Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-27)
07/25/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

27. “Эй Навоий авлоди, кел бу ёнга!..”

Саксон тўққизинчи йилнинг кеч кузи.

Бир вақтлар Чингиз Айтматов, Азиз Несин, Мустай Карим, Абдужамил Нурпеисов, замонавий турк ва рус адабиёти намояндалари зийнат бағишлаган дастурхон атрофида бугун Олмониядан келган мунаввар адабиётчи Темурхўжа ўтирибди.

У қирқ уч ёшда, дўнгманглайи, катта-катта зийрак кўзлари, қаймоқранг юзлари, бутун борлиғидан заковат нури ёғилиб турибди, тортиниб -қимтиниб ўтиришида эса, юракни эзувчи шикасталик, сиғиндилик тарбияси кўзга яққол ташланади.

Унинг отаси Усмонхўжа ўз вақтида Бухоро Халқ Республикаси нозири бўлган, йигирманчи йилларда она юртидан чиқиб кетган, сарсон-саргардонлик умрини куйдириб юборган…

– Одил ака, – дейди меҳмон. – Мана, узоқ жойларда яшаб, барча муҳожирнинг фарзанди каби киндик қоним чет элда тўкилиб, қирқ уч йилни хорижда ўтказиб, Ватанни соғина-соғина, ниҳоят, азиз диёрга келиш насиб этди.

Жонимни орзиқтирган бу ташрифга сиз сабабчисиз.

Таважжуҳ кўрсатиб, менга даъватнома юбордингиз, бундан бошим кўкка етди, чунки мен севган, мен азиз билган улуғ бир ёзувчининг бундай меҳр кўрсатиши катта бир ифтихор василасидир.

Сиздан ўта миннатдорман, Ватан васлини кўришга, унинг муборак тупроғи бўйини туйишга муяссар бўлдим, ота юртим Бухорони, афсонавий Самарқандни зиёрат этдим, халқимизнинг солиҳ ўғлонлари билан тотли суҳбатлар қилдим.

Мана, бугун сизнинг мўътабар хонадонингизда туз тотаяпман, мунчалик ширин бир дийдорни олдин орзу қилиш кўп қийин эди, бир кун келиб, Ватанга бораман, Одил ака билан бир дастурхон атрофида ўтириб, дардлашаман, деган ўй ҳатто хаёлимга келган эмас.

Аслида, сиз мени оз танийсиз, мен эса, сизни кўп танийман, сизнинг асарларингизни, “Диёнат”-у, “Улуғбек хазинаси”ни қайта-қайта ўқиганман, шу кунларда “Улуғбек хазинаси”ни туркия туркчасига таржима қилаяпман, аммо бу оддий бир таржима эмас! Балки сиз асар мағзига сингдирган нажиб маъноларни усмонли туркийда аслича беришга интилаяпман.

Албатта, менинг иқтидорим сизникичалик эмас, таржима қийиндан-қийин кечаяпти, аммо шунга эришишни истайманки, токи уни ўқиган ўқувчи Одил Ёқубов бу асарни усмонли туркийда ёзган, десин.

Мен яна шуни айтишни истар эдимки, Колумбия дорилфунунида, Сталин ўлимидан кейинги замон ўзбек ва қозоқ романчилигида миллий онг масаласига доир докторлик ишини ҳимоя қилдим. Унда мен, Одил ака, асосан сизнинг асарларингизни тадқиқ этганман. Чунки, бизнинг бошқа кўп ёзувчимиз миллий масалада ёзишга рағбат сезмаган бир даврда, сиз катта жасорат билан “Диёнат”ни яратдингиз.

Албатта, “Улуғбек хазинаси” улкан бир асар, мен учун ниҳоятда қадрли, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, бизнинг фахримиз-ғуруримиз! Аммо, негадир, “Диёнат” мен учун ардоқли, юрагимга айрича яқин, ўша Отақўзи, унинг, айниқса, отаси қабрини зиёрат қилиши, шунда кўкрагига уриб, менинг масжидим, саждагоҳим мана шу, дейиши бир бошқача, ҳар гал шу саҳифани ўқиганда тирқираб кўзимга ёш келади, армон тўла бир ҳасрат жонимни ўртаб юборади.

“Улуғбек хазинаси”да Али Қушчининг Ватандан жудо бўлиши, шу дамдаги сўнгсиз изтироблари ҳеч маҳал кўнглимдан чиқмайди. Гарчи ўзим Ватандан айри тушмаган бўлсам-да, отам Усмонхўжа 1920 йили шундай йўқотишни бошидан ўтказган. Шунинг учунми, ҳар гал бу асарни мутолаа қилганда, жудоликнинг оғир ситами жонимда ўт ёқади.

