Menu
Categories
Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан Умид Али суҳбатини тақдим этамиз
02/19/2016 Адабиёт
Самимият — муаллиф юраги билан асари юраги бир хил тепишидир

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан суҳбат

Суҳбатдош: Умид Али

  Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурулло Отахонов) 1955 йил 14 февралда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган (1981).
  “Йўл бошида” (1984) тўпламида ҳаммуаллиф, “Дунё кенг” (1985), “Шу ерлик киши” (1987) қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган. “Оқ бино оқшомлари” қисқаметражли филм сценарийини ҳамда Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони асосида киносценарий ёзган. Жаҳон ва туркий адабиёт намуналаридан бир қанча таржималар қилган.
***
  — Француз мутафаккири Дидро: “Одамлар китоб ўқишдан тўхтасалар, фикрлашдан ҳам тўхтайдилар”, деган эди. Суҳбатимизни бугунги ўқувчи ва китоб ўқиш маданияти тўғрисидаги долзарб мавзуга бағишласак. Сизнингча, китоб ўқишнинг киши маънавий юксалишидаги ҳиссаси нечоғлик?
  — Дидронинг дегани оддий гап. Бу гапни айтиш учун француз ҳам, мутафаккир ҳам бўлиш шартмас. Дидрони ерга урмоқчимасман, лекин биздабу гапни ёш бола ҳам билади: “Китоб ўқимасанг калланг ишламайди!” деб қайси бола уйида ё мактабда эшитмаган? Фақат,биз бугун оддий гапни ҳам биронта машҳур ғарблик оғзидан эшитсак ҳайратланадиган ва ибрат қилиб кўрсатадиган бўлиб қолганмиз.
  Аммо бу гапни биринчи ким айтган бўлса ҳам, чиндан тўғри айтган: китоб ўқилмай қолган ерда фикрлаш тўхтайди; китобсиз, илмсиз ўсиш бўлмайди!
  Масаланинг бошқа томони ҳам бор: одам боласи ҳар хил бўлганидек, китоб ҳам турфа. Инсон зотини тузадиган ҳам, бузадиган ҳам китоб. Демак, асосий гап чиндан маънавият юксалишига сабаб бўладиган китобни топиб ўқишдадир.
 Маънавият тушунчасини эса ҳар ким ҳар хил англайди. Масалан, мен бир акамизни биламан, китоб жинниси дейсиз. Ўқиган китобларининг кўплигини, хилма-хиллигини кўриб мен ўзимни адабиётчи дейишга хижолат тортиб қоламан. Лекин юрагимни ҳовучимга қўйиб айтаман: мен у одамни жуда унақа маънавиятли дея олмайман.Қачон қарасангиз, оғзидан боди кириб шоди чиқади, гапларида маъни ҳам, маза-матра ҳам йўқ, шилта латифалар гапириб ҳиринглагани-ҳиринглаган. Яхши китобларни кўп ўқиса-ю, ахлоқи бузуқ бўлса, у одамни жуда унақа маънавиятли деб бўлмайди. Демак, китоб ҳам юққанга, юқтирганга юқаркан.Китобни орқасидан қувиб юриб ўқиш, балодай тушунишнинг ўзи кишини маънавиятли қилиб қўймас экан.
  Энди мисолни каттароқ доирадан олсак, ҳозир дунёда бутун бошли мамлакатлар, шаҳарлар бошига ўлим бўмбаларини ёғдираётганларни, улар ҳар қанча кўп китоб ўқиган бўлсалар ҳам, маънавияти бой деб бўладими?! Аёллар, болалар, чол-кампирлар қирғинига зиғирча ачинмаётган, жасадларини кўриб ҳам бир туки қилт этмаётган урушсеварларни қайси тил маънавиятли дейди?! Ҳолбуки, улар сиз билан мен ўқимаган китобларни ҳам ўқиган, ўзларини ўта маданиятли санайди, шафқатсизларча қириб ташлаётган одамларини одам ўрнида кўрмайди. Умуман олганда, шафқатсизлик билан маънавият тушунчаси бошқа-бошқадир, ўт билан сув, бири иккинчисини инкор этади.
  Албатта, бу мисоллар китобнинг аҳамиятини мисқолча ҳам туширмайди. Чунки ўқиган сари фикри, онги тиниқлашаётган, одоб-ахлоқи ҳам ўзгараётган кишилар кўп. Мен фақат масаланинг мураккаблигига диққатни тортдим, холос.
