Menu
Categories
Ғаффор Хотамовнинг Тошкентда шов-шув бўлаётган асаридан боблар (1-29)
08/01/2012 Тошкентда шов-шув бўлаётган асар

29. “Кетмондаста”

Ўтган асрнинг бошида камдан-кам одам эшикка қулф илган. “Ҳатто заргар тушликка чиқсаям, эшигини ёпиб қўярди, холос, – дейди бобом Мулла Отақул Суяр ўғли, – ҳеч ким тамбалаб ўтирмасди…”

Чунки, одамларда ҳадик бўлмаган, хавотир бўлмаган. Биров бировнинг нарсасига кўз тикмаган. Қаноат билан яшаган. Эгрилар эл назаридан ҳайиққан, нафсини тийиб юрган.

Олтмишинчи йиллардан сўнг салобатли оғоч дарвоза русумга кирди. Ўша йиллар ичкилик ҳам авжига чиққан. Тўйларда, кўзга кўринарли жойга яшиги билан териб қўйишар эди.

Эртаси кун – супрақоқти.

”Қанча ароқ кетди?”

“Йигирма беш яшик!”

Тўйнинг обрўйи шу билан ўлчанар эди…

Кейин оғоч ўрнини оҳанжама темир дарвоза эгаллади, аммо ароқ ҳамон кучда, ҳамон зафарли одим ташлайди!

Саксонинчи йилларга келиб, кўпқаватли уйларда темир эшик ўрнатиш урфга кирди. У тугаллик белгисидек бўлиб туюлган. Темир эшик қўйдингми, бас, кўнглинг тўқ, ўзинг хотиржам бўласан. Қалъа иҳота қилинган, жамиятдан. Ўша вақт Виктор Астафьев “Литгазета”да қанчадан-қанча темир шунга кетаётганини куюниб ёзган. Бу – яхшилик аломати эмас, одамларда бир-бирига ишонч қолмади, бу – шуни кўрсатади, деган у…

Аслида ҳам шундай. Аммо бу иллат бутун иттифоққа ёйилган…

Қўшнингга ишониб калит қолдирсанг, қоранг ўчиши билан у кириб уйингни ковлаштирса, жамғармангни “туя” қилса, яна оқ туя кўрдингми, йўқ, деб, ўзини яқин тутса!

Кимсан, “ходжа”!

Кимга бориб, дод дейсан, ахир?

“Ҳар ким ўз эътиқоди учун курашади!” – дейди Қўчқор Норқобил. Аммо эътиқод у бош урган жойда бўлмайди…

Дастурхони очиқ-сочиқ Ёқубовдай одам ҳам темир эшик қўйдирган, Уюшмага раис бўлгач, бунга ўзим гувоҳ. Бир куни чиқсам, усталар мустаҳкам темир билан уйни зирҳлаяпти. “Раҳбар деган ишни шундан бошлайди, шекилли?! – деб ўйладим мен. – Ҳадемай рухсатнома олиб кирамиз, чоғи!..”

Бўлмаса, темир эшикка бало борми? Тилласи бўлмаса, йиғиб қўйган пули бўлмаса! Бир йўқсил ёзувчи бўлса! Қўлёзмаларни-ку, Искандар “тинчитган!” Ёқиб юборган, теги билан!

“Бир кун келсам, ҳовлида бир уюм тутаяпти, – дейди Одил ака ўксиниб. – Нима экан, деб бориб қарасам, қўлёзма! “Улуғбек хазинаси”… Туз сепгандай юрагим ачишди. “Бу – нима қилганинг?” – дедим унга. “Кимга керак шу? – деди Искандар. – Аллергия қўзғайди!” Аввалига ундан хафа бўлдим, қадрига етмагани учун! Кейин, ўйлаб қарасам, аслидаям, кимга керак?!”

У ёқда Қўлёзмалар музейи ҳувиллаб ётибди. Нодира, Қаҳҳор, Нортўхта Қиличовнинг расмини айтмаса…

Бизда иш шундай ташкил этилади. Музей борми? Бор! Уч-тўрт ёзувчи сурати осиб қўйилганми? Қўйилган! Қирқ одам ойлик олаяптими? Олаяпти!
Вассалом.

Уни бир маърифат ўчоғига айлантирай деб ҳеч ким жон куйдирмайди.
Шундай музей борлиги ҳатто мутасаддининг эсидан чиқиб кетган. Уларга ҳукумат кўрсатма берса, қилади. Бўлмаса, қилт этмайди. Хато қилишдан чўчийди. Ўзидан билиб хайрли бир ишга қўл урса, тўпиғи тушиб қолади…

Хуллас, темир эшик қўйишга ҳеч бир асос йўқ, лекин…
Кейин билсам, масала – жиддий!

Бир полковник, КГБдан, келин ая шундай дейди, телефонда кўриб тургандай, сим қоқиб: “Ёқубовнинг ўлигини олиб боришдими?!” – деб сўрапти!..

