Menu
Categories
Баҳодир ИСО: ШАВКАТ РАҲМОН НИДОСИ (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
02/16/2016 Адабиёт

Шавкат Раҳмон шу одам

 
ШАВКАТ РАҲМОН НИДОСИ

Чўнқайиб ўтирдим
ёлғиз бўридай…

Шавкат Раҳмон

Қочинг!
Сиғмай қолдим
бугун қабрга.
Суякларим
сакраб
шарақлаётир.
Иблис
ер юзини
тўлдириб кирга
Макр китобини варақлаётир…

Жисмим қани маним?
Жоним қани?
У-в-в-в-в…
Гўримда тиккаман!
Ёняпти руҳим…
Нега
ёв қўлидан
ичяпти оғу
Уни бир,
Дини бир
Икки уруғим…

Хотирдан фаромуш қилиб ўзини,
Жойлаб олган бўлса кўксига санглар,
Моғор босиб қолган кўнгил кўзини
Қандай очсин ахир
каллаваранглар…

Руҳимнинг қонига
этимни қориб,
Сўнгагимга чаплаб
зириллаяпман.
Жисмимга қайтар деб
Ҳаққа ёлвориб,
Тўкилиб-тўкилиб
тирилаяпман…

Элим деб ўртанган,
Юртим деб ёнган
Қабрида ҳам топмас экан қўнимни –
Кафаним чирибди…
Келтиринг менга
Қизларим асраган
қора тўнимни…

Қабримдан
чақмоқдай
чиқиб бораман,
Кўзимдан ёғилиб
оловли жола.
Бургутдай
чанг солиб,
чўқиб бораман
Рўпарамдан чиқса
қанча
хомкалла!

Сулаймон тоғидан
тошлар қўпориб
отаман!
Ўша
хом
бошларга тегсин.
Алданган галварслар
бир жони оғриб,
Худо одамининг
пойига чўксин!

Хаҳ, одам боласи,
одам боласи,
Ўлса очилади
ҳамиша
кўзи…
Ўйлаб кўрмайдими
бўлса калласи –
Ўзбек ким ўзию
Қирғиз ким ўзи…

Лаванглар
ҳамиша
қашқирларга ов,
Бирлашиш ўрнига
тўзгани- тўзган…
Дарров
эсларидан чиқибдими,
ҳўв
Туновги Фарғона,
туновги Ўзган…

Айланиб кета-я,
Ўргилиб кетай,
Биринг ака бўлсанг,
Биринг укасан.
Ўтмас пичоқ билан
Оғритиб атай
Яна
ўз қонингни
нега тўкасан?

Мустабид тузумни
емирди замон,
Энди кишанлардан
озодсан,
ҳурсан.
Шукроналар қилиб,
катта тишлаб нон,
Бўлмайдими
тинчлик
гаштини сурсанг?

Руҳлар уввосига
тўлди мозорлар…
Ҳаққушдай чинқирди
Култегин буво…
Теграмда тўзиди
тутун,
ғуборлар…
Ё, Ҳақ!
Менга яна
Ҳаво йўқ,
Ҳаво…

Ерга чўккаладим
ернинг ичида
Инграб,
қўлларимни
чўздим
фалакка –
Тангрим,
тутқун қилма
гўрнинг ичида,
Мен
ёлғиз бўриман,
бургутман
якка…

Уятдан,
номусдан
ловуллаб ёндим,
Бўкириб йиғлагим келди,
бўкириб!
Маҳшар уйқусидан
додлаб уйғондим,
Ердан пасти бўлса,
кетардим кириб…

Елканг устидаги
бош бўлса агар,
Кўрмайсанми мундоқ
танангга ўйлаб,
Ичингдаги хоин
узатса заҳар,
Олаверасанми
ахир
қўшқўллаб!

Соддалигинг қурсин,
гўллигинг қурсин,
Баданингга тушган
қурт-ку шу феълинг.
Ақалли
Ҳақ дининг
эсингда турсин,
Бўлинган бўлса ҳам
Туроний элинг…

Ўйнайвермас эдинг
найновга ўхшаб
Ақлинг бўлса
ғаним ноғорасига…
Эсла:
Спитамен ўқидан қақшаб,
Искандар кирмаган
тоғ орасига…

Биринг камон бўлсанг,
Биринг ўқ эдинг,
Қани,
ёлғон де-чи,
шу гапдан тон-чи!
Минг йил
бир-бирингдан
тонган йўқ эдинг…
Камонсиз ўқ нима?
Ўқсиз камон-чи?

