Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-23)
07/20/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

23. Адабиёт жаллоди
1.
Жалолиддин Румийнинг аломат бир ҳикояти бор, баққол ва унинг тили ширин тўтиси ҳақида.

Ўша тўти дўконга келиб-кетаётганларга латиф бир сўз айтади, одамларни ўзига маҳлиё этиб, эгасининг кўнглини олади.

Узун кечалар эса, бутун бир дўконга хожа ҳам ўзи.

Шундай кечаларнинг бирида нимадир бўлади-ю, тўти сесканиб ўзини тўрт томонга уради ва гулмой тўла шишаларни тушириб юборади, улар ерга тушиб, чилпарчин бўлади.

Эрталаб баққол келади, қараса, дўкон остин-устин, ҳамма ёқ мой.
Унинг миясига қон уради ва ғазаби қайнаб, тўтини қўйиб юборади.

Зарб келиб, шўрликнинг бошига тушади. Ва тўтининг боши ёрилиб, тилдан қолади.

Баққол қараса, аҳвол чатоқ. Аввалги тароват йўқ. Кўнгилочар тўтиси кал бўлиб қолган, яна чалажон. У пушаймон бўлади, тўтига меҳрибонлик қилади, қаландарларга садақа беради, лекин иш битмайди. Тўтининг тили калимага келмайди, сира.

Кунлар ўтади. Иттифоқо, бир кун дўкон олдидан бир яғир кал ўтиб қолади. Уни кўриб, юраги ҳаприғиб, тўти беихтиёр тилга киради ва ҳовлиқиб ундан сўрайди:

– Эй кал, нега каллар ичра сен?
Синдирдингми сен ҳам гулмой шишасин?

Умарали Норматовнинг «Насрнинг мунаввар йўли» мақоласини ўқиб, шу ҳикоят хаёлимдан ўтди, Одил Ёқубовга шундай дейилса, ўринли мутойиба бўлар экан, деб ўйладим. Бундай қочиримдан у нашъа қилса керак…

Нимага десангиз, мунаққид унинг ижоди ҳақида жуда холис ва самимий мулоҳаза юритган, «Улуғбек хазинаси» кескин руҳий ҳолатлар талқини билан тарихий романчиликда янги йўл очгани алоҳида таъкидланган, «Очиғи, «Ўтган кунлар»дан кейин миллий адабиётимизда мени ҳаяжонга солган роман шу бўлди», деб кўнглидаги гапни очиқ айтган.

Кейин мунаққид ўз вақтида Одил Ёқубов «Ўтмишдан эртаклар»да қора бўёқлар, бир-биридан мудҳиш ва кўнгилсиз тафсилотлар кўпайиб кетгани, «Тобутдан товуш»да яланғоч саҳналар, «Нурли чўққилар»да эса, қаҳҳорона ифода етишмаслиги ҳақида жиддий эътироз билдирганини таъкидлаган.

Яна кимга? Қаҳҳорга! Ўша, сўзга талабчан ва қаттиққўл Абдулла Қаҳҳорга! Тўғри, Озод Обидовичнинг айтишича, уйида у забони форсийда сўзлашган , аммо ўзбек тилига ҳам талабчан бўлган!

Серқирра истеъдод, дегани шу!

Қип-қизил талант!
Турган-битгани “ҳикмат”!
Ўзиниям, хотининиям!
Яна, уларнинг топишганини қаранг!

“Ёшлар, албатта, бу икки инсондан яшаш ва севиш санъатини ҳар қанча ўрганса оз, – дейди Озод Обидович. – Айниқса, бугунги кунда “инсоний бахтнинг калити қайди? Кимга ўхшаб яшаган маъқул?” деб йўл излаб юрган ёшлар учун улар ғоятда ибратли” .

Бозорчилик.

Бозор муносабатлари шунақа бўлади, ўзи!

Хуллас, шундан сўнг Норматов «Қаҳҳор одамлари» деган ғаройиб атама қўллайди ва чексиз ҳаяжон билан бу «хонадон»да, бу «ижодий тафаккур мактаби»да, бу «адабий дорилфунун»да вояга етган Пиримқул Қодиров, Озод Шарофиддинов, Ўлмас Умарбеков каби «Қаҳҳор одамлари» орасига ҳеч ўйлаб ўтирмай Одил Ёқубовни ҳам тиқиб юборади.

Яна, буни у адиб учун чексиз бир шараф дея талқин этади.

Ана шундан сўнг мунаққид Одил Ёқубовнинг бахти нимада экани ҳақида баҳс этади.

Унинг башоратича, ёзувчининг бахти шундаки, биринчидан, олтмишинчи йилларда шўро адабиётида яшариш фасли бошланди.

Иккинчидан, Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Валентин Распутин каби адолатпарвар адиблар юзага чиқиб, адабий жараёндаги яшаришни ҳимоя қилди.

Учинчидан, «бизда ҳам айни шундай ҳодиса рўй берди. А. Қаҳҳор қаноти остида уюшган ўнлаб ижодкорларнинг… асарлари виждон садосига… айланди».

Назаримда, ўхшамаяпти!
Бир нима етишмайди.
Нотабиий. Умуман, мантиққа зид.
Шундай эмасми?!

Ахир, ўзингиз ўйланг, Распутинлар Одил Ёқубовдан анча-мунча ёш, ҳатто Чингиз Айтматов билан Расул Ҳамзатов ҳам…

Одил Ёқубов ўша авлод билан басма-бас қадам ташлаб келаётган забардаст адиб. Эллигинчи йилларнинг охирида у «Муқаддас» қиссасини яратиб, олтмишинчи йил январда «Шарқ юлдузи»да эълон қилган. Ва бу асарни “қаттиққўл устоз”нинг қаноти остида эмас, балки у юз ўгирган ўша, «Литгазета»дан ҳайдалиб, эзилиб-қийналиб юрган вақтида ёзган.

Умарали Норматов буни билса керак?

Ғалати-я!

Гарчи, шуни билса-да, у асов отлар каби, аравани бир томонга суриб кетади. Нимага десангиз, у эҳтирос одами, ҳаяжон боис, ҳам арава тортади, ҳам чангитиб шудгор қилади ва бира-тўла мола босиб ўтади.

Боғ хаёли боққа, дўкон хаёли эса, дўконга олиб боради, дейди Румий.

У Қаҳҳорни улуғласа, бас! Қаҳҳор деса туриб кетади!

Ва эҳтирос туфайли Қаҳҳорнинг «момақалдироқдай янграган» мақоласи ёзилиши ва «Литгазета»да чоп этилиши ҳам Ёқубовнинг хизмати дея таъкидлайди ва мутлақо тескари тасаввур уйғотади.

Кейин у гапни айлантириб келиб, игнанинг тешигидан туяни ўтказади.

Улуғбекнинг «бошига тушган савдолар, энг қалтис дамларда унга яқин, ҳатто ундан яхшилик кўрган бандаи ожизлар орасидаги саросима, иккиланиш, устоз алломадан юз ўгириш, хиёнатлар бизнинг замонамизда ҳам бўлди-ку! Бўлаяпти-ку! Узоққа бормайлик, Абдулла Қаҳҳор!..», дейди энтикиб.

Ё Раббано! “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” шилдирларинг мунча товламачи бўлмаса!

Ахир, Султон Улуғбек қаёқда-ю, Мавлон куфур қаёқда!

Ёмғирдан чаккиси ёмон, дегани шу!

Шапалоқдай мақола ўзи, аммо қанча мақсадга хизмат қилиши лозим!

Ва бундай ўйдирма ўша замонда қандай курашлар бўлиб, ким кимга ва нимага хизмат қилганини тўсиб-пардалаб ташлайди!

Лекин, у гапни қанча чувалатмасин, калавани бир учи, бари бир, кўриниб қолади.

Ҳақиқат ҳар нарсадан кучли ва азиз.

Ўша воқеа аслида бундай бўлган.

«Мен Чингизга ҳавас қиламан, – деб ёзади Одил Ёқубов «Фарзандлар бурчи»да. – Илк қиссаси «Жамила»ни Мухтор Авезовдай улуғ ёзувчи кўриб, унга оқ фотиҳа берди, сўнг, то умрининг охиригача ўз шогирдининг ижодини кузатиб, йўл-йўриқ кўрсатиб келди.