Эҳтимол, у: “Мен махфий хизмат ходими Фалончи Писмадончиевич”, –дегандир? Бундай қутқу шундай қилинади, олдин тамоқ қириб, совуқ бир кекириб олинади, кейин: – Ёқубовнинг квартирасими? – деб сўралади, темир овозда, сўнг: – Мен КГБнинг полковниги Ҳамроқул Шукурович Ражаббоев бўламан! – дейди, ҳар бир сўзига тус бериб ва яна тамоқ қиради, тоза маромига етгач, юракка ханжар санчилади.

Жонингни суғуриб олади, “ўйинчи”.

У келин аяни адо қилган. Шўрлик талвасага тушиб, Искандарни ахтарган, ўғиллар оёққа турган. Югур-югур, чоп-чоп! Бундай пайтда Жабборқулда жон қоладими? Токи хожасининг овозини эшитмагунча, келин аянинг бўлари бўлган! Ундан сўнг беҳоллик, қўрқинч ва хавотир. Минг хил ўй…

“Кимга нима ёмонлик қилган эдик?!.”

Бу ҳодиса бир марта бўлган эмас!

Агар, сизга шундай бир таҳдид бўлмаган бўлса, бунинг нима эканини билишингиз қийин. Ва темир эшик қўймай, бемалол юрасиз. Ундай одамга ҳавас қилса, арзийди. Бахт дегани шу, аслида. Йўқ, мен кулаётганим йўқ. Дунёда шундай бало ҳам бор. Бир нима сабаб бўлади-ю, ёпишиб олади, ҳеч қўйиб юбормайди. Ҳаётингни бузиб ташлайди. У юракка ваҳм солса, темир эшик жонга ора кирадигандай бўлиб туюлади. Аслида, ундай эмас! Темир эшик ёвузликни тўса олмайди. Қабоҳат чегара билмайди…
Бир куни чиқсам, Одил ака “тўлиб” ўтирибди, юзи бўғриқиб, қорайиб кетган. “Нима гап?” – десам, садо чиқмайди. Оғзига талқон солиб олган. Йўқ, пича ўтиб “ёрилди”. Одатда, шундай бўлади, ўзи. Кимгадир юрак ёриш керак! “Фақат буни ҳеч кимга айтмайсиз!” – деди сирли ва ўтинчли термилиб.

Мен сўз бердим.

– Бугун Саъдулла Аҳмад келди, олдимга! – деди у бирдан тошиб. – “Сиз истеъфо беринг!” , деди. “Бермасам-чи?” , дедим. “Унда мен сизни сўяман!”, деди. “Ўзи шундай бир сўйгичга зор эдим! Ҳаммаси жонга теккан!”, дедим. “Сиз ўз ихтиёрингиз билан истеъфо беринг! Яхшиликча шундай қиласизми-йўқми?!” “Қиламан! Бироқ мен билай, бу жойга ким келади, кейин?” “Азимов! Аммо истеъфо беришдан аввал Мамадали Маҳмудовни йўқ қиласиз!..”

Мана шунақа гаплар, – деди Одил ака. – Ҳеч юрагим кўтармаяпти! У ҳазил қилгани йўқ! Белига пичоқ тақиб олган!..

– У бир тузук одамга ўхшайди-ку?

– Билмасам…

Жуда кўнглим хуфтон бўлди. Саъдулла Аҳмад дегани жўн бир сумка кўтариб, писмиқланиб юрар эди, бир четда! Ё тавба! Кесакдан ўт чиқса-я?!

Қанақа замонда яшаяпмиз?

Уйга келгач, бу гапни ичимга сиғдира олмай, Эргаш Муҳаммадга телефон қилдим, у Адабиёт жамғармаси директори эди, Саъдулла Аҳмаднинг курсдоши-дўсти. Мен ҳам Ёқубовга ўхшаб, аввал уни қасамига таядим, бир эмас, бир неча бор сўз бергач, секин сирни очдим. Шу билан бу ғулу хаёлдан учди.

Орадан бир-икки ой ўтгач, бир оқшом Ёқубов ўдағайлаб қолди.
– Бу ёққа чиқинг!

Чиқдим. Қарасам, авзойи чатоқ.

– Саъдулла пичоқ қайраб келганини сизга айтган эдимми?! – деди у иддао билан, ўсмоқчилаб. Афтидан, бир гап бўлган. Аммо, менга айтганини эслай олмаган. Бундай пайтда ҳар қандай одам дарров хавфсизлик чорасини кўради.

– Қайси Саъдулла? – дедим, гўё талмовсираб. – Ҳаким Саъдуллами?

