Menu
Categories
“Озодлик” радиоси хабар қилади: Ватандаги ваҳимали воқеалар важоҳати…
10/30/2015 Ватандан хабарлар
Андижон саунаси ахлатхонасидан бўғиб ўлдирилган чақалоқ топилди
Чақалоқ мурдасини ахлат солинган целлофан пакетларни тозалашга келган фаррош аëллар топган.
Чақалоқ мурдасини ахлат солинган целлофан пакетларни тозалашга келган фаррош аëллар топган.
Озодликка воқеа гувоҳларининг маълум қилишича¸ душанба куни андижонликлар орасида “Корейский сад” номи билан танилган микрорайондаги машҳур сауна олдига қўйилган ахлат қутисидан туғилиши билан бўғиб ўлдирилган чақалоқ мурдаси топилган. Тергов давомида¸ боланинг онаси ва қотили шу сауна ошхонасида ишловчи қиз экани аниқланган.
“Воқеа 27 октябрь куни бўлган. Эрталаб соат 10 ларда “Корейский сад” даги боксëр Илҳомнинг саунаси олдидаги ахлат қутисини тозалашга келган лўли хотинлар қутидан иккита салафан пакет олишибди. Биттасига пўчоқ солинган экан¸ иккинчисини бўшатишса¸ ичидан туалет қоғозга ўралган чақалоқ мурдаси чиқипти. Фаррош хотинлар дарров дод-вой қилиб¸ маҳаллақўм ва участковойни чақиришипти”¸ дейди Озодликка воқеа тафсилотларини ëзиб юборган андижонлик манба.
Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича¸ шаҳарликлар орасида “Корейский сад” (асли қорининг боғи¸ руслар истилосидан кейин корийский сад¸ кейинчалик корейский сад бўлиб кетган – таҳр.) деб танилган микрорайондаги бу сауна шаҳар эркаклари орасида машҳур. Эркаклар гап ейдиган бу саунада¸ асосан¸ туманлардан келган қизлар официант-хизматчи бўлиб ишлайди.
Озодликнинг Андижондаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра¸ эрталаб бу сауна олдидан ўлик чақалоқ топилиши маҳаллада шов-шув бўлиб кетган.
“Воқеа жойига дарҳол милиция¸ прокуратура ходимлари келди ва маҳаллақўмдагилар уйма-уй юриб¸ ким иккиқат эдию¸ ким шу кунларда туғиши керак эди¸ деб чақалоқнинг онасини қидиришга киришишди”¸ дейди воқеа тафсилотларига яқин манба.
“Кечқурун 9 ларга бориб¸ боланинг онасини топишди. У Избоскандан келиб¸ сауна ресторанида идиш-товоқ ювиб юрган 31 яшар қиз (Озодликка қизнинг исми-шарифи маълум – таҳр.) бўлиб чиқди. Саунани эгаси¸ қизларини сўроқ-жавоб қилганда¸ у қиз бўйнига олипти. Кейин мелисалар видео билан сўроқ қилган¸ ҳаммасини айтиб берипти. “Ер қимирлашидан 4-5 минут олдин туғдим. Саунани подвалида лунги ювадиган кирхона бор¸ ўша ерда туғдим. Роддомда туғсам билиб қолишади¸ деб бормадим. Туғибла¸ бурнини¸ оғзини ëпдим¸ бўғдим. Кейин сразу ер қимирлади. Йўлдошларини туалетга оқиздим. Болани салофанга солиб¸ ахлатга ташлаб¸ яна ишимга кетдим”¸ дебти қиз”¸ дейди бу қотиллик тафсилотларига яқин манба.
Ўлик чақалоқни кўрган гувоҳлардан бирининг Озодликка исми очиқланмаслик шарти билан айтишича¸ чақалоқ ой-куни тўлиб соппа-соғ туғилган ўғил бола бўлган.