Гоҳо ижод ҳақида, бошимдан ўтган қийинчиликлар ҳақида, қилган хатоларим ҳақида танҳо ўйлаган чоғимда, адабиёт аталмиш бу улуғ даргоҳнинг муқаддас эшигини очиб кирган пайтларимда қаттиққўл, бообрў бир устозим бўлмаганидан ўксийман, хафа бўламан».

Шундан сўнг Ёқубов катта истеъдодгина ўзидан кейинги авлодга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин эканини айтиб, бир нохуш воқеани эслаб ўтади.

«Бир куни кўчада кетаётсам, бир-икки куйлакни мендан олдин тўздирган бир адиб учраб қолиб, секин четга тортди.

– Табриклайман, ука! Ҳамза театрида иккита пьеса қўйдириш ўзи бўлмайди. Академик театр, а? Манаман деганлар битта пьесани ўтказолмай юрипти-ю, иккитасини дўндириб қўйибсан. Қойил! Лекин, ҳайронман, бошларига кўтарса арзийсан-у, аммо миқ этишмайди. Билиб, билмаганга олишади. Кимсан, академик театр, а? Хўп, хайр, аммо қойил, ука!

Бу гаплардан мен ҳовлиқмай ким ҳовлиқсин?

Ким билсин, балки ўша ёзувчи: «Ука, асарларингни кўрдим. Мана буниси бўлмайди, лекин ана унисини шошилмай ишласанг, тузук бир нарса чиқиши мумкин. Аммо эҳтиёт бўл, жуда ҳовлиқаяпсан. Истеъдодингни жувонмарг қилиб қўйма, мабодо!» – деб, астойдил койиганида, балки бунчаликка бормас эдим!

Эътибор беринг, яхши асар ёзибсан, демади. Академик театрда иккита пьеса қўйдириш осон эмас, деди. Бошларига кўтарса арзийсан-у, лекин индашмайди, деди.

Ёшликда кишининг иззат-нафсини қўзғатувчи, кўнгилдаги шуҳратпарастликни қитиқловчи бундай қочиримларнинг таъсири ёмон бўлади!

Ўшанда мен бу гапнинг туб моҳиятини ўйлаб ўтирмасдан, коса тагида нимкоса борлигини билмасдан, баттар ҳовлиқиб «индамаганларга кўрсатиб қўйиш учун» бир йилда яна иккита пьеса ёзиб ташладим!»

Шу ўринда масалага ойдинлик киритиш лозим. Чунки Одил Ёқубов, гарчи русча таълим олган бўлса-да, ўзбекона тарбия устунлик қилиб, ўша «индамаган»га қандай кўрсатиб қўйганини очиқ айтмаган.

Мен «Фарзандлар бурчи»ни ўқиб чиққач, бир-икки куйлакни сиздан олдин тўздирган ўша адиб ким ўзи, деб уни қийин-қистовга олдим, аммо сирни очишга у журъат қилмади. Шунда:

– Ҳақиқатни ёзаман, дейсиз, лекин “шап-шап”дан нарига ўтмайсиз, ахир, минг “шап-шап”дан бир шафтоли яхши-ку! – деб унинг қитиқпатига тегдим. Ахийри, у ўша воқеани айтишга мажбур бўлди.

– Энди бу ҳаёт, ука! – деди Ёқубов ҳаяжондан бўғриқиб, кейин у ёқ-бу ёққа қараб олиб, паст ва бўғиқ овозда давом этди. – Вақти-соати келмагунча айтиб бўлмайдиган гаплар ҳам кўп!

Ўшанда, биласизми, нима бўлган, деб ҳикоя қилган у, ўша ёзувчи «бошларига кўтарса арзийсан-у, лекин индашмайди», дегач, мен ёниб-ловуллаб кетганман, хўш, индаши учун нима қилиши керак, дедим. Шунда у, ҳозир Уюшмада мажлис бўлади, бориб Яшиннинг ёқасидан ол, деди ва йўл-йўриқ кўрсатди!

– Токи у сен билан ҳисоблашсин! Бўлмаса, кўкартмайди! – деб уқтирди.

Ва мен шундай қилдим.

Ўша ёзувчи қандай ўргатган бўлса, худди шундай ¬ мажлисга қуюндай бостириб кириб, ғазаб билан сўзга чиқдим ва қайнаб – тошиб Яшин аканинг гирибонидан олдим!

Шўрлик Яшин ака нима бўлаётганини, бу балойи азим қаёқдан келиб ёқасига ёпишганини англай олмай, лолу ҳайрон, менга жовдираб қарайди.

Ҳайъатда катталар ўтирибди. Мен болта билан дарахтнинг илдизига қарсиллатиб ураяпман, аяш йўқ, юзингда кўзинг борми, дейиш йўқ…

Уюшманинг чангини чиқариб ташладим. Ўшанда нега шундай қилганимни, қаёқдан куч олганимни ўзим билмайман, ҳатто!

Кейин узоқ йиллар уялиб, домланинг кўзига қарай олмай, ўзимни четга тортиб юрдим!

Бир куни Ҳалима опа: – Одилжон, бизникига ҳеч ўтмайсиз? – деб қолди.

Мен опани жуда ҳурмат қиламан.

Бундай инсонларга муҳаббат болаликда уйғонади ва кейин ҳам кўнгил қатида яшайди.

Ўн бир-ўн икки яшар пайтим, Қарноқда, Умар ака деган одамнинг уйида, патефонда Ҳалима Носированинг катта ашуласини эшитганман. Шалоладай қуюлиб оққан бу мунгли наво, беғубор ва сержило оҳанглар, мумтоз куй ва қўшиқ илоҳий нур каби дилимни ёритиб юборган.

Опанинг ноласи ҳаммани сел қилган, йиғлатган!

Мен шу дарёдан сув ичиб, унга қўшилиб-оқиб катта бўлганман.

Опа ҳақидаги болалик тасаввурим кейин ҳам ўзгарган эмас.

У саҳнада ҳам мудом ўзини табиий тутар, айрим санъаткорларга ўхшаб, сулув ва ёш кўринишга ҳаракат қилмас эди. Ва бунга муҳтож ҳам эмасди, ўзининг қадр-қимматини жуда яхши биларди.

У чинакам санъаткор бўлишидан ташқари, дарёдек бир меҳрибон аёл эди, худди туғишган опангдай меҳри товланиб сўзлашарди. Шу сабаб бўлдими, бошқами, ишқилиб, опага юрак очдим.

– Вой, аннаниб кетай сиздан! Шунга изза бўлиб юрибсизми, ҳали? – деб опа кифтимга қоқиб, мени уйига бошлаб борди, сийлаб меҳмон қилди ва Яшин аканинг олдидаги хижолатпазликдан қутқарди.

Унинг бу яхшилигини ҳеч унутмайман…

Модомики, ҳикоямиз ижодкор шахси ҳақида экан, шу ўринда Ёқубовнинг ижодий сир-асрорига ҳам бир тўхталиб ўтсак.

Адиб асарни аввал хаёлида яратади. Обдон ўйлаб, воқеаларни бир-бирига чамбарчас боғлайди. Ҳатто Бухоронинг чевар қизлари ҳам палакларни бундай пишиқ тўқий олмайди. Ниҳоят, қаҳрамонлар қиёфаси ва уларнинг руҳий ҳолатлари, бутун бир жараён тасаввурида аниқ-тиниқ жонланади. Масалан, қуйидагича:

Бир ёш зиёли бўлади.

Унинг нафси ҳакалак отган қаттиққўл устози, қўйи ва қўзичоғи бўлади.
Қўзичоқни ўғли яхши кўради.

Бир куни ўша сўхтаси совуқ устоз ёш зиёлининг уйига ташриф буюради. Ва аксига олиб, ўша қўзичоққа кўз тикади.

Юз амри иссиқ. Қолаверса, устоз махфий хизмат хуфяси. Полковник. Ёш зиёли ундан ҳайиқади. Кел, қўй, шу бир қўзичоқни деб, бошимга бало орттириб олмай, дейди. Ва қўзичоқни сўяди. Бола эса, меҳмонни ёмон кўриб қолади.

