Menu
Categories
Корейсларнинг университети ва ўзбекларнинг кутубхонаси
11/05/2015 Маданият ва Санъат
Корейсларнинг университети ва ўзбекларнинг кутубхонаси
корейс уни
Йигит киши ўз муаммосини ўзи эмас, бошқаларнинг кучига суяниб ҳал қилишга тиришса, бунга қандай баҳо берилади? Айниқса, азалдан орият ва ҳамияти кучли бўлган ўзбек халқи ўртасида? Дейлик, ҳўкиздек балоғатга етган ўғил бола менинг бу муаммоимни фалончи ечиб беради деб ўтирса, шахсан Сиз қандай қарайсиз?
Агар масалага жиддий қарайдиган бўлсангиз, шубҳасиз, жавобингиз маълум. Аммо айни пайтда Ўзбекистонда муаммоларнинг ечимини ё осмондан бирор фаришта ерга тушиб ҳал қилиши керак ёки чет элдан келадиган мутахассислар. Ишонмайсизми? Гапимни исботлаш учун бир кичиккина исбот келтираман.
Ўзбекистон Фанлар академияси – қутлуғ даргоҳ. Бир пайтлар бу ерда чинакам фан фидойилари, илм соҳиблари ихлос билан меҳнат қилганлар. Академия таркибида ўнлаб институтлар, ҳарқалай, фаолият юритган. Бугун бу ташкилотнинг оёқлари чўлоқ, қўллари қалта – ланг. Кўзларини парда қоплаган, қулоқларини кир босган, тилларини ари чаққан. Чунки академия таркибидаги бирорта институт бирор тадқиқотни қойил қилаётгани йўқ. Ўзбекистоннинг “кўзлари ёниб” турган, “ҳеч кимдан кам бўлмаган” аксарият ёшлари Фанлар академияси ҳақида ҳеч нарса билмайди.
Шу ташкилот таркибида адабиёт ва тилшунос олимларни ўзига бирлаштирган бир институт бор. Унга Алишер Навоий номи берилган. Бугун бу институт ёпилиб кетиш ёқасида турибди. Албатта, бу табиий. Зотан, илм-фанга эътибор қаратилмаган ўлкада бошқа нима ҳам бўлиши мумкин? Олимларнинг ҳаммаси хорижга чиқиб кетяпти. Чунки бу ерда фаолият юритиш учун аввало, Тошкент “прописка”си бўлиши керак, шу ҳужжат бўлмаса, ишлаш амри маҳол. Шундай ҳужжати бўлмаган бир йирик олимлардан бугун АҚШдаги катта университетлардан бирида докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилиш устида турибди. Гапнинг индаллосига келсак…
Фанлар академияси жойлашган шаҳарчани Академгородок деб аташ расм бўлган. Шу ерда Фундаметал кутубхона жойлашган. Кутубхонанинг ёнгинасида – орқа томонида юқорида айтганимиз – Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти биноси бор эди. Ана шу бино ўтган йили Жанубий Кореядаги Инҳа университетининг филиали қилиб берилди. Бу, албатта, Ўзбекистонда Президент мақомида турган “Дрижёр” чолнинг фармони билан амалга оширилди.
Қисқа муддатда институт ходим ва ҳужжатлари билан кўчирилди. Амир Темур хиёбни аторфидаги бир кичик бинога. Корейслар келиб қарашса, уларга берилган бино хароб – ичкари ва ташқариси нураб, собиқ Совет замонидаги шамоллар эшикдан кириб, тешиклардан чиқиб юрибди. Барака топгурлар – икки ойга ҳам бормади, шекилли – бинони таъмирлаб, кўрса кўз қувонадиган шаклга келтирдилар-да, кириб жойлашиб олдилар. Ана уддабурролик – бировнинг қўли билан эски биноларни тузатиб олиш! Бу кимнинг хаёлига келиши мумкин? Бу нарсани тушуниш ва режа қили учун, албатта, “узоқни кўра билиш шарт”. Акс ҳолда, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
Инҳанинг олдидаги Фундаментал кутубхона 2014 йил август ойида таъмирлашга киришилди. Аслида бу кутубхона 1980 йиллар атрофида қурилган. Бугунги кунга келиб деярли хароб бир аҳволда. Барака топгур ҳукумат шу масалани ҳам эътиборда қочирмади, Худога шукур. Аммо беш-олти уста, бир йилдан ошиқ вақтки, минг уриниб кутубхона таъмири тугата олмаяпти.
Кутубхона биноси томи тешилган, ёмғир ёғса, ичкарига сув ўтади, ҳатто, китобларнинг сувда қолиб чириётгани ҳақида ҳам хабарлар бор. Корейслар ўз университети биносини қисқа муддатда таъмирлаб битиришди, энди кутубхонани ҳам уларнинг ихтиёрга бериш масаласини кўриш керак. Ҳамма нарсага ақли етган бу ҳукуматнинга ақли шу ерга келганда оқсаши ғалат!
Шу кутубхона атрофидаги Шарқшунослик қўлёзмалари маркази учун янги бир бино қурилиши анчадан бери давом этяпти, агар у ҳақиқатан ҳам боболарнинг минг йиллар давомида сақланиб келаётган қўлёзмалари учун барпо қилинаётган бўлса! – аммо қачон қурилиш тугалланиши Худога маълум. Зеро, Ўзбекистонда берилган муддатда ишларнинг битмаслиги табиий ҳодисадир. Масалан, вазирликдан чиққан буйруқларда кўрсатилган муддат ўтиб кетгач туман ҳокимиятларига етиб келади, бу ердагилар аслида ўн кун аввал бажариши лозим бўлган ишни бажардик деб ҳужжат қилиб беришади. Ишлар ана шу системада ишлайди.
Умуман олганда, Тошкентнинг қоқ марказид барпо қилинган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан иш битмайди. У кутубхона Фундаментал кутубхона олдида жуда камбағал – китоблари кам. Манбалар кам.
Аммо хорижлик меҳмонларга кўз-кўз қилишга яраб турибди. “Кўзлари чақнаб турган”, “ҳеч кимдан кам бўлмаган” ёшлар ҳам у ерга бориб ўз-ўзларини кўз-кўз қилиш билан банд. Баҳоли қудрат хизмат кўрсатиляпти, гарчи янги бинонинг тагидан сизот сувлар чиққани, бино пойдеворини емириб бораётгани ҳақида миш-мишлар болалаб бораётган бўлса ҳам!
Майли, бугун корейсларнинг университети ўзбек заминида ўзбекларнинг кутубхонасидан устун бўлиб турибди, имтиҳон ўтказишда ҳам корейслар ўзбекларга намуна кўрсатди, аммо Ўзбекистонда шу намунадан фойдаланишга ҳам шароит йўқ. Бунда, шубҳасиз, “дрижёр” чолнинг ҳиссаси катта.
Абдуллоҳ Нусрат,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"1" Comment
  1. Совет Иттифоқида энг йирик илмий кутубхоналардан бири эди…

Leave a Reply
*