Menu
Categories
Имом Ғаззолий шариат ва тариқат ҳақида (Диплом ишидан олинган тадқиқот)
01/18/2016 Маданият ва Санъат

Ғаззолий

Имом Ғаззолий шариат ва тариқат ҳақида
Имом Ғаззолий ўзининг «Иҳё улумид дин» (Диний илмларнинг қайта тирилиши) ва «Кимёи саодат» (Саодат кимёси) номли китобларида тасаввуфни ислом илмларининг таркибий қисми сифатида чуқур ўрганган, тариқатни одамнинг ахлоқини покловчи ва ҳалок этувчи хислатлардан қутқарувчи йўл деб кўрсатади.
Ғаззолийнинг худди шу иши Ибн Жавзийга ёқмаган. Унинг ёзишича, Ғаззолий «Иҳё улумид дин»да ботил (нотўғри деб топилган ҳадислар) ёрдамида тасаввуфни оқламоқчи бўлади, «Ҳолбуки ўзи ўша ҳадисларнинг ботиллигини билмайди». Ғаззолий сўфиёна кароматларни бор нарса, ҳақиқат деб айтади, дунё Парвардигор пардасидир, шунингдек, шариат ҳам зоҳирий нарса. сўфийлар фаришталар, руҳлар, анбиёларни кўрадилар ва улардан куйлар эшитадилар ва бунинг фойдаси катта деб ёзади. Бу ахир исломни бузиш-ку, деб хитоб қилади Ибн Жавзий. «Талбиси иблис» китобининг муаллифи Ғаззолийни ислоҳотчилик (реформаторликда) айблаган. Ваҳоланки, ислом тарихида ислом илмининг ривожи учун Имом Муҳаммад Ғаззолийчалик хизмати сингган одам кам бўлса керак. Ғаззолий исломни назарий жиҳатдан бойитди, уни янги давр талабига мос равишда ривожлантирди, мустаҳкамлади. Исломни дунёга машҳур этди. У «Ҳужжатул ислом» – ислом ҳужжати деган лақабни бекорга олмаган. Мана бу ривоят хам Ғаззолийнинг буюклигига ишорадир.
Абдураҳмон Жомий «Нафаҳотул унс» китобида келтиради: Хожа Буали Формадий дерки, Ғаззолийнинг баъзи ишларидан норози бўлиб юрар эдим. Бир кун уйқу босди, ярим уйқу, ярим уйғоқлик орасида туш кўрдим: катта бир майдон ўртасида оқ иморат бўлиб, одамлар турнақатор тизилиб шу иморат томон борардилар. Сўрадимки, бу не иморат ва сизлар кимсизлар? Жавоб бердиларки, бу бинода ҳазрати Расулуллоҳ ислом дини ҳақида китоб ёзганларни қабул қилмоқда, биз китоб ёзгаи кишилармиз. Мен ҳам улар орқасидан турдим ва бино ичкарисига кирдим. Ҳар бир мазҳаб эгаси тасниф этган китобини Пайғамбарга кўрсатарди. Имом Шофеьий, Имом Абу Ҳанифа ва бошқалар китобларини кўрсатдилар. Расулуллоҳ уларни ўз ёнига ўтқазиб, сийлади. Ҳамма тинчигандан кейин мен овоз чиқариб дедим: «Ё Расулуллоҳ, менинг қўлимда ҳам аҳли ислом ақидасини баён этувчи бир китоб бор, агар ижозат берсангиз, ўқиб берай». Расулуллоҳ дедилар. «Қандай китоб?» Дедим: «Қавоидул ақоид» деган китоб, Ғаззолий таклиф этган китобни ўқишга ижозат бердилар. Ўтириб ўқий бошладим. . Расули акрам сифатлари таърифига егганимда юзлари ёришди ва табассғм қилиб, дедилар: «Қани Ғаззолий?» Ғаззолий ўша ерда эди. Жавоб бердим: «Ғаззолий менман» Расулуллоҳ қўлини узатди, Ғаззолий ул муборак қўлни ўпди ва кўзларига суртди ва Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ишораси билан тўрт мазҳаб соҳиби бўлган имомлар қаторига бориб ўтирди».
Бу бир ривоят, аммо унинг замирида катта ҳақиқаг бор. Ҳақиқат шуки, Имом Ғаззолий аъламул уламо, буюк диншунос аллома сифатида ислом оламида тан олинган эди. Бундай улуғ шайхнинг тасаввуфга ҳусни таважжуҳ этиши эса бежиз эмас эди. Чунки Ғаззолий бирданига сўфийлар тариқатини қабул қилганлардан эмас. У бошида фиқҳ ва Ҳадис олими сифатида машҳур бўлган, ўз замонасининг барча илмларида тенгсиз устоз сифатида танилган эди. Шарқнинг энг нуфузли мадрасаси Низомияда раисул уламо лавозимига тайинланиб, уч юз толиби илмга дарс ўқирди. Аммо ёши эликка етганда бирдан мадрасани, дўстлари ва шогирдларини ташлаб, узлатни ихтиёр этди ва бунинг сабабларини ўзининг «Ал Мунқиз миназ залол» (Гумроҳликдан қутулиш) китобида баён этди.