Ҳатто, у адам нега бу амакидан қўрқади, деб ўйлаши мумкин…

У қаёқдан билсинки, бу оламда шундай сиру синоатлар мавжуд ва тилсимлар бош устингда қуюндай айланади. Кимларнидир сенга Бўжи қилиб кўрсатади ва унинг ҳукмини ўтказади. Аслида ҳам, инсу жинсга айланиб кетган ўша малъун Бўжидан беш баттар. Бўжи ҳам ўша қавмдан, асли, Чингизхон ҳам…

Майли, бу ўз йўли билан…

Одил Ёқубов асарга шундай тартиб беради. Ва у асар уюрма каби хаёлни ўраб-чирмаб олади. Агар, эътибор берган бўлсангиз, дунёнинг ишлари ҳам аслида шундай.

Ва мен билган шу руҳдаги асарлар ичида яна бири борки, ниҳоятда таъсирли ва фавқулодда назокат билан ёзилган. Афсуски, ундан баҳраманд бўлиш кўпчиликка насиб этмади.

Адашмасам, саксон тўққизинчи йил эди. «Ёшлик» журналида «Қодирийнинг сўнгги кунлари» чоп этилган вақт…

Қаранг, шу асар ҳам қайтиб чиқмай кетди! Биласизми, нима учун? Унда айрим “амаки”ларнинг чиркин башараси очиб ташланган. Истайсизми, йўқми, уларни четлаб ўтиб бўлмас эди, чунки бири Ботуни сўроқ қилган, гап айланиб келиб, Қодирийга тақалган, иккинчиси эса…

Мен Абдулла Қаҳҳор билан Ғафур Ғуломни айтаяпман.

Уларнинг ортида бир эшелон ювиндихўр қолган, улар ҳамон ҳақиқатнинг юзини тўсади, ўтган ишга салавот, қўйинг, шу гапни қўзғаманг, ука, дейди. Бу кор қилмаса, нима, сен халқни бўлиб ташламоқчимисан, деб ўдағайлайди, қаттиқ сиёсат қилади, шундай қиладики, керак бўлса, қип-қизил айбдор бўласан-қоласан!

Буни кўп кўрганмиз!

Агар, осмону фалакка олиб чиқиб итқитсанг ҳам, мушук оёғи билан тушади, ерга!

Шунақа!

Уларнинг совунига кўп кир ювганмиз!

«Тарихимиздаги фавқулодда бурилиш туфайли Архипелаг ҳақида жуда оз, анчайин маълумотлар матбуотда юз кўрсатди, – деб ёзади Александр Солженицин. – Аммо бизни кишанбанд этган ўша қўллар энди муросасоз кафтлари билан ҳаммасини тўсмоқда!

«Кераги йўқ! Ўтмишни кавлаштиришнинг кераги йўқ! Кимки шундай қилар экан, бизнинг орамиздан даф бўлсин!» – демоқда. Ҳолбуки, шундай ҳикмат бор: «Унутганнинг икки дунёси куйиб кетади!»

Шу маънода, биз билган ҳақиқат даҳшатли музтоғнинг юзага чиқиб қолган қояси, холос. Унинг ҳайбатидан от ҳуркади. Ва мана шу қоя кўзга ташландими, билингки, ҳадемай музтоғнинг ўзиям қалқиб юзага чиқади.

Шундай ишлар бўлганки, айтсам, илон пўст ташлайди.

Бугун заминдан ғубор кўтарилиб, хотиралар юзини тўсган туман тарқамоқда. Ва мен уларга қандай тартиб беришни ва қандай айтишни билмай қийналаман.

Жуда оғир гаплар. Оқкўнгил одам эшитишга ҳам қийналади. Таъби кир бўлади. Аммо нима қилай, ҳақиқат шундай, ўзи…

2.

Аввал Сўз яралган, Сўз Илоҳда эди, Сўз Илоҳ эди…

Агар, шунга амал қилсак, аввал Ҳабибулла Қодирий ўша асарини ёзган.

Йўқ, ундан олдин Қодирий миллатчи сифатида қатл этилган.

Йўқ, ундан олдин манфур бадбахтлар уни “халқ душмани”га чиқарган. Ва орадан эллик йил ўтгач, «Қодирийнинг сўнгги кунлари» юзага келган. Ва бу асар кўп жойларга бош уриб қайтган.

Саксон саккизинчи йилнинг қишида эшик очилиб, қорачадан келган миқти бир киши хонага кирди. Мен унинг суратини қайсидир журналда кўрган эдим, бу одам врач, деб ўйладим. Унинг дунёдан куйиб-қовурилиб ўтаётгани шундоқ юзида кўриниб турарди.

Ҳабибулла Қодирий мен билан сўрашгач, чап қўлтиғидаги зил-замбил икки жилдни стол устига қўйди.

– Бир нима ёзган эдим, – деди у. – Балки чиқарарсиз?

– Жуда катта-ку? – дедим, жилдларга ишора қилиб.

– Йўқ, катта эмас! – деди Ҳабибулла ака. – Булар ҳужжатлар, КГБ архивидан олинган…

Асар икки юз бет бўлса, ўша ашёвий далиллар икки минг саҳифа эди.

Ҳабибулла Қодирий уларнинг айримларидан бир жумла, айримларидан эса, кичик бир кўчирма олган, холос.

– Мен ўқиб чиқай, – дедим унга. – Сиз кейинги ҳафта хабар олинг.

– Сизга ишондим, – дедим у, кейин хайрлашиб чиқиб кетди.

Қўлёзмани тонг отгунча ўқиб чиқдим, у шундай асарки, кўз олдингизда медалнинг орқа томони аниқ намоён бўлади.

Ҳақиқат жуда аччиқ, лекин у жон қадар азиз. Энг ёмони, жоду билан пардаланган, шу боис, журъат ва қатъият талаб этади.

Эрталаб Бош муҳаррирнинг олдига кирдим.

– Хабарим бор, – деди Омон Матжон. – Мен ҳам чиқариш тарафдориман, аммо сиз билмайсиз, бу жуда нозик иш! Масала жиддий! Сиз бир Одил аканинг олдидан ўтинг, қани, уста нима дейди.

Кечқурун Уюшма раисининг маслаҳатини олдим.

– У тўғри айтган, – деди адиб. – Бу ишнинг нозиклиги шундаки, айрим одамларга тегиб кетади. Улар от устида. Лекин марказий нашрлар ҳеч нарсани яширмай, бор гапни очиқ айтмоқда. Демак, ҳақиқат рўёбга чиқадиган вақт келди. Кеча адабиёт газетасида Яшин ака ҳам шуни айтибди. Менимча, домланинг шу фикрини сўзбоши ўрнида олиш керак. Қиссанинг якунида эса, Шукрулло ака билан асар ва ўша давр, ҳақлик ва ноҳақлик ҳақида бир суҳбат қилган маъқул. Қодирийнинг ўзи-ку, отилиб кетди, лекин унинг авлоду зурриёди ҳам кун кўрган эмас! Бутун умр ғам ва андуҳда, гоҳ ўлик-гоҳ тирик бўлиб яшаш нима эканини бошидан ўтказган одам билади. Ҳабибулланинг ўзиям ўн йил “ётиб” чиқди, ундан сўнг сургун қилинди, хўрлик ва мусибатдан боши чиққан эмас! Юрагини ўртаб ётган ҳасратни тўкиб солишга унинг ҳаққи бор!

Шундай қилиб, мен қиссани кўриб чиқмоққа киришдим. Ўшанда журнал таҳририяти иккига бўлиниб кетган.

Ҳатто бир куни Набижон Боқий деган болапақир ўша қиссада қўли қон экани очилиб қолган “земляг”ини ҳимоя қилиб, қийшайиб олдимга кирган, сен Қодирийни осмонга кўтариб, Қаҳҳорни ерга ураяпсан! Мен сенга Қодирийнинг ҳам қўли қон эканини исботлаб бераман, деб ўдағайлаган.

Мен иш столи устида уюлиб ётган ашёвий далилларга ишора қилдим.

– Мен учун уям, буям бир, – дедим унга. – Лекин ҳақ гап айтилиши керак! Одамлар кимнинг қўли қон эканини билсин!

Ўшанда у бир йилдан ошиқ махфий хизмат архивида босим билан ўтирган, кўрмаган ҳужжати қолмаган, албатта, лекин қайтиб Қодирий, Фитрат ва Чўлпон ҳақида бепаллаки гап айтишга журъат қила олмаган!

