Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ШОҲ БИЛАН ШАЙХ ТЎҚНАШУВИ ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРГАН ЭДИ? (“Ёднома”)
12/29/2015 Бош мақола
Яхши-суъратимИсмат ХУШЕВ:
ШОҲ БИЛАН ШАЙХ ТЎҚНАШУВИ ҚАНДАЙ ЮЗ БЕРГАН ЭДИ?
Муқаддима
Азиз ва муҳтарам ўқувчилар, нашримизнинг мухлис ва муштарийлари.
Шайх ҳазратларининг бевақт ўлими муносабати билан эълон қилинган мақоламизнинг дастлабки қисми Ўзбекистонда ва хорижда катта қизиқиш уйғотиб, турли туман шов шув ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. 
Биз ушбу мақола чексиз иштиёқ ва катта қизиқиш билан ўқилаётганидан манунмиз, албатта. Буни биринчи навбатда халқимизнинг шайх Ҳазратларининг шахсига бўлган чексиз ҳурмат ва муҳаббатининг рамзи деб биламиз.
Шу билан бирга кўп сонли ўқувчилардан шайх Ҳазратларининг ҳаёти, ижтимоий ва сиёсий   фаолиятига оид  қатор маълумотлар ҳам ёғилиб келаётир. Хусусан, улар –  олдин жуда яхши ва ишончли, айтиш мумкинки – дўстона муносабатда бўлган Шоҳ билан Шайх тўқнашуви аслида нимадан бошлангани деталини батафсилроқ ҳикоя қилишимизни орзиқиб кутишяпти.
Ўша кунларга чуқурроқ назар солсак, тақдир бизни шу тарихий воқеаларнинг тирик шоҳиди бўлишга муяссар этган экан. Мен барча ижодий ишларимни бир томонга суриб, Шайх ва Шоҳ тўқнашуви аслида нимадан бошлангани ҳақида, Ислом ака билан муфтий Ҳазратларининг   муносабатлари аслида қандай бўлгани ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилишни ўзимнинг виждоний бурчим деб қабул қилдим…
шайх юзма юз
1. 
Мустақилликнинг дастлабки йилларида Президент Девони билан бўлгани каби ўша йилларда демократик жараёнлари билан ғоятда юксак эътибор қозонган республика Олий Кенгаш ҳаёти билан  – менинг ҳаётим чамбарчас боғланган эди.
Гарчанд мен ўзим Ўзбекистон халқ депутати бўлиш бахтига муяссар бўлолмаган бўлсам ҳам (Бу ҳақда “Чироқчидаги кўпкари бўлган сайлов ҳақида” номли бобда батафсил ҳикоя қилинган) Ислом ака Ўзбекистон раҳбарлигига келганидан  кейинги ҳаёт йўлим – Олий Кенгаш мажлислари билан  бевосита боғлиқ кечди. 
Ислом Каримов ҳокимиятга келганидан кейин менинг ҳам тақдиримда кескин ўзгаришлар бошлангани, янги ҳукуматнинг одами сифатида Олий раҳбариятга яқинлашиб кетганим ҳақида “Президент эркасининг хотиралари” китобида батафсил ҳикоя қилинган.
1989 йилнинг 23 июн куни – Ислом Каримов Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари этиб сайланганидан кўп ўтмай журналист Исмат Хушев Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети Бюроси қарори билан Давлат планлаштириш Қўмитаси (Госплан) нашри –  “Экономика и жизнь” журнали Бош муҳаррири этиб  тайинланади.
Ана шу кундан эътиборан то ишдан урилиб, ҳибсга олинган беш йиллик муддат ичида республика Олий раҳбариятининг –  хусусан, Ўзбекистон Олий Кенгаши мажлисларида қатнашиш менинг хизмат вазифамга кирарди ва мен буни катта бир иштиёқ билан адо этардим.
Бунинг асосий сабаблари эса қуйидагилар эди:
Биринчидан: Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутатлар рўйхатида Чироқчидан номзоди қўйилиб,  ўн кишилик тенгсиз ва беомон курашда сайланмай қолган Исмат Хушев  учун Олий Кенгаш сессияларини битта ҳам қолдирмай ҳаммасида иштирок этиши –  аламзада юрагимга қайсидир маънода юпанч ва малҳам эди.
Иккинчидан: Тарихда республика Президентини сайлаган, Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган  Олий Кенгашнинг ўша биринчи парламенти ўзидан кейин сайланган  беш парламент ва сенатлардан фарқли ўлароқ ҳақиқий демократик ва ҳур фикрли парламент сифатида шубҳасиз тарихда қолади…
2.
1990 йилда шаклланган Олий Кенгашнинг депутатлик корпуси –  бу мутлақо бошқа олам эди.
Мен ундан кейин “ясалган” ва бугунга қадар Ўзбекистон сиёсий саҳнасига беш маротаба келиб кетган  депутатлик корпуси фаолиятидан ҳам яхшигина хабардорман.  Афсуски, ақалли бир икки депутатни тилга олмаганда кейинги мустақиллик йилларида ясалган қўлбола депутатлар корпуси  халқ ҳаётига деярли кириб боролмади.
Халқ ҳам уларга ўз юрагидан жой бермади. Улар қандай келган бўлсалар худди шундай ҳаёт саҳнасидан ўчиб кетдилар.
Бироқ,  1990 йилги Депутатлик корпуси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш зарур.
Бу – Горбачев даврининг унутилмас йиллари эди. Ўша йилларда шаклланган депутатлик корпуси ўзбек халқининг сиёсий ҳаётида абадий муҳрланиб қолади десам, муболаға бўлмайди.
Бу парламент Ўзбекистон ҳаётида биринчи маротаба Президентни сайлади. Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилди.
Ўзбекистон Олий Совети Президиуми Ислом Каримов даврига келиб Олий Кенгашга айлантирилди. Унинг олдинги ва кейинги раислари Пўлат Ҳабибуллаев, Мирзаолим Иброҳимов, Эркин Халилов, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ва Бош вазирлар Мираҳмад Мирқосимов, Шукрилла Мирсаидов, Абдуҳошим Мўталов, Ўткир Султонов, Биринчи ва охирги Давлат Котиби Раҳим Ражабов, Биринчи ва охирги Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, Президентнинг Давлат маслаҳатчилари Шаҳобиддин Зиёмов, Бахтиёр Назаров, Усмон Азимов,  Мавлон Умрзоқов,  Бахтиёр Ғуломов, Алишер Азизхўжаев, Тўхтапўлат Рисқиев, Тимур Алимов, ҳукумат аъзолари, куч ишлатар тизими, прокуратура, суд ва ички ишлар, хуфия хизмати раҳбарлари, давлат қўмитаси ва корпорация бошлиқлари,  министрлар – Содиқжон Йигиталиев, Убайдулла Мингбоев,   Ғулом Алиев, Рустам Иноятов, Бўритош Мустафоев, Зокиржон Алматов, Усмон Чинозович Худойқулов, Муҳаммад Бобир Маликов, Абдусамад Полвонзода, Турсунхон Худойберганов,  Исмоил Жўрабеков, Қаюм Ҳаққулов, Муҳаммаджон Қорабоев, Эркин Самандар, Ўктам Исмоилов, Бахтиёр Ҳамидов, Козим Тўлаганов, Пўлат Ҳабибуллаев, Нодирбек Юсупбеков,  Тўхтамиш Боймиров, ака ука Шоғуломовлар, Ганжа Ёқубов, Эркин Ҳайитбоев,  Наим Ғойибов, Оқил Салимов, Шавкат Алимов, Жўра Абдуллаев, Саидаҳрор Ғуломов, Компартия биринчи котиби ва Президентнинг матбуот котиблари Шароф Убайдуллаев, Ирисмат Абдухолиқов,  Шавкат Яҳёев, Мурод Муҳаммад Дўст ва бошқалар ҳамиша шу парламент залларида қўр тўкиб ўтиришган.
Улар орасида ўша даврларда вилоятларга раҳбарлик қилган Алихон Отажонов, Темир Хидиров, Озод Пармонов, Шуҳрат Бегматов, Бахтиёр Ҳамидов, Нуриддин Зайниев (Қашқадарё), Дамир Ёдгоров, Самойиддин Хусенов (Бухоро), Риммажон Худойберганова, Маркс Жуманиёзов, Искандар Юсупов, Ислом Бобожонов (Хоразм), Пўлат Абдураҳмонов, Алишер Мардиев, Баҳриддин Рўзиев, Рустам Холмуродов, Мамаризо Нурмуродов, Ўктам Барноев (Самарқанд), Ботирали Ҳакимов, Бургутали Рапиғалиев, Тўлқин Жабборов, Икромхон Нажмиддинов (Наманган), Қаюм Холмирзаев, Саъдулло Бегалиев, Қобилжон Обидов, Аҳмаджон Усмонов (Андижон), Фозилов (марғилонлик), Мирзажон Исломов, Алишер Отабоев (Фарғона), Ҳаким Бердиев, Жўра Норалиев, Бахтиёр Олимжонов, Тошмирзо Қодиров, Абдулҳаким Эшмуродов (Сурхондарё), Александр Клепиков, О. Айдарқулов,  Ботир Маҳмудов, Ўктам Исмоилов, Равшан Ҳайдаров, (Сирдарё), Эркин Турсунов, Алишер Тошкентбоев, Шавкат Мирзиёев, Убайдулло Ёмонқулов, Маҳмуджон Холбўтаев, Сайфиддин, (Жиззах), Анатолий Ефимов, Ҳаёт Ғаффоров, Ғайбулло Дилов (Навоий) Рустам Шоабдураҳмонов, Адҳам Фозилбеков, Козим Тўлаганов (Тошкент шаҳри), Солижон Мамарасулов, Сайфулло Саидалиев, Мирзамурод Икромов, Баҳриддин Рўзиев, Козим Тўлаганов (Тошкент вилояти), Уббиниёз Аширбеков, Даулетбой Шамшетов, Темур Камолов (Қарақалпоғистон республикаси) каби Олий Кенгаш сессияларида иштирок этган ўнлаб  вилоят ҳокимлари, давлат ва жамоат арбоблари бор бўлиб, бугун биз уларнинг муборак номларини фахр билан тилга олсак, арзийди.
Депутатлар орасида кейинги мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сиёсий ва ижтимоий саҳнасидан тамомила уриб юборилган –  ҳибс ва ҳақоратга, зулм ва жаҳолатга, қувғин ва муҳожиратга  бадарға қилинган  Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,  Самандар Қўқонов, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Солиҳ, Нурали Қобул, Мурод Жўраев, Жаҳонгир Маматов, Насрулло Саидов, Ойгул Маматова, Абдувоҳид Паттаев, Дадахон Ёқубовлар ҳам бор эди.
Кейинчалик сирли ўлим топиб  бу дунёдан армон билан ўтиб кетган Алижон Қўчқоров, Шовриқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, Иномжон Турсунов ва бошқа ўнлаб депутатлар ҳам ўша шонли ва суронли йилларда парламент аъзоси деган улуғ ва муқаддас номга эга эдилар.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи парламенти амалга оширган озод ва демократик жамият қуриш борасидаги  инқилобий ўзгаришлар кўламини бугун бир сўз билан айтиб ўтиш қийин…
3. 
Тўғри, Олий Кенгаш сессиялари залида ёдда қоладиган воқелар кўп бўлди.
500 кишилик депутатлар корпусида Малик Қаюмов, Ориф Алимов, Эркин Воҳидов, академиклар Иброҳимжон Искандаров, Маҳмуд Сирожиддинов, Абдулла Орипов, Шавкат Ўразаев, Антонина Хлебушкина, Маҳмуд Исматов, Бернора Қориева, Шабот Хўжаев, Иброҳим Файзуллаев каби ўнлаб машҳур зотлар, давлат ва жамоат арбоблари, ҳукумат аъзолари, журналистика, адабиёт ва санъат вакиллари бор эди.
Ислом Каримовни Президент қилиб сайлаган ва Ўзбекистон давлатини мустақил деб эълон қилган биринчи парламент заллари жуда кўп тарихий воқеа ва ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган.
Унутилмас еттинчи сессияда Шукрилла Мирсаидовнинг: “Мен тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлмоқни афзал биламан!” деган оташин нутқи, Шуҳрат Туҳфатович Нусратов ирод этган: “Президент КГБ ва СНБ ни ўзига бўйсундириб олди, разведка, контразведка, наружка ва терроризмга қарши кураш Бошқармалари  ўзининг барча техник воситалари билан бир кишининг қўлига бериб қўйилди. Агар бугун бунинг олдини олмасак, эртага бизларни 37 йил кутади. Бугун Шовруқни қамашди, бунинг олди олинмаса – эртага мени, индинига Сизни қамашади!” деган  – хотирамда абадий муҳрланиб қолган чақириғи, Жаҳонгир Маматовнинг Ислом акага қарата айтган: “Бу юрт онангизнинг маҳрига тушганми. Нега мени қувғин қиласиз!” деган дил нидоси, Шовриқ Рўзимуродовнинг: “Ислом ака Қашқадарёда ҳам фақат приписка билан шуғулланиб келди. Бу одамга ишониб бўлмайди!” деган ҳайқириғи, Муҳаммад Солиҳнинг мухолифатга босим ўлароқ ўз депутатлик гувоҳномасини Олий Кенгаш раиси ўтирган Президиумга улоқтириб зални мағрур тарк этиши – буларнинг ҳаммаси шу муборак парламент залида бўлиб ўтган тарихий воқеалар эди.
Мана шу тарихий сессияда ўн олти одам сўзга чиққан бўлса, бирортаси кейинчалик кечирилмади. Уларнинг бир қисми ўлиб қутилди. Қолганлари ҳануз қамоқда ва хорижда…
500 кишилик депутатлар залида қанчалар машҳур арбоблар кўп бўлмасин, улар ичида бир зот бор эди: Сессия залининг энг ўртасида, оппоқ кийимда –  бу олий ва мўҳташам залда бамисоли Хўжайи Хизр ўтирарди. Бу – Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари эди.
Бу залда содир бўлган воқеаларнинг қисқа хронологиясини юқорида келтирдик. Лекин шайх Ҳазратларининг Ислом Каримов қасамёдга келтирилганда у кишининг юзига қараб айтган гаплари – бу залда айтилган сўзларнинг энг таъсирлиси, ёдда қоларли ва унутилмаси бўлди.
Мен Олий Мажлис анжумани ўтаётган залнинг  биринчи қаторида – Ислом аканинг энг яқин мулозимлари билан бирга ўтирардим. (Сурат берилади)
Майли, биз шайх ва шоҳнинг бу тарихий ва машҳур тўнашуви тафсилотларига ҳали батафсил тўхталамиз. 
