Menu
Categories
Бердиёр ЖУМАЕВ: АЁЛ – ИҚБОЛ – ИСТИҚБОЛ (Бахшида)
03/08/2016 Маданият ва Санъат
Бердиёр ЖУМАЕВ
АЁЛ – ИҚБОЛ – ИСТИҚБОЛ…
(Бахшида)

 

хон атлас

 

Мен юқоридаги учта ажойиб каломни бежизга бир-бирига боғлаган ва ўзаро уйқаш ҳолда келтирмаётирман ҳамда ушбу инжа сўзлар силсиласини бекорга сарлавҳага олиб чиқмаётирман. Негаки, ҳар қандай халқнинг, миллатнинг, мамлакатнинг, элнинг, юртнинг бахти-ю саодатини, келажагини-ю истиқболини, қаерда эканлигидан қатъий назар, аёллар ҳамда уларга нисбатан бўлган муносабатнинг қандай эканлиги белгилаб беради. Бу – йироқ кечмишдаям, яқин ўтмишдаям, ҳозирги даврдаям бисёр ва такрор-такрор исботланган ҳамда исботланаётган ҳаққониятдир!
Айни ниҳоятда муҳим жиҳатларни ақлан англаган ва қалбан ҳис этган ҳолда, анчадан буён ОНАЛАРИМИЗ ҳамда АЁЛЛАРИМИЗ тўғрисида, иқтидорим ва салоҳиятим етгани қадар арзирли бирор бахшида битишни кўнглимга тугиб қўйгандим.
Бундай ўйлаб боқсам, ҳаётимизнинг ушмундоқ муқаддас гуллари, умримизнинг жон-у диллари ҳақида шу пайтгача яшаб ўтган не-не алломалар-у уламолар, не-не донишмандлар-у мутафаккирлар, не-не шоири замонлар-у даҳои давронлар барча таърифлар-у тавсифларни, ҳамдлар-у саноларни, олқишлар-у салламноларни, таҳсинлар-у тасанноларни, айтиб кетган эканлар.
Шундай эса-да, қадим мозийнинг қатларига-ю қаърларига назар солиб, ўзимча нималарнидир топгандай бўлдим ва қоғозга туширдим.
I.
Тангри томонидан яратилган тилсим, хилқат ва мўъжиза саналмиш Аёл ҳақидаги илк каломимни ҳаммамизнинг Бош Онамиз – Момоҳавводан бошламоқчиман. Табаррук диний китоблар – Қуръони Каримда, шунингдек, Инжил, Таврот ва Забурда ҳам ушбу зот дунёдаги энг биринчи Аёл, инсон наслининг Онаси сифатида ҳурмат-эҳтиром билан тилга олинади. Тегишли маълумотларнинг шоҳидликка ўтишлари-ча, у кишининг жуфти ҳалоллари Одамато (Ер юзидаги
дастлабки Эркак, одам наслининг Отаси)га Яратганнинг ўзлари: «Сенга аталган барча илтифотларим-у мурувватларим заифа бандам бўлмиш Момоҳаввода тажассум топган. Эй, Одам, билгил-ки, меҳрибон, тақводор рафиқадан яхшироқ илтифот-у марҳамат бўлмағай» – дея лутф айлаган эканлар.
Кейин ҳам кўпгина манбаларда Момоҳавво тўғрисида меҳр-муҳаббат ила ҳикоя қилганлар, илк волидаи мукаррамамизни кўкларга кўтарганлар. Жумладан, «Пайғамбарлар тарихи» китобида Бош Онамиз шундай таъриф-тавсифланган эканлар: «Момоҳавво Одаматодек баланд бўйли, сарвқомат ва гўзал бўлиб, сочлари 700 толим қилиб ўрилган, ҳар бир толими яшил, шаффоф қимматбаҳо тошлардан ясалган тақинчоқлар билан безалган, мушк-у анбарлар сепилганди. Бадан териси Одаматоникига қараганда нафисроқ, ранги ҳам тиниқроқ, овози эса, уникидан ёқимлироқ эди».
Демак-ки, Бош Онамиз – Момоҳавво мафтункорликлари ва мукаммалликлари билан ўзининг эндиликдаги авлодлари – ҳозирги замонамизнинг малакмонанд гўзалларидан зинҳор-базинҳор қолишмаганлар.
* * *
Тарихда инсонийлик жамиятининг асосини аёллар қўйган, деган баҳсли даъво мавжуд. Бу тортишувли иддаони элшунослар инсоният жамоасининг ибтидоси матриархатдан бошланган, дея исботлашга интиладилар. Матриархат (лотинча «она» ва юнонча «ҳокимият» сўзлари бирикмаси) бундан ўн минг йиллар илгариги давр бўлиб, ибтидоий жамоа тузумининг иккинчи ва асосий босқичи ҳисобланади. Жамиятда аёлларнинг ҳукмрон мавқега эгалиги, мулк ва мансабларнинг она уруғи бўйича мерос бўлиб ўтиши, никоҳдан сўнг, эрлар хотинларининг уйларига кўчиб ўтиб яшашлари, турмушнинг ҳамма соҳаларида аёллар қўли, сўзи ва фикри устунлиги матриархатлик ҳокимиятининг асосий белгилари ва хусусиятлари эди.