– Саъдулла Аҳмад! – деди Одил ака таъкид билан, кейин: – Кимга айтганимни эслай олмаяпман! – деб қўл силтади. – Бировга бир гапни айтиб бўлмайди! Дарров болалаб кетади! Бечорани қамаб қўйипти! Бугун бориб, тилхат бериб зўрға опчиқдим!

Кейин билсам, Эргаш Муҳаммад ҳам “сир”ни саришта қила олмаган, эринмай телефонни магнитафонга улаб, Саъдулла Аҳмадга сим қоққан. “Оқсоқолнинг ўтакасини ёрибсан-ку! Бечора нима қиларини билмаяпти!” – деб унинг қўлтиғига сув пуркаган. Саъдулла Аҳмад эса, икки орада бўлган гапни оқизмай-томизмай айтган.

Эргаш Муҳаммад, табиийки, эртаси куни Мамадали Маҳмудовдан “суюнчи” олган, ёзиб олганини унга қўйиб берган. Маҳмудов бунақа “ўйин”дан қандай ўт чиқаришни яхши билади. Зудлик билан у Бош прокурорга Билдирги ёзган.

“Кетмондаста лақабли Саъдулла Аҳмад (гражданин Ахмедов Сагдулла, Бухоро областида туғилган, онаси – тожик, отаси – безнац , ўзи – ўзбек, келиб чиқиши колхозчи-деҳқон) эшикни тепиб кирди-да, СССР халқ депутати Одил Ёқубовга совуқ қурол (пичоқ) билан оч қашқирдай ташланди…

У ЎзССР Ёзувчилар союзи правлениеси раисидан ихтиёрий-мажбурий истеъфо талаб қилди, ваҳоланки ўзи союз аъзоси эмас!..”
Ана, бўлмаса!

У кассета билан Билдиргини Бош прокуратурага етказган.
Ашёвий далил борми?

Бор!

Тажовуз содир этилганми?

Худди шундай!

Яна кимга?

СССР халқ депутатига!

Совет ҳукумат совет халқининг ишончли вакилини ҳимоя қила олади!
Қарабсизки…

Бундай кўнгилсизлик кўп бўлган. Бунга мен ўзим гувоҳ. Ва бундай таҳдидлар одамни қандай еб ташлашини жуда яхши биламан…

Маҳмудов одам эмас, ўзи! Қаранг, мушоира бўлаяпти. У – раис. Ойдин Ҳожиева шеър ўқияпти.

Ёнимда Иброҳим пайғамбарим бор!..

У микрофонни чертди, бармоғи билан эмас, йўнилмаган қалам билан! Ҳожиева шеър ўқишдан тўхтади ва чимирилиб унга саволчан қаради, табиийки, залда ўтирган ихлосмандлар ҳам.

Шунда Маҳмудов:

– Муҳаммад пайғамбаринг қаёққа кетди? – деб масала қўйди.
Ойдин Ҳожиева – нозиктаъб шоира, ўтмишини эслатгани, айбини юзига солгани учун қаттиқ хафа бўлди ва минбардан тушиб кетди. Ўқимади, шеър! Шеър ўқиб бўладими, носоғ иқлимда! Нима бўлса, бўлган! Ўтган! Шуни юзга солиш керакми? Яна, сен қанжиқ, нега мўътабар тушунчани оёқости қилаяпсан, демоқчи, шекилли? Ғафуровнинг Иброҳим пайғамбардан қаери кам? Исми Иброҳим бўлса, ўзи нуктадон, яна фан номзоди, замредактор, ундан ташқари, алкимёгар!

Яна, бунинг устига, шахсан Кубронинг ити!

Йўқ, Кубронинг эмас, Воҳидовнинг ити!..

Эсиз, қариб қолди! Ёшлиги шу кунларга тўғри келса, кўп ҳурматли кўппак бўлар эди-да! Кинологлар билан божхонада туриб, яшириб қўйилган опейлар партиясини очиб ташларди! Ҳидлаб ҳам ўтирмасди!

Эсиз! Эсиз!

Алмисоқдан қолган бир сопол қозончага ияк суяб ўтди, умри!

Яна, манови маҳмадона масала қўяди!

Худонинг иши!

Аралашиб, нима қиласан?!

Нима, сен Ғафуровми, ё Муҳаммад Али? Ҳадд урасан! Улар, э-э, сен билмас экансан, бир ўлиб кўрмаган! Дунёни тескари айлантиради!

Ёки Кўчиммисан, Пиримқул Қодиров у дунёда туриб сени қўлласа, сўлоқмондай мақола ёзса!

Мақола эмас!..

“Соч эмас бу, шаршара!” – дейди-ку, ёниб Шерали Жўраев! Худди шундай: мақола эмас бу, Тақдимнома!

Девоннинг йигитлари қийналиб юрмасин, деган-да!

“Кўчим шундай! Шундай Кўчим! Кўп малака йиғган ва икки чақириқда депутат бўлган! Ҳар қандай лавозимга қўйса, арзийди! Ишончни оқлайди!..”

