Menu
Categories
Абдулла Орипов: Болангни ўғрилар тунабди йўлда…
01/04/2016 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
 Абдулла ака дўппида
Болангни ўғрилар тунабди йўлда,
Лекин уҳ тортасан, ичингда ноланг.
Дейсан, ўғлим, сен ҳам дадилроқ бўл-да,
Бироқ, танбеҳингни эшитмас боланг.
У дейди: – Борми ҳеч дунёда инсоф,
Йўлимни тўсдилар, куппа-кундузи.
Болам, сен ҳозирча шабнам каби соф,
Айни фариштанинг ўзисан, ўзи.
Нега? – деб атрофга боқасан ҳайрон,
Илк бор дуч келибсан бундай балога.
Менинг гапларимни тинглагин обдон,
Ўғлим, ишонма ҳеч ноқис дунёга.
Дуч келган кимсани покдомон билиб,
Ҳаргиз дилинг очма, бўлмагил йўлдош.
Инсонлар учрайди, бир кўзи кулиб,
Иккинчи кўзида тайёр тургай ёш.
Инсонлар учрайди, таомингни еб,
Топтаб кета берар дастурхонингни.
Чумоли қадарли манфаатин деб,
Чумолича кўрмас сенинг жонингни.
Инсонлар учрайди, кўкда ойни ҳам
Ўзининг мулки деб билгайдир фақат.
Сенинг қувончларинг уларга алам,
Сенинг зарра бахтинг уларга кулфат.
У пайт қулоғингга айтгунча азон
Огоҳ этмасмидим бунинг баридан.
Ишонч деган бир сўз ўчди ногаҳон.
Ўспирин умрингнинг сардафтаридан.
Ўғлим, одамийлик азиздир гарчанд,
Ёстиғинг остида турсин яроғинг.
Дунё ҳар қадамда бергай сенга панд,
Асло мудрамагай икки қароғинг.
Эзгулик йўлида кўпдир муаммо,
Ундан қутулмоқнинг йўли бул экан:
Инсонга йўлиқсанг инсон бўл, аммо
Ҳайвон йўлиққанда Ҳайвон бўл экан.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"2" Comments
  1. Abdulla Oripov xalqimizni donishmandi deb bilaman. Bu sherni qayta mutola qilib turish zarur ekan. Uzi millatimiz ichida vatanparvar, millatparvar insonlar judayam kam sonli desam adashmayman. Boriga shukr shunday insonlar borku oz bulsa xam.

  2. Буюк шоиримиз накадар хак эканликларини халкимиз исботлаб берди. Ва бунинг жавобини КОДИРИЙдек буюк зот юз йил бурун ёзиб кетмишлар.
    Россияда юрганимга туккиз йил булаяпди ,неча маротаба панд еган булсам УЗБЕК учун панд едим, ишдан кетдим, кучада колдим. Узга миллат олдида обрумизни саклайлик, уларга мазах булмайлик деб гап ургатсам – АЙНАН УШАЛАРГА БОРИБ ОКИЗМАЙ ТОМИЗМАЙ АЙТИШИБ, ХАТТОКИ БУ ГАПЛАРНИ 3-4 КИШИ БУЛИШИБ ТАСДИКЛАШИБ МЕНИ ИШДАН ОЛДИРИШИБ, УЗЛАРИ ЖОЙИМНИ ЭГАЛЛАШДИ. Узгалар жой ва иш беришди менга…

Leave a Reply
*