Ҳатто Ислом Каримовни Президент этиб сайлаган сессияда – янги сайланган давлат раҳбари Қурон ва Конститутияга қўл қўйиб, қасамёдга келтириш таклифи ҳам аслида шайх Ҳазратларидан чиққан таклиф эди…
4. 
Ҳа, Ислом Каримов республика раҳбари бўлиб келган йилларда шайх Ҳазратлари билан жуда яқин ва ишончли, айтиш мумкинки, дўстона муносабатда эканликларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Уларнинг бу дўстликларининг илдизи – Ислом ака ҳали Қашқадарё обкомининг биринчи секретари бўлиб ишлаб турган пайтда, муфтий Ҳазратлари билан Москвада – СССР халқ депутатларининг биринчи съездида иштирок этиб юрга кунлардан бошланган эди.
Не бахтки, тақдир тақозоси билан,  менга ҳам шу улуғ анжуман боис Москвага бориш ва Ўзбекистондан сайланган СССР халқ депутатлари билан мунтазам бирга бўлиш бахти насиб этган эди.
 Москвадаги бу ҳаяжонли ва унутилмас учрашувлар ҳақида ўз хотираларимда – “Подшо эркатойининг саргузаштлари” да баҳоли қудрат ёздим ва ҳикоя қилдим. 
Мен муфтий Ҳазратларини Москвада – СССР халқ депутатлари жойлашган Кремлнинг шундоққина рўпарасидаги “Россия” меҳмонхонасида кўп учратардим. У кишининг кўпинча гоҳ Одил Ёқубов билан, гоҳ Аҳмаджон Мухторов билан, гоҳ Эркин Юсупов билан гурунглашиб туришларини кўрардим.
Лекин адолат ҳаққи ҳурмати – бугун ростини айтишим керак – муфтий Ҳазратлари Қашқадарё обкомининг биринчи секретари Ислом Каримов билан бошқаларга қараганда яқинроқ эдилар.
Ислом ака Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлиб сайланганч, бу яқинлик янада мустаҳкамланди ва амалий тус ола бошлади.
Ҳатто бир гал Ислом ака маслаҳати билан шайх Ҳазратларини Горбачев қабул қилганини ҳам биламан. Сўнг Горбачев шайхни ўзининг Афғонистондаги махсус вакилим деб эълон қилган, алоҳида ваколат берган эди.
Ростини айтганда шайх Ҳазратлари ҳам Горбачевнинг ўша топшириқларини қойил билиб бажарган, хусусан, СССРнинг Афғонистонда қолган ҳарбий асирларини озод қилишда жонбозлик кўрсатиб, катта рол ўйнаган эди…
Хуллас, яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим –  муфтий Ҳазратларининг ўша пайтда Михаил Горбачевнинг Афғонистондаги махсус вакили  этиб тайинланишида  Ислом Каримовнинг хизматлари борлигини  яхши биламан.
Эҳтимол, шайх Ҳазратларининг ўзлари ҳам бу ҳақда – Москвада ва Ўзбекистонда ўтган ўша унутилмас кунлар ҳақида, хусусан Ислом Каримов билан бўлган муносабатлари ҳақида ўз хотираларини ёзгандирлар ва вақти келиб биз уларни ўқиш бахтига муяссар бўлармиз…
5. 
Майли, Москвадан яна Ўзбекистонга – Олий Кенгаш сессияларига қайтсак.
Президент шайх Ҳазратлари билан шу қадар яқин ва яхши алоқада эдики, у киши ҳар бир сессия олдидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  билан у ёки бу масалада албатта маслаҳатлашиб олишни одат қилганди.
Айтиш мумкинки, Ислом Каримов  бирор бир сессия олдидан шайх  билан қайсидир ҳолатда маслаҳатлашмаслиги мумкин эмас эди. Сессиядан олдин ва ё танаффус пайтларида Ислом ака атрофга аланглаб, шайх Ҳазратларини излаб қолардилар. Мен бу ҳолни кўп бор кузатганман.
Яна шу нарса хотирамда қолганки, Шайх Ҳазратлари Шоҳ – яъни Ислом ака олдида ҳамиша ўларини  дадил ва мағрур тутарди. Ўша пайтларда ҳам у кишининг феълу атвори ва табиатида хушомадгўйликка мойиллик деярли йўқ эди.
Буни Ислом ака ҳам тўғри қабул қилар, очиқ ойдин, тўғри сўз ва мағрурлиги учун шайхдан мутлақо ранжимасди.
Умуман, ўша пайтдаги – Ислом ака характеридаги ажиб бир ҳолат, оммабоплик ва оддийлик кўпчиликнинг ёдида қолган.
Ўшанда – Ўзбекистон раҳбарлигига янги сайланган кезларда Ислом ака Марказқўм ҳовлисида баъзида унинг ҳузурига иш билан келган арбоблар – Вице Президент Шукрилла Мирсаидов, кейинчалик унинг ўрнини эгаллаган – Давлат Котиби Раҳим Ражабов, партконтроль раиси Шавкат Муҳиддинович Йўлдошев, Тошкент обкомининг биринчи секретари  Солижон Мамарасулов, Тошкент горкомининг биринчи секретари Адҳамбек Фозилбеков, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабековлар билан  ўз уйида юргандай бемалол юрарди.
Уларнинг ортидан эса  кўпинча қўлда аллақандай папка ва ҳужжатлари билан Президент Девони иш Бошқарувчиси Зелемхон Ҳайдаров, Секретариат Бошлиғи Равиль Ваҳобович Абдуқодиров, Президентнинг биринчи ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов, Президент маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовлар соядай эргашиб боришарди. 
Марказқўм ҳовлисидаги сайрда яна бир эшелон бор эдики, бу ёшлардан иборат бўлиб, “Ватан” партияси раиси ва Давлат маслаҳатчиси Усмон Азимов, Ислом Каримовнинг Марказқўм бўйича матбуот котиби Шароф Убайдуллаев, Президент девони бўйича матбуот котиби Ирисмат Абдухоликов, янги тайинланган ёрдамчилари Жаҳонгир Маматов ва Дадахон Ёқубовлар тўданинг ортидан сўнгги эшелонда боришарди.
Мен ҳам одатда кўпинча ана шу охирги эшелонда бўлардим.
Яна шу нарса ёдимда қолганки, Ислом ака ўшанда кийинишга ва ўзига оро беришга унчалик эътибор бермасди, қизиқмасди,  униққан костюмлар кийиб юрарди.  
Ўша воқеаларнинг хотирамда нурланиб қолган энг унутилмас ва гўзал таърифи шуки – Ислом ака Девон ҳовлисидаги чойхонада ўтириб ажиб  кайфият ва иштаҳа билан шашлик – кабоб ейишни яхши кўрардилар.
Мен бир марта уларни ҳатто шайх Ҳазратлари билан бирга ўтириб, чойхўрлик қилганларини ҳам кўрганман…
6.
Мустақиллик йилларининг дастлабки ташкилий даврида Ислом ака ҳатто шайх Ҳазратларини Президент девонига ишга таклиф қилганлари ҳам кўпчиликка аён бўлса керак.
– Менга диний ва маърифий масалаларда Бош маслаҳатчи бўлинг! – деган эдилар Ислом ака ўшанда шайх Ҳазратларига.
Ажаб эмас, бу кенг фикрли ва донишманд инсон кейинчалик  Вице Президент бўлиши ҳам мумкин эди.
Ислом аканинг: “Ёнимда бўлинг , бирга ишлаймиз!”  деган таклифига жавобан шайх Ҳазратлари:  “Ислом ака, ман доимо Сизнинг ёнингиздаман. Лекин бир идорада ўтириб ишлашимиз шарт эмас…”  деб юксак одоб ва маданият билан жавоб қилган эдилар…
Шунда Ислом ака: “Бўлмаса, менга ўзингиз ишонган шогирдларингиздан бирортасини тавсия қилинг”   –  деганида шайх Ҳазратлари машҳур исломшунос олим Убайдулла Уватов номзодини тавсия қиладилар.
Ўзбекистон илм фан аҳли  ва зиёлилари орасида катта обрў эътиборга эга бўлган Убайдулла ака шу тавсия асосида анча йиллар Президент девонидаги масъул лавозимда ишладилар. У кишининг илмий ишлари ҳам, агар адашмасам, Замаҳшарий ижоди ва фаолияти ҳақида эди, шекилли…
Умуман, муфтий Ҳазратлари порлоқ истиқбол тилаб, катта ва ойдин йўлга йўллаган юзлаб дин пешволари,  жамият ва сиёсат арбобларини эслашимиз мумкин. Улар жуда кўп эди ва бугун уларнинг ҳар бири муфтий Ҳазратлари ўлимини ўз яқин ва азиз кишисининг ўлими сифатида қабул қилганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас…
7.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари билан мен Ўзбекистон Олий Кенгаши сессияларида тез тез учрашиб турардим.
Узун бўйли, кўркам йигит эдилар Ҳазрат. Олий Кенгаш сессияларида ҳамиша оқ салла ва оппоқ кийимда қатнашаркан,  менинг назаримда  Ҳазрат тимсолида ҳукуматнинг мажлислар залида гўё  Хўжа Хизр ўтиргандек туюларди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сессия йиғилишларида ҳамиша ноибларнинг диққат марказида турарди. У киши ҳеч қачон бўлар бўлмас гап сўзлар учун минбарга талпинмас, ўзини кўз кўз қилишга умуман қизиқмасди. Ҳолбуки, сессия йиғилишларининг аксарияти тўғридан тўғри эфирга узатилар, халқ депутатларининг фаолиятини халқимиз ўз кўзи билан кузатиб туриш имконияга эга эди.
Шайх Ҳазратларини гоҳ қашқадарёлик депутат Шовриқ Рўзимуродов билан, гоҳ Тойиба Тўлаганова, гоҳ Алижон Қўчқоров, гоҳ Самандар Қўқонов ва Мурод Жўраевлар билан суҳбатлашиб турганини кўриш мумкин эди.
Худди шунингдек у киши ҳукумат мулозимлари билан ҳам худди мухолифат фаоллари каби яқин ва эҳтиромли муносабатда эдилар. Ҳамма Ҳазратни ҳурмат қилар, эҳтиром билдирар, у кишига яқинлигидан қалбида ажиб бир фахр ва ифтихор туярди.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳеч қачон на мухолифат ва на ҳукумат тарафида бўлмаган. У киши ҳамма билан бир ва тенг муносабатда эдилар.
У киши доим Оллоҳ тарафида, адолат ва диёнат ҳимоясида эдилар…
8. 
Энди куни кеча “Озодлик” радиосида устозимиз, таниқли журналист Шароф Убайдуллаев айтган воқеаларга келсак, мен ҳам ўша сессияда иштирок этган ва устоз гувоҳлик берган гап сўзларни шахсан эшитган эдим.
1991 йилнинг декабрь ойи якунида бўлиб ўтган сессия Ислом Каримовни Президент этиб сайлаганидан сўнг  янги сайланган  Президент қасамёдга келтирилди.
Худди кечагидек кўз ўнгимда: Ислом ака ўнг қўлларини Конституция ва Қуронга қўйиб қасамёд қилган эдилар. Залда қарсак садолари янграган, Ўзбекистоннинг кўзга кўринган обрў-эътиборли кишилари сўзга чиқиб, Ислом Каримовни бу юксак ишонч билан муборакбод этган эдилар.
Жумладан, Ўзбекистон халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Конституциявий суд раиси Шавкат Ўразаев ва бошқалар сўзга чиққан ва янги сайланган Президентни олқишлаганлари ёдимда.
Ана шундай олқиш ва мақтовлар оғушида сархуш ўтирган  Президент учун қуёш чарақлаб турган мусаффо осмонда кутилмаганда момоқалдироқ гумбирлагандек бўлди: Олқишлар тугаб, Президент мамнун ўрнидан туриб, икки қўлини кўксига қўйганча ҳаммага таъзим бажо этаркан, бехосдан ҳа, йўқ, бе йўқ,  мажлислар залининг қоқ ўртасидан Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари минбар томон йўл олади.
Хўжа хизрдек оппоқ кийимлари ўзига ярашган шайх Ҳазратлари айтилган барча табрик ва олқишларга қўшилган ҳолда, ўзига хос оғир ва босиқлик билан Ислом аканинг кўзларига тик қараб, ушбу нутқни ирод этган эдилар:
– Муҳтарам Ислом ака! Мен бу ерда айтилган барча табрик ва тилакларга қарши эмасман. Лекин бугунги  муборак кунда Оллоҳнинг бир ўгитини Сизга эслатиб қўйишни ҳам ўзимни бурчим деб биламан. Оллоҳ айтадики, қайси бир шаҳарнинг кўчаларида бирор бир отнинг оёғи ногоҳ бирор  тошга қоқилса, бунинг учун биринчи навбатда подшо жавобгар бўлади. Чунки подшо шаҳар кўчаларидаги тошларни тердириб туриш учун Худо олдида масъулдир…
 9.
Боя зал ўртасидан оппоқ кийимда минбар томон гапириш учун келаётган халқ ноиби – муфтий Ҳазратлари эди. Ушбу нутқни ирод этгач эса у энди депутатлар наздида аллақачон Хўжаи Хизрга айланиб улгурган эди.
Мен бу залда жуда кўп нутқлар эшитган ва жуда кўп таниқли сиймоларни кўрганман. Ўзим ҳам партия съездларида шу минбардан туриб нутқ ирод этганман. Лекин бугунгидай бетакрор ва ўзига оҳанграбодай тортувчи нутқни ҳали эшитмаган эдим.
Мана, ўттиз йилга яқин вақт бўлаяптики,  ундан олдин ҳам, кейин ҳам – бундай тўғри ва одил сўзни раҳбарга қараб ҳали ҳеч ким юзма юз туриб айтолмаган эди.
Муфтининг ушбу кутилмаган “табрик ва огоҳи”дан бутун зал ҳайкалдай қотиб қолгани ҳамон кўз ўнгимда турибди. 
Яна шу нарса ёдимдаки,  муфтий ушбу сўзларига бир қатор изоҳ ҳам бера бошлади. Яъни, шаҳар деганда Оллоҳ мамлакатни назарда тутиши ва кўчалар деганда – жамият ва бу тошлар ҳақидаги ташбеҳлар ҳам оддий тош эмас, балки инсон тақдирида учраб турадиган маломат ва бўҳтон, бало қазо тошлари экани ҳақида чиройли ва мазмунли изоҳ бера бошлади.
Подшо – жамиятни бало қазолардан сақлаш учун худо олдида жавобгар эканлигини подшонинг кўзига тик қараб изоҳлар экан, ўшанда мени ҳайратлантирган энг унутилмас ҳолат – муфтий бу сўзларни  шоҳ олдида ийманиш ёки сесканиш нарида турсин, ҳатто кипригини ҳам қоқмай гапирди…