“Оппоққина¸ дўмбоққина ўғил бола экан. Бўйнини сочиқ билан роса бўғипти¸ кўкариб кетган. Нимага бу ишни қилдинг¸ деб сўрашса¸ қиз “қўрқтим” дейишдан бошқа гап айтмаяпти экан. Битта онаси бор экан. Саунадагилар ҳам иккиқатлигини билмадик¸ дейишаяпти. Семириб кетаяпман¸ деб кенг-кенг нимча-чопон кийиб юрган экан. Ҳамма ëқ дув-дув гап¸ маҳалладагилар қизларингга эҳтиëт бўлинглар¸ деб мажлис қилишаяпти ҳозир. Эрга тегмаган экан”¸ дейди воқеа жойига яқин яшайдиган Озодлик манбаси.
Озодликка расмий манбалардан маълум бўлишича¸ ҳозирда қотиллик юзасидан дастлабки тергов бормоқда ва қиз¸ унинг онаси¸ мурдани топган фаррош аëллар прокуратурага сўроққа чақиртирилган. Қотил-она ҳеч қаерга кетиб қолмаслик ҳақида тилхат ëздириб олиниб¸ ҳозирча очиққа қўйиб юборилган.
“Билишимизча¸ саунанинг эгаси¸ криминалний авторитет экан¸ ўзича прокуратурага ишни саунамга гап тегмайдиган қилиб бости-бости қил¸ деб босим ўтказаяпти экан”¸ деб ëзди Андижонда танилган саунада рўй берган қотиллик тафсилотларига яқин манба.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ўзбекларни дунëдаги энг болажон халқ¸ деб тасвирлашдан қолмаëтганига қарамай¸ ўзбекистонликлар орасида ўз туққан боласини туғилиши билан ўлдириб¸ ахлатга ташлаб кетиш¸ ëки ўз боласини сотишнинг Озодликка етиб келаëтган ҳолатлари кўпайиб бормоқда.
Хусусан¸ 20 октябрь куни Қашқадарë вилоятининг Чироқчи туман марказидаги мактаб ортидан итлар ғажиб кетган янги туғилган чақалоқ жасади топилган эди.
16 июль куни эса¸ Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетган ва бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон берган эди.
ОЗОДЛИК
Ўн кун олдин йўқолган банк бошқарувчиси жасади каналдан топилди
"Ҳамкорбанк"нинг Марғилон шаҳар филиали
“Ҳамкорбанк”нинг Марғилон шаҳар филиали
Ўн кун олдин уйидан чиқиб дом-дараксиз кетган “Ҳамкорбанк”нинг Марғилон филиали бошқарувчиси Шерзод Қодиров жасади Катта Фарғона каналидан топилди. Расмийларга кўра, сентябрь ойида аттестациядан ўтолмай ишдан бўшатилган бошқарувчи ўз жонига қасд қилган.
“Ҳамкорбанк” очиқ-акциядорлик тижорат банки Марғилон филиали бошқарувчиси 37 яшар Шерзод Қодировнинг жасади 28 октябрь куни Катта Фарғона каналининг Ёзёвон туманидан ўтадиган қисмидан топилди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган марғилонлик манбага кўра, Шерзод Қодиров 17 октябрь куни уйидан чиқиб кетганча бедарак йўқолган:
“Банк бошқарувчиси Шерзод Қодиров 17 октябрь куни тушдан кейин уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Роса қидир-қидир бўлди. Ўн кун деганда мурдаси ўттиз километр узоқликдаги каналдан топилди. 28 октябрь куни кечки соат олтида қоронғи тушиб қолган бўлса ҳам жаноза ўқилиб, кўмилди. Айтишларича, ўша куни таксида кетган экан. Таксистни топиб сўроқ қилишганда, Ёзёвондаги сой бўйига ташлаб қайтганман, деган экан”, деди манба.
Марғилон шаҳар ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган мулозим шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:
“Шерзод Қодировнинг жасади каналдан белига темир боғлаган ҳолатда топилди. Биринчи кўринишда у ўз жонига қасд қилган деган хулоса чиқади. Лекин, бошқа версиялар ҳам ўрганиб чиқилмоқда. Бу иш билан прокуратура шуғулланяпти”, деди мулозим.
