Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-28)
07/28/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

28. Бу чоллар – ёмон чоллар!..

Адашмасам, саксон тўққизинчи йилнинг адоғи эди.

Эҳтирослар вулқондек отилиб, бутун бир мамлакат денгиздек чайқалиб ётган вақт. Зилзила қўпиб, цунами қутуради. Тошқин уйларни ювиб кетади. Қора қарғалар даҳшат солади. Ит эгасини танимайди.

Худди ўша кунларда, 1989 йилнинг декабрида Уюшманинг саккизинчи пленуми чақирилди, унда Одил Ёқубов номзоди СССР халқ депутатлигига қўйиладиган бўлди.

Масала иттифоқ миқёсида, катта қозонда пишган, фақат расмий қисми қолган, халос.

Аммо…

Оқсоқоллар номидан Ҳаким Назир сўз олиб, машваратнинг зуваласини қориди, ҳайъат аъзолари бир халқчил адиб, ҳам жонкуяр шахс ва Уюшма раҳбари сифатида Одил Ёқубов шундай ишончга муносиб, деган фикрга келганини айтиб-эшитди.

Кейин катта-кичик шоир-ёзувчи сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади.

Инсоф билан айтганда, Ёқубовнинг олдига тушадиган бошқа бир забардаст ёзувчининг ўзи йўқ, тирик классик, лекин, Абдулла Орипов айтгани каби, бу асрда мангуликка ёрлиқ олмоққа фақат истеъдоднинг ўзи етарли эмас!

Мажлис чиройли якун топаётган эди, ўша даврнинг учар ёш фаоли, қайноқ социал-демократ уни бузиб юборди. Аввалига уям номзод муносиб деди, сўнг Ёқубов янгиликка ўч, тараққийпарвар эканини айтиб, дунёвий янгиланишга урғу берди.

Шундан келиб чиқиб, Уюшма демократия ўчоғи эканини кўрсатиш учун яна бир муқобил номзод кўрсатган маъқул, деди. Ва кун тартибига қалтис масала қўйди. Кейин, шундай қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади, деб уқтирди.

Давр талаби шундай! Агар, ёшлардан ҳам бир вакил қўйилса, нур устига нур, бу Уюшмага обрў олиб келади, деди у ва раис ўринбосари модерн-демократ Мадаминов номзодини илгари сурди.

Шу билан иш бузилди, кўпкари бошланди. Яна бир ёш сўзамол отилиб минбарга чиқди.

У, ёш демократ жўяли таклиф айтганини таъкидлаб, раиснинг яна бир ўринбосари Мамадали Маҳмудов ҳам шундай ишончга арзийди, агар унинг номзоди рўйхатга олинса, буям Уюшманинг обрўйи, чунки ундан кўра миллиётчи раҳбар ва ундан кўра миллиётчи ёзувчи йўқ, у халқ ноиблигига ҳар томонлама муносиб, деди.

Шундан сўнг топган – от-улов, топмаган бир чўбир миниб, ўзини даврага урди. Бошланди, от ўйин! Қани энди, тўдабозлик чегара билса! Ҳар гуруҳ ўз “кумир”ини илгари суради. Ётиб ёқалашади. Ҳатто шайтонлаб қолади. Ахийри, одамлар чарчади. Мажлис якун топди, кун тартибига қўйилган масала ўз ечимини топмади.

Орадан бир ҳафта ўтгач, яна бир шундай мажлис бўлди. Аммо бу сафар анча-мунча даъвогар улоққа кўз тиккани, чавандозликнинг ҳадисини олгани ишнинг белига тепди. Яна денг, ҳар қайси номзод ўз тўдаси билан келган.

Хуллас, Уюшманинг мажлислар зали отчопарга айланди. Даъвочилар сони ўн бештага етди, тарафкашлар ҳам ўн бешга бўлинди!

