Menu
Categories
Муҳаммаджон Обидов: Ҳам куласиз, ҳам куясиз…
10/31/2015 Муносабат
М.ОбидовҲам куласиз, ҳам куясиз
ёки Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида яратилган замонавий афсона ҳақида
XX асрнинг машхур ёзувчиси асарларидан бирида ўғри узик ва хамёнини ёнидан ўтаётган йўловчи чўнтагига билдирмасдан солиб қўйиб қозига уларни ўғирлатдим, дея даво қилгани, миршаблар халиги йўловчини тутиб келганида ёнидан давогар айтган нарсалар чиққанини ва у айбсиз айбдор бўлиб колганини моҳирлик билан тасвирлаган эди. Бу асар тожик тилига таржима қилинганидан хабаримиз бор. Афтидан Тожикистон Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари ҳам уни қўлдан туширмай ўқиган эканлар. Агар бу улардаги адабиётга қизиқиш билан боғлиқ бўлганида-ку  “баракалла” дердик. Аммо тожик махсус хизмат ходимлари анча “амалиётчи” чиқиб қолдилар. Улар ўша асарда тасвирланган воқеани шундоққина ҳаётга “тадбиқ” қила олдилар.
Гап бундай бўлганди. Ўзбекистон Республикаси Фарғона вилояти Бешариқ тумани Тожикистон Республикаси Суғд вилояти билан чегарадош. Афсуски, икки давлат ўртасида чегаранинг халигача низоли худудлари бор. Улардан бирида, Бешариқ ва Конибодом туманлари туташган оралиқда, Бешариқ сув-ирригация тизимини бошқариш иншоатлари жойлашган. Бу худудга нисбатан икки давлат расмий хужжатларида хамон “низоли”, “аниқланмаган” деган хуқуқий иборалар қўлланади.
Шу йилнинг ёз ойларида Бешариқ ўрмон хўжалиги ишчиси Обиджон Сарибоев сув оқимини тартибга солиш учун ирригация иншоатларини кўздан кечиради. Камбағаллик сабаб, уй-жой йўқлиги учун шу иншоатдаги хоналарнинг бирида яшайдиган Тожикистон Республикаси фуқароси Фахриддин Султонов билан саломлашиб турганида тожик чегарачилари уни ушлаб, куч ишлатиб “низоли” худуддан Тожикистон ичкарисига олиб ўтадилар. Обиджон мен чегарани бузиб ўтганим йўқ-ку, деганида тайёр турган “гувох”лар иштирокида унинг чўнтагини титадилар ва ўзлари сал аввал устамонлик билан солиб қўйган флешкани чиқарадилар.
– Бу нима? – дейди чегарачилар дағдаға билан.
– Билмайман, – дейди Обиджон хайратланиб.-Ишонинг, бунақа нарсани энди кўришим, у нима деб аталишини хам билмайман. Менда хеч қачон бунақа нарса бўлмаган!
Қолгани бояги хангомадагидек кечади. Қозига борган Обиджон “ўғри” бўлиб чиқади.
Ха, шу бир арзимас матохга ҳам шунча гапми, дейишингиз табиий. Аммо масала бошқа ёқда. Тожикистон махсус хизмат ходимлари “аниқлашича” гўё бу флешкада Тожикистоннинг стратегик объектлари ҳақида маълумотлар бўлган ва Обиджон Сарибоев Ўзбекистоннинг Тожикистондаги хуфия (шпиони) си эмиш.
– Биз Обидни туғилганидан буён биламиз. У кўз олдимизда улғайди. Бу йил 55 ёшга тўлди. Халол, содда, мехнаткаш, шу қишлоқнинг оддий одамларидан бири,-дейди у яшайдиган махалла оқсоқоли Розиқ ота.-Аввалига у билмай чегарага бориб қолибдими, деб ўйлабмиз. Энди эса уни Тожикистонда шипиён деб суд қилишибди. Ғирт ахмоқлик-ку, бу. Обид қанақасига шипиён бўлсин. Мактабни аранг тугатиб ўрмон хўжалигига ишчи бўлиб кирган. Хозиргача ўша-ўша, ишчи эди. Киноларда кўрганман, шипиён бўлиш осон гап экан-ми.
