Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-25)
07/23/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

25. “Тановар”

Раббим, яхшилар Сенга, заминдаги ва кўкдаги нурга, ойдинликка бунча талпинмаса?!

Шу муштоқлик бўлмаса агар, олам бунчалар чирой ва тароват касб этмасди.

– Фозилу фузало қоронғида адашиб юрган башариятнинг йўлидаги ёруғ машъалдур! – дейди Мирзо Улуғбек.

Шуниси ажабланарлики, ана шу зотларнинг ўзлариям нурга-зиёга, ёруғликка ташна бўлиб, ҳаққа-ҳақиқатга интилиб ўтди.

Кўнгли ярим Бетховеннинг мусиқийга ошуфталиги, зулмат қўйнидан ҳам саросар куй ахтаришини бир эсга олинг!

У кўнгил бўшлиғини оҳанг ва маъно билан тўлдирмоқ истайди.

Мумтоз наво ҳам она алласи каби тотли ва мўътабар. У руҳни аллалаб, туйғуларни чайиб ўтади, тафаккурни ёлқинлантириб, идрок уфқини ёритиб юборади. Одам боласи кўз билан уни илғай олмайди. У нур янглиғ. Ва оҳанг сочқиси тугал ҳикматдир.

Ва ундан инсонга наф етади, куч ва яхшилик етади.

– Шунинг учун ҳам улкан санъаткор ҳақида ёзиш жуда қийин, – дейди Одил Ёқубов, сўнг бошини орқага ташлаб хиёл кўзларини юмади ва ўйга толади. – Қирқ тўққизинчи йилнинг авжи баҳори. Тўрт йил Узоқ Шарқда хизмат қилгач, таътил тегди, қишлоққа келаяпман. Энди, бунинг нима эканини бошидан ўтказган билади.

Киндик қони томган, болалигинг ўтган қир-адир кўзингга оловдек бўлиб кўринади, учиб кетгинг келади! Бепоён дашту далаларга қараб кўзинг тўймайди, қадрдонларга, уларнинг суҳбатига, куй-қўшиққа юрак ташна бўлиб кетган!

Бир ҳафта қишлоқда тургач, сал хумор босилди, кейин Тошкентга йўл олдим.

Тошкентда, институтда ўқиётган ҳамқишлоқлар Свердлов номли концерт залида бўлаётган концертга олиб киришди.

Ўшанда ҳар бир куй ва ҳар бир қўшиқни жон қулоғим билан берилиб тинглаганман. Нимага десангиз, эртага яна Узоқ Шарққа қайтаман. Яна хизмат. Бундай наволар тинглаш яна қачон насиб этади, Оллоҳ билади.
Шу ҳасратда ичикиб ўтирсам, бошловчи, Мукаррама Турғунбоева “Тановар” рақсини ижро этади, деб қолди. Шундай олқиш бўлдики, залнинг деворлари зириллаб, томи учиб кетай деди. Ва, ниҳоят, қарсаклар тиниб, саҳнага машшоқлар чиқиб келишди. Кейин бирдан жимлик чўкди, пашша учса, эшитиладиган даражада, ундан сўнг сокин ва баҳайбат зал узра она алласи каби мунис ва дилрабо куй таралди…
“Тановар” жонимга сингиб кетган, энг суйган куйим. Уни қайта-қайта тинглашдан чарчамайман. Айниқса, ўшанда, эҳтимол соғинч сабаб, бу мунгли наво жонимни ўртаб, оёқларимнинг учига довур жимирлатиб юборган.

Сел бўлиб, саҳнага кўз тикиб ўтирибман. Ниҳоят, ҳарир парда ортидан Мукаррама Турғунбоева чиқиб келди…

Худди бировдан уялгандай, нозик ва чиройли қўли билан хиёл юзини тўсиб, бир-бир босиб, оҳиста чиқиб келдилар…

Ҳали ёш. Жуда кўҳлик…

Атлас куйлак, нафис беқасам тўн, сарв қомат, дуррачани қия боғланган, куйнинг таъкидига нозик бармоқлари чарс-чарс тортилади ва шунда тилла узуклар оловдек ёниб кўзни олади.

