Menu
Categories
Мусулмонлар орасида тинчлик бўлиши учун 12 қадам
10/21/2015 Маданият ва Санъат

Мусулмонлар орасида тинчлик бўлиши учун 12 қадам

келин билан куёв жойнамозда

 

Янги ойни бошланишини аниқлашда қайси усул афзал астрономик ҳисоб-ми ёки кўз билан кўриш, фиқҳдаги турли хил қарашлар, мазҳаблар, фирқа ва оқимларнинг кўплигига қараган одам – мусулмонлар бўлиниш учун баҳона излаётгандек бўлиб кўринади. Аммо, ихтилоф ва шахсий фикрларни четга суриб, Исломга холис нигоҳ билан назар ташлаган инсон бирлашиш учун миллиондан ҳам кўп сабаб борлигини кўради. Аслида эса, Ислом нафақат бирлашиш учун имкониятларни, балки бунинг учун барча шароитларни ҳам муҳайё қилиб қўйган.

Барчамиз қачонлардир бўлса ҳам, ихтилоф ва бўлинишлар нотўғри экани ва бунинг олдини олиш учун бир нарсалар қилиш даркор экани ҳақида ўйлаб кўрган бўлсак керак. Бироқ, бу муаммонинг ечими бир одам учун жуда оғирга ўхшайди. Ҳақиқатда эса, бундай фикр қилиш мағлублар фикридир, чунки бу муаммо ҳар қайсимизда бор.
Уммат ичида тинчликни барпо қилиш – ҳар қайсимизнинг қўлимиздан келади. Бу фақат раҳбарларнинггина иши эмас. Агар ҳар ким бу ишни ўзидан бошламаса ва бу вазифани адо қила билишига кўзи етмаса бу борада раҳбарларимизнинг  ҳар қандай сайъи-ҳаракатлари ҳам ёрдам бера олмайди. Шунинг учун ҳам тинчликка  қараб қадам алоҳида шахсдан, яъни ҳар биримиздан бўлиши лозим.

Ихтилофлар – барча эшиклар ёпилди дегани эмас

Биринчидан, инсонларнинг бир-бирларидан фарқли бўлган ўз қарашлари бор эканини эсимиздан чиқармайлик. Ҳар ким Исломга бўлган ўзининг эътиқоди ва ҳаётий тажрибаси асосида, ўз тафаккурига қараб турлича ёндошади. Ва бу ўз вақтида фикр ва қарашлар ҳилма-ҳиллигини келтириб чиқаради. Бундай турфа фикрлашимиз бизни ўзаро яхши ака-ука ёки опа-сингил бўла олишимизга монеълик қилади-ми? Ҳақиқатда, фикрлар ўхшаш эмаслиги ҳамкорлик алоқаларини тўлиқ инкор қилади-ми? Албатта, йўқ.
Моликий мазҳабининг замонамиздаги кўзга кўринган йирик уламоси Шайх Абдуллоҳ бин Баййаҳ айтади:
“Биз орамиздаги фарқларни кибр ва ҳақоратлардан ҳоли бўлган ҳолатда баҳсда ғолиб бўлиш нияти билан эмас билакс, соғлом ақл, ҳақни топиш нияти ила усталик билан ечишимиз керак”.
Ислом жамиятларида тинчлик тарғиботи форумидаги нутқида шайх бин Баййаҳ 12 та тамойилни санаб ўтади. Бу қадриятларни санаб ўтар экан, у хусусан мусулмонлар жамоасини мустаҳкамлаш ихтилоф ва кераксиз бахсларга шўнғиб кетмаслик зарур эканини зикр қилади.
Шайх эслатиб ўтган тамойиллар билан танишиб чиқар экансиз, уларни ҳаётимизга татбиқ қилиш йўллари осон эканини кўрасиз, фақат ният тўғри бўлса бас…