“Ҳуррият”да чиқди!

Қойил!

Катта охурдан ем еб ўрганган!

Қўмсайди! Ўтира олмайди, бир жойда!

Қаранг, кемиришнинг ҳадисини олганида оёғи тойиб кетди-я!
Расво қилди, Муҳаммаджон Обидов!

Шундай “учар”, туяни ютса, думи кўринмайди, хол қўйиб ўтирипти-я! Кимга ишонишниям билмайсан, одам!

Аслида, унинг белини синдирган Премьер-министр, шунинг учун уни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ!

Иштонини ечган, шу!

Гирибонидан бўғиб олди!

Мажбур бўлди у, айбини тан олишга!

Олдинги Премьер бўлса, ўтиб кетар эди, яроқсиз газўлчагичлар!
Бу, қўймади-қўймади!

Водийдаги асбобсозлик заводиниям, унинг яроқсиз матоҳини “ўтказиб берамиз” деб соққа олган Обидовниям, одамларни далвай қилиб чалғитган кўрсатувниям, олчоқ Кўчимниям авра-астарини чиқариб ташлади.
Эсиз! Эсиз!

Энди хирмонлаб йиға бошлаганида!..

“Пул жигардан бўлган”, дейди у. Шунинг учун бир сўм берсангиз ҳам олади.

Ўшанда мамлакатда газўлчагич қўйиш бошланган эди, қарангки, унинг катта қисми четдан олиб келинаётир. Ҳолбуки, ўзимизда шуни ишлаб чиқарадиган завод бор, аммо маҳсулоти ўтмайди. Омборхоналар, ҳатто завод ҳовлиси тўлиб кетган!

Завод инқирозга юз тутмоқда!

“Ўзбекнефтгаз” компанияси вакилларни бориб уни кўрган, газўлчагич яроқсиз, нуқсони бор, буни завод маъмури тан олган, қўшма акт тузган! Аммо ишлаб чиқараверган! Давлатга зиён етказса, бас! Уни ўтказиб берадиган корчалон бор!

Завод маъмури одамларнинг кўзига тик қараб, “Ахборот”да ҳақиқатнинг тескарисини айтди, компания ҳориждан маҳсулот олишдан манфаатдор, устига “қўяди”, ҳолбуки, биз билан шартнома тузган, ўз буюртмасини олмайди, оқибатда корхона банкротга учраяпти, деди.

Обидов куюб-пишиб омборхонаю ҳовлида чанг босиб ётган газўлчагичлар уюмини кўрсатди, жуда койиниб ўша компания айби билан ишчилар ҳатто ойлик ололмаётганига урғу берди, бечораларга ачинган бўлиб, тимсоҳнинг кўз ёшини тўкди!

Бундай пайтда еру осмон ларзага келади!..

Аммо Премьер-министр вазминлик билан масалага ойдинлик киритди.

Қараса, ундай эмас, тескариси! Нега? Нега маъмур оқни – қора, қорани – оқ, деяпти?!

Маълум бўлишича, Обидов, сиз шундай дейсиз, бир зарб билан ўтмас матоҳни ўтказамиз, деган!

Дўппи тор келгач, ўша маъмур: “Бунинг учун Обидовга “кўк”идан мунча бердим!”, деб “Тушунтириш хати” ёзган! Обидов ҳам: “Бунинг учун Кўчимовга мунча бердим!”, деб тан олган…

Мажбур бўлган, шунга!

Кўчим айтади:

– Ярим кечаси мени Бош вазир чақирди! Кабинетида ҳамма йиғилган! У: “Нима ……. еяпсан?!”, деб бир даста қоғозни башарамга улоқтирди! Қилғилиқни ўзи қилиб, Обидов мени фирибгарга чиқарипти! Мирзиёевга бир оғиз айтмасангиз, ёмон қилади, у шунақа одам, мнительный!..

– Мен у кишини мутлақо танимайман! – дедим унга.

Қаранг, сувдан қуруқ чиқиб кетсам дейди!

Вой туллаг-э!

Ҳалиям, Султонов бор экан, уларнинг кунига шу яради! Тўғри, олдин тишини қоқиб олди, кейин яна оёққа қўйди!

Лекин Кўчим ҳеч қаноат қилмайди!

Ичи қизийди!

Ўзини тўдага ургиси, улоқни илиб кетгиси келади, ерга текизмай!
Ўша, Қодировнинг Тақдимномаси чиққан куни, кечқурун “Ҳуррият”нинг муҳаррири билан кўришиб қолдим.

– Ўктамжон, – дедим унга мутойиба қилиб. – Қодировнинг ўлганига икки йилдан ошди! Қандай олдинглар, мақола?

– Электрон почта орқали! – деди у кулиб; ажойиб йигит-да, Ўктам Мирзаёр!

Глобаллашув!

