Menu
Categories
Анвар Сайрамий ижодидан. Сафар таассуротлари.
10/18/2015 Дунё
page-0001Сафар таассуротлари.
Ярим кечадаги момоқалдироқ.
1994 йилнинг май ойи. Мана бир неча кундирки Россия территориясида сафаримни давом этказмоқдаман. Об-ҳавонинг қулайлигидан фойдаланиб анчагина йўлни босиб улгурдим. Қисқа вақт ичида Болтиқбўйи мамлакатлари, Ленинград ва Москва каби йирик шаҳарлар ортда қолди.
Мотоциклимни шитоб билан ҳайдаганча Нижегородскка кеч қоронғусида кириб бордим. Ҳали у, ҳали бу шаҳарликлардан мудофаа спорт – техника ташкилотини (ОСТО – оборонная спортивно техническая организация) биносини қаердалигини сўраб-суриштириб, тополмагач иложсизликдан 1-сонли автомактаб дарвозаси звонок тугмасини босаман. Ичкаридан қотмагина, лабига сигарета қистириб олган, ўрта ёшли кимса чиқиб, менга хайратомуз боқди ва “Сенга нима керак?” – деган маънода юзланди.
– Журналистман, саёҳатчиман, – дедим ўзимни таништирган бўлиб, тунаш жойи…
– Хўш сенинг саёҳатинг менга нима беради? Қорнимни тўйғазармиди? Йўғон чўзилиб, ингичка узилаётган бир пайтда бунингга бало борми? Ақлинг жойидами сенинг?! – деди фиғони фалакка кўтарилиб.
Акажон, инсофга келинг, бир бечора мусофирман. Бўлмаса бошлиғингизга телефон қилиб кўринг, у албатта руҳсат беради,- дедим ялинган бўлиб.
-Унга қўнғироқ қилиб эсимни ебманми.Менга иш жойим ҳаводек зарур, эртага келиб паттамни нақ қўлимга тутқазади-я.
Хуллас, анча ялинишлардан сўнг, тонгда барча нарсаларимни йиғиштириб олиб-чиқиб кетиш шарти билан ҳовлига, бино ташқарисига, асфальтга чодир тикишимга руҳсат берди.
-Шунисига ҳам шукур, -дея палатка ўрнатиб олдим, сўнг тўшакка узала тушганча ҳордиқ чиқарган бўлиб, тўрвадаги бор егуликларни тановул қилгач ҳаёлга чўмибман.
Шимол томони – азим “Горкий” сув ҳавзаси, жануби-ғарб томонидан Ока дарёси оқиб ўтадиган бу шаҳарнинг иқлими анча мўътадил эди. Осмон деярли тиниқ. Аҳён – аҳёнда булут парчалари ҳали у,ҳали бу юлдузларни тўсиб шарққа томон сузмоқда эди.
Босиб ўтган йўл таассуротларим,ва яна келгуси режаларим ҳақида ўйлаб ётганча пинакка кетибман. Кутилмаганда момоқалдироқ овозидан уйғониб кетдим.
– Соат нечайкин? – қизиқиб ўз-ўзимга савол бераман. Ҳар ҳолда ярим кечадан оққан кўринади.
Тарновлардан шиддат билан тушаётган ёмғир сувлари лаҳзадаёқ асфальт ҳовли узра кўлмаклар ҳосил қилди, сўнгра чодирим ичкарисига сизиб кирди. Тезлик билан оёғимга этигимни кийиб улгурдим, ва пўстиним, кўрпа – ёстиқларимни, ортиқча кийим – кечакларимни чемодан устига тахлаб олдим. Чемодан ичидаги хужжатлар, турли мамлакатларда камина хақида ёритилган газеталар ва совға тариқасида тақдим этилган китоблар барча – барчаси пакетларга жойлаштирилгани учун, уларга сув тегмаслигидан хотиржам эдим. Ёмғирнинг ёғиши кучайгандан – кучаяр, чақмоқларнинг кетма – кетлиги ва ундан кейинги момоқалдироқнинг қулоқни битиргудай гумбурлашлари ҳали – бери тўхтамайдигандай гўё. Чодирим ичида тўпланган сувдан энди этигу – пайпоқларим, оёқларим жиққа ҳўл бўлди. Сувда турган турнадай сезаман ўзимни. Икки қўлимда чемодан устига тахланган бисотларимни қулаб тушмаслиги, уларни ҳам шалоббоси чиқмаслиги учун ушлаб олганман. Гоҳо у, гоҳида бу оёқларимни навбат билан сувдан кўтариб вақт ўтказаман.