«Мени тақлид тубанлигидан басират баландлигига қандай журъат етказганини сенга ҳикоят қилай», деб бошлайди китобини Ғаззолий. «Калом илмидан нима олдим, аҳли таълим (исмоилия мазҳаби) ва имомга тақлид қилувчилар ҳақиқатни англашдан қусурли ва ожиздирлар, қандай нафрат пайдо бўлганини айтай. Ва фалсафа тўқиш шевасини арзимас деб билганим. . . ва тасаввуф тариқатини қандай афзал билганимни айтай»[1].
Унинг ёзишича, ёшлигидан қалбида ҳақиқатга ташналик ҳисси борлиги учун «қўрқмасдан ўзини чуқур дарёга» ташлаган, яъни ҳар бир илмни дадиллик билан ўргана бошлаган. Ҳар бир тоифанинг ақидасини яхшилаб тафаккурдан ўтказган ва қониқмай яна янгидан ўргана бошлаган. Имом Ғаззолийнинг уқтиришича, илм икки хил бўлади. Бири – тақлидий илм, яъни ўтмишдан мерос қолган, ота-она ва устозлардан олинаднган билимлар. Иккинчиси – кашф этилган илм. Тақлидий илм кўр-кўрона эргашиш билан бўлади, кашф этилган илм эса ҳар бир шахснинг қобилияти, шуурий изланиши орқали қўлга киритилади. «Менинг мақсадим амрлар ҳақиқатини кашф этиш эди». дейди мулллиф. Зотан, ҳаётда жуда кўп одамлар тақлидий билимлар билан қаноатланадилар. Чунки янгилик яратмай, тайёр ҳунарлар, илмларни ўрганиб, кўп қатори яшаш осон. Аммо тараққиёт учун, инсоният тафаккурини олға силжитиш учун илоҳий ва дунёвий ҳақиқатларни, моҳиятларни излаш, кашф зтиш зарур. Бу айрим буюк шахсларнинг насибаси.
Шундай буюк шахслардан бири бўлган Имом Абуҳомид Ғаззолий Ҳақиқат толиби бўлиб, аввал калом нлмини, сўнгра фалсафани, кейин исмоилия таълимотини ва охири тасаввуфни ўрганишга киришган. У илми калом ҳақида, фалсафа ва исмоилия ҳақида бир нечта китоб ёзади. Олим шундай хулосага келадики, илми калом ҳам, фалсафа ва исмоилия ҳам илоҳий ҳақиқатларни янгилатишга қодир эмас. Мана унинг хулосалари:
«Мутакаллимлар ўз ақидаларини чуқурлаштириш учун жавҳар ва араз (фалсафа тушунчалари) масалаларида баҳс бошладилар ва фалсафага қўл урдилар. Лскин улар илмининг мақсади бошқа бўлгани сабабли уларнинг сўзи нишонга етмади ва одамлар орасидаги шак-шубҳаларни бартараф қилолмадилар».
«Икки йил ичида файласуфлар илмини эгалладим. Яна бир йил тафаккурга берилдим. Уларнинг китобларини такроран ўқир эдим. Уларнинг хато ва адашишларини англадим, раддига йўл топдим ва билдимки (фалсафа) ипсон камоли учун етарли эмас»
«Таълимийлардан (исмоилия аҳли) бир кишини учратдим. . . уларнинг китобларини топиб ўқидим, сўзларини кўрдим. . . Уларнинг фасоҳатоларини далиллар билан исботладим. Хулоса шуки, уларда ҳам ишга ярайдиган ва фойда берадиган сўз тополмадим».
Шундан кейин Ғаззолий тасаввуф ва тариқатга юзланади. У ёзади: «Ҳақиқат юзасидап англадимки, бу жамоат, (яъни сўфийлар) аҳвол эгаларидирлар, сўз аҳли эмаслар. Бу илмни таҳсил билан имкон қадар ўргандим, аммо қолган кимсаларни дарс таҳсили ва суҳбат билан эгаллаб бўлмасди, балки бу завқ ва сулукни талаб қиларди. Менга шу нарса аён бўлдики, . . . тариқатнинг асоси тарки нафс, тарки алоиқ экан, уқбога кўнгил боғлаш. бутун ҳиммат билан Худо сари юзланиш экан. Ўз ҳолимга қарадим ва кўрдимки, тааллуқларга ғарқ, дунё ташвишига кўмилган эканман».
Шундан кейин Ғаззолий қалбида ўтли ғалаёнлар бошлангани, шариат илми ва фалсафадан, дарсу таълимлардан совиганлигини ёзади. «Худо оғзимга қулф урди ва дарс айтолмадим, дейди у, овқат томоғимдан ўтмади, қувватим сусайиб борарди». Табиблар уни кўриб, руҳий муолажага муҳтож эканини айтадилар. Ғаззолий сафарга чиқиб ўн йил шаҳарма-шаҳар юради. «Ва бу хил вақтларда менга шундай нарсалар намоей бўлдики, деб таъкидлайди улуғ олим, айтиб адо қилолмайман. . . . Аниқ билдимки, сўфийлар Худой таоло йўлининг ошиқу соликлари экан ва уларнинг сийратлари сийратларнинг энг яхшиси ва уларнинг йўли энг тўғри йўл ва ахлоқлари энг покиза ахлоқдир. Шу даражадаки, агар дин асрорининг барча оқилу донишмандларини бирбирларига қўшеалар ва хулқу атворлари, сийратларини ўзгартирсалар ва яхшилансаларҳам бу даргоҳга йўл топмаслар. Чунки сўфийларнинг жамики ҳаракэт ва сўзлари зоҳиру ботинда Пайғамбарнинг чароғдонидан нур олгандир. Барча мукошифа ва мушоҳада Пайғамбар нуридан бошланади».
