Menu
Categories
ЎЗБЕКИСТОН ФУТБОЛ ФЕДЕРАЦИЯСИ РАИСИ МИРАБРОР УСМОНОВГА
01/29/2016 Бош мақола
Мираброр
   ЎЗБЕК ФУТБОЛИДАГИ ЧИДАБ БЎЛМАС  ҲОЛАТЛАР
    – сотганларни эмас, сотиб олганларни жазолаш керак;
   – Ўзбекистон футболида ҳаммани ва ҳамма нарсани сотиш ва сотиб олиш мумкин;
   – Ўзбекистон футболи тубсиз жарлик томон кетяпти.
   – Италиядан ўрганиш керак бўлган жиҳатлар
   – ишдан ҳайдалган Имомхўжаевлар. Ёхуд  ғат-ғат қилган карнайчи, жазоланган сурнайчи
1.
   Ўша, маълум ва машҳур  “Металлург”-“Пахтакор”  ўйинини  биз ҳам кўргандик. Ўйин тугашига  ўн дақиқа қолганда “Металлург”   ҳисобни 2:0 га етказди. “Пахтакор”  ҳеч қанақа  ўйин кўрсата олмаётган эди. Кейин… кўз  кўриб қулоқ эшитмаган  гаплар бўлиб кетди. Кетма-кет икки пенальти ва яна битта гол. Натижада  қандайдир  саккиз дақиқа  ичида “Пахтакор” ғалабани  илиб кетди. Ҳеч  қанақа ўйин  кўрсата олмасдан. Кўрсатмасдан… Ва бунинг учун “ўйинни  сотди”, деган сабабни рўкач қилиб, “Металлург” бош тренери Рустам Мирсодиқовни жазолашди.
   Ўйинни сотиб  олган “Пахтакор” вакилига тегишмади.
   Сотилган  судъяга  ҳам тегишмади. Унча-мунча судъя ўйин сўнггидаги  саккиз дақиқа ичида битта дарвоза томонга иккита пенальти белгиламайди. Агар сотилмаса…
   Нега бундай бўлди?
   Негаки, “Пахтакор” бошлиғи  ўта кучли менеджер. Ҳатто Мираброр Усмоновнинг  ҳам кучи етмайдиган даражада  кучли.
   Бизнингча, ўйинни сотиб олган – “Пахтакор”нинг собиқ  бош менеджери, эндиликда Ўзбекистон терма жамоаси бош тренери сифатида  ажабтовур  ўйинлар кўрсатиб  бошлаган   Бабаян эди.
   Биринчидан  Мираброр Усмоновнинг  Бабаянни жазолашга ҳадди сиғмади. Чунки  кетма-кет мағлубиятлари билан мухлисларни асабийлаштираётган Миржалол Қосимов ЎТЖ бош тренерлигидан    эндигина олиб ташланиб,   ихлосмандлар  ярасига малҳам қўяётган  Бабаянни жазолашга жазм эта олмади.   Иккинчидан, Бабаян   Ўзбекистондаги арман  мафияси  сардорларидан  бири. Бундақа мафиозиларга қаердаги майда-чуйда Мираброр Усмоновларнинг кучи қаердан етсин?! Керак бўлса, Мираброр Зуфаровични шу  лавозимга қўйган ҳам -Бабаян. Керак бўлмаган куни олиб ташлаб, кўчага улоқтирадиган ҳам – Бабаян! Мираброр Зуфарович буни яхши билади. Билгани сабабли, тилини тишлайди.
   Афсус, минг афсус!
   Ўзбек футболининг куни кимларга қолди?!!
    Ўзбекистон  футбол федерацияси:  “мавсум охирига етсин, ана ундан сўнг  барча масалага  нуқта қўямиз”, деган чучмал баёнот билан ишни  пайсалга солди. Вақт эса ўтиб боряпти. Янги мавсум ҳам келяпти. Аммо…
   2.
   Эҳтиёт бўлинг, Мираброр Зуфарович, касални яширсанг, иситмаси  бари бир ошкор қилади. Бу борада итальян оғайнилардан  ибрат олсангиз  арзирди. Улар 2006 йили жаҳон чемпиони  бўлган  футболчиларни ҳам аяшмади. Келишилган ўйинлар ташкилотчиларини  ёппасига жазолашди. Ва,.. эътиборлиси, сотганларни эмас, сотиб олганларни жазолашди.Чемпион  “Ювентус” қуйи лигага тушириб юборилди. “Милан”дан эса  бир қанча  ғалабалар тортиб олинди.Ва ҳоказо.
   Сиз эса, Мираброр Зуфарович,  кучингиз етадиган  одамни, яъни мағлуб бўлганларнинг тренерини жазоладингиз. Ўлганннинг  устига чиқиб тепдингиз. Бабаян эса шапкасини осмонга отиб, ялло қилиб юрипти. “Менеджерлик мана бунақа бўлади”, деб.