Қаранг, уларнинг иймони ҳам ўзларини ҳимоя қилади!

Кўп ўтмай, Ҳабибулла ака тўшакка михланиб қолди, «Қодирийнинг сўнгги кунлари» ёруғликка чиқармикан, шуни кўриш насиб этармикан, деб кўп илҳақ бўлди.

Юрак қони билан ёзган асарини саҳифаланган ҳолида кўрди, лекин журнал чиққан кунга етиб келмади…

Бир куни Одил Ёқубовнинг уйида, ўша ёнғоқ остида ва ўша тўқима курсиларда ўтириб, шу асар ҳақида гурунг қилганда, Миразиз Аъзам Олмас ўзини ахтариб Уюшмага келганини айтди.

– Сиз адамнинг шогирдисиз, – депти у. – Мана шундай балолардан сиз ҳимоя қилмасангиз, ким ҳимоя қилади, Миразиз ака? Илтимос, ҳақиқатни ёзиб чиқинг!

– Ўзингиз биласиз-ку, Олмос, – депти унга Миразиз Аъзам. – Эллик олтинчи йил бўлса керак, мен адангизнинг олдига бордим, шеър олиш учун. Ўйга ботиб ўтирган экан. Гап айланиб келиб, ҳаётдаги ўзгаришларга тақалди. Мен бу ишлар яхши ишлар эканини айтиб:

– Сталин ўзбек адабиётининг энг сара гулларини йўқ қилиб юборганини ҳеч кечира олмайман! – дедим.

– Кимларни айтаяпсан, кимларни? – деб сўради устоз.

– Қодирийни, Чўлпонни, Фитратни, Усмон Носирни, – дедим мен.

Аданг менга узоқ тикилиб қолди. Кейин:

– Агар, Қодирийни оттириб юборган одамни кўрсатса, нима қилар эдинг? – деб сўради.

Мен ўйлаб ўтирмай:

– Пешонасида отиб ташлар эдим! – дедим.

Шунда аданг:

– Ана милтиқ! – деди деворда осиғлиқ қўшоғизга ишора қилиб. – Ол, от мени! Уни Сталин эмас, мен йўқ қилганман!

– Ғафур аканинг шундай чапани томонлари бор эди, – деди Одил Ёқубов, бу гапларни унча хушламай. – Энди замон оғир эди, кимдир ишора қилган, шундай ишлар бўлиб кетган. Буни мардона тан олиш катта гап.

Лекин, одамларнинг қонини ичиб, яна фариштаман деб даъво қилиш жуда ёмон!

Одил ака, ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик қилган ёмон, деди. Нега? Ўшанда бунга эътибор қилмаган эканман. Кейин билсам…

Бу гаплар – юкли гаплар, қанча баҳс этсанг, шунча юк босади.

Одам боласи абадул-абад юк остида яшасин деб айтилмаган, ҳеч бир китобда…

3.

Хуллас, сизга айтсам, кеча мен Умарали Норматовнинг яна бир адабий танқидини ўқидим. Бу энди Эркин Воҳидов ҳақида.

«Эркиннинг ҳаётдаги бахти, омади шуки, – деб ёзади мунаққид. – Ижодда қудратли янги тўлқин ҳаракатга келган бир паллада қўлига қалам олди, шу ҳаракатнинг бошида турган улуғ адиб Абдулла Қаҳҳорнинг назарига тушди».

Ёпирай!

Бу риёкор мунча бахтдан фол очади? Намунча ҳовлиқади?!

Шунча закий экан, қани, айтсин-чи, қудратли тўлқин дегани нима? Ва яна айтсинлар, Усмон Носирнинг бахти нимада бўлган?

Шоир Элбекнинг-чи?

Хўш, бу шўрликлар кимнинг «назар»ига тушган эди?! Ва нега?

Уларнинг қонини ичган ким, ўзи?!

Бу – ўтган замонда бўлган гап.

Қаҳҳорнинг тўқсон йиллиги арафаси. Қаҳҳорчилар енг шимариб ишга киришган. Нима эмиш, Қаҳҳор қаттиққўл ва талабчан бўлган эмиш! Нима эмиш, “Рашидов ёзувчи эмас” деган эмиш ва шу сабаб Рашидов кун бермаган эмиш!..

Бир куни чой устида Абдулла акадан сўрадим.

– Шу гап менинг ғашимни қўзғайди. Сиз яхши биласиз, ростми шу, ёки?..

– Ўлим икки одамни қандай олиб кетганини мен яхши биламан, – деди Орипов. – Бири – Ғафур Ғулом. Иккинчиси – Қаҳҳор. Ғафур Ғулом Қодирийнинг ёстиғини қуритган. Вақти келиб, Қодирий оқлангач, ҳеч чидай олмади. Олдин хуруж қилди, бўлмади, кейин аламини ичкиликдан олди. Шу бало уни енгди.

Қаҳҳор масаласига келсак, гап бундай. Қатағонга учраган ёзувчиларнинг дастлаб номи оқланган! Ижоди оқланган – Қодирий, холос. Салимов Усмон Носирга яқин одам. Хуллас, Оқилхон Умрзоқович ЦэКага секретар бўлгач, унинг саъйи ҳаракати билан Усмон Носир асарлари чиқа бошлади…

Олмишинчи йилларнинг иккинчи ярмида Уюшманинг бир пленуми бўлди. Кутилмаганда унга Шароф Рашидов келди. У салобатли, кўп вазмин киши эди. Ҳайъатда сукут сақлаб ўтирди. Кун тартибидаги масала кўриб чиқилди. Шундан сўнг у кишига сўз берилди. Шароф Рашидов ҳалимлик билан ўзини шу соҳага дахлдор деб билгани учун пленумга келганини айтди. Бошқа кўп бамаъни гаплардан сўнг:

– Ёзувчи – халқнинг виждони, деймиз, – деди ўша ҳалим ва шикаста, аммо зардали овозда. – Қани ўша виждон? Ахир, дўстлар, кейинги пайтда ишлаб бўлмай қолди-ку?! Биз ўз вақтида ноҳақ айбланган шоир ва ёзувчилар китобини чиқаргач, устимиздан хат дўлдай ёғилди.

Марказга ёзилган имзосиз иғво ҳеч кўз очирмаяпти. Умримиз шунга жавоб ёзиш билан ўтаяпти.

Мен бир гапни очиқ айтай: безовта бўлманг! Биз бу шоир-ёзувчиларни чиқараётган бўлсак, улар адабиётдаги сизнинг ўрнингизни ишғол этмайди! Уларнинг ўз ўрни бор!

Масалан, Усмон Носир! Яхши шоир. Шеърлари ёш авлод тарбиясига хизмат қилади. Унинг асарлари чиқишининг нимаси ёмон?! Нима, уни ўқимаслик, эсламаслик керакми? Номи ўчиб кетсинми? Нега? Мен тушунмайман, бундай позицияни!

Сиз ўйлайсизки, бу фисқу фасодни ким ташкил этаётганини ҳеч ким билмайди! Йўқ, ундай эмас! Бу хатларни унинг қонини ичган одам уюштираяпти! – Шароф Рашидов шундай деб, стол устида турган жилдни қўлига олди ва: – Мана, Усмон Носирнинг “Дело”си! – деди, сўнг жилдни очиб, унинг устидан Хавфсизлик хизматига ёзиб берилган айбномани кўрсатди. – Буни ёзган қўли қон кимса орамизда, мана шу ерда ўтирибди! – У биринчи қаторда ўтирган Абдулла Қаҳҳорни пешлаб кўрсатди, кейин: – Бундай ишларга чек қўйиш лозим, одам мард бўлиши керак! Етар, уйи куйиб кетгани! – деди…

Рашидовнинг Қаҳҳорга “зуғуми” шу!..

Умарали Норматов бўлса, ҳамма балони билгани ҳолда, ўзини гўлликка солади, кейин ўғримушукдай олиб қочади.

Нима эмиш, Эркин Воҳидов «ижоддаги илк қадамларидаёқ ўз сафдошлари каби одат тусига кирган «бахтли замон»ни, партияни, доҳийларни улуғловчи сатрларни эмас, гарчи бир оз содда, оддий бўлса-да, кўнгилни мафтун этган, самимий туйғуларни қоғозга тўка бошла»ган эмиш!