 

10. 
Бу одамда шунчалар куч ва қудрат, жасорат ва шижоат борлигидан бутун зал унга термулганча маҳлиё бўлиб қолган эди.
Яна бир ажабланарли жойи шундаки, шу пайтгача ҳамду санолардан арслон мисол кўкрак кериб ўтирган Президент муфтийнинг бу огоҳларидан сўнг бир пасда сувга тушган мушукдай мунғайиб қолди.
Мен Ислом акани яхши биладиган одам сифатида шу нарсага амин эдимки, бу мунғайиш вақтинча эди. У рўпарасида турган муфтийни қаеридан ва қандай чанг солишни кузатиб ва кутиб турган арслонга ўхшарди.
Агар арслоннинг ҳамла олдидаги ҳолатини кузатсангиз, у худди шундай бўйни билан ерга ётиб олиб, ўлжасига мунғайиб назар солиб турганини кўриш мумкин. Ислом аканинг ўша куни мунғайиб боқиши ҳам – арслоннинг ўз ўлжасини кузатишига ўхшаб кетарди…
Кўп ўтмай менинг бу кузатишларим ўз исботини топди.
Мен ўша шонли ва суронли кунлар, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги Ўзбекистон ижтимоий сиёсий ҳаётидаги  воқеаларидан яхши хабардор бир инсон сифатида бугун ўз таассуротларимни айтиб ўтсам, ортиқчалик қилмаса керак деб ўйлайман…
11. 
Лекин ўша куни мен барибир Президентга қойил қолдим.
У  ўзини бир лаҳза йўқотиб қўйган бўлса ҳам, ўнг қўлини кўксига қўйиб,  муфтийнинг ҳар бир сўзларини маъқуллаб турарди. Залнинг биринчи қаторида ўтирган одам сифатида Президент минбардан муфтийга бош силкиб турган бўлса-да, лекин ўша дам унинг хаёлидан нималар кечаётганини мен яхши билардим.
Ўшанда – Президентдан ташқари залда яна икки мулозим мунғайиб қолган эди. Булар шу залда бўладиган ҳар қандай анжуман, тадбир ва нутқлар учун бевосита жавобгар бўлган Президентнинг кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан унинг биринчи моувини Шароф Убайдуллаевлар эди. 
Ислом аканинг  ишонган бу икки мулозими кимдан нажот топишини билмай, икки арслоннинг режада бўлмаган бу олишуви нима билан тугашини ўйлаб – уларнинг рўпарасида мунғайиб туришарди…
12. 
Мажлис тугаб, ҳамма тарқаб, бўронлар тингандай бўлди. 
Лекин муфтийнинг ҳеч ким кутмаган бу маърўзаси депутатлар тилидан тушмас эди. Албатта, ҳамма бир овоздан муфтийни олқишларди. Бироқ – кўчада олқишлар ёғилиб турган бир пайтда – Президент девонида мутлақо бошқача муҳит ҳукмрон эди.  
Бу воқеаларнинг ичида бўлганим учун ҳам Президент девони ичидаги  тўс тополон ва довуллар худди кечагидек кўз ўнгимда турибди.
Мажлис тугаган заҳотиёқ Ислом аканинг ёрдамчиси Крайнов Умрзоқов ва Убайдуллаевни тепага  – олтинчи қаватга шошилинч чақириб қолди. Мен уларни Умрзоқовнинг кабинетида кутиб ўтирдим.
Бир неча дақиқадан сўнг эса,  мен – тепадаги “дуэл” нинг якунидан биринчи бўлиб огоҳ бўлдим:
Маълум бўлишича, Умрзоқов ва Убайдуллаевлар Президент кабинети остонасидан ҳатлаб ўтишлари биланоқ тўлиб тошиб турган Ислом аканинг истеҳзоли ва ғазабнок саволига дуч келадилар: “Сессияни жуда зўр тайёрлаган экансизлар, қойил, табрик ва насиҳатларинг бўғзимгача етди. Бу мулланг ўзи нима истайди мендан? Ким унга бундай ваколат берди? Менга ақл ўргатишини қаранг. Нимаймиш, мен шаҳарнинг тошини териб туришим керак эмиш. У киши отда юрсинлар-у, мен йўлнинг тошини териб юрайми? Ҳе, ўргилдим сенинг топган ақидангдан…”
Шундоғам  ноқулай ҳолда қолган бу икки мулозим, бири қўйиб,  фиғони фалак бўлиб турган Отани юпата бошлашади:  Ислом ака, бу ерда Сизга – тош териш ҳақида гап бўлаётгани йўқ, тош теришни бизга қўйиб бераверинг, аксинча подшоликнинг вазифаси кенглиги устида, жамиятнинг тинчлиги устида гап борди деб юпатишга ҳаракат қилишган.
Шунда Ислом ака: “Мамлакатни тинчлантириш ташвиши муфтийга қолибдими, менга ҳар кўринган Ислом пешвоси ақл ўргатаверса, бундай насиҳатвозлик билан қаергача борамиз? Бугун қўйиб берсанг  – тошингни тер дейди.  Эртага қўйиб берсанг  – тўрвангни кўтар дейди.  Тўхтатларинг менга ақл ўргатишни.  Қўлларингдан келса, ишлаларинг.  Муфтий билан музокара қилиб ўтирмайман. Мен сенлардан талаб қиламан…” – деб гапнинг пўсткалласини айтади…
 
