Menu
Categories
Академик Рустам Абдуллаев – журналист Исмат Хушевни “дуэл”га чорлайди…
02/20/2016 Демократия сабоқлари

академик Абдуллаев
Академик Рустамжон Абдуллаев – журналист Исмат Хушевни “дуэл”га чорлайди…
(Исмат Хушев дуэлга чиқсамми ё чиқмасамми деб ўйланиб қолди. Ким – ҳақ, ким – ноҳақ?)
Ўзбекистонда шакар ва жамоат транспорти хизматининг нархлари нима сабабдан ошди?
Главное
Охирги пайтларда чет эл ва Ўзбекистон матбуот органларида шакар, “ижтимоий нон” ва жамоат транспортининг нархи ошганлиги тўғрисида ҳар–хил мазмундаги мақолалар эълон қилинмоқда. Шулар ичида “Дунё ўзбеклари” ҳусусий интернет газетасининг бош муҳаррири, Канадада муҳожирликда яшовчи, иқтисод фанлари номзоди Исмат Хушевнинг 2014 йил 27 майда эълон қилинган “Тошкент бозорларида – шакар жанги” ва 29 июнда эълон қилинган “Беш тийинлик Метро – бир миллион бўлди”, деган сарловҳалар остидаги мақолалари менинг этиборимни ўзига тортди.
Ишончим комил Исмат Хушев ўзининг бу мақолаларини Ўзбекистонда бўлаётган воқиеаларга ва халқимиз олдида пайдо бўлаётган муаммоларга бефарқ эмаслиги учун ёзган…
Бироқ у ўзининг “Беш тийинлик Метро – бир миллион бўлди” деган мақоласида, Ўзбекистон мустақилликка эришгач биз, мамлакатимизда нафақат иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳатлар ўтказяпмиз, балки узоқ муддат давом этадиган, томоман янги – замонавий ўзбек давлати ва унинг иқтисодиётини ҳам янгитдан қураётганлигимизни. 2008 йили бошланган жаҳон молиявий–иқтисодий инқирози ҳали ҳамон давом этиб, Ғарбий Европадаги ривожланган мамлакатларни ҳам тинкасини қуритаётган, ундаги Грецияга ўхшаш бази бир давлатларни ҳаттоки “жар” ёқасига олиб бориб қўйганлигини.  Лекин шундай мураккаб даврда яшаётганимизга қарамай Ўзбекистон илдам қадамлар билан ривожланиш йўлига ўтиб олганлигини. Бироқ бу йўлда ҳали олдимизда ўз ечимини кутиб турган кўплаб мураккаб муаммолар мавжудлигини билмайдиган ва иқтисодий масалаларни мутлақо тушинмайдиган ҳамда иқтисодиёт соҳасида мутаҳассис бўлмаган оддий бир муштарийдек:
а) “қизил империя” давридаги “3 тийинлик трамвай, 4 тийинлик троллейбус ва 5 тийинлик автобус ҳам бугун миллиончилар сафига қўшилди”;
б). “1000 сўмлик ўзбек банкнотининг ҳақиқиқй қиймати бугун трамвайга чаққанда – 2 (изоҳ: муаллиф бу ерда 3 тийин демоқчи бўлган) тийин, метрога чаққанда – 5 тийинга айланиб қолди…”;
в) “қизил империядан 16 тийинлик нарх билан қабул қилинган ва ниҳоят йилда вазнидан уриб қолавериб, бугунги кунда стандартдаги 600 грамм ўрнига 400-450 граммга тушиб қолган буханка нон (сифатини айтмай  қўяверинг) нархини майдалаб ўтирмай бу йил 700 сўмга кўтариши реал ҳақиқатга айланиб турибди”, деган фикирларни ва
г) “Демак ўзбекнинг минг сўмлик пулининг қадри – бугун 3 тийинга айланди”, деган ўз ҳулосасини олға сурибди.
Шунинг учун ҳам:
Иқтисод фанлари номзоди Исмат Хушевнинг бу фикирлари ва шу асосида чиқарилган унинг ҳулосаси тўғрисида нима дейиш мумкин?
– деган савол туғиладики, унга жавоб бермасликнинг сира ҳам иложи йўқ.
Биринчидан, бу саволга жавоб бериш учун шахар жамоат транспортидан бир марта фойдаланилганда бериладиган чипта ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар (метро жетони) ва бир буханка ноннинг баҳоси ёки нархи бошқа мамлакатларда қанча туришини жаҳон матбуотида эълон қилинган маълумотлар орқали тахлил қилсак, қуйидагиларни билиб олишимиз мумкин.
Норвегиянинг пойтахти Ослода трамвай, троллейбус, автобус ва метро каби жамоат транспортидан бир марта фойдаланиш 4,34 дан 6,68 АҚШ долларгача, бу эса Ўзбекистондаги 2014 йил 24 июн холатига белгиланган расмий валюта курси бўйича ҳисоблаганда 10035,4 дан 15446,2 сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади. Даниянинг пойтатахти Копенгагенда эса у ўртача 4,2 долларни (9711,66 сўмни) ташкил этади.
Бизинг тахлилимиздаги кейинги ўринларни жамоат транспорти чипталарининг ўртача нархи 4,08 долларни (9711,7 сўмни) ташкил этган Цюрих, 3,63 долларни (8393,6 сўмни) ташкил этган Мельбурн, 3,56  долларни (8231,8 сўмни) ташкил этган Амстердам эгалласа, Мюнхенда бундай нархлар 3,29 дан 6,58 долларгача (7607,5 дан 15214,9 сўмгача) фарқлангани ҳолда, Венада – 3,01 долларни (6960,0 сўмни), Исмат Хушев истиқомат қилаётган Канаданинг Торонто шахрида эса – 2,97 долларни (6867,5 сўмни) ташкил этсада, Лондон ахолиси жамаот транспортида кўп марта ишлатадиган Oystercard магнит карталаридан фойдаланганликлари учун, бу шахардаги чипталар нархи 2,9 дан 9,68 долларгача (6705,7 дан 22383,1 сўмгача) фарқланар экан.
Лекин бундай нархлар Барселонада – 1,92 долларни (4439,6 сўмни), Загребда – 1,85 далларни (4277,8 сўмни), Флоренция и Брюггеда – 1,64 далларни (3792,2 сўмни), Ницце ва Дублинда –1,58 долларни (3653,4 сўмни), Добровникда – 1,48 долларни (3422,2 сўмни), Таллинда – 1,39 далларни (3214,1 сўмни) ташкил этсада. Парижда чипталар нархи қийматроқ – 2,33 доллар (5387,7 сўм). Шу билан бир қаторда жуда бой давлатларнинг пойтахларидан бўлмиш Мадрид, Рим ва Монакода жамоат транспортининг чипталари жуда ҳам арзон – ўртача 1,37 доллар (3167,9 сўм) туради ҳолос. РФнинг шимолий пойтахти бўлмиш Санкт-Петербургда эса бундай чипталар нархи 0,61–0,71 доллар (1410,5 – 1641,7 сўм) атрофида. Софияда эса бундай нархлар қимматроқ – 0,8 доллар (1849,8 сўм). Лекин Москвада жамоат транспорти чипталарининг нархи 0,84 доллар (1942,3 сўм.), Таиландда – 0,83 доллар (1919,2 сўм), Краковда – 0,86 даллар (1988,6 сўм).
Лекин Исмат Хушевнинг айтишича Тошкентдаги жамоат транспорти чипталарининг нархи, метро мисолида, 1000 сўмга кўтарилганини эътиборга олиб, уни Ўзбекистон Рспубликаси Марказий  Банкининг юқорида айтилган расмий валюта курси бўйича ҳисобласак, у бор йўғи 0,43 долларни (норасмий курсга кўра эса бор йўғи 0,33 долларни) ташкил этиб, юқорида биз ўрганиб чиққан дунё шахарлари ичида Ўзбекистон пойтахтидаги жамоат транспортининг бундай нархлари энг арзон нархлардан бири эканлигини билиб олишимиз мумкин.
Иккинчидан, биз энди Исмат Хушевнинг нон масаласидаги фикрини таҳлил қилсак ҳам у, бу сохада мавжуд бўлган муаммони ҳам, ҳеч қандай асосга эга бўлмаган сохта маълумот асосида бўрттириб кўрсатиб, ўзини ҳаттоки ўзбеклар қанақанги нон ейишларини ҳам унитиб қўйган одамдек тутибди, десак бу сира ҳам муболаға бўлмайди. Акс ҳолда у биз ўша совет даврларидан то шу кунларга қадар ҳам руссларнинг буханка нонини эмас, балки ўзимизнинг патир, “Самарқанд нони”, “Оби нон”, уйда тандирга ёпиб пишириладиган ва нонвойхонада таёрланадиган ҳар турдаги нонларимизни яхши кўришимизни унитмаган бўлар эди. Агар у ўзи айтаётган советлар даврида нон заводи ёки “Пекарня”ларда пишириладиган ва рус тилида “стандартная 600-граммовая буханка серого формового хлеба из муки первого сорта” ва ҳозирги ахолининг ўзбек миллатига мансуб бўлмаган ва ижтимоий ҳимояга мухтож қатлами учун мўлжалланиб “социальный хлеб”, деб ҳам ном берилган ва нархи хозиргача давлат томонидан белгиланиб, лекин совет хокимияти даврида туб ахоли хайвон боқиш учун тегишли озуқага эга бўлган ер майдонлари кам бўлганлиги сабабли уларни магазинлардан кўплаб миқдорларда сотиб олиб, ўз мол–қўйларини боқишга ҳам ишлатган, нон маҳсулоти тўғрисида сўз юритиётган бўлса, унинг бу  нон маҳсулоти тўғрисидаги фикирлари ҳам нотўғри ёки асоссиз дейишга етарли асос бор. Чунки унинг бу нон тўғрисидаги социализм даврига мос бўлган: “йилда вазнидан уриб қолавериб, бугунги кунда стандартдаги 600 грамм ўрнига 400-450 граммга тушиб қолган буханка нон (сифатини айтмай  қўяверинг)”, деган гаплари ҳеч қандай асосга эга эмас. Чунки бу тўғрида 2007 йилнинг ноябр ойида Фергана.Ру да эълон қилингачЦентрАзия.Ру сайтида “Каракалпакия: Размер буханки хлеба в Нукусе уменьшается на глазах”, деб аталиб, бошқа сайтларда ҳам тарқатилган сафсаталар, ундан олдин тарқатилган шунга ўхшаш асоссиз маълумотлар каби, ўз исботини топмаган.
Ўзбекистонда хозирги даврда иқтисодиётимизнинг ҳусусий секторида ишлаб чиқарилаётган нон махсулотларининг тури рақобат туфайли шунчалик кўпайиб, сифати эса жуда ҳам яхши бўлиб кетганки, бундай ассортиментдаги сифати юқори бўлган нон махсулотлари советлар даврида ҳеч қачон бўлмаган десак, бундай фикир ҳам сира  муболаға бўлмайди. Чунки биз бундай нонларни дўконлардан ёки мини ва супермаркетлардан сотиб олиб, қарайиб ҳар куни истеъмол қиламизки, бундан ўз бахтини излаб Канадага кетиб қолган Исмат Хушевдек муҳожирлар мутлақо ҳабарсиз кўринади…
Учинчидан, энди Исмат Хушев айтган оғирлиги 600 граммга тенг, нарҳи эса хозир 600 сўм бўлган бир буханка [ижтимоий] ноннинг баҳоси устида тўхтайдиган бўлсак, бундай ноннинг, масалан, Россиядаги нархи 18–20 руб. (1237,6 – 1375,1 сўм), Украинадаги нархи – 3,75 гривна ёки 15,4 руб. (1058,8 сўм) ва  Қозоғистондаги нархи – 70 тенге  ёки 14,7 руб. (1010,7 сўм) эканлигини ҳисобга олсак, унинг биздаги нархи ҳам МДҲнинг бу давлатларидаги нархларидан 1,68 – 2,3 мартагача ёки 168 – 230 фоизгача арзон эканлигини билишимиз мукин.
Бундан ташқари СНГ мамлакатларида, жумладан Россия Федерациясида бундай бир буханка ноннинг ҳудудлар бўйича тофовутигина бизни пулимизга айлантирилганда 148 сўмдан ошиқ эканлигини эътиборга олсак, бир буханка шундай ноннинг Ўзбекистонда 2014 йили янгитдан белгиланадиган нархи 16,7 фоизга, яъний 100 сўмга ошиб 600 сўмдан 700 сўмга тенг бўлиб қолиши мумкинлиги тўғрисидаги Исмат Хушевнинг ташвиши ҳам мутлақо ўринсиз ва жиддий аҳамиятга эга эмас эканлигини, билишимиз мумкин.
Тўртинчидан, энди Исмат Хушевнинг: “Демак ўзбекнинг минг сўмлик пулининг қадри – бугун 3 тийинга айланди”, деган ҳулосасига келсак, бу хулоса ҳам, ҳар–хил турдаги инфляция тушунчаларини яхши биладиган эқтисод фанлари номзоди илмий даражасига эга олимнинг илмий ҳулосасига эмас, балки жамоатчилик фикрини ҳукуматга қарши қилиб қўйишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган сафсатабоз ва иқтисодий билимлардан жуда узоқ бўлган муҳолифатчиларнинг ёки Ватанимизга қарши ахборот уруши (информационная война) олиб бориш билан шуғулланаётган чет эллик луттибоз журналистларнинг фикрларидан фарқ қилмайдиган, бир беъмани гапга айланиб қолибди. Чунки иқтисодчи олим ҳеч қачон бундай ахмақона сафсата сотмайди ва бундай ҳолатнинг сабабини ўз муштарийларига бошқа ривожланган ва ривожланиш йўлига ўтган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ва уларни таҳлил қилган холда объектив асосларга таяниб, илмий жиҳатдан тушунтириб беришга ҳаракат қилади.
Мана, масалан, Туркияда XX асир охири ва XXI асир бошида бўлган инфляция натижасида унинг лира деб аталувчи пули жуда қаттиқ қадирсизланиб, Туркия Мараказий Банки инфляцияга қарши кескин курашиб 2005 йилнинг 1 январидан муомилага бу давлатнинг янги пулини киритиб, унинг 1 лирасини эски пулнинг 1.000.000 (бир миллион) лирасига алмаштириш орқали жорий этиши натижасида, бу мамлакатдаги пулининг қадри мустахкамланган эди.
Бироқ мен бу Туркия экономикасини ўрганишим давомида биронта турк иқтисодчи–олими ёки таниқли журналисти иқтисод фанлари номзоди, журналист Исмат Хушевга ўхшаб фикир юритганини ва Туркияда беш лиралик жамоат транспорти чипталарининг нархи – энди бир миллион лира бўлди, деб мутлақо ўринсиз аюҳаннос солганини эшитмаган, кўрмаган ва билмаган эдим.
Мен Исмат Хушев ўз мақоласининг сарловхасини шов–шув кўтариш орқали муштарийлар эътиборини жалб этишни кўзлаб: “Беш тийинлик Метро – бир миллион бўлди!”, деган жарангдор, лекин иқтисодий нуқтаий назардан ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга бўлмаган ном  билан атаган бўлсади, аминманки у хозир нима учун бундай қилганини изоҳлаб беришга ҳам қодир бўлмаса керак, деб ўйлайман.
Энди Исмат Хушевнинг 2014 йил 27 майда ўзининг “Дунё ўзбеклари” деган  ҳусусий газетасида эълон қилган “Тошкент бозорларида – шакар жанги”, деган мақоласи устида тўхтайдиган бўлсак, у ўз муштарийларининг эътиборини:
Ўзбекистонда шакарнинг нархи ошиб кетаётганлиги масаласига қаратмоқчи бўлганлини билишимиз мумкин.
Лекин бу масалада ҳам у, ўзини, юқорида мен уни таърифлаганимдек тутганлиги, мени жуда ҳам ажаблантирди.
Хозир Ўзбекистондаги шакар билан боғлиқ муаммолар нафақат чет эл матбуотида, ҳаттоки махаллий матбуот органларида ҳам кўтарилмоқда. Бироқ бу масала юзасидан эълон қилинаётган мақолаларда шакар танқисчилиги (дефицити) пайдо бўлаётгани ва нима учун унинг нархи кескин кўтарилаётганлигининг асил сабаблари очиб берилмай, масалан, Исмат Хушев ўзининг юқорида номи тилга олинган мақоласида: …пишиқчилик бошланиши билан табиий равишда шакарга эҳтиёж ортди. Демак шакарга истаганча нарх қўйса бўлади. Ўзбек мафияси бундан дарҳол “унумли” фойдаланишга ўтди…”, деган фикирларни билдирибди.
Исмат Хушев ўзининг шундай ҳулосаси билан бундай холат бозор иқтисодиётига бағишланган ҳар қандай дарсликда ҳам ўз аксини топганлигини ва у ўзбек мафияси томонидан эмас, балки мафия бор ёки йўқлигидан қатьий назар, бозор иқтисодиётининг талаб ва таклиф қонунияти (law of supply and demand) билан бошқарилишини; бозор иқтисодиётининг бу қонуниятига кўра, агар бозорда, масалан, истеъмол товарлари етишмай қолса, бозор ўз мувозанатини таъминлаш учун товарларнинг нарҳ–навосини (сиёсий иқтисод фанининг асосчиси бўлган буюк инглиз олими Адам Смит XIX асирда ўзининг энг машҳурасарларида айтиб кетганидек) “кўринмас қўл” (invisible hand) автоматик равишда кўтаришини, акс ҳолда, бозордаги товаралар ҳажми керагидан, яъний ахоли эхтиёжидан ошиб кетган тақдирда эса – пасайтиришини, мутлақо билмаслигини ёки билишни истамаслигини, яққол намойиш қилибди.
Шакар нархи ошишининг сабабларини яхшилаб тушиниш учун эса яна бир бор статистик маълумотлар ва шу 2014 йилги мева–чеваларнинг пишиқчилиги мавсумида нима учун одамларимизнинг бу истеъмол товарига эхтиёжи кескин ошганлиги масаласини тахлил қилсак, бу муаммога анча ойдинлик кирса ажаб эмас.
Совет Иттифоқининг Далат статистика қўмитаси  1991 йили нашир этган “Народное хозяйство СССР в 1990 году. Статистический ежегодник” деган китобнинг 670–671 бетларида кўрсатилишича 1990 йили Совет Иттифоқи ахолисининг жон бошига тўғри келган бир йиллик шакар истеъмолининг миқдори 45 килограммни ташкил этган экан. Жон бошига тўғри келган шундай бир йиллик истеъмол: Австралияда – 44, Австрияда – 37, Болгарияда – 35,  Буюкбританияда – 40, Венгрияда – 39, Данияда – 38, Италияда – 25, Канадада – 42, Кубада – 50, Монголияда – 24, Нидерландияда – 36, Польшада – 47, Румынияда – 25, АҚШда – 28, Финляндияда – 35, Францияда 34, ГФРда –33, Чехословакияда – 39, Югославияда – 39 ва Японияда – 22 килограммни ташкил қилган бўлиб, бу кўрсатгич башқа маълумотлардан аниқланишича Ўзбекистонда 1995 йили 10 килограммни ташкил этган экан.
Энди шакар нархи нима сабабдан ошиб кетаётганлигини тахлил қилиш учун муштарийлар эътиборига аниқ бир хаётий мисолни ҳавола қилмоқчиман. Ўзимга яқин кишилар билан бу масала тўғрисида гаплашсам, улардан Салим исмли бир укахонимиз қуйидаги маълумотларни айтиб берди.
Салим: 2014 йил ўзимиз, яқинларимиз ва таниш–билишларимизнининг фақат май–июн ойларида сотиб олиб, мева–чевалардан таёрланган мураббо (варение), компот ва бошқа махсулотларга қилган шакар ҳаражатларини ҳисоблаб, ўртачасини аниқлаб кўрсак, бу кўрсаткич жон бошига 11,5 килограммдан тўғри келди. Бизни оиламиз 3 кишидан иборат. Демак биз фақатгина 2014 йилнинг май–июн ойларида кейинги йил қиш ва баҳорида истеъмол қилиш учун тайёрланган варение ва компотлар учун ўртача 33,5 кг шакар ишлатибмиз. Бундан ташқари шахсан бизнинг оиламиз ҳар ҳафта ўз турмушида ўртача 2 кг шакар истеъмол қилишини эътиборга олсак, бизни оиламиз жон бошига 2014 йил охиригача ҳисоблаганда (11,5 + 34,5 =) 46 килограммдан шакар тўғри келяпти.   
Салим келтирган бу кўрсатгич 1995 йилги статистик маълумотларга кўра Ўзбекистонда ахоли жон бошига тўғри келган шакар истеъмолидан 4,6 марта ёки 460 фоизга кўп демакдир. Лекин у келтирган маълумотлардан 2014 йилнинг фақатгина май–июн ойлари ичидаги шакарга бўлган унинг оиласи жон бошига тўғри келадиган эхтиёж, юқоридаги варение ва компотлар тайёрлаш билан боғлиқ сабабларга кўра  (11,5 : 2 =) 5,75 мартага  ёки 575 фойизга кўпайиб кетган. Шак–шубҳасиз бошқаларда ҳам шунга ўхшаш ахвол мавжуд.
Кўпчлик аёлларимиз келгуси қиш ва баҳорда истеъмол қилиш учун керак бўладиган варение ва компотларни иложи борича кўпроқ тайёрлаш ғамида. Шундай бизга ҳамюрт бўлган аёлларимиздан бири билан гаплашсам, у:
– Ўтган 2013 йили бу йил қиши ва эрта баҳорида истеъмол қилиш учун 20 тадан 1 литирлик банкаларда гилос, ўрик, шафтоли ва малина варениелари ва 30 та 2 литирлик банкада олча компоти ёпган эдим, қиш нихоясига етмай улар тугап қолди. Шунинг учун ҳам бундай варение ва компотларни бу йил турини кўпайтирган ва 3 литирлик банкалардан ҳам фойдаланган ҳолда, ўтган йилдагидан 3–4 баробар кўпроқ тайёрладим. Кузда эса сабзовотдан тайёрланадиган салат ва бошқа консерваларни ҳам энди бир неча баробар кўпроқ тайёрлашни режалаштириб турибман. Фақат пахта ёғининг нархи ҳам, шакарни нархига ўхшаб, кўтарилиб кетмаса яхши бўлар эди, – деган гапларни айтди.
Лекин, АҚШ, Италия ва Японияга ўхшаш кўпчилик ривожланган мамлакатларнинг ахоласи бизга ўхшаб уйида варение, компот ва ҳар–ҳил бошқа консерва маҳсулотларни тайёрлаб ўтирмай, юксак сифатларда ҳусусий секторда тайёрланиб савдога чиқарилган шуларга ўхшаш озиқ–овқат махсулотларини супермаркетлардан сотиб олиб, истеъмол қиладилар. Шунинг учун ҳам улардаги йиллик жон бошига бўлган шакар истеъмоли советлар даврида ҳам, хозир ҳам биздан анча кам, лекин унинг нарҳи хозирга келиб биздан кўра уларда арзонроқ кўринадиган бўлиб қолди.
Масалан, матбуотда эълон қилинган маълумотларга кўра, 1 кг шакарнинг нархи, Хитойда  0,84 доллаларга (1942,3 сўмга),  Украинада – 0,86 долларга (1988,6 сўмга),  Белорусияда  – 0,91 долларга (2104,2 сўмга), Қозоғистонда – 0,94 долларга (2173,6 сўмга), Россияда – 0,98 долларга (2266,1 сўмга), Швейцарияда – 1,1 долларга (2543,5 сўмга), Молдовада –  1,2 долларга (2774,8 сўмга), Францияда – 1,2 долларга (2774,8 сўмга), Нидерландияда – 1,5 долларга (3422,2 сўмга), АҚШда – 1,53 долларга (3537,8 сўмга), Италияда – 1,55 долларга (3584,1 сўмга), Қирғизстонда – 1,6 долларга (3699,7 сўмга), Исроилда – 1,62 долларга (3745,9 сўмга), Финляндида – 1,78 долларга (4115,9 сўмга), Португалияда – 1,8 долларга (4162,1 сўмга), Литвада – 1,85 долларга (4254,6 сўмга), Латвияда – 1,85 долларга (4277,8 сўмга),  Швецияда – 1,9 долларга (4393,4 сўмга), Австрияда ва Германияда – 1,9 долларга (4393,4 сўмга), Канадада ва Японияда  – 2 долларга (4624,6 сўмга) тенг бўлгани холда, Ўзбекистонда шакарнинг нархи май ойида юқоридаги расмий валюта курсида аниқланганда, ўртача – 1,5 долларни (3500 сўмни), июн ойида – 1,9 долларни (4500 сўмни) ва 1 июл холатига – 2,8 долларни (6500 сўмни) ташкил қилмоқда.
Шунинг учун ҳам, республикамизда ишлаб турган қатор шакар заводлари билан бир қаторда бизга 2016 йилдан эътиборан шакар импортидан воз кечиб, унга бўлган ахолининг эхтиёжини тўлиқ қондиришга ҳизмат қилувчи Ангрен индустриал ҳудудида қурилиб битказилиш арафасида турган ва суткасига 1000 тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган замонавий шакар заводининг шу йилнинг III кварталида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган бўлсада, савдогар тадбиркорларимиз келгуси йилларда бу масалага етарли даражада эътибор бериб, шакар танқисчилигини олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшадилар деб умид қиламиз. Чунки биз ривожланишга тўсиқ бўлиб қолган марказлашган социалистик иқтисодиёт қонунларидан воз кечиб, ривожланган мамлакатлардан ўрнак олган ҳолда ва улардан ўрганиб мамлакатимизда жорий қилаётган бозор иқтисодиётининг қонунлари уларни бу ишни уддалашга объектив жиҳаттан мажбур қилади, деб ўйлаймиз.
Менинг бу мақоламни ўқиган муштарийларда, илгари кўп марта бўлганиек:
– Сиз Ўзбекистондаги нарх–наволарни чет эллардаги, ҳаттоки ахолиси бизга нисбатан анча катта ойлик маош ёки даромад олиб яшайдиган ва пулининг қадри жуда ҳам баланд бўлган бой ва ривожланган мамлакатлардаги нарх–наволар билан солиштирибсиз. Шунинг учун ҳам биз масалага бундай ёндашиш тўғри бўлмаса керак деб ҳисоблаймиз, – деган мазмундаги. Бундай таққослашга гумон билан қарайдиган муштарийларга мен, ўзимнинг “Правда Востока” газетасининг 1989 йил 28 февралдаги 50–сонида эълон қилинган мақолам шарафига “Диктатура рынка” деб номланиб, 1994 йили нашир қилинган МАҚОЛЛАРИМ ТЎПЛАМИГА ҳам киритилган “Рынок – свобода экономики” (“Бозор – иқтисодиёт эркинлиги”), деб аталган мақоламда берган жавобимнинг қисқача мазмунини бу ерда ҳам такрорлаш мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикирга келдим.
Чунки мен ўша мақоламда муштарийларни юқоридагига ўхшаш соволларига жавоб берар эканман, у ёки бу мамлакатлар, шу жумладан Совет Иттифоқи ва АҚШ ахолиси яшаш ёки фаровонлик даражасини аниқлашда уларнинг ойликлари ёки даромадлари ўртача миқдорини бир бирига таққослаш ёки солиштириш тўғри эмаслигини таъкидлар эканман, бу масалада МУОМИЛАДАГИ ПУЛ ҚАДРСИЗЛАНИШИНИНГ ЁКИ ИНФЛЯЦИЯНИНГ ДАРАЖАСИ ВА ИСТЕЪМОЛ МОЛЛАРИНИНГ НАРХ–НАВОСИ ҚАНДАЙ ДАРАЖАДА БЎЛИШИДАН ҚАТИЙ НАЗАР,фақатгина ахоли даромадлари таркибидаги умумий ҳаражатлар ичида истеъмол ҳаражатларининг улушинигина бир–бирига таққослаш ёки солиштириш орқали уларнинг яшаш даражаси бир биридан қай даражада фарқ қилишини аниқлаш мумкин эканлигини яққол мисоллар билан исботлаб беришга ҳаракат қилган эдим.
Муаллиф: Рустамжон Абдуллаев, иқтисод фанлари доктори, академик.
Тошкент, 2014 йил 1 июл.
http://uz.fundamental-economic.uz/
 ИСМАТ ХУШЕВ: ТОШКЕНТ БОЗОРЛАРИДА – ШАКАР ЖАНГИ  
Яхши-суъратимБуғма илон каби ўз ўлжасини кутиб турган ўзбек ҳукумати шакар ялайман деб интилган халқнинг бўйнига янги сиртмоқ ташлади.
Бу ширин сиртмоқнинг номи, во ажаб, шакар бўлди.
Ўзбекистонда шакар – заҳарга айланди…
Унинг нархи осмону фалакка сапчиди…
 Бу – Президентга – аталган бомба эмасмикан?
Муҳожиротдаги ўзбек журналисти шарҳи
1.
Ўтган гал биз “Дунё ўзбеклари” ўқувчилари ва мухлисларини – бу йил Ўзбекистонда қурғоқчилик бўлиши кутилаётгани ҳақида огоҳлантириб, “Ўзбекистон: Чорвачилик хавф остида” номли мақола эълон қилган эдик.
Минг афсуски, нохуш башоратимиз ҳақиқатга айланди.
Бу йилги қурғоқчилик муносабати билан пишиқчилик нисбатан эрта бошланиб, қулупнай мўл бўлди.
Шакарнинг нархи осмонга сапчиди…
2.
Жамики байрамлар арафасида ўзбек магазинлари ва бозорларида ёғни яшириб сотиш одат бўларди.
Айниқса рўза ва қурбон ҳайити каби диний маросимларда чалпак, бўғирсоқ, қатлама ва чак-чаклар пишириш учун зарур бўлган ёғнинг нархи тепага сапчиб, осмону фалакка чиқиб кетарди.
Энди унинг ёнига шакар ҳам қўшилди…
3.
Ҳадемай қулупнай ўтиб, унинг ортидан гилос, олча, малинага навбат келади.
Ўзбек халқи бу каби мевалардан рус тилида “варений” деб аталувчи турли хил ширинликлар – мураббо ва шарбатлар тайёрлашни одат қилган.
Шакар яна вариллаб осмонга чиқиб кетади…
4.
Хуллас, Ўзбекистонда қурғоқчилик бошланиб, қаҳатчилик қайси соҳадан ниш уриши кузатиб турилган бир ҳолатда кутилмаганда шакар қаҳатчилиги бошланди.
Ваҳоланки, Ўзбекистон мана бир неча йилдирки, ғалла мустақиллигига эришдик деб, кўкрагига ургани каби,  Хоразмда улкан шакар заводи ишга туширилиши муноабати билан шакар мустақиллилига эришганлиги ҳақида оламга жар солганига ҳам мана тўрт беш йил бўлиб қолди.
Лекин шунга қарамай, май ойи тугамай – қулупнай пишиқчилиги бошланиши билан Ўзбекистонда ҳақиқий шакар жанги бошланди…
5.
Хўш, шакарга нима бўлди?  У бирдан камайиб, йўқолиб қолдими?
Йўқ, унга ҳеч нарса бўлгани йўқ.
Шакар бизда етарли.
Мафиялашган ўзбек ҳукумати (КабМин) шакарни босяпти, уни атай яшириб “списать” қиляпти, кейин яна қимматига сотиш учун…
6.
Буни қандай тушуниш мумкин деб сўрашингиз табиий.
Буни шундай тушуниш керак: Мафиялашган ўзбек ҳукумати аҳолига килосини – 2800 сўмдан палон тонна шакар сотдик деб расмийлаштириб, “уриб” ё “яшириб” қолган юзлаб қоп шакарни  “списать” қиляпти…
Бугун бозорда 4000 сўмдан сотилаётган шакар – ана ўша ўз нархида сотилаётганидан “уриб” ва “яшириб” қолинган шакар…
Бу  – мафиянинг иши.
Унинг бир учи эса шубҳасиз Шавкат Мирзиёев бош бўлган ҳукумат биносига бориб тақалаяпти…
7.
Хуллас, Ўзбекистонда шакар йўқолиб кетгани йўқ, дўкон ва магазинларда бор, бироқ унинг нархи бирданига осмонга  сапчиб, 35-40 фоизга ошиб кетди.
Қишлоқ жойларида 50 фоизга кўтарилди.
Нега бундай бўлди?
Чунки юқорида айтганимиздек, пишиқчилик бошланиши билан табиий равишда шакарга эҳтиёж ортди.
Демак шакарга истаганча нарх қўйса бўлади.
Ўзбек мафияси бундан дарҳол “унумли” фойдаланишга ўтди…
8.
Шу боис   шакарнинг расмий нархи бир кунда  2800 сўмдан – 3800 сўмга кўтарилди.
Шакар ҳеч бир ўзга мамлакатдан келтирилаётгани йўқ, у Ўзбекистоннинг ўз заводларида ишлаб чиқарилмоқда.
Бироқ ўзбек мафиясининг нафси ҳаккалак отган.
У қайси бир маҳсулотга эҳтиёж ошдими, унинг нархини истаганча кўтариб қўя олади. Мафиялашган ўзбек ҳукумати бу ҳақда ҳеч кимдан сўраб ўтирмайди.
Сўрайдиган одамнинг ўзи йўқ бугун Ўзбекистонда. Ўзи ҳукумат бўлгач, кимдан сўрайди?
Бошқалар ундан сўрасин…
Хуллас, ўз ўзидан – мафиянинг бошида ким турганлиги маълум: Ўзбек ҳукумати…
9.
На Республика Олий мажлиси, на унинг  Қонунчилик палатаси ва на Сенати бундай “майда – чуйда” нарх – наволар устида бош қотиришга одатланмаган.
Лекин энг ажабланарлиси шундаки, Тошкент шаҳар бозорларида ҳеч кутилмаганда ярим яширин, ярим очиқ “савдо точкалари” пайдо бўлиб қолди.
Бу жойда аллақандай сирли ҳолатда “хўжам кўрсин” учун, бир икки соат 2800 сўмдан шакар сотиш тажрибаси пайдо бўлди.
Бироқ бу савдо точкалари атрофида тўпланган юзлаб харидорларнинг ўзъаро жанги ва навбат талашувлари, бақириқ чақириқлари остида бу ерда шакар сотиляптими ёки жон олиб жон бериш юз бераяптими деб ёқангизни ушлайсиз.
Шакар жангида эртадан кечгача туришга мадори етмаган пенсионер ва қарти қартанглар шакарни оширилган нархда олишга мажбур бўлишмоқда.
Арзон нархдаги шакарни эса ярим тундан навбат олган, тили ва қўли узун, бели бақувватларга насиб этади, холос.
Бу – бир пайтлар Тошкентда ўн йиллаб қизғин фаолият олиб борган валюта айирбошлаш пунктларидаги ҳолатни эслатади…
10.
Файзулла Муллажонов бошлиқ ўзбек банки қарийб чорак аср халққа валюта сотяпмиз деган баҳона билан мамлакатдаги минглаб валюта шохобчаларида ҳукумат аъзолари  ва савдо карчалонларига валюта улашиб келди.
Бу шахобчалардан валюта оламан деган одам “валюта жанги”га дуч келарди.
Бугун ушбу жанг Тошкент бозорларида шакар сотиладиган шохобчаларга кўчди.
Ўзбек ҳукуматининг “ижодкорлигига” тасанно айтмай иложингиз йўқ.
Чорак аср миллиардлаб ўзбек валютаси карчалонлар қўлига осонгина ўтгани каби, бугун арзонлаштирилган савдо шохобчаларидан минг минг тонналаб шакар, афсуски, қашшоқ халққа эмас – савдо ва мафия карчалонларининг қўлига ўтмоқда…
11.
“Дунё ўзбеклари” ишончли манбаларининг тасдиқлашича  –  мафиялашган ўзбек ҳукумати (КабМин)  рухсати билан Тошкент шаҳар ҳокимияти қашшоқ аҳоли қисмини “ арзон гаров шакар билан таъминлаш” мақсадида шаҳар бозорларида дотация ҳисобига шакар сотишни йўлга қўйган эмиш…
Бироқ аслида минг минг тонналаб шакарлар арзон гаров сотилди деган баҳона билан энг баланд нархларда реализация қилинган ҳолда, бозордаги сирли точкаларда номигагина бир неча қоп шакар сотиш ва аслида шакар жанги қай даражага чиққанлигини кўрсатиб қўйиш асл мақсад бўлса эмас.
“Мана бизда шакарнинг аҳволи, чидасанг шу, бўлмаса катта кўча!”  демоқчими бу билан ҳукумат, билмадим…
Бозордаги шакар точкасида одамлар ярим кечадан келиб навбат олиб, то кун ярмигача турган ҳолда беш (5) кило шакар олишга гоҳ муссар бўладилар, гоҳ бу ҳам насиб этмайди.
Чунки шакар ҳаш паш дегунча тугаб қолади ёки шакар навбати – шакар жанггига айланиб кетиб, шакар ялаш ўрнига одамнинг оғзи бурни қонаши ҳам ҳеч гап эмас…
12.
Маълумки, Ўзбекистон бозорларига  Президент томонидан ҳукумат бошлиғи шахсан масъул қилиб тайинланган.
Доимо халқдан юзини яшириб юрадиган ҳукумат бошлиғи жаноб  Мирзиёев томонидан эса ўз навбатида   Тошкент шаҳридаги барча бозорларга ҳукумат аъзоларидан масъул шахслар биркитилган.
Масалан, Республика солиқ  қўмитаси раиси Ботир Парпиев – Фарҳод ва Чорсу бозорларига масъул ҳисобланади.
У ҳар ҳафтада камида бир икки марта намойишкорона бозор  кезади.
Унинг бозорга ташрифи олдидан бозор ва бозорлар атрофи шу даражада “тозаланадики” – бозор гўё атом реактори жойлашган зонадай тозалик, жим-житлик ва сукунат касб этади.
Ботир Парпиев бозор кезаркан, унинг атрофида шаҳар ва туман ҳокимлари, казо казо назорат органлари  дум бўлиб катта бир калоннани ташкил қилишади.
Айни пайтда бозорларда нархи осмонга сапчиган гўшт, нон, картошка ва ёғ каби маҳсулотларнинг нархи бир зумда (бир неча дақиқага) ўзгариб қолади.
Лекин шу ўзгарган – арзон нархда ҳеч ким ҳеч нарса ололмайди…
Жаноб Парпиев ва унинг “дум”лари ҳамма бало қазо ва касофатларни кўриб туришгани ҳолда  гўё ҳеч нимани пайқашмайди.
Улар бозор чегарасидан чиқиб кетишлари биланоқ бозордаги “жаннат” бир зумда яна асл ҳолига қайтиб, “дўзах”га айланади…
Бу “дўзах”нинг ичидаги  шакар жанги ҳаммасидан ошиб тушди…
13.
Бу сафар –  шакар жангини ким ўйлаб топди экан?
Бир замонлар –  мустақиллик йилларининг бошларида Ўзбекистон савдо вазири бўлган машҳур биринчи ўзбек олигархи Мираброр Усмонов ана шундай бомбалар ясаш бўйича илк тажрибани йўлга қўйган эди.
У Ўзбекистоннинг  юз минглаб савдо ва маиший  шахобчаларини  ҳеч қандай аукционсиз – савдо ходимларининг ўзига катта отасидан мерос қилиб қолдириш ташаббускори бўлганди.
Бунинг оқибатида – бир кўз очиб юмгунча халқнинг мулки бўлган не не савдо ва маиший обьектларни ўз шахсий мулкига айлантирган ўзбек олигархининг шогирдлари магазинларни шип шийдон қилиб, жамики маҳсулотни бозорга ҳайдаб – “бозор иқтисоди” деган қонуний иборани байроқ қилиб – давлат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган  озиқ  овқат ва саноат маҳсулотларини беш – ўн  баравар қимматига пуллашнинг ижодкори бўлишганди.
Ана шу “ижод” асосида 9 тийинлик оби нон – 500-600 сўмга, 20 тийинлик ун – 2000-3000 сўмга, 1 сўм 80 тийинлик гўшт – 20-30 минг сўмга етиб қолди.
60 тийинлик чит – 2000-3000 сўмга, 1 метр сурп – 2500-3500 сўмга, ҳеч ким қарамайдиган бир чақалик дока (бинт, марла) минг сўмга чиқди.
Агар биз ўтган мустақиллик йилларида сўм бирлигимиз минг мартага қисқарганини ҳисобга олсак, гугурт бугун – 100 минг сўм, оби нон – 500 минг сўм, бир кило ун – 3 миллион сўм, гўшт – 25-35 миллион сўмга чиқди деган гап бу.
Буларнинг ёнига   –  совет даврида биз Украина шакари деб танлаб оладиган сариқ олтиндай товланадиган  шакар ўрнида анча бунча тахир бўлган Хоразм шакарини ҳам қўшсак,  бугун бир кило шакар  4-5 миллионга чиққанини кўриш мумкин…
14.
Мираброр Усмонов – ихтиёридаги барча халталарни тўлдириб, савдо вазирлигини футбол Президентлигига алмаштириб, келажакда жаҳон чемпиони бўлишга Президентни ишонтириб, бунга халқ олдида қасам ичиб, ҳатто қачон чемпион бўлишининг аниқ муддатини айтиб берганига ҳам  мана бир неча йиллар бўлиб қолди.
Лекин мустақилликнинг дастлабки йилларида Осиё чемпиони бўлган ўзбек футболчилари Мираброр Усмонов бошчилигида – миллиард миллиард евро ва долларнинг бошини еб, қуруқ аравани шалдиратиб шаталоқ отганига қарамай,  мана чорак асрки, ҳануз жаҳон чемпионлиги нарида турсин, қитъа чемпионлигини ҳам қўлга кирита олмади.
Савдо қиролининг футболдан омади чопмаса чопмагандир,  лекин савдодаги шогирдлари оламшумул “ғалабалар” кетидан “ғалабалар” қучишмоқда.
Бугун Ўзбекистонда, хусусан Тошкент шаҳрида дунё архитектураси билан баҳслашадиган, буюк Петр қасрлари билан бўйлашадиган жамики тўйхоналарнинг тагини кўтарсангиз унинг соҳиблари –  Мираброр Усмоновнинг шогирдлари ёки қариндошлари бўлиб чиқади.
Масалан Усмоновдан кейин савдо вазирлигини унинг яқин қариндоши Зафар Файзиев эгаллади.
Бугун Тошкентдаги энг машҳур тўйхона ҳам ўшанга қарашли.
Ҳатто ҳозир собиқ “Янги ТошМИ” деб аталадиган бекат – унинг тўйхонаси шарафига “Зафар Файзиев маҳалласи” деб аталадиган бўлди.
Яқин келажакда Тошкентдаги барча маҳаллаларнинг минг йиллик номи ўзгариб, олигархлар номи билан юритилса, ажаб эмас.
Ана шу  олигархлар боис – бугун  Ўзбекистонда картошка, гўшт, ёғ  ва нон “жанг”ларидан кейин мана энди – “шакар жанги” бошланиб кетди…
15.
Шавкат Мирзиёев ҳукумати Мираброр Усмонов ва Зафар Файзиев бошчилигидаги ўзбек мафияси билан ҳамкорликда халқни обдон шилиб олишнинг янги – янги йўллари ва  ўйинларини ўйлаб топмоқда.
Гўшт, картошка ва қатор чорва маҳсулотлари қаҳатчилигидан кейин мана энди шакар қаҳатчили оёқ остидан чиқиб турибди.
Хуллас, буғма илон каби ўз ўлжасини кутиб турган ва тамомила мафиялашган ўзбек ҳукумати шакар ялайман деб интилган халқнинг бўйнига яна сиртмоқ ташлади.
Шакарнинг нархи осмону фалакка сапчиди.
Биз  ҳукумат амалга ошираётган “Шакар операцияси” тафсилотларини мамлакатдаги тегишли идоралар ёрдамида батафсил ўрганиб, бу мавзуга яна қайтамиз…
Мафиялашган ўзбек ҳукумати қаҳатчилик бостириб келаётган бу йилги даҳшатли қурғоқчилик арафасида “жонажон халқи”га яна қандай  бомба тайёрлаётган экан?
16.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, Ўзбекистонда қачон ва қаерда портлаши номаълум бўлган бомбалар сони тобора кўпайиб бораяпти: Ишсизлик, коррупция, порахўрлик, тўрачилик…
Уларнинг ёнига бозорлардаги нарх навони ҳам қўшиш керак: Гўшт, нон, ун, картошка, ёғ…
Мана энди булар сирасига  кутилмаганда “шакар бомбаси” ҳам қўшилди.
Бу бомба – Тошкент бозорларидан бошланиб, Ўзбекистон бўйлаб шитоб билан қанот қоқмоқда.
Президентга бомба тайёрлаётганлар эса пана панада сўмларни доллар ва еврога айлантириб, саноғига етолмай овора.
Президент ўз оёғи остига қўйилаётган бомбаларни қачонгача сезмаслиги ва кўрмаслиги мумкин?
 Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири
26 май, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада.
Исмат Хушев: Беш тийинлик Метро – бир миллион бўлди!
Яхши-суъратим
Исмат Хушев:
Беш тийинлик Метро – бир миллион бўлди!
Олдин 3 тийинлик трамвай, 4 тийинлик троллейбус ва 5 тийинлик автобус ҳам бугун миллиончилар сафига қўшилди.
Нега бундай бўляпти? Бунинг сабаби нима?
Ё бу рўза рамазон ойи арафасида ҳукуматнинг ўз халқига қилган “совғаси”ми?
 
Луқма
1.
Ўзбекистондан келаётган хабарларга қараганда, 15 июндан эътиборан Тошкентда транспортда юриш нархи ошган.
Лекин, ажабки, бу ҳақда ҳеч қаерда эълон қилинмаган…
2.
Агар мустақиллик бошида пул бирлигимиз минг маротаба қисқарганини ҳисобга олсак, бугун метронинг нархи бир миллион эканига  ажабланмаса ҳам бўлади.
Демак, 1000 сўмлик ўзбек банкнотининг ҳақиқиқй қиймати бугун трамвайга чаққанда – 3 тийин, метрога чаққанда – 5 тийинга айланиб қолди…
3.
Нон нархи яқинда 700 сўм бўлади деган гап бор.
Демак, бу дегани – бир буханка нон яқинда етти юз минг сўм бўлади дегани бу.
Бу тахмин ҳам ҳақиқатга айланиш арафасида…
4.
Қизиқ, ҳар йили 50 сўмдан ошириладиган нон бу йил 100 сўмга ошадиган кўринади.
Биз яқинда тилга олган қурғоқчиликнинг биринчи зарбаси  –  трамвай, троллейбус, метро ва автобуслар каби жамоатчилик транспортида кўринган бўлса,   жонажон ҳукумат иккинчи зарбани   ўз халқига нон орқали беришни мўлжаллаб турибди.
Ҳар йили мустақиллик байрамидан кейин нон нархини камида 50 сўмдан ошириб, ўз халқини бўйнидан бўғизлайдиган жонажон давлат ва ҳукумат бу йил бу ҳамлани анча барвақт бошлайдиган кўринади.
Чунки, ҳар йили лалмикор ерлар ҳисобига «қўшиб ёзишлар»ни, ошириб тошириб кўрстишларни осмону фалакка чиқариб келаётган Ўзбекистон ҳукумати бу йил лалмикор ерлардаги қўрғоқчилик зарарини – ноннинг нархини ошириш ҳисобига тўлдирмоқчи…
5.
Хуллас, қизил империядан 16 тийинлик нарх билан қабул қилинган ва ниҳоят йилда вазнидан уриб қолавериб, бугунги кунда стандартдаги 600 грамм ўрнига 400-450 граммга тушиб қолган буханка нон (сифатини айтмай  қўяверинг) нархини майдалаб ўтирмай бу йил 700 сўмга кўтариши реал ҳақиқатга айланиб турибди.
Бу – давлат ўзи «севиб», «ардоқлаб» тилга оладиган «ижтимоий ҳимоя»га муҳтож деб таъриф берадиган аҳоли қашшоқ табақасининг оч биқинига ҳукумат берган ур тўқмоқнинг ўзгинаси.
Ўзбек ҳукумати нимани билмаса билмас, лекин ўз халқининг қаерига ва қачон яхшигина зарба беришни  жуда яхши билади.
Демак ўзбекнинг минг сўмлик пулининг қадри – бугун 3 тийинга айланди.
Яшасин, жонажон ўзбек ҳукумати!
Исмат Хушев, 
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
25 июнь, 2014 йил, Торонто шаҳри, Канада
"10" Comments
  1. Сардор

    Давлат қорабозордаги долларди курсминанмас Марказий банк курсимиан иш олиб боради. Академик қора бозордиги валюта курсини Ўзбекистон ахолисининг 99% га хич ахамияти йўқ деп айтганийди. Хақиқатанам Ўзбекистондан хохлаган мамлакатка самолет ва поездда борип келиш билетларини расмий курс бўйича сўмга сотиб олиш мумкин. Студентларни чет эл ва Ўзбкистондаги Инха университетларига ўхшаш олий ўқув юртларида ўқитишам сўмда расмий курс бўйича. Туризмам ва бошқа сохаларам шудей ишлейди. Буни билиш керак!

  2. Сардор

    Бази муҳожирлар Ўзбекистондан қочип кетип ўз ватанларида нима бўлаётканини мутлоқо билишмейди. Лекин ўз юртларини кўр кўрона ёмонлашти ўзларига касп қилип оганлар. Мақола 2014 й. эълон қилинган ва муҳокама этилган эди. Ундан бери юртимизда кўп яхши ишлар бўлди: қишлоқ ҳўжалик махсулотлари инфляция бўлишига қарамай 2-3 баравар орзонлашти, шакар сероп, метро нархи ўзгаришсиз 1000 сўмлигича турипти; ижтимоий бўлка нон эса бир қанча суппермаректларда 2015 й.пенсионерларга бекорга тарқатилди…

  3. Иброхим тугри айтади валюта бозори эркин эмаслиги тадбиркорлар маъмурий босим остидалиги нафас олишдан бошка эркинлик йуклиги шу даражадаки, келажакка ишонч билан карашга имкон бермайди козок тангаси рус рублини 500га 1 алмаштирди Кыргызстон 200га 1 Уэб 1000га 1 бУ тарафдан олганда Узб суми кушнилардан бир неча баробар киммат туриши керак Хозир эса бунинг акси Бекорга Узб сумини пахта пул дейишмайди

  4. Ismat aka. Juda bagri daryo ajoyib odamsiz. AVVAL O`Z MAQOLALARINGIZ BERIB, SO`NG AKADEMIKNI BERSANGIZ HAM BO`LARDI. Anchadan buyon kuzatib kelaman, negadir bu odamni hurmat qilasiz. Lekin Rustamjon Abdullaev Karimov rejimini ko`r ko`rona himoya qiladi. Bizni yuzimizga qarab aldaydi. Nega bu yolgonchi akademikni targib qilasiz saytingizda. Ahir sizni butun dunyo o`zbeklari 155 mamlakatda o`qiydi. Shu sizga kerakmi, aka.Biz sizga ishonganmiz, mehr qo`yganmiz. Ishonchimizni yo`qotmang, iltimos.

  5. Узбекистон ТВсини узи инфляция Узб да жуда катта Масалани исботи оддий Козокда доллар370-380 Кыргизистонда эса 75 Оддий шу хакикат Узб реформаларни татбик килишда оркада колмокда Бунинг сабаби пахта куллиги, доллар сунъий равишда нарх куйилиши, бир томонлама яъни тенденциозний иктисод, мансаборларнинг бозор иктисодига нохак аралашуви, нафас олишдан бошка эркинлик йуклиги айтаверсангхуллас гап куп.

  6. Рустам узини фикрни билдирган. Нотугри булса исбот далилларни келтириб беринг, танкид килиийлар. Без эса саволларга уста биз. Качон академик булдингиз, ёки “ким сиз узингиз?”, манолик фикр йук. м.з.

  7. Академик Рустамжон Абдуллаев беллашмоқчи бўлган мавзу испот талаб қилинмайдиган аксиёма. Мен домлага хайрон қоламан тортишадиган бошқа мавзу йўқми! Исмат ака отти калласидек бу масалани ёритган бўлса, қолаверса бошқа қиладиган ишлари кўп бўлса, бу ҳаммага маълум нарсага яна қайтиш нима кераги бор.

  8. Мен бу “дуел”га муносабат билдирмоқчи эмасдим. Сабаби И.Хушевнинг журналистик талантига, Р.Абдуллаевнинг эса иқтисод соҳасидаги илмига қойил қолиб бўлганман.
    Энди бир олим сифатидаги фикримни сўрасангиз Р.Абдуллаевнинг исботлари ва таҳлилини русчасига айтганда “ТОПОРЕМ НЕ РУБИШЬ!”
    Шундан келиб чиқиб Исмат ака (фан номзоди) га Р.Абдуллаев (фан доктори) билан иқтисод илми соҳасида дуелга чиқмасликни маслаҳат берардим.

  9. Абдуллаев кандай килиб академик булгансиз?

  10. мигрант

    Опкочинг!!! Абдуллаев опкочинг аравани курук!!!!!!!!! Маколани укиб бир конкрет мазмун топмадим, аммо любой халк вакилидан сурасангиз Исмат ака хаклигини инкор этмайди, хуллас бир муаммога хар тарафлама Назар солишни урганинг Исмат акадан!!!!

Leave a Reply
*