“Ҳамкорбанк”нинг Марғилон бўлимида ишлаган ходимлардан бирининг овозини ёзиб олмаслик шарти билан Озодликка айтишича, Шерзод Қодиров бир ой олдин ишдан бўшатилган эди:
“Шерзод Қодиров бизга 2011 йилда бошқарувчи этиб тайинланган эди. Жамоа билан муносабати яхши эди, ҳеч ким билан конфликтга киришмаган эди. Лекин, сентябрь ойида бўлган аттестациядан ўтолмади. Шунга анча диққат бўлиб юрган эди. Тўғри, бир-иккита муаммоли кредитлар бор эди. Лекин бу кредитлар судга берилган ва қарорлар чиқариб қўйилган. Агар ўзи билан боғлиқ бирорта катта пул операцияси бўлган бўлса, бу томони бизга қоронғи. Лекин у ўзини жонига қасд қиладиган одам эмасди, чунки ўзини жуда яхши кўрарди”,деди банк ходими.
Ходимнинг айтишича, Шерзод Қодиров уч фарзанднинг отаси бўлган.
Ўзбекистонда мансабдор шахсларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб туради.
Сирдарë вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўтган жорий йилнинг 26 апрель куни ўзини осиб ўлдирди. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг таъкидлашича, 46-ёшли Бахтиëр Отаев ўлимидан бир кун олдин МХХ зобитлари суҳбатига чақирилган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида пахта планини бажармагани учун туман ҳокимлиги мулозими томониданҳақоратланган фермер Ҳабибулло Эгамбердиев уйига қайтгач, ўзини осган эди.
ОЗОДЛИК
Тошкентда хориждан борган 16 киши “Ҳизбут Таҳрир” аъзоси деб ушланди
Тошкентда "Ҳизбут Таҳрир"га аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслардан мусодара қилинган китоблар, ИИВ расмий сайтида чоп этилган сурат.
Тошкентда “Ҳизбут Таҳрир”га аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслардан мусодара қилинган китоблар, ИИВ расмий сайтида чоп этилган сурат.
Тошкент шаҳри ва вилоятида истиқомат қилган 16 киши “Ҳизбут Таҳрир” гуруҳининг “ашаддий тарафдори” деган гумон билан қўлга олинди. ИИВ тарқатган хабарда айтилишича, ушланганларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган ва қайтгач, оиласи, болаларини экстремистик ғояга бўйсунишга мажбурлаган. Тошкентлик фаоллар кейинги пайтда хориждан қайтганларни ҳибсга олиш ҳоллари кўпайётганини айтмоқда.
Расмий хабар
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган хабарномада айтилишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритган “Ҳизбут Таҳрир” аъзолари уйларидан катта миқдорда тақиқланган диний-экстремистик адабиётлар тўплами мусодара қилинган.
Вазирлик расмий сайтида эълон қилинган фотосуратларда ўзбек, рус ва араб тилларидаги диний китоблар суратлари акс этган.
Вазирлик хабарномасида айтилишича, қўлга олинган шахсларнинг бир қисми хорижда экстремистик ташкилот таъсирига тушиб қолган:
“Жами бўлиб экстремистик ташиклотнинг ашаддий тарафдори бўлган 16 шахс ушланди. Улар “Ҳизбут Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти  идеологиясини Тошкент шаҳри ва вилоятида тарқатиш билан шуғулланган. Ватанига қайтгач, хотини ва вояга етмаган болаларига мажбурий равишда экстремистик мафкурани сингдира бошлаган”.
ИИВ айни иш юзасидан вазирликнинг Тергов бошқармаси дастлабки терговни олиб бораётгани, ҳибсдагиларга нисбатан жиноят иши очиш ёки очмаслик масаласи кўрилаётганини хабар қилмоқда. Аммо, хабарда ушланганларнинг шахси ва манзилига  оид бирор маълумот берилмади.