“Ё парвардигор” – дейман ўзимча: – “Бу каби мушкулликларни синов учун раво кўрмоқдамисен”.Аъзоларим совуқдан дир – дир титрар, тишларим шаққилларди. Чодир ичига ипсиз боғлангандай ташқарига чиқишнинг мутлоқ иложи йўқ эди. Ўша қоровулга ҳам инсоф бериб лоақал каридорга бўлсада қўйганидами, бу каби азобу – уқубатларга қолмасдим. Қўл – оёқларимдан дармон кетган. Йиқилиб тушмаслик учун ҳаракат қилиман. Оз-моз ўтириб – туриб фикрни чалғитаман. “Гоҳи кунни қурбони бўлсанг бўлади…”: – деганларидек куни кечаги кайфи чоғликни қарангу, бу куннинг чидаб бўлмас даражадаги хорлигу – хўрлиги,одам хурматини топталишини кўринг.
Ҳар дақиқа йилдек чўзилар, тонгни интизорлик билан кутардим…
Бир пайт ёмғирнинг шиддати пасайгандай бўлди, чақмоқ – момоқалдироқ ҳам аҳён – аҳёнда “эринибгина” ёритиб – гулдираб қўярди. Бора – бора тинди ҳам. Худди ўшани кутиб тургандай чор – атроф ёрита бошлади…
Келишилган шартга биноан, аста – секин мотоциклим кажавасига намиққан ҳамда хўл бўлган нарсаларимни жойлаб ташқарига чиқиб олдим. Орадан бир мунча вақт ўтгач ёнимга енгил машина келиб тўхтади. Уловдан салобатли бир шахс тушди-да мен томонга келиб, – Ие-ие, қадамларига хасанот. Танидим – танидим. Сиз ҳақингизда газеталарда ўқидик, телевизордаги чиқишларингизни ҳам кўрдик. Хуш келибсиз! – дея саломлашиб ичкарига етаклади.
Техникамни ташқарида қолдириб секин бошлиққа эргашаман. Хоналарга киришимиз биланоқ автомактаб талабларига мувофиқ равишда жиҳозланган девордаги кўргазмаларга, тақиқловчи ва огоҳлантирувчи белгилар, чорраҳаларга, ва светофорлар акс эттирилган планшетлар яна бошқа турли-турли плакатларга кўзим тушди. Қабулхона ичкарисига кирдик. Ўтириб андек гурунглашдик ҳам. Суҳбатимиз ҳар галгидек савол – жавоблардан, сафар таассуротлари, техникамнинг чидамлилиги ҳақида бўлди.
Бошлиқ қаердандир излаб, диплом қоғозини топти ва ўз ўрнида ҳозир турган котиба қизга юзланиб, – деди:
– Ёзинг!
“12 кун давомида Минскдан Нижний Новгородгача ҳеч қандай кори – ҳолсиз етиб келганлиги, спортда, туризмда, халқлар дўстлигини мустахкамлаш борасидаги ҳамда техникани тарғиб қилишдаги улкан фаолияти учун спортчи, шоир ва сайёҳ Анварбек Пардабековга 1- даражали диплом тақдим этилсин! Нижегород 1- сонли автомактаби бошлиғи В.И.Андреев. Имзо. Муҳр.”
Лаҳзадаёқ қўшни хонага ходимларини чорлаб учрашув ташкил этди.
Дипломни тантанали равишда каминага топширар экан, яна шундай сўзларни қўшиб қўйди.
– “Биз, горкийликлар меҳмондўст халқмиз. Айниқса, сиз каби дўстлик ришталарини боғловчи инсонлар учун ҳар доим эшигимиз очиқдир…
Ўз ташаккуримни изҳор этатуриб, ногоҳон кўзим ўртароқда надомат ила менга боққанча ўтирган кечаги кишига тушди.
Дипломни бағримга оҳиста босарканман, бўлиб ўтган оқшомги ва тунги хангомалару – машаққатларни унутгандай, ўз осийлигини тушуниб етган, менга қандайдир илтижо ила боқаётган ўша авфталабни кечиргандай эдим.
1995 йил 14 декабрь
Анвар Сайрамий.
Leave a Reply
*