Menu
Categories
Тоғора чертган ноғорачилар ёки «Ҳимоядаги сериал»
11/01/2015 Маданият ва Санъат
Тоғора чертган ноғорачилар ёки «Ҳимоядаги сериал»
ноғора
АҚШга бориб келган бир ўзбекистонлик таниқли журналист “Қўшма штатларда амалдорлар суддан эмас, журналистлардан кўпроқ қўрқади”, – деган эди. Чунки журналистиканинг қўлида катта куч бор – ОАВ ахборотларни бошқариш имкониятига эга.
Аммо Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг бўғзига ўткир пичоқ тираб турилади. Кузатишлар бу пичоқ ҳаракатга келгани ва бу соҳа ҳам жон берганини кўрсатмоқда. Қари “Дрижёр”нинг қўлида фақат сеҳрли таёқча эмас, одамни бўғизлайдиган ханжар ҳам борлиги кўпчиликка аён.
Шундай тоифа одамлар бўлади. Улар ўзларининг ожиз, қобилиятсиз эканларини жуда яхши билишади. Аммо қусурларини қандайдир йўл билан беркитиш учун ўлиб-тириладилар. Масалан, бир оми одам ўзини олим деб эълон қилади.
Агар у Ўзбекистонда бўлса, пул бериб докторлик, профессорлик унвонларини харид қилиши ҳам мумкин ва бу ҳеч кимни ажаблантирмайди. Чунки қоидаси шунақа. Ўша оми ўзининг бир тийинга қиммат одам эканини бошқаларга билдирмаслик учун нимадир қилишга интилади. Ва, масалан, дейлик динни танлайди. Яъни у ўзини тақводор мусулмон сифатида кўрсатиб, ҳаммага меҳрибон, ибодатли одамга ўхшаб олади. Бироқ ҳеч кимни ўзига яқинлатмайди, бировга яхшилик қилмайди, аммо гап билан яхшилик қилувчиларнинг қиролидек тутади ўзини. Ўзбекистонни ўз фермерлик ерига айлантирган чолбобо ана шундай одам.
Шунинг учун ўз юртидаги оммавий ахборот воситаларини дорга осган. Дорга осгани учун ҳам бу соҳа бир хил қўшиқ айтади: бутун Ватан гуллаб-яшнаб ётибди. Гуллаб-яшнамаган бирорта ҳам жой қолмаган. ТВ, радио ва расмий интернет сайтларининг жони йўқ. Хабарлар, мақолалар бир хил шаблонда ёзилади. Агар чолнинг асарига мурожаат қилинмаса, унинг сафсатасидан томизғи томизилмаса, манаман деган мақола ёки илмий иш тасдиқдан ўтмайди.
Ҳар қандай фикр унинг асаридан олинган “иқтибос” билан исбот қилиниши шарт. Худди дин уламолари оят ва ҳадис билан ҳукмларнинг собит эканига далил келтирганлари каби.
Бутун мамлакат ТВ ва радиоси биргина шахсни реклама қилади. Бўш вақтларда эса ўта мантиқсиз ва одамлар тафаккурини ўлдирадиган дастурлар, телесериаллар намойиш қилинади. Бугун Ўзбекистон аҳолиси учун “Ўзбекистон”, “Ёшлар”, “Тошкент”, “Спорт”, “Кинотеатр”, “Болажон”, “Маънавият ва маърифат”, “Маҳалла”, “Дунё бўйлаб”, “Диёр” каби телеканаллар хизмат қиляпти. Бу телеканаллар ичида “Кинотеатр” алоҳида аҳамиятга эга. 24 соат давомида кино кўрсатишга мўлжалланган бу телеканал одамлар онгини банд қилишда ўта муҳим. Телеканаллар бўйлаб айланаётган сериаллар эса ўзининг ўта бемаъни экани билан ҳар қандай зиёли инсонни ранжитади.
Шу кунларда ўзбекистонлик зиёлиларининг деярли ҳаммаси “Ёшлар” телеканалида намойиш қилинаётган “Сенга ошиқман” деган ҳинд сериалига қарши чиқдилар. Улар ўз муносабатларини ижтимоий тармоқ – фейсбук орқали эълон қилдилар, фаол ёшлар йиғилишиб сериал намойишини тўхтатиш учун ариза тайёрлаб телеканал маъмуриятига юбордилар. Бу сериал шунчалик одамлар онгини заҳарлаганки, ҳатто Қашқадарё вилоятида туғилган қизалоққа сериал бош қаҳрамонининг исми берилган. Аммо бир гуруҳ зиёлиларнинг мурожаатлари ҳисобга олинмади ва “Ёшлар” телеканали маъмурияти 2015 йилнинг 18 сентябрь куни мазкур сериал ҳимоясига бағишланган махсус кўрсатув ташкил қилди. Бу Ўзбекистонда оддий кишилар у ёқда турсин, зиёли қатламнинг фикри бир тийинга олинмаслигига бир исботдир. Буюртма асосида сўзга чиқарилган актёрлар сериалнинг ижобий томонларини айтиб, ҳимоя қилишди. Аслида, ўзга миллат сериалини ҳимоя қилиш учун кўрсатув уюштирилганиёқ улкан шармандаликдир. Зотан, бутун бошли Республика телевидениеси “Шу сериални қўямизми, йўқми?!” – деб ўтириши орсизлик, ҳамиятсизлик ва номуссизликдир.
Бу оддий ҳолат эмас. Сериалга қарши чиққан одамлар орасида бутун мамлакатга таниқли ёш журналистлар, шоирлар, ёзувчилар, талабалар бор. Ҳукумат бу талабнома билан сериални бекор қилса, халқ мана шундай талаб билан иш битириш мумкин экан деб ўйлаб қолишидан кўрқади. Чунки бугун сериални ТВдан олиб ташлаган одамлар эртага ҳукумат раҳбарининг кетига тепиши ҳам мумкин! Ҳамма гап шу ерда! Одамларда онг уйғониши, ёшларнинг фаоллашуви, зиёлиларнинг бир масала атрофида бирлашуви ҳукуматни қўрқувга солди. Агар шундай бўлмаганда номусини сотиб ТВда ўзга миллат сериалини ҳимоя қилмаган бўлардилар. Ҳукумат раҳбарлари ўз миллатини сотиб бўлса ҳам, мансаб ва амални қўлларида тутиб қолишни истайди. Улар шу йўл билан одамларга ҳар қанча чиранма, барибир ҳеч нарса ўзгармайди деган тушунчани сингдириш, мустаҳкамлаш мақсадидадирлар.
Биргина воқеа аслида ана шундай моҳиятга эга. Бошқача бўлиши мумкин эмас.
Эй Ўзбек халқи!
Эй Ўзбек зиёлилари!
Эй Ўзбек ёшлари!
Мана Сизга оддий исбот: бутун мамлакатни ўз фермерлик ери деб ўйлаётган чолнинг қўл остида қилинаётган иш. Дуо қилинг, Аллоҳ бу чолни кўтарсин орадан! Бу чолни кўтариш учун ўзингиз ҳам ҳаракат қилинг. Бунинг ёлғончилигини, хизматкорлари каззоб ва ўғрилиги сизга аён. Ҳеч бўлмаса, шу ҳақда чуқур тафаккур қилинг… Шунда кўп ҳақиқатлар Сизга яна ойдинлашган бўлур эди.
Абдуллоҳ НУСРАТ
http://uzxalqharakati.com/
Leave a Reply
*