган холос.

Мен ўша йўл бўйидаги пахтазорда эски танишларим, фермер хўжалиги аъзолари Анваржон Тоштемиров, Юсуфжон Мирзаевлар билан ҳам учрашиб сухбатлашдим. Уларнинг ҳам фиғонлари фалак эди.

 

  • Отилган ўқ жисмга азоб беради, тухмат эса қалбга, – дейди Анваржон Тоштемиров. – Уларнинг мақсади нима ўзи ?

Бу ҳақда аввал ҳам фикримизни билдирган эдик. Такрор айтишдан чарчамаймиз. Уларга Ўзбекистондаги барқарорлик ёқмайди.

Ҳа, мамлакатда бир миллион гектардан зиёд майдонга пахта экилган. 3,4 миллион тонна юқори навли хосил олинди, хозиргача. Тола чиқиши 34-35 фоизгача боряпти. Бу камида 1 миллион тонна сифатли пахта толаси дегани. Уни териб олишда дехқонга хашар йўли билан ёрдам берилди. Айтинг, жахон бозорида харидоргир, мамлакат бюджетини мустахкамлайдиган пахтани кузнинг ёғин-сочин кунларига қолдириш керакмиди? Балки Ўзбекистонда умуман пахта етиштирилмаса кўнглингиз таскин топади-ми?

Ҳа, энди ўзбек пахтаси Ливерпул биржаси даллоллари томонидан арзон-гаров эмас, ўзимизда, Тошкент ярмаркасида талашиб-тортишиб муносиб нархда сотиляпти. Бугун бошланган ярмаркага дунёнинг 40 мамлакатидан мингга яқин харидор келди. Тошкент пахта ярмаркаси жахоннинг энг нуфузли савдо майдонига айланди. Бу ҳам сизга ёқмайди, албатта.

Энди яна бир маълумотни тан олинг. Пахта йиғим-терими бошланибдики (сентябр-октябрнинг шу кунигача), Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири Ш.Мирзиёев Фарғона вилоятига келган эмас. Бош Вазирнинг бунгача Фарғонага қилган сафари ҳамиша амалий, иш юзасидан бўлган ва хеч қачон у рахбар юрадиган йўл ёқасида сизнинг тухматингизда айтилган гаплар рўй бермаган.

  • Ўзбекистон пахтачилигида ютуқлар билан бирга хали хал этилиши лозим масалалар бор албатта, – дейди Дониёр Эргашев. – Аввало худудлар иқлими, тупроғига мос тезпишар ва серхосил янги навларни кўпайтириш, иккинчидан, йиғим-теримда механизацияни жорий этиш. Мана бу ишлар тезлашиши керак. Агар “Озодлик”даги хамкасбларимизнинг ниятлари пок бўлганида иғво эмас, долзарб мавзуларда сўз юритар эдилар. Афсус.

Халқимизда хаммага аён, биз тилга олишга андиша қилаётган бир мақол бор…..

Харқанча чиранмасинлар Ўзбекистоннинг карвони илдам бораверади.

Муҳаммаджон Обидов,

Фарғона    

 

Фарғонада Бош вазир келишига пахтани чаноққа ёпиштиришди

Қўштепа туманида бўш далага пахтани қайта ёпиштириш тадбирини Озодлик мобиль мухбири суратга туширди

Қўштепа туманида бўш далага пахтани қайта ёпиштириш тадбирини Озодлик мобиль мухбири суратга туширди

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилди. Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлди, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмади.

Сентябрь ойининг охирида Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига келиши ҳақида хабар пайдо бўлиши биланоқ маҳаллий ҳокимият вакиллари олий меҳмонни муносиб кутиб олиш тадбирини кўрдилар.

Туманларнинг бош вазир бориши эҳтимоли бўлган йўллари таъмирланди, кўчаларнинг икки томонида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Фарғона вилояти ҳокимлигидаги Озодлик манбасига кўра, шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи Бош вазир кортежи юрадиган автомобиль йўли чеккасидаги пахтазорлар қордай оппоқ тусда бўлишини таъмиинлашни буюрган.

Озодликнинг мобил мухбирларидан бири, 30 сентябрь куни Қўштепа туманининг Шаҳартепа қишлоғида пахтаси териб олинган пахта чаноқлари қайтадан тўлдирилаётганига гувоҳ бўлиб, бу ҳолатларни расмга ҳам туширишга муваффақ бўлди.

