Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: ТИНТУВ ВА ҲИБС (3-КИТОБ, 1-БОБ)
03/08/2016 Бош мақола
Яхши-суъратимИСМАТ ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

УЧИНЧИ КИТОБ
 (3 китоб, 1-боб)

 

“Дунё ўзбеклари”дан:
 “Подшо эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар тўпламининг 3-китобини эълон қила бошлаймиз.
Унда шонли ва суронли Бош муҳаррирликдан урилиб, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга ҳибс этилган Исмат Хушевнинг ўзбек қамоқхоналарида –  мустақилликнинг турма ва зиндонларида кўрган кечирган қонли ва фиғонли кунлари ҳақида ҳикоя қилинади…

 

 

А бу Бўри акам ку

Суратда: “Ҳаёт ва Иқтисод” – “Жизнь и Экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи), Республика Адлия вазири Алишер Мардиев (ўртада), Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоевлар Олий Кенгаш сессияси залларида…
Бош прокурор ва Адлия вазири билан даврадошлик ҳам Исмат Хушевни ҳибсдан асраб қололмади…

 

Исмат Хушев Бўри билан Тошоблда

Суратда: “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи) Ўзбекистон Бош прокурори Бўритош Мустафоев (чапдан биринчи) ва Тошкент вилоят транспорт прокурори Салоҳиддин Акрамов (ўртада) билан

 

 

ТИНТУВ ВА ҲИБС

 

1.

Демак, 25 июль куни СНБ дан уйимга қўнғироқ қилиб, эртага эрталаб уйда бўлиб туринг, машина боради деганларидан сўнг бўлиб ўтган воқеаларни биласиз.
Ўша куни кечқурун руспублика прокуратурасида ишловчи дўстим Хуррам Холиқов келиб, майда-чуйда, қоғоз-поғоз, пул-муллар бўлса, у ёқ бу ёққа тарқатиб юборинг деган эди.
Хуррам ака шу гапларни айтиб, қандай келган бўлса шундай яна қоронғилик қаърига шўнғиб кетганидан кейин кўнглим хижил бўлиб, туни билан ухлолмай, тўлғониб  чиқдим.
Бугун энди орадан шунча йиллар ўтиб кетганидан кейин, Хуррам ака ўшанда мени яхши ният ва соф кўнгил билан огоҳлантириб кетганини, менга дўстлик қилганини тушундим.
Лекин мен унинг ўша оқшомги огоҳлантиришини тўлиқ англаб етмаган эдим.
Қолаверса, СНБга ёзган хатим ва уларнинг мен билан боғланиб: “Исмат ака, раисимизга хат ёзган экансиз, шу бўйича баъзи савол жавоб ишларимиз бор” деганлари юрагимда умид учқунлари уйғотган эди.
Мен яхши кўрган ва меҳр қўйган Президент мени ҳеч қачон кўчада қолдирмаслигига, бир оз вақт ўтиб яна ёнига олишига чин юракдан ишонар эдим. Мени СНБга Умрзоқовни ёмонлаб мактуб ёзишга ундаган нарса ҳам – Президентга бўлган ана шу ишонч ва садоқат эди.
У киши билан орамизда – Ўзбекистон олий раҳбариятидаги улай булай мулозимга насиб этмаган яқинлик, ўзъаро ишонч ва самимият ҳам – мени шундай деб ўйлашимга ва ишонишимга маънавий ҳуқуқ ва асос берарди.
Лекин бу дунёда шоҳ ва ҳукмдорлар, давлат раҳбарлари ва Президентлар ўз салтанатига тасодифий аралашиб қолган қандайдир бир журналистга алоҳида меҳр ва мурувват кўрсатишлари мутлақо бўлмаган нарса эканини мен ҳали билмасдим.
Шаҳаншоҳлар учун биз – ён атрофидагилар оддий бир гадо ўрнида эканимизни, улар биз ғариб бечораларга ҳеч қачон меҳр шафқат билан қарамасликларини, улар учун биз ҳатто оддий бир чўмоли ва ё чивинчалик ҳам қадрли эмаслигимизни тасаввуримга ҳам сиғдира олмасдим…