13.   
Ана шундан кейин содир бўлган воқеалар кўпчиликка маълум.
Лекин парда ортидаги яна бир саҳна кўриниши борки,  мен уни бугун элга ошкор қилишни лозим деб биламан.  Бу икки мулозим – Умрзоқов билан Убайдуллаев,  бири – мудир, яна бири – муовин бўлишидан қатьий назар, улар бир бирига қалбан жуда яқин одам эдилар. Улар  Президент олдида бир бирини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай зарбани бўйниларига олишга ҳам тайёр эди.
Хуллас, ўша куни улар Президент олдидан жуда тушкун кайфиятда кириб келишди. Шунда ҳам улар бир бирини айбламасди. Мен ҳам шу давра одами эдим. Қолган гап сўзлардан ҳам воқиф эдим.
Хусусан,  яқин кунлар ичида муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жанобларининг  энди Президентга насиҳат эмас,  балки тўла тўкис олқиш ва ҳамду санодан иборат нутқ билан омма олдида   мурожаат билан чиқишини уюштириш лозим эди. Яқин ўртада бирор бир ҳукумат тадбири бўлмаса,  Муфтийнинг ойнаи жаҳон орақали чиқишини Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари учун бевосита масъул Шароф Убайдуллаев зиммасига юклатилди.
Мен ҳам Шоҳ билан Муфтий орасидаги зиддиятнинг шундай якун топиши адолатли бўлади деган фикрда эдим. Қолаверса, бу ўша кунги суҳбатмизда жуда осон ва оддий эришса бўладиган вазифадай туюлган эди.
Ҳатто ўзимиз жуда яхши биладиган Ислом университети ректори, муфтийнинг биринчи ўринбосари – асли чинозлик Баҳодирхон Мақсудхон ўғли Муртазоевни ҳам бу ишга жалб этадиган бўлдик. У киши Умрзоқов билан жуда яқин бўлиб,  уларнинг бир бирига ҳурмати катта эди.
Мавлон ака ана шу кишини эслаб қолди. Бугун эрта Президент билан Муфтийни яраштириб, керак бўлса бир пиёла чой устида уларнинг суҳбатини ҳам уюштирсак чакки бўлмасди деган яхлит фикрга келинди.  Лекин “бир пиёла чой” гурунгидан олдин Муфтий халқ олдида Президент ҳақида алоҳида, насиҳатлардан холи бўлган чиройли бир нутқ ирод этишлари керак эди.
Насиҳатлар етарли бўлган эди.
Вазифаларни елкасига ортиб, Убайдуллаев Умрзоқов хонасидан чиқиб кетди…
14. 
Кейин маълум бўлишича, Президент Девонига чақирилган Муфтийнинг ўринбосари  Баҳодирхон Мақсудхон ўғли Муртазоев масаланинг у қадар осон эмаслигини – ҳатто имкониятдан ташқари эканлигини рўй рост айтади.
У устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг феъли-атворини яхши биларкан. Муфтийнинг – ўз сўзини қайтиб олиши ва Президентдан узр сўраши – бу жуда қийин, амалга ошмайдиган масала дейди.
Муфтий жаноблари ҳам бир кун эмас, ўн кун эмас, бир неча ҳафта – қайта қайта, турли баҳонаи сабаблар билан Девонга суҳбатга чорланади.  У кишининг шарафига Девон ҳовлисидаги чойхонада алоҳида “чой”лар ташкил қилинади, Баҳодирхон хизматда бўлади-ю, лекин  бу суҳбатлар, алқисса, ҳеч бир самара бермайди.
Девондаги “чойхона суҳбат”лар  самара бермагач, икки бор Убайдуллаевникида, бир бор ҳатто Мавлон аканинг уйида ҳам “алоҳида” гаплашилган.  Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов энг сўнгги чора сифатида муфтий Ҳазратларини ўз уйига “меҳмонга” таклиф қилади.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтишим керак.
Бўлиб ўтган воқелардан қатьий назар,  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳурмат  қиладиган одамлардан бири – Мавлон Умрзоқов эди.  Муфтий Умрзоқов ҳурматига унинг уйига меҳмонга боради. Лекин бирибир ўз эътиқодидан чекинмайди.
Умрзоқов хонадонидаги тонг отар суҳбат ҳам, аввалги суҳбатлар қандай самарасиз тугаган бўлса, худди шундай самарсиз тугайди.
Кейинчалик Муфтийнинг Умрзоқов уйида айтган  гап сўзларини менга етказишган эди:
“Мен Сизларнинг саъй- ҳаракатларингиздан жуда миннатдорман. Ҳамма гапларингга қўшилишим мумкин. Лекин мен ўша мажлисда ҳеч бир ортиқча гап айтмаган бўлсам, қандай қилиб уни юмшатишим ва узр сўрашим мумкин?  Ўз айтган тўғри сўзим учун мен нега  пушаймон қилишим керак?!  Мен Оллоҳнинг сўзини бир мусулмонга етказишни ўз бурчим деб билдим. Қолаверса, иккинчи масала, яъни Президентга олқиш ва мақтов юзасидан – мен катта бир мусулимон идорасининг вакилиман.  Қолаверса, бир мусулмон ва тақводор сифатида шуни айтмоқчиманки, мен фақат Осмондаги Оллоҳга – Яратган Эгамгагина сиғинаман,  холос. Ундан бошқага сиғиниш эса – менинг мусулмонлик эътиқодимга ва зиммамдаги муфтийлик масъулиятга тўғри келмайди…”
15. 
Адолат билан айтганда, Муфтий Ҳазратларининг эътиқодига қойил қолмаслик ва тан бермаслик мумкин эмас.
Буни ўша пайтда уни шоҳ билан яраштиришга чорлаган  Мавлон Умрзоқов билан Шароф Убайдуллаевлар ҳам мендан кам тушунмаганлар, албатта.
Бу муфтийнинг оддий қайсарлик билан оёқ тираши эмас, йўқ, бу – унинг ҳаёт тарзи, бу – унинг умрбоқий эътиқоди эди. У шунинг учун туғилган ва шу эътиқоди билан бу дунёни яшаб ўтиши лозим эди.
Ислом аканинг зулмкорлиги сабаб, у Ватанни тарк этди, лекин  ўз эътиқодини заррача бўлса ҳам тарк этмади!
 Вақти келиб у Ҳаётни ҳам худди шундай мардона тарк этди.
Ўшанда ҳам улуғ ва муқаддас эътиқодига заррача доғ туширмай -мардларча тарк этди…
 