Ўзбекистонда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар бўлиши мумкин!
Зиғирча ажабланманг!

Ўшанда Миртемир ҳам ўзи келган, Адабиёт газетасига!
Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Чалғиб кетдик.

Шайтон аралашса, шу! Албатта, калава чувалашади!

Аслида, Маҳмудовни муҳокама қилаётган эдик!

У Шарафиддиновни ҳам ўсал қилган.

Қиз талашган.

Дала ҳовлида.

Бўлмаса, қиз иккита.

Домланинг иш усули ёқмаган, шекилли, унисиям келиб бунга осилган. Буям қўядиган хилидан эмас! Бедодликни кўриб, ёши бир жойга бориб қолган одам, Озод Обидовичнинг нафсонияти оғриган. Ва шумтака ёшларни тартибга чақирган, Мамадали Маҳмудов бўлса, у билан айтишиб қолган.
Нима деган гап, бу?!

Беадаб!

Агар у одоб нималигини билганида, тарбия кўрган бўлганида, бир қизни деб отаси тенги одамни, яна кимсан, профессор Озод Обидовични невараси тенги қизлар қошида изза қилмас эди! Юзини ерга қаратмас эди!

Яна, бу етмагандек, у қизларни олиб шаҳарга қайтган!
Шунақа, Мамадали Маҳмудов.

Озод Обидович тоғда қолиб кетган.

Кимларни ўқитмаган у, кимларни ўтқазиб-турғизмаган! Қаҳҳорнинг хос надими! Қолиб кетган тоғда, хор бўлиб! Ва қайтишга мажбур бўлган, коляскада! Йўқ, у пайт оёғи бут эди! Яёв келган! Пою пиёда! Умуман, тарихий фактни бўяб-бежамаслик керак! Бунинг хосияти йўқ! Домла ҳам шундан дарғазаб бўлган! Ва “Ўлмас қоялар”ни олиб ерга “урган!”
Биласиз, унда рус босқинига қарши кураш очиб берилган. Қаҳҳорнинг одами Маҳмудовнинг кўзини мошдай очиб қўйди! Туркистон халқлари чор Россиясига ўз ихтиёри билан қўшилган-ку! Ва бу, кўрга ҳассадай қилиб “СССР тарихи”да ёзиб қўйилган! Валломат мана шу “ҳақиқат”ни эслатди, Маҳмудовга! Ва унга сиёсий айб қўйиб, “миллатчи”, деди!

Совет замонида бундан ортиқ айблов бўлмаган!

“Миллатчи”ми, демак, “халқ душмани!”

“Халқ душмани”ми, демак!..

Ўшанда Ёқубовниям маҳкамага чақириб, “олиб бориб-олиб келишган!” У Ёзувчилар союзи проза секцияси раисининг муовини эди. “Ўлмас қоялар” кенгашда муҳокама қилинган, яна денг, босишга тавсия этган! Ҳалиям мажлис қарорида муҳокама айтилган танқидий фикрлар асосида романни қайта ишлаш зарур, шундан сўнг чоп этса бўлади, деган бир банд бор экан! Жонига шу ора кирган!

Ўшанда Маҳмудов: “Оқ қора бўлмайди!” – деб чиқиш қилди, Шарафиддиновга қарши…

Аммо, қаловини топса, қор ҳам ёнади!

Оқ – қора, қора – оқ бўлар экан-ку!

Ё ундай эмасми?

Кейинги воқеалар шуни кўрсатади.

Бир иш бўлган, совет замонида! Конимехда, рост бўлса! Эҳтимол, ундай эмасдир?!

Билмадим.

Аммо, бир ашаддий “ёзғувчи” бўлган. У имзосиз хат ёзиб, ҳеч кимни кўз очирмаган! Райкомдагилар ҳам “тўйиб” кетган. Ахийри, биридан идея чиққан: “Бундан қутулишнинг бирдан-бир йўли – олдин партияга ўтказамиз, кейин “ёзмайсан” деб партийное поручение берамиз! Шу билан гулдур гуп!”

Бюрода “иккинчи”:

– “Коммунистик партия манифести”ни ким ёзган? – деб қолган.
“Ёзғувчи”:

– Мен жазғаним жўқ! – деган!

Унинг қилвирлиги “бир”нинг миясига урган!

Ҳам ёзади, ҳам тонади!

У жаҳл билан столни муштлаб:

– Сен жазғансан!, деган!

– Ўлай агар, мен жазғаним жўқ!

У ҳатто қасам ичган! Аммо, ким ишонади, унга? Қип-қизил қасамхўр бўлса?!.

“Бир” ғазаб отига минган. Ахийри, начальник милиса “ёзғувчи”нинг қўлини қайириб, олиб чиқиб кетган…

Ярим кечаси телефон жиринглайди.

“Бир” олса, начальник милиса!

Жуда хурсанд.