Унда, «Чароғбон», «Буюк ҳаёт тонги» деган достонларни ким, онанг ёзганми?

Ёки бу нарсалар партия ҳақида, “пролетариат доҳий”си В.И.Ленин ҳақида эмасми?

Мана шу достонлари учун Воҳидов Ленин комсомол мукофотига сазовор бўлган эди-ку!

Мен буни таъна қилиб айтаётганим йўқ. У вақтда бу мавзуни четлаб ўтиш қийин эди, чунки замоннинг худойи шу бўлган!

Лекин, без бўлиб, одамларнинг кўзига тик қараб, далвай қилиб чалғитишдан муддао нима, ўзи?

Нега илондай тўлғаниб, ҳаммани аврайди, бу лўттибоз?

Кеча ўқидим, Озод Шарафиддинов уялмай-нетмай, Абдулла Қаҳҳор «кўксида истиқлол ёлқини барқ уриб турган санъаткор» деб ёзипти!

Тавба Ёсин тавба!

Бичилган қул хожасининг матоҳи билан мақтанар экан!

Бу фосиқ, эътиқодимдан воз кечдим, деб нега шовқин солди, десам, эътиқоднинг ўзи бўлмаган экан!

Қаранг, бундан йигирма йил аввал, шўро замонида у Қаҳҳорни «коммунист санъаткор» деб улуғлаган!

«Сароб» романида миллатчилар фожиаси очиб ташланган, бу фожиани келтириб чиқарган эса, «янги социалистик ҳаёт» дея бонг урган!

«Саидий шу ҳаётга қарши боради, унинг оқимини орқага қайтармоқчи бўлади, аммо ҳаёт қудратли кучи билан уни бир чеккага улоқтириб ташлайди!»

У миллатчилик ҳаракатини «чиркин ботқоқ» сифатида лаънатлайди, «Сароб»ни ўқиб, миллатчиларнинг «маънавий қиёфаси билан танишар эканмиз, яна бир марта буржуа миллатчилари муайян ғоя атрофида уюшган, эътиқоди мустаҳкам сиёсий арбоблар эмас, балки тарих ахлатхонасидан ивирсиб чиққан ифлос, бузуқ одамлар эканига амин бўламиз», деб уқтиради!

Қарабсизки, миллатчи деган сўз мазмун-моҳиятини йўқотиб, лаънат тамғасига айланади. Шўро тузуми даврида шундай қараш ва лаънат ёрлиғи ҳукм сурган, у куни кечагача яшаб келгани сир эмас.

Ҳолбуки, миллатчи деган сўз миллат жонкуяри дегани.

Мискин айтадики: Оҳ! Миллат деб ғамингда куйди жоним, кимга дей?!

Миллатимнинг юзи ёруғ, боши баланд бўлсин деб борлиғини фидо этган зотларга нисбат берилиб, олиймақом шу сифат қўлланилади.

Миллатчи деганда, дафъатан Широқ ва Тўмарис, Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро ва Темир Малик кўз олдимизга келади.

Ундан кейин озодлик йўлида жон олиб-жон берган Беҳбудий ва Мунаввар Қори, Фитрат ва Қодирий, Чўлпон ва Элбек, Боту ва Усмон Носир каби уларнинг оловқалб авлоди хаёлда жонланади.

Тарих ахлатхонасидан ивирсиб чиққан ифлос деганда эса…

Узоқ йили Саъдулла Кароматов айтган бамаъни бир гап ёдга тушади.

Ўша кезларда у, ҳалол, оқкўнгил, чапани одам, шаҳар газетасининг муҳаррири эди, бир йили таътилга чиқди, лекин шуям татимади, ҳовлиқиб ишга қайтди ва келасолиб ошиғич мажлис ўтказди.

Кейин билсак, Абдуқодир Ниёзов деган бир жуфкарчи уюшган жиноий унсурлар етакчиси ҳақида бир саҳифа мақола ёзиб, унинг йўғида чиқариб юборган ва ўша малъунни роса алқаб-улуғлаган экан!

Муҳаррир иблиснинг малайини ўрнидан турғазиб:

– Нима бўлади деб ёздинг, буни?! – деб сўради.

Ниёзов бошини эгиб, ўзича қизариб-бўзарган бўлди.

Кароматов уни силтаб ташлади, уришди-сўкди, лекин у қилт этмади, тоза эти ўлган экан, без бўлиб тураверди.

Ахийри, Кароматов ёниб-ловуллаб кетди.

– Ов-в исқирт! – деди у, ғазаб билан уни жеркиб. – Агар, Амир Олимхондан қолган тилланинг бир қопини олиб келсаям, уни газетага йўлатмас эдим! Газета эл-улус назари, ҳамма унга қараб туради. Сен бўлсанг, менинг юзимга оёқ босиб, одамларнинг кўз олдида суллоҳлик қилдинг! Нима ҳаққинг бор, мени оёқости қилишга?! Ялагинг, уқалагинг келса, уйига бор, кўрпанинг остига кириб, кўздан панада яла-уқала! Лекин газетани, халқнинг назарини хор қилма, даюс!..

Ҳазар қиласан! Тавба Ёсин тавба!

Оламларни яратган Зот айтадики, ҳаёти дунё деб илоҳий тартиботга шикаст етказувчи эй малъун, мен сендан кўра хору ҳақир ўзга нарса яратмадим!..

4.

Айтмоқчи, мен бошқа бир нафис асар ҳақида ҳикоя қилаётган эдим.

Афсуски, унинг ёруғлик кўришига Кибриё Қаҳҳорова монелик қилди.

Бир куни Наим Каримов бир қўлёзма кўтариб келди. Ва уни ҳеч қаерда чиқара олмаганини айтди.

«Қодирийнинг сўнгги кунлари» ёруғлик кўриб, ҳақ қарор топди, деб ҳовлиқиб юрибмиз, униям чоп этамиз, деган ўйда олиб қолдик.

У ҳужжатлар асосида ёзилган мақола бўлиб, ҳар қандай ҳикоядан кучли ва таъсирли эди. Шу боис, бош кўтармай ўқиб чиқдим.

Воқеалар денгиз тўлқинлари янглиғ бир-бирини қувиб келади ва бир -бирини тўлдириб боради. Яна, у хавфсизлик хизматининг махфий ҳужжатлари асосида, бир малъун кирдикори ҳақида ҳикоя қилади.

Лекин, бирон-бир жойда ўша маразнинг ким экани айтилмайди.

Фақат сирли излари очиб борилади.

Хавфсизлик хизматидаги ўртоқлар, Қўқонда нега миллатчилик ҳаракати сезилмаяпти, деб сўрайди ундан. Ва у муайян кўрсатма асосида миллатчилик ҳаракатини ташкил этади. Ўзи етакчи бўлиб, зиёлиларни шу кўчага бошлайди, кейин улар ялпи ҳибсга олинади, қамалади, отилади, лекин “серка” четда қолади.

Ким бу, деб ўйлайсиз, ким?!

Яна воқеалар оқими шиддат билан давом этади.

У, шахсан ўзи бир шоир дўстини маҳкамага чақириб, сўроқ қилади, ишониб айтган сирини фош этади, шоир «халқ душмани» сифатида отилиб кетади, у эса…

Ким у, ким, дейсиз! Лекин муаллиф уни сир тутади. Ўн тўрт бетлик таҳлилнинг охиригача ошкор этмайди…

Хуллас, муаллифни олқишлай-олқишлай, мақолани журнал саҳифасига қўйдик.

Лекин Матбуот қўмитаси қошидаги давлат сирини сақловчи вакиллик раҳбари: «Кибриё опа минг марта йиғлаб, илтимос қилиб келди, бир муштипар аёл, шунинг юзига оёқ босманглар!» – деб сиёсат қилди ва мақолани олиб қолди.

Бир куни, бир тақриз сабаб, Адабиёт газетасини варақлаб ўтирсам, ўша сирли кимса вақтида ёзиб қолдирган «Қайдлар» берилган экан, уни ўқиб, ёқа ушладим.

«Мамлакатимизда Сталин ўлимидан сўнг, узундан узоқ момақалдироқ бўлди-ю, ўтди. Бу момақалдироқнинг биринчи садоси халқлар кўнглида жуда катта умид-орзулар уйғотди, халқлар бунинг кетидан келадиган оби раҳматни кутди, бироқ момақалдироқ шамол-тўпалон қилди-ю, оби раҳматдан томчи ҳам томмади.