16.
Ва ниҳоят Умрзоқов уйидаги натижасиз тугаган охирги суҳбатдан сўнг орадан роппа роса 13 ой вақт ўтиб, барибир муфтий учун оғир ва мусибатли кунлар бошланди.  
Бу пайтга келиб Муфтий учун тайёрланган янги бомбалар бирин кетин портлай бошлади.
Мустақилликнинг ўша дастлабки йилларида Президент Девонида Муфтий учун астойдил жон куйдириб,  маълум вақтга қадар уни Президент ғазабидан ҳимоя қилиб келган Умрзоқов ва Убайдуллаевлардан  ташқари муфтийнинг пайини қирқишни орзу қилиб ётган илонлар ҳам бор эди.
Вақт ўтиши билан бу илонлар –  аждарҳога айлана бошлади. Ана шундай зарарли ва заҳарли аждарҳолардан бири –  куч ишлатар соҳаларни назорат қилувчи давлат мастлаҳатчиси Тимур Алимов эди.
Тимур Алимов нимани истарди?
Тимур Алимов учун муфтий Ҳазратлари ўта ноқулай ва даҳшатли шахс эди. Куч ишлатар тизимларини назорат қилувчи Давлат маслаҳатчисининг остонасида СНБ дек қудратли ташкилот ташкилот раҳбаридан тортиб, Бош прокурор, МВД вазири, Олий суд, қуролли кучлар саркардаси қуллиқ қилиб турган бир шароитда аллақандай бир саллалик муфтий унга хоҳласа салом беради, хоҳламаса йўқ.
Тимур Алимов кабинети эшиги қаерда эканини ҳам ҳатто билмаса керак.
Муфтийнинг  Тимур Алимов чидай олмайдиган яна бир “гуноҳи” шундаки, у Алимовнинг “шахсий душмани” – яна бир давлат маслаҳатчиси Умрзоқовга ҳурмат билан муносабатда бўлади.
Ана шу ҳолатлар Тимур Алимовга тинчлик бермас ва уни   ғазаб отига миндирарди.
Энди эса муфтийдан қутулишнинг қулай пайти келди. Бунинг учун шоҳ ва шайхни – икки тоғни бир бирига тўқнаштириш керак! Қай бир ғолиб келиши Алимов учун муҳим эмас эди. Улар бир бирини ғажисалар, ер билан яксон қилсалар, бас!
Ҳар икки томон учун ҳам Алимов ҳеч қачон дўст бўлмаган эди.
У муфтийнинг ҳар бир қадамини кузатиб борар экан, унинг “шаккок” нутқлари фақатгина Олий Кенгаш сессиясида эмас, балки диний идоранинг ҳар бир мажлислари, мачит ва мадрасаларида, мусулмон жамоатчилиги ўртасидаги ҳар бир учрашувида ҳам бот бот такрорланиб туриши “фактлари” ва “видео”ларини Президентга дам-бадам етказиб турди.
Ислом акага “ўқитиш ва кўсатиш”нинг иложи бўлмаган жойларда – иғвогарлик билан қулоғига шивирлаб турди: “Муфтий ҳаддидан ошаяпти!”, “ Муфтий ғалаён қилмоқчи!”, “Муфтий босар тусарини билмай қолди!” “Муфтий – Президент бўлмоқчи!”
17. 
Тимур Алимовнинг ана шу саъйи ҳаракатларидан сўнг, ниҳоят куч ишлатар тизимлари Муфтий Ҳазратларига қарши фаол ишга киришдилар.
Бундай фаоллардан бири – Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев эди.  У албатта, ўз устози Алимовнинг хоҳиш иродасидан бир чимдим ҳам нарига кетолмасди. Кўрсатган чизиқдан чиқолмасди.
Алал оқибат,  Муфтийнинг Олий Кенгаш сессиясидаги ўша машҳур нутқидан сўнг орадан бир йил ўтар ўтмас –  “излар босилиб, сувлар оқиб кетганидан” кейин  – 1993 йилнинг 15 февраль куни Бош прокурор Мустафоев имзолаган  – Ўзбекистон диний идораси фаолияти моддий хўжалиги ишлари ғалвирдан ўтказилгани хусусидаги “бўҳтоннома” Ўзбекистондаги барча расмий газеталарда бир кунда, бир хилдаги дабдабали сарлавҳаларда эълон қилинди.
Ўша кунлари фақат “Ўзбекистон овози” газетасидагина бу фельетон-суҳбат босилмади, холос. Бу пайтга келиб Шароф Убайдуллаев  Президент Девонини тарк этиб, “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири этиб тайинланган эди.
Муфтийнинг бошига тушган бу кўргиликларнинг асл сабабини яхши билган диёнатли инсон Шароф Убайдуллаев Бош прокурорнинг бу танқидий мақоласини газетада эълон қилишни рад этди.
Одатда, “газетанинг навбатдаги сонида босиб чиқарилиши шарт” деган махсус ҳукумат кўрсатмаси билан ЎзТАГ орқали келган ушбу мақолани рад этибгина қолмай, Бош прокурор билан мунозарага киришади.
Ўша заҳоти ҳукумат телефонидан Мустафоевга чиқиб: “Бўртош ака, бу кимнинг ташаббуси? Бу шармандаликка газеталарни аралаштириш шартми деган сўроқни қўяр экан, Бош прокурорнинг қуйидаги изоҳини эшитади: “Бу менинг ташаббусим эмаслигини яхши биласиз. Агар  у ёки бу масалада саволингиз бўлса, ўртоқ Алимовга мурожаат қилсангиз яхши бўлади!” – деб лўнда жавоб қилади Мустафоев.
Шунда Убайдуллаев Мустафоевга: “Агар шу материални биз босмасак, нима жазо берасиз?” деб кесатганида, Бош прокурор бу масалада ноилож эканлигини айтиб: “Жазони биз эмас, ана у “Оқ уй”даги  акалардан  оласиз!” – деб суҳбатни якун қилади.
Шунда худо кўнглига солганми, Шароф ака айтган экан: Сизларга жазони худо берсин, деб.
Назаримда, Худо жазо берадиган пайт ҳам келди…
18.
Эртаси куни Президент ёрдамчиси Крайнов Шароф Убайдуллаевни тепага чақиради.
– Нега муфтий ҳақидаги мақола сенда босилмади? – деб сўрайди Президент  ўз собиқ ходимидан.
 Шунда ҳозиржавоб Шароф Убайдуллаевнинг мантиқли жавоби Ислом акани Тимур Алимов иғвогарлик қилиб қўзғаган ҳовуридан бир оз пастга туширади:
-Ислом ака,  “Ўзбекистон Овози” – Сиз раис бўлган партия газетаси. Муфтий ҳақидаги танқидий мақоланинг  шу газетада чиқмагани – Сизнинг бу ишга алоқангиз йўқ эканлигидан далолат. Биз Умрзоқов билан шунга келишганмиз деб, – Шароф ака Президент ғазабидан бир қадар қутулиб қолади…
“Келишиб ишланглар!” деган бир гапи бор эди Ислом аканинг. Биз шунга амал қилдик, – дейди Шароф ака ўша кунларни хотирлаб.
Факт шуки, барча газеталар буни босганида Шароф ака бош бўлган газета ўзини бу бадномликдан сақлаб қола олганлиги эътиборга моликдир.
Президент кечирди бу тўғри сўз ва ҳаққоний журналистни. Лекин Президентнинг малайлари, хусусан, қудратли давлат маслаҳатчиси Тимур Алимов Убайдуллаевнинг бу “шаккок”лигини кечиролмади.
Вақти келиб, бу воқеа Шароф Убайдуллаев учун жуда қимматга тушди. Бунинг яна бир сабаби бор: Тез кунларда Президентга энг яқин бўлган икки қудратли давлат маслаҳатчилари ўзъаро олишувида Тимур Алимовнинг қўли биланд келди ва Умрзоқов бир кунда вазифасидан кетишга мажбур бўлди.
Ана шундан кейин Тимур Алимов томонидан ясалган   “Умрзоқовнинг давлат тўнтариши” га уриниши ҳақидаги уйдирма айбномасини имзолашдан қатьий бош тортган казо казолар бир ёқадан бош чиқариб, маъқуллаб ва тасдиқлаб туришганида, Шароф Убайдуллаев бу бўҳтонномани ҳам имзолашдан бош тортади.
Аксинча, бу тутуриқсиз айбномани фош қилишга киришиб кетади.
 Алал оқибат, бутун умрини журналистикага фидойилик билан бағишлаган бир инсон мана 25 йилдирки, тўғри сўз ва ҳалоллиги, ҳақиқатгўйлиги  учун ишсиз қолди…
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг аччиқ  тақдири ҳақида ўйларканман, беихтиёр  шайх Ҳазратлари билан Шароф Убайдуллаевни ўзъаро боғлаб турган қандайдир илоҳий бир ришталар борлигини пайқаб қоламан.
Эҳтимол шунинг учун шайх Ҳазратлари ҳаётлик чоғларида Шароф акани минг киши ичида кўриб қолсалар ҳам, қучоғларини кенг очиб, бағирларига босганида – бу икки улуғ инсон бир бирини сўзсиз тушунганлар деб ўйлайман…
19.
Шайх Ҳазратларининг бошига қора кунлар тушишида фақат президентни айблаш тўғри бўлармикан? Шоҳнинг асл шоҳлигини унинг свитаси яъни салтанати ташкил қилади деганлари тўғри экан.
Президентни қуршаб олган маккор ва олғир мулозимлар аслида у  кишини шайхдан ажратди. Улар Президентни Шайхдан ажратмагунча ҳеч нарса қилолмасликларини, Ислом ака ҳамиша шайхга қулоқ солишларини улар яхши билишарди.
Бунинг учун эса свитага фақат бир нарса бўлса кифоя: шоҳнинг биргина зулмкорлиги улар учун етиб ортади.
Мамлакат раҳбарининг айнан зулмкорлиги, айтилган тўғри сўз ва дашномлар учун ўч олишга ишқивозлиги  боис муфти Ҳазратлари сессия залидаги бир оғиз тўғри сўзи учун неча йиллар оғир мусибатда яшашига тўғри келди.
Мамлакат Бош прокурори Бўритош Мустафоевнинг ўша “бўҳтонномаси”дан сўнг Ўзбекистон газета, радио ва телевиденияси муфтий учун тамомила ёпилди…
20.
Ниҳоят биз бугун элга ошкор қилишимиз лозим бўлган энг асосий жумбоққа яқинлашиб келдик.
Шайх Ҳазратларининг Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетиш тафсилотларига ўтишдан олдин, у кишини Ватанни тарк этиши ҳақидаги қарори энг биринчи бўлиб кимдан чиққани ҳақидаги ҳақиқатни ҳам бугун элга ошкор этишимиз керак.
Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг шайх Ҳазратлари ҳақидаги танқидий суҳбат -мақоласи  эълон қилинганидан сўнг Ўзбекистонда бугун эрта шайхни қамашармиш деган ваҳимали миш миш тарқайди.
Қолаверса, шахсан Бош прокурор имзоси билан эълон қилинган мақола ҳам  бежиз эмас эди. Ўша йилларда одатда кимни қамоққа олиш керак бўлса, уни олдин матбуотда бадном қилиш одат тусига кирган эди.
Ана шундай ташвишли кунда “Ўзбекистон овози” газетаси Бош муҳаррири этиб тайинланиб,   саройдан атайлаб “узоқлаштирилган” Шароф Убаайдуллаев Бош прокурор Мустафоевни очиқ ва юзма юз саволга тутади: “Агар шайх Ҳазратлари билан бирор кор ҳол юз берса – тарихда биринчи ўринда Сиз жавобгар бўласиз, жаноб прокурор!”
Шунда Бўритош Мустафоев тарих олдидаги жавобгарликдан қўрқдими ё виждони фарёд урдими, бу бизга қоронғу, лекин шуниси аниқки, у овозини пасайтириб, Шароф Убайдуллаевга: “Эртага ҳар нарса бўлиши мумкин…” деб маънодор учириқ қилади… 
Бош прокурорнинг шу биргина “учириғи”  муфтий Ҳазратларининг бир кечанинг ўзидаёқ Ватанни ташлаб чиқиб кетишлари учун  турки бўлди.
Зудлик билан Девонга – Умрзоқов ҳузурига чақиртирилган шайхнинг ёрдамчилари Баҳодирхонга Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни зудлик билан Ўзбекистондан чиқариб юбориш топшириғи юклатилади…
21. 
Билмадим, бугун мен хорижнинг сирли ва сеҳрли хилқатларида яшаб, шайх бошидан ўтган ўша зуғумли кунларни хаёлан таҳлил қилар эканман,  бу эҳтимол Президент атрофидагилар томонидан атай уюштирилган фитна бўлиши ҳам мумкин деган хаёлга бордим.
Лекин ўша кунларнинг тирик шоҳиди, мен адолат ва диёнатига сира шубҳаланмайдиган устоз Шароф Убайдуллаевнинг шахсан гувоҳлик беришича, улар шайхни атай қочиришмаган . Кейинги пайтда Тимур Алимов билан ниҳоятда бирлашиб кетган Бош прокурор Мустафоев товушидаги совуқ оҳанг ва қатьиятлик уларни чўчитиб қўйган.
Янаям ким билади дейсиз. Бу фикр ҳатто Президентнинг ўзидан чиққан бўлиши ҳам мумкин. Ўз вақтида муфтийни ўша шаккок нутқи боис пушаймонга – музокара ва сулҳга кўндиролмаган, мажбур қилолмаган Убайдуллаев Девондан сургун қилинди.  Энди Умрзоқовнинг ҳам кетиши ҳам аниқ бўлиб қолган бир пайтда Президент балки атай ўшалар қўли билан ўз рақибини қочириб юборишни режалаган бўлиши ҳам мумкин.
Ер остида илон қимирласа биладиган Ислом ака, қўл остидаги – инсон қиёфасидаги илонларнинг   ҳатти ҳаракатларини ўз манфаати йўлида бошқаришга жуда уста бўлиб қолганлиги бугун ҳеч кимга сир бўлмаса керак…
22. 
Хуллас, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва унинг раҳнамоси Тимур Алимовнинг разилларча сайъ ҳаракати билан  муфтий Ҳазратлари ҳам  худди биз каби Ватанни тарк этиб, муҳожирликка юз тутди.
Муҳожирликда яшаш унга осон кечмади. Чунки шайх Ҳазратлари муҳожирликда ва хорижда эмас, балки ўз Ватани – Ўзбекистонда яшайдиган, халқ қалбидан жой олган аллома эди.
Халқ дилидан муқим ўрин олган  одамнинг  муҳожирликда яшаши доим оғир кечган.
Буни яхши билган “Озодлик” радиосининг жасоратли журналисти Фурқат Яквалхўжаев 1997 йил Ўзбекистон Президенти билан бўлган учрашувларнинг бирида: “Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек олим қачонгача муҳожиратда юради, у кишининг Ўзбекистонга қайтишига қачон изн берилади?”,  – деб савол беришга ўзида журъат топаолган эди.
Президент Каримовнинг “у кишининг Ўзбекистонга қайтишига қаршилигим йўқ”, деган жавоби 5 йиллик муҳожиратдан кейин шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ватанига қайтиши учун йўлларни очиб берган эди.
