Menu
Categories
“Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” “Дунё ўзбеклари” меҳмони…
10/26/2015 Ватандан хабарлар
Қандай яшаймиз?!
Posted: 24 Oct 2015 07:00 PM PDT
ekvilibrium
Порохли бочка устида 25 йил
Бугун Ўзбекистон халқини шу савол қийнаяпти десак, умуман янглишмаган бўламиз.
2015 йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистондаги Тошкент ТВ “Сўқирнинг пушаймони” деган кўрсатувни эфирга узатди. Бир куннинг ўзида камида беш марта. Кўрсатув Тошкент вилоятининг Паркент туманида ИШИД ғоялари акс этган варақаларни тарқатган ва ИШИД байроғини илган ўсмир – 1997 йил туғилган Фирдавс Салимов тақдири  намойиш қилинди. Кўрсатувда айтилишича, Фирдавс интернет орқали ИШИДчилар билан танишган, улардан масофавий “тарбия, таълим” олган.
Кўрсатув террор руҳида тайёрланган: кўрган одам қўрқувга тушади. Аввало ислом динидан, кейин МХХдан, кейин интернетдан ҳадиксирайди. Бу тарзда одамларни қўрқитиш ва шу билан уларни тутқунликда ушлаб туриш Ўзбекистон ҳукуматининг услубидир.
Ўзбек халқи бугун бутун дунё уруш ичида, фақат биз энг нормал яшаётган одамлармиз, агар Ислом Каримов амалдан кетса, ҳеч ким бизни ҳимоя қилмайди деб ўйлайди. Одамлар ҳимояни Аллоҳдан эмас, бир золимдан кутиши ғалати. Одамлар ўзларини ҳимоялашга ҳаракатланмасдан бир мустабидга кўз тутишлари ундан ҳам ғалатироқ.
Ўзбекистонда фикр ва сўз бўйнига сиртмоқ солинган одамга ўхшайди. Ҳеч ким ўзи истаган фикрни айта олмайди. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши юз фоиз пластик карта шаклида етказилаётгани, давлат ғазнасида қоғоз пул қолмагани, доллар нархи қора бозорда 6.000 сўмга кўтарилгани, одамлар иш тополмай хор бўлаётгани, Ўзбекистоннинг жамики қишлоқларида, вилоятлардаги жамики шаҳарларда чироқ ва газнинг йўқлиги ҳақида шунинг учун ҳам “ғинг” демайдилар. Тошкент шаҳридаги кўпқаватли уйларда ҳали иссиқлик тизими ишламади. Аҳоли уй ичида қалин кийиниб совуқдан жон сақламоқда. Аммо халқ жим.
Ўзбекистон мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчи гапиради:
Кеча Фирдавс ҳақидаги кўрсатувни кўриб юрагим бирам эзилди… Она шўрлик куйиб кетди-я… Бу кўрсатувдан кейин уларнинг аҳволи нима бўлди экан? Давлат адолатни унутган. Лекин бир оилани бутун мамлакатга шарманда қилишдан тап тортмайди. Бизга пахта терими даврида юқоридан одам келиб “Четдан текширувчи келса, пахтага чиқмаяпмиз, ўрнимизга одам чиқармаганмиз, пахта ҳақида умуман гап йўқ” денглар деб ҳар куни тайинлашди. Аслида ҳар куни мактабда пахта можароси. Худди биз каби бошқа давлат идораларида ҳам пахта жанжали тўхтамади… Биз қандай яшаймиз эртага? Ўлиб қолсанг ҳам, биров билмайди. Одамларнинг юзларига қаранг – ҳаммаси ғамгин. Ҳеч кимда хотиржамлик йўқ. Ҳамма саросимада қолган… Халқ кўтарилади дейсизми? Халқ кўтарилишини билмадим-ов… Кўтарилса, водий тарафлар кўтарилади-да. Лекин у томонларга ҳукумат тиш-тирноғи билан қуролланган армияни шай қилиб сақлар экан-ку… Шахсан мен эртанги кундан қўрқаман…”
ИШИД – ёвуз ташкилот. У Ўзбекистонга ҳам ҳужум қилди. Агар Тошкент ТВдаги кўрсатувга ишонсак, дастлабки ҳужумда ИШИД ғолиб бўлди – Ўзбекистоннинг “кўзи ёниб турган” ёшларидан бири ИШИДнинг алдовига илинди.
Президентнинг “мафкуравий иммунитет” деган сафсатаси, ёшлар тарбияси деб сотган гаплари ғирт ёлғон эканлиги маълум бўлди. Кўрсатувда интервью берган болаларнинг бир нафари 11 ёш, қолган беш нафари 18 ёшли йигитчалар. Бу йигитчаларнинг барчаси бурнини эплаб торта олмайди. Улар Фирдавс билан деярли тил бириктирган эканлар. Каримов оғзи кўпириб гапирган “ёшлар” шуми? Ҳа, шу. ТВда шаблон қилиб кўрсатиладиган “силлиқ” йигит ва қизлар аслида мамлакат ёшларининг ярим фоизини ҳам ташкил этмайди. Бутун Республикадага ёшларнинг жуда катта қисми фикрлаш ва маънавий мустақилликдан маҳрум ҳолда улғаймоқда. Буни ушбу кўрсатув тасдиқлаб берди.
