Menu
Categories
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм: “Эй Муҳаммад! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”
11/08/2015 Маданият ва Санъат
келин куёв ислом қалбли
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муқаддима
Имом Бухорий ўзининг Жомеи Саҳиҳида “Билим – сўз ва амалдан аввал” номли боб ажратиб, қуйидаги оятни келтиради:
“Эй Муҳаммад! Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлигини бил ва гуноҳинг учун ҳамда мўминлар ва мўминалар учун истиғфор айт!”. /Муҳаммад: 19/
Дарҳақиқат, мусулмон киши бирор амалга киришмоғидан аввал, шу соҳага тааллуқли бўлган диний аҳкомларни ва бошқа зарурий нарсаларни билиб олиши керак. Хоҳ у намоз, рўза, ҳаж каби ибодатлар бўлсин, хоҳ тиббиёт, тижорат, саноат, қурилиш каби дунёвий фанлар ва тириклик манбалари бўлсин, фарқи йўқ. Айниқса, маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришни ният қилган инсон, бу ишга қўл уришдан аввал, ушбу соҳа тўғрисида етарли илмий захирага эга бўлиши шарт – токи, ўзича маъруфга буюраяпман деб ўйлагани ҳолда, мункарга чақирмасин ёки мункардан қайтараман деб ўйлагани ҳолда, бор маъруфни ҳам йўқолишига хизмат қилмасин.
Шунинг учун Суфён ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтади:
“Қуйидаги уч сифатга эга бўлган кишигина амри маъруф ва наҳй мункар қилиши мумкин:
 Буюраётган ва қайтараётган нарсасини яхши билса;
 Буюраётган ва қайтараётган нарсасида мулойим бўлса;
 Буюраётган ва қайтараётган нарсасида адолат қилса”.
Аслида, амри маъруф ва наҳй мункар исломдаги энг муҳим амаллардан бири бўлиб, бошқа ибодатлар учун нимаики шарт қилинса, унда ҳам айни нарсалар шарт қилинади. Маълумки, ҳар қандай амалнинг Аллоҳ таъоло ҳузурида қабул бўлиши учун қуйидаги икки асосий шарт талаб қилинади:
1. Холис Аллоҳ учун бўлиши.
2. Расулуллоҳ суннатига мувофиқ бўлиши.
Демак, амри маъруф ва наҳй мункар қилган инсон бу ишини зинҳор обрў орттириш учун, ўзининг бошқалардан кўра олимроқ эканлигини кўрсатиш учун ёки ҳамманинг ҳам юраги бетламайдиган ишларга шўнғишдан қўрқмайдиган мард ва жасур инсон эканлигини намойиш этиш учун каби паст ниятларда қилмаслиги лозим. Ундан ташқари, унинг ушбу амали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига хилоф бўлмаслиги ҳам шарт.
Лекин амри маъруф ва наҳй мункарни динимиздаги бошқа ибодатлардан ажратиб турадиган бир хусусияти борки, унда одамларга, одатда, улар унча ёқтирмайдиган нарсаларни кўндаланг қилишга тўғри келади.
Зеро, амри маъруфнинг маъноси одамлар аслан билмаган бир яхшиликка чақириш ёки билсалар-да, нафсга оғир келгани боис ёки бошқа сабабга кўра ташлаб қўйган, бинобарин ҳозир ҳам қилгиси келмай турган бир эзгу амалга ундаш демакдир.
Наҳй мункар ҳам, одамлар мункарлигини билмай қилиб юрган ёмонликдан қайтариш ёки ножўялигини била туриб, фақат нафсини жиловлай олмаганлари боис ёҳуд бошқа сабабга кўра қўл урган, кейин эса унга кўникиб, ҳатто табиатларига айланишга улгурган, бинобарин, ҳозир ҳам ҳечам ажралгиси келмаётган бир ёмон ишдан қайтаришдир.
Демак, иккала ҳолатда, яъни яхшиликка буюришда ҳам, ёмонликдан қайтаришда ҳам, одамларга улар унчалик хуш кўрмайдиган нарса билан рўбарў бўлишга тўғри келади. Шу боисдан, амри маъруф ва наҳй мункар – истаган инсон бемалол киришса бўлаверадиган жўнгина бир иш эмас, балки жамият учун ўта ҳассос, салгина хато ҳам улкан мусибатлар олиб келиши мумкин бўлган жиддий ишлардан ҳисобланади.
Шунинг учун, кўпгина уламолар ўз китобларида амри маъруф ва наҳй мункарни Аҳли сунна вал жамоанинг энг муҳим сифатлари орасида зикр қилганлар.
Тарихга назар соладиган бўлсак, кўплаб ҳолатларда исломий даъватнинг тўхтаб қолишига ёки унинг йўлида баъзи тўғаноқлар пайдо бўлишига, шунингдек, айрим ҳолатларда мусулмон уммат бошига кўплаб мусибатлар ёғилишига – айнан амри маъруф ва наҳй мункар борасида ҳикматсизлик қилиш, унинг қонун-қоидаларига риоя қилмаслик, гоҳо маъруфга буюришда, гоҳо мункардан қайтаришда ҳаддан ошиш ва тажовуз қилиш сабаб бўлганини кўрамиз.
Баъзи инсон бу соҳада жуда зўр фикрлар билдириши, барча ишларда мўътадилликка чақириши, айниқса амри маъруф ва наҳй мункарда вазмин бўлишга даъват этиши, бу ҳақда ажойиб китоблар ёзиши мумкин. Лекин амал майдонига кирганда эса, тарк этилган маъруф ишлар ёки рўй бераётган мункарлар қаршисида ўзини йўқотиб қўйиб, куни кеча даъват этган ва китобларида ёзган насиҳатларини ўзи унутиб қўйиши ва уларга амал қилиш ўрнига маъруфга номуносиб тарзда буюриб, мункардан қўполлик билан қайтариши ва шу билан катта хатоларга йўл қўйиши мумкин. Аслида, динга ғаюрлик мусулмоннинг маҳмуд сифатларидан бўлса-да, лекин диний ғайратнинг ҳам ҳад-чегарасини билиш даркор.
Бу нарса юқоридаги Суфён Саврий асарида зикр қилинган баъзи зарурий сифатларга эга бўлишнинг амри маъруф ва наҳй мункар қилмоқчи бўлган одам учун нақадар муҳим эканлигини яна бир бор исбот қилади.
Албатта, биз амри маъруф ва наҳй мункар борасида ҳар бир мусулмон зиммасида ўзига яраша вожиботи борлигини инкор этмаймиз. Зеро, динимиз ҳар бир мўминга ўзи гувоҳ бўлган ёмонликни ўзгартириши лозимлигини уқтиради ва шунга тарғиб этади. Аллоҳ таъоло айтади:
“Сизлар инсоният саодати учун чиқарилган – маъруфга буюрувчи, мункардан қайтарувчи ва Аллоҳга иймон келтирувчи – энг яхши уммат бўлдингиз…” /Оли Имрон: 110/
Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Орангиздан кимда-ким бирор мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, башарти қўли билан ўзгартиришга қодир бўлмаса – тили билан ўзгартирсин, шунга ҳам қодир бўлмаса– қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (яъни мункарни қалб билан ўзгартириш, шу мункарнинг бўлмаслигини чин дилдан хоҳлаш) Иймоннинг энг заиф кўринишидир”. /Муслим ривояти/
Ҳузайфа ибн Ямондан ривоят қилинган ҳадисда:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, маъруфга буюрасизлар ва мункардан қайтарасизлар ё эса Аллоҳ сизларга ўз ҳузуридан бир жазо жўнатажак, сўнг (Аллоҳга) қанча дуо қилсангиз ҳам, ижобат этилмас”. /Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривояти/
Жарир ибн Абдуллоҳдан қилинган ривоятда эса:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Бир қавм орасида кимдир маъсият қилса-ю, ушбу қавм ўзгартиришга қодир бўла туриб уни ўзгартирмаса, Аллоҳ таъоло улар устига ўлмасларидан олдин бир азоб юборади”.
/Абу Довуд ривояти/
Лекин ўғлини, оиласини, дўстини ёки ўзидан илмда қуйироқ бўлган бошқа бир одамни улар билмаган бир яхшиликка далолат қилиб қўйиш ёки қилаётган мункаридан қайтариш бир нарса-ю, халойиқ олдига чиқиб олиб: “фалон ишлар нотўғри, уларни йўқотиш керак, пистон ишлар тўғри, уларни албатта қилиш керак”, деб жар солиш ҳамда уларга мавжуд ишларни амалга ошириш йўлларини ўргатиш умуман бошқа нарса эканлигини унутмаслигимиз лозим. Биринчи зикр қилинган ишларни ҳар бир инсон ўз билимига кўра ва тоқати етганча бажараверади. Лекин иккинчи ишга ҳар бир инсоннинг иқдом қилавериши, яъни билими бўлмай туриб бурнини тиқавериши тўғри эмас.
Бутун бир жамиятга йўл кўрсатмоқчи бўлган одам, Суфён Саврий айтганидек, нимага буюраётган бўлса, аввал ўзи ўшани пухта ўзлаштириши, нимадан қайтараётган бўлса, аввал ўзи ўшани яхши билиши шарт. Ундан ташқари маъруфга буюришда ҳам, мункардан қайтаришда ҳам, бирдек мулойим бўлиши, одамларга рифқ ила муомала қилиши, шунингдек, иккала ҳолатда адолатли бўлиши лозим.
Демак, одамлар ўртасига чиқиб олиб, маъруф ва мункар борасида уларга йўл кўрсатмоқчи бўлган одам биринчи навбатда шариатни яхши билиши, аслида нима яхши-ю нима ёмонлигини ажрата олиши, баъзи ўринда яхшилик саналган нарсанинг бошқа ўринда мункарга айланиши мумкинлигини ва аксинча, баъзи ўринда мункар саналган иш бошқа ўринда маъруф саналиши мумкинлигини яхши билиши шарт.
Чунки маъруфнинг ўзи ҳақида тузукроқ тушунчага эга бўлмаган, мункарни ҳам аниқ тасаввур қилолмаган, улар ўртасидаги нозик фарқларни ажрата билмаган, боз устига амри маъруф ва наҳй мункарга тааллуқли элементар тартиб- қоидаларни ҳам билмаган кимса бу ишга киришадиган бўлса, фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши, яхшилик қилаяпман деб ёмонликни бошлаши, ёмонликдан қайтараяпман деб, аслида яхшиликни йўқотиши мумкин.
Масалан, Бухорий ривоят қилган ҳадисда келишича, жароҳатланган бир саҳобага совуқ кунда ҳам таяммумга рухсат бермай, ғусл қилишга буюриб, охир оқибат унинг ўлишига сабабчи бўлган саҳобалар, аслида, унга яхшиликни раво кўрганлари каби. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша саҳобалар тўғрисида: “Биродарларини ўлдириб қўйибдилар, Аллоҳ ўзларини ҳам ўлдирсин! Модомики, билмас эканлар, ахир сўраб олмайдиларми?! Билмасликнинг давоси – сўраш-ку!” деб қаттиқ гапларни айтганлар.
Иккинчидан, бу ишга мутасаддилик қилмоқчи бўлган одам, яхшиликка буюрилаётган ёки ёмонликдан қайтарилаётган объект – у жамият ёки алоҳида бир шахс бўлишидан қатъи назар – воқелигини яхши билиши лозим. Яъни, маъруф тарк қилинишини ва мункар содир этилишини келтириб чиқарган сабаб ва омилларни билиши керак. Зеро, модомики ушбу ҳолатни келтириб чиқарувчи сабаб ва омиллар йўқотилмас экан, айни натижа келиб чиқавериши аниқ.