 

2.
Қўшнимиз Баҳодир аканинг айтиши бўйича 26 июль куни эрталабки соат олтиларда уч-тўртта “РАФ” – маршрутка Герман Лопатин кўчасидаги уйимизнинг ёнига келиб тўхтайди.
Пардаси туширилган машиналардан ҳарбий дала кийимидаги “ОМОН”чилар тушиб, уйимизни қуршаб оладилар. (“Тиш-тирноғигача қуролланган  немис фашистлари хиёнаткорона бостириб киришади” деган гапларни илгари “СССР тарихи” китобида ўқиган эдим).
Улар соат еттигача машиналарга ўрнатилган рация орқали бошлиқлари билан боғланиб, гаплашиб туришади. Уларда битта қоида бор экан: Кечқурун ўндан то эрталабки еттигача бирорта ҳам фуқаронинг уйига бостириб кириш, уларни безовта қилиш мумкин эмас экан.
Фақат эрталабки еттидан кечки ўнга қадар хоҳлаган кишининг уйига кириш ҳуқуқига эга эканлар. Эрталабки еттидан кейингина уйга бостириб кириб тинтув қилиш, фуқароларни тергов қилиш ва ҳибсга олиш мумкин экан.
Бу 1994 йилнинг гапи.
Кейинги йигирма икки йилда Ўзбекистон куч ишлатар тизими ходимлари  расмий ҳужжат ва касбий кўрсатмаларидаги бу умуминсоний қоидаларни тамомила унутиб қўйишди…

 

 

3.
Ўша куни эрталабки соат еттида мен ухлаб ётган эдим.
Ярим кечагача ҳар хил хаёлларга берилиб, у ёнимдан бу ёнимга ағдарилиб ухлай олмаган эдим. Тонгга яқин кўзим илинган экан. Бир пайт эшик тақиллаб қолди. Кимдир жуда қаттиқ зарбалар билан эшикни синдириб юборгудек тақиллатди.
Аслида, эшик ёнида қўнғироқнинг тугмачаси ҳам бор эди, лекин чақирилмаган меҳмон негадир эшикни синдирмоқчи бўларди.
Ўрнимдан сапчиб турдим. Плавкачан югуриб бориб эшикни очдим: “Нима бало, кўрмисан?! Тугмачани боссанг ўласанми?!” демоқчи эдим. Қаёқда! Нима демоқчи эканлигим ҳам эсимдан чиқиб кетди: эшикни очдиму, тўппончаларини пешонамга ўқталиб турган ўнтача “ОМОН”чиларга дуч келдим. Саккизтаси бирданига уйимизга бостириб киришди.
Барваста бир йигит тирсаги билан иягимни кўтариб, деворга тақаб қўйди: икки оёғимга қаттиқ тепди. Мен қўлларимни бошимнинг орқасига қўйганимча, шифтга тикилиб қолдим.
Анави азамат эса тўппончасини пешонамга тираб: “Қимирлама!” деб буюрди.
Шундоқ ҳам қимирлаш ниятим йўқ эди, мен аллақачон эс-ҳушимни йўқотиб, тахта бўлиб қолган эдим.
Иссиқ бир нарса оёқларимдан ўрмалаб тушаётганини бехосдан пайқаб қолдим…

 

 

4.
Ётоқ бўлмасидан ички кўйлакда оилам Наргиз югуриб чиқди. Болаларим ҳали ширин уйқуда эди.
Остонада турган битта шоввоз:
– Биз Миллий Хавфсизлик Хизматиданмиз! – деб гувоҳномасини кўрсатди. Лекин у билан бизнинг орамиз узоқ бўлгани учун қанақа гувоҳнома кўрсатганини аниқ билиб бўлмасди. – Ҳамма жойида турсин, ҳеч ким қимирламасин! – деди.
Биз уч хонали уйда яшардик. Ҳар бир хонага олтитадан, жами ўн саккизта “ОМОН”чи бостириб кирди. Ҳатто болалар хонасига ҳам олти киши бостириб кириб, хонадонимизни батамом ишғол қилдилар.
Кейин ўша кимса:
– Сизнинг уйингизда тинтув ўтказамиз, – деди менга.
Мен аллақачон тамом бўлган эдим. Қўрқув ва шок – мени аллақачон ўзига асир қилиб олган эди.
Мени олдиларига солиб кутубхонамга ҳайдаб кирдилар.
Бир гуруҳ ҳарбий кийимдаги кишилар жавондаги китобларимни бирма бир варақлай бошлашди…