   Сиз, Мираброр Зуфарович, асосий айбдордан бошқа ҳаммани жазолаяпсиз. Ҳатто не-не  сайтларнинг оғзини  ёпиб ташладингиз. Бор гапни айтган, айтишга ҳаракат қилаётган виждонли  журналистларни, ака-ука  Имомхўжаевларни  телевидениедан сургун қилдингиз. Аммо… Бабаян   ҳамон   ялло қилиб юрипти. Ўзбекларни бир-бири билан уриштириб. Бу кетишда… қараб туринг, ҳали бутун Ўзбекистон халқини Бабаян бир-бирига  қайраб,  уриштириб ташлайди.
   Наҳотки шуни кўрмаётган бўлсангиз?!
   Наҳотки  Бабаян сизга тақдим қилаётган ширалар, ёғлар сизнинг кўзингизни шу қадар…
   Бундай қилманг Мираброр бобо! Ўзбек футболи  ихлосмандлари лаънатига қолманг. Сиз ахир ўзи  тўқ, кўзи тўқ одамсиз.
3.
    Кейин,  ўша, Бабаян билан бирга  сотилган судъя масаласи ҳам кўрилиши шарт. То янги мавсум бошланганга қадар. Агар Мираброр Усмонов  ўз обрў-эътиборини сақлаб қолмоқчи  бўлса, бошлаган ишини охирига  етказиши шарт.
   Ваъда бердингми – бажар. Бажармасанг – ваъда берма.
   Бу ишни бости-бости қилиб бўлмайди.  Бости-бости қилинса, янги-янги  ўйинлар  сотилаверади. Янги-янги олгич-сотгич  менеджерлар пайдо  бўлаверади. Шу тахлит кейинчалик  “Насаф”-“Пахтакор”  ўйини сотиб   олинди. Яна “Насаф” томони жазоланди. Аммо  сотиб олган “Пахтакор”  сувдан яна қуруқ чиқди. Чунки бу дамга келиб, Ўзбекистон терма жамоаси  шахдам одимлар билан ғалабали юришларини давом эттираётган, ва гўё энди Бабаянни жазолаш мутлақо мумкин эмасдек туюлаётган эди.
4.
Қолаверса, Ўзбекистон терма жамоасини асосан легионерларимиз тортиб кетаётган  бўлиб, улар билан бир қаторда юрган пахтакорчилар уларнинг соясида  ўзларини кўз-кўз қилишаётган эди. Лобанов, Андреев, Сергеев  “Пахтакор”да ўйнаб, йил давомида  тайинли ўйин кўрсатишгани йўқ. Шунга қарамай, уларга бош менеджер ғалабалар тақдим қилаётган эди.
   Ана шу тахлит биз Игор Сергеевдек  иқтидорли ҳужумчини ишдан чиқаряпмиз. У тезроқ  Япониягами, ёки бирон араб давлатига  бўлсаям  кетиши керак. Ижғиб-бижғиб кетган  Ўзбекистон чемпионати  ҳар қандар иқтидорни еб тугатади.
5.
  Пахтакорчилар  шу қадар сотиб олишга  ўрганиб қолишганки,… ҳайрон қоласан киши. Олимпия терма жамоасида  тортиб кетувчи  легионерлар йўқ эди. Асосий куч  – сотиб олишга ўрганган пахтакорчилар бўлиб қолишди:  Ўша Сергеев, ўша Козак. Уларнинг ёнига Фомин қўшилди. Улар йил давомида “Пахтакор”да қандай ўйнаган бўлса, Қатарда  ҳам шунақа ўйин кўрсатишди. Мутлақо жон куйдиришмади. Гол ўтказиб юборганда ҳам парво қилишмади. Совуққонлигини йўқотишмади. Чунки  улар ўрганиб қолган. Чунки  уларнинг Бабаян   деган бош менеджери бор. Ҳар қандай вазиятда ҳар қандай ўйинни сотиб олади. Аммо…  Бабаян Жанубий Кореяликларни, Ироқликларни сотиб ололмади. Устига устак, судъялар  ҳам  Бабаянга  сотилмади.
   Натижа маълум.
   Биргина Достонбек  Ҳамдамов  бунга рози бўлмади. Жон куйдириб ҳаракат қилди. Ҳар икки  рақиб дарвозасига гол урди. Пахтакорчилар  қуршовида алоҳида ажралиб, кўзга ташланиб турди. Шунинг натижаси бўлса керак, балким “кўз тегмасин”,  дедими, Бабаян айнан  жон  куйдираётган Достонбекни  алмаштириб ташлайверди.
6.
   Чўмич қозондан кўтарилиб,  ҳеч нарсасиз қолганимиз аниқ бўлганда эса, Бабаян “боримиз шу”, дея сувдан қуруқ чиқмоқчи бўляпти.