Ушланганлар орасида қибрайликлар бор
Озодликнинг Қибрай туманидаги манбасига кўра, ҳибсга олинганларнинг бир нечаси шу туманда истиқомат қилади ва улар ўтган шанба-якшанба кунлари қўлга олинган.
“Менинг эшитганим шу. Россиядан ишлаб қайтишган экан. Ўзи бу ерда ҳам намоз ўқиб юришган, энди у ёғдан ашаддий ҳизбчи бўлиб қайтган, деб айтишяпти. Кимлигини, неча кишилигиниям билмайман, тўғриси. Лекин, назорат кучайиб қолгани сезиляпти. Гражданкада юришибдида, маҳалла оқсоқоллари ҳам айтишяпти”, дейди исми сир қолишини истаган қибрайлик намозхонлардан бири.
Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган диндорлардан бири ушланганлар сони 17 киши экани, яна бири ундан ҳам кўплиги ҳақида эшитганини, аммо аниқ маълумот берилмаётганини айтди.
Озодлик бу хабарлар ортидан Ўзбекистон ИИВ, Тошкент шаҳри ва вилояти ИИБ, Олмазор ва Қибрай туман ИИБга боғланди, аммо бирор расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.
Диндорларни ҳибсга олиш яна кучаймоқда
Тошкентлик фаоллар кейинги ойларда Ўзбекистонга хориждан қайтаётган меҳнат муҳожирлари, талабалар ёки шартнома асосида хорижда ишлаётганлар ортидан жиддий кузатув йўлга қўйилганини таъкидлаб келмоқдалар.
Бунинг асосий сабаби Сурия ва Ироқ ҳудудида дунёга келган ҳамда Ўзбекистонга қўшни Афғонистонда ҳам сони ортиб бораётган “Исломий давлат” террор ташкилотидан тарқалаётган таҳдиддир. Расмий рақамларга кўра, 200 нафар, норасмий манбаларга кўра эса 500 нафардан 1 ярим минггача ўзбекистонлик террор гуруҳи сафидадир.
Уларнинг Ўзбекистонга киришидан хавотир боис мамлакатга қайтаётган аҳоли устидан назорат кучайтирилганини тасдиқлаган тошкентлик маҳалла оқсоқолларидан бири суриштирувлар, айниқса, диндорлиги ташқи кўринишидан билиниб турган қатлам устидан кучайтирилганини айтди:
“Бизнинг Олмазор туманида ҳам Россияга бориб ишлаётганлар кўп масалан. Келганидан кейин қаерда ишлаган, кимлар билан ишлаган, нима қилган – сўраб-суриштириб турамиз. Энди кўряпсизку, ҳар хил оқимлар чиқиб кетган. Баъзилари Россияда ушланган бўлиб чиқяптида, шу оқимларга қўшилган, деб. Шахсан бизни маҳалладан унақа диндорлар йўқ, кетаётганлар орасидаю лекин, бошқа маҳаллалардан эшитяпмиз. Менам шу 16 кишини ушлашибди, деб эшитдим”, деди Олмазор туманидаги маҳалла қўмиталаридан бирининг раиси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.
Хориждан қайтганлар таъқиб қилинмоқда
Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураззоқ Содиқов куч ишлатар тузилмалари ва маҳалла қўмиталари хориждан қайтаётган меҳнат мухожирлари ёки талабалар ортидан очиқдан-очиқ назорат ўрнатганини айтади:
Тошкент шаҳрида қанақадир тадбирлар бўлаётгани кўриняпти. Менинг уйимнинг атрофларигача камераларни кўтариб келишди. 14 октябрь куни қўшниларим кўрибди. Формасизлар кўп, безномер машинада кузатиб юрганлар кўриняпти. Маҳалла қўмиталарининг ўзи ҳозирлик жосуслик идорасига айланиб бўлган. Назорат жуда кучли, –дейди Содиқов.