 

5.
Эрталабки соат еттидан то тушки ўн икки ярим – бирга қадар китобларимнинг ичидан қандайдир “ашёвий далил”ларни зўр бериб қидиришди.
Ҳатто айрим китобларни ўқиган чоғимда саҳифаларнинг ҳошиясига қайд этиб қўйган ёзувларимни ҳам бир-бирларига кўрсатишиб, қайта қайта ўқиб кўрдилар, баъзан шубҳали туюлган қайдларни суратга ҳам олдилар.
Шунда қизиқ бир воқеа бўлди.
Одатда, бирорта китобни синчиклаб ўқисам, баъзан ўзимга маъқул бўлган ёки ғашимни келтирган жумлаларнинг остига қалам билан чизиб қўярдим.
Жумладан, “Бобурнома”нинг ҳам айрим саҳифаларида мен чизиб қўйган жумлалар бор эди. Масалан, 1989 йилда “Юлдузча” нашриётида чоп этилган “Бобурнома”нинг 82-саҳифасида: “Шаҳарнинг ўртасида Улуғбек мирзонинг мадрасасининг томининг устида оқ уй тикиб ўлтурдим” деган жумлаларнинг остига чизиб, “Мирзонинг мадрасасининг томининг” деган учта сўзнинг остига қўшалоқ чизиқ тортиб қўйган эканман.
Бир пайт “Бобурнома”ни варақлаётган СНБ ходими пичир- пичир қилиб, шеригига китобнинг ўша саҳифасини кўрсатди. Шериги мен томонга ғалати қараб қараб қўйди-да, сўнг ўша саҳифанинг юқори томонига кўрсатгич бармоғини ниқтаб уни бадқовоқ битта ходимга кўрсатди.
Бадқоқов ходим, афтидан, унвони каттароқ раҳбар бўлса керак, бояги жумлаларни қайта қайта ҳарфлаб ўқиб кўрди. Сўнг: “Тушунмадим”, деб елкасини қисди.
– Русчага таржима қилиб берайми? – деди “ашёвий далил”ни қўлга киритган ходим.
– Давай, переведи! – деди бадқовоқ.
– Бўпти, фақат маъносини таржима қиламан… Дарвоқе, Алоуддин Мансур ҳам Қуръоннинг маъносини таржима қилганига яқинда иқрор бўлди… Так, так. Самарқанддаги Регистон майдонида Улуғбек мадрасаси бор, ўша мадрасанинг томига оқ уй тикиб… Так, вот как! – деб юборди бирдан кўзларини катта катта очиб: – Ие, ўша мадрасанинг томида қотиллик рўй берган экан! Мана, “ўлтурдим” деяпти, – деб Бадқовоққа эски ўзбек тилида ёзилган сўзни кўрсатади.
– Кимни ўлдиришган экан? – деб сўради Бадқовоқ сергак тортиб.
– Кимлигини айтмаган. Консперация қиляпти, шекилли…
– Хўш, ким кимни ўлдирган? – деб сўради Бадқовоқ менга ўқрайиб.
Мен “Бобурнома”нинг муҳокамага сабаб бўлаётган жумлаларини ўқидиму, уйимда тинтув бўлаётганини ҳам унутиб, бирдан кулиб юбордим:
– Ҳеч ким ҳеч кимни ўлдиргани йўқ, “ўтирдим” деяпти. “Посидел” деяпти деб изоҳ бердим.
Бадқовоқ тинтув чоғида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимга норози қиёфада тикилиб қолди. Ходим китобни қўлига олиб қайта ўқиди:
– Йўқ, “ўлтурдум” деб ёзилган. Демак, “прикончил” ёки “убиль” деб иқрор бўляпти, ўзининг қилмишига иқрор бўляпти…
– Бўлмаган гап! Ишонмасангиз, ана, телефонни олиб любой адабиётчидан сўраб кўринг! – дедим. – Қолаверса, нега беҳудага бошларингни қотиряпсизлар!? Агар ўлдирган бўлса, бундан 494 йил бурун Бобур бировни ўлдирибди! “Срок давности” ҳам аллақачон ўтиб кетган…
– Умуман олганда, он прав, – деди Бадқовоқ.