Халқ мақоли бор: момақалдироқ ёмғири билан бўлса, яхши бўлади».

Ё Раббий!

Иблиснинг адолат талаб этишини қаранг! Ўзи одамларнинг уйини бузади, қонини ичади ва яна айбини Яратганга тўнкайди!

Шахсан мен ҳаёт – ҳаёт бўлганидан буён, ишонсангиз, бундай жирканч маразни ҳеч кўрган эмасман!

Шогирдлари ҳолва, унинг олдида!

Ахир, оби раҳматни унинг беваси этаги билан тўсиб ўтирибди-ку, чолим ивиб кетмасин, деб!

Шу боис, мақолани чоп этишга яна уриндик, бу сафар Давлат матбуот қўмитасининг раиси шахсан дағдаға қилди:

– Нима, халқни бўлиб ташламоқчимисанлар?!

Кўраяпсизми, бу қандай оламшумул масала! Зиғирча хатар туғилса, бас, улар саратон каби, халқ танига сингиб кетади ва давлат сиёсатини қалқон қилиб ҳужумга ўтади!

Нима, сен халқни бўлиб ташламоқчимисан?!.

Тегиниб кўр-чи!

Мен бу кечмишни бежиз эслаганим йўқ.

Ва буни кўнглингиз сезиб турибди.

Гап бир кимса атрофида айланаётир. Унинг ким эканини Одил Ёқубов ҳам, Ҳабибулло Қодирий ҳам, бошқалар ҳам айтган.

Лекин Наим Каримов кўпдан-кўп далил ва ҳужжатларга тартиб бергач, латиф бир назокат ва гўзал андиша билан ҳақиқатнинг юзини тўсиб ётган пардани оҳиста кўтарган.

Ва ҳеч кимга малол келмайдиган оҳангда ҳикояга якун ясаган:

«Унинг исми-шарифини айтгунча, тилларим кесилса бўлмасмиди?

Унинг исми-шарифини ёзгунча, қўлларим синса бўлмасмиди?!

Бу – Абдулла Қаҳҳор».

5.

“Абдулла Қаҳҳор ўз даврининг одами бўлган. Яъни, у яшаган даврдаги вазият, шароит, қарашлар, тартиблар ва қоидалар унинг ижодида ҳам, шахсиятида ҳам муайян из қолдирган, – деб ёзади Озод Шарафиддинов. – Аммо кейинги йилларда унинг тўғрисида эълон қилинаётган айрим мақолаларни ўқисанг, шундай таассурот қоладики, гўё кечаги адабиётимизнинг жаъмики кир ва қора томонлари фақат унинг ижодида мужассам бўлган. Социалистик тузумнинг маддоҳи ҳам – Абдулла Қаҳҳор, замонасозлик қилган ҳам – Абдулла Қаҳҳор, асарлари билан Абдуллаеваларни тарбиялаб етиштирган ҳам Абдулла Қаҳҳор, одамларга, қаҳрамонларига меҳрсиз бўлган ҳам – Абдулла Қаҳҳор, партияга югурдаклик қилиб, одамларни сохта ғоялар билан лақиллатган ҳам – Абдулла Қаҳҳор!..”

Аслида, бундан ҳам ёмон…

Ва гап унда эмас!

Йўқ, гап – Қаҳҳорда эмас!

Нима у?!

Йўқ нарса! Ўткинчи шарпа!

Гап унда бўлса, ҳатто қайрилиб қарамас эдим!

Суханга арзимайди!

Гап – абдулла қаҳҳорларда!..

6.

Жодугар дегани ўрмонда, товуқникидай оёғи бор кулбада яшайди, деб ўйлаш хато. У эртак-афсонада айтилган бадбуруш ёлмоғиз ҳам эмас.

Сиёқи одамга ўхшайди, аммо ичи қора, бахил ва бадкирдор. Тескаричи, тубан ва мунофиқ. Амали айтганига зид бўлади. Ёвузликнинг додини беради. У қанча қоралик қилса, инсу жинс шунча пардалайди. Ва оқ қилиб кўрсатади. Атрофида муҳит яратиб туради. У шундан куч олиб палидлик қилади ва яна яхши кўриниб яшайди.

Ўша, “Қодирийнинг сўнгги кунлари” чиққач, бирда гап очилиб, Яшин домла айтган, бир яқинининг хасми (аёли) Қаҳҳорнинг кўзига яхши кўринади.

У дўстини маҳкамага чақириб, сўроқ қилади, “халқ душмани”га чиқаради.

Уни отишади…

У замонда “халқ душмани”нинг оиласи” деган айблов ҳам бўлган. У кимнинг манглайига босилса, кун кўрмай ўтиб кетган.

Ўша аёл ҳам шу кўйга тушади. Уйи куйиб кетади. Ишга олишмайди.

Сиғдиришмайди. Яна очарчилик. Очликдан болалари шишиб кетади, адойи тамом бўлади! Шунда у: “Икки болам очдан ўлиб кетмасин!” – деб унга боради, дўст билиб…

Оғир замонлар бўлган!

Қаранг, бир буханка қора нон учун…

7.

– Одамнинг қонини ичиб, яна фариштаман деб даъво қилган ёмон!..

Одил ака нега шундай деди?

Ўшанда бу ҳақда ўйлаб кўрганим йўқ. Кейин билсам…

Шарафиддинов ёзишича, 1956 йил 6-7 июл кунлари Ёзувчилар уюшмасининг пленуми бўлади . Унда шахсга сиғиниш қораланади, туҳматга учраб, душманга чиқарилган, кўпчилиги отиб ташланган ёзувчи ва шоирлар оқланади. Кўпчилик сўзга чиқиб, замона зайлига қараб фикр айтади.

Мақсуд Шайхзода “Тошкентнома” деган достон ёзганини айтиб, чоп этишда ёрдам сўрайди. Аммо Қаҳҳор қақшатгич бир ибора қўллайдики, ўтирганлар бир қалқиб тушади! У “адабиёт жаллоди”, мана, аслларни йўқ қилиб, мўридай сўппайиб бир ўзи қолди, дейди!

Кимдир: “Ким – у, отини айтинг!” – деб ҳайқиради.

Аммо Қаҳҳор ўша “жаллод” Шайхзодани ноҳақ қаматиб, Ойбекни касал қилганига урғу беради.

Одамлар лол, одамлар ҳайрон.

Момоқалдироқ гумбурлади, аммо чақмоғи йўқ.

Ким у – жаллод?

Ҳаяжон қайнаб тошади.

Ким – одамларнинг уйини бузган? Ёстиғини қуритган? Шунча хонумонни куйдириб юборган – ким?

Демак, Қаҳҳор билади!

Сир бошларни айлантиради.

Ҳамма шуни билмоқ истайди, юрак ютган одам сўрайди, бироқ у айтмайди.

Одамлар тинчини йўқотади. Чунки, бундан муҳим нарсанинг ўзи йўқ!

Ким – у, бадбахт? Ҳамманинг бошини айлантириб, миллатнинг асл фарзандларини “халқ душмани”га чиқарган, уларни қирғин қилиб адабиётга, қанчадан-қанча оилага ўнгланмас шикаст етказган, юракларга қўрқинч солган?

Тараққиётни бўғиб ташлаган – ким?!

Асаблар таранг тортилади.

Шукруллонинг гувоҳлик беришича, ўтирганлар: – Мельчаковми?! Швердинми?! – дея ҳайқира бошлайди.

Зал уммондай тошади.

Ахийри, ЦэКанинг секретари: – Ўртоқ Қаҳҳор! Мавҳум гапларни қўйинг, конкрет гап айтинг! Ким – у, жаллод?! – деб сўрайди. Аммо, Қаҳҳор сирни очмайди.

Зал жунбушга келади. Вазият қиёмига етгач, нотиқ вазминлик билан нутқига якун ясайди ва:

– У – Владимир Мельчаков! – дейди.

Қойилмисиз?

Шарафиддинов ҳам қойил қолган. Яланиб қўяди – устози ҳақиқатни очиқ айтгани учун! Аравачада ўтирган кўйи, бош эгиб, таъзим қилади.

Тамшанади. Бунақа жасорат ҳамманинг қўлидан келмайди, дейди.