Вақтлар ўтиши билан, аёллар эркакларнинг ижтимоий ҳаётдаги етакчилик, ҳимоячилик, йўлбошчилик ролларини ҳис этиб ва тан олиб, уларга ўз ўринларини бўшатиб берганлар. Лекин-чи, ҳозир ҳам кўпгина оилаларда матриархатнинг баъзи устун кўринишлари сақланиб қолганлигиям бор гап. Ҳатто-ки, кейинги даврларда бундай оилавий ҳукмронликлар жадал суръатда кўпаяётганлиги ва кучаяётганлиги яққол кузатилаётир.
II.
Кечмиш сарчашмаларимизни кавлаштираётиб, шуларга амин бўлдим-ки, замонлар силсиласида, айниқса бизнинг аждодларимиз истиқомат этган ҳудудларда аёлларга анча яхши муносабатда бўлиб келинган экан. Марказий Осиё халқларининг, жумладан, Амударё, Сирдарё бўйларида бундан 30 асрлар муқаддам яшаган ота-боболаримизнинг дастлабки ёзма битиги – «Авесто» (зардуштийлик динининг муқаддас битиги) китобида аёлларнинг ҳамма соҳада фаол ҳамда эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканликлари таъкидланган.
Демак, мазкур асар битилган бундан 3000 йиллар олдинги пайтда ота-боболаримиз хотин-қизларни муносиб равишда эъзозлаганлар, уларнинг фарзанд тарбиялашлари, уқувли бўлишлари, ўзларига хос ва мос турфа ҳунарларни ўрганишлари ҳамда эгаллашлари учун шароит ҳамда имконият яратганлар. Илло, ўша даврлардаям оилалар мустаҳкамлигига жуда катта эътибор қаратилган, никоҳлар бир умрлик муҳрланган ва мустаҳкамланган, қиз болаларни турмушга узатишда уларнинг ва оналарининг изнлари-ю ихтиёрлари ва хоҳиш-истаклари инобатга олинган.
«Авесто»даги яхшилик ҳамда эзгулик маъбудасининг тимсоли Ардвисура Анахита (Анахита бону) ҳам беқиёс аёл сиймосида акс эттирилгандир. Зардуштийларнинг ободончилик ва фаровонлик маъбудаси ҳисобланган Анахита ёғингарчилик ва ҳосилдорлик илоҳаси сифатидаям эъзозланган. Қадимги ҳайкалтарошлар Ардвисурани бир қўлида олма ёки анор ушлаб турган гўзал аёл шаклида тасвирлаганлар.
Умуман олгандаям-ки, кўпгина халқларда гўзаллик, ижод, санъат, адолат, меҳр-шафқат, муҳаббат маъбудаларини аёллар тимсолида тасаввур қилиш ва акс эттириш уларнинг улуғлиги ва қутлуғлигидан муҳим нишонадир. Шулардан бири – бетакрор-у бетимсол Афродитага юнон афсоналарида, дастлаб ҳосил илоҳаси, кейинчалик, севги ва гўзаллик маъбудаси, денгиз илоҳаси, денгиз саёҳатчиларининг ҳомийси сифатида сиғинилган. Ривоятларга кўра, Афродита денгиз кўпигидан туғилган.
Аёл сиймосида акс этган яна бир маъбуда – Венера бўлиб, илк бора, у қадимги Румода баҳор маъбудаси ҳамда муҳаббат ва садоқатнинг илоҳаси ҳисобланган.
Кўзлари боғланган, бир қўлида қилич тутиб, бир қўлида тарози ушлаган аёл суратларини ёки ҳайкалларини кўпчилик кўрган бўлса
керак. Бу – адолат ҳамда қонунчилик илоҳаси – Фемидадир. Қадимгилар инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи одиллик, холислик ҳамда ҳалоллик маъбудасини юқоридаги сингари ҳолатдаги беғубор ҳамда соф гўзал аёл тимсолида кўрганлар ва орзулаганлар.
Чиройли аёллар қиёфасидаги Артемида, Афина, Геката, Гемера, Деметра, Ирида, Персефона, Фортуна сингари ҳамда бошқа турли-турфа жабҳаларнинг илоҳалари ҳам шулар жумласига киради.