Кекса пенисонер айтади: “Биласиз, ҳамма ишхоналар ойликни пластикда тарқатади. Яқинда туманимизда пенисонерларнинг пенсиялари 60 фоиз пластик карточкага ўтказиб бериладиган бўлди. Райсобесга борсам, кўча тўла чол-кампир. Биз ўтказмаймиз пластик карточкага, ахир, “Кексаларни қадрлаш” йили бўлса деб туришган экан…
Бу сўзларни эшитиб, 2016 йилга бошқа ном берилади – “Кексаларни эъзозлаш” йили тугаса, барибир пенсиянгиз пластик карточкага ўтказилади, ўтказилганда ҳам юз фоизга демоқчи бўламизу, кексаларнинг дили нозиклигини ўйлаб жим бўламиз. Бирдан Ислом Каримов ҳам  салкам 79 ни уриб қўйди, у ҳам пенсия, ҳам ойлик олса керак – иккиси ҳам пластикда тўланса керак деган бемаъни бир хаёлга ботдим.
Ҳамсуҳбатимиз давом этади: “Бир куни катта мажлис бўлди. Ҳоким ҳаммани сўкди. Ҳеч ким индамади. Ташқарига чиққач, нима дейишди денг: “Орамизда битта ўрис бўлсайди, ҳокимга ноҳақлигини айтган бўларди…” Кўрдингизми? Ҳали-вери халқимиз ўз ҳақини талаб қилмайди…”
Бу гап одатдагидек ёмон таъсир қилди менга. Юз ўттиз йил ўрис тузумига қул бўлдик. Ўрис ҳамиша иккинчи раҳбарликда ишлади, лекин бемалол биринчи раҳбарни ётқизиб-турғизарди. Ўшанда ўрисларгина раҳбарларга қарши чиқар эди. Қолганлар ўрисларга қул каби мўлтаяр эди. Ўша қуллик психологияси 25 йил ўтса ҳам ҳали кетмабди. Ўрисларнинг аксари Ўрисистонга кўчиб кетди, аммо биздаги қуллик кетмабди.
Ҳукумат иқтисод “гуркираб ривожланаётгани” ҳақида бонг уради. Аммо бугун бу ёлғонлар фош бўлмоқда. Одамлар қўрқса ҳам, ҳақиқатларни англаб қоляпти. Ўзини билмаганга олса ҳам, билиб қоляпти.
Ўзбекистон жар ёқасига келди. Ислом Каримов мамлакатни жарликка олиб келди. Буни бутун Республика билиб турибди. Ислом Каримов тузуми ўз умрини яна узайтириш учун зулмга зўр беряпти. Террорга зўр беряпти. Аксига олиб, унинг душманлари кундан-кун кўпаймоқда. Айни пайтда унга қарши бўлганларнинг аксарияти мамлакатдан ташқарида куч тўпламоқда.
Биринчи Жаҳон уруши бошланмасдан аввал “Болқон яримороли порох тўлатилган бочка устида ўтирибди” деган ибора пайдо бўлган экан. Бугун Ўзбекистон ва унинг ҳукумати ана шу порох тўла бочка устига ўтирибди. Вазият бундан кейин кескинлашса, кескин бўладик, осойишта тортмайди. Ўзбекистон иқтисоди янада таназзулга юз тутса, тутадики, олдинга қараб ривожланмайди. Энди Ислом Каримов ўзи йўл қўйган хатоларни умуман тузата олмайди. Тузатишга имкон йўқ. Яна юз йил тахтда ўтирса ҳам, бунинг йўли қолмади. Зотан, ортга қайтадиган йўллар беркилган.
Бугун бўлмаса, эртага, эрта бўлмаса индинга бочка портлайди. Ана шунда Ўзбекистон халқи яна ўз йўлини янгитдан белгилаб олиш имконини қўлга киритади. Ўша пайтда унумли ҳаракатланиш шарт бўлади. Худо хоҳласа, биз кутган кунлар яқин қолди.
Абдуллоҳ Нусрат
Ўзбекистон Миллий Университетида фавқулодда вазият ўрнатилган
NUU
Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, мамлакатда сўнгги вақтлардаги ИШИД билан боғлиқ муаммоларга қарши курашишлар ортидан Ўзбекистон Миллий Университетида фавқулодда вазият ўрнатилган.
2016 йил 11 январига қадар талабаларнинг ҳаммаси кучли назорат остига олинган. Хабарларга кўра Университет Ректори Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович вазир қабулида бўлиб, унга агар Университетдан кимдир адашиб ИШИДга аралашса, ишдан бўшашга розилиги ҳақида тилхат ёзиб берган.
Шунингдек олийгоҳнинг барча декан, мураббий ва илмий раҳбарларига ҳам талабаларнинг яшаш жойларини аниқланиб, улардан хабар олиб туриш вазифаси юкланган.
Бундай вазият мамлакатнинг қолган таълим муассасаларида ҳам жорий қилинганлиги эҳтимоли бор.
ЎХҲ хабарлар бўлими
http://uzxalqharakati.com/
"1" Comment
  1. Исмат ака мухолифатга ҳам сайтингиздан жой бериб уларни холис ёритаётганингизни қадирлаймиз. Ҳақиқий нашир ҳаммага тенг имкон бериш керак. Машақатли ишларингизга омад!

Leave a Reply
*