– Нега бўлмасам, айнан шу жумлаларнинг остига чизиб қўйган?! – деб шубҳаланишда давом этди сергак ходим. – барибир Самарқандга одам юбориб, Улуғбек мадрасасининг томида қотиллик рўй берган-бермаганини текширтириб кўриш керак, – деб таклиф қилди.
– Это можно сделать, – деди Бадқовоқ. – Лекин ўзи иқрор бўлса, енгил бўларди. Хўш, бу жумлаларнинг остига нима учун чизиб қўйгансиз? – деб сўради мендан жиддий оҳангда.
– Биринчидан, Бобурнинг мадраса томига чиқиб олиб, оқ ўтов тикиб ўтиришининг ўзи менга қизиқ туюлган бўлса керак. Иккинчидан, қисқагина битта гапда қаратқич келишигининг қўшимчасини (“нинг”) кетма кет уч марта ишлатилиши ғализлик ҳисобланади. Ўзбек тили қанчалар гўзал ва бой тил. “Тил”дан бизга шундай таълим беришган. Наҳотки, Бобур ўзбек тилининг қоидаларидан бехабар бўлган бўлса?
– Шошманг, қаратқич келишиги рус тилидаги қайси падежга тўғри келади?
– Родительний падеж: Бош келишик, тушум келишиги ва Қаратқич келишиги бўлади…
– Ўртоқ полковник, бу тирранча сизга ақл ўргатмоқчи бўляпти! – деди ходим ялтоқланиб.
– Шунақами? Менга ақл ўргатмагин. яхшими?
– Кечирасиз, – дедим-да, бир четга бориб турдим.
Улар “Бобурнома”нинг ўша саҳифасини ҳам суратга олишди…
6.
Шу орада бир неча маротаба телефон жиринглади, лекин мени телефонга яқинлаштиришмади.
Назаримда, Миллий Хавфсизлик Хизматидан телефон қилишарди: “Нега бунча чўзилиб кетди?” деб сўрашарди.
Кейин беш олтитаси видео камерасини кўтариб, менинг гаражимга ўтишди. Гаражни ҳам видео тасвирга тушириб келишди.
Деразаларидан мўралашиб ўтирган қўни қўшниларнинг олдида биз ноқулай аҳволга тушиб қолдик.
Сўнгра уйимизни ишғол қилганларнинг бир гуруҳи оиламни ўзлари билан машинага миндириб, Қибрайдаги боғ-ҳовлимизга олиб кетишди.
– Бизга йўл кўрсатиб боради, – дейишди.
Аслида ўзлари бизнинг “Дача” қаерда жойлашганини яхши билишарди.
Кейинчалик Наргизнинг айтишича, ўзлари боғ-ҳовлимизни адашмасдан топиб беришган. Хотинимдан бир оғиз ҳам сўрашмаган. У фақат – “Дача”да тинтув ўтказилганда гувоҳ сифатида керак бўлган.
Маълум бўлишича, 9 май куни ҳам айнан мана шу ходимлар бизнинг “Дача”даги ўтиришимизни суратга ва видеога олишган экан…
Хуллас, боғ-ҳовлига боришгач, ҳамма ёқни тинтув қилишади.
Ертўлага тушиб, флягаларни ағдариб кўришади. Боғ-ҳовлимиздан пул-мул қидиришади.
Ваҳоланки, аҳмоқ одамгина дачасига (айниқса, кўпинча назоратсиз қолдириладиган бўлса) бирор нарсани яшириб қўйиши мумкин.
Дачамизда рўзғор буюмларидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди…
7.
Соат учлардан ўтиб – тўртларга яқин қўшниларимизни гувоҳликка  чақиришади.
Хусусан, Германияга Мавлон ака билан бирга таржимон бўлиб борган Баҳордир акани ҳам чақиришди. Ҳибсга олинаётган одамнинг қўни қўшнилари бу ҳолга гувоҳ бўлиши керак экан.
Улар қаторлашиб мунғайиб ўтиришди. Мен титраб қақшайман, ўпкамни босолмай йиғлайман.
Ниҳоятда шармандагарчилик бўлди.
Энди эрталабки шоковой ҳолат ўтиб, кечга яқин секин аста ўзимга кела бошлаган эдим…