* * *
Турон – Туркистон – Марказий Осиё кечмишида ҳам маъбудалар қадар иззат-икром топган машҳур ва улкан момоларимиз кўп ўтганлар. Асрлар қаъридан шон-шуҳратлари бизнинг кунларимизгача етиб келган Тўмарис, Рахшона, Барчиной, Бибихоним, Гулбаданбегим, Нодира, Увайсий, Зебуннисо сингари қаҳрамон ва даҳо момоларимиз ёки Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Торобий, Амир Темур, Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Бухорийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Аҳмад ал-Фарғоний, Абдулла Қодирий ва бошқа шулар сингари эл-юрт довруғини жумлаи жаҳонга ёйган боболаримизни тарбиялаб етиштирган оналар ҳеч қандай илоҳалардан кам эмаслар. Уларга – Ватан равнақига, эл ривожига ҳамда миллат тараққийсига муносиб ҳиссаларини қўшган барча оналаримиз ва момоларимизга ҳар қанча саждалар қилсак оздир!
III.
«Халқ – аёлдан, мамлакат эса, оиладан бошланади» – деган ажойиб нақл бор тилимизда ва элимизда. Зеро, аёлсиз ҳаёт бўлмаганидек, унингсиз оила ҳам йўқдир. Яна ниҳоятда тўғри таъкидланганидек: оилани оила, мамлакатни мамлакат, юртни юрт қиладиган олий зот ҳам аёлдир.
Шундай экан, фурсатдан фойдаланган ҳолда, мазкур битигимизда аёл ва табиатнинг шоҳ асари аталмиш оила мавзусида фикр юритмоқчиман. Муқаддас ислом динимизнинг табаррук манбалари ҳисобланмиш Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси шарифларда бу қутлуғ масалага ниҳоятда катта эътибор қаратилгандир. Қуръони Каримнинг бутун бошли «Нисо» сураси, саксонга яқин оятлари, юзлаб ҳадислар уйланиш ва оила тутишга бағишланганлиги-да бундан ёрқин далолат. Дини исломда оила қуриш мамлакат тузиш қадар зарур ва аҳамиятли ҳисобланиши ҳам шундан.
Қуръони Карим «Бақара» сурасининг 223-ояти шундай тафсир этилади: «Хотинларингиз сизларнинг экинзор ерларингиз бўлади.
Зироат ерлари уруғ сепганда самара беради. Хотин ҳам экинзордир ва ҳосили – фарзанд. Бас, ўз хотинларингиз билан фарзанд ниятида алоқа қилинг ва келажакда ўзларингиз учун фарзанд тарбияланг. Худодан қўрқинг, унинг назарига илинмангиз. Бас, туғилиш ва висол учун берилган қувватни бекор қолдирманг ва зое қилмангиз!».
Ҳазрат Муҳаммад пайғамбаримизнинг севикли саҳобалари Анас ибн Молик – Абу Ҳамзадан шундай ҳадис келтирадилар: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Худо ҳаққи, мен сизлардан ҳам кўпроқ парҳезкор ва Худодан қўрқадиган одамман, лекин рўза тутаман, ифтор қиламан, намоз ўқийман, ухлайман ва уйланаман. Ким бу суннатдан юз ўгирса, у менинг умматим эмас». Яна бир саҳоба – Абу Ҳурайрада шундай ҳадис мавжуд: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Сизларнинг энг ёмонларингиз хотин олмаган одамлардир».
Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибди-ки, оила қуриш ва фарзандлар кўриб, уларни тарбиялаш ҳар бир муслим (мусулмон эркак) ҳамда муслима (мусулмон аёл) учун ҳам қарз, ҳам фарздур.
Қуръони Карим «Рум» сурасининг 21-ояти шундай шарҳланади: «Сизларга (Оллоҳ таоло) ўз жинсларингиздан жуфт яратди, токи, сиз ўз жуфтингиз билан ором топингиз. Хотинлар ва эрларингиз ўртасида муҳаббат ва меҳрибончилик эҳсон қилди». Ёки «Бақара» сурасининг 228-оятида шундай дейилади: «…ва яхши амалларда улар (аёллар) учун зиммаларидаги эрлари олдидаги бурчлари баробарида ҳуқуқлари ҳам бор ва эркаклар учун (аёллар) устида бир даражада (имтиёз) бор» – яъни, эр билан хотиннинг оилавий турмушдаги бурч ва ҳуқуқлари тенг бўлиб, фақат эрнинг имтиёзи оила бошлиғи эканлигидадир.
Мана, айни даъватлар-да муқаддас китобимизда аёлларга нақадар муносиб баҳо берилганлигидан далолатдир. Зеро, ислом дини оналар, аёллар бениҳоя улуғланган диндир. Илло, «Жаннат – оналар оёғи остида!» мазмунидаги оламшумул эътироф ҳам-ки, унга тааллуқли эканлиги бежиз эмас.