Президентнинг бундай жавоб беришига эса нафақат “Озодлик”нинг саволи, балки бунга қадар ҳам унга дунё миқёсида берилаётган шу каби кўплаб бошқа саволлар ҳам сабаб бўлади.
Хусусан, Саудия подшолиги ҳам ҳаж масаласида Ўзбекистон илтимосларини инобатга олиш баробарида шайх Ҳазратларининг Ватанга қайтиш масаласини  расмий Тошкент олдига  бир неча маротаба кўндаланг қўйган эди.  Шайх учун, унинг Ватанига бориб келиши учун эркинлик яратилмаса, Ўзбекистонга нисбатан муносабат ҳам ўзгармайди дейишгача боришган эди.
Бундан ташқари шайх масаласининг ижобий ҳал этилишида  тожикистонлик таниқли диний арбоб, тожик мухолифатининг кўзга кўринган лидери Акбар Тўражонзода ҳам  катта рол ўйнаган.   
Ана шу саъй ҳаракатларнинг ҳаммасини бир бир кўз ўнгидан ўтказаркан, Президент Каримов “Озодлик” радиоси мухбири  саволига ниҳоят ижобий жавоб бериш вақти келганини англаб етган бўлса ажаб эмас…
23. 
Муҳожирликдан қайтганидан кейин ҳам шайх Ҳазратари учун  Ватанда яшаш муҳожирликдан-да оғир кечди. Телевидения ва радио, газета ва журнал эшиклари унинг учун  очилмади.
Бу – Ҳазрат учун руҳан ўлим билан баробар эди.
Бу таъқиқларга  қарамай у бир неча вақт “Озодлик” радиосида диний маърўза ва суҳбатлар туркумини олиб боришга мажбур бўлди. Ўз халқига маърифат тарқатиш учун нимаики имконият бўлса – ҳаммасидан фойдаланди.
Юзга яқин диний маърифий китобларни жондан севган ва сиғинган халқига меърос қилиб қолдирди.
Лекин бу ношукур халқ тириклигида унинг қадрига қандай етгани – бу энди алоҳида мавзу бўлади…
24. 
Албатта, бутун дунё ва жаҳон оммавий ахборот воситалари бир овоздан тасдиқлаганидек,  шайхнинг ўлими – Тошкент тарихида мисли кўрилмаган дафн маросимига айланиб кетди.
 Унда Чеченистон президенти Рамзан Қодиров, Араб дунёсидаги бир қатор таниқли шайхлар,  Ўрта Осиёнинг жамики минтақасидан етакчи  дин пешволари иштирок этишди ва бу дафн маросими тарих саҳифаларида мангуга муҳрланиб қолди.
Мана бир неча кундирки,  бу дафн ва жаноза масштаби тобора баланд мақом касб этаётган бўлса борки,  лекин заррача ҳам пасайгани йўқ. Мамлакатнинг ҳамма бурчакларида энг сўнгги таъсирли воқеа сифатида одамларнинг оғзида мангу мавзу бўлиб қолди бу маросим.
Кимки шайх Ҳазратларининг дафн маросимида қатнашган бўлса, у ноёб бир тарихий шахсга айланиб қолди.  Унда иштирок этган ҳар бир шахс ўз таассуротини айтиш билан одамларга гўё бахт улашгандек буюк эътиросдан ўзини тўхтата олмаётир.
Лекин шунга қарамай, мамлакатда заррача тебранмаган биргина тармоқ қолди десак, бу ҳам хато эмас.  Бу тармоқ – Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидир!
Ҳа, минг бир фасус ва надомат билан эътироф этмоқ жоизки, на телевидения, на радио ва на матбуот   бирор бир шаклда ҳам Ҳазрат вафотига муносабат билдирмади.  Ҳатто Ўзбекистондаги энг оддий одамга ҳам бемустасно жоиз бўлган тўрт энлик таъзия – муфтий Ҳазратларига муносиб кўрилмади.
Ҳатто бир энлик таъзияни лозим кўрмаган Ўзбекистон телевиденияси ва радиоси шоду хуррамлик авжига чиққан куй қўшиқлар пардасини бир парда ҳам пастга туширмади…
Лекин  Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу улкан йўқотишга бирор калима ишора қилмаганига қарамай,  муфтий қазосидан  кейин бир неча соат ичидаёқ  – жаноза майдонига юз минглаб одам сиғмай кетди.
Тажрибали мутахассисларнинг башорат қилишича, бу майдонда камида саккиз юз  минг дан бир миллионга яқин одам тўпланган.
Тошкент харитасини яхши билган одамлар ҳеч бир муболағасиз кўз олдига келтира олиши мукмин: Кўкча мачитининг жанубий қисмидаги Арча кўчасидан унинг шарқий дарвозаси – Хадра майдонига қадар  – оралиқдаги беш олти километрлик масофада трамвайдан тортиб барча транспорт воситалари эрта тонгданоқ тақа- тақ тўхтатилиб, шу улкан ва беҳудуд майдон сатҳи фақат жанозага келган халойиқ билан тўлиб тошди..
Ҳолбуки,  уларни Ўзбекистоннинг расмий газета ва ойнаи жаҳони жанозага чорлаган эмас эди, муфтий ўлимини халққа хабар қилмаган эди.   
Муфтий вафоти ҳақидаги бир одамнинг оғзидан чиққан бир оғиз сўз – ўша заҳотиёқ минглаб одамларга етиб борди ва муфтий Ҳазратлари дафн этилиши кўзланган  Кўкча мачити томон одамлар эрта тонгданоқ гуррос гуррос оқиб кела бошлади…
25. 
Мен бугун Ватанимдан олис Канадада бўлсам ҳам, бир нарсага аминман: Муфтий Ҳазратларининг мураккаб ва фоже ҳаёти ҳақида ҳали жуда кўп ёзилади, айтилади.
Ўзбекистондаги  Ватандошларимиз,  миллатимиз бугун ўзининг  бетакрор, беқиёс ва буюк алломасидан жудо бўлди.
Дафн маросимининг кўлами  ҳақида,  халқ орасидаги шайх Ҳазратларига бўлган меҳр ва муҳаббат, ҳурмат ва садоқатнинг рамзи ва  натижаси ўлароқ бугун халқ орасида зикр этилаётган ажиб бир ташбеҳга алоҳида урғу бермоқчи эдим.
 Кўпни кўрган шахсларнинг шоҳидлик беришича,  оқ соч Тошкент  –  ўзининг икки ярим минг йиллик  тарихи давомида бундай  улкан ва кўп минг сонли жанозани кўрмаган экан.
Бу нимадан далолат?
Бу шундан далолатки, Муфти Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳазратлари – Яратган Эгам – Оллоҳнинг севган қули эди.
Ҳар қандай  золим ва зулмкор ҳукмдор ҳам  бу улуғ ва мўътабар зот йўлини тўсишдан ожиз эканидан яна бир нишона эди…
26. 
Тўғри Шароф Рашидов таъзиясида ҳам уч кеча кундуз одам мўл бўлган эди. 
Лекин бу икки таъзиянинг битта фарқи бор: Шароф Рашидов жанозасида мамлакат ва давлат бош бўлиб, оммавий ахборот воситалари – давлат жарчиси бўлиб турган эди.
Бу ерда эса бирор бир расмий матбуот бу ўлим – муфтий  жанозаси ҳақида бирорта ҳам калима айтган эмас.
Бу икки таъзиянинг фарқи мана шу ерда…
27. 
Юқоридаги воқеалар кўлами ва аҳамияти бевосита Сизга мурожаат қилишни тақозо этади, Ислом ака!
Бугун Ўзбекистон – катта сиёсий воқеалар арафасида турганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Чорак асрлик салтанатингизни қўллаб қувватлаб, биз Сизни яна Президент бўлиб сайланишингизга хайрихоҳмиз, албатта.    
Лекин  мамлакатда бўлаётган адолатсизликлар, ноҳақлик ва порахўрликлар, ўз халқига нисбатан бўлаётган мислсиз жабр ва зулм, ҳатто террор кўлами бизни бу борада энди ўйлантириб қўя бошлади.
Ўзбекистон тарихида Сиздан бошқа ҳеч бир арбобга ўттиз йиллик подшолик бахти ва тахти насиб этмаган экан,  Сиз ўз шонли тарихингиздаги чайқалиш ва бурилиш нуқталарини – қора доғларни  шоҳлик ҳаётингиз таржимаи ҳолига абадий муҳрланиб қолишидан асрашингиз ва бунга барҳам беришингиз керак.
Афсуски,  эртага Сиз Президентлик мақомини яна янгитдан бошлаган кунда ёғилиши табиий бўлган хушомадгўйларнинг ҳамду санолари ичидан, Муҳммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг адолатли ўша сўзини энди Сизга ҳеч ким айтмайди. 
 Минг афсуски, Ўзбекистонда энди Сизга бу сўзни айтадиган мард инсон қолмади…
28. 
Ислом ака!
Ўзбекистон эришган ютуқларидан ҳам ҳеч ким кўз юммайди. Ютуқлар ўзимизники, лекин камчиликларимиз ҳам талайгина. Биз уни бугун бир бошдан санаб сарҳисоб қилишни мақсад қилиб қўйганимиз йўқ.
Кейинги пайтда йўл қўйилган хатолардан бири, балки энг йирик гуноҳлардан бири  –  миллатнинг буюк фарзанди – муфтий Ҳазратларига бўлган адолатсиз муносабатимиз десам, хато бўлмаса керак. 
Сизнинг муфтийни Ватанга қайтариш қарорингиз халқ онгида қанчалар ижобий муносабат уйғотгани ҳақида юқорида айтдик. “Озодлик” радиоси жуда тўғри таъкидлаганидек, бу воқеанинг таҳлилини биз тарихчиларга қолдирайлик.
Лекин шу билан бирга таъкидлаш лозимки, биз ушбу хатони такрорлаш эмас, энди уни тўғрилаш учун қайғуришимиз керакка ўхшайди.
Инсоф ва адолат билан айтганда муфтий Ҳазратларига бўлган муносабатнинг кескин бурилишида ўзининг манфур ва қора ишларини қилган шахсларнинг ҳам бир қисми бугун нариги дунёда шайх олдида мулзам бўлиб турган бўлсалар ажаб эмас.
 Бутун табиати билан ҳалол ва мард бўлган шайх уларга у дунёда ҳам озор бермасалар керак. Ҳатто уларнинг гуноҳини ҳам кечишни Оллоҳдан сўраган бўлсалар ажаб эмас.
Лекин у дунёнинг ишларини оғир қилмаслик учун биз бу дунёда йўл қўйган хатоларимизни ўз вақтида тузатиш йўлидан боришимизга тўғри келади.
Шу муносабат билан мен бугун бутун умр устозим деб билган муҳтарам Президентимизга чин дилдан ишонган ҳолда мурожаат қилгим келади: Муҳтарам Ислом ака. Сизга бир замонлар Оллоҳнинг буюк сўзини етказиш билан ўзининг мусулмонлик бурчини адо этган муфтий мутлақо тоза қалб билан ўз ҳалол бурчини бажаришга отланган бўлиб, Сизнинг олдингизда уннг заррача ҳам айби йўқ эди.
Бироқ ўз сўзини айтган инсон маломатлар остида қолди. Хушомадгўйлик ва лаганбардорлик шиори остида Сизни қуршаганларнинг қўли баланд келди ва муфтий Ҳазратлари, вақтинча бўлса-да,  бадном этилди. Бу ҳам етмаганидек – Ватанидан қувғин қилинди.
Бироқ уни Оллоҳнинг марҳаматидан жудо қилишга ҳеч кимнинг,  ҳатто Сизнинг ҳам қудратингиз етмади!
Бу айни пайтда ҳаммамиз учун ҳам Оллоҳ олдидаги бир синов бўлди. Барчага, жумладан Сизга ҳам. Адолатнинг – ўлмаслигига, ҳақиқатнинг – синмаслигига мезон ҳам бўлди.
Мана шу ҳақиқатни бугун Оллоҳ ҳаммамизга яна бир бор эслатиб турибди.
Жумладан – Сизга ҳам!!!
29. 
 Ислом ака!
Истаймизми, йўқми,  Сиз билан биз – битта қисмат эгаларимиз.
Биримиз Ватанда – шоҳ, бошқамиз хорижда – гадо бўлсак ҳам, Сиз билан бизнинг тақдиримиз энди бир, ундан қочиб қутулолмаймиз.
 Сиз Ватанда – ҳукмрон, биз хорижда – муҳожир бўлса-да, бундан қатъий назар,  биз Сиз билан  битта кемадамиз.
Бу кеманинг номини “Ислом Каримовнинг 25 йиллик қатағон режими” деб аташади. Биз қаерда яшашимиздан қатъий назар,  шу режим ва шу тузум фарзандларимиз, бир сўз билан айтганда – Сиз штурвал рулида ўтирган шу кеманинг ичидамиз…
Мустақил Ўзбекистон давлати шаклланаётган тарихий даврда тақдир тақозоси билан Сиз билан бир сафда турган  адабиёт ва санъат, илм фан ва журналистика вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари ҳам ҳамон ўша кемадалар.
Сиз ҳокимиятдан кетган куни, Сиз бошқарган тузумга отилган маломат ва ҳақорат тошлари Сиз билан бирга баб баравар бизга ҳам отилади. Чунки биз 25 йил давомида кўра била туриб Сизни ва Сиз бошқарган тузумни олқишлаб келдик.
Энди кеч бўлса ҳам тавбаи тазарру қиладиган вақт келди. Бизга бу саодат – муҳожирликнинг аччиқ нонини еб, хорижда насиб этди. Сизга қачон ва қаерда насиб этади, бу менга қоронғу.
Фақат шуниси равшанки, инсон ўз хатоларини англаб етса, тавба тазарру қилса, бу ҳам Оллоҳнинг, Яратган эгамнинг унга кўрсатган ажиб бир каромати, олий бир саодати бўлса керак..
Шуни яшилаб бир ўйлаб кўринг: Тиригида адо этолмаган айрим қадамларни энди дадил ташлаш пайти келди: муфтий Ҳазратларининг обрў эътиборини энди жойига қўйиб, унинг порлоқ хотираси олдида бош эгиб, уйига бориб, оиласи ва фарзандларидан кўнгил сўрасангиз,  Оллоҳ Сизу биз гуноҳкор бандаларини кечирса, не ажаб!
Муфтий Ҳазратлари бизни аллақачон кечирган, менинг бунга ишончим комил. Чунки у шунақа мард ва олийжаноб, кечирувчан инсон эди.
Энди биз бу мардликни қилайлик, унинг руҳи ва оиласи олдида қилган гуноҳларимизни тан олиб, бош эгайлик. 
Бу адолат нуқтаи назаридан ҳам тўғри бўлади. 
Бундан Сизнинг салтанатингиз обрў эътиибори ошса ошадики, сира кам бўлиб қолмайди…
Қолаверса, диний маҳзабда муфтий Ҳазратларининг тарихдаги ўрни –  Имом Ал Бухорийдан кейинги шахс деб таърифланяпти.
Биз бунга баҳо беришга ожизмиз, лекин бу ташбеҳ нақадар ҳақиқатга яқинга ўхшайди…
Тамом
ҳазрат дўппида
Исмат Хушев, 
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
21 март, 2015 йил,
Торонто шаҳри, Канада
7 шарҳ
  1. Памир