   Бабаян бекорларни  айтипти. Рустам Ашурматов  аллақачон “Бунёдкор” таркибидан муқим ўрин эгаллаб, чап қанот ҳимоясини  метиндек  мустаҳкамлаб келяпти. Олимпия, Ёшлар терма жамоаларида  ҳам яхши ўйин кўрсатаётган эди. Бизнинг Қатардаги мағлубиятларимизга сабаб бўлган барча голларни айнан ана шу қанот – Козак, Фомин – айби билан   ўтказиб юбордик.
   Нима, Рустам Ашурматов ўзбек бўлгани учун айбдор деб топилиб, Қатарга олиб кетилмадими?
   Бу саволни Бабаянга бериш керак:. Олий лигада жон сақлашга ҳаракат қилаётган “Бухоро”нинг ўртамиёна ҳимоячиси совринли ўринга даъвогар “Бунёдкор”нинг  асосий ҳимоя  қўрғонидан  устун бўлиши мумкинми?!
7
   Бош менеджернинг Қатарда  ҳунарлари ўтмай, ҳеч ким унга сотилмай, шарманда бўлганимиздан сўнг  сайтларда: “Мираброр Усмонов  дарғазаб, Олимпиячилар Тошкентга қайтгандан  мажлис  ўтказармиш”, деган хабар тарқалди. Аммо… Бабаян Усмоновга  “ўз ўрнингни билиб, писиб ўтир”, деди шекилли, дами чиққан баллондай, “Бағдодда ҳамма ёқ тинч”.
   Демак,  ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолади. “Пахтакор” ўйинларни сотиб олиб, ҳеч қанақа мазмунли ўйин  кўрсатмасдан  чемпион бўлишда  давом этаверади. Сотишга мажбур бўлганлар, мажбур этилганлар   жазоланаверади,  сотиб олганлар эса  Ҳожибой Тожибоев  акамиз айтганларидек, “футболинггаям… ўзбек халқинггаям…”, деб ўзбекистонлик футбол ихлосмандларини оёқ ости қилиб кетаверади. Бу ўринда биз футбол фередацияси ва Олимпия қўмитасини атайлаб  айтмаяпмиз. Чунки улар Бабаянга оёқ ости бўлиб ўрганишган ва кўникишган.
   Мухлислар ва ихлосмандлар ҳеч қачон кўникишмайди.
  Улар умид билан яшайверишади.
     8.
    Алам қиладиган яна бир томони бор. Мухлислар дилидаги шунча  гапни айтасан, адолат кутасан, энди ўзгаришлар бўлар, дея умид қиласан… Одатда  тескариси бўлиб чиқади.
   Ҳеч бир футболга дахлдор амалдор: “мана шу спорт журналисти ҳаққоний гапларни айтипти,  буни ўйлаб кўриш  керак,  аҳволни тузатиш керак”, демайди.
   “Ким ўзи  бу гапларни айтишга  жазм қилган?!”, дейишади. “Қандай ҳадди сиғди бу тирранчанинг?!”, дейишади. “Топинглар, жазоланглар. Ҳайданглар. Бадарға қилинглар. Сайтини  ёпиб ташланглар”, дейишади.
   Ана шуниси алам қилади.
   9.
 Укажонлар: Достонбек Ҳамдамов,Игор Сергеев,  Рустам Ашурматов, Санжар Шоахмедов, Тимур Ҳакимов, Аббос Махсталиевлар… кетинглар. Араб давлатларига бўлса ҳам кетинглар. Сардор Рашидовни кўряпсизлар-ку, Қатарга бориб, юз чандон очилди. У эндиликда  термамизда ҳам лидерлар қаторидан  ўрин оляпти.  Шундай экан, ёшсизлар, келажакларинг олдинда, боринглар, бахтларингни  синанглар, Бабаян ва Бабаянлар сизларни  рад эта олмайдиган даражага етинглар.  Йўқса,  Ўзбекистон  футболидаги Бабаянлар бошқараётган ҳалокатли муҳит  сизларни ютиб юбориши мумкин.
   Булар  “Ўзбекистон футболида ҳаммани ва ҳамма нарсани сотиш ва сотиб олиш мумкин”,  деган тушунча  билан яшашади. Булар Ўзбекистон  футболини тубсиз жарлик томон бошлаб кетишяпти. Ўзбекистон футболини  бу юришнинг  охирига етишдан худонинг ўзи асрасин.
Шокир САЪДУЛЛАЕВ,
Озод ва мустақил журналист, спорт шарҳловчиси
Тошкент шаҳри.
Усмонов ва Фифа
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

1 шарҳ

  1. muxlis

    Oshpaz oshpazda. Hamma sovet davrida yashganlar biladi, sovet davrida restoran va oshxona oshpazlari qanday pul topganini. O’tgan asrning 70 yillarida oliy ta’limda poraga yo’l ochilgandan keyin, bu sohada semirganlar bir yumalab kooperativ institutlarni bitirib olishdi, bu ham shularni bittasida.

Leave a Reply
*