XX аср бошида яшаб ўтган йирик маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддин дини ислом шариати аҳкомидан келиб чиққан ҳолда ёзилган ўзининг «Оила» асарида шундай дейди: «Оиланинг асл устуни хотундир. Зеро, эркаклар хулқ-у тарбия хусусида хотунлардан бошқа ҳеч бир кимсага бўйсунмаслар. Ҳатто буюк мактабларда-ю олий фикрли одамлар ҳузурида илм олувчилар ҳам оналаридан олган тарбиялари
билан яшарлар ва бу тарбияни сўнгги кунларига қадар сақларлар. Шу сабабдан ҳам, файласуфлардан бири: «Инсонлар ҳар вақт хотунлар истагани каби бўлажаклар, агарда буюк ва фазилатли одамларга эҳтиёжингиз бўлса, хотунларга буюклик ва фазилат ўргатингиз» – демишдир… Инсонларнинг саодатлари тарбияга боғлиқ бўлиб, тарбия ҳам хотунлар қўлидадур. Шунинг учун, умуман халқни тарбияли қилиш учун хотунларни тарбияламоқ ҳамда шу тарбияни болаларга ҳам бера оладиган даражага олиб бормоқ лозим… Зеро, онадан олган тарбиясини бола умри борича унутмас».
Ушмундоқ мазмундаги фикрларни яна давом эттирадиган бўлсак, демак, кичкина бир мамлакат мисолида бўлган оилани бутун идора қилиш аёл зотининг бошида эканлигидан, унинг вазифаси оз эмас, балки бир мамлакат ишидек улуғвордир. Оила аъзоларига гўзал тарбия бермоқ, уйдаги кирим-чиқимларни тартиб-интизом билан тутмоқ, оиланинг ҳар бир аъзосига ўзига муносиб хизмат тайинлаб, ишлатмоқ, улар орасида ихтилоф чиққанида икки тарафни ҳам мамнун этарлик даражада келиштирмоқ, қўшнилар ёки бошқалар билан оила ўртасида совуқлик тушганида дўстлаштирмоқ каби мураккаб масалалар унинг зиммасидадур.
Яна айтадилар-ки: «Хотун фақирликка қарши аскардир, Ватани – уй, истеҳкоми – тиришқоқлик, фани – ҳарбий тутум, қуроли – игна билан қайчидир».
Юқоридаги ушбу мулоҳазалар бундан юз йилнинг нари-берисида билдирилган эса-да, уларнинг асосий қисмини айни кунларимиз учун-да дастуриламал этсак, шубҳасиз, арзигай…
Демак, ақлли аёл оиланинг аҳволини яхшилаш борасида тадбиркорлик кўрсатади, ҳар ишда меъёрли бўлади, эрининг кўнглини олади, унинг ота-онасига, қариндош-уруғлари, дўст-биродарларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатади, эри ёмон кўрган одамлар билан, асло мулоқотларда бўлмайди, турмушда қўлидан келганича тежамкорликни сақлайди, исрофгарчиликка йўл қўймайди, эрининг молини кўз қорачиғидек асраб, уни янада кўпайтириш чораларини кўради, фарзандларини эл-юртга муносиб қилиб тарбиялашда эрига яқиндан ёрдам кўрсатади ҳамда мадад беради.
Маълумки, эр-хотинлар узоқ йиллар бирга яшаб, бир-бирларининг ғам-ташвишларига шерик бўладилар, яхши-ёмон кунларни ҳамроҳликда бошдан кечирадилар. Мана шу жараёнда, албатта улар ўртасида ҳар хил
гаплар ўтиши мумкин. Бундай вазиятда қандай иш тутиш кераклиги ҳақида мутафаккирларимиз шундай дейдилар: «Эр-хотин бир-бирини хафа қилиб, қаттиқ муомала қилса, бир томон ўзини эшитмаганга олсин ва жаҳлини ичига ютсин. Бошқа куни эса, ширин сўз ва ҳалимлик билан умр йўлдошига: ўша қилган ишинг номуносиб эди, бундай ҳаракатларни бошқа қилмагин» – дея тушунтирсин. Ана шу яхши муомалани муроса-ю мадора дейдилар».
Ислом дини, хусусан, эркакларни муроса-ю мадорага даъват қилади, «Нисо» сураси 19-оятининг тавсифи бундай: «Эй, аҳли ислом кишилари! Ўз хотинларингиз билан яхши муомала қилинг. Агар уларга нисбатан меҳрингиз бўлмаса ҳам (сабр айланг ва яхши муомалани тарк қилманг). Зеро, Оллоҳ таоло сизлар ёмон кўрган нарсада кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин».
Ибн Умар (розийаллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом дедилар: Аёллар ҳақида васиятимни қабул қилинглар ва улар билан муроса этинглар (чунки аёл эркакнинг қовурғасидан яратилган), яъни уларнинг хулқи ҳам қовурға суягига ўхшаб эгилган, тўғриламоқчи бўлсанг – синиб кетади, ўз ҳолига қўйсанг – шу эгрилигича қолади. Бас, аёлларнинг ҳақларига қилган васиятимни қабул айлаганларингиз ҳолда, улар билан муроса-ю мадора қилинглар».