 

8.
Ўша куни уйимизни обдон тинтув қилишган бўлса-да, лекин ҳеч нарса топишолмади.
Охирида Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматов менга совға қилган ханжарни кўрсатишиб: “Қаердан олгансиз?” деб сўрашди. “Зокир акам совға қилган!” дедим.
Жавобимни эшитиб, ханжарни жойига қўйиб қўйишди. Янаям аниқроқ айтсам, ханжарда Зокиржон аканинг менга бағишлаган дил сўзлари ўйиб ёзилган эди. Улар шуни ўқигандан кейин ханжарни олишга журъат этишолмади.
Акс ҳолда бу ханжарни Улуғбек мадрасасининг томида рўй берган қотилликка алоқадор “ашёвий далил” сифатида мусодара қилишлари ҳам мумкин эди…

 

9.
Уйимизда тинтув ўтказган одамлар СНБ билан Прокуратура ходимлари эди.
Эрталабки еттидан бошланган тинтув кечки соат олти-еттиларга қадар давом этди.
Улар ён дафтар ва блокнотларимнинг ҳаммасини, бир қанча китоб-дафтарларимни олишди.
– Мана шу дафтарларингиз бўйича айрим тушунмовчиликлар чиқиб қолди, уларга ўзингиз изоҳ берсангиз яхши бўларди. Агар биз билан бориб, баъзи бир саволларимизга жавоб бериб келсангиз яхши бўларди. Кейин бемалол қайтиб келаверасиз, – дейишди лўттибозлар.
“Сизни қамаб қўямиз, хотин, бола-чақангиз билан хайрлашиб олинг!”, дейишмади.
Қимматбаҳо қўл соатимни ҳам (Уни расмий давлат сафари билан Туркияга борганимизда Бош вазир Сулаймон Демераль совға қилган эди), никоҳ узугимни ҳам ўзим билан олиб кетдим.
Энди уй атрофида – эрталабки тиш тирноғи билан қуролланган ўттиз-қирқ нафар “ОМОНЧИЛАР” ўрнига, бор йўғи етти саккизта фуқаро кийимидаги ходимлар қолганди, холос…

 

10.
Қўшниларимизнинг айтишча, “Обьект на месте!” деб ахборот берилгач, ойналари парда билан тўсилган “РАФ”ларнинг беш-олтитаси қайтиб кетган экан.
Бир машина “ОМОН”чилар уйимизни, яна бир машинаси гаражимизни қўриқлаб қолишади.
Эрталаб хонадонимизга ёпирилиб кирган “группа захват”нинг йигитлари ҳам бирин кетин ташқарига чиқиб кетишади.
Хуллас, ўшанда қирқдан ортиқ “ОМОН”чи бизнинг уйимизни ишғол қилишади.
Кейинчалик билсам, Мавлон Умрзоқовни ҳам худди шу тарзда қўлга олишган экан. Бошқалар ҳам шунақа ваҳима билан ҳибсга олинади.
Махсус хизмат идораларининг иш услуби шунақа экан.
Хуллас, ёзув-чизувларга изоҳ берасиз деб, мени ҳам ўзлари билан ташқарига таклиф қилишди.
Иккитаси қўлларимдан ушлаб, машинага чиқаришди.
Икки мошин олдимизда, икки мошин орқамизда худди давлат картежидаги Президент каби иззат икром билан мени Бош прокуратурага олиб кетишди…
11.
Ўша кунларда Аҳмад Отажоновнинг қамалганлиги тўғрисида хабар тарқалган эди.
Мен иккинчи бўлиб қамоққа олинганман, мендан кейин Мавлон акани қамашади.
Демак, Отажонов билан Хушев давлат маслаҳатчиси Умрзоқовнинг энг яқин одамлари, агар шуларни қамоққа олсак, Мавлоннинг барча айблари ошкор бўлади деб ўйлашади…