Одил Ёқубовнинг, мажлисда сукут сақлаб ўтирган аксариятнинг заиф томони шунда эдики, бундай “ўйин”лардан ҳазар қилар, демократларнинг беорлигидан зиқланар эди.

Фаоллар эса, тиним билмайди, шотирлар асаларидек “бол” йиғади, пири эса, “ҳалво” пиширади. Бири келиб, сиз фалончига овоз берасиз, дейди, савдолашади, ҳатто лавозим ваъда қилади, ҳали у кетмай туриб, иккинчиси келади, йўқ, писмадончига овоз берасиз, сиз бизнинг одамсиз!

Илондай аврайди ва ҳатто эзилиб кетган иркит бир қоғозга қўл қўйдириб олади!..

Демокра-а-атия!

Унинг етимаклари олчоқ ва оташин. Онасини эмиб тўймайди, сира. Одамлар бир умр заҳмат чекиб, минг азоб-уқубат билан чиққан чўққига бир ҳалп билан кўтарилмоқ истайди. Худдики вазият улар измида, хоҳлаган ишини қилиш мумкин…

Ҳой, мунча ўзингни ўтга-сувга урасан?! Ахир, ит бўлиш учун ҳам бир қарич дум керак-ку, дейдиган бир жўмард йўқ.

Учинчи мажлис қўйилган кун, Уюшмага боришдан аввал, Одил акани зиёрат қилай, деб уйига чиқдим. Ўша кезлар у бизнинг маҳаллада, беш қаватли уйнинг учинчи қаватида истиқомат қиларди.

Оқсоқол жуда ҳорғин кўринди. Депутат бўлай деса, валломат йўл бермайди, дунёнинг куни “ўйинчи”ларга қолган; бўлмайин деса, ҳукумат қўймайди. Хуллас, икки ўртада анжирдай эзилган…

Шундай бўлса керак, деб ўйлаган эдим, ўзи!

Қаранг, бу кўзбойлагич, янги замон модерн-демократи, мен найновни айтаяпман, Мадаминовни, шайтонни миниб олган, илинган нарсага чанг солади, ҳеч балодан қайтмайди!

Албатта, иймони саломат одам бундай вазиятда қийналади, силлимарг бўлади, йўлсизлик-чорасизлик юрагига тўкилади.

Уюшма раисининг биринчи ўринбосари, оғир, вазмин одам, Березиков унинг макрига чидай олмай, шўрликни қаттиқ қўрқитишган, ахийри, ишни ташлаб кетди.

Бу палид эса, ҳеч тап тортмай унинг кабинетини “ишғол” этди, лекин биров лом-мим дея олмади. Ҳамма гап аёли-да! Бир нафас урса, қиёмат қўпади. У чол ибн Хаттоб, унча-мунча бас кела олмайди. Мана, энди у баланд дорга кўз тикиб от сураётир…

Бир куни ўша найнов кечки сайрга таклиф этди. Кўчада айланиб юриб, “Ёқубов чарчаб қолди, сиз айтинг, у истеъфо берсин!” – деб хархаша қилди.

“Одил ака истеъфо бериши мумкин, лекин аввал ёзувчи халқига бош бўладиган бир муносиб одам топиш керак”, – дедим унга. “Бу ишни мен уддалайман!” – деб керилди у. Шунда энсам қотди.

Биламан, биринчи хотини “алимент тўламай қочиб юрибди”, деб “Совет Ўзбекистони”га роса шикоят ёзган. Шунга ишора қилиб, “Сиз аввал биринчи оилангизни эвлаб олинг!” – деб маслаҳат бердим, унга.

Йўқ, ўчди.

Қаранг, кеча бир тўрвани ортмоқлаб юрган, ҳатто бола-чақасини кўчага ташлаб қўйган дардисар, бугун тикка от солаяпти, раисликка!

Ёзувчиларга бош бўлмоқчи!

Кимсан ўзинг?!