Буюк олмон шоири Иоган Вольфганг Гёте ана шу мазмундаги ҳадисдан илҳомланиб, у ҳақда қуйидаги ажойиб шеърини битгандир:
Аёлларга зулм ўтказма, бўлма тошбағир,
Улар қийшиқ қовурғадан яралган, ахир.
Нетсин, Оллоҳ яратибди уларни шундоқ,
Синиб қолар тўғрилашга уринганинг чоқ.
Ўз ҳолига қўйсанг – баттар қийшаяди ул,
Одам ўғли, ўзинг танла, қай бири маъқул?!
Мурувват қил, сенга қарши қилсалар-да жанг,
Яхши эмас, синиб қолса битта қовурғанг.
Миллатимиз даҳоларидан бири Абдурауф Фитрат ўзининг 1915 йилда босилиб чиққан «Оила ёки оила бошқариш тартиблари» рисоласида эр-хотин турмушининг юқоридаги жиҳатларига жуда катта аҳамият беради ва атоқли саҳоба Абу Ҳурайрадан шундай ҳадис келтиради: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Хотинларнинг энг яхшилари истасанг – сени шод этадиганлари, амр қилсанг – итоат этадиганлари ва олдиларидан узоқлашсанг – молларингни ва ўз нафсларини сақлай оладиганлари бўлади».
Хотин, ҳақиқатданам, эрининг ҳимоясида бўлса, албатта эрининг қадрига етиши лозим. Унинг яхшиликларини хотирадан чиқармасдан, арзимас айби учун ўзидан хафа қилмоғи тўғри эмас. Қайси-ки хотин бу борада ижобий саъй-ҳаракатлар қилса, эрининг муҳаббати унга зиёда бўлиб, умри хурсандчиликда ўтади, бу дунё ва охиратда мамнун бўлади.
Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз ва саҳобалари ўртасидаги шундай савол-жавобни келтиради: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Менга дўзах оловини кўрсатдилар, у ердагиларнинг аксарияти ношукур аёллар эдилар». Асҳоб сўрадилар-ки: «Ё Расулуллоҳ, ушбу аёллар Худога нисбатан ношукурлик қилгандиларми?». Ҳазрат жавоб бердилар: «Улар ўз эрларига нисбатан ношукурлик қилганлар. Агарда уларга доимо яхшилик кўрсатсанг-у арзимаган айб сендан ўтса, ношукур хотин: «Мен сендан ҳеч бир яхшилик кўрмадим – деб айтади». Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) яна дедилар: «Қайси бир аёл ўлса, эри ундан рози бўлгандагина жаннатга тушади».
Шу ўринда таъкидламоқ жоиз-ки, эр ҳам хотинига мушкул ва оғир ишларни буюрмаслиги даркор. У аёл тоифасининг нисбатан заифлиги ва нозиклигини эътиборга олиши ва шунга қараб муомала қилиши зарур, имкон қадар, уй ишларида-ю турмуш юмушларида жуфти ҳалолига ёрдамлашмоғи жоиз.
Қуйида Қуръони Карим «Нисо» сурасининг 34-оятини келтирамиз-ки, у оилада эр-хотин муносабатларини янада ойдинлаштиради; «Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар. Бунга сабаб, Оллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодатли-итоатли ва эрлари йўқлигида Оллоҳнинг ҳифз-у ҳимояти
билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир.
Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало, уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларингиз кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйсунмасалар), уринглар. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар».
Бунинг ишончли манбалардаги изоҳи шундай-ки: ушбу оятда эр билан хотиннинг оиладаги ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр, аввало, оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар бўлган, уни четдан бўладиган ҳар қандай хатарлардан-хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли, у оиланинг бошлиғи саналади.
Яхши хотин эса, диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир. Агар хотин томонидан оиланинг ёки эр-хотиннинг тинч-тотувлигига рахна соладиган бирон феъл содир бўлса, эрнинг вазифаси, аввало, унга яхшилик билан тушунтириш, тушунмаса – меҳр-у муҳаббатини дариғ тутиш билан ўз норозилигини билдиришдир. Бу ишлар фойда бермаган тақдирдагина хотинга (уни уриб роҳатланиш учун эмас, балки тўғри йўлга солиш мақсадида) қўл кўтаришга рухсат берилади. Лекин, табиий-ки, эрга итоат қилишни ўзи учун бурч, дея билган аёл ва ўзидан қудратли бўлган зот – Оллоҳнинг кўриб турганига имони комил эр мазкур чорагача бормайдилар.