Масалан умуман худони танимаган одамни зинодан ё арақ ичишдан қайтариш деярли бефойда. Лекин, қачонки у Аллоҳни таниса, қалбида тақво ва ҳаё пайдо бўлса, бундан-да каттароқ гуноҳлардан тийилиши мумкин. Шунинг учун, бундай одамни гуноҳдан қайтаришдан кўра, унга Аллоҳ таъолони таништириш, ислом динини ўргатиш кўпроқ фойда келтиради.
Зеро, ўғлингни ёки дўстингни улар олдидаги баландроқ мавқеинг туфайли (яъни ҳурматинг туфайли) гуноҳдан қайтара олганинг билан, сен бўлмаган жойда улар ўз гуноҳларида давом этаверадилар. Чунки сен бу гуноҳларни келтириб чиқарган жоҳиллик сабабини йўқотмаган эдинг. Бу худди хонада қўланса ҳид тарқатаётган сичқон ўлигини кўрмай, чор-атрофга атир пуркашга ўхшайди. Бу ҳолатда қанча миқдор ва қай сифатли атирдан сепмагин, барибир, сал ўтмай қўланса ҳид чиқиб келаверади.
Ундан ташқари, мункарни ўзгартиришга киришув уни камайтириш ўрнига фақат кўпайтириши мумкин бўлган айрим ҳолатларда мункардан қайтаришни уламолар ҳаром дейдилар. Худди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мунофиқларни номма-ном била туриб, уларга қарши чора кўрмаганлари ёки Каъбани бузиб, уни асл пойдевори устига қайта қуришни афзал деб билсалар-да, бунга қўл урмаганлари каби.
Шунингдек, бир маъруфни қилиш бошқа бир маъруфни йўқолишига ёки янги бир мункарни келиб чиқишга сабаб бўлиши кутилган ўринда маъруфга буюришни ҳам уламолар ҳаром дейдилар. Масалан Аллоҳ таъоло Қуръони каримда токи мушрикларнинг аччиғи келиб, Аллоҳни сўкмасинлар учун, улар сиғинаётган бутларни ҳақорат қилишдан мусулмонларни қайтаргани каби. Ёки Расулуллоҳнинг баъзи бадхулқ инсонлар диндан юз ўгиришини истамай ёки жамиятдаги ва ўз уруғидаги мавқеидан фойдаланиб, бошқаларга салбий таъсир ўтказиши мумкинлигини инобатга олиб, уларга индамаганлари ва яхши муомалада бўлганлари каби.
Зеро, амри маъруф билан наҳий мункардан кўзланган асл мақсад – йўқ бўлган маъруфни пайдо қилиш ёки борини кучайтириш ҳамда мавжуд мункарни йўқотиш ёки унинг таъсирини камайтиришдир. Шунинг учун олимлар, агар бу мақсад ҳосил бўлмаслиги аниқ бўлса, маъруфга бурилмайди ва мункардан қайтарилмайди, деб таъкидлайдилар.
Шунингдек, даъват қилаётган инсон маъруфга буюриш ва мункардан қайтаришнинг айни ҳолат учун энг муносиб турини танлай билиши керак. Акс ҳолда, муносиб йўл танланмагани боис, мақсад ҳосил бўлмаслиги, аксинча унинг яхши ниятдаги барча ҳаракатлари мутлақо нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин.
Кимгадир қаттиқроқ муомала қилиш фойдали бўлиб, унга юмшоқлик қилиш зиён келтириши мумкин. Ва, аксинча, кимгадир қаттиқ турсанг қаршилик кўрсатиб, билганидан қолмаслиги, лекин юмшоқ муомаладан кучли таъсирланиши мумкин. Шунингдек, жамиятлар ва халқларнинг ҳам шу каби хусусиятлари инобатга олиниши даркор.
Хуллас, биз ҳозир амри маъруф ва наҳй мункар борасида китоб ёзмоқчи эмасмиз, фақат бу ишнинг баъзи муҳим жиҳатларга ишора қилиб ўтдик, холос.
Шуниси ачинарлики, бугунги кунда жиҳод талвасасига тушиб қолган баъзи қизиққон биродарлар амри маъруф ва наҳй мункарга тааллуқли ушбу ҳақиқатларни унутиб қўядилар ёки эҳтимол, аслан билмайдилар ҳам. Уларнинг фикрича: ҳозир китобдан кўра қилич дарси таъсирлироқ ва ҳамма нарсани фақат қурол билан ҳал қилингани маъқул. Ким бунга қарши чиқса, демак у қўрқоқ ёки кимгадир хизмат қилади.
Биз айтамизки, тўғри, жиҳод вожиб бўлганда ва мўминлар жанг майдонларида кофирлар билан тўқнашган чоғда шундай бўлади. Зеро, турли баҳоналарни важ қилиб, фидойи хизматингга кўз тикиб турган умматни ва қўлингга қурол олиб ҳимоя қилишингга умид боғлаган халқингни, аёллар, боллар ва қарияларни ташлаб қочишинг – кечириб бўлмас жиноятдир.
Аммо биз яшаётган ҳозирги муҳит – жанг майдони эмас ва у ерда ҳарбий-аскарий тўқнашув эмас, кўпроқ ақидалар, ғоялар, ахлоқлар ва маданиятлар тўқнашуви кетмоқда. Шунинг учун, биз қўлга қурол олиб, йўқ жойдан уруш чиқариб, одамларни жангга киришга чорлашимиз эмас, Ислом динини одамларга қўлимиздан келганча чиройли баён этишга интилишимиз, мусулмонларни ҳарбий эмас, барча соҳаларда Аллоҳ таъоло калимасини олий қилиш учун курашга чақиришимиз зарур.
Чунки Ислом душманлари бизга айнан ҳарбий соҳада эмас, балки кенгроқ миқёсда ҳужум қилиб, барча соҳаларда аёвсиз уруш очганлар. Ҳалол касб тарафдорлари билан ҳаром тарафдорлари ўртасида иқтисод-тириклик соҳасида кураш, ахлоқий поклик тарафдорлари билан тубанлик ва разолат тарафдорлари ўртасида ижтимоий соҳада кураш, ҳақ эгалари билан ботил эгалари ўртасида илм соҳасида, таълим, тарбия, ахборот тарқатиш ва ҳоказо барча жабҳаларда кураш тўхтамай давом этмоқдаки, у ҳарбий жабҳалардаги тўқнашувлардан кўра ашаддийроқ ва халққа зарар-фойда жиҳатидан шомилроқдир. Афсуски, баъзилар буни идрок этмайдилар ёки тушунишни истамайдилар.
Шубҳасиз, Аллоҳ таъоло йўлидаги жиҳод – динимизда қоим бир шариатдир ва усиз мусулмонларга иззат ва шараф бўлмайди. Лекин, Исломнинг энг юқори чўққиси бўлган жиҳод – динимиз шиорларидан фақат бири бўлиб, бизнинг ундан бошқа шиорларимиз ҳам бор. Зотан, Аллоҳга даъват ҳам қоим шариатдир, ҳусни хулқ ҳам қоим шариатдир, мусулмонлар қалбини бир-бирига улфат қилиш ҳам қоим шариатдир, амри маръруф ва наҳий мункар ҳам қоим шариатдир, халққа эҳсон ҳам қоим шариатдир, одамлар ўртасида гўзал сиёсат қилиш ҳам қоим шариатдир. Бас, нима учун исломни фақат бир жиҳатини, бўлиб ҳам, унинг энг юқори чўққиси бўлган жиҳодни ушлаб олишимиз керак?! Ваҳоланки, Ислом чўққисини забт этишни қўя туринг, мусулмонлар унинг теп-текис ялангликларида ҳам юришни воқеликда эплай олмаётган бўлсалар?!
Нима учун ҳамма нарсани фақат бир нарсага боғлаган ҳолда, одамларга бу даражада биқиқ тушунчани тиқиштириш шарт?! Ҳолбуки, жиҳоднинг ўзида ҳам, илм билан жиҳод, қалам билан жиҳод, даъват билан жиҳод каби илмий, ақидавий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда олиб борилиши зарур бўлган турлари кўпдир.
Афсуски, ишонувчан ёшларни ўз жонлари учун ҳам, улар уруш қилажак жойлардаги маҳаллий мусулмонлар жони учун ҳам бирдек хатарли бўлган урушга чорлаётган (яъни ё ўзлари ўлиб кетадилар ё тирик қолиш учун у ердаги мусулмонларни ўлдиришга мажбур бўладилар, ҳолбуки, иккиси ҳам бир-биридан қолишмайдиган катта хатар), уларнинг ота-оналари ва яқинлари учун эса чексиз изтироб ва хавотир эшикларини очаётган шоввозлар, одатда, динимиздаги оддий-элементар нарсаларни ҳам билмайдиган дилетантлар, холос, бўлиб чиқади. Тарих давомида шундай бўлиб келган.
Шу боисдан, уларнинг ялтироқ сўзларига содда инсонлар алданиб қолмасин учун, уларнинг ҳақиқатини одамларга билдириб қўйиш олимлар зиммасидаги муҳим бурчлардан бири ҳисобланади.
Чунончи, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида Саудия Арабистонида шундай шоввозлардан бири ўзини Маҳдий деб эълон қилган ва одамлардан байъат олиб, атрофига йиға бошлаган эди. Ўшанда имом Албоний раҳимаҳуллоҳнинг шогирдларидан бири бу ишдан қайтариш учун уни зиёрат қилиб, суҳбат қилганидан кейин, сохта Маҳдийнинг араб тилига оид оддий қоидаларни ҳам билмаслигидан ажабаланиб гапирган ва одамларни бундан қайтарган эди. Лекин фурсат кеч бўлиб, кўп ўтмай бу Маҳдий Маккадаги Байтуллоҳ масжидини қуролли гуруҳи билан эгаллаб олиб, зўрвонликка ўтган ва охири иккала тарафдан кўплаб қурбонлар бериш эвазига бу фитна барҳам топган эди.
Шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ эса ўзининг кўп дарсларида قام زيد والمسلمون яъни, “Зайд ва мусулмонлар турдилар” жумласини араб тилида: قام زيدا والمسلمين “Зайдни ва мусулмонларнинг турдилар” деб айтадиган ёки ўқийдиган даражадаги саводсиз одамнинг бошқаларга бошлиқ бўлиши кулгили ва хатарли эканини қайта-қайта таъкидлар эди.
Бугун истилоҳдаги бўлмаса-да, лекин луғавий маънодаги маҳдийликни – яъни энг тўғри йўлни топиб олганлигини – давъо қилаётган ва шу даъво асосида ўзига қарши чиққан мусулмонларни нодонликда ва қўрқоқликда айблаётган “мард” биродарларда ҳам айни хатолар жуда сероб топилади.
Сўзларимизга мисол тариқасида, шижоат ва қизиққонлик билан жиҳодни, аниқроғи, ўзи жиҳод деб ўйлаётган нарсани тарғиб этаётган, мавъизалари интернет орқали видео ва аудио файлларда тарқатилаётган “жаннат ошиқлари” гурухи амири Абу Салоҳ номли “шоввоз”ни келтиришимиз мумкин.
Бу одам ҳар бир мавъизасида жиҳоднинг фазли тўғрисида ворид бўлган оятлар ва ҳадисларни ҳужжат қилиб ва уламоларимиз сўзларидан иқтибос келтириб, мусулмонларни жиҳодга даъват этади ҳамда ҳозирги кунда жиҳодий ҳаракат олиб боришни қоралайдиган мусулмонларга таъна қилиб, уларнинг фикрларини рад этмоқчи бўлади.