Ивирсиган фасод хабар беришича, у коллегалари билан тил бириктирган.
”Сен менга ўринбосар бўласан! Сен журнал муҳаррири! Сен газетага ўтасан! Чолни четга суриб қўямиз!”

Мана шу “заговор” ҳаётга кўчаяпти…

Ҳаҳ, Ильич бемаврид ўлиб кетди-да! Тирик бўлса, ўзи биларди. У бунга контрреволюцион фитна, деб қарарди. “Бу очофат союзни олгач, ўрнимга кўз тикса керак!” – деб уни авантюризмда айбларди.

Йўқ, авантюрист эмас, “Империализмнинг ёлланган малайи, масалан, Русия, йўқ, Англиянинг!” – деб пешонасидан отарди.

Амал шундай нарса, жудаям ширин!

Айниқса, заиф одам учун, сув билан ҳаво у!

Тириклик манбаи!

Уйқу бермайди!.

Шу ҳасратда Иван Грозний жондай азиз ўғлини ўлдириб юборган, тағин тахт талашиб юрмасин деб! Ҳали-ку Мадаминов! Ким бўпти у, Ильичга?! Бир саёқ, ялангоёқ, пандавоқи-да!

Кеча кифтига тўрва илиб юрган тиланчи, бугун буржуй бўлмоқчи!
Тўғри, қавми бир, келиб чиқиши бир, аммо бу – айниган! Бундайларга шафқат қилсанг, ҳамма ёқни булғаб ташлайди!

Ильич тирик бўлганида, Кўчимниям чиқариб отарди: – СССРни еб қўяди, бу олчоқ! – деб!

Уни: “Сўл оппортунист!” – деб айбларди.

Аяб ўтирмасди.

Шулар ҳамма ёқни вайрон қилди! Нафси ҳакалак отган, юҳо! Юҳо! Еб тўймайди, ялаб ҳам тўймайди!

Касофатлар Ильичнинг совунига кир ювмапти, ҳали!

Ҳа, айтмоқчи, совун дегандай…

Бирдан Ўктам Ҳакимали унинг кўз олдида намоён бўлади. Минбарда турибди, ўнг қўлини олға чўзган, худди доҳийдай! Шуниси ёқмади, ғашини қўзғади! Яна денг, қўлида – ироқи совун!

– Ўзи шу ерда ўтирибди, виждони бўлса, айтсин! – дейди, қўймайди.
Бечора Ҳошимов ерга кириб кетган!

Қаранг, кимсан, член ЦэКа, член бюро ЦэКа, бир пролетарга бас кела олмаса!

Ильич унинг ўша жойига ўхшатиб бир тепади.

Унинг оёғи узун, истаган жойига етади.

– Ўртоқ Ҳошимич! – дейди у бюрода. – Туринг ўрнингиздан! Сизнинг масалангиз кўрилаяпти! Сиз Ҳакималиечнинг қўлига ироқи совун берибсиз, “совунламасанг, оғрийди”, деб! У бўлса, коммунизм қуриш ўрнига, ҳамон ўша совунни кўтариб юрибди! Кеча Ўзбекистон Совет ёзувчилари Союзи пленумида минбарга чиқиб, бутун интеллигенцияга уни кўрсатди! “Ўшанда қилмаганим учун “Шарқ юлдузи”да қиссам чиқмай ётибди!” – деди! Социализм бутун фронт бўйлаб кенг ҳужум бошлаганда сиз қилган интервенция ғоявий ва сиёсий хато, Ҳошимич! У партиясиз оммада ишончсизлик туғдириш, партиянинг ва совет ҳокимиятининг обрўсини тўкиш учун қилинган, дейишга асос етарли! Марказий Комитетнинг 1929 йил ноябр пленумида таслим бўлиш идеологияси янчиб ташланган, илдизи билан! Ўнг оппортунистлар йўқ қилинган! ЎзССРда, баъзи участкаларда ҳали фош қилинмағон уларнинг қолдиғи борлиғига тоқат қилиб бўлмайди!