Бўш чаноқларга пахта тўлдириляпти

Бўш чаноқларга пахта тўлдириляпти

Мобиль мухбирнинг ёзишича, бўш қолган далага қайтадан пахта ёпиштириш тадбирига юзлаб одам сафарбар қилинган:

“Қўштепа туманининг Шаҳартепа қишлоғига бир иш билан бордим. Йўлнинг икки четини юздан ортиқ эркаклар супиришяпти. Пахтазор дала бошланган жойда эса 400дан ортиқ эркагу аёллар уймалашиб ётишарди. Яқинроқ бориб қарасам, деярли барчасининг қўлида ПВА клей, бирлари бўш чаноқларга клей суртяпти, иккинчиси эса пахтани чаноққа ёпиштиряпти. Яна бир гуруҳи эса бошқа даладан чаноғи билан узиб келинган пахтани ғўзага ип билан боғлаб чиқяпти. Нега бундай қиляпсизлар деб сўрасам, бош вазир келармиш, шунга чиройли бўп турсин экан, дейишди. Одамлар бундай сохтагарчиликка тамоман кўникиб бўлишган шекилли, пахтани шипиллатиб клейлаб ташлашяпти”, дея хабар қилди мобиль мухбир.

Қўштепалик исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири шундай воқеа ҳақиқатан рўй берганини тасдиқлади:

“Куппа-кундуз куни ўзимизни ўзимиз алдаб ўтирибмиз. Шунча одам оввораю сарсон. Наҳотки ҳокимлар шу билан ўз камчиликларини яширмоқчи бўлса. Ўша куни беш юздан ортиқ одам ишдан қолди. Бош вазирнинг ўзи буни кўрганда баракалла дермиди, ёки сўкармиди, бунисини билмадим. Бу ишларнинг бошида вилоят ҳокимининг ўзи турибди, дейишяпти”, деди фермер.

Фарғона вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими, Озодлик билан суҳбатда бундай ишлардан хабари йўқлигини ва вилоят ҳоким ҳеч қачон пахта ёпиштириш тўғрисида буйруқ бермаганини айтди.

Ўзбекистонда Президент ташрифидан олдин бўшаб қолган пахта чаноқларига яна қайтадан пахта ёпиштириш ҳолатлари аввал ҳам кузатилган.

2009 йилнинг 16 октябр куни Фарғонага борган Ислом Каримов кўзини пахта мўл-кўллигидан яйратиш мақсадида¸ йўл бўйидаги пахтазорлардан териб олинган пахталар¸ қайтадан чаноққа тикиб чиқилган эди.

Жорий йилнинг март ойида президентнинг Наманганга ташрифи олидан, дарахтларга сунъий гуллар ёпиштириб чиқилган эди.

Аммо, Бош вазирнинг ташрифи олдидан бўш чаноқларни яна пахта билан тўлдириш ҳолати илк бор кузатилмоқда.

ОЗОДЛИК

"1" Comment
  1. Ҳар қанай ахборот воситаси ўз манфаати учун ҳаракат қилади. “Озодлик” тарқатган хабар, ёлғон бўлса албатта кечирим сўраши керак. Ҳамма нарсани миёри бор. Ҳаддидан ошиб, қип қизил ёлғон иғво гап тарқатганлар жавобини бериши керак! “Озодлик” да тарафкаш, аламзадалар бор, мен бўларни исмини айтиб ўтирмайман. Буларни бемалол ижодкор эмас, кўчадаги бозорчи тайин йўқ иғвогорларга тенглаштириш мумкин. Булар яқинда шарманда бўлади.

    “Дунё ўзбеклари”дан: Бизнинг назаримизда эса, “Озодлик” демократия тамоилларига амал қилиб, турли фикрларни бериш йўлидан бормоқда. Бугун Ўзбекистондек ёпиқ жамиятдаги камчилик ва иллатларни фақат “Озодлик” орқали эшитаётганимизни ҳам унутмаслик керак. “Дунё ўзбеклари” “Озодлик” ҳақидаги турли туман танқидий фикр ва “ғаройиб” мақолаларни эълон қиларкан, буни таҳририят фикри деб ҳам қабул қилмаслик керак. Биз сўз эркинлиги ва демократик жамият матбуоти тамоилларига амал қилаяпмиз, холос…

Leave a Reply
*