– Ёшулли! – дейди у. – Мўйниға қўйдиқ! Шу ит жазған экан!..
Кўрдингизми, совет замонида, “Манифест”ни бир ит “жазған”ида, Андижон воқеалари олдидан қурол тарқатган жиноятчи ими-жимида озод этилганида, мен Воҳидовнинг арзандасини айтаяпман, Маҳмудовни террорчига чиқариш шунчалик қийин ишми?!

Начальник милиса учун чўт эмас, бу! Чўпоннинг чўқайини уриб, далвай қилиб чалғитади…

Дарвоқе, ўшанда уни Шароф Рашидов ҳимоя қилган, шахсан ўзи! Ҳатто: – Янги асар ёзиб кел, мен Георгий Моеевич билан гаплашиб қўйдим, борсанг, шароит яратиб беради, – деб Переделькинога жўнатган. Маҳмудов “Қора дўлана”ни шунда ёзган. Ва бу қисса “Ёшлик” журналининг йиллик мукофотга сазовор бўлган.

Яна денг, унда ўша вақт рўй берган жирканч бир воқеа қаламга олинган. “Қўққисдан Каттанинг ўринбосари уни чақириб қолди: “Ярашмасангиз, партбилетни столга қўйинг-да, қишлоғингизга қайтиб кетинг! – деди у бургутдек ўткир кўзларини унга тикиб, – гап-сўзниям кўпайтириб юбордингиз! Одам деган орқа-олдини тозалаб юради-да!”

…Ҳеч маҳал уни ҳозиргидай важоҳатда кўрмаган, кескин гапини эшитмаган эди. Ўзини йўқотиб қўйди, у. “Йўқ, йўқ, орамиздан ҳеч қандай гап ўтгани йўқ, ярашаман!” – деганини ўзи ҳам сезмай қолди.
Ярашди, Юксак чўққига чиқиш учун ҳам ярашди…”

Ахир, бу Нурали Қобулнинг кечаги куни-ку?

Ким билмайди, буни?!

Орипов айтади, водийга бордим! Нурали юрган йўллар бўйлаб юришга тўғри келди. Куёвбола эринмай шилипти. Одамлар ҳали ўзига келган эмас.

Сафардан қайтгач, Нурали чиқди. Пича гурунг қилдик. Ҳид олган, шекилли! Тураётиб: – Абдулла ака, – деди. – Водийни айланиб, пича пул йиғдим! Дементьевнинг дачаси ёниб кетипти, шунга! Агар, атаганингиз бўлса, беринг, қўшиб юборай!

– Ука-а! – дедим унга. – Дементьев, дачаси ёнган бўлса, қуриб олар! Агар, Москва ёниб кетган бўлса, мен ҳам бир нима қўшай?!.

Товламачилик жуда серқирра. Яна улар уялмайди. Қора қилмишидан куч олади.

Маҳмудов шу одам ҳақида ёзиб юрибди, ҳатто хотинини бировга қўшиб, суратга олгани-ю, “Амакисидан зулм кўрдим!” – деб уни ЦэКага олиб чиққанигача! Замон ўзгаргач!..

Уям тиш қайради.

Қиладиган иши йўқ!

Озод Обидовични айтмаса ҳам бўлади. Кечалари уйқуси қочиб, неча тонг пичоқ қайраб чиққан.

Ёғий қўшилиб кетди.

“Ҳап, сеними, шошмай тур!”

Пайт пойлади.

Ниҳоят, ўч олиш вақти келди.

Бирдан Шарафиддинов кучайиб кетди.

Шогирдлар мафкура бўйича қози, қози калон! Ўғли замначальник милиса, яна тергов бўйича! Ўзи эса, кимсан, Мересьев!

“Мана, бўлмаса!” – деб уни ерга “тиқиб” юборди.

Ҳатто темир эшик ҳам жонига ора кирмади.

Ҳолбуки, Маҳмудовнинг терроризмга ҳеч қандай алоқаси йўқ, унинг юзи ёруғ, айби шуки, ўшанда Шарафиддиновга: “Сен ҳеч ишга ярамасанг, мен нима қилай?!” – деган!

Халқаро террорчи деб Тоҳир Йўлдош билан Мадаминовни айтса, ярашади.
Шарафиддинов – қизил террор оқоваси. Алишер Озотович ундан қўл олган.
Воҳидов билан Султонов эса, ҳаммасининг падари бузруквори! Чегарада пайт пойлаб турганлар ҳам, ичкарида иш қилаётганлар ҳам, ҳатто ундан каттаси ҳам уларга тобе! Козим Тўлаганов кабилар амалга ўтириб, халқнинг ризқини қирқиб, уларни қўллаб келди, терроризмни молиялаштирди.

Бу – ўша қавмнинг иши!

Мудом шундай йўл тутган. Кечаси қон тўккан, кундузи қози бўлиб, қонхўрни ахтарган…

Қаранг, гапдан гап чиқади.