– Биз ҳам уни “Совет Ўзбекистони”да фош қилдик, ўртоқ Ильич! Ажнабий давлат жасуси ва пролетариат дектатурасининг синфий душмани, “Қора қуюн” деб қаттим лаънатладик! Марксча-ленинча гуманистик сиёсат душмани, ёт унсур ва догма сифатида ер билан яксон қилдик! Йигирма тўрт коммунист-авангард!

– Нега Совет ёзувчилари Союзидан ўчирилмади? Ёт унсур ва догма сифатида нега тугатилмади?!

– Бунинг учун судмедэкспертиза хулосаси керак экон, ўртоқ Ильич! Шу масала маҳкам оёқдан олди-дэ!..

– Ҳакималиечнинг ревоюция ишидан бўйин товлаши социализм ғалабасига тўсқинлик қила олмайди! Совет халқининг авангард қисми, оммани орқасидан эргаштиришга қодир куч доим биз билан!

Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун!

Гомосексуализм – марксизмнинг ажралмас таркибий қисмидир! Революцион ҳушёрликни оширайлик, ўртоқлар! Марксча идеалларга содиқ қолайлик!
Маркс билан Энгельс ҳамкорлиги ана шу идеал асосига қурилган!

У коммунистик идеалларнинг энг ҳаётбахши! Ва уни Коммунистик ахлоқ кодексига киритиш вақти келди!

Троцкийчи-бухаринчи, миллатчи ярамасларга ўлим!

Совет ҳукумати, коллега, қараб турмайди! Обрўйингни ошириб қўяди! Қизил байроқ орденли!..

– Ўртоқ пролетариат доҳийси! Афкор омма: “Ўткир қачон герой бўлади?!” – деб кутиб ётибди!

– Оббо-о, ҳошим-эй! Бир орқадош, масалан, Расулеч ҳеч қачон омма бўла олмайди!

– Отам деганман сизни, братан! Йўқ деманг!

– Сен член ЦэКа, член бюро! Яна редакторсан! Аммо оддий бир пролетарни орқангдан эргаштира олмайсан! Гулдай амални хор қилиб юрибсан! Яна герой бўлгинг келади! Калланг ишламайди, молокосос! Унга ироқи совун эмас, кирсовун бериш керак эди!

Шунда бирдан ҳамма унга ташланади. Биринчи бўлиб Усмонхўжаев “ғажиб” ташлайди.

– Яна, бунинг устига, ўртоқ Ильич! – дейди у ғазаб билан. – Бу даюс, бизни гипноз қилиб, “Мен Муҳаммад Мустафаеч авлодиман!”, деб документ тўғрилаб юрган эмиш! Қанақасига сен Мустафаеч авлодисан, ҳаммомда искаланиб юрган бир қанжиқ бўлсанг! Ёки сенинг учун алоҳида XVI пленум ўтказиш керакми?! Сал замон ўзгарса, кетини буради булар, ўртоқ Ильич!

– Иномжон Бузрукович, мен “Мустафаеч эмас, Язид Суфёнеч авлодиман”, деб документ қвомман!..

– Саййид бўлмоқчимисан, Сирожиддинга ўхшаб?! Етмайдими шунча подделка?!

– Йўқ, мен супер “хон” бўлсам дейман, жоним окам, Ўткирхон бўлсам дейман!

– Контрразведкада бу қўл келади, аммо, – дейди Ильич шаҳодат бармоғини осмонга нўқиб, – ўйлаб кўриш керак! Биз, дин – афъюн, деймиз! Ийсо билан Мустафо бўлмаган, Худо йўқ, деймиз! Мана шундай сиёсий вазиятда, член ЦэКа, член бюро!..

Бюро қайнаб тошади, у ёқда эса…

Ўктам Ҳакимали жиғибийрон!

Бечоранинг боши қотган!