Раққосанинг рақси ҳам куйнинг ўзидай ғамгин ва шикаста, лекин бу ҳазинликда қандайдир мунислик, дилга яқинлик, ошуфталик ва мислсиз бир тароват борки, буни сўз билан ифода этиб бўлмайди. Юрак-бағрингни ўртаб, эзгин бир кайфият қўзғовчи илоҳий сир бор, унда…

Ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг мумтоз санъатида, айниқса, мусиқа ва рақс санъатида мана шундай изоҳлаш жуда қийин бўлган, ақл-заковат билан эмас, балки қалб билан ҳис этиладиган, идрок этиладиган илоҳий бир ҳикмат ва нафосат мужассам. Унда шу халқ халқ бўлганидан буён фитратида яшаб келаётган кечинмалар, орзу ва умид, армон ва ҳаваслар, барча-барчаси акс этади. Интилиш ва тафаккури камалакдек жилоланиб, товланиб туради.

“Тановар” шундай асар.

Мукаррама опа ижросида бу тенгсиз наво билан унинг санъатдаги талқини уйғунлашиб, янада кўрк ва маҳобат касб этган, у жонингни ўртаб, олам-жаҳон фикр-ўй қўзғайди. Муҳаббатнинг ғуссали достони бу! У кеча ҳам оловли ишқ ёлқини билан момоларимиз ҳаётни безаб, нурлантириб яшаганини кўрсатади.

Сувдек равон оқаётган рақснинг бирон-бир жойида ортиқча хатти-ҳаракат сезилмайди. Қиё боқишлар ҳам, чўчиб қочишлар ҳам, нозу итоб ҳам, ҳамма-ҳаммаси жондан азиз. Ошиқ билан хилватда дийдор кўришган маъшуқанинг ҳаёли, армонли ва, айни пайтда, орзули муҳаббатини тараннум этади. Яна бу, очиқ-ойдин эмас, балки диловарлик, нафис санъат, назокатли имо-ишоралар тили билан ифода этилган кўнгил розидир.

Халқнинг ўзидан олиб, баланд бир мақомга кўтариб, яна унинг ўзига ҳадя этилган бундан кўра мумтоз яна қандай асар бор?

Ҳануз ёдимда, эгнимда аскар гимнастёркаси, дилимда ёзувчи бўлиш истаги, тенгсиз малоҳат ва тотли санъат-нафосатга кўзим тўймай, сел бўлиб ўтирар эканман, насиб этса, бир кун келиб, менга ва менга ўхшаган беҳисоб одамларга олам-жаҳон завқ улашган, илоҳий ҳикматлардан бири бўлмиш рақс санъати юзидаги пардани олиб, унинг бутун жозибасини кўз-кўз этган Мукаррама Турғунбоева ҳақида бутун бошли бир китоб ёзаман, деб ният қилдим.

Мана, шундан буён ҳам ярим асрдан ошиқ вақт ўтди. Бу орада, яхшидир-ёмондир, бир қанча асар ёздим, мисли йўқ аждодлар ҳаётини ўрганиб, уларнинг ҳасратли сиймосини жонлантиришга ҳаракат қилдим, бироқ Мукаррама опа ҳақида китоб тугул, лоақал бир сатр ёза олмадим!
Йўқ, фикрим ўзгарган эмас, ниятим ҳамон қатъий!
Биласизми, нега?

Журъат йўқ!

Яхши ёза олмайман деб қўрққаним учун!
Яратганнинг марҳамати билан “Тановар”да жилваланган улуғликни бутун бўй-басти, нафосати ва маҳобати билан очиб беришга кўзим етмагани учун!..

Ўлжас Сулаймонов:

– Мен сени севаман,
Бева – оҳ уришни,
Балиқ – тез сузишни
Севса қанчалик;
Мен сени севаман
Ожиз – шуҳрат-шонни,
Қуёш – кенг осмонни
Севгани каби…

Азим Суюн:

– Эй дўст!
Оталар ҳақсизлик қилганда шоён,
Болалар кўксида кўкарар исён.
Сув ости тоғига урилди кема,
Ў-ў, ундан қолмади биронта нишон.

Leave a Reply
*