Биз Абу Салоҳнинг шахсияти ва унинг илмий салоҳияти тўғрисида алоҳида баҳс қилиб ўтирмаймиз, лекин у кишининг интернетга чиқараётган ташвиқотларида, биринчидан, ўзининг илмсизлиги боис, иккинчидан, динимизда мазаммат қилинган ғулуви, яъни бир тарафга оғиб кетиши сабабли йўл қўйган қатор хатолари тўғрисида суҳбат қилар эканмиз, ўрни келганда у тўғрисидаги айрим фикрларимизни ҳам келтириб ўтамиз.
Шуни ҳам эслатамизки, Абу Салоҳ даъватидан олинган иқтибосларда, унинг савиясини билишингиз учун, иборалари имкон қадар ўзгартирилмай келтирилди. Шунинг учун ундан нақл қилинган жумлалардаги баъзи ғализлик ва имлоий хатолар учун ҳам, оят ва ҳадислар қироати ва таржимасидаги мулоҳазали жойлар учун ҳам, бизни маъзур тутгайсиз.
Демак, Абу Салоҳ ташвиқ этаётган мавъизалар ва уларда йўл қўйилган хатолар тўғрисида қуйидагиларни айтамиз:
Агар айтсалар айтгин!
“Агар айтсалар айтгин!“ деб номланган силсиланинг биринчи дарсида Абу Салоҳ бир ҳадисдаги: “ман йутиъуҳум аксару мимман яъсийҳим (уларга итоат қиладиганлар уларга осий бўладиганлардан кўпроқдир)” жумласидаги: “яъсийҳим“ сўзини “юъсийҳим (яъни, уларни осий қиладиганлар)” деб ўқийди.
Таржимага келсак, шу дарснинг ўзида баъзи олимлар араб тилида айтган: “сабилуллоҳи индал итлоқ..”, яъни: “сабилуллоҳ ибораси мутлақ келган ўринда” деган иборани қайта-қайта: “сабилуллоҳ калимаси лафз қилиб айтиладиган бўлса..” деб таржима қилади. Ҳолбуки бу ерда “Усули фиқҳ” фанида ишлатиладиган муқайядликнинг зидди бўлган мутлақлик назарда тутилган бўлиб: “жиҳод лафзи бошқа сифатлар билан қайдланмасдан, мутлақ келса” дейилмоқчи. Бу хато фақат бу ерда эмас, Абу Салоҳнинг бошқа дарсларида ҳам такрорланади.
Шу дарсда Абу Салоҳ яна бир мисол келтиради: Бир киши араб тилида “салот” сўзининг луғавий маъноси “дуо” эканлигини баҳона қилиб, менам дуо қилаяпман, энди фарз намозларни ўқимасам ҳам бўлаверади, дейиши мумкин эмас.
Кейин эса, бу мисолдан қуйидаги мантиқий хулоса чиқаради: Худди шу каби, бир кишининг “мен илм оляпман, шогирд чиқараяпман” дейиши ҳақиқий жиҳодни ундан соқит қилмайди.
Кўзига бу каби силлогизмлар жуда чиройли ва ўринли кўринган содда инсонлар Абу Салоҳнинг сўзидан таъсирланиб, бугунги кунда ўзига илм олишни ёки таълим беришни лозим топган биродарларни ҳийлакорликда ва қўрқоқликда айблай бошлаши мумкин. Аниқки, гўл ва илмсиз кишилар миясида шундай фикрларни пайдо қилиб, уларни шаръий илмдан ҳам, олимлардан ҳам бездирмоқчи бўлган кимсаларнинг Қиёмат кунидаги жавоби қаттиқ бўлгай.
Лекин жиддий илмга эга бўлган фаросатли инсон учун бунинг оддий бир сўз ўйини эканлигини ҳамда муаллиф бунинг ёрдамида мусулмонларнинг ҳис-туйғуларига таъсир қилишни кўзлаётганини англаш қийин эмас.
Чунки илм олаётган ёки шогирд чиқараётган одамлар бу ишни ўзларига фарз бўлган жиҳодни зиммадан соқит қилиш учун ёки бошқа бир ҳийлани кўзлаб қилмайдилар. Балки улар – Аллоҳ тарафидан инъом этилган, демакки эртага жавоби сўралажак бир неъматнинг шукрини ўташни ҳамда Яратган уларга ишониб топширган буюк омонатни ўз эгаларига топширишни мақсад қиладилар.
Зеро илм олаётган ва шогирд чиқараётганлар Қиёмат куни жаҳаннамни қиздириш учун ўтин қилинажак уч тоифадан бири ношукр олимлар бўлиши ҳақидаги ваъидни яхши биладилар ва бундан қўрқадилар. Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Қиёмат куни Аллоҳ таъоло бир олимга берган неъматларини эслатиб, ундан ушбу неъматлар шукри учун нималар қилгани тўғрисида сўрайди. Берилган илмнинг шукрини адо этган олим нажот топади, риёкор бўлган ва бошқа паст ниятларда илм олган ва тарқатган олим эса жаҳаннамга ўтин бўлади.
Илм олаётган ва шогирд чиқараётганлар жиҳоддан қочиш ниятида эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Орангиздаги энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга ўргатганларингиздир!” деган ўгитларига амал қилиш ниятида диний билимлар билан шуғулланадилар.
Илм ва унинг фазли тўғрисида келган оят ва ҳадисларнинг кўплиги ва ҳатто Абу Салоҳ каби қизиққон биродарларимизга ҳам танишлиги боис, ҳозир уларни бирма-бир келтириб ўтиришимиз шарт бўлмаса керак, деб ўйлаймиз. Фақат салафларимизнинг бир ҳикматли сўзини (валлоҳу аълам, имом Моликнинг сўзи бўлса керак) эслатиб ўтамиз: “Илмнинг жиҳоддан афзаллигига шунинг ўзи кифоя қиладики – жиҳод албатта илмга муҳтождир. Лекин илм жиҳодга муҳтож эмас”.
Дарс давомида Абу Салоҳ айтади, иқтибос:
Агарда сизга: “Ҳозир жиҳод қиладиган пайт эмас, нимага сиз жиҳодга чақирасиз?” дейишса, сиз уларга: “Аллоҳ таъоло Қуръони каримда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй, Пайғамбар! Мўминларни жангга қизиқтиринг!..” /Анфол: 65/ деб, одамларни жангга қизиқтиришга буюраяпти, сиз эса ўткизаяпсиз одамларни.. Аллоҳ буюраяпти, сиз эса қайтараяпсиз”, денг! Яна Аллоҳ таъоло айтади: “Бас, Аллоҳ йўлида жанг қилинг! Фақатгина ўзингиз сўралурсиз! Ва мўминларни жангга қизиқтиринг!” /Нисо:84/
Абу Салоҳнинг бу гапларини эшитган инсонларда: демак, илм ўрганаётган ва унга тарғиб этаётган одамлар бу оятларни билмайдиган жоҳиллар ёки уларнинг далолатини тан олмайдиган фосиқлар экан, деган бузуқ фикр пайдо бўлади.
Аслида эса, бу икки оятнинг ҳақлигида ва уларнинг айнан кофирлар билан уруш маъносидаги жиҳод ҳақида айтилганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Лекин бу оятларнинг Абу Салоҳ ўзи таъкидлаётган: “ҳозир жиҳод қилиш керак”, деган хулосага нима алоқаси борлиги тушунарсиз қолган. Қуръон оятларини истаган мусулмон олиб, хоҳлаган ўрнида ўзича талқин қилиб, қилмишига далил қилиб кетавериши тўғри эмас.
Зеро, юқоридаги икки оятни нозил қилган Зот бошқа оятларда намоз ўқишга, закот беришга, ҳаж қилишга ҳам буюрган, Аллоҳ йўлига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват этишга ҳам чақирган, ота-онага яхшилик қилишга ҳам ундаган, илмга ҳам қизиқтирган, етим-есирга, бева-бечораларга ёрдам беришга ҳам тарғиб этган ва ҳоказо. Нимага энди шунча солиҳ амалларга буюрилган ва тарғиб этилган оятлар орасидан айнан жиҳод оятларини ушлаб олиш керак, деган саволга Абу Салоҳнинг тайинли жавоби йўқ.
Қай ўринда қайси оятлар муқаддам қўйилади, қай ҳолатларда айрим буйруқларга амал қилиш ортга сурилади, яна қай ҳолатларда мавриди бўлмаган пайтда қилгани учун баъзи фармонларни бажарган киши ҳатто гуноҳкор бўлиши ҳам мумкин, буларни олимларимиз китобларида батафсил баён қилганлар.
Абу Салоҳ эса сўзида давом этиб, шундай дейди:
..Аллоҳ таъоло: “Ёлғиз қолсангиз ҳам, ош қилиб туриб дарс қилиб ўтиринг!” демаяпти, балки: “Ёлғиз қолсангиз ҳам жиҳод қилинг!” деяпти.. /иқтибос тугади/
Бу гапни эшитган содда мусулмонларда, гўёки илм олаётган мусулмонлар фақат дастурхон устида ошхўрлик қилишнигина қойиллатадиган, дин йўлида моли ва жони билан жиҳод қилишдан эса ўлгудек қўрқадиган мешполвонлар ва ғайратсиз инсонлар экан, деган тушунча пайдо бўлади.
Ушбу қўпол киноядан, худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қори саҳобалари тўғрисида мунофиқлар айтган: “Бизнинг қориларимиздан кўра қорни қаппайганроқ, тили бурророқ ва урушда қўрқоқроқ қавмни кўрмадик” деган истеҳзонинг ҳиди анқиб турибди. Бундай кесатиқ-киноялардан мусулмон киши эҳтиёт бўлиши керак. Зеро, инсон ўзи парво қилмай, оғзидан чиқариб юборган биргина ноўрин калима сабабли дўзахнинг тубига равона бўлиши ҳеч гап эмас. Албатта, мен Абу Салоҳни мунофиқликда айблаёганим йўқ, лекин у кишига тилига эҳтиёт бўлса ёмон бўлмасди.
Абу Салоҳ шу дарсида яна бир қизиқ гапни айтади:
Юздан кўп оятда жиҳоднинг фарз эканлигини баён қилган ва бундан бошқа оятларда (яъни мазкур юз оятдан бошқа оятларда демоқчи) мужоҳидларнинг фазилатини ва жиҳоднинг фазилатини ва мужоҳидлар учун Қиёматда ҳозирлаб қўйилинган ажр-савобларни баён қиладиган оятларни нозил қилган.
Биз, жиҳоднинг Аллоҳ таъоло буюрган ва тарғиб этган муҳим фарзи кифоялардан эканлигини ва ҳар қачон зарурат туғилганда фарзи айн бўлишини ҳам тан олганимиз ҳолда, юздан кўп оятда унинг фарз эканлиги баён қилингани тўғрисида энди эшитиб турибмиз. Лекин тафсир китобларида бунинг аксини, аниқроғи, Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг: “Аллоҳ таъоло мўминларни ҳижратдан аввал юздан ошиқ оятда жиҳоддан қайтарган” деган сўзларини ўқиганимизни аниқ эслаймиз.
Дарс давомида Абу Салоҳ нима учун жиҳод йўлини танлаш тўғри эканлигини исбот қилувчи ўн тўққизта сабабни зикр қилишини айтади.
Келинг, шу сабабларни у киши билан бирга баҳс қиламиз.