 

12.
Мени машиналар карвонида дабдаба-ю, ас-аса билан тўппа тўғри республика прокуратурасига олиб боришади.
Ўша кунларда Ўзбекистонда бензин танқислиги бор эди. Шу боис бўлса керак, бензин ташийдиган махсус бензавозларда куч ишлатар тизими идораларига имтиёзли ва тоза бензин тарқатиларди.
Мени “РАФ” автомашинасида орқа тарафдан прокуратура ҳовлисига олиб киришди. Ҳовлида машиналардан тушиб, бинонинг ичкарисига кирар эканмиз, бензин олиш учун навбатда турган прокуратура ходимлари ёппасига мен томонга ўгирилишиб: “Ана, Исмат Хушевни олиб келишди! Исмат Хушевни олиб келишди!” деб шивир-шивир қилишди.
Республика прокуратурасининг аксар ходимлари мени яхши танишарди. Чунки мен прокуратуранинг деярли барча ўтириш ва зиёфатларида, расмий ва норасмий банкетларида иштирок этардим. Бош прокурор билан яхши алоқада эдим. Хуррам Холиқов ва бошқа яқин дўстларим прокуратурада ишлашарди.
Бензин олиш учун навбатда турган йигирмадан зиёд прокуратура ходимлари мени кўриб қотиб қолишди.
Мен уларнинг ёнидан – олдимда икки нафар, ортимдан уч нафар “оперативник” кузатувида ерга қараб ўтиб кетдим…
13.
Бир хонага олиб киришди.
Уйимиздан олиб келинган нарсалар – дафтар-китоб, ёзув-чизувларни жуда узоқ сўраб суриштиришди.
Соат тунги ўнгача ушлаб ўтиришди.
Узун бўйли, ориқ – қозоқбашара терговчи бор экан.
– Энди мен сени тергов қиламан, – деди у ниҳоят мулозаматни ҳам йиғиштириб қўйиб.
– Хўш, қани менга айтчи, Умрзоқовнинг нечта ўйнаши бор эди? – деб сўради томдан тараша тушгандек.
– Билмайман, буни ўзидан сўранглар!
– Унинг қанча пули бор?
– Мен қайдан билай?
– Президентга қарши уюшган  гуруҳнинг аъзолари кимлар эди?
– Қанақа гуруҳ? Қанақа аъзо?
– Қачон давлат тўнтариши қилмоқчи эдинглар?
– Нима деяпсиз ўзи: ?
Хуллас, мана шунақанги аҳмақона саволлар билан бошимни қотириб, роса ваҳима қилишди.
– Ҳожатхонага бориб келсам бўладими? – дедим охири сабрим чидамай.
– Олиб боринг! – деди терговчи битта ходимига.
Тўппончасини тасмасига қистириб олган  бир йигит олдимдан, яна биттаси ортимдан юриб, мени ҳожатхонага бошлаб кетишди.
Аввал биттаси ҳожатхонани текшириб чиққач, сўнг мени ичкарига киритишди.
Мени қамоққа олишди, шекилли деган совуқ бир ўй юрагимни тилиб ўтди.
Лекин шундай бўлишига ишонгим келмасди…
14.
Хонага қайтиб кирганимиздан сўнг, мен ўтирган стол устида тўртта пирожки турганини кўрдим.
Шундагина эрталабдан бўён ҳеч нарса емаганимни билдим. Лекин барибир егим йўқ эди. Қамалган одамнинг иштаҳаси ўларкан.
– Еб олинг, оч қоласиз… – дейишди улар сирли қилиб.
Тунги соат ўн иккиларга бориб, бояги терговчи ниҳоят:
– Энди мен сизни бугунча қамоқда олиб қоламан, – деди. – Икки-уч кундан сўнг, агар айбингиз бўлмаса, сизга жавоб бериб юборамиз, – деди. – Туфлингизнинг боғичини, белингиздаги камарни ечиб беринг…
Шунда мен ғалати бўлиб қолдим.
Бундай пайтда одам шалвираб қолар экан.
– Қўлларингизни кўтаринг! – деб чўнтакларимни, оёқларимнинг орасини пайпаслаб кўрди.
Шахсий буюмларимни – узук, соат, ҳамёнларимни столга қўйишиб, ҳаммасини рўйхатга олишди.
Шундай қилиб, 1994 йил 26 июль куни эрталаб соат еттию нол-нолда уйимизга бостириб кириб, тинтув қилишни бошлашган бўлишса, тунги ўн иккиларга бориб ўзимни ҳам обдон тинтиб кўришди ва қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, вақтинча – фақат 72 соатгагина қамоққа олинганимни эълон қилишди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада
8 март, 2016 йил

