Menu
Categories
Абдулла Орипов: Унут энди илмнинг кучин, Ақча сени кўтаргай пастдан…
02/13/2016 Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ,
ХАЛҚ ШОИРИ АБДУЛЛА ОРИПОВ
 Абдулла ака дўппида

ФОЖИА

 

 Боласин дафн этган учта суҳбатдош,
Бир давра бўлишиб йиғлашар эди.
Бу ғамга тоғлар ҳам беролмас бардош,
Қалбларин беаёв тиғлашар эди.
Тўртинчи суҳбатдош боласин қучиб,
Қалт-қалт титрар эди: – Бермайман, – дея.
Ўлим боқар эди ранги қув учиб,
Эски дарвозани очганча қия.
03.02.2016
ҲАЁТ МУАММОЛАРИ

 

Ота-бола кезарди сарсон,
Юраклари тўлганча оҳга.
Яқин бориш эмасдир осон,
Иш берувчи бирор даргоҳга.
Кимларгадир ялинмоқ учун,
Зўр ирода керакдир, ростдан.
Унут энди илмнинг кучин,
Ақча сени кўтаргай пастдан.
Ноёб эрур авлиё қадар,
Саҳоватли, бетаъма одам.
Имконини тополса агар,
Ҳақ сўрашар чумолидан ҳам.
Таъмирласанг Каъбани ҳатто,
Кўрмаганга оларлар ўзин.
Фазилатинг пайқашмас асло,
Нуқсонингга тикарлар кўзин.
Тафаккурдан мосуво инсон,
Нафснинг қули бўлгайдир, наҳот.
Бир чеккада Инсоф ва Виждон,
Секингина чекади фарёд.
01.02.2016

 

“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"5" Comments
  1. А.Орипов қоранғи, ёпиқ жамиятни қанчалик шармандали эканлигини фош қилишга ҳаракат қилибди. Тўғрисини айтганда мамлакатимиздаги ҳамма балоларнинг бошида турган якка ҳокимликдан қускинг келади. Бу сиёсат ва жамият инқирозга юз тутишга маҳкумдир!

  2. Tangrim dini-Turkiylarning dini

    Ishga joylashishni konkurs asosida olib borishadi barcha davlatlarda. O’zbekistonda esa tanish-bilishchilik. Buni yo’qotish vaqti kelganiga ancha bo’ldi. Lekin amaldorlar buni istashmaydi. Bu tanish-bilishchilik qancha davom etar ekan?

  3. Якинда улуг шоиримизни магазинда куриб колдим. Жуда кариб колиптилар. Лекин нуроний кария булиптилар.

  4. Инсон умрининг қарийиб ярмини бугун-эрта дейишиб шамолга совурганларнинг ва энг даҳшатли томони биз дунёнинг барча ҳалқлари ва давлатларидан олдиндамиз дейишиб, ишонмаганларни қаматишиб, ватангадо қилишиб ёки ўлдириб юбораётганларнинг чорак асрлик ҚОН ТЎКИШИБ ҚИЛГАН “МЕҲНАТЛАРИНИ” БУЮК ШОИРИМИЗ БИТТА ТЎРТЛИКГА ЖОЙЛАБДИЛАР! ОФАРИН АБДУЛЛА АКА! УШБУ САТРЛАРИНГИЗ ТАРИХИМИЗНИ БЕЛГИЛАЙДИГАН МЕЗОН БЎЛИБ ҚОЛАВЕРАДИ, ЁЛҒОНЧИЛАР ЭСА ЎТКИНЧИ КИМСАЛАРДИР.

  5. Кимларгадир ялинмоқ учун,
    Зўр ирода керакдир, ростдан.
    Унут энди илмнинг кучин,
    Ақча сени кўтаргай пастдан.

    Жамиятимизнинг ачинарли азволини рад килиб булмайдиган хакикат тарзида Яна Бир Шер тарзида битибдилар ,офарин Абдулла ака Орипов .

Leave a Reply
*