Абу Салоҳ айтади: 1-сабаб. чунки жиҳодга Аллоҳ буюрган…
Ҳозирда жиҳодга эмас, лекин исломдаги бошқа амалларга тарғиб этаётган одамлар ҳам ўз танловлари тўғрилигига худди шу нарсани, яъни Аллоҳ шунга буюрганлигини сабаб келтирадилар ва улар далил ўлароқ келтирадиган оятлар ва ҳадислар ҳам, шубҳасиз, ҳақдир. Юқорироқда бунга айрим мисолларни келтириб ўтдик. Шунинг учун, Абу Салоҳнинг бу даъвоси мутлақо ўринли эмас…
Абу Салоҳ сўзида давом этиб: 2-сабаб. чунки ҳозирги пайтда мусулмонларга фарзи айн бўлди. Жиҳод уч ҳолатда фарз бўлади… деб, мазкур уч ҳолатни шарҳлашга ўтади ва жумладан шундай дейди: ”Жиҳод фарзи кифоя бўлиши учун уни адо этаётганлар адади кифоя қиладиган бўлиши керак. Агар адад бўлмаса (етарли бўлмаса, демоқчи) фарзи айн бўлади. Ҳозирда кифоя қилмайди.. мана, яқинда Ҳалабнинг амири Абу Аҳмад Қатарий билан гаплашдик, у: …адад керак бизга, дейди… кифоя қилмаяпти… демак фарзи айн бўладими – фарзи айн бўлади! .. /иқтибос тугади/
Ўйлашимча, Абу Салоҳнинг ўзи ҳам, агар бироз инсоф билан ўйлаб кўрадиган бўлса, Ҳалаб амири Абу Аҳмад Қатарийга одам етишмаётганлиги туфайли барча мусулмонларга жиҳод фарзи айн бўлади, деб хулоса қилиш бироз кулгили эканлигини англаса керак.
Агар сизни ёки Ҳалаб амирини Ислом уммати жиҳодга сафарбар қилганида эди, барчангизни янги кучлар билан узлуксиз таъминлашни ҳам, сизга қурол-яроғ ва ўқ-дори етказиб туришни ҳам, тиббий ёрдамни ҳам, сиёсий майдонда қўллаб туришни ҳам, маънавиятингиз сусаймаслиги учун керакли тадбирларни уюштиришни ҳам, хуллас, жиҳод учун зарурий барча сабабларни, сўзсиз, уддалаган бўларди. Лекин у киши ҳам, худди ўзингиз каби, умматнинг чақириғисиз, ҳеч кимдан ваколат олмай, бирон олим фатвосига эга бўлмай, аксинча, барчанинг норозилигига ва қаршилик кўрсатишига қарамасдан, у ерга бориб олгансиз. Энди эса, дўппи тор келиб қолганида, бизга адад етмаяпти, демак, умматга жиҳод фарзи айн бўлади, деб масъулиятни умматга юкламоқчи бўласиз?!
Ўйламайсизки, балки жиҳодни фарзи айн деб эълон қилишнинг ва бирон юртда жиҳод бошлашнинг айни жиҳатларини ўйлаганлари ва бошқа кўплаб, сизни хаёлингизга ҳам келмайдиган омилларни ҳисобга олганлари боис уламолар бундай фатво беришга ошиқмайдилар. Чунки улар жиҳоднинг сиз ўйлагандек, бир неча шоввоз йиғилиб қолса бошлаб юборилаверадиган, кейин уларнинг кучи етмай қолганда, жиҳод фарзи айн бўлди, деб бошқалар зиммасига юклаб қўйиладиган оддий иш эмаслигини яхши биладилар.
Бугун сиз Сурияда ишни пачавасини чиқариб, кейин бизга адад етмаяпти, шунинг учун умматга жиҳод фарзи айн бўлади, десангиз, эртага Боснияда бир гуруҳ, индинга Марокашда бир гуруҳ ўз юртида сиз каби ишни “қойиллатиб”, кетидан сизга ўхшаган давъони кўтариб чиқса, аҳвол нима бўлади?! Бугун биргина сизга ёрдам беролмаётганидан шикоят қилаётганингиз уммат, у ҳолда учта-тўртта-бешта жиҳатга қандай ёрдам беради? Ёки: ишни пачавасини чиқаришни биринчи бўлиб биз бошлаб бердик, биздан кейин бош кўтарганларни ҳисобга олиш керак эмас, дейсизми?
Шунинг учун ҳам жиҳод қилиш ваколати – қизиққон ва ҳовлиқма шоввозлар қўлига топшириб қўйилган эмас. Балки бу масалани – фақат ва фақат, умматнинг барча имкониятларини ҳисоб-китоб қиладиган, мусулмонларни ўраб турган воқеликни инобатга оладиган ҳамда оят ва ҳадисни ушбу воқеликка тўғри татбиқ эта оладиган аҳли ҳал вал ақд олимлари ва фазл эгалари ҳал қилишга ҳақли бўладилар.
Абу Салоҳ сўзида давом этади:
“..агар мағрибда бир муслима аёл асир қилинадиган бўлса, машриқдагилар у анави аёлни озод қилишлиги керак. Агар озод қилолмайдиган бўлса, барчалари гуноҳкор бўлади..
Нариги дунёда: “Мен сендан ёрдам сўрамаганидим, мени қутқар демаганидим, мени ана шу Асадни аскарлари билан портлатвор деган эдим, нимага мана шуни қилмадинг?” деган аёл хусуматлашади.. Ўзбекистондаги, Қирғизистондаги аёллар биздан уларни қутқаришимизни хоҳламайди. Портлатиб йўқ қилиб юборайлик, ашилар билан йўқ қилиб юборайлик. Чунки етади шунча азоб. Шуни хоҳлашяпти, холос..” /иқтибос тугади/
Бу билан Абу Салоҳ ҳозир кўп ўлкаларда, хусусан, Сурия ва Ироқда мўминлар қийналмоқда, диндош биродарларидан ёрдам кутмоқда, шунинг учун бундай ҳолатда албатта уларни қутқариш учун жиҳод қилиш керак, демоқчи.
Албатта, мусулмонларда етарли куч-қувват, шон-шавкат бўлса, битта муслима учун ҳам уруш очиш лозимлигида ва бундай ҳолатлар Ислом тарихида бир неча бор рўй берганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Келажакда шу каби вазиятлар қайталанадиган бўлса, яна ўшандай йўл тутилиши мумкинлигини ҳам ҳеч ким инкор этмайди.
Лекин шуни ҳам ёддан чиқармаслик керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Жандал ва Абу Басир каби Маккада ҳибсда ушланиб, мушриклар тарафидан тинмай азобланган мустазъафлар (заиф-нотавонлар) ҳақида бундай демаганлар. Яъни, ўша ҳолатда: жиҳод бошлаймиз, чунки ўша биродарларимизни озод этмасак – барчамиз гуноҳкор бўламиз, демаганлар.
Кимдир айтиши мумкинки, бунга сабаб – Расулуллоҳ билан Макка мушриклари ўртасида бу ҳақда битим имзоланган эди, деб. Лекин сийратдан аниқ маълумки, бундай бечора мўминлар битим имзоланишидан олдин ҳам, ундан кейин ҳам бўлганлар. Макка мушриклари фақат битим имзоланганидан фойдаланиб, мўминларни азоблашга киришмаганлар. Узоққа бормайлик, Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам, барча муҳожирлар билан бирга, айни сабабга кўра Маккадан Мадинага ҳижрат қилган эдилар.
Мен Сурияда ёки Ироқда дини учун жафо чекаётган мусулмонлар билан биз – ўзбекларнинг нима ишимиз бор, демоқчи эмасман, асло! Чунки бундай ҳудбин эътиқодда бўлган нокасни мусулмон дейишнинг ўзи ҳам қийин. Биз, барча мўминларни яхши кўрганимиз каби, ироқлик ва суриялик мусулмонларларни ҳам Аллоҳ учун яхши кўришимизга, уларнинг ҳолига худди ўз яқинларимиз ҳолига ачинганимиз каби ачинишимизга – Аллоҳ гувоҳ.
Биз доимо уларнинг ҳаққига дуодамиз. Ўхшаш ҳолатларда қолган мусулмонларга Расулуллоҳ айтганларидек, биз уларга айтамизки: “Сабр қилинглар ва бунинг учун Аллоҳдан ажр умидида бўлинглар. Аллоҳ сиз ва сизга ўхшаганлар учун бир махраж қилгай!”.
Мен айтмоқчи бўлаётганим шуки, юқоридаги мисолларда нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дин йўлида азобланаётган мусулмонлар борлигини била туриб, уларни озод қилиш йўлида жиҳод бошламаган бўлсалар – ҳозирги уламолар ҳам, айни сабабга кўра бугун жиҳоддан тийилиш лозим, деб уқтирадилар.
Ҳеч бир шоввоз барча инсониятга раҳматан юборилган, хусусан, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда мўминлар учун рауф ва раҳим деб, сизни қийнаган ҳар қандай иш унинг дилига оғир ботади, деб васфлаган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ортиқ меҳрибонликни даъво қилолмайди.
Ёки сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Макка ва бошқа ердаги заиф мусулмонларга мутлақо ачинмаганлар, деб ўйлайсизми?! Агар ачинган бўлсалар, нима учун унда дарҳол жиҳод байроғини кўтармаганлар?! Мағрибдаги аёл учун машриқдаги мусулмонлар оёққа туриши лозимлиги тўғрисида баландпарвоз гапларни айтмаганлар?!
Чунки бандаларига расулидан ҳам кўра раҳмлироқ бўлган меҳрибон Парвардигор у зотга ўша вазиятда бундай қилиш ҳикматдан эмаслигини билдирган.
Бу айтганларим Расулуллоҳнинг Мадинага ҳижрат қилганларидан кейинги ҳолатлар тўғрисида бўлса, қуйидагилар ҳижратдан аввалги ҳолатларга мисолдир.
Нима учун мушрикларнинг Сумайя, Ёсир ва уларнинг ўғли Амморни (разияллоҳу анҳум) азоблаётганини кўра туриб, Расулуллоҳ уларга шердек ташланмаганлар? Ё у кишида сиз каби шижоат йўқмиди?
Нима учун Расулуллоҳ уларга: “Сабр қилинг эй Ёсир оиласи! Сизларга ваъда қилинган жой – жаннатдир!” дейиш билан кифояланганлар? Машриқу мағриб тўғрисида гап очмаганлар? Ё бошқа мусулмонларни уларга ёрдам беришга ундамаганлар?
Нима учун Аллоҳ йўлида азобланиб, орқаси ва боши куйдирилган Хаббоб ибн Аратнинг: “Ё Расулуллоҳ, биз учун дуо қилмайсизми? Биз учун Аллоҳдан ёрдам сўрамайсизми?” деган хитобига жавобан унга аввалги умматлар бошидан кечирган айрим азобу-машаққатларни эслатиб, фақат сабр қилишга ундаганлар ва: “..Сизлар шошилмоқдасизлар!” деб тугалланган машҳур насиҳатларини қилганлар?
Нима учун азобланаётган бечоралар ҳам Расулуллоҳдан хафа бўлмаганлар? Нима учун Ислом тарихида биринчи шаҳид саналувчи Сумайя разияллоҳу анҳо: “Сизларга мени қутқаринглар демаяпман, фақат шу мушрикларга қўшиб ўлдириб юборсанглар бўлди!” деб, қолган саҳобаларга таъна қилмаганлар?
Бундан ҳам аянчлиси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба олдида намоз ўқиётганларида мушриклар таҳқирлаш ва устидан кулиш мақсадида у зотнинг орқасига туянинг ичак-чавоқларини ташлаб қўйганларини сийратдан ҳаммамиз яхши биламиз.