Бугун нима бўлди,
битта танада
Биринг ўнг тарафу
биринг сўлмисан?
Пусиб турибди-ку
ёвинг панада…
Шунча омимисан,
шунча гўлмисан?

Бу не ҳол,
Алпомиш,
Манас
ғуссада…
Бобурим бўзласа,
Чингизим куйса…
Қўчқормас,
пичоқни
бўғзига қадаб
Туркий деганлари
туркийни сўйса…

Бу дунёнинг
ҳою ҳаваси ўлсин,
Дўст дўстга дор тикса,
келтирса кунда…
Қандай иймон бўлсин,
қандай дин бўлсин
Мўминнинг қонини
тўккан мўминда.

Ким бефаҳм бўлса,
ё ақли калта,
Ўзи қилар доим
ўзини ғорат…
Бор деб саналмаган
Шарқда азалдан
Жаҳлни енгишдан
ортиқ жасорат…

Мен ҳам болангман-да,
қизиққон, дангал,
Узиб олсам дейман
тутган еримдан.
Жон, ўзбек!
Жон, қирғиз!
Хулоса қил сал
Жаҳл оташида
айтган шеъримдан.

Ҳалиям кеч эмас
кўзни очишга,
Калла ишлатгани
фурсат бор ҳануз.
Кириш
бир-бирингни
йиғлаб қучишга,
Ахир биттанг нонсан,
ахир биттанг – туз…

Унутма –
Низога йўл қўйсанг андак,
Бир-бирингга ишқаб,
қайрайдиган кўп.
Ғижиллашинг кутиб
жонлари ҳалак,
Томошангни кўриб,
яйрайдиган кўп…

Кўзингни оч энди,
Ақлингни йиғ,
бас,
Ахир
биринг енгсан,
биринг ёқасан.
Бугун
бир-бирингга
турсанг қасдма-қасд,
Келажак кўзига
қандай боқасан?

Юрак деворингга
ўйиб ёз шуни,
Токи у ўчмасин
замонлар оша –
Аҳил бўл,
иноқ бўл!
Ёвингнинг куни
битиб бораверсин
кутиб томоша…

Қани, кел,
қўлингни ташла
қўлингга,
Бағрингга
қаттиқ бос
биринг бирингни,
Дагар ўғил билсанг,
қўшсанг элингга
Шавкат Раҳмон деган
мард шоирингни…

Мана,
бўшатиб ҳам олдим
ичимни,
Ёмон сўккан бўлсам,
узр, қароғим.
Шеъримда кўрсатдим
бутун кучимни.
Ахир
сўз-да менинг
ёлғиз яроғим…

Мен –
соҳиби қабр…
Кечирсин Оллоҳ,
Неники айтибман,
аччиқда айтдим.
Илоҳий қонунни
бузмоғим –
гуноҳ,
Мен –
соҳиби қабр…
Қабримга
қайтдим…

Фақат
Сен омон бўл,
эй икки элим,
Бир-биринг томон бўл,
эй икки элим.
Биринг дийда бўлгин
меҳрга лим-лим
Ва биринг мужгон бўл,
Эй икки элим.

Қўша қалдирғочим,
Қўша қанотим,
Ўқу камонимдан
айланай ўзим,
Ўзбегим,
Қирғизим…
Кўҳна баётим,
Туркийзабонимдан
айланай ўзим…

Саловот айт энди
ўтган ҳар ишга,
Масжидингда бирга
номозга йиқил.
Айланиб бир билак
ва битта муштга,
Шайтоннинг кўксига
найзадай
суқил!

БАҲОДИР ИСО
Фарғона

https://www.facebook.com/profile.php
"1" Comment
  1. Ёзувчи ва шоирлар ҳалқнинг виждони ва ор номусини ўлчаб, йўлга солиб турадиган мезондир. Бугунги кунларимизда эса бармоқ билан санарлик ҳалқ шоирлари қолишди. Қолгани сони кўпу, салмоғи йўқлар!
    Шавкат Раҳмон нидосини кўз ёшларсиз ўқиб бўлмайди. Офарин сизга Боҳодир Исо!

Leave a Reply
*