Обиджон Сарибоевни таниган борки, бир кулиб, бир куйиб шу каби гапларни айтади. Аммо ҳақиқат шуки, Суғд вилояти суди О.Сарибоевни Тожикистон Республикаси жиноят кодексининг 308 моддаси билан айбли деб топиб… 13 йилга озодликдан махрум этди.
Хўш, Тожикистонга бундай машмаша нима учун керак бўлиб қолди? Жараённи кўриб турибсиз. Ўша “низоли” худудга ўша куни Обиджон Сарибоев эмас, бошқа бир фуқаро, масалан Фалончи Фалончиев борганида ҳам унинг ёнидан яна ўша “мухим маълумот ёзилган флешка” чиқар эди. Обиджон Сарибоев эмас, Фалончи Фалончиев Розиқ ота айтганидек, “шипиён”ликда айбланиб судланар эди. Обиджон Сарибоев тасодифий шахс. Бугун унинг қисматига шу фожеа ёзилиб турибди. Кўриб турганингиздек, гап Обиджон Сарибоев шахсида эмас.
Хўш, унда нега шундай бўлди?
Бунинг илдизи катта сиёсатга бориб тақалади.
Роғун ГЭСи қурилиши туя гўшти егандек иланг-салангда. Бу қурилиш лойихаси ишлаб чиқилганидан то бугунгача Ўзбекистон томони трансчегаравий дарёга ирригация тизими қурилиши халқаро хуқуқ меъёрларига мос бўлишини талаб қилиб келади.
Марказий Осиёдаги яна икки қўшни давлат хам бу масалада Ўзбекистонни қўллаб-қувватлади. Жахон банки экспертлари Роғун қурилиши келтириб чиқарадиган оқибатлардан Тожикистон томонини огохлантирди. Европа Иттифоқи ҳам бу ғоят нозик масалада уларнинг ёнини олмади. Қўшни давлатларнинг бири рахбари Ўзбекистонга қилган сўнгги сафари чоғида Тожикистон трансчегаравий сув ресурсларига нисбатан яккахокимлик қилмоқчи эканини танқид қилди. Шубхасиз бу воқеликлар “аср” лойихаси ижодкорларига ёқмас эди. Шунинг учун ўжарлик билан қурилишни давом эттирдилар. Аммо хамён хам касод эди. Бир дард икки бўлди… шунда алам билан “айбдор”ни излашга тушдилар, топиб уни “жазолаш” ни мақсад қилдилар. Ва ҳаммасига хозирча Фалончи Фалончиевдан ўч олмоқчи бўлдилар. Гап у кимлигида эмас, Ўзбекистон фуқароси бўлса бас дердилар, режа тузаётиб.
Шундай қилиб Тожикистон Давлат Хавсизлик Қўмитаси ходимлари Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги низоли худудда амалиёт ўтказаётган дақиқада тасодифан ўрмончи Обиджон Сарибоев учраб қолади. У умрида компютер ишлатмагани, флешкани танимаслиги, қолаверса “стратегик ахамиятга молик маълумот”ларни етти ухлаб тушида кўрмаган бўлса ҳам барибир эди. Уларга Фалончи Фалончиев керак эди холос. Мана Ўзбекистон фуқароси. Энди хангомадаги ўғрининг “тажрибасини” қўллайдилар. Иш бажарилди, вассалом. Шу билан ховурларини бир оз босдилар.
Аммо халқаро хуқуқ, адолат, қолаверса виждон-чи, дерсиз?
Айтинг-чи, тухмат кўчасини чангитаётганлардан бу фазилатларни ахтариш ўринлимикан?
Муҳаммаджон Обидов,
Фарғона вилояти,
Ўзбекистон    

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Leave a Reply
*