Шунингдек, бирон саҳобанинг бориб ўша нажосатларни Расулуллоҳнинг муборак елкаларидан олиб ташлашга журъат этмай, қўлидан келгани фақат бу хабарни қизлари Фотима разияллоҳу анҳога етказиб қўйиш бўлганини, кейин Фотима келиб (у киши ўшанда ҳали вояга етмаган ёш қизча эдилар), ўша ердаги мушрикларни қарғаганча нажосатни олиб ташлаганини, Расулуллоҳ эса шунгача сабр қилиб саждада турганларини ҳам биламиз. Нимага ҳеч бир эркак саҳобий Расулуллоҳга ўша онда яқинлаша олмади?
Нима учун динимизда Расулуллоҳдан кейинги энг афзал инсонлар саналмиш буюк муҳожирларнинг қўлидан келгани фақат бу воқеадан кичкина қизни ҳабардор қилиш бўлди? Нега ўша саҳобийга, бу ишни ўзи бажармагани учун, на Расулуллоҳ, на қизлари, на бошқа мўминлар – ҳеч ким таъна қилмади?
Бу саволларнинг барчасига жавоб шуки, ўша воқеликда мўминлар қўлидан шундан ортиғи келмасди, бинобарин тоқатлари етмайдиган нарсани улардан талаб қилиш ҳам, бир тарафдан абас-мантиқсизлик, иккинчи тарафдан эса шунчаки мусулмонларни ҳаражга қўйишдан бошқа нарса бўлмас эди.
Чунки мусулмонлар учун бундай провокацияларга жавоб беришдан ва мағлуб бўлишлари олдиндан аниқ бўлган урушга киришдан кўра бу ҳолларга сабр қилиш ва тавҳидга даъватни давом этиш афзалроқ эди. Эҳтимол, мазкур вазиятларда шошқалоқлик қилиб, ҳиссиётга берилиб, босар-тусарини йўқотиб қилич яланғочлаш – Ислом тарихига, ҳали у бошланиб улгурмасиданоқ, нуқта қўйиши мумкин эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи қизиққон саҳобаларнинг шу маънодаги талабларига: “Мен бундай қилишга буюрилмадим” деб жавоб берардилар ва бу билан айни вазиятда сабрни лозим тутиш ва қўлга қурол олмаслик – у зотнинг шахсий ижтиҳодлари эмас, балки Аллоҳ таъоло маҳкам ушлашни талаб қилаётган раббоний манҳаж эканлигини баён қилардилар.
Абу Салоҳ дарсида давом этиб шундай дейди:
“Агар мусулмонларни халифасидан биттаси келиб бир олимга, одамларга даъват қилиб турган, илми манфаати бўб турган бир олимга кеб туриб: “Жиҳодга чиқинг!” дейдиган бўлса, ана шу олим: “Йўқ, мен ҳозир даъватим қаттиқ кетяпти, кучли кетяпти, мен ҳозир чиқолмайман” дейишлиги шаръан ножоиз ҳисобланади. Минг фойда берсин, минг катта олим бўлсин, агар халифа “Чиқ!” дедими, чиқади шаръан!
Агар чиқмаса, қаттиқ гуноҳкор бўлади! Чунки уни ҳаққида жиҳод фарзи айн бўлади! Чунки халифа “Чиқ!” деганлиги учун. Энди, халифани роббиси, халифани Пайғамбарини роббиси Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло: “Енгил бўласизларми, оғир бўласизларми, Аллоҳ йўлида чиқинглар жиҳодга, Аллоҳ йўлида молинглар ва жонинглар билан жиҳод қилинглар! Агар билсанглар мана шу сизлар учун яхшироқдир!” деб турган бўлса, бир инсон: “Йўқ, мен ҳозир чиқолмайман” дейишлиги жоизми?! – Жоиз эмас! Чунки жиҳод ҳозирги вақтда, акалар, фарзи айн бўлди!”.
Аслида, халифа жиҳодга чиқишни кимга буюрмоғининг фарқи йўқ. Хоҳ деҳқон бўлсин, хоҳ савдогар бўлсин, модомики халифа буюрса, унинг жиҳодга чиқмоғи фарз бўлади. Шунинг учун Абу Салоҳ бу ерда албатта олимни эмас, бошқа одамни ҳам мисол келтирса бўлаверарди.
Лекин Абу Салоҳ айнан олим одамга, бўлиб ҳам, ўзининг ибораси билан айтганда: “даъвати қаттиқ кетаётган, кучли кетаётган” олимга урғу беришни истайди. Негаки, унинг ўзига ўхшаган бир неча “олим”дан ташқари барча илм аҳли ҳозир олиб борилаётган жиҳодни ҳам шаръан, ҳам ақлан нотўғри эканлигини таъкидлаб, одамларни ундан қайтарадилар. Буни эса Абу Салоҳ кабилар кечиролмайди ва шунинг учун – бўларга ҳам, бўлмасга ҳам – олимларни танқид қилаверади. Зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, ҳар икки гапида уламоларни мисол қилиб келтираверади.
Ундан ташқари, аслида, халифанинг айнан бир кишига хоссатан берган буйруғи билан мазкур оятнинг барча мусулмонларга умумий хитобини бир-бирига қиёслаб, қани қайси бири кучлироқ экан деб, солиштириш на мантиққа ва на одобга тўғри келмайди.
Лекин Абу Салоҳни ишнинг бу жиҳати қизиқтирмайди. У: “Башар чиқарган фармонга итоат қилиш вожиб-у, Яратганнинг буйруғига бўйин эгмаса ҳам бўлаверадими?!” қабилидаги психологик найранг ёрдамида содда одамлар онгига таъсир ўтказса бўлди.
Аслида эса, агар жиҳодга чиқишнинг фарз бўлиши учун ушбу оятнинг ўзи кифоя қилганида эди, унда олимларнинг: “Жиҳод уч ҳолатда фарз бўлади” деб, халифанинг сафарбарлик тўғрисида фармон чиқаришини ҳам ушбу уч ҳолатдан бири сифатида зикр қилишларида маъно бўлмас эди.
Чунки мазкур оят, худди бошқа оятлар қатори, нозил бўлганидан бошлаб, Қиёматга қадар Қуръонда мавжуд бўлади. Лекин жиҳод қиёматга қадар мусулмонларга фарзи айн бўлиб қолмаслиги аниқ. Зеро, у гоҳида фарзи айн, гоҳида фарзи кифоя бўлади. Аниқроғи, асл қоидага кўра у доимо фарзи кифоя ҳолатида бўлади. Фақат зарурат туғилган чоғдагина фарзи айн даражасига кўтарилади. Зарурат туғилган ёки туғилмаганини эса, Аллоҳга шукрки, Абу Салоҳ каби ўпкасини босолмаган шоввозлар ҳал қилмайдилар.
Сўзининг давомида Абу Салоҳ нима учун ҳозир жиҳод йўлини танлаш лозимлигига яна бир сабаб сифатида қуйидаги гапни айтади:
“3-сабаб. Биз жиҳод қиламиз, мунофиқлардан бўлиб қолмаслик учун, бизда мунофиқлик сифати топилинмаслиги учун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида айтадилар: “Ким ўлса, ғазот қилмаган бўлса, ғазот қилишликни қалбига тугиб қўймаган бўлса, у мунофиқлик шохларидан бир шохда ўлибди”. Мунофиқликнинг қисмларидан бир қисмда ўлибди, деяптилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам… бу ҳадисни имом Муслим Жомеи Сиҳоҳда келтирган…” /иқтибос тугади/
Авваламбор, нима сабабдан Абу Салоҳ имом Бухорий ёки имом Муслимнинг “Жомеи Саҳиҳ”ларини доимо “Жомеи Сиҳоҳ” дейди, жоҳиллигиданми ё тили келишмаслигиданми, тушунарсиз. Иккинчидан, имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадис шарҳида олимлар қуйидагиларни айтадилар. Аввал ҳадис матнини келтирамиз:
“Кимки ғазот қилмаган ва шуни (ғазотда қатнашишни) чин дилдан кўнглига тугмаган ҳолида жон берса, нифоқ шохларининг бирида ўлибди”. Ибн Саҳм айтдики, Абдуллоҳ ибн Муборак шундай деди: “Бизнинг фикримизча, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридагина шундай бўлган”.
Яъни, мусулмонлар кофирлар билан жиҳод қилаётгани ҳолда, имкони бўла туриб бирон марта жиҳодда қатнашмаган ёки лоақал жиҳодда қатнашишни кўнглида содиқ ният қилмаган киши – нифоқ шохларидан бирида ўлган бўлади.
Ушбу ҳадисни ривоят қилар экан, унинг ровийларидан бири – илми, тақвоси ва жиҳодларда кўп қатнашганлиги билан машҳур олим, тобеинлардан кейинги авлод вакили, Абдуллоҳ ибн Муборак – шундай дейди: “Бизнинг ўйлашимизча, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврига тегишли”. Имом Нававий Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ушбу шарҳини (тўғри бўлиши) эҳтимол, дейди.
Кўриб турганингиздек, Абу Салоҳдан кўра илмда ҳам, шижоат ва жиҳодда ҳам устунроқ бўлган олим ўзи ҳақида: “Мунофиқликдан сақланиш мақсадида жиҳод қиламиз” демаган ва жиҳодга чиқмаган одам мунофиқлардан бўлиб қолиши мумкин деб ҳисобламаган, аксинча, бу ҳадис Расулуллоҳ давридаги саҳобалар хусусида айтилган бўлиши керак, деб хулос қилган.
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ даврида фақат мунофиқларгина жиҳодга чиқмай, уйларида қолар, саҳобалар эса, агар жиҳодга чақирилсалар, асло ундан қолмас эдилар. Шу ва бошқа ҳадислардан хулоса қилиб, олимлар: жиҳод – саҳобаларга фарзи айн бўлган, мусулмонларнинг кейинги авлодларига эса у фарзи кифоя саналади, дейдилар.
Ғазотни кўнглига тугиш эса – унга қизиқиш, рағбат қилиш ва орзу қилиш маъносидадир.
“Нифоқ шохларидан бирида ўлади” дейилишига сабаб шуки, жиҳод – нифоқнинг зидди бўлган иймон шохларидан бири. Шунинг учун имом Бухорий Саҳиҳида “Жиҳод иймондандир” деган алоҳида боб ажратган.
Имом Нававий айтади: Бу ҳадисдан шу фоида олинадики: кимки бирон ибодатни ният қилган бўлсаю, уни бажармасдан аввал ўлиб қолса, у киши бу ибодатни умуман ният ҳам қилмай ўлган киши каби мазаммат қилинмайди.
Демак, бу ҳадисдан мурод – мўминни доимо ўзи қилмаётган ё бирон сабабга кўра қилишга имкони бўлмаётган ибодатларни ҳам бажариш ниятида яшамоққа, хусусан жиҳод борасида шундай ният қилиб юрмоққа тарғиб этишдир. Зеро, ўша даврда жиҳод бозори юриб турганига ва ғазотда қатнашиш имкони мавжуд эканига қарамасдан, ушбу ҳадисни ривоят қилган имом Муслимнинг ўзи ҳам, имом Бухорий ҳам, бошқа кўплаб олимлар ҳам бирон жиҳодда иштирок этмаганлиги ва бунинг учун ҳеч ким уларни нифоқ шохида ўлган, деб таъна қилмаганлиги – сўзимиз исботидир.
