Menu
Categories
Исмат Хушевга очиқ хат – Муҳаммад Алини Президент тўғри танлаган! Сиз ноҳақсиз!
01/12/2016 Адабиёт
“ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ”ДА НАШР ҚИЛИНГАН МУҲАММАД АЛИ ҲАҚИДАГИ ТАНҚИДИЙ МАҚОЛА НОТЎҒРИ ЁЗИЛГАН, ДЎСТИМ! 

Муҳаммад Али нон туз билан

МУҲАММАД  АЛИ ҲАҚИДА МЕНИНГ ФИКРЛАРИМ
Исматбек!  Сизнинг журналистик маҳоратингиз  ҳақида алоҳида гапирса арзигулик. Мен ёзувчилар орасида қўлма қўл бўлиб юрган Сизнинг сайтингиздаги мақолага кўзим тушиб ажабландим.  Унда Муҳаммад Алига нисбатан қаттиқ ҳужум қилинибди.
Мен Муҳуммад Али раис бўлгандан кейин сал кам икки йилда бор-йўғи икки марта ёзувчилар уюшмасига бордим холос.  Мен  Муҳаммад Алидан гугурт донаси ҳам илинж қилмайман.
Лекин Муҳаммад Али қизил империя қиличини қайраб, сал бўй тиклаганларнинг бошини ўришга шай турган ХХ асрнинг 70 йилларида Амир Темурга бағишлаб  “Гумбаздаги нур” достонини ёзган.
Бундан ташқари, ҳали СССР йиқилмасдан туриб, Амир Темурнинг ёшлиги ва истибдодга қарши халқ ҳаракати ҳақида  “Сарбадорлар” романини эълон қилди.
Мен Ўзбекистон Миллий энциклопедиясига “Амир Темур” ҳақидаги биринчи тарихий драманинг муаллифи сифатида кирганман. 1988 йилиТемур ҳақида асар ёзиш бошни болтага қўйиш билан баравар эди. Менинг драмамнинг премьераси Қашқадарё театрида 1991 йил 1 сентябрда, яьни Ўзбекистон мусатақиллигининг биринчи куни бўлган эди.
Ундан сал аввалроқ  ўн кун бурун ГКЧП даврида менга Тошкентдан чиқиб кетмаслик буюрилган эди. Ундан ҳам аввалроқ 14 августда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 20 ёзувчини қабул қилганида битта мен, Президентга  СССРдан чиқиб кетиш тўғрисида гапириб,  у кишига мустақиллик афзалликлари ҳақида сўзлаб, СССР пайтида Иброҳим Мўминовдан кейин ўзим чиқарган “Амир Темур васияти” рисоламни совға қилган эдим.
Бу гапларим ўзимни реклама қилишга ўхшаб кетаяпти. Лекин ўша пьесани ёзиш ғоясини менга 1988 йили Қашқадарё театрининг бош режиссёри Баҳодир Назаровнинг вилоятнинг биринчи раҳбарига суяниб, буюртма берган эди. Асарни тугатгач, икки буюк шоирга драмани ўқиб фикр билдиришни сўрадим. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовга. Фақат Эркин Воҳидов ўз фикрларини ёзиб бердилар.
Спектакль чиққач, менинг дўстларимдан кўра душманларим кўпайиб кетди. Спектакль Ҳамза мукофотига тавсия қилинди.
Менинг мукофот олмаслигим учун Ҳамза мукофотининг ўзини йўқотишди. Ҳолбуки, бугун халқ шоири ёки бошқа унвонларни олган, ўзбекча асар ёзишса ҳам ўзлари бошқа миллат вакили бўлган шоир ва носирлар жазавага тушиб Ҳамзага қарши курашдилар.
Ҳолбуки, уларнинг ҳаммасининг ёзган асарлари йиғилса ҳам Ҳамзанинг тиззасидан келмайди. Ҳамза Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби жадид эди ва лекин коммунистлар-беномуслар  унинг “Яша, Турон” шеърини “Яша, Шўро” деб ўзгартиришган.
1990-1991 йилларда менинг “Амир Темур” пьесамдан матбуотда парчалар босилганида Муҳаммад Али бир неча бор мени қутлаганини эсимдан чиқаролмайман. Дўстларнинг қўллашидан руҳланиб “Амир Темур” трилогиясини ёздим.
(Ҳафиз Абдусаматов ўз китобида мен ҳақимда ўзбек драматургиясида Ҳамзадан кейин трилогия ёзган иккинчи ижодкор деб атаган.)
Менимча, давлат раҳбари Муҳаммад Алини  уюшма раислигига тўғри танлаганлар.
Исматбек, Сиз тушунган, оқ қорани фарқлай оладиган, ақли расо йигитсиз. “Дунё ўзбеклари” кейинги пайтда Ўзбекистонда оммалашиб, машҳур бўлиб кетганини тан оламан.  Бугун аксар ўзбек ёзувчилари мамлакат оммавий ахборот воситасидан кўра энг аввало Сизнинг нашрингизни ўқишини ҳам яхши биламан.
Муҳаммад Алини мутлоқо танқид қилмаслик керак деган фикрдан йироқман. Уюшма фаолиятини яхшилаш, камтар ва хокисор ижодкорларга ёрдам бериш, баъзи халқ шоирларидан ўн баравар устун бўлган Йўлдош Эшбек ёки ҳар бир мисраси қизил мафкурага қарши бўлган ва ўлганида бирорта ёзувчи тобутини кўтаришга бормаган Чўлпон Эргашнинг истиқлол йилларида бирорта китоби чиқмаганлигини айтиб, уюшмани ва унинг раисини танқид қилиш жоиз.
Лекин Сизнинг сайтингизда босилган мақолада “Ўзбекистондаги барча ёзувчилар Муҳаммад Алини ёмон кўради” дейилган гапга мен мутлақо қўшилолмайман.
Ҳушёр ва заковатли журналист ўз доруғли нашрини ҳам ҳушёрлик ва заковат билан бошқариши керак. Ўзбек зиёлилари Сизга ишониб, ўз дардини йўллаб турган бир пайтда уларнинг ҳаммаси Муҳаммад Алини ёмон кўради деб ёзилган баҳсталаб жумлани ишонч билан нашр қилганингиз, одамларнинг Сизга бўлган чексиз ишонч ва ҳурматини бир қадар йўқтиши мумкин.
Шахсан мен уни жа яхши кўрмасам ҳам,  лекин умуман ёмон кўрмайман.

