Menu
Categories
«Сотқин»нинг найранглари ёки даҳшатли «Харфлар» ҳақида
11/04/2015 Маданият ва Санъат
«СОТҚИН»нинг найранглари ёки даҳшатли «Харфлар» ҳақида
сотқин
“Ўзбеккино” ва “Ўзбекфильм” иккови битта фильм суратга олишди. Бу фильм “Сотқин” деб номланди. Режиссиёр Рустам Саъдиев.
Фильм 2005 йилда рўй берган Андижон воқеаларига бағишланган. Фильм қаҳрамони яъни актёр Фаррух Соипов журналист. Акаси эса – бу рольни актёр Жавоҳир Зокиров ижро қилган – Андижонда косиблик фирмасини очиб бойиган одам. У дадаси – актёр Матёқуб Матчонов – билан мавжуд тузумни ағдариб халифалик давлати қуришни мақсад қилган. Бу иккаласининг бошини айлантирган одам эса четдан келган ўзбек Убайдулла Омон.
Фильм ўта мантиқсиз шаклда ишланган. Сюжети, қаҳрамонларнинг ҳаракати, диалоглар – ҳамма-ҳаммаси сунъий, уюштирилган. Исбот: ака андижонлик бўла туриб Андижон шевасини бузиб гапиради; Тошкентда ўқийдиган қиз севган йигитининг ортидан боради, у ҳам қизни аввал опасиникига жойлайди, кейин эса уйланиб олади. Ҳеч қандай ўзбекчилик йўқ – никоҳ ўқитади ва уйланиб олади. Четдан келган йўлдан оздирувчи эса ўзини авлиё кўрсатиш билан шуғулланади. У Матёқуб Матчоновни алдайди, бу одам ҳам хориждан кириб келаётган “қора дори”ни олиб киришлари учун ёрдам беради. Умуман, диққат қилинса, воқеалар умуман бир-бирига қовушмаган.
Фильмда бош мақсад – Ўзбекистон аҳолиси онгида ислом динига нисбатан қўрқув ва нафрат уйғотишдир. Бунга далил бўла оладиган бир қанча ҳолатлар мавджуд. Аввал Убайдулла Омон Фаррух Соиповга “Намо – Аллоҳ билан юзлашиш, У билан суҳбатлашиш” – деб таълим беради. Ўзи эса жоҳил одам. Жоҳил одам тилидан айтилган бу ҳақиқат томошабинда қандай таассурот қолдиради?..
Фильмда ҳижобга кирган қиз ўз авратини бегона кўзлардан беркитишни номус ва чексиз бир даҳшат деб билади. У бемалол танасининг нозик жойларини очиб юриши мумкин, аммо бошига рўмол ўрамоқни мутлақо истамайди.
Фильмда сотқин ким экани очилмаган – Фаррух Соиповми ёки унинг акси ўрнида роль ўйнаган Жавоҳир Зокировми? Ёки бошқа?
Аммо нима бўлганда ҳам фильмга ном жуда тўғри танланган: “Сотқин”. Бу фильм мамлакатни ўз томорқаси деб ўйлаётган чолнинг сотқинлиги ҳақидаги фильмдир. У ўз динига, миллатига улкан хиёнат қилди, иймон ва эътиқодга сотқинлик қилди. Мана шу фильм унинг сотқин эканига шубҳасиз далолат берувчи ҳужжатлардан биридир.
Бундай фильмлар жуда кўплаб ясалди: “Одноклассники.ру”, “Тузоқ”, “Алданган аёл” каби ишларда бош мақсад ислом динига нисбатан одамларда қўрқув уйғотишдир. Ана буни исломофобия деб айтадилар. Чунки бу фильмни кўрган ҳар қандай одам ибодат қилсам, динга эътиқод қилсам, жиноят экан деб ўйлайди ва қўрқувга тушади.
Ўзбекистонда бемалол ярим яланғоч юриш мумкин, аммо ҳижоб ўрасанг, душманга айланасан. Яъни кўриниб турибдики, фаҳш ва орсизлик ҳимоя қилинмоқда, ҳижоб ва ўзини ҳимоя қилувчилар эса қувғинда, таъқибда…
Бу бир қараганда бу жуда бир яланғоч айбловдек туюлади, аммо ҳақиқат шундай эканини рад эта олмайсиз. Агар одамларга ҳижобдан гап очсангиз, ҳижобда юриб ёмон ишлар билан шуғулланаётган одамлар ҳақида гап очадилар. Дин ва ўз ор-номусини сақлаш қолоқлик белгиси бўлиб қолди. Бунга эришиш учун мамлакатнинг бош сотқини кўп меҳнат қилди. У ниҳоят аҳолининг катта қисмини иймон ва эътиқодга душман қилишга эришяпти.
Совет замонида динга ошкора курашилар эди. Натижада, чин эътиқод эгалари ўз иймони билан курашар ва динни сақлар эди. Аммо ҳозир ўзини гўё хайрихоҳдек кўрсатадиган ҳукумат найранглари олдида совет замонидаги ўйинлар ип эша олмаслиги аниқ.
Ўзбекистонда араб тили ва араб ҳарфларидан чўчишади. Чунки араб тили диннинг калити. Кенг оммавий равишда араб тилига қарши кураш очилган. Аммо бу шу қадар пинҳон ва яширинки, бирдан кўзга ташланмайди. Масалан, метрога тушар экансиз, арабий ҳарф битилган қоғозингиз бўлса, бунинг учун Сизни узоқ вақт сарсон қиладилар. Одамларда соф диний тасаввур уйғотиш ўрнига мавҳум тушунчалар билан уларни қўрқитиш методи самарали ишламоқда. “Сотқин” фильми ана шу кирдикорнинг шармандали бир исботидир.
П.С. Дарвоқе, “ҳарф” дегани бу арабча сўз. Унинг луғавий маъноси четда бўлмоқ дегани. Бир қараганда Ўзбекистондаги қари “Дрижёр”нинг “ҳарф”лардан қўрқиши ҳам бекор эмас…
Абдуллоҳ НУСРАТ,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*