Бир неча шоввоз ўзича бошлаб юборган эмас, балки халифа ва амирлар қўл остида олиб борилган, демакки шаръийлигида заррача шубҳа бўлмаган, бўлиб ҳам ким кимга қарши урушаётгани номаълум бўлган фитна урушлари эмас, балки чинакам кофирларга қарши жиҳодий юришлар бўлиб турган бир пайтда, имкони бўла туриб мусулмонлар бирон марта ғазотга чиқмаган эканлар, бугунги кундаги мусулмон мусулмонни ўлдираётган фитна урушларига аралашмаётган мўминларни ҳам нифоқда айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Балки, бунинг акси ҳам тўғри бўлиб, бугунги кунда бегуноҳ инсонларнинг, айниқса, мўминларнинг қонидан қўлини пок сақлай олган одам чин мусулмондир.
Боз устига, бугун жиҳод деб аталаётган жанжалларда кимдир қатнашмаётган бўлса, бу – унинг дилида жиҳодга рағбат йўқ, дегани эмас. Одамлар қалбида қандай ниятлар тугишини сиз қаердан биласиз?!
Ҳофиз Ибн Касир: “Ким жиҳод қилса, фақат ўзи учун жиҳод қилгай..” /Анкабут:7/ ояти тафсирида Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Баъзи инсон умрида бирон марта қилич билан зарба бермаган бўлса-да, жиҳод қилган бўлади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Аллоҳ таъолодан содиқлик билан (чин кўнгилдан) шаҳидликни тилаган кишини Аллоҳ шаҳидлар мартабасига етказгай, гарчи ўз тўшагида ўлган тақдирда ҳам”.
/Муслим ривояти/
Албатта бу гапларимизга Абу Салоҳ кабилар: агар содиқ ният қилганида, жиҳодга чиққан бўларди, дейиши мумкин. Лекин бу уларга юклатилмаган ортиқча такаллуф ва худолик ролини зиммасига олиш бўлиб, биз келтирган асарлар ва ҳадислар бунинг аксини исбот қилади. Зеро, Расулуллоҳ ҳам: “Содиқ ният қилган киши албатта жиҳодга чиқиб, ўша ерда шаҳид бўларди, демак у содиқ ният қилмабди” демаганлар.
Абу Салоҳ дарсида давом этади:
4-сабаб: Биз, Раббимиз аламли азоб билан азобламаслиги учун жиҳод қилаяпмиз. Аллоҳ таъоло ояти каримада айтадики: “Агар қўзғалмайдиган бўлсанглар жиҳод учун, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан азоблайди ва ўрнингларга бир бошқа бир қавмни абкеб қўяди. Аллоҳга ҳеч қанақа зарар етказолмайсизлар. Аллоҳ барча нарсага қодир бўлган Зотдир”.
Абу Салоҳ келтирган оят тафсирида Ибн Касир айтади:
Ушбу оят, худди “Енгил ва оғир ҳолтда қўзғалинг!” қавли ва: “Мадина аҳлига ва улар атрофидаги аъробийларга Расулуллоҳ жиҳодга чиққанда у зот билан бирга чиқмай, ортида қолишлари мумкин эмасдир” қавли каби қуйидаги оят билан мансухдир: “Барча мўминлар ёппасига жиҳодга чиқиб кетишлари мумкин эмас, уларнинг ҳар гуруҳидан бир тоифаси … чиқса бўлмайдими?!”.
Бу қавл Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан Басрий ва Зайд ибн Асламдан ривоят қилинади. Ибн Жарир (Табарий) эса буни рад этиб шундай дейди: Бу оят Расулуллоҳ жиҳодга чақирганлиги боис фарзи айн бўлган кишилар хусусида нозил бўлган. Агарда улар жиҳодни тарк қилганларида эди, бунинг учун азобланган бўлур эдилар. /Иқтибос тугади/
Қаранг, насхни инкор қилган имом Табарий ҳам, бу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодга чорлагани сабабли унга чиқиш фарзи айн бўлиб қолган саҳобалар хусусида нозил бўлган ва улар итоат этмаган тақдирда қандай жазоланишлари мумкинлигини баён қилган, деяпти.
Демак, бу оят жиҳод доимо ва ҳаммага фарзи айн эканига далолат қилмайди. Лекин, зарурат юзасидан жиҳод бир қавмга фарзи айн бўлсаю, ўша одамлар уни бажармасалар, улар ўзини аламли азобга гирифтор қилиши муқаррарлигига далилдир. Жиҳод зарурати бор-йўқлигини эса, Абу Салоҳ ҳал қилмаслиги тўғрисида юқорида айтиб ўтдик.
Кейин Абу Салоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким (камон) отишни ўрганиб, кейин уни ташлаб қўйган бўлса, биздан эмас”, деган ҳадисини келтириб, ундан қуйидаги хулосани “истинбот” қилади:
Энди, умуман отишни ўрганмаган одамчи?! Умуман отишликни билмайди?! Умуман қўлига қурол омаган?! – У одам биринчи мақсад қилинган одам… Пайғамбар алайҳис-салом умматидан демасин, агар отишликни билмайдиган бўлса!”
Мазкур ҳадисни имом Абу Довуд қуйидаги лафзда ривоят қилади:
“..Ким камон отишни ўрганиб олганидан сўнг, унга рағбати бўлмай ташлаб қўйса, бу – ўша одам ношукрлик қилган бир неъматдир”.
Имом Муслим эса бошқа лафз билан ривоят қилади:
“Кимки отишни ўрганиб, сўнг уни ташлаб қўйса, биздан эмас, ёки осий бўлибди”.
Ушбу ҳадислар шарҳида олимлар айтадилар:
Қурол ишлатишни машқ қилиш ушбу қуролдан кўзланган фойданинг асосидир. Зеро, агар уни ишлатишни уддаловчи одам бўлмаса, қуруқ қуролнинг ҳеч қандай қиймати бўлмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ қурол ишлатишни машқ қилмоққа тарғиб этиб, унга умуман эътиборсиз бўлишдан ҳам, ўрганиб олганидан сўнг ташлаб қўйишдан ҳам ҳазир бўлишга чақирганлар. Токи, шундагина иззат ва куч-қувват мусулмонлар тарафида бўлгай.
Лекин, отишни билмаган ва қўлига қурол ушламаган одамларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматидан бўлмайди дейиш – бу Абу Салоҳнинг яна бир ҳаддан ошишидир. Зеро, ҳозир ҳам, тарих давомида ҳам, минглаб эмас, миллионлаб мусулмонлар қўлига қурол ушламаганлиги аниқ, ҳатто ушлаган тақдирда ҳам, эҳтимол отишни ёки бошқа турдаги қуролларни ишлатишни яхши билмаслиги мумкин.
Оддийгина мисол келтирсак, масалан, Абу Салоҳ ўзи кўп мисол келтирадиган одамлардан Саййид Қутб ҳам, шайх Албоний ҳам, Абдували қори ҳам, қўлига қурол ушлаганлари ёки отишни билганлари тўғрисида эшитмаганмиз. Агар шунча одамларни Муҳаммад алайҳис-салом умматидан чиқариб юборилса, унда бу умматда Абу Салоҳ ва унинг катибаси ёки тўдасидан бошқа ҳеч ким қолмаган чиқар?!
Асло ундай эмас, албатта. Бу умматга мансублик – қўлига қурол олиш ва уни ишлата билиш билан эмас – мутлақо бошқа сифатлар ва омиллар бўйича аниқланади. Бу ҳақда ақида ва фиқҳ китобларида уламоларимиз батафсил гапирганлар.
Агар айтсалар айтгин! 2
“Агар айтсалар айтгин” силсиласининг иккинчи дарсида Абу Салоҳ даъватини давом эттиради:
Ҳозир унақа замон эмас, ҳозир тараққиётлашадиган замон деган уларни шубҳаларига яна жавобан айтамизки:
– жиҳод қиламиз, чунки жиҳод қилишлик орқали ўзимиздаги ҳозирда мусулмонларнинг бошига келиб турган хорликни кўтаришлик учун..
Тўғри, биз ҳам, кўп соҳаларда мусулмонларни ўз домига олган зиллат-хорликнинг сабабларидан бири – чиндан ҳам, жиҳоднинг тарк қилиниши эканлигини инкор этмаймиз. Чунки бу ҳақида биздан аввалроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар:
“Рибо ила савдо қилиб, сигирлар думидан тутиб, фақат зироат билан машғул бўлишга кўнглингиз чопиб, жиҳодни тарк этиб юраверсангиз, Аллоҳ сизга хорлик кийимини кийгазиб, то динингизга қайтмас экансиз, уни ечмайди”.
/Аҳмад ва Абу Довуд ривояти/
Лекин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хорлик сабабларини фақат жиҳоднинг тарк этилишига боғлаб қўймаганлар, балки ушбу ҳадиснинг ўзида ҳам, савдога рибо аралаштириб, чорва ва зироатга берилишни ҳам, яъни диний бурчларга эътиборсиз бўлган ҳолда дунё ҳаётига берилишни ҳам бунинг сабаблари сифатида зикр қилганлар. Бундан ташқари, хорликка етакловчи қатор омилларни бошқа ҳадисларида эслаб ўтганлар. Чунончи, аввалроқ келтириб ўтганимиз бир ҳадисда:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, маъруфга буюрасизлар ва мункардан қайтарасизлар ё эса Аллоҳ сизларга ўз ҳузуридан бир жазо жўнатгай, сўнг (Аллоҳга) қанча дуо қилсангиз ҳам, ижобат этилмас”. /Аҳмад, Термизий ва Ибн Можа ривояти/
Ушбу ҳадисда амри маъруф ва наҳй мункардан мурод жиҳод эмас, балки мусулмонлар ўзаро бир-бирини яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариши назарда тутилганлиги аниқ.
Сўнгги бир неча асрларда мусулмонларнинг ақидалари, ибодатлари, ахлоқлари ва, умуман, дину дунёга оид кўплаб тушунчалари Қуръон ва Суннат таълимотидан анча узоқлашиб кетганлигини ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бунинг сабаби ҳақ йўлдан биринчи бўлиб четга чиққан одамларни одобга чақирувчилар мусулмон жамиятда ё умуман йўқ бўлганлиги, ё етарли бўлмаганлигидир. Шунингдек, маъруфга чақирувчилар ҳам, яъни турли сабабларга кўра соф Исломий таълимотдан бебаҳра қолган гумроҳларни яхшиликка етакловчилар ҳам, жамиятда етарли бўлмаганлиги – хорлик сабаблардан биридир.
Шу нуқтаи назардан олиб қараладиган бўлса, жиҳодни тарк қилиш аслида сабаб эмас, балки натижадир. Яъни у мусулмонларнинг Китоб ва Суннатга амал қилишдан ва шунга асосланган саҳиҳ диний таълимотдан узоқлашуви оқибатидир. Демак, охирги натижага олиб келган аввалги сабабни, яъни амри маъруф ва наҳй мункарни, соф исломга тўғри даъватни йўлга қўйиш керак. Бу эса фақат саҳиҳ диний таълимни йўлга қўйиш билан ҳосил бўлиши мумкин, асло жиҳод билан эмас. Зеро, жиҳод мусулмонларда диний билимлар ҳосил бўлишига ёхуд амри маъруф ва наҳй мункар каби йўқолиб кетган ёки унутулаёзган шиорларнинг тикланишига олиб келмайди. Аксинча, ҳозирги жиҳод бунинг қоқ тескарисига хизмат қилиши мумкин.
Юқоридаги ҳадис охиридаги: “..то динингизга қайтмас экансиз..” жумласи ҳам фикримиз тўғрилигини тасдиқлайди. Чунки, хорликнинг сабаби фақат жиҳодни тарк қилиш бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “..то жиҳод бошламас экансиз” ёки “..жиҳодга қайтмас экансиз..” деган бўлардилар. Лекин у зот хорликдан қутулиш йўли – жиҳодга эмас, умуман динга қайтиш эканлиги тўғрисида гапирдилар.