Докторлик ишимнинг буюк бир қисмида сизнинг қисса ва романларингиздан парчалар келтирдим, чет элликларга, амриқоликларга шуни исботлашга ҳаракат қилдимки, бизнинг Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпон асос солган миллий-замонавий насримиз қирқинчи-эллигинчи йилларда оғир даврни бошидан ўтказди, лекин олтмишинчи йилларга келиб, Одил Ёқубов каби улкан адиблар кучи билан миллий адабиёт бўлиб яшаб-сақланиб қолди. Ва ҳеч бир замонда ўз миллий жилоларини йўқотмади. Айниқса, сизнинг кейинги романларингиз, ҳозир “Ёшлик” журналида асарлари чиқаётган Тоғай Мурод каби истеъдодлар ижодида силқиб турган миллий руҳ фикримнинг тасдиғидир.

Ўзбек адабиёти деган айрим бир адабиёт бор, бу оламда. Ҳеч бир вақт бу адабиёт йўқ бўлмайди, чунки унинг илдизлари бизнинг ўрхун ёзувимизга, қорахонлилар адабиётига бориб тақалади.

Афсуски, дунё тилларига тўғридан-тўғри ўзбекчадан таржима қилиш тузук бир йўлга қўйилмаган. Сиз лойиқ бўлган ўрнингизни ҳали муносиб топмаганингиз шу билан изоҳланади. Сиз шўролар иттифоқида эмас, балки жаҳон миқёсида улуғ бир ёзувчисиз.

– Темуржон, – дейди Одил Ёқубов, суҳбатни давом эттириб. – Мен сиз айтган Ватан соғинчи нима эканини яхши биламан. Аскарлик сабаб, олти йил умрим Узоқ Шарқда ўтган. Ҳамон ёдимда, мўғул даштларида она юртни соғиниб, киндик қони томган она заминга талпиниб, зиқланиб эзилган вақтларда “Ўтган кунлар”ни қайта-қайта мутолаа қилиб, шундан таскин топганман, юпанганман.

Нур билан йўғрилган бу севги достони дилимдаги беадад чанқоққа бир малҳам бўлган.

Агар, очиқ айтсам, одам боласи ёзган бирон-бир китоб мени шу қадар ларзага солган эмас. Гўё Отабек – ўз акам, Кумуш эса, ўз келин ойимдай, уларнинг тақдирига ич-ичимдан куюнаман, изтироб чекаман…

Бошига кўп мусибат тушган, кўп довул ва тўфонларда тобланган, аммо аслини, илдизинги йўқотмаган одамлар ҳар қандай кулфат ва кўргуликка чидайди, сандондай туриб беради, тантилик ва одамийликни ҳеч вақт бой бермайди. Шунинг учун уларнинг фожиаси юракни ўртаса-да, одамни эзиб ташламайди, балки сабот ва матонатга ўргатади, ёвқўрлик ва жасоратга ундайди, шунинг учун ҳам сиз Отелло билан Дездемонанинг фожиали тақдирига йиғлар экансиз, кўз ёшингиз дилдаги ғуборни ювиб-чайиб ўтганини сезасиз ва ўзингизни янада улғайгандек ҳис этасиз, юрагингиз ўзгаларга ҳамдардлик билан тўлиб-тошади, одамлар билан ҳамдам-ҳамнафас бўлишни, уларга яхшилик қилишни истайсиз.

Отабек ва Кумуш фожиаси, назаримда, ҳаётнинг юзидаги пардани олиб, унинг теран моҳиятини очиб кўрсатган, шунданми, эрта улғайиб, оламга бошқа бир назар билан қарай бошлаганман, аллақандай ҳазин ва илоҳий руҳ юрагимни ювиб-чайиб ўтган…

Қодирийнинг буюклиги шунда!

“Ўтган кунлар”ни ўқисам, ёзувчи менга, лабида табассум, суюкли набиралари ўйинини кузатиб, уларнинг шўхлик ва эркалигидан завқ олиб, айвонда чой ичиб ўтирган меҳрибон отага ўхшаб кўринади. Бу улуғ санъаткор қабоҳат ва жаҳолат қурбони бўлмаганида, билмадим, бизнинг адабиётимиз яна қандай юксакликка кўтарилиб, яна қандай мумтоз асарлар билан бойир эди?!

– Одил ака, мен ўзбек мактабида таълим олмаганман, – деб давом этади Темурхўжа. – Лекин тўртинчи синфда муаллимамиз, у киши ҳозир ҳам ҳаёт, жуда маърифатли хоним, мени, эй Навоий авлоди, кел бу ёнга, деб чорлаганлар. Мактабдан келиб, отамга айтдимки, у хоним нега бундай дейди, ахир, мен Усмонхўжа авлодиман-ку?!

Отам айтдики, у хоним биз, туркистонлиларга меҳри товланиб шундай дейди, чунки Навоий туркийларнинг шундай муборак шоирики, унинг авлоди бўлмоқ мислсиз бир шарафдир.