Имом Ғаззолий йўли якка ҳодиса эмас, кўпгина донишманд ҳакимлар, дин олимлари учун муштарак йўл эди. Чунки тафаккур аҳлининг аксари охироқибатда тасаввуфга келиб тўхтаганлар. Боязид Бистомий, Юсуф Ҳамадоний, Нажмиддин Кубро ва Баҳоуддин Нақшбандлар бошида ҳадис илмининг уламолари эдилар, кейин қониқмай тасаввуфга юзландилар.
Яна бир мисол. Ҳикоя қиладиларки, Абавард ва Самарқанд орасидаги Талақон қишлоғида дунёга келган Фузайл ибн Иёд Талақоний (IX аср) ёшлигида қароқчи бўлган экан, карвонларни талаб кун кўрган. Кейин тавба қилиб, шариат илмларини ўрганиш учун Куфа шаҳрига боради. Муҳаддис Мансур ибн Али Муътамиддан дарс олади. Абу Жаъфар Содиқ, Сўфиён Саврий, Ал Аъмаша билан суҳбатлашади. Аммо ҳадисчиларнинг мунофиқлиги, Қуръон ва ҳадисларни кун ўтказиш воситасига айлантириб, нафсга гирифтор бўлганларини кўрганидан кейин уларга қарши чиқади. Маккага боради ва бутунлай сўфийлик тариқатини қабул қилади»[2].
Ушбу мисоллар Ибн Жавзийнинг сўфийларни ёппасига текинхўр, риё аҳли, деб бадном этишини ҳам рад қилади. Очиғини айтганда, бундай тоифа, яъни ақидавий ғояни кун ўтказиш, бойиш воситасига айлантирганлар шариат аҳли ичида ҳам, тариқат аҳли ичида ҳам бор эди. Буларга қараб, бутун бир таълимот ҳақида хулоса чиқариш нотўғри. Шарқнинг буюк шоирлари Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий риёкор шайхларни нафрат билан танқид қилганлар. Аммо улар, шу билан бирга чин сўфийларни ҳақиқат кўзгуси деб алқаганлар, эҳтиром этганлар. Ҳазрат Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонининг тўртинчи мақолатида риёкор шайхларни қаттиқ ҳажв этиб, аҳли жоҳга, «туҳфаю мол, мустағалу кенту суварғол» учун қилган худнамоликларини фош этар экан, охирида чин сўфийларни уларга зид қўйиб, мана бундай таърифлаган:
Ҳар сориким ношр ўлуб Ҳақ кўруб,
Қилгувчини Фоили мутлақ кўруб.
Туз йўл ила қотеъи водий алар,
Ким итуруб йўлини, ҳодий алар.
Улки қолиб зулмати ҳижрон аро,
Ё озиқиб водийи ҳирмон аро,
Хизрдек ул қавм тутуб элга йўл,
Кўргузубон манзили мақсадга йўл.
Ибн Жавзий сўфийларнинг расм-одатлари, кийимларини бидъат деб танбеҳ берганини кўрдик. Аввало шуни айтиш керакки, бундай фақирона кийимлар кийиб юриш ҳазрати Пайғамбар саҳобалари орасида ҳам бор эди (чунончи, аҳли суффа шундай кишилар эдилар). Расулуллоҳнинг ўзлари ҳам наматдан кийим кийишни хуш кўрганлар ва бир муддат ғорда яшаганлар. Демак, хирқа кийиш суннатга зид эмас.
Иккинчидан, тариқат аҳлининг ҳаммаси ҳам хирқапўш бўлмаган. Улар орасидаги риндлар, ошиқу девоналар, маломатий қаландарлар ҳеч бир расм-одатга риоя этмаганлар. Улар учун шариат одатлари қанчалик ортиқча бўлиб туюлган бўлса, тариқат одоби ҳам бир тузоқ деб қаралган. Нимаики руҳга зид бўлса, шаклу сурат сифатида эътиборни жалб этиб Ҳақиқатдан четлаштирса, парда ҳисобланган ва эътироф қилинмаган. Бунданда ўтиб тараққий этган аҳлуллоҳ учун динлару мазҳабларнинг ўзи ҳам бир дунёвий восита, йўл бўлиб кўринган. Чунки барча динлар, барча шариатлар, тариқатлар камолотга чорлайди.
——————————————————————————–
[1] Ғаззолий. «Ал-мунқиз миназ-залол». Байрут, «Дорул кутубил илмийя», 1995. Б. 16.
[2] Абдураҳмон Жомий. «Нафаҳотул унс», Б. 216.
Рефератлар бўлимда Шариат ва тариқатнинг қиёсий таҳлили диплом ишидан олинди
http://www.uzislam.com/
"3" Comments
  1. Tangrim dini -Turkiylar dini