Мазкур ўринда Фитрат домланинг ушбу ҳаётий мисолини келтириб ўтмоқ мақсадга мувофиқ кўринади: «…Шу оятни ёзиб, таржима ва изоҳи билан машғул бўлиб ўтирганимда, бир дўстим мулоқот учун келди. Мен шу мавзуда суҳбат қурмоқни орзиқиб кутар эдим. Бу масалани унинг ҳузурида баён қилиб, оятни ўқиб бердим. У кулиб, эй, Абдурауф, хотинларни уриш ва ҳақоратлаш биз – бухороликларнинг умумий одатларимиздир. Лекин бугунгача бу ярамас ҳаракатимиз шариатга мувофиқ эканини билмасдик. Шукур-ким, бугун сен шу иш шаръий эканини тушунтирдинг. Иншооллоҳ, бундан кейин, хотинларимизни кўпроқ ва яхшироқ урармиз (деди). – Дедим: – Азизим! Масалани тўғри тушунтира олмадим, шекилли! Ислом дини аёлларни уришни маън қилади, балки эркакларга хотинларингизга марҳамат ва мадора кўрсатиб, афв ва эҳтиром қилинглар, дея амр этган. Юқорида мен бу
масалани баён қилган эдим. Лекин сенга баён қилган ушбу масала хусусийдир.
Фараз қилайлик-ки, бир ёмон хислатли ва бадахлоқ аёл бор. Бечора эр хотинининг унга адовати борлигини, хотини унинг айшини бузаётганини билиб, унга насиҳат қилади. Хотин қабул қилмайди. Икки-уч кун хотинидан узоқлашади. Хотин шундан ҳам хулоса чиқара олмайди. Шунда, сиз ҳам биласиз-ки, эрнинг хотинига талоқ беришдан бошқа иложи қолмайди. Бироқ ислом дини талоқни ман қилмоқчи бўлиб, эрга талоқ беришга шошилмагин, дея амр қилади. Хотиннинг аъзоларини майиб қилмай ва лат бермай уни озгина ургин, мумкин, ёмон ишдан тавба қилса ва аҳволини ислоҳ қилса.
Менинг изоҳимдан билдинг-ки, Қуръони Каримнинг ҳукми маслаҳат юзасидан бўлиб, аҳли ислом оилалари учун, хусусан, мусулмон аёлларига буюк марҳаматдир» – ёзади Фитрат домла ва ўз фикрини давом эттириб, тағин айтади: «Мен бу шахсий суҳбатни шунинг учун ёздим-ки, бошқалар ҳам менинг баёнотимни шу дўстимга ўхшаб тушуниб, хотинларини уриш учун баҳона қилиб олмасинлар».
Бизнинг юқоридаги мазмунли иқтибосларга мухлисларимизнинг эътиборларини жалб этишдан мақсадимиз ҳам ушбудир ҳамда орадан, деярли бир аср ўтса-да, мазкур муаммолар долзарблигини йўқотмаганлигини таъкидлашдир.
Қуйида келтирадиганимиз ибратли мисоллар ҳам эр-хотинлар муносабатларининг ўзига хос инжа ҳамда нозик жиҳатларини кўрсатиб турибди.
Қуръони Каримнинг («Нисо» сураси)да шундай оят нозилдир: «Аёлларга яхши муомалада бўлинглар».
Абдуллоҳ ибн Амру ҳазратларидан ҳадис: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Дунё манфаатдир (яъни дунёдаги ҳар бир нарсанинг бир нафи бордир) ва дунёнинг энг яхши манфаати (неъмати) 6у яхшилик қиладиган ва солиҳа аёлдир».
Ойша (розийаллоҳу анҳо)дан ривоят бор: «Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Сизлардан энг яхшиларингиз ўз аҳли аёли билан яхши муомала қилганлардир. Мен ўз аёлларимга сизларга бўлганимдан ҳам кўра хуш муомаладаман».
Ойша (розийаллоҳу анҳо) яна ривоят қиладилар: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Энг комил мўминлар хушхулқ ва оиласи билан
лутф ила муносабат қиладиганлардир. Ўз хотинларига танти кишилар яхшилик қилишади ва номардлари – ёмонлик».
Аббосий халифаларнинг энг машҳурларидан биттаси бўлган Мутаваккил Алий ибн Жаъфарга: «Ер юзида сиздан бахтлироқ кимса ҳеч бўлмас» – деганларида, халифа: «Хато сўзладингиз, гўзал уйи, эзгу хотуни, яхши маишати бўлган инсон бизлардан кўра бахтлироқдир» – дея жавоб берган экан.
Саҳобалардан бири хотинидан шикоят қилиш учун халифа Умар (розийаллоҳу анҳу) ҳузурига бораётиб, унинг уйидан ҳам Умарнинг хотини қаттиқ овоз билан гапираётганини эшитиб қолиб, изига қайтиб кетаётганида, халифа уни кўриб қолиб, ёнига чақириб олади ва нега уйига келиб, кирмай қайтаётганининг сабабини сўрайди. Саҳоба: «Эй, амиралмўминин! Хотуним аччиқ сўзли бўлганидан бу ҳақда шикоят қилишга келган эдим, лекин хотунингиз сизга ҳам қаттиқ гапирганини эшитиб, бу қайғудан халифанинг ўзи ҳам соқит эмас экан, дея қайтиб кетаётгандим» – дейди.