Ундан ташқари мусулмон уммати жиҳодни биз тарк қилганимиз учун эмас, балки аждодларимиз тарк қилгани учун жазоланди ва бунинг оқибати ўлароқ, уларнинг авлоди сифатида, биз ҳам балога гирифтор бўлдик ва шу балода давом этаяпмиз. Энди ундан қутулиш йўли Расулуллоҳ айтганларидек динга тўлалигича қайтишдадир.
Жиҳодни тарк қилиш ва диндан узоқлашиш аввалги аждодларнинг хатоси бўлиб, шу туфайли уларнинг ўзлари ҳам, авлодлари ҳам хорлик билан жазоланган бўлса, улардан кейинги авлодларнинг динга том маънода қайтишга интилмаслиги энди буларнинг навбатдаги хатолари бўлади.
Абу Салоҳ сўзида давом этади:
Жиҳод қиламиз:
– Душманларимиз биззи хоҳлаган кўйга сомаслиги учун;
– Динимизни масхара қимаслиги учун;
– Пайғамбаримизни масхара қимаслиги учун;
– Қуръонимизни ёқмаслиги учун;
– Қуръонимизни хожатхонада ишлатмаслиги учун.
Абу Салоҳ келтирган бу нарсалар аслида биз жиҳодни тарк қилганимиз натижалари эмас. Хусусан, душманнинг “биззи ҳар кўйга солиши” – жиҳод қилинмаётгани сабабли эмас, балки динимизни билмаслигимиз ва унга талаб қилинганидек амал қилмаслигимиз натижасидир. Зеро, бизнинг душманимиз фақат инс кофирлари эмас, балки шайтон ва унинг лашкари ҳамдир. Аслида, биз аввал шайтонга қарши курашда енгилганмиз, кейин инсонлардан бўлган душманлар оёғи остида қолдик. Ҳазрати Умарнинг амирлар ва мужоҳидларга йўллаган мактуб-васиятига назар солинг:
“Албатта Аллоҳга тақво қилиш жангдан аввал душманга қарши энг яхши тайёргарлик, жанг пайтида эса кучли ҳийладир. Мен сени ва сен билан бўлганларни душмандан кўра кўпроқ ўз гуноҳларингиздан эҳтиёт бўлишингизга амр қиламан. Зеро лашкарнинг гуноҳи улар учун душманларидан кўра хатарлироқдир. Душманнинг Аллоҳга қилган маъсиятлари туфайлигина, Аллоҳ улар зиддидаги мусулмонларга нусрат беради. Агар ўша бўлмаса, душманга бизнинг қувватимиз етмаган бўларди. Чунки биз сон жиҳатдан ҳам, яроқ жиҳатдан ҳам уларчалик эмасмиз. Шу боисдан, агар гуноҳ-маъсиятда улар билан баробар бўлиб қолсак, улар куч-қувватда биздан устунлиги билан ютиб кетадилар. Бизга нусрат фақат улардан фазлда устун бўлганимиз учунгина берилади. Биз қувват ила улар устидан ғолиб келолмаймиз…
Билиб қўйингиз, доимо устингизда Аллоҳнинг ҳафазалари – сақловчи фаришталари бор, улар қилган ишларингизни кўриб-билиб турурлар. Бас улардан ҳаё қилинг. Аллоҳга маъсият қилманг. Душманимиз биздан ёмон, шу боис улар биздан устун бўлолмайди, деб хаёл қилманг. Бани Исроил маъсиятлар қилганида улар устидан мажусий кофирлар устун бўлганидек, баъзи қавмларга ўзларидан ёмонроқ қавмлар устун бўлган…” /Табарий ривояти/
Ҳазрати Умарнинг охирги жумлаларига эътибор қилинг. Унда Бани Исроилнинг мушрикларга мағлуб бўлиши уларнинг маъсиятларга берилиши натижасида бўлгани айтилмоқда. Бу ерда фақат жиҳод қилганлар, умматнинг пешқадамлари ҳақида эмас, умуман уммат тўғрисида гап кетмоқда.
Шунинг учун, бугун ўзини “мужоҳид” деб атаётганларни умматнинг энг зўр фарзандлари деб фараз қилинган тақдирда ҳам, бутун уммат фасодга ботгани ҳолда, уларнинг жиҳод қилишидан ва онда-сонда ғалаба қозонишидан не фойда?! Аниқки, бир-икки кунлик тантанадан сўнг, яна шу аҳволга – хорликка қайтиб келаверамиз. Чунки юқорида бир мисолда айтганимиздек, қўланса ҳидни асл манбасини йўқотмаганимиз сабабли, атир ҳиди билан озгина кўнглимиз жойига тушган бўлади-ю, сал ўтиб яна ўша бадбўйлик чиқиб келаверади.
Абу Салоҳнинг: “Динимизни масхара қимаслиги учун; Пайғамбаримизни масхара қимаслиги учун; Қуръонимизни ёқмаслиги учун; Қуръонимизни хожатхонада ишлатмаслиги учун…” деган гапларига келсак, бунга икки хил жавоб бериш мумкин.
Биринчидан, бу ҳам, аслида, сабабдан кўра, кўпроқ натижа бўлишга яқинроқ. Яъни, эҳтимол кофирлар, аслида Абу Салоҳ кабиларнинг ножўя ҳатти-ҳаракатлари боис шу ишларни қилаётгандирлар. Худди, оятда айтилганидек:
“Аллоҳдан ўзгага сиғинаётганларни сўкмангиз, токи оқибатда улар ҳам Аллоҳни ноҳақ равишда сўкадилар..” /Анъом:108/
Дарҳақиқат, биз уларни сўкишимиздан ёки уларни жиғига тегадиган бошқа бир ишни қилишимиздан динимизга катта бир фойда ҳосил бўлмайди, лекин улар бизнинг динимизни ва раббимизни сўкишларида динимизга салмоқли зарар бор. Зеро, бу ҳолда биз оламлар раббиси шаънига нолойиқ муомалани бефойда ҳатти-ҳаракатларимиз эвазига ўзимиз сотиб олган бўламиз. Ҳолбуки, биз душманларимиз билан энг чиройли услубларни танлаб, илму ҳужжат билан мунозара қилишга буюрилганмиз. Чунки ҳақиқат шу билан аниқланади, ким рақибини қаттиқроқ сўкишда ёки кўпроқ жиғига тегишда эмас.
Аниқки, биз кимўзарга сўкишиш билан ёки динимизда мазаммат қилинган бошқа услуб ёрдамида душманлардан устун келишга уринадиган бўлсак, бундай ғалати мусобақада ютқазиб қўйишимиз мумкин. Чунки ғайриахлоқий ва жирканч ишларда улардан ўзиб кетиш ниятининг ўзи бизда йўқ ва бўлиши ҳам керакмас. Лекин сатҳий фикрлайдиган гўл инсонларга, агар кимўзарга сўкишда душманларимиз ютиб чиқса (ҳолбуки шундай бўлиши эҳтимоли катта), уларнинг дини тўғридай бўлиб кўринади.
Шунинг учун имом Қуртубий айтади: “Уламолар дедилар: Ушбу оят ҳукми бу умматда барча ҳолатларда боқийдир. Бас, қачонки кофир куч-ҳимояга эга бўлса ва агарда мусулмонлар уларнинг бутларини ва шариатларини сўккан тақдирда, улар ҳам ўз навбатида Исломни, Пайғамбар алайҳис-саломни ёки Аллоҳ азза ва жаллани сўкиши мумкин бўлса, мусулмонга уларнинг ҳочларини, канисаларини сўкиши ҳалол эмасдир. Зеро, бу – (бировни) маъсиятга ундаш қабилидандир”.
Шунингдек, олимлар бу оятни “баҳоналар йўлини тўсиш” қоидасига асос қилиб, гуноҳга олиб бориши мумкин бўлган нарсалар, аслида бошқа ҳолларда ҳалол бўлса ҳам, айни ҳолатда ҳаромга айланади, дейдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ўз ота-онасини сўккан одамга Аллоҳнинг лаънати бўлсин…” деган ҳадисларидан ҳам шу маъно олинади. Ўша ҳадисда айтиладики, одамлар ҳайрон бўлиб: “Наҳотки, киши ўз ота-онасини сўкса?!” деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Ҳа, у бир кишининг отасини сўкади, у ҳам бунинг отасини сўкади. Яна бир кишини онасини сўкади, у ҳам бунинг онасини сўкади” дедилар. Яъни у одам ота-онасини тўғридан-тўғри ўзи сўкмаган, бироқ бировнинг уларни сўкишига сабабчи бўлган эди. Шунга қарамасдан Расулуллоҳ уни ўз ота-онасини сўккан деб эътибор қилинишини ва ўзи сўкмаган тақдирда ҳам, Аллоҳ таъолонинг лаънатига мустаҳиқ бўлишини айтдилар.
Бугунги “мужоҳид”ларнинг қилаётган ишлари ҳам шунга ўхшайди. Улар мабодо ғалаба қозонган тақдирда ҳам умматга жуда катта манфаат бўлмайдиган ишларга киришадилар, бироқ мағлуб бўлсалар уммат учун жуда зарарли мусибатларга сабабчи бўлишлари мумкинлигини англамайдилар. Худди мазкур оят шарҳида сўкишмоқдан фойда камлиги ҳақида айтганимиз каби.
Иккинчидан, кофирларнинг Абу Салоҳни ғазаблантирган қилмишлари, шубҳасиз, бизнинг-да ғазабимизни қўзғайди. Лекин, биз биламизки, у киши таклиф қилаётган нарса мутлақо бу масала ечими эмас. Яъни, ҳозирги “жиҳод” деб аталаётган ҳаракат билан бу ишларга барҳам бериб бўлмайди. Зеро, куфр бор экан, доимо кофирлигини қилади.
Бу нарсалар Расулуллоҳнинг даврида ҳам, бошқа элчи ва пайғамбарлар даврида ҳам бўлган ва ҳеч қачон тўхтамаган. Кўплаб расуллар ва уларнинг издошлари халқига хиёнат қилишда, тарафкашликда, мажнунликда, хотинбозликда ва яна қанча бўлмағур нуқсон ва жиноятларда айбланганлар. Уларга бугунгидан кўра хунукроқ лақаблар тўқилган ва улар тинмай ҳажв қилинганлар.
Лекин мақолда: “Ит акиллайверади, карвон ўтаверади” дейилганидек, бу каби ишлар уларни қуюшқондан чиқариб, жунбушга келтирмаган, уларнинг асл мақсадларидан бура олмаган. Зеро, куфрнинг мақсади ҳам шу – бизни фойдали ишлардан буриб, бефойда ишларга чалғитиш. Шунинг учун, пайғамбарлар ва уларга эргашган буюк зотлар бу каби чалғитувчи ишларга жазава қилмай, одамларни Аллоҳнинг динига даъват этиш, улар орасида яхшиликни ёйиш ва ёмонлик илдизини қирқиш каби ишлардан иборат шомил рисолатни адо этишда бардавом бўлганлар.
Абу Салоҳ давом этади:
Жиҳод қиламиз, шунда улар бизни қувватимизни кўради..
Жиҳод қиламиз, уларни қалбига қўрқув соламиз. Қўрқув солгандан кейин улар бизга бунандақа тажовузларини қилмай қолади. Хоҳлаганини қилолмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло сиз билан бизни мана шундай бўлишликка, кофирларга нисбатан шиддатли бўлишликка буюрди…
Тўғри, мўминлар Ислом душманларига, хусусан, уларнинг ўзи мусулмонларни урушга киришга мажбур этган ўринларда, иймон куч-қуввати, фидойилик, шижоат ва мардликнинг олий намуналарини намойиш этадилар. Бироқ, бу тушунча мутлақ-чегарасиз бўлмай, балки шунга етарли имкониятлари бўла туриб, душман билан муаммони урушсиз ҳал қилиш имкони қолмаган ҳолатлардагина шундай бўлади.