Чунки Навоий бобомизгача ҳам Румий, Низомий, Рудакий сингари қатор улуғ шоирлар ўтган, аммо улар форсийда ижод қилганлар, шунинг учун бизнинг туркий тилимиз бир мунча сояда қолиб кетган. Туркийча шеърият мақомлари ҳазратнинг ижоди баробарида тенгсиз бир камолот касб этди.
Маълумки, шунгача илм тили – араб тили деган тушунча ҳукм сурган, шунинг учун ҳам Бухорий, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий каби Туркистон фарзандлари ўз асарларини шу тилда яратган. Шоирлар эса, назмни форсийда битганлар. Туркий тил – ҳарбий тил, фақат жанггоҳларда иш беради деб тафаккурга сингдирилган. Бу тилда латофат, жозиба, назмий истилоҳларни ифода этиш кўрки йўқ деб келишган. Ҳолбуки, бу жозиб тилда бизнинг ота-боболаримиз 732 йили Ўрхун водийсида тошларга ўлмас битиклар битган.

Навоий ҳазратлари тилнинг бойлиги луғавий жавоҳироти ва янги сўз ясаш имкониятлари ва мукаммалиёти билан бўлур, тилимиз неча юз йил бурун бу ўрга чиқмиш, деб ифтихор қилади.

Ёдимда бор, Истамбул дорилфунунида бизга сабоқ берган атоқли олим Али Ниҳот Тонгла ҳазратнинг бир байтини беш кун давомида таҳлил қилган ва шу байт замиридаги истилоҳу муаммоларни изоҳлаш асноси бутун бошли туркий адабиётни ғалвирдан ўтказган. Қайси бир туркигўй шоир асари ҳақида сўз кетмасин, у киши, мана, кўрдингизми, мана бу тимсол, мана бу маъно Навоий бобонгиздан кўчган, деб изоҳ бериб ўтган…

Мунаввар адабиётчи билан адибнинг суҳбати шундай латиф ва ширин, шундай ёлқинли ва ғараздан холи эдики, зарифлиги билан кишини ўзига маҳлиё этарди. Бу дилкаш гурунг узоқ давом этди. Лекин мен, у қанчалик тотли-маърифатли бўлмасин, шу жойга етганда, яна ортга қайтдим. Қани, билай-чи, ким у – туркий – жанг тили деган, форсийни ундан баланд қўйган? Арабийнинг кучи-қуввати нимада? Бу – не синоат?! – деб хаёлга толдим…

Габриэл Гарсиа Маркес айтадики, мустамлакачиликдан қутулдик, ўша балодан ёдгор бўлиб гўзал испан тили қолди…
Демак, тугал Озодлик эмас бу, ҳали…

Беруний:

– Форсийда мақтов эшитгандан арабийда ўгит эшитган афзал…

Абдурауф Фитрат:

– Дунёнинг энг бой тили бўлғон туркчамиз ёлғуз арабча қумруқ(зуғум)лар билан эмас, форсийча тепкилар билан даҳи эзилмишдир. Кўзларимизни тўрт очиб қарайлик, дунёнинг энг буюк ҳакими бўлғон Ибн Сино туркдир. Иккинчи Арасту аталғон Форобий туркдир. Араб тилини мангулик тиргизиб кетган Жавҳарий туркдир.

Ваҳдати вужуд фалсафасининг имомларидан бўлғон Жалолиддин Румий туркдир. Форсигўй адабиётнинг пайғамбарларидан бўлғон Низомий даҳи туркдир.

Шу ерда отлари ёзилғон кимсалар-да ёлғуз турк улусининг эмас, балки дунёнинг улуғ кишилариндан эрурлар. Икки турк улуси буларнинг асарлариндан осиғлонолмай (озиқланалмай) қолмиш, балки ўзларини ҳам яхшигина таниёлмай қолмишдир.

Булар ўз битикларини туркча ёзсалар эди, букун турк улусининг ҳоли эҳтимолки бошқа турлик бўлур эди.

Бахтсизлик бундан-да ортуқ бўлурмикин?

Турк ўғли турк бўлғон Маҳмуд Ғазнавий Фирдавсийни чақириб, турк эзилишини кўрсатғон «Шоҳнома»ни ёзсун дея ҳар йўлиға бир олтун берсун. Шул бахтсизликдирким, турк ўғли бўлғон усмонли ҳоқонлари ўз туйғуларини форсийча шеър билан сўйлатмишдир.

Яна шул бахтсизликдурким, Кавказия туркларининг ёқаларин тутмиш дея форс тилининг ҳурмати учун саксон еринда ўз сўзи ўрнида Ҳаштот дедирмишдир.

Туркча бахтсиздир. Минг йилдан бери эзила келмишдир. Лекин битмамишдир. Битмас, яшамишдир, яшар. Негаким, бойдир. Туркча яшамишдир. Яшар…

Leave a Reply
*