Қаранг, масала сиёсий тус олиб кетди. Яна денг, қўлидаги совунни қаёққа қўйишни билмайди, шўрлик! Вақтида Ҳошимич уни ваннада берган, шундай-шундай, деган! Аммо у қилмаган! Ўша жойга қайтиб борса, чатоқ бўлади! Қилса – ўлади, қилмаса, қўймайди! “Однополный семья қиламиз!” – деб қолса-чи?!

У ҳеч балодан қайтмайди! Аммо, қочиб қутула олмайди, ундан! Чунки, уларнинг коттаси ҳу-у тепада, сиёсатнинг устида ўтирибди, падари бузруквори Қобил ходжа билан волидаи муҳтарамаси Абудо бонудан қолган мағзавани тиқиштириб!..

Яна бу инжиқ ишга шахсан Ильич аралашди!

Доҳий ёмо-он, аяб ўтирмайди! Қавмини ҳимоя қилади! Шунга вақт топганини қаранг! Аксига олиб, анавининг бозори ўтган, олдингидай эмас, ҳозир! У вақтлар кўҳлик эди, лаблари!.. Чуччайтиришни қийиб ташларди! Аммо кийиниб қўяди-да, ойимтилла! Лаблариям зў-ўр!

Мен кўрганда анча ёш эдинг,
Улғайибсан, гуллар эркаси!..

Шайтон йўлдан урдими, дейман?!
Хаёл опқочди!
Йўқ, бўлмайди!
Ярамайди!
Кучдан қолган!..
Холмирзаевга ўхшаб, бошини деворга урсинми: “Нақа бўп қолдим!” – деб!
Кимга керак шу?!
Расвойи жаҳон бўлиш?!
Балодан ҳазар!
Бу очофотдан қандай қутулса бўлади?!
Доди Оллоҳга етмайди!
Наҳот куни шунга қолган?!
Ёниб кетади!..

Бу ёқда эса, Одил Ёқубов қовурилиб ётибди, ўша, номзод кўрсатиш масаласида….

– Яна икки нафар номзодни рўйхатга олиш ҳақида имзо йиғиб, ариза кўтариб келишди! – деди у, бир юк остида эзилиб. – Булар одамми ўзи, бошқаларга ўхшаб, кечаси уйқу биладими ёки бўзчининг мокисидай зир югуриб, имзо йиғадими?

Бундай пайтда нима дейишниям билмайсан, киши.
Одил ака ҳазин жилмайиб менга тикилди. Унинг юки оғир эди, ғазаби тошиб келаётганди.

– Бормайман, мажлисга! – деди адиб узил-кесил. – Ургилдим раислигидан! Мендан қолса – асар қолади, бошқаси бир пул! Яхшиси, ижод қиламан! Ипиринди-супиринди чурвақаларга қўшилиб, шаталоқ отадиган ёшдан ўтдим!..

– Энди Одил ака, – дедим мен, ўзимча вазиятни баҳолаб. – Нима бўлгандаям, мажлисга бориш керак, нима бўлгандаям, улоқни олиш керак! Чунки сизга қанча ёзувчи умид билан кўз тикиб турибди, ишонч билдираяпти! Ўзингизни олиб қочсангиз, бу ёғи қандай бўлади? Улоқни олиб келиб, ташланг, уларнинг оёғи остига! Ундан кейин шундай десангиз, ҳеч ким эътироз билдирмайди!

Одил ака ўйланиб қолди.

Йўқ, мен бамаъни гап айтиб, уни изза қилиш фикридан йироқ эдим.
Тақир ерда чанг чиқараётган уч-тўрт валломатдан ташқари, ҳамма уни яхши кўради, ишонади. Бунинг эса, ўзига яраша юки-масъулияти бўлади. Шуни адибнинг ёдига солиб, ғурурини қўзғадим, холос.

Кейин хайрлашиб, Уюшмага йўл олдим.