Аммо, яхши биладики, Мельчаков – пешка! Шоҳмот тахтасидаги оддий тош, холос! Қолаверса, у эллигинчи йилларда “иш” кўрсатган. Ва ўшандаям бу “иш”нинг устаси фаранги, қўли қон Ғафур Ғулом билан Абдулла Қаҳҳор мақомига йўрғалаган бўлса, ажаб эмас!..

“Шундай қилиб, одамларнинг нафрати Мельчаковга қаратилди. Қаҳҳор ҳақиқатгўйга, адабиётнинг жонкуярига айланди”, дейди Шукрулло.

Чунки асл ҳақиқатни ҳеч ким билмаган.

Энди ўзингиз айтинг, нима – бу, ўзи?!

Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик…

Йўқ, бу – иблиснинг инсон туйғулари билан ўйнаши!

Анна Беркова:

– Кўрдик, бор кўргулик ўтди юракдан,
Калтак ва ўқ едик, шундай ўсдик биз.
Шунча тубан кетди бу ёвуз Ватан,
Болалари унинг бўлмасми ёвуз!

Шукрулло:

– Сталин ўлим топгач, шахсга сиғиниш қораланди. Қамоқда ётган минглаб зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар озод этилди. Ўз вақтида қатағон қилинган миллион-миллион беайб ва бегуноҳ одамлар оқланди, уларни “халқ душмани” сифатида айблаб, умрига зомин бўлган бадкирдорларнинг айримлари фош этилди. Баъзи бирлари сиёсий маҳкама тазйиқи остида Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдурауф Фитрат каби унутилмас сиймоларни душманга чиқариб, уйини куйдириб юборганини тан олди, айбига иқрор бўлиб, ўзини бир оз поклади. Лекин, ҳеч ким уларнинг ёқасидан олиб, ортиқча маломат қилгани йўқ. Ҳолбуки, улар яхшиларнинг ёстиғини қуритиб юборган эди…

Асқад Мухтор юрагини кемираётган афсус-надоматни бир эмас, бир неча шеърида айтади. У 1966 йили “Портрет” деган шеър ёзди:

Ҳомий бўлолмадим бир вақт дўстимга,
Кўнглимга ўй келди: “Балки душмандир?!”
Ўша қўрқув бир зум менинг юзимга
Хунук ажин бўлиб тушгандир?!.
Аммо менинг чуқур ажинларим
На қўрқоқлик, на оҳларимдан.
Улар менинг қалбим қийноқлари –
Виждон олдидаги гуноҳларимдан.

Виждон олдидаги гуноҳ – оғир гуноҳ.

Хўш, у нима гуноҳ қилган?

Бу қийноқлар кейин ҳам Асқадга сира тинчлик бермайди. У 1987 йили “Покланиш” деган шеърида шуни айтади:

…Айтилмаган ҳар гап,
Ичга ютган азоб,
Журъатсизлик, қурбсизликларим –
Ҳаммаси оғрийди ярадек қақшаб,
Ҳамон кезаман мен,
мана, тун ярим…
Пушаймон ўртайди.

Унинг уйқусини ўғирлаб, юрагига қийноқ солган, ярим кечаси ҳаловатдан айирган пушаймон нимадан иборат, ўзи?

Мен билганим шуки…

Асқад Мухтор 1988 йил апрелди “Шарқ юлдузи” журналида чиқиш қилди.

Унда шундай дейди: “Эллигинчи йилларда “Шарқ юлдузи”да масъул котиб бўлиб ишлар эдим. Баъзи бир туҳмат билан ҳибс этилган шоир, ёзувчилар тақдири билан қизиқувчилар мени кунда-кунора чақиришарди. Фалончи шундай деганми, дейди, деган бўлса, деган, демаган бўлса, демаган, дейман…”

Энди сиз Хавфсизлик хизматида сақланаётган қуйидаги ҳужжатга эътибор беринг.

“Давлат Хавфсизлиги министрлиги
Полковник Мансуровга

Ўзбекистон Совет ёзувчилари Союзи Сизга Шукрулло Юсуповнинг
китобига хулосани юбормоқда.
Шуҳрат Алимов китобига хулоса ҳали тайёрланганича йўқ, чунки унинг китобларини топишда қийинчилик пайдо бўлди.

Ўзбекистон СЁС Президиуми
Раисининг ўринбосари М. И. Шевердин”.

Ўзбекистон Совет ёзувчилари Союзи Хавфсизлик хизматига тақдим этган хулоса:

“Хулоса

Шукрулло шеърлари тарбиявий, бадиий аҳамиятга эга бўлмаган тамоман ғоясиз, совет поэзиясига зиддир.

Темур Фаттоҳ,
Асқад Мухтор”.

Шу айблов сабаб, ўшанда мени 25 йил қамоқ жазосига маҳкум этишган. Ҳукмга асос бўлган хулоса шу.

Асқаднинг юзига хунук ажин бўлиб тушган қўрқинч фақат шуми?

Уни ич-ичидан кемирган азоб ёлғиз шундан иборатми?

Афсус, ундай эмас!

1952 йил 22 декабрда Мақсуд Шайхзоданинг 1143-рақамли тергов ишини ЎзССР Давлат Хавфсизлиги министри ўринбосари тасдиқлайди.

Забардаст шоир ва драматургни Айблов хулосасига қуйидаги банд асос бўлган: “Шайхзода Мақсуд ўзини гуноҳкор деб ҳисобламади. Аммо унинг советларга қарши ва миллатчилик фаолияти Мельчаков, Асқад Мухтор, Рамз Бобожон томонидан фош этилди”.

Ўшанда Мақсуд Шайхзода қатағон этилгани ҳеч кимга сир эмас, албатта.

Асқад Мухторнинг ёзувчилар ҳақида “деган бўлса, деган, демаган бўлса, демаган”лари фақат шундан иборатми?

У Мақсуд Шайхзода билан биргина мени қаматганми?

Биласиз, 1956 йили Абдулла Қодирий оқланди. Аммо шундан кейин ҳам улуғ ёзувчи асарлари ҳадеганда ёруғлик кўрган эмас. Бунга қаршилик қилганлардан бири Асқад Мухтор бўлган. Буни адабий жамоатчилик яхши билади.

Биз қамалиб кетгач, Ўзбекистон Совет ёзувчилари Союзи пленумида айнан Асқад Мухтор Туроб Тўлани Союздан ўчириш таклифи билан чиққан. Биласиз, Союздан ўчириш, бу – қамалиш дегани.

Булар бари ҳужжатларда муҳрланиб қолган, улардан тониб бўлмайди. Майли, бу – Асқад Мухторнинг шахсга сиғиниш давридаги қилмиши, дейлик. Хўш, ундан кейин-чи?

Асқад Мухтор олтмишинчи йилларнинг охирида “Комсомольская правда”да “Эплаб юролмаймиз катта йўлда ҳам” деб чиқиш қилганини, унда юлдуздек чақнаб чиққан ёш шоир Абдулла Ориповни миллатчиликда айблаганини ким билмайди, дейсиз!

Ўша мақолада у “Она тилим”, “Дорбоз”, “Лайлак” шеърлари учун истеъдодли ёш шоирга жиддий сиёсий айб қўяди. Яна қаерда? Марказий матбуотда! Агар ўттизинчи-эллигинчи йиллар бўлганида, Абдулланинг хонумони куйиб кетар эди!

Мен Абдулланинг ўша кунлардаги руҳий ҳолатини ўзимга яхши тасаввур қиламан. Бу жуда оғир ҳолат, одамни эзиб ташлайди. Буни юрагимдан ўтказганман. Шу боис, уни қўллаб-қувватладим. Бутуниттифоқ шеърхонларига таништирган бўлиб, мухтасар сўз ёзиб, бир туркум шеърини “Литературная газета”да эълон қилдик. Аммо шундан сўнг ҳам Асқад Мухтор фикридан қайтган эмас. У “Ёш дўстларимга” китобида Абдулла Орипов шеърларини қуйидагича талқин этади: “Замон нишонлари етишмайди. Баъзан у мажнунсифат, кўпинча хазин! Қалбида инсоний завқ, порлоқ умид, ҳаётбахш қувноқлик барқ урмайди. Ёш шоирнинг китобида катта ёрқин фикр ва туйғулар ўрнига баъзан пастқам, ножўя фикрлар юзага чиқиб қолади”.