 

"14" Comments
  1. Mavjud xokimiyat naqadar badgumon ,qurqoq aqldan tashqari darajada vaximachi ekanligi ochiq kurish mumkin ularXavsizlik tizimi uzlarini hajviya qilgishgan ekan ,Ismat Xushev esa jurnalistni quroli – Qalam ekanligini yana bir bor isbotladi .

  2. Офарин сизга ҳурматли Исмат ака! Тарихимизни худди ўзидек-борини бор, йўғини йўқ қилиб ёзганлигингизни бугунги ахволимизнинг ўзи исботлаб бўлди.
    БУЮК КЕЛАЖАКНИ АНА ШУ СИЗ ЁЗГАН КИМСАЛАР ҲАЛҚ УЧУН РАВО КЎРМАСДАН КЕЛИШМОҚДА, ЎЗЛАРИ ЭСА ОШИБ, ЎТИБ ҲАМ КЕТИШДИ. ЎША ДАВРЛАРДАЁҚ БОШЛАНГАН ҚАТАҒОН БУГУНГИ КУНЛАРГАЧА МИНГЛАБ ВАТАНПАРВАРЛАРНИ ХАР КУЙГА СОЛДИ, ҚОЧА ОЛМАГАНЛАР ЙЎҚ ҚИЛИНДИ, КЎПЧИЛИКНИ ЭСА ОРТИДАН БОРИШИБ ЙЎҚ ҚИЛИШМОҚДА.
    БУТУН ДУНЁГА ШАРМАНДА БЎЛИШСА ХАМ ЮРАВЕРИШАДИ, АММО ЎЗБЕК ХАЛҚИ ЁЗГАН ХАТ ВА ШИКОЯТЛАРГА, ҚОЛАВЕРСА ҚОНУН ОЛДИДА ЭРТА БИР КУН ЖАВОБ БЕРИШ КЕРАКЛИГИ ҲАҚИДА ЎЙШАБ ҲАМ КЎРИШМАЙДИ…

  3. Исмат Хушев тан бердим сиз ҳеч нарсадан қурқмас экансиз. Отни бошидик юрагингиз бор экан. Хайажон билан ўқиб чиқдим, буни ўқиган амалдорлар ўзларини сизни ўрнингизга қўйиб кечалари ўхлалмай чиқса керак. Бизнинг полетехнека уневерситетида сизнинг тарафдорларингиз жуда кўп.

  4. Фашестлардан фарқи қолмабти бу жоҳилларни падаринга менг ланатлар бўлсин одам қиёфасидаги газандалар. Биламан мени шарҳимни чиқармайсиз. Чунки олдин хам снб ва пракурорларни сўккан шархимни чиқормадиз.

    • Tangrim dini -Turkiylar dini

      Gulchehra Boboqulovani jihodchi qilganlarni nega so’kmaysiz? O’zbek milliy manfaatiga kim ziyon qilayapti? MXX yoki jihodchilar? O’zbeklar Rossiyadan yura olmay qoldilar mana shu Gulchehra Boboqulova sabab. AYTING QANI HAQIQATNI AGAR MARD BO’LSANGIZ?