04

Тўра МИРЗО, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг собиқ котиби,  Ўнта халқаро мукофот олган ўзбекистонлик ягона ёзувчи.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
  1. Бекмурод

    ёв қочса ҳамма қаҳрамон бўлади. ҳеч биримиз ҳам ўзимиз айтаётган инсон эмасмиз. ўнта халқаро мукофот олганман дея фахрланишнинг ўзи кимнинг кимлигини кўрсатади. у нима қилибди аслида ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди. энг қизиғи Навоий бандасининг қўлидан битта ҳам мукофот олмаган. муҳаммад алининг Каримов кўнглидаги одам экани эса чин ҳақиқат.мирзиёев ҳам каримовга ёқмаганида у жойда бир дақиқа ҳам ўтиролмасди. сени халқинг танимаса олган мукофотингдан нима фойда.

  2. Жуда хам ажойиб ва таъсирлик макола булибди!
    Аммо, лекин, бирок деган тушунча бор. Мухаммад Али бир пайитлар Ватанпарвар, халкпарвар булган булиши мумкин, АММО кимларнингдир тазйикларига учраб – УЗИНИ САКЛАБ КОЛИШ инстинкти устун келиб уз принципларидан воз кечиб ЗАМОНАСОЗ булиб олгандирлар!
    “ИЧИДАГИ ХОИННИ УЛДИРГАН БУЮКЛАР ТАКДИРИНИ ХАММА БИЛАДИ”! ЛЕКИН ЖИМ.
    ПРЕЗИДЕНТИМИЗ АЛБАТТА ТУFРИ ТАНЛАГАНЛАР! БИРОК ИШОНЧЛАРИНИ СУЪИСТЕМОЛ КИЛАЁТГАНЛИКЛАРИНИ БИЛМАЙДИЛАР.
    ИСМАТ АКА ВАТАН ВА МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ КАЙFУСИДА!

  3. Buyuk insonlar bir birlarini yaxshi tushunib olishadi.

  4. Нима қиламиз яшириб нафақат ижодкор, бошқа соҳа вакилларини ёритиш ёки муносабат билдиришда ҳам, бир ёманласак бир йўлаки қоп қора қилиб ерга критиб юборамиз, яхшиласак осмонга чиқариб мақтаймиз. Билмадим қачон бундай бир ёқлама ўра-ўрачиликдан ҳалос бўламиз, реал мувазанатли фикрлашни ўрганамиз. Шу маънода Тўра Мирзо ҳақ. Лекин Исмат Хушев барибир аксар ёзувчиларнинг фикрини ифода этган. “Дунё ўзбеклари” – бугун бутун дунё ўзбекларининг минбарига айланди. Унга қулоқ солиш ва эътибор қилиш керак! Раддия ёзиш ўрнига.

  5. Мақола менда чуқур таъсурот қолдирди. Ҳар қалай таниқли адибнинг ёзгани-да.
    Ўзи танқид қилинган бу мақолани ўз сайтида чоп қилиб И.Хушев ҳам мардлик намунасини кўрсатган.
    Тўғрисини айтганда мен ҳали бирон сайтни билмайман ўзи ҳақида танқидий материал босган.
    Ростдан ҳам, журналист сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам, жўмард сифатида ҳам ҳеч кимга ўхшамайди Хушев.

"3" Comments
  1. РАИСНИНГ Темурийлар хакидаги 4 китоби магазинларга тулди,раис уз манфаатини кузлаши керакми

  2. Элбек Рахмат

    Тўра Мирзо хавотир олганидек бирор шоир ёки ёзувчининг Муҳаммад Али шахси ёки ижодига ғарази бўлмаса керак. Балки, М.Али даҳодир., лекин гап бунда ҳам эмас. Гап, ҳатто совет даврида сайлаб қўйиладиган уюшма раҳбарияти мустақиллик даврида қонунга хилоф сайловсиз амалдор бўлиб ўтирганларида. Қонунга хилоф усул билан раҳбар бўлганлар қандай қилиб қонунбузарликга қарши курашиши мумкин.

  3. Илтимос, Тўрабой, бир бошдан ўша сиз олган 10 мукофот номини санаб берингчи, ишонаманки, барчаси арзимас ва ҳеч ким билмас мукофотлар бўлиб чиқади. Асл мукофот халқнинг, аниқроғи, халқнинг илғор қисми бўлган китобхоннинг баҳосидир. Сизни ўзбек китобхони деярли билмайди. Темур бобо ҳақидаги пьесангизга келсак, мутлақо куракка турмайдиган, тарихий ҳақиқатдан йироқ бир “асар” эканини яхши биламиз. Муҳаммад Али масаласида ҳам лаганбардорлик иси келган гапларни ёзибсиз. Мақтанма хўроз, ҳунаринг оз!

Leave a Reply
*