    Vahobiylik bizning milliy manfaatlarimizga qarshi ta’limot. Tasavvuf esa mos keladi. Janjal endi tasavvuf bilan. Oxiri yo’q bu janjalning. Vahobiy musulmonlar hamma bilan juhudlar, shialar, xristianlar va hamma bilan janjal qiladi. O’zora janjal ham qilishadi. Bunaqa din kimga kerak?

  2. Намоз Нормўмин

    1. Исломда туш кўриш диний далил ўрнида кўрилмайди. Яъни, тушимда шуни кўрдим, демак шуни қилсам бўлади деб ҳаракат қилинмайди
    2. “Шундан кейин Ғаззолий қалбида ўтли ғалаёнлар бошлангани, шариат илми ва фалсафадан, дарсу таълимлардан совиганлигини ёзади” Бу Ғаззолийга энг катта туҳматдир. Чунки кимки шариатдан кўнглим совуди деса диндан чиққан ҳисобланади
    3. Тасавввуфда Исломий ҳақиқат йўқ эмас фақат бу йўл Исломнинг бир қисмини олиб унинг асосий йўлидан адашиб кетиш йўлидир. Худди шиалар каби.

  3. Буни диплом иши эмас, кичигроқ номзодлик иши десада арзир экан. Бу мақола Намоз аканинг “Тасаввуф рисоласи”га бир раддия бўлибди.
    Исломдаги Ваҳобийлар каби тасаввуфда ҳам оз бўлсада адашганлар, ҳатто радикаллар бўлган. Ваҳобизм Исломга асос бўлмагани каби улар ҳам Тасаввуфга асос бўлаолмайди.
    Дунёга назар солсангиз Ваҳобий, Салафий, Ҳизбутчиларга ўхшаш радикалларнинг қилмишлари сабаб Исломга катта иснод келаяпти.
    Сўфийлардан на Исломга на ҳалққа бирон зарар етмаган. Улар Оллоҳнинг ошиқларидир.

Leave a Reply
*