У ёш истеъдодга мана шундай сиёсий ёрлиқ тақади.

Хўш, шунча балони кўра-била туриб, чинакам истеъдодга бундай ёвузлик қилишга нима уни мажбур этди?

Шеъриятимизда Абдулла Ориповдек чақноқ юлдуз бодрагани нафақат адабиёт аҳли, балки халқимиз учун байрам бўлган. Асқад Мухторнинг уни қоралаши тузумпарварлик эмас, балки қоп-қора ҳасаддир.

Бу Хавфсизлик маҳкамасини огоҳ этишдан бошқа ҳеч нима эмас!

Асқад Мухтор “Портрет”, “Пушаймон” шеърларида афсус чекишини баён этади, аммо амалда кир ва қора йўлдан қайтмайди…

1988 йилнинг февралида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бир мақолам чиқди, эллигинчи йиллардаги душман қидириш ҳақида. Шуни ўқиб, уялмай-нетмай таҳририятга хат ёзипти.

Нима депти, денг?

“Редакцияга хат

Ҳурматли ўртоқ редактор!

Газетанинг шу йил 6-сонида Шукрулло мени 50-йиллар бошида ноҳақ қамалган баъзи ёзувчилар ҳақида “нотўғри маълумот” берганлардан эмасмикан, деган шубҳани билдиради. Бундай жиддий хиёнат ҳақидаги шубҳага далил сифатида менинг 60-йилларда ёзган шеърларимдан бир неча сатр келтиради.

Агар биз асарлардаги қаҳрамонларнинг иши ва сўзига қараб, авторларни шубҳа остига олаверадиган бўлсак, қандай яшаймиз-у, қандай ижод қиламиз.

Умуман, гумон ва шубҳалар билан газетага чиқишга қандай қарайсиз, ўртоқ редактор. Борди-ю, мен, масалан, фалончи кўп йиллардан буён ароқ ичади, мияси айниб қолган бўлса керак, деган гумон билан газетада чиқсам, тўғри бўладими?!
Салом билан А. Мухтор,
1988 йил 12 феврал”.

Яхши гап. У ҳатто газета муҳарририга ҳам таҳдид қилаяпти.

Хавфсизлик хизматидаги даъвосидан ҳам юз ўгираяпти. Унда ёзиб қўйилган-ку, “Шукрулло шеърлари тарбиявий, бадиий аҳамиятга эга бўлмаган тамоман ғоясиз, совет поэзиясига зиддир”, деб! Яна имзо чекилган: Темур Фаттоҳ, Асқад Мухтор…

Нима дейсиз? Ҳам ғарлик, ғам пешгирлик! Бундайларга бас келиб бўлмайди. Шу сабаб, унга ҳам, таҳририятга ҳам жавоб ёзишни эп кўрмадим. Бундай олиб қараса, Асқад Мухтор “душманлигимга” гувоҳлик бергач, гарчи бу туҳмат бўлса-да, мени 25 йилга ҳукм қилишди, аммо Яратганнинг марҳамати билан беш йил ичида озодликка чиқиб, яна қаторга қайтдим. Шунда у, ҳеч бўлмаса, тил учида узр сўраган эмас! Яна таҳририятга хат ёзиб, менга маломат, муҳаррирга таҳдид қилса, гапни айлантирса! Ундан нима кутиш мумкин? Қандай юзи чидар экан-а?

Шуни айтадилар-да: “Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл!”, деб.

Худога солдим!

Мени бу гапларни ёзишга ундаган Саид Аҳмаднинг “Умрим баёни” мақоласи бўлди. Унда муаллиф қатағон этилишига сабабчи бўлга кимсалар номини очиқ-ойдин айтган. Очиғи, бу менга эриш туюлди. Нимага десангиз, Темур Фаттоҳ билан Асқад Мухтордан ташқари, Саид Аҳмад ҳам менга зулм қилган!

Мени ҳибсга олиш ҳақидаги ордерда: ”…Саид Аҳмадларнинг гувоҳлик беришлари асосида Юсупов Шукрулло ҳибсга олинсин, уйи тинтув қилинсин”, деб ёзиб қўйилган.

Шу боис, ўзларидан сўрасак, Саид Аҳмад, деб ёздим. Мен уни олиб борсам, таҳририят масъуллари бера олмаслигини айтишди. Нега десам, жуда ғалати гап қилишди. Маҳкамадагилар: ”Нима, халқни бўлиб ташлайсанларми?!” – деган эмиш!

Ана, холос!

Буниси ҳаммасидан ошиб тушди. Ахир, уларнинг ўзи эмасми, халқни “халқ”қа ва “душман”га бўлиб ташлаган?! Одамларни чиқариб отгач, яна “улар душман эмас экан”, деб оқлаган?..

Адабиёт газетасининг 1988 йил 16 декабрь сонида Комил Яшиннинг “Ўша оғир йилларда” деган мақоласи чиқди. Унда муаллиф: “Ёзувчилар союзи раҳбар ташкилотлар бошлиқлари билан маслаҳатлашган ҳолда, ўзида ёки бирор алоқадор ташкилот қошида нуфузли комиссия тузиши ва унга репрессияга учраганларга боғлиқ материалларни чуқур ўрганишни юклаши керак, – деб ёзади. – Токи ўша комиссия ёзувчилар ва журналистлар ҳақидаги бор гапларни синчковлик билан аниқласин, оқни оққа, қорани қорага ажратсин.

Ҳа, давр, замон, ҳозирги мазмундор кунларимизнинг қатъий талаби шундай. Буни бегуноҳ кетганларнинг пок руҳлари ҳам талаб қилади”.

Ҳақиқатан ҳам шундай! Аммо бу қачон амалга ошади? Бу ҳақда Ҳабибулло Қодирийнинг “Қодирийнинг сўнгги кунлари”дан бошқа яна қандай асар эълон қилинди? “Қодирийнинг сўнгги кунлари” нега китоб бўлиб чиқмади? Ким унинг йўлига банд солган? Бир нима десанг, “Халқни бўлиб ташлайсанми!” – деб зуғум қилади. Ҳақиқатнинг юзини тўсади!

Бу зўравонлик қачонгача давом этади?

Яратгандан қўрқиш керак, ахир!

Дунёнинг Эгаси бор ва У ҳаммасини жой-жойига қўяди!

Қамоқ азобини, хўрлик ва ҳақоратни юрагидан ўтказган мен каби инсон учун бундай кир ва кўнгилсиз воқеаларни эслаш жуда оғир! Аммо нима қилай?

Асқад Мухтор, Саид Аҳмад кабиларнинг инсон ҳазар қиладиган, одамлар умрига зомин бўлган чиркин кирдикорини очиб ташлаш бурчим.

Нимага десангиз, биз – тириклар беайб ва бегуноҳ қатли ом этилган ва отиб ташланган инсонлар руҳи поки олдида қарздормиз. Қолаверса, қатағончиларни эмиб ўлғайган ворислари бор.

Улар ҳушёр тортади. Ҳақиқат бари бир юзага чиқишидан қўрқиб яшайди.

Яхшиларнинг уйини куйдириб ташламайди. Инсоф ва адолат, хотиржамлик бўлади.

Ҳар бир одам ўз қисматига масъул бўлса, жазодан қўрқса, жавобгарликни ҳис этса, ҳаётда қатағон ва қирғинлар, қонли урушлар бўлмас эди…

No
  1. Хамма сохада булгани каби, ёзувчилар ичида хам, галамиз ичи кора кимсалар булиши табий. Бундайларни ким булишидан катий назар, килмишларини очиш керак токи тарихий хакикат тиклансин, келажакда мана шундай жиноятлар такрорланмасин.

  2. Ha, sotqinlik birkunmas-bir kun fosh boladi, ammo buni nurtoy aytganidek 30 yil oldin aytish kerak edi Ana shunda bu JASORAT bulgan bulardi. Ammo G:Hotamov qilganiday ulganlarga hujum qilish jasorat sanalmaydi. Hatto ulganlar sotqin bolsa ham. Bu juda nari borsa giybat boladi

  3. 30-йил олдин чикиши керак эди бу нарсалар,лекнн барибир рахмат Хотамовга,жасоратингиз учун

Leave a Reply
*