Menu
Categories
Ажойиб инсон, файласуф олим, академик Саид Шермуҳамедов вафот этди…
02/16/2016 Ватандан хабарлар
ШермуҳамедовШермухамедов Саид (1930) академик, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Ўзбекистонда маданият назарияси ва тарихи илмий мактабининг асосчи. Шунингдек у “Ижтимоий фалсафа”, “Педагогика тарихи ва назарияси”, “Сиёсатшунослик”, “Социология”, “Этика” ,”Эстетика”, “Маданиятшунослик” каби йўналишларда жами 570 яқин илмий ва илмий оммабоп ишларнинг муаллифи.
Ўзининг “Ўзбек халқи маданиятининг миллий шакли”(1961) монографиясида ўзбек халқи маданияти қадимий илдизларга эгалиги ва ҳар қандай маданият замон руҳига мослашиб, янгиланиб бориши ва айни пайтда миллий руҳи сақланиб қолишини таъкидлайди.
С.Шермухамедов нафақат ўзбек миллати, балки бошқа миллат маданиятини ҳам ўрганиш асосида миллий маданиятларда ўзаро уйғунлик ва ўзаро алоқадорлик бор, бироқ ҳар бир миллатнинг миллий ўзига хослиги миллатларни бир-биридан фарқини кўрсатади, деб ҳисоблайди. Олим маданиятнинг гуманистик асослари, замонавий маданиятнинг шаклланишида миллий ва умуминсоний маданият уйғунлигига алоҳида эътибор қаратади.
Совет тузуми даврида С.Шермухамедов ташаббуси билан жами тўртта (1978, 1980, 1982, 1984,) миллий маданият масалаларига бағишланган халқаро конференциялар ўтказилди. Уларда жаҳон ҳамжамияти вакиллари иштирок этдилар.
Мустақиллик йилларида С.Шермухамедов миллий истиқлол ғояси, янгиланаётган жамиятнинг асл моҳиятини аҳоли турли қатламлари, айниқса ёшлар онгига сингдиришнинг аҳамиятини чуқур англаган ҳолда, “Янгиланаётган жамиятга – янгиланган фалсафа” (1993), “Маданият ва цивилизация” (1996), “Давримиз алломаси” (1998), “Биз қандай жамият қурмоқдамиз” (1999), “Истиқлол қуёши” (2002), “Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва фалсафанинг равнақи” (2005), ”Фалсафа ва ижтимоий тараққиёт” (2005), Инсон фалсафаси (2009) каби асарлар яратди ва улар илмий жамоатчилик томонидан муносиб баҳоланди.
Олим, ушбу асарларида совет тузуми даврида фалсафа фанини сиёсийлаштириш оқибатлари ҳақида фикр юритади ва янгиланган фалсафанинг энг аввало гуманистик, сўнгра дунёқарашли, тарбиявий, қадриятли, интегратив, ахлоқий функцияларига таъриф беради. “Биз қандай жамият қурмоқдамиз” асарида у миллий мустақилликнинг аҳамияти, жамиятнинг демократиялашуви жараёнида янгиланган тафаккурни шакллантиришнинг заруриятини асослайди.
С.Шермухамедов С.Мирзаев билан ҳамкорликда яратган “Ҳозирги замон ўзбек адабиёти тарихи”, “Ойбек ва ўзбек адабиёти”, “Комил Яшин ижоди”, “Адабиётнинг ҳамкорлиги ҳаёт тақозоси”, “Абадиёт ва санъатда принциплар” каби китоб ва рисолалари, унинг нафақат файласуф олим, балки ўзбек адабиётининг ҳақиқий ихлосманди эканлигидан далолатдир.
Хусусан “Ҳозирги ўзбек адабиёти тарихи” (1985) қўлланмасида олим замон зайлидан чўчимасдан, ҳар бир адиб, шоир ва умуман адабий муҳит ҳақида холисона фикр билдирган. Олим барча асарларида инсон омилини биринчи ўринга қўяди ва шогирдларини Бедилнинг “Гарчи душманни дўст қилолмасанг, дўстни душман қилмагин” деган нақлига амал қилишга чорлайди.
С.Шермухамедов устозга садоқатли шогирд ва шогирдпарвар устоз ҳамдир. У устози И. Мўминовнинг 80, 85, 90, 95, 100 йиллик юбилейларини ўтказиш, туғилган юртида музей ташкил қилишда фаол иштирок қилди, устозининг бой илмий мероси, ижоди ва фаолияти ҳақида қатор рисолалар яратди.
С.Шермухамедов “Маданият фалсафаси ва тарихи” илмий мактабида 130 дан ортиқ шогирдлар тайёрлади, улар бугунги кунда республикамиз Олий ўқув юртлари, давлат ташкилотларида турли лавозимларда ишлаб, юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилганлар. Устозни охиратлари обод бўлсин.
Dilmurod Bozarov
https://www.facebook.com/dilmurod.bozarov
Хабарлар
Ўзбекистонлик файласуф олим Саид Шермуҳаммедов 86 ёшида оламдан ўтди
16.02.2016
Ўзбекистонлик таниқли файласуф олим ва давлат арбоби Саид Шермуҳаммедов 86 ёшида вафот этди.
Яқинларини Озодликка айтишича, узоқ ҳасталикдан сўнг оламдан ўтган олим сешанба куни Тошкентдаги Минор қабристонига дафн этилган.
Саид Шермуҳаммедов 1930 йилнинг 12 майида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган.
Узоқ йил Ўзбекистон Маориф вазири лавозимида ишлаган. Шунингдек, Тошкентдаги Қори Ниёзий номидаги педагогика илмий-тадқиқот институтида ректор, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида фалсафа кафедрасининг мудири лавозимларида ишлаган.
Саид Шермуҳаммедов ўзбек фалсафаси асосчиларидан бири бўлган.
ОЗОДЛИК
“Дунё ўзбеклари”дан:
Академик Саид Шермуҳамедов вафоти муносабти билан кўпминг сонли ўқувчи ва мухлисларимиз номидан муҳтарам олимнинг оила-аъзолари ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз.
"1" Comment
  1. Joylari jannatda bo’sin domlaning!
    Mening ustozim akademik S.Rijov ham Said aka haqida “Said nafaqat tashkilotchi rahbar, kuchli olim ham” derdi.

Leave a Reply
*