  5. Shokirning gapini min ham qo`llayman: Ismat Xushevning bu asari o`zbek adabiyotida yangi hodisa bo`ladiganga o`hshaydi. Yozuvchilar o`qib o`z munosabatini bildirsalar yahshi bo`lardi. Dahshat, qayta qayta o`qib, hech o`zimga kelolmayman…

  6. Карим Нумон

    Ғам еманг, бу нарса шу кунлардан оддий одамларнинг ҳам бошидан ўтяпди. Сиз кўрган замонлар бугунги кунларнинг олдида ҳолва. Илгари битта-яримта ёқмаганларни қийратган бўлсалар, кейинги ўн йилда ҳўлу қуруқ қўшиб ёқаяпдилар.

  7. И.Хушевнинг учинчи китоби ўзбек адабиётида янгилик бўлади шекилли. Сабрсизлик билан кутамиз. Бошланиши жуда зўр. Жудаям зўр! Ўзбек адабиётида ҳали бунақаси бўлмаган.

  8. Бу куч ишлатар тармоқлар салла диса каллани олиб келишади. Қилаётган ишини тайини йўқ, фақат ваҳима одамларни қурқитиш билан шуғиланади. Исмат Хушев уларнинг асил башарасини очиб ташлаган.

  9. НАҲОТКИ ШУНЧАЛИК АҲМОҚ БЎЛСА БУЛАР. ҚУРОЛ ТАҚҚАН ОДАМ БЎЙРУҚДАН БОШҚА НАРСАНИ БИЛМАЙДИ,РОБОТДЕК БОШСИЗ СОВУҚ БЎЛАДИ ДИГАНИ РОСТ ЭКАН. ИСМАТ АКА, ШУНЧА ДАРД ВА ҲАСРАТНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ИЧИНГИЗДА СИҒДИРИБ ЮРИБСИЗ, БУНИ ХЕЧ КИМ СИЗДЕК СОДДА ВА САМИМИЙ ТИЛДА ХИКОЯ ҚИЛИБ БЕРОЛМАЙДИ, МАНА МАН ДЕГАН ВАЛЛОМАТ ЁЗҒУВЧИЛАР ХАМ, СИЗ ХАКИКИЙ ТАЛАНТ СОХИБИ ЭКАНСИЗ, СИЗ БИЗЛАРНИНГ КУМИРИМИЗСИЗ ЭНДИ, БОШИНГИЗ ОМОН БЎЛСИН ДОИМ ИСМАТ АКА,

    • Tangrim dini -Turkiylar dini

      Bu xavfsizlik xodimlari fundamentalist jihodchilar oldida bir tiyin bolib qoladi. MXX vatan manfaatiga xizmat qiladi. Jihodchilar esa Arablar manfaatiga xizmat qiladi va vatan manfaatiga qarshi boradi.

  10. Исмат ака 1994 йил бўлар шундай бўлган бўлса,хозир жуда ёмон бўлиб кетган ку! Бу Махсус Хизматни қиладиган иши йўқми сизни ўйингизга 40 одамни юборгани. Бунча бекорчилар ҳеч бир иш қилмас эканда. Хозир эса ўн баробар кўпайишган. Ҳаммасини худди шундай очиқ ойдин ёзинг, ака. Биз сиз учун ҳар нарсага тайёрмиз доим.

  11. Ҳам куласан, ҳам йиғлайсан… Нақадар аянчли, нақадар даҳшат! Бир вақтлар Солженицин ўзининг қамоққа олиниш ҳолатини ана шундай батафсил ёзган. Исмат Хушев Солженициндан кейинги иккинчи ижодкор бўлса керак. Ёки Исмат Хушев ўзбекнинг Солженицини…

  12. “Акс ҳолда бу ханжарни Улуғбек мадрасасининг томида рўй берган қотилликка алоқадор “ашёвий далил” сифатида мусодара қилишлари ҳам мумкин эди…”

    Manashu jumlaning uzi ularning naqadar “savodxon” ekanini kursatibdi.
    Men bulsam CNB nimaga Komil Nurjonga uxshagan chalasavodlarni agentlikka yollaydi deb hayron bulib yurgan ekanman.

Leave a Reply
*