  Тўғри-да, умрида сиз айтган Дидронинг отини ҳам эшитмаган бир ўзбек оиласи не-не буюкларимиздан оқиб келаётган мингйиллик тарбия шарофати билан юксак маънавиятли бўлавериши мумкин.Одоб-ахлоқли, ота-онани қадрловчи, қариндошларга мурувватли, қўни-қўшни ҳолидан хабар олиб турадиган, болаларини ҳам жуда маънавиятли этиб тарбиялаётган яхши инсонларни биламиз. Улар бояги акамиз ёки тинч аҳоли устига ўлим уруғини сочаётган сиёсатчилар ўқиган китобнинг балки ўндан бирини ҳам ўқимагандир, аммо ич дунёлари бой, гўзал.
  — Энг биринчи ўқиган китобингизни эслай оласизми? Ёки болалигингизда илк ўқиган китоблар ичида қай бири сизда катта таассурот қолдирган?
 — Табиий, биринчи ўқиган китобим ҳозир эсимда йўқ. Эслаб қолганларимни айтадиган бўлсам, уларни анча кейинлар ‒ бешинчи, олтинчи ё еттинчи синфдалик пайтларим ўқиганман. Уйимизда эски лотин ёзувида Алишер Навоийнинг “Хазойинул Маоний”си, “Хамса”си, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и бўларди. Мен уларни узоқ вақт немисча китоблар деб ўйлардим. Раҳматли Дадам: “Ҳарфи немисчага ўхшайди, ўзи ўзбекча ёзилган”, деганларидан кейин таталаб-таталаб ўқий бошлаганман. 5-синфдан мактабда немис тили ўқий бошлаганимиз учун ҳарфларни деярли таниб олган эдим-да. Битта-иккитаси ўхшамай қолса, ўзбекчасини дадамдан сўраб билиб олардим.Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими” (ўша пайтлари “Ленин учқуни” газетида кетма-кет сонларда босилган эди)асарларини ўқимаган бола йўқ эди бизнинг давримизда.Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча”, Йўлдош Сулаймоннинг “Субҳидам” рўманларини ҳам тахминан ўша пайтлари жуда қизиқиб ўқиганларим эсимда. Сўнгра Рашод Нури Гултекиннинг “Чолиқуши”, Мушфиқ Козимийнинг “Қўрқинчли Теҳрон” асарларидан ҳам катта таассуротлар олганман.Булардан ташқари яна саккиз жилдлик “Минг бир кеча” араб эртакларини ҳам шимиб ўқиганман.
  Орада қаердан қўлимга тушиб қолганини билмайман, пионерлик паллаларим бир булғор ёзувчисининг “Артомоновлар иши” деган китобини ҳам ўқиб чиқиб, узоқ вақтгача мактабда синфдошларимга оз-оздан айтиб бериб юрганман. Ўзбек ё ўрис тили дарсларида мисолни кўпинча шу китобдан келтирардим. Мақтаниш учун албатта. Синфдошларим ҳайрат кўзлари билан боқишса, ўзимни етти қават осмонда ҳис этардим. Ўқитувчимизнинг ҳамора-орада олқишлаб қўйиши менга ёқарди. Яъни, у китоблардан қолдирган таассуротлар ҳам болаларча бўларди. Қолгани ҳозир аниқ эсимда йўқ, айтсам, ёлғон аралашиши мумкин.
  — Менинг одатим ‒биронта китобни қўлимга олсам, то уни тугатмагунимча бошқасини ўқимай тураман. Ёқмаган тақдирда ҳам охиригача сабр-тоқат билан ўқиб чиқаман. Менга ёқмаган китобнинг мутолаасини чалалигича қолдирсам, гўё у исроф бўлаётгандек туйилади. Аммо кўнглимдан чуқур жой олган, завқ-шавқ уйғотган, маънавий лаззат бағишлаган асарни такрор-такрор ўқийман ва у ҳар гал ўзгача кайфият бағишлайди.
  Сизда бу ҳол қандай кечади? Умуман бугун қайси асарларни ўқияпсиз ва улар қай томонлари билан сизни ўзига тортяпти?
  — Табиий, бир китоб ўқиб турилганида орага бошқа китоб сиғмайди. Бу қоида бадиий асарларга тегишли. Илмий адабиёт ўқисангиз, агар тадқиқот учун бўлмаса, орада бошқа китобларни ўқисангиз ҳам бўлаверади. Қуръони карим ёки ҳадис китоблари бу қоидадан мустасно. Чунки улар бир ўқишда тугатиладиган китоблар эмас. Керакли ерини ўқийсиз, сўнг бошқа ишларингизни қилаверасиз, лозим бўлиб қолганида яна керакли ерини очиб ўқиб оласиз.
  Кейинги замонлар менда кўпроқ диний адабиёт завқ-шавқ уйғотади. Айниқса, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳаётларидан ҳикоя қилувчи сийрат китобларини ўқиб тўймайман. Саҳобалар ҳаёти ҳам менга чексиз маънавий лаззатлар беради. Умуман олганда эса, тан олишим керак, мақтангудек даражада кўп ўқийдиганлардан эмасман.
  Болалагимдан бирга ўйнаб-бирга ўсган Олимжон исмли жонажон бир ўртоғим (Оллоҳ раҳмат қилсин) бўларди. Кўча эшикларимиз бир-бирига қараган қўшни эдик. Кўпинча бизнинг ташқи ҳовлимизда, юз йиллик тут дарахти тагида ўйнардик. Буни бошқа бир ерда ҳам ёздим, яна қайтараман: шу ўртоғим китоб ўқишда мендан анча илғор эди. Мен битта китоб ўқиб битиргунимча у уч-тўрт китобни ўқиб ташларди. Ошириб айтмаяпман, чиндан шундай бўларди. Ўқиганларимизни бир-биримизга завқ-шавқ билан айтиб берардик. Айниқса Олимжон ипидан-игнасигача гапириб берса, у китобни мен ҳам ўқигандай бўлар эдим.
  Ўшандан бери аҳвол менинг фойдамга ўзгармади ‒ кўп китоб ўқишда раҳматли ўртоғимдан орқада бўлганимдек, ҳамон бошқалардан орқадаман. Ё менга шундай туюладими…
  Ўзим унча-мунча насрда ижод қилсам-да, ёш ўтгани сайин нимагадир шеърий китобларни кўпроқ ва маза қилиброқ ўқияпман. Бурноғи йили буюк шоиримиз Рауф Парфи “Сайланма”сининг бир неча нашри босилди. Қайта-қайта ўқидим. Чўлпон Эргаш, Шавкат Раҳмон, Аъзам Ўктам каби руҳлари менга яқин шоирларнинг китобларини нашрга тайёрлаш баҳонасида ўқиган бўлсам, босилиб чиққач энди бир ўқувчи ўлароқ ўқияпман. Хуллас, нуқул шеър. Охирги марта тўлиқ ўқиб чиққан китобим халқимизнинг улкан шоири Сулаймон Раҳмоннинг шу кунларда босмадан чиққан “Сайланма”си бўлди. Қўлёзмада ўқидим, лекин роса маза қилдим! Кўнглим тўлди. Унга бир Сўзбоши ҳам битдим. Балки бу савол-жавобимиз эълон бўлгунича у китоб ҳам савдога чиқар. Ажабмас.Газетингиз ўқувчиларига ҳам бу китоб чиқса топиб ўқишни тавсия этаман. Умуман, шеъриятни, адабиётни севадиган ҳар бир инсон ўқиса ютқазмайди. Эътиқоди бутун, турли сиёсий тузумларда ҳам ўз ҳаётий ва ижодий тутимига содиқ қолган бир ижодкорнинг чиройли умр сарҳисоби деса бўлади у “Сайланма”ни.
  — Сизнингча, бадиий асарнинг қимматини нима белгилайди? Бадиий асар қайси хусусиятлари билан мангуликка дахлдор?
  — Тил, ғоя, эътиқод, самимият.
  Буларни олдга чиқарганим бундан бошқа хусусиятлар аҳамиятсизроқ деганим эмас. Кўпроқ шу хусусиятлари асар умрини узайтиради.
 1. Бирон-бир ҳаётий воқеани қизиқарли қилиб гапириб бера оладиганлар орамизда кўп, лекин ҳамма ҳам уни ўқувчи юрагини ва тасаввурини алғов-далғов этиб юборадиган даражада маҳорат билан ёза олмайди. Ёзувчининг биринчи қуроли – тил. Асар тили камбағал бўлса, воқеа зўрлиги, ғоя кучлилигининг ўзи ўқувчини ром қилмайди; яхши тилда ёзилмас экан, ёзувчининг бутун ҳаракати чиппакка чиқади. Чунки ўқувчи кучли ғоянинг ўзига эмас, у ғоя қандай тилда етказилаётганига кўпроқ диққат қаратади, асосан асар тилидан завқланади. Юракка тўхтовсиз бориб тегадигани ҳам тилдир.
  2. Энди, асар тили яхши бўлса-ю, ғояси теран бўлмаса ёки халқ руҳига терс ғоя бўлса, унда ҳам чатоқ. Ёзувчининг илми, фаросати ва маҳорати теранлигига, дарди халқ дарди билан нечоғли бирлигига қараб асар ғояси ё кучли, ё кучсиз бўлади. Демак, кучли ғоя зўр тил билан ёзилсагина асар яхши чиқади.
  3. Бадиий асар қимматини белгилайдиган унсурлар қаторига нимага эътиқодни ҳам киритдим? Ўзи билмаган, ўзи ишонмаган нарсани ўқувчига етказмоқчи бўлган ёзувчи ё ўзи аҳмоқ, ё бошқаларни аҳмоқ деб ўйлайди: нима десам қизиқиб-ишониб кетаверади деб ҳисоблайди. Асар ғояси ёзувчи эътиқодига уйғун бўлмаса ёки эътиқод даражасига етмаган бўлса, унда чиройли безатилган совуқ уйдан фарқи қолмайди.
  4. Ниҳоят самимиятга келдик. Бу жуда муҳим масала. Самимият ‒ юракда бори борича юзага чиқишидир. Юраги тоза ижодкор, маҳорат ҳам бор бўлиш шарти-ла, юракларга етиб борадиган, юракларда узоқ яшайдиган нарсалар ёзади! Самимият ‒ муаллиф юраги билан асари юраги бир хил тепишидир. Қалами эзгу нарсаларни ёзса-да, ўзи қабиҳ бўлса, асари буюк туюлса-ю, ижодкор шахси тубан бўлса, асари узоқ умр сурмайди. Ҳарҳолда, менга шундай туюлади.
  Айримлар ижодкорнинг шахсига қарамаслик керак, асари кучли бўлса бўлди-да, дейди. Мен бундай қила олмайман. Чунки минг йиллардан бери севиб ўқиб келаётганимиз асарларни ёзганлар ўзи билан сўзи бир кишилардир! Умуман, бизнинг мусулмон халқларимиз қадрлаб келадиган шахсларга боқинг! Бошда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобаи киромлар (ҳаммаларидан Оллоҳ рози бўлсин) ўлароқ биз қадрлайдиган барча шахсиятлар, бошда Алишер Навоий (Оллоҳ у зотни раҳматига олсин) ўлароқ барча буюк адибларимиз қай бири сўзи бошқаю ўзи бошқа бўлган?! Асло! Уларни кейинги авлодлар юрак тўрида қадрлаб келаётгани сабабларидан энг асосийси ўзлари ҳам сўзларидек гўзал бўлганларидир.Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг самимиятига боқинг! У ўзидаги камчиликларни ҳам аямай-яширмай очиб беравергани бир самимият бўлса, уни буюк қадриятга айлантирган иккинчи самимият тавбасидир! Тавбаси ўртадаги бузуқликларини ювиб кетган.
  Масалан, ўзи шафқатсиз кимсанинг меҳр ҳақидаги ёзувларига мен ишонмайман, алдамчининг тўғрисўзлик борасидаги насиҳатларини юрагим қабул қилмайди, вафосизнинг вафо ҳақидаги лофларини сира ҳазм эта олмайман. Умри қинғирлик ва бузуқлик билан ўтаётган кимсанинг асарини, улар эл орасида ҳар қанча ёйғин бўлмасин, севиб ўқиёлмайман. Ўқисам ҳам, ҳар сатри орқасидан лоп этиб бузуқ шахси чиқиб қолаверганидан “чиройли ёзувлари” юрагимдан жой олмайди. Бу гапим ҳамма соҳа одамига тегишли. Масалан, дейлик, бир ашулачи жуда маҳоратли, эл орасида машҳур, лекин ўзи ахлоқан бузуқ… мен унинг ашуласини, гарчи у юз карра маҳорат билан куйласа-да, юракдан инкор этаман. Талаб қаттиқ туюлмасин ва Оллоҳ ўзимизни ҳам адаштирмасин, лекин менинг оламимда сўзи билан иши бир киши (ижодкор)лар қадрланади, шунақа одамларни ижодда самимий деб биламан.
  Хуллас, сўзи билан ўзи бир ижодкорларни ҳар қанча қадрласак арзийди, чунки улар ижодда бўлганидек, ҳаётда ҳам самимий бўлади.
  Тўғри, ҳар ким сингари ижодкор феъли-ҳўйи ҳам ҳар хил,шахсида майда-чуйда камчиликлар бўлиши мумкин ‒ булар бошқа масала Мен бу ерда сўзига ўзининг тўғри келмаслиги ‒ ахлоқан бузуқлиги, ҳақиқатга сотқинлиги, ҳаётда қинғирлиги, халқ дардидан йироқлиги, манфаатпараст ва такаббурлиги очиқ бўлган кимсалар ҳақида гапиряпман.
  — Нуруллоҳ ака, “Шарқ юлдузи” журналининг шу йилги 3-сонида ойнома саволларига берган жавобларингизни ўқидим. Суҳбатдан жаҳон адабиётига унча рағбатингиз кучли эмаслигини англадим. Чунончи, Европа насрининг уч наҳанги қаторидан ўрин олган, жаҳон адабиётшунослигида ҳам ижоди юксак мақом ва нуфузга эга Кафка, Жейм Жойс асарларини ўқишга хоҳишингиз йўқлигини, бунга мазкур ижодкорлар шахсиятидаги айрим иллатлар сабаб эканини таъкидлагансиз. Адабий мерос ўрганилаётганида ижодкорнинг шахсияти ҳам муҳим аҳамият касб этадими?
  — У суҳбатимдан “Жаҳон адабиётига унча рағбатим кучли эмас”деган маъно чиқиб қолибдими? Унақа демоқчи бўлмаганман лекин. Чунки “жаҳон адабиёти” деганда мен улкан макон адабиётини тушунаман ва “жаҳон” деган ҳудудга, билишимча, Ўзбекистон ҳам киради! Қозоқ, қирғиз, тожик, ўрис, украин, хитой, гуржи, япон, лотин амрикаси, турк, араб адабиётлари ҳам киради! Бу маънода жаҳон адабиётига рағбатим кучли бўлмаслиги мумкин эмас. Чунки бу халқлар адабиётидан кўзга кўринганларини имконим қадар ўқиганман, таъсирланганман. Фақат, мен кейинги замонларда “жаҳон адабиёти” деганда фақат ғарб адабиёти тушуниб қолинганидан ажабланаман, холос. Наслга фақат ғарб адабиёти намуна ўлароқ кўрсатилаётгани адолатсизлик бўлиб туюлади менга. Фикрда, туйғуда фақат ғарбга эргашишга тарғиб хавотирлантиради мени. Қадриятлар ўзгарибди, мўлжаллар алмашибди.
  Бугун университет домлалари талабаларга намуна ўлароқ кўпинча ва фақат ғарб адабиётидан мисоллар келтиради, талабалар оғзида ғам уч-тўрт ғарб адибининг номи вирди забондир! Замонавийлик деса ҳам ўшалар, шаклда янгилик деса ҳам ўшалар. Кийим-кечак ва иморатлар шаклида урфлар ўша ёқлардан келаётганидек адабиётда, фикрда ҳам урф ёядиган уядай қабул қилиб қолиндиғарб. Натижа нима бўлди? Фаридуддин Аттор ёки Алишер Навоий қўллаган рамзларга, ишлатган усул ва услубларга унча парво қилмаганимиз ҳолда, худди шу рамз ва усул, дейлик, “Алкимёгар”га ўхшаган асарларда келса,ҳайратланиб кетадиган бўлиб қолдик. Ўзимизга боқсак ҳам, ғарбнинг кўзибилангина боқадиган ҳолга келдик. Асли турганидасоясининг соясидан завқланишларимизақлданми?Бир юз йигирма беш йиллик ўрис-совет мустамлакаси таъсирида айримларимизнинг юраги тескарига ўзгариб қолгани, ўзи ўзгаргани етмай, келгуси авлодни ҳам тескари тарбиялаётганиўйлантиради мени. Ўзимизникидан кучли томонга ўзгарса ҳам майли эди.
  Тўғри тушунаётган бўлсангиз, мен ғарб адабиётини улгуржи инкор этаётганим йўқ, “Алкимёгар” асарининг қимматини ҳам биламан, мен фақат бутун тарғибот-ташвиқот мошинасикелгуси наслларга ўзимизнинг руҳимиз қолиб бегона руҳларни тиқиштираётганини тўғри деб билмайман. Кўзларимиз ҳикмат ва ибрат ахтариб фақат ғарбга қараб қолаётгани, ғарбдан бошқани кўрмаётгани ачинарлидир ва бу нарса дунёқарашларимиз бирёқлама бўлиб қолганини кўрсатади.
  Бир ҳақиқат бор, унга қандай қарасангиз қарайверинг: ҳикмат шарқдадир. Ғарб шакл кетидан тушган, мусулмон шарқи моҳият ва ҳикматга қарайди. Ғарб кўпроқ шаклдан завқ олади, шарқ ҳикматдан завқланади. Шунинг учун “Гўзаллар танлови” ғарбдан чиқди! Бунақа маънисиз танловлар ўзига қолса мусулмон шарқининг хаёлига ҳам келмас эди. Чунки гўзаллик деганда ғарб ташқи чирой ва қомат бичимини тушунди. Бошқача айтганда, гўзалликни ғарб тарозига қўйди, метрга солди, ташқи чирой ва қомат бичимига биринчилик берди. Мусулмон шарқи одоб-ахлоқни, хуш муомалани бирламчи дейди.
  “Жаҳон адабиёти” деганда тасаввурларимиз торайиб кетганига янги бир мисол айтай. Икки ярим йилча бурун бир турк ёзувчисининг икки ҳикоясини таржима қилдим. Жуда кучли ҳикоялар эмасдир балки, лекин бирида Алишер Навоийга эҳтиром, иккинчисида юртимизга муҳаббат туйғулари борлиги учун ҳам таржима қилган эдим. “Жаҳон адабиёти” журналига юбордим. Анча кутдим, босилавермади. Бир куни журнал муҳарририни Дўрмонда кўриб қолиб натижасини сўрасам, нима деди, биласизми? “Шу… таржимага турк адабиётидан бошқа топилмадими?” деди. “Турк адабиёти жаҳон адабиётига кирмайдими? Қачондан буён Туркия жаҳон ҳудудидан чиқариб ташланди?” дедим ажабланиб. “Асар (ё таржима)бўш экан” деса ҳам хафа бўлмас эдим. Кўряпсизми, жаҳон адабиётини бирёқлама тасаввур этиш оқибатида биз қаёқларга келиб қолдик!
  Энди Франс Кафка ё Жеймс Жойс масаласига келсак,сиз эслатган у суҳбатда Франс Кафка болалигида дастурхон теварагида қилган бир одобсизлиги учун отасидан еган шапалоқни бир умр унутмагани ва отасиниқаттиқ ёмон кўриб қолгани ҳақидаги хотирасини эслаганман ва арзимас бир танбеҳ учун отани бир умр ёмон кўриб қолган юракдан чиқадиган “туйғулар”бир мусулмон, бир ўзбек ўқувчисига нима бера оларди деб масала қўйганман. Руҳи менинг руҳимга ўтирмайди деган маънода гапирганман. Ёзувчилик маҳоратию асарларининг бошқа қиймати ҳақида индамаганман. Жеймс Жойсэса… унинг фикрлаш тарзию баён услуби ҳам, руҳи ҳам нимагадир менга оғир келганини айтганман, холос.Ўзим ҳам тушунмайман негалигини. Балки ўз тилида “Улисс” жуда жозибали ёзилгандир, таржимада у нарса йўқолган чиқар. Мен ирланд тилини билмайман, табиий, мулоҳазам унинг ўрисча таржимаси устидадир.
  Адабий мерос ўрганилаётганида ҳам, унга баҳо берилаётганида ҳам ижодкор шахсияти мен учун аҳамиятлидир. Бу ҳақда олдинги саволга жавобимдаҳам айтдим.
  — Нуруллоҳ ака, адиблар ҳаётига назар солинса, қизиқ ҳолатларга дуч келамиз. “Пикабу” сайтида айрим мумтоз адибларнинг ижод чоғидаги баъзи одатлари эълон қилинган,ўқисангиз ажабланишингизни ҳам, кулишингизни ҳам билмайсиз. Масалан, Жорж Санд ҳар кунифақат соат 11:00 гача ёзган экан,бордию ёзиб турган асарига 10:30да нуқта қўйса, янги асарини бошлаб яна ярим соат давом эттириб қўйган экан; Эрнест Хемингуэй эса 500 сўздан битта сўз кам ҳам, кўп ҳам ёзмаган экан; Шиллер ёзаётганида столида албатта битта ириган олма қўйган; Эдгар По ёзув столидаги оппоқ қоғозларга то илҳом келмагунича соатлаб тикилиб тураверган. Бу мисоллардан ҳар бир ижодкорнинг ёзиш жараёниўзига хос кечади, ҳолат ва руҳияти ҳамбетакрордир.
  Ижод жараёни сизда қандай кечади? Сизга илҳом берадиган манбалар ва асар ёзишингизда кечган қизиқарли воқеалар ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
  — Шунақа маълумотларни тўплайдиган тадқиқотчилар ўзбек адибларимиз ижодхоналарига ҳам бош суқиб кўрса, ўзимизда ҳам жуда қизиқарли ҳолатларни топарди. Масалан, Шукур Холмирзаев ижод курсисига ўтирмасидан олдин ювиниб-тараниб, худди ишга бораётгандай кийиниб, бўйинбоғини боғлаб, кейин қўлига қалам олган. Ўзига хосми? Ўзигагина хос!
  Жўрж Сандга келсак, уни кўп ҳам жиддий ёзувчилар қаторига қўймаган маъқул. Айтишларича. потирлатиб рўман ёзиб ташлайвергани ва олди-қочди адабиётни “юксак чўққи”га чиқаргани билан ном қолдирган! Сўз қадрини биладиган адиб, айтиш мумкин бўлса, унинг ҳамма асарини Эрнест Хемингуэйнинг битта “Алвидо қурол”ига ёки “Чол ва денгиз”ига олмайди! Лекин иш услуби, меҳнаткашлигига қойил қолмасдан иложимиз йўқ.
  Масалан, мен Лев Толстойни кўпроқ яхши кўраман. У ҳам кўп ишлаган, кўп ёзган, асар битганидан кейин ҳам устида тинимсиз меҳнат қилган. Ва ўзидан буюк асарлар қолдирган!Менга унинг: “Ёзувчи ҳар куни ёзиши керак, ҳеч нарса ёза олмаган куни, ҳеч бўлмаса, бугун ҳеч нарса ёза олмадим, деб ёзиб қўйсин!” деган гапи жуда ёқади.Ўзимбу йўриққа сира амал қила олмадим, аммо чинакам ёзувчи ҳақиқатда ҳар куни ёзиши керак деб ўйлайман. Одил Ёқубовни ўлимидан олти ойча олдин йўқлаб борганимда кексалиги ва касаллигига қарамай катта асар ёзаётганини кўриб ҳавас қилганман. Ўткир Ҳошимов оғир бетобликдан товуши чиқмай қолган чоғида ҳам Ўлмасхон кеннойига шивирлаб, иккалалари Ўткир аканинг охирги китобларини нашрга тайёрлаганларини кўриб, ўзимнинг ялқовлигимдан уялиблар кетганман. Тоҳир Малик ҳар қандай ҳолатда ёзиши билан одамнинг ҳавасини келтиради! Бу каби ишлар ижод аҳлига ибрат.
  Лекин, афсус, ўзим бундай қила олмайман. Одатда ижод аҳлининг асосий ишидан ташқари бошқа бирон юмушга ишқивозчилиги (хоббиси) бўлади, менда шу нарса тескариси ‒ мен худди асосий иши бошқа-ю, онда-сонда ёзувчилик билан шуғулланиб турадиган одамга ўхшайман. Ҳавасакига. Масалан, ерни, деҳқончиликни жуда яхши кўраман, таҳрир ҳам асосий ишим гўё. Шулар орасида илҳом келиб қолса ишқивозчиликка у-бу нарса қоралаб қўяман…
  Шундай экан, “ижодда ўзимга хос томоним” дейишга-да одамхижолат бўлади. Балки шунинг ўзи менинг ўзимга хос томонимдир. Ундай бўлса, афсус, “ўзимга хос томоним”га ҳавас қилиб бўлмайди. Уч-тўрт йилда бир ҳосил берадиган дарахтга ким ҳавас қиларди, ахир!
  Кўнгилга келган нарсани ёзишга ўтиришим жуда қийин, аммо кутилмаганда битта жумла келади, эсимдан чиқмасидан ўшани қоғозга ёзиб қўяй деб ўтирсам, ўша асар охиригача битмагунича турмайман. Масалан, талабалик пайтим давлат имтиҳонига тайёргарлик кўриш учун Алишер Навоий номидаги кутубхонага бораётибЎрдада йўлни кесиб ўтарканман, биржумла оҳанги билан келди. Тилимда такрорлаб бордим-да, кутубхонага кирибоқ,эсдан чиқмасин деб энг олдин ўша жумлани дафтаримга ёздим ва… ке-е-тди! Кутубхона ёпилаётганида қувиб солмагунларича ўрнимдан турмабман. “Ютуқ” деган ҳикоямшу тариқа битилган.
  Қайтишимда ўзимча осмондаман! Ўрда йўлининг ўртасига тушиб олибман. Қаршимдан келган трамвайниҳам кўрмай қолибман. Босиб чалган жиринглоғидан ҳушимга келдим ва ундан қочаман деб мошина йўлга чиқиб кетдим.Орқамдан «Жигули»келяпти экан, ёнбошкўзгуси қўлимга тарсиллаб урилиб, ерга синиб тушди. Ҳайдовчименга бир нарса бўлди деб ўйладими, қўрққаниданучиб кетган кўзгусига ҳам парво қилмай сурворди. Хайрият, шу битта қазо билан қутулдим. Лекин узоқ вақт қўлим оғриб юрди.
  Демоқчиманки, ёзишдагиўша одатим ҳалигача давом этиб келяпти. То бир жумла ўз оҳанги билан келмаса, ўзимни зўрламайман. Хўп, ана, асар ёзилди ҳам дейлик.Ишнинг энг оғири шундан кейин бошланади: ёзилган нарсани ҳаддан ташқари кўп ва узоқ ишлайман. Юз марталаб қайта ёзганларим эсимда. Икки ярим бетлик “Этакдаги кулба” ҳикоямни нақ икки ярим йил ёзганман десам, ишонаверинг! Кимга керак бунақа ёзувчилик?! Бу оғир усул. Ҳам тўғри эмас деб биламан. Ёзувчи, Толстой демоқчи, ҳар куни ёзиши, ҳар куни ёзишга ўзини кўниктириши лозим. Бир нарсани битирганидан кейин устидан бир-икки кўриб бошқасини бошлайвериши керак.
  — Китобхонларга тавсияларингиз, ўгитларингиз, тилакларингиз…
  — Ўзимнинг йўлимни бошқаларга тавсия этмайман. Мендан ўрнак олмаган яхши. Чунки бу жуда қийин. Ўзимга оғир келган усулни бошқага раво кўрмайман. Ҳали ўқувчилик пайтимдан сўзга талабчан Абдулла Қаҳҳорни яхши кўрдим, кейинчалик ўзимга ғойибонаустоз деб танладим. Шунданми, агар Абдулла Қаҳҳор бир ҳикоясини эллик мартагача қайта кўрган бўлса, чинакам ёзувчи шунақа бўлиши керак экан деб мен юз мартагача қайта ёздим. Ва бу нарса бориб-бориб “касаллик”ка айланди. Таҳрирларимнинг сони бор саноғи йўқ.
  Албатта, ҳамма ҳам ёзувчи ё шоир бўла олмайди, лекин ҳамма китоб ўқийдиган бўлиши шарт!Ота-боболаримиз уқтириб келганларидек, китоб ўқимай қўйсак, каллаларимиз ишламайдиган бўлиб қолади. Бугун тўй ё маъракани дабдабали қилишда эмас,китоб ўқишда, илм олишда кимўзаргапойга қилайлик. “Гўзаллар танлови”ни ўтказмайлик,“Китобхонлар кўриклари”ни ташкиллаштирайлик! Биров бировни ҳеч нарсага мажбурлай олмайди, лекин бошлиқ қўл остидагиларни, ота-она болаларини, имом қавмини китоб ўқишга мажбурласа бўлади! Бунда ҳеч ким ютқазмайди. Ҳамма ютади.
Манба: Бекажон газети, 2016 йил 14 январ сони
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон сайтидан олинди
"1" Comment
  1. Bor ekanu , mana shunday – insonlarimiz orzu etganday yoza oladigan yozubchilarimiz , – alhamdulilloh .

Leave a Reply
*