Бунга жавобан, халифа Умар: «Эй, қариндош! Хотунларимиз уйларимизни ювиб-супурарлар, кийим тикиб, устимизга кийдирарлар, емоқ-ичмоқларимизни ҳозир қиларлар, кирларимизни юварлар, болаларимизни тарбия этиб – ўстирарлар, қайғули пайтларимизда кўнглимизга тасалли берарлар, шунинг учун, бизларнинг ҳам устимизда уларнинг улуғ миннатлари борлиги рост.
Энди динимизга зарар келтирмас сувратда, одамгарчилик билан баъзи вақт ҳурматимизни жойига қўйиш борасида бирор камчиликка йўл берсалар, шуни афв қилиш керакмасми?» – деган экан. Саҳоба уйига келиб, ушбу можарони хотинига айтганидан сўнг, у айни воқеадан тегишли ибрат олиб, умри борича эрига итоат этишга аҳд айлабди.
Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари ўзининг «Маҳбуб-ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») асаридаги: «Кадхудолиғ (уйланганлик) сифати ва хотунлар зикрида» – дея аталган 37-фаслида ушмундоқ демишлар:
«…Аммо, унинг (оиланинг) кайфиятида фарқлар бордур: эр билан хотун бир-бирига мос тушса, ўртада бойлик ва саранжомлик бўлур. Уй безаги ундан ва уйланганнинг тинчиши ундан. Ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлур, яхшилиги бўлса, жон озиғидир. Оқила бўлса, турмуш интизомли ва рўзғор керак-яроғи тартибли ва саранжомли бўлади. Киши бу хилдаги жуфтга эришса, балки бундай бахт қўлига тушса, яширин ғам ва кулфатда сирдош ва ҳамдаминг
бўлур, махфий ва яширин дард ва машаққатда ҳамнафас ва маҳраминг бўлур. Турмушдан ҳар жафо етса, ҳасратдошинг ул ва айланувчи осмондан ҳар бало келса, кўмакдошинг ул. Кўнглинг ғамидин у ғам чекади, баданинг заифлиги ва ҳорғинлигидин у қийналади…
Носоз жуфт уй учун ҳам очиқ, ҳам яширин қўрқинчли касалликдир. Уятсиз бўлса, кўнгил ундан озорланади, ярамас бўлса, руҳ ундан азоб тортади. Тили ёмон бўлса, куёвнинг кўнгли яраланади, ёмон ишлик бўлса эрга юз қоралик келади. Майхўр бўлса, уй ободлиги йўқолади ва бузуқи бўлса, уй ичи расвогарликка айланади».
Умуман, улуғ шоир бобомиз ўзининг улкан ва бетакрор ижодида аёллар, маъшуқа-ёрлар ҳақида кўп ва хўб айтганлар. У киши лутф айламишларким: пок хотунлар оёқларининг излари юзта нопок эрларнинг ўзларидан ҳам аълороқдир. Ул зот яна демишларким: Яхши хотунлар сафоий рўзғори қуёш нурига мисолдур ва шамснинг муаннас экони мунга дол:
Яхши хотунлар сафоий зуҳдидин,
Олам ичра, гар ёруғлик бўлса фош.
Йўқ ажаб, чунким араб алфозида
Истилоҳ ичра муаннасдур қуёш.
Яъни яхши аёллар оиласининг ҳаёти қуёш нури каби порлоқдир, чунки, араб тилида «қуёш», «шамс» сўзлари ҳам аёл жинсидаги атамалар ҳисобланади.
Шарқ аёллари азал-азалдан ўзларининг иффатлари ва ҳаёлари билан ибрат-у намуна кўрсатиб келганлар. Демишлар-ки: иффатли бир хотун фақир бўлса-да, маънавий қиймати энг юқоридир. Иффатсиз хотунлар, нақадар бой бўлсалар-да, кўринишда яна фақир ва қадрсиздирлар. Бўйинларингизга таққан олтинларингиз, бошларингизга, кўкракларингизга қадаган гавҳарларингиз, ҳатто кисса тўла пулларингиз бўлса-да, иффатни сотиб олиш мумкин эмасдур. Иффат бир зўр бойликдир-ки, унинг баҳосини чекламак ҳеч бир мумкин эмасдир. Хотунлар гўзалликлари-ю сулувликлари, бойликлари-ю молларига эмас, иффатлари билан қувонишлари керак. Шу ўринда Абу Ҳурайранинг қуйидаги ҳадисини келтирмоқ
жоиздур: «Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундоқ дедилар: «Ҳаё – имондандур, имон эса – жаннатдадур, ҳаёсизлик жафодур, жафо эса – дўзахдадур».