    Хурматли Исмат ака мен Хазратни амру-маруфларини интернетда куриб эшитиб сиз гувохлик берганингиз яъни Хазрат “ОЛЛОХ РАХМАТЛИ” хушомадни ва сертаккалуфликни ёктилмаслигини мен хам кунгилдан хис килиб юрардим. Бу кутулмаган таъзия туфайли Хазрат накдар улуг ижтимоий-сиёсий арбоблигини купчилик омма этироф этияпти. Илтимос бу зот борасида муффасл ва объектив тухталинг. Чунки Узбекистонинг яанги тарихи 70 %и сизнинг кулингиз билан яралияпти. Бу жуда катта махсулият ва шараф. Сизга узок умур, омад.

  2. Умуман айтганда жамиятни тараққиёти учун хокимятга муносиб кўчли мўхолифат бўлиши керак, акс ҳолда мувазанат бўзилиб бир ёқламалик, оғишлар бўлиши табий ҳолдир. Биз кўрдик кейинги йигирма йил ичидаги суъний яратилган депутатлар корпусини кулгули ҳолатини. Энди Шайх Муҳаммад Юсуфга келадиган бўлсак бу шахсни бошқалардан фарқи шуки, у киши исломни мукамал биладиган олим бўлиш билан бирга, сиёсатни чўқур биладиган йирик жамоат арбоби ҳам эди. Мана шу туфайли ҳам бу инсони тарихда муносиб ўрни боp. Шунинг учун ҳам Исмат Хушевнинг шайх ҳақида ёзган ҳақиқатлари у кишини бизнинг кўз ўнгимизда яна бир поғона юқорига кўтарди…