Ишонсангиз, мажлислар зали нима – ини бузилган арининг уяси – нима. Демократлар жон ҳалпида юздан пардани олиб, очиқчасига кўчган. Кимдан кейин ким сўзга чиқади, ким нима дейди, шуни рўй-рост кенгашиб олаётир, ҳал қилувчи жангга қақшатгич ҳозирлик кўраётир…

Ниҳоят, мажлис бошланди.

Ўша кезлар думалоқ стол атрофида ўтириб баҳс этиш, залда шаклий ўзгартишлар қилиш русумга кирган эди, лекин мажлисда бунга ҳожат бўлмади, шўровий расмиятчиликка ҳам…

Одил Ёқубов ўрнидан туриб, залга яқин келди, юз-кўзида мутойибага мойиллик, ўтирганларга у жуда самимий тикилиб:

– Кўриб турибман! – деди жилмайиб. – Кўзингиз айтиб турибди, ҳар бир ёзувчи мен депутат бўлсам дейди! Ҳаммангиз депутат бўлишга муносибсиз! Аммо, нима қиламиз, ўрин битта?!
Залда гур-р кулги кўтарилди.

– Залимизга улуғ боболар суратини илиб қўйганмиз, улар бизнинг ёқа бўғишаётганимизни кўриб, ачинса керак?! Нима бўлгандаям, аслимизни унутмайлик!

Бу гапни у оғир бир ўкинч, ҳасрат ва надомат билан айтган бўлса-да, таъна-маломатдан асар йўқ эди.

Диллардан ғубор кўтарилди. Қандайдир юкдан халос бўлгандек, ўтирганлар енгил тин олди. Адашмасам, биринчи бўлиб шоир Тўра Сулаймон ўрнидан турди.

– Одил ака! – деди у, ўзига ярашимли андишаю забунлик билан. – Сиз ҳамиша бизнинг ишончли вакилимиз бўлгансиз, бундан буён ҳам шундай бўлиб қолсин! Тилагимиз шу!

Ҳиммат устун келди. Ҳамма шу тилакка қўшилди. Кейин ёзувчилар оёққа қалқиб, номзодини ёқлаб овоз берди…

– Шу билан иш битди, деб ўйлайсизми?! – дейди шоир Тўра Мирзо. – Йўқ, ундай эмас! Ўша кезлар Москвада, Олий адабиёт институтида таҳсил олар эдим. Иттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг ур-йиқит пленуми ҳамон ёдимда, у бир неча кун давом этган. Темир Пўлат билан Мадаминов охиригача “от сурган”. “Ур-йиқит”, “ёқа бўғиш” ҳамманинг жонига теккач, машҳур ёзувчи Валентин Распутин сўз олди. У Одил Ёқубов ҳақида жуда тўлиб гапирди. Миллий адабиёт вакиллари ичида ёлғиз у халқ депутати бўлишга лойиқ, деди. Ва унинг даъвати билан ҳамма Ёқубовга овоз берди…

Қуръон:

– Зулмат билан нур баробар бўлурми?!

Нур Саид ўғли Муҳаммад Солиҳ:

– Анга лаънатки, қилиб мулк талаб,
Эл бузулмоқлиғиға бўлса сабаб.

No
  1. Kamtar O'zbek

    Автор хукумат ва унинг кугирчоклари булган, эскича уйлайдиган коммунист адибларнинг камчиликларини хаспушлашга уринган. Жуда хам саёз хикоялар ва бирёклама ёндашув. Озгина булсада, ёзувчиларимизнинг ким булганлигини ва уларнинг ёзганларидан хабардор бұлган одам Хотамовнинг зур бериб безиб-бежаб ёзаётганлигини сезади. Хотамов ким узи? Канака асарлари бор? Хозирча менинг укиганларим у хакида 20-25 ёшлардаги хали ғұр ёзувчи сифатида тассурот колдирди.

Leave a Reply
*