Фитрат жаноблари ушбу хусусда фикр юритиб, шундай ёзадилар:
«Мўминлик ва иффат, диёнат ва номус – бир оиланинг садоқати ва барқарорлиги учун ҳам лозим ва зарурдир… Иффат ва номуснинг ҳимояси эрга ҳам, хотунга ҳам лозим. Чунки аёл эрига ўз иффатини ҳимоя этиш учун аҳд-у паймон қилган, эр ҳам ана шундай аҳдни ўз бўйнига олади».
Қуръони Карим ҳам ушбу вазифани эркак ва аёлларга баробар амр қилади. Ҳатто, аввал, эркакларга, кейин, аёлларга хитоб этган. «Нур» сурасининг мазкур масалага бағишланган 30-, 31- оятлари шундай тафсирланади: «Эй, Муҳаммад! Аҳли ислом эркакларига айтгин: ошкор ва яширин кўзларини ҳаромдан ёпсинлар ва нафсларини ҳаромдан тийсинлар. Бу ҳаракат уларнинг ўзларига покизароқ, яхшироқ кўринади. Худованди олам қилинган ҳар бир ишдан хабардордир. Аёлларга ҳам айтгин: кўзларини ва ўз нафсларини ҳаромдан сақласинлар».
Ушбу ояти шарифдан маълум бўлади-ки, мўминлик ва номус ҳимояси, аввалан, эркакларга, кейин, аёлларга вожиб бўлган. «Ўз хотинларини номус муҳофазасига мажбур этиб, ўзлари ҳар доим номус ва иффатларини бегона аёллар олдида оёқости қиладиганлар билиб қўйсинлар-ки, бировга зулм қилиб алдасалар, ўзлари ҳам алданиб қоладилар» – дейдилар Абдурауф Фитрат домла ушбу хусусда тўхталиб.
Шарқнинг буюк алломаларидаи бири – Саъдий Шерозий аёлларга нисбатан улуғ муносабатини шундай ифодалайди:
Хотин бўлса, қобил ҳамда ақли расо,
Эрни шоҳ этар, гарчи у бўлса гадо.
Яна қардош туркий миллатларимиздан бирининг қуйидаги нақли нақадар топиб айтилганига эътиборингизни қаратмоқ истадик:
Яхши хотин тентак эрни эр қилар,
Ёмон хотин яхши эрни ер қилар!
Хуллас, узоқ кечмишимизда аёлнинг оиладаги беқиёс ўрнига ва ролига катта аҳамият берилгандир. «Аҳли аёлларини улуғлаганлар – улуғ кишилардир» – деган бетакрор гапни боболаримиз ҳам айтиб кетганлар. Албатта ўз жуфти ҳалолининг меҳр-муҳаббатидан баҳраманд бўлган эркак ҳам шунга муносиб муносабатда бўлишга интилади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурдек салтанат подшоҳи ва шеърият шоҳи ҳам ўзининг суюкли хотини Моҳимбегимга тан бериб: «Сенинг қалбингнинг қулиман» – дея эътироф этади ҳамда мана шу ажойиб аёлини отига миндириб, ўзи унга жиловдорлик қилгани ҳолида, анча йироқ йўлни яёв босиб ўтади…
…XX аср ўзбек адабиётининг ҳам мумтоз, ҳам замонавий даҳолари ҳисобланган улкан адибларимиз Абдулла Қодирий, Чўлпон ҳамда Ойбек асарларидаям миллатимиз оналари ва қизларимизнинг ажойиб образлари яратилиб, уларнинг турмушларига кенг ўрин берилгандир. «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз», «Қутлуғ қон» романларининг ҳаммасида ўзбек аёллари алоҳида меҳр-муҳаббат билан тасвирланади, уларнинг оилалари ва фарзандлари йўлидаги фидойиликлари, севги ва муҳаббат бобидаги вафодорликлари ҳамда садоқатлари ҳаққонийона мадҳ этилади. Булардан ҳар қанча улгу ва намуна олса арзигуликдир.
«Эрни эр қилувчи ҳам, қаро ер қилувчи ҳам хотин», «Эр подшо бўлса, хотин вазирдир», «Эр-у хотин – қўш ҳўкиз», «Эр – бош бўлса, хотин – бўйин» сингари доно ҳикматлар ҳам халқимизнинг минг йиллар оша ҳаётий тажрибаларида такрор-такрор исботини топган ҳақиқатлардир.
Хуллас, бу шундайин бир туганмас мавзудир-ки, аёл ва оила ҳақида яна қанчалаб китоблар ёзиш мумкин эса-да, уларнинг таърифлаб-у тавсифлаб, асло ниҳоясига етиб бўлмагай. Шу ҳақдаги фикрларимни асримизнинг даҳо ёзувчиси Чингиз Айтматовиинг қуйидаги ибратли гапи билан мухтасар этмоқчиман: «Яхши хотин ёмон эрни ўртача даражага олиб чиқади, ўртача эрни яхши қилади, яхши эрнинг номини оламга достон этади».
IV.
Бундан ўттиз-қирқ йилларча илгари хотин-қизлар эмансипацияси, деган баландпарвоз