  3. Малик

    Хурматли Исмат ака, Сизни макташ эмасу, лекин Сиз тирик якин тарихимиз экансиз. Кандай килиб шунча вокеа-ходисалар, исм-шарифлар едингизда колганига хайрон коламан. Тахлилларингиз хам анча самимий.
    Худо хохласа Узбекистонга борганингизда бу тарихий асарларингизни китоб килиб чикарасиз деган умиддамиз.

  4. jamshid

    katta rahmat ismat aka davomini intizorlik bilan kutib qolamiz. Shayx hazratlarida Alloh ta’olo hammaga ham ato etmaydigan ulug’lik va sharaf bor edi. Lekin sizga ham yaratganning nazari tushgan menimcha. Sizni yozganlaringizni oqiyotganda boshimni ko’tarolmay qolib boshqa ishlar ikkinchi darajaga tushib qoladi. Hech qachon ijoddan to’xtamang.

  5. Ҳар доимгидек ниҳоятда самимий хотиралар… Раҳмат, ИСМАТЖОН! Давомини кутамиз.

  6. Хурматли Исмат ака! Ушбу тарихий ва тахлилий асарингиз жуда самимий булганилиги ва жуда хам мураккаб сир синоатларига эга эканлиги билан алохида ажралиб туради. Эътибор берилса агар, бошланиши ажойиб ва шиддатли булган давлатчилигимиз асосчилари депутатларимизнинг купчилиги жуда ахмокона хатти харакатлари билан жамиятимизни бугунги ахволига олиб келишган. Натижада Ислом Каримов луттвозлар даврасида колибди. Албатта шунча мактовлардан кейин ШАЙХ хазратларининг хакикатларини эшитишни истамайдиларда!

  7. komil
    Исмат ака сизга қойил қолиш керак хаммаси хақида батафсил ва самимий ёзасиз. Давомини интизорлик билан кутиб қоламиз.
    5 шарҳ
    1. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат буюк улома шунинг билан биргаликда, моҳир сиёсатчи эканлигини биз сезиб тўрибмиз. Албатта шайх, мураккаб шарт – шароитда яшаганига қарамасдан, жамиятга улкан хизмат қилишни йўлини ҳам топа билди. Назаримда ўзбек жамиятини виждони бўлган ислом динига, бу шахсчалик хисса қўшган одамни топиш қийин кейинги юз йил ичида.

      • Yo’ldosh

        Otabek Toshev siz oxiri borib Suriyaga borib jihod qilasiz shekilli. Bolalariz ham jihodchi bo’ladi bu ketishizda. Sizga arablarning himoyachisi degan unvon berish kerak

    2. Шароф Убайдуллаевга қойил қолиш керак, виждони буюрган ишни қилган. Бугун бемалол қаддини баланд тутуб юрса арзийди.

    3. Ahmad

      Исмат ака Катта рахмат Аллох рози булсин

    4. Shavkatbek
      Suz bolishi mumkin emas, Ismat aka. Katta imkoniyatli qashqirlar galasi ruparasida turib qurqmasdan bu xaqiqatlarni ommaga aytaolganingiz uchun !! Sharof akaga juda yaxshi tavsir beribsiz, xaqiqatda qadrlashga arzirli ajoyib insonlar. Ming afsus xayotda bunday daxo kishilarga xar zamonlarda xam oson bolmagan!!! Ammo xuddi Shayx Xazratlaridek bekorga yashab utmayabdilar!!! Manimcha eng katta baxt shuni uzi!!!
Мақолани босиб чиқариш ва юклаб олиш

8 шарҳ

  1. Алижон

    Зор макола чикибти. Рахмат. Шайхни Аллох Рахматига олсин.
    Аммо, канчадан-канча маколалар, маърузалар, гап сузлар, илтимослар, халкни овози, ноласи-нидоси 5 фоизигина етиб борганда эди, катта узгаришлар булиши турган гап эди. Афсус ундай эмас…

  2. Памир

    Асалому алекум Исмат ака рахмат менинг кунглимдагилар каби изох булибди. Шашкатор куз ёш билан 2 бор укиб чикдим. КАТТАга таклиф хам жуда тугри. Россия муфтиятлар кенгаши у зоти муборакка Ал-фахр нишонини топширган. Бутун Дунё мусулмонлари кегаши у зотга Фазилатли шайх унвонини бергани ва хазрат колдирган ислом динига оид адабиётлар. У зоти муборагни шу кундан эътиборан “Рахматиллоху алах”деб аташади. Исмат ака сиз билан телефон оркали гаплашса буладими. Мен хам сиз тановвул килган козондан тушлик килганман. Ислом акани объективлигига шубхам йук. Лекин у кишини ураб турганлар??? Рости рахмим келади Куллаб кувватлагим келади КАТТАни. Лекин бу жуда
    хатарлик узбекчилик 6 ака-укабиз болачака махалла куйчилик. Хозир мен оилам билан Москва шахрида яшаяпмиз. Юракда рациональ фикир, мулохазалар куп. Менга СМС ташланг Мен узим тел. киламан +9660380974 Карим.

  3. Shavkatbek

    Bravoo,,,boshqa gap yoq.

  4. Alishe.

    ISMAT XUSHEV ning ham hissai bor shaexning surgun qilinishida.

  5. Мухтарам Исмат ака! Узбекистондаги барча бадномликларга ИАК сабабчи. То у кетмас экан – хеч нарса узгармади! Сиз уни кайта сайланишига “карши эмас” эмас, балки карши булинг! Мана шунда туннель да бироз ёруглик курина бошлайди!

  6. Мухлис

    Исмат ака, мен аввалрок бу мавзуда ёзмоқчи бўлган мақолангиздан хавотир олган эдим. Лекин алал-оқибат сизнинг райингиз баракотлирок экан.
    Сизни шу холислигингиз учун ҳам ХАЛҚ хурмат қилади!
    Шоҳларга тик қараб ҳақиқатни гапирадиган, огоҳ этувчи инсонлар ўта кам бўлади, шунинг учун ҳам Оллоҳнинг олдида уларнинг қадри баланд бўлади.
    Бундай хислат эгаларини Оллоҳ юртимизда кўпайтирсин!
    Мақолангиз жуда ибратли! Авлодлар ўқийдиган тарихимиз парчасини қолдирибсиз. Ташаккур. Мухлисингиз.

  7. Хурматли Исмат ака! Катта рахмат сизга, сир синоатларга бироз равшанлик киритиш баробарида Шайх хазратларининг айтолмай колган сузларини олис Канададан булса хам очик айтдингиз, аммо Ислом Каримов кандай тушунадилар бу яна бир жумбок. Лекин сиз эртага отилиши кутилаётган тошларга калкон тутиб булдингиз. Уша тош отадиганлар бугун жим, шу узи галаба. Бугунги рахбарият ва орган ит азобида ишлаяпди деган хаёл голиб булди. Кимдир бу холатга бархам бериши шарт, миллат ва мамлакат такдири хавф остида! Уйлангиз!!

  8. Ахмад мирзо

    Ассаламу алайкум в.б маколада Шайхни мажлисда биргинина шу айтган сузлари сабаб булган дейш менимча тугри эмас.
    Бунданда жиддий сабаб менимча Хазратни урта осио ва козигистон диний идорасини таркатиб юборилишига карши турганлари пойтахтда курилтой утказганлари курилтойда беш республикадан уломолар жамланиб Шайхни кулаб куватлаганлари сабаб булгандир балки??? Бу катта сиёсий ахамятга эга вокиа эди. Бу тарих хам бир кун очилар.

"2" Comments
  1. Хакикат

    Исмат ака Сизга катта рахмат, жуда укимишли ва якин тарихда булиб утган сирли вокеаларни кизикарли баен килибсиз! Рахматли Шайх хазратлари Билан руй берган сирли вокеалардан барчани огох килиб куплаб савобларга эга булдингиз. Афсуски, ушбу вокеалар булмаганда рахматли Мухаммад Содик Мухаммад Юсуф жаноблари биз мусулмонларни яна канча илмлардан бахраманд килардилар. Афсус……

  2. Мен ўша Каримов қимирлаб турган даврлар (1992-93)да Хоразм вилояти ҳокимлигида маъсул вазифада ишлардим. Айрим нарсалардан менинг ҳам хабарим бор.
    Ўша даврдаги Хоразмнинг имоми Ахмаджон Саидов ҳокимиятга иш билан келганида: “Бу ерда биз ҳам ўтирамиз насиб бўлса”, деганди.
    Таъкидлаб айтай, мен Шайх ҳазратларини ўзимга устоз деб биламан. У киши мен учун энг мўътабар одамлардан ҳисобланади.
    Адолат ҳаққи айтганда, диний идоранинг, ундан кейин М.Умрзоқовнинг ҳаракатлари вилоятларда ҳам маълум эди.

Leave a Reply to Axmad hoji Xorazmiy
*