Тамойиллар ва уларнинг қўлланиши

1.    Ҳамкорлик ва бирдамлик. Умумий мақсад учун ҳамкорлик қилиш бирдамликни келтириб чиқаради. Соф ва анъанавий Исломни тушунтириш йўлида ҳамкорлик қилиш, ёшларга соф, хар ҳил бузғунчиликлардан холи Исломни ўргатиш, маърифий дастурлар учун бир ёқадан бош чиқариш зарур. Агар биз умумий мақсад йўлида ўзимизни маърифий ишлар билан банд қилсак, ҳар қандай ёмонлик ва тафриқадан қутилишимиз мумкин бўлади.
2.    Яхши муносабатлар. Мусулмонни кўрганингизда “ассалому алайкум” денг, хатто орангизда жанжал бўлган бўлса ҳам. Жанжални кўп ўйлаш вақт ўтган сари унутилади, бироқ ўзига нисбатан менсимаслик муносабати ранж-аламни янада кучайтиради ва бу нарса хотирада узоқ қолиши мумкин. Саломнинг яна бир фойдаси – бу биродарлар орасидаги муҳаббатни янада зиёда қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?» – дедилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ!» – дейишди. «Орангизда саломни кенг тарқатинг», – дедилар». (Муслим)
3.   Биродарлик ва бир-бирини тушуниш. Эслайсизми, ҳижратдан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  саҳобаларни ўзаро ака-ука, биродарларга айлантирган эдилар. Биз, мусулмонлар аввалда бўлганидек, ҳижратни амалга оширяпмиз. Фақат Мадинага эмас, Аллоҳга томон ҳижрат қиляпмиз. Бу кўчиш бизни ака-ука ва опа-сингилга, ўзаро қон-қариндошларга айлантиради.
4.    Ҳикмат. Ҳатто илм ҳам азоб берувчи ва одамларни тафриқага солувчи қурол бўлиши мумкин. Илмни тўғри татбиқ қилиш – ҳикматдир. OnIslam.net сайтининг маслаҳатчиси Ториқ Ғанимнинг айтишича: “Ислом уламоларининг таъкидлашича, ҳикматнинг энг яхши таърифи – нарсаларнинг тўғри, ўз ўрнида ишлата билишда. Мазкур таърифнинг аҳамияти улкан, чунки уни тўлақонли қўллашда бирорта ҳам фикр, бирорта ҳам ҳаракатни агар улар мавжудликнинг барча табақаларини, жисмоний ва метафизик, дунёвий ва ухровий, қатъий ва нисбийликни ўзаро   мужассамлаштирмаса, ҳикматли деб бўлмайди”.
5.    Ҳиммат. Одамларни бирлаштириш учун қўлимиздан келган барча нарсани қилишимиз мумкин, аммо сайъи-ҳаракатларимиз самара бермаслиги мумкин. Бу – биз харакатдан тўхтаб қолишимиз керак дегани эмас. Мақсадимизга етамиз-ми ёки етмаймиз-ми, Аллоҳ таоло ҳимматимизга яраша мукофот бераверади. Аллоҳ таоло мукофот беришини ўйлаб, солиҳ амалларимизни кўпайраверишимиз керак.
6.    Адолат. «Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг.» (Қуръони карим, 4:135)
Баъзан, нотўғри иш қилсак, ўзимизга қарши гувоҳлик беришимиз керак бўлади. Ўз хатоларини тан олмаслик жуда кўп оила, жамоат ва ҳатто жамиятларни барбод қилган. Адолат тарафдори бўлинг ва ўзингизга қарши бўлса ҳам ҳаққа гувоҳлик беринг, бу бирлашиш учун катта аҳамиятга эгадир.
7.    Раҳмдиллик. Ислом инсоният учун раҳматдир. Аллоҳ таоло Раҳмон ва Раҳимдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ фақат раҳмли бандаларигагина раҳм қилади» (Бухарий).
Агар биз бир-биримизга меҳрибон ва ҳамдард бўлмасак, Аллоҳ таоло наздида ҳеч қачон мувоффақият қозона олмаймиз. Ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ўрнига ўзимизни қўйиб кўра билишимиз, уларга нисабатан меҳрни уйғотади. Ўйлаб кўринг-чи, Сизга нисбатан қандай муносабат бўлишини истайсиз, бошқаларга ҳам шундай муносабатда бўлинг.
8.    Сабр. Автоуловлар тиқилинчига тушиб қолсангиз, сиз сабр қилиш керак эканини жуда яхши биласиз. Одамлар орасидаги муносабатларда эса, янада кўпроқ сабр қилиш талаб этилади. Баъзан эса, сиз умуман ҳеч нарса қила олмайсиз, фақат сабр қилишингиз керак бўлади. Шунинг учун ҳам сабр қилишни ўрганинг.
9.    Бағрикенглик. Ислом динида шундай нарсалар бор-ки, уларнинг қоидалари аниқ ва ўзгаришсиз белгилаб қўйилган. Масалан, намоз, аниқ вақтда беш маҳал адо этилади. Лекин баъзи нарсалар бор-ки, улар учун қоидалар кенгайтириб берилган. Масалан, рўза: агар Рамазон ойида сафарда бўлиб қолсангиз, бу кунларда рўзани тутиш ёки тутмаслик сизнинг қўлингизда.
Албатта, ҳар биримиз динимиз берган имкониятларга турлича ёндошамиз, лекин бу каби ҳар-хил ёндошувлар бир-биримизни айблаш учун сабабчи бўлиб қолмаслиги керак. Биз бу нарсаларни тўғри тушунишимиз лозим бўлади, акс ҳолда эса ҳаммани ўз қаричимиз билан ўлчашимиз ва ўзимиз ўрганган нарсаларни улардан талаб қилишимиз – юмшоқ қилиб айтганда, бизнинг “муросасиз” эканимизга, қўполроқ айтганда эса – “кибрли” эканимизга далолат қилади.
10.    Муҳаббат. Агар бизнинг Аллоҳ таолога муҳаббатимиз кучли бўлса, унда нега бир-биримизга муҳаббат қила олмас эканмиз? Биринчи навбатда, Аллоҳ таолога муҳаббат қилинг ва шу муҳаббат асосида ака-укалар, опа-сингиллар ҳамда жамоат аъзолари ораси ўнгланади. Шунда барчамиз яхши бўламиз.
11.  Мулоқот. Ўзга кимнингдир фикрини, дунё қарашини, тажрибасини тушуниш учун онгингизга тафаккур эшигини очинг – бу жуда муҳим. Атрофингиздагилар Сизнинг тил топишишга, очиқ мулоқот барпо этишга интилаётганингизни кўришса, одатда сизга ён босишга мойил бўлиб қоладилар.
12.    Мўътадиллик. Бу олдини олиш тамойилидир. Динга алоқаси бўлган барча нарсада ўрта йўлни ихтиёр қилинг. Оғир вазмин бўлинг, ғулувга кетманг ва бошқаларни ҳам ғулувга тушиб қолишига сабабчи бўлманг.

Агар биз юқорида санаб ўтилган ўн икки тамойилга амал қилсак, мусулмон жамоасининг энг тубидан бошлаб тинчлик ўрнатишни бошлаймиз. Яъни, авваламбор ўзимиз яхшилик томон ўзгаришимиз керак. Фурсат етиб келди. Ёдингизда тутинг: «Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас» (Қуръони карим, 13:11)

Абу Муслим

http://info.islom.uz/index.php/dolzarb-mavzu/item/1605-musulmonlar-orasida-tinchlik-bolishi-uchun-12-qadam

Leave a Reply
*