Фаолларнинг айтишича, айрим ҳолларда хориждан қайтганларнинг туман ИИБга профилактик суҳбатга чақирилиб, ўша кездаёқ ҳибсга олинаётгани кузатилмоқда.
ИШИД ғоясига илинганлар бор
Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев сўнгги бир йил ичида вилоят бўйича Сурияга кетишга урингани аниқланган 5-6 йигитни шахсан билиши, улар устидан тергов ва маҳкама жараёнларини кузатганини айтади.
Унинг айтишича, қўлга олинганларнинг кўпчилиги Россияда ишлаб, ватанига қайтганлардир:
Улар қўлга олинган пайтида терговда айбловни тан олишган. Сурияда жиҳод бўляпти, деб ишониганда. Мен қатнашган ишларда уларга шартли жазо берилди. Мана орадан бир йил ўтди, уларнинг фикри кескин ўзгарди. Сурияда “жиҳод”, деган нарса ёлғонлигини билишди. Ақли бор одамга кўриниб турган ҳақиқатку бу, – дейди ҳуқуқ фаоли Озодлик билан суҳбатда.
Фаол Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот идоралари расмий рақамларни ошкор қилмаётган бўлса-да, ҳукумат диний қатлам устидан асосий тарғибот-назорат машинасига айланиб қолган масжид ва маҳаллалар орқали аҳолини Суриядан қайтаришга уринмоқда.
Ўтган ҳафтада Фарғона вилояти прокуратураси Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи 18 кишининг Сурияга кетганини аниқлагани маълум бўлди.
Айтилишича, бу шахсларнинг асосий қисми аввалига Россияга иш излаб кетган ва у ерда радикал диний гуруҳлар таъсири остида “Исломий давлат” сафига қўшилиш учун Сурияга кетган.
“Ҳизбут Таҳрир” ва “Исломий давлат
Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари мамлакатда қўлга олинаётган ва судга тортилаётган диндорларнинг кўпчилиги ҳануз “Ҳизбут Таҳрир” партиясига аъзоликда айбланаётганини айтади.
Гуруҳга аъзоликда айбланаëтганлар устидан маҳкамалар 90-йиллардан бери тўхтамагани, аммо кейинги пайтларда гуруҳ аъзолари “Исломий давлат” террор ташкилотига ҳам алоқадорликда айбланаётгани айтилмоқда.
Гарчи, “Ҳизбут Таҳрир” гуруҳи дунёда ҳалифалик қуриш ғоясини илгари сурса-да, ташкилот раҳбарияти “Исломий давлат”ни қувватламаслигини Сурия ва Ироқда ҳалифалик эълон қилинишидан кўп ўтмай эълон қилган.
Ташкилотнинг Буюк Британиядаги матбуот котиби Тожи Мустафо 7 октябрь куни ҳам ИДни террор ташкилоти, дея қоралаб, “Ҳизбут Таҳрир” аъзолари ИД томонидан ўлдирилгани таъкидланган навбатдаги баёнотни тарқатди.
Шунга қарамасдан аксар давлатлар, жумладан, Россия, Ўзбекистон ва Тожикистонда “Ҳизбут Таҳрир” ташкилоти аъзолари очиқдан-очиқ “Исломий давлат” террор ташкилоти аъзоси, деб гумон қилинаётгани ва шу сабаб билан диндорлар қамоққа ташланаётгани кузатилмоқда.
ОЗОДЛИК
"1" Comment
  1. “Тошкентда хориждан борган 16 киши “Ҳизбут Таҳрир” аъзоси деб ушланди”. To’g’ri qilishgan. Shamol bo’lmasa daraxtni uchi qimirlamaydi. Bunaqa axmoq, chala mullalar va o’zlari ham tushunib etmaydigan g’oya tarafdorlari hisobiga dunyoda kiniga qanchadan-qancha beg’unoh odamlar qurbon bo’lyapti, bu qanchaligini faqat xudo biladi.

Leave a Reply
*