“Тўлагановни бу ишга нима дахли бор?”

“Худой”ини айтгач, “берди”синиям айтмаса бўлмайди!

Бир куни, у вақт девонда ишлайман, “Қишлоқ ҳаёти” Тошкент вилоятини оқсоқликда айблади. Уни Ўткир Раҳмат ёзган эди, Бош муҳаррар. Яна унда ишим бор эди, шу боис, улов чақириб, йўлга чиқдим.

Омон ака деган бир ҳайдовчи бўлар эди, у замонлар; бир маҳал шу:
– Ғаффор ака! – деб қолди, жуда салмоқлаб. – Ўткир Раҳмат кимига ишонади?

– Нега ундай деяпсиз?

– Козим окамгиларни “уриб” чиқипти!

– Ҳа, энди, ҳаёт! Бўлади-да, шунақаси ҳам! Кўрсатма бўлса, қилади!

Сиз буни биласиз, тушунасиз! Ўзингиз девонда ишлайсиз!

– Э-э! – деди ҳалиги ҳайдовчи осмондан келиб. – Сиз билмас экансиз! Чегарада пайт пойлаб турганлар ҳам, ичкарида иш қилаётганлар ҳам Козим окамгиларнинг йигитлари! Бир имо қилса, Ўткир Раҳматнинг уйига ўт қўяди! Бола-чақасига қўшиб ёқиб юборади!

Жуда оғир гап айтди, у!

Нима дейсиз?

Ўткир Раҳмат қасддан қилган бўлса, бошқа гап! У тўғриликни айтган!

Ернинг умрини куйдириб нима қиласан, бу – деҳқоннинг хонумонини куйдириш, ризқини қирқиш, аслида, деган! Ҳокимга вазифасини эслатган!

Хўш, бунинг нимаси ёмон? Шунинг учун бола-чақасига қўшиб, ёқиб юбориш керакми?!

Сиркаси сув кўтармайди, окамгиларнинг!

Нуқул осмондан келади.

“Кимингга ишонасан?!”

“Қўлингдан нима келади?!”

Шундай замзама қилади!

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, бу – нима дегани?!

Астойдил хафа бўлдим. Ўша одам уч-тўрт кун ўтиб, ўлиб кетди, аммо менинг фикримни ўзгартди. Қаранг, қанча қон тўкишди! Уни ким-кимлардан кўриб юрдик! Ёт эллардан хафа бўлдик! Ҳолбуки, ҳаммаси ичимизда экан, ўзимизнинг таниш-билишлар, қадрдон ошна-оғайнилар!..
Борсам, Ўткир Раҳмат ҳам эзилиб ўтирибди. Козим окамгилар ҳукумат телефони орқали жеркиб ташлабди.

– Кимингга ишонасан?! – депти у, силтаб. – Сен нима деб ўйлаяпсан?! Кўрасан, “учиб” кетади! Ҳаммаси ўзимизга қолади, ҳали! Шунда жавоб беришга тўғри келади, Раҳматов!

Мен Ўткир аканинг кўнглини кўтардим.

– Окамгилар шунақа, қайтмайди! – дедим унга. – Қўйинг, сиқилманг! Ўзингиз айтгансиз-ку, “Худо бобом ўзи билади”, деб! Ўзи билади, жой-жойига қўяди! Сиз хотиржам бўлинг!..

Кейинчалик, Фавқулодда ишлар вазирлигининг Қамчиқ довони бўйича масъули бўлган Тўрамирзо Орипов айтди: “Андижон воқеалари рўй берган куни катта йўл атрофида ваҳҳобийга ўхшаш йигитлар изғиб қолди! Ўша воқеа бартараф этилгач, яна улар қумга сингган сувдай йўқолди”.

Ўшанда биргина Мирза Кенжанинг уйидан ўн тўртта шундай шотир изғиб чиққан, “инқилобчи!”

Буни ҳамма кўрган, бутун маҳалла!

Ички ишлар ходимлари олиб кетган, уларни!
Одамлар ҳайрон!

Чунки, ҳаётнинг ички оқими юза қисмидан илгарилаб кетган!
Жоду қуюнга ўхшайди, фақат у кўзга кўринмайди.

У шиддат билан ҳаёт оқимини суриб кетади ва унинг ядросида шунга ҳозирланган шотирлар “ўйин” қилади.

Қолганлар эса, нима бўлаётганини англаб ета олмайди!

Аммо тўфон уюрмасига тушгач, унинг таъсирида оёғини қўлига олиб ўзини ўтга-сувга уради, югуради-елади ва қип-қизил “инқилобчи”га айланади!
Бу – шундай бало!

Руҳий таъсир орқали тўлғама ясайди!

Билағон сиёсатчилар уни “экспанция” дейди!