Аммо мусулмонларнинг ҳақиқий кучига келсак, у жиҳодда, урушда ва жисмоний ёки бошқа моддий устунликда эмас, балки кўнгилни хотиржам қилувчи соф ақидасида ва ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам фойда келтирувчи билимларида ҳамда эзгуликни биринчи ўринга қўювчи диний-маънавий салоҳиятидадир. Кофирларга қарши урушларда мўмин кишини душманидан ажратиб турадиган жиҳати ҳам, яъни унинг ўлимдан қўрқмаслиги ва кофир ўлимдан қанчалик қўрқса, бунинг ўлимга шунчалик шавқ билан интилиши ҳам, айнан унинг эътиқоддаги устунлигига бориб тақалади.
Яна, мусулмонларнинг куч-қуввати уларнинг ахлоқида, Яратганнинг ҳақларини ҳам, халойиқнинг ҳуқуқларини ҳам ўз вақтида ва чиройли адо этишидадир.
Аллоҳ тақводорлар билан биргадир, адолат қилувчилар билан биргадир, муҳсинлар билан биргадир, собирлар билан биргадир каби оятлар Аллоҳ таъолонинг айни сифат эгаларига хос ёрдам беришини, уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшишини англатади.
Ундан ташқари бу уммат ўзаро низолашмаслиги, унинг барча аъзолари бир-бири билан иноқликда яшаши, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиши эвазига ҳам бошқа умматларда бўлмаган раббоний куч-қувват касб этади.
Мўминлар шу ва бошқа кўплаб маҳмуд сифатлари эвазига, аслида, адад жиҳатидан оз бўлсалар-да, душманлари зиддига Аллоҳдан ўзлари учун мададга ҳақли бўладилар. Ва, аксинча, бу сифатларни йўқотишлари миқдорича, Аллоҳнинг мададидан ҳам, демакки кучларидан ҳам, шу қадар мосуво бўладилар. Сўзимиз ҳақлигига Қуръони каримдан ва Саҳиҳ Суннатдан кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Мана, биргина мисол – Аллоҳ таъоло айтади:
“Аллоҳга ва Расулига итоат қилинг ва ўзаро тортишманг, йўқса бунинг оқибатида сустлашиб, қувватингиз кетгай. Сабр қилинг! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”. /Анфол: 46/
Талашиб-тортишманг деган буйруқ – мусулмонларга барча ишларда, хусусан, умумхалқ тақдирига салбий ё ижобий таъсири кучли бўлган жиҳод каби масалаларда, бир-бирлари билан, айниқса олимлар ва амирлардан иборат иш эгалари билан машварат-маслаҳат қилишни тақозо этади. Ушбу оятга биноан оддий мусулмонлар ҳатто бир-бирлари билан ўзаро тортишишдан қайтарилган бўлсалар, улар учун олимлари ва иш бошилари билан низога бормаслик янада таъкидлироқдир.
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг муқаддам келтириб ўтилган васиятида ҳам айни маъноларни мулоҳаза қиламиз:
“Аллоҳ таъоло душманларнинг маъсиятлари туфайлигина, уларнинг зарарига мусулмонлар фойдасига нусрат беради. Агар ўша бўлмаса, душманга бизнинг қувватимиз етмаган бўларди. Чунки биз сон жиҳатдан ҳам, яроқ жиҳатдан ҳам уларчалик эмасмиз. Шу боисдан, агар гуноҳ-маъсиятда улар билан баробар бўлиб қолсак, улар куч-қувватда биздан устунлиги билан ютиб кетадилар. Бизга нусрат фақат улардан фазлда устун бўлганимиз учунгина берилади. Биз қувват ила улар устидан ғолиб келолмаймиз…”
Ундан ташқари, Абу Салоҳ айтганидек, душман қалбига қўрқув солиб қўйиш ёки уни тортиб олиш бизнинг қўлимизда эмас. Балки бу – Аллоҳ таъоло ваколатидаги ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Келажакда, худди емакхўрлар товоққа (текин овқатга) бир-бирларини чорлагани янглиғ, бошқа умматлар сизнинг устингизга (шавкатингизни синдириш ва диёрларингизни тортиб олиш азбаройи осон бўлганидан) бир-бирларини таклиф қилмоғига бир баҳя қолади” дедилар. Шунда саҳобалар: “Ўшанда озчилик бўлганимиздан шундай бўладими ё Расулуллоҳ?!” деб сўрашди. Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Йўқ, сизлар у кунда кўп бўласиз, лекин сел кўпигичалик арзимас кўпик бўласиз. Батаҳқиқ, Аллоҳ душманларингиз қалбидан сиздан қўрқиш-маҳобатни олиб қўйиб, сизнинг қалбингизга бўшлик солгай”. Сўрашдики: “Бўшлик нима, ё Расулуллоҳ?!”. Расулуллоҳ жавоб бердилар: “Дунёга муҳаббат ва ўлимни ёмон кўриш”. /Абу Довуд ва Аҳмад ривояти/
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам душманнинг юрагидан қўрқув-маҳобатнинг олиб қўйилиши, мусулмонлар қалбига эса бўшлик, яъни дунёга муҳаббат билан ўлимни ёқтирмаслик солиниши – Аллоҳ таъолонинг иши эканлигини қасам ва таъкид сийғасида айтдилар.
Дарвоқе, Абу Салоҳ ҳам мазкур ҳадисни дарсда чала-чулпа келтирган бўлиб, кейин уни оёғини осмондан қилиб шарҳлаган. Шунинг учун, унга ҳам тўғри шарҳ бериб ўтишимизга тўғри келади.
Абу Салоҳ айтишича, бу ҳадисда охир замондаги мусулмонлар, яъни биз, дунёга муҳаббатимиз туфайли ҳамда ўлим ва жангдан қўрқишимиз боис душманларга текин ем бўлишимиз хабари берилиб, ундан қутулишнинг ягона йўли – жанг қилиш ва ўлимни яхши кўриш деб уқтирилган экан.
Бу иддаонинг аввалги қисми тўғри, охирги қисми эса нотўғридир. Чунки, охир замонда мусулмон умматнинг кофирларга текин емак бўлишига сабаб, чиндан ҳам уларнинг қалбини буткул эгаллаган дунё муҳаббати ва ўлимга нафратдир. Лекин бу нуқсон мағлубият сабаби бўлиши билан бир қаторда, шу вақтнинг ўзида бошқа бир камчиликнинг натижаси ҳамдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки сифатни Аллоҳ таъолонинг ўзи мусулмонлар қалбига солиб қўйишини айтдилар. Демак, шунга лойиқ иш қилганларки, уларнинг қалбига икки ярамас сифатни солиш билан Аллоҳ уларни жазолайди. Бинобарин, Аллоҳ таъоло нима сабабдан мусулмонлар қалбига дунёга муҳаббат ва ўлимга нафратни жойлаган бўлса, то ўша сабабни йўқотмагунча, улар бу иллатдан қутулишлари ва бинобарин мағлубиятдан ғалаба сари қадам қўйишлари мумкин эмас.
Агар Абу Салоҳнинг гапини соддароқ мисол билан баён қилмоқчи бўлсак, унда: “агар иситмамиз чиқса, биз унга қарши иситма чиқармаслик билан курашамиз!”, деган кулгили маъно чиқади. Тўғри гап эса шуки, аслида иситмага қарши иситма чиқармаслик билан эмас, балки уни келтириб чиқарган иллатни йўқотиш билан курашиш керак. Йўқса, машқ тренажерида бўлганидек, тезликни қанчалик оширмайлик, халлослаб, ўзимизни нечоғли уринтирмайлик, жойимиздан жилмай тураверамиз.
Бизнинг мисолимизда эса, иситмани келтириб чиқарган, яъни қалбимизга ярамас иллатлар жойланишига сабаб бўлган нарса – бизнинг динимиздан, Қуръон ва Суннат таълимотидан узоқлашувимиздир. Айни нарсага аввалги ҳадислардан бирида ҳам ишора қилиб ўтилди-ки, токи динимизга тўла қайтмас эканмиз, тренажерда беҳуда чарчаётган киши каби, барча уринишларимиз, шу жумладан, биродарларимиз “жиҳод” деб атаётган ҳаракатлари ҳам, бесамар кетаверади. Тавфиқ Аллоҳдандир.
Давоми бор..
Абдуллоҳдан
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"9" Comments
  1. Maqolani qaerdan kochirgansiz kim yozgan ozini tanitsin.

  2. Turkiylar buyuk tarixi 5-10 asrlar

    Terroristlarga faqat Tangrim dini bilan kurashish yaxshi natijalarga olib keladi va bo’lajak terroristlarni va jihodchilarni to’xtatadi.

    • Bu dinni hattoki o’z kitobi, dasturi yuqku, qanday qilib kurashadi? o’zligini saqlab qola olmagan din bulsa!

      • Turkiylar buyuk tarixi 5-10 asrlar

        Tangrim dinini o’rganish uchun biron kishi tomonidan yozilgan kitobni oqish shart emas. Tangrim dini haqida juda ko’p kitoblar bor bo’lsa ham. Asosiy narsa Tangrim ga sig’inish va ishonish kerak. Tangrim sabab 5-10 asrlar da 2ta buyuk Turkiy hoqonliklar qurildi. Islom dini 960 yilga qilich bilan ornatildi va Tangrim dini taqiqlandi
        Mana shu vaqt dan beri buyuk Turkiylarning avlodlari arablarga BEPUL xizmat qilishib terrorchi va jihodchi degan nomni olayapti.

        • Ozod va hoqonlarni Tangrisi amerika. ular amerikaga sig’inishadi.
          Turkiylar buyuk tarixi 5-10 asrlar, shu linkka borib kur, xattoki John Kerry ham Uzb.ga kelib hamma narsani maqtab ketti. uzi ishonadigan demokratik tamoyillarni buzilish tug’risida, freedom of speech tug’risida lom-mim demadi. BULARNING ASL BASHARIS SHU. Uzlari aytgan gapiga, targ’ib qiladigan idealogiyasini uzlari amal qilmaydi:

          http://www.fergananews.com/news/24087

          • Turkiylar buyuk tarixi 5-10 asrlar

            Tangrim senga Amerika emas. Tangrimdan qorq . Buyuk Turkiy ajdodlarimizning arvohi seni uradi.
            Arabning quli bolsang ham Yaratgan ni esla.

        • Uzbekistondagi musulmonlar ham Hudoyim, Ilohim, Parvardigorim, Tangri Taolo deyishadi. Qanaqa Tangrim dini to’g’risida gap ketyapti? endi eshitishim

  3. Turkiylar buyuk tarixi 5-10 asrlar

    Abu Salohni terrorist qilgan islom dini . Unga qarshi islom dini bilan kurashish befoyda. Abu Saloh Quronni har kim dan yaxshiroq biladi.
    Gitlerga qarshi natsitlik g’oyasi bilan kurashish naqadar ahmoqlik ekanligini kabi.

    • Менимча эса, Абу Салоҳ фитначи ва ислом душманларининг қўлидаги вақтинчалик қўғирчоқларидан бири. Бу мақолани ёзган йигит эса ислом тарбиясини топган, маърифат кўрган инсон. Буни фарқлаш учун катта ақл, ўткир кўзойнак шарт эмас. Фақат холислик керак.

Leave a Reply
*