«Озодлик» радиоси: Ватандаги ваҳимали воқеалар важоҳати…
OzodlikOnline: Ўзбек мелисаларини нима жондан тўйдирмоқда?
30.11.2015
Кейинги бир ҳафта давомида Озодликка ўзбек милиционерларидан камида учтасининг ўз жонига қасд қилгани хабари етиб келди. Аслида¸ жонидан тўйган мелисалар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Сиз¸ Тошкент режимининг садоқатли хизматчиси бўлиб келаëтган милиция ходимлари орасида суиқасд ҳоллари кўпайиб бораëтганини қандай изоҳлайсиз?Душанба¸ 30 ноябрь куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 да бошланадиган шу мавзудаги жонли суҳбатимизда Skype манзилларимиз орқали иштирок этинг!
20 ноябрь куни Янгийўл тумани Гулбаҳор ички ишлар бўлими жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, капитан Шарофиддин Темиров иш жойида хизмат тўппончаси билан ўзини отиб ўлдирди.
28 ноябрь куни Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 30 яшар Ойбек Мамараҳимов ва бошқа ҳамкасби ўзини осиб ўлдирди.
Бу кейинги бир ҳафта давомида ўзбек милиционерларининг ўз жонига қасд қилишига оид Озодликка маълум бўлган уч воқеа¸ холос. Аслида¸ жонидан тўйган мелисалар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Жорий йил апрелида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев ўзини осиб қўйган бўлса¸ бундан роппа-роса бир йил аввал Чирчиқда ҳам милиция зобити ўзини отиб ўлдирган эди.
Милиционерлар орасида суиқасд ҳолларининг кўпайиб бораëтганидан хавотирга тушган Ички ишлар вазирлиги¸ Озодлик манбаларининг тасдиқлашича¸ 2016 йилдан бошлаб ўз ходимларининг руҳий саломатлигини текшириш мақсадида ëлғон детектори қўллаш тажрибасини жорий қилади.
“Ички ишлар вазирлиги тизимидаги руҳшуносларга ёрдам тариқасида полиграф жорий этилади. Ёлғон детекторида ишлаш малакаси бўйича ўқитиладиган полиграфистлар штати таъсис этилди”, дея иқтибос келтирди ўтган ҳафта бу ҳақда вазирликдаги ўз манбасига таянган айрим Россия агентликлари.
Сиз¸ Тошкент режимининг садоқатли хизматчиси бўлиб келаëтган милиция ходимлари орасида суиқасд ҳоллари кўпайиб бораëтганини қандай изоҳлайсиз?
Бугун атрофингиздаги милиция ходимлари ҳатти-ҳаракатини¸ хусусан¸ уларнинг руҳий ҳолатини Сиз қандай таърифлайсиз?
25 йилдан бери ўзбекистонликларнинг фундаментал ҳақларини топташда пешқадам бўлиб келаëтган мелисаларнинг ўзлари бугун ҳақсизлар сафига қўшила бошладими?
Душанба¸ 30 ноябрь куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 да бошланадиган жонли суҳбатимиз шу ҳақда бўлади. Мулоқотга Озодликнинг Skype манзилларига қўнғироқ қилиш орқали қўшилишингиз мумкин.
ОЗОДЛИК
Ўзбекистон
Самарқандда милиция зобити ўзини осди
29.11.2015
Озодликка етиб келган хабарларга кўра, 28 ноябр куни Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 30 яшар Ойбек Мамараҳимов ўз жонига қасд қилган. Маълум бўлишича, милиция зобити ўлими юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси текширув олиб бормоқда.
28 ноябрь куни Самарқанд вилояти Нуробод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўлими бошлиғи ўринбосари, 30 яшар Ойбек Мамараҳимов ўз жонига қасд қилди.
Унинг жасади ўзи яшайдиган Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Гўзалкент қўрғонидаги хонадонидан топилди. Бу ҳақда хабар қилган Озодлик манбасига кўра, Ойбек ва унинг яна бир ҳамкасби шу тариқа ўз жонига қасд қилган.
“Кеча тушдан кейин 3-4 та милиция ходими Гўзалкентга Ойбекнинг ишхонасидан келишган экан. Улар нималарнидир разбор қилишибди. Эрталаб тонгда унинг хонадонида йиғи овози эшитилди. Кейин билсак, Ойбек ўзини осиб қўйибди. Бугун тушга яқин Нурободдда яшовчи яна бир милиция ходими, яъни Ойбек билан бирга ишлайдиган йигитнинг ўз жонига қасд қилганини айтишмоқда. Ҳозир тўполон бўлиб кетган, ҳамма ёқни облпрокуротура, мелиса босган”, — дейди Озодлик манбаси.
Маълум бўлишича, Ойбек Мамараҳимов ўлими юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси текширув олиб бормоқда. Ички ишлар идораларида 7 йил хизмат қилган олий маълумотли бу йигит бир фарзанднинг отаси бўлган.
Самарқанд вилояти прокуратураси ва ИИБнинг навбатчилик қисми “Озодлик”нинг милиция ходимларининг ўз жонига қасд қилиши воқеаси юзасидан берган саволларини жавобсиз қолдирди.
Ҳозирча Озодлик Нуробод туманида жонига ўзини осиш билан қасд қилган бошқа милиция ходими шахсига аниқлик киритишга муваффақ бўлмади.
ОЗОДЛИК
“Ўзметкомбинат”нинг ўндан ортиқ мутахассиси ишдан ҳайдалди
27.11.2015
Бекобод шаҳридаги Ўзбекистон металлургия комбинатининг Россияда ўқиб келган ўн нафардан ортиқ малакали мутахассиси ишдан ҳайдалди. Озодлик манбаларига кўра, радикал диний оқимларга алоқадорликда гумонланган бу мутахассислардан “ўз ихтиёри билан ишдан бўшаш” ҳақида ариза ёздириб олинган.
Ўзбекистон металлургия комбинатининг ўн нафардан зиёд малакали мутахассиси ишдан ҳайдалгани ҳақида Озодликка хабар берган комбинат ишчиларидан бирининг ёзишича, мутахассислар Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмасига биноан ишдан бўшатилган:
“Комбинат раҳбарияти МХХнинг буйруғи билан 10 нафардан ортиқ мутахассисни ишдан бўшатиб юборди. Аниқроғи, бу мутахассислар “ўз хоҳишига кўра” ишдан кетишга мажбурланди. Бу йигитлар “Москва пўлат ва қотишма институти”да ўқиб, мутахассис бўлиб қайтган эди. Уларни комбинат ўз ҳисобидан ўқиттирган эди. Айтишларича, бу йигитлар ўқиш пайтида террорчилик гуруҳлари билан алоқа қилишда гумонланаётган экан”, дейилади мактубда.
Исми сир қолишини сўраган комбинат мутахассисларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, завод катта пул сарфлаб ўқиттирган ўз мутахассисларини ишдан бўшатишга мажбур бўлган:
“Бу йигитлар қора металлургия бўйича мутахассис бўлиб ишга келганди. Булар инженерлар, механиклар, технологлар эди. Айтишларича, миллий хавфсизлик хизмати улар ўқиётган пайтда қандайдир радикал гуруҳлар билан алоқада бўлганини аниқлаганмиш. Лекин бу болаларга жиноят иши очилганидан хабарим йўқ. Бизнинг комбинат стратегик муҳим корхона бўлгани учун, балки, бу ерда ишлагани қўйишмагандир. Лекин корхона бу мутахассиларни катта пул сарфлаб контракт асосида ўқиттирган эди”, деди комбинат мутахассисларидан бири.
Мазкур комбинатдаги цеҳлардан бирининг исми сир сақланиши шарти билан гапирган бошлиғи мутахассислардан “ўз ихтиёри билан” ишдан кетиш ҳақида ариза ёздириб олинганини тасдиқлади:
“Бу йигитлар ҳаммаси ишлаб юрганди. Кейин уларга ишдан кетиш ҳақида ариза ёзиш таклиф қилинди. Таклиф энди қаердан бўлганини билиб турган бўлсангиз керак. Шу билан ишдан кетишди”, деди комбинат мулозими.
Москва пўлат ва қотишмалар институтининг МДҲ билан алоқалар бўйича проректори Вячеслав Хваннинг Озодликка айтишича, ҳар йили бу олийгоҳни ўнлаб ўзбекистонлик талабалар ўқиб тугатади:
— Мен яқинда Ўзбекистонда бўлгандим. У ерда бизнинг битирувчиларимиз ҳақида илиқ гапларни айтишди. Яхши мутахассислар тайёрлабсиз, деб айтишди. Лекин у йигитларнинг бизда ўқигани пайтида қандайдир террорчи гуруҳлар билан алоқа қилганмиш, деган гаплардан хабарим йўқ. Бу йил ҳам бакалавр йўналишига 15 нафар студентни қабул қилганмиз. Ўзбекистон металлургия комбинати бу талабалар контрактларини тўлаяпти,- деди Вячеслав Хван.
Сўнгги пайтларда хориждан ишлаб, ўқиб қайтган ўзбекистонликларни экстремистик гуруҳларга алоқадорликда гумонлаб ҳисбга олиш ҳолатлари кўпайди.
Жумладан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида сўнгги уч ҳафта мобайнида 200 дан ортиқ одам “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) гуруҳи, Ҳизб ут таҳрир ва бошқа экстремистик ташкилотларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олингани хабар қилинган эди.
ОЗОДЛИК
Ўзбекистонда қатор вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари алмашди
29.11.2015
Юртимизда булаётган жуда куплаб нохакликларнинг жабрини энг биринчи уринда куч ишлатар тизимларнинг куплаб ходимлари тортишмокда десам ишонаверинг. Суткасига 24 соатлаб ишда булиш, ноконуний буйрукларни бажариш, эртанги кунидан куркиш, пенсиягача ишлай олмай бушаб кетишдан куркиш-шулар ва яна канчалаб биз билмаган сабаблар уларни уз жонига касд килишгача олиб бораяпди шекилли.
Ватанга, Президентимизга ва халкимизга карши булган гурухларнинг купорувчилик ишлари натижаси хамма сохага таъсир килаяпдида!