Унга пешвоз чиқиб, ғулу солувчи, одамларни “ўчоқ”қа бошловчи, оловга мой пурковчи эса, ўша ҳайдовчи айтган “Козим окамгиларнинг йигитлари” бўлади!

Биз уларни “шотир” дедик, сиёсатчилар “ижрочи” дейди. Козим окамгилар эса, “ташкилотчи”. Яна “буюрмачи”си ҳам бор, ҳали униям билиб оласиз…

Улар фақат фитна ва нифоқ солади, уруш ва террор содир этади, исён ва ғалаён қўзғайди, деб ўйламанг.

Улар кундалик ҳаётда ҳар бир нафасингизга шерик!..

Андижон воқеалари содир этилганда ҳарбий ҳолат ҳукмрон эди! Аммо, пост-потрулда турган қўриқчилар тош қотиб “ухлаб” қолган!
Шундай бўлиши мумкинми?!

“Инқилобчи”лар уларнинг қуролини олиб, ўзларини отиб ташлаган ва эмин-эркин ичкарига ёпирилиб кирган! Ва шаҳардаги ҳарбий қисмга ҳужум қилган!

Қандай журъат этган, шунга?

Ҳар ҳолда, ҳарбий қисм – ҳарбий қисм!

Аммо, улар шу ерда тиш-тирноғигача қуролланган, сўнг техникага таяниб қамоқхонага бостириб кирган!

“Инқилобчи”лар маҳбусларни чиқариб, ўзларига қўшилишга ундаган!

“Бизга автомат, гранаталар тарқатишди, – дейди бир маҳбус. – Кўпчилик, шунингдек, мен ҳам “отишни билмайман” деб қурол олмадик. Шунда бизни вилоят ҳокимлиги томон ҳайдашди. Бино атрофидаги темир панжаралар олдига қатор қилиб қўйиб чиқишди” .

Улар “жонли қалқон” бўлиб қолмай, вазиятга тус бериб турган…

Ўша қамоқхонада 46 нафар хизматчи бўлган, бир соқчи омон қолган, халос! Уям “вышка”да тургани ва ётиб олгани учун!

Ҳаммасини, ҳатто иккита алоқачи аёлни ҳам улар отиб ташлаган!

“Нега ҳеч ким қаршилик қилмади? Ёки қурол йўқмиди?” – деса, ўша соқчи айтадики: “Автомат берган эди! Аммо ўқ беришмаган!”

Ҳолбуки…

Шундай бўлиши мумкинми?!

Биласиз, қамоқхона Ички ишлар вазирлигига қарайди!

Шу ишлар бўлганда ва, ундан сўнг, бирон ҳафта милиса камдан-кам кўринган, ички ишларга кам аралашган!

Нега?!

Андижон воқеаларидан сўнг “жаноб” Оқмирзаев нега судланди?

У Алматовнинг тус божаси!

Мудофаа вазири ҳам “инқилоб” тарафида бўлган!

Байналмилал маданият маркази директори, ҳатто “Камолот” етакчиси ҳам!..

Мен Бобур жамғармаси тизимидаги оқ либосли тадбиркорлар “ўйин”ини ва қолган-қутганини айтмай қўя қолай!..

Ҳали бу ҳақиқат қуёшдай балқиб, бор бўй-басти билан тўла рўёбга чиқади! Бунга ҳеч ким монелик қила олмайди! Ҳокимият ҳасратида қон тўкканлар унинг уволига қолади! Ва сиз бунга гувоҳ бўласиз…

Шунақа!

Нима учун одамлар темир эшик қўяди?

Бунинг сабабини энди англагандирсиз?!

Бой бўлгани учун эмас! Уларни “кетмондаста”лар, яъни, “ижрочи”ю “ташкилотчи”лар ҳоли-жонига қўймаган, сира! Чунки шундай “буюртма” бўлган. Ёвуз ва бадкирдор куч учун буюрмада нажот бор. Шу боис, қутқу солиб, еб-ичган, қўлидан келса, ҳаётини бузиб ташлаган! Мана шундай вазиятда темир эшик одамнинг жонига ора кирадигандай бўлиб туюлади.
Астафьев куйиб-пишгани билан кимнинг нима ишинг бор, қачонки, биров бўғзингга пичоқ тираб турган бўлса!..

Темир эшик, темир дарвоза ва темир панжара шундан қолган, асли…

Усмон Қўчқор:

– Англаган:
Сукутда бир садо яшар,
Ҳар қандай ғафлатда бир уйғониш бор.
Ҳар қандай ғамда бир шодлик бор, магар,
Ҳар қандай сўнишда қайта ёниш бор…

Вафо Файзуллоҳ:

– Орзунг сурурга тўлар,
Айтма, сирингни айтма.
Ҳар сўзинг ҳикмат бўлар,
Қайтма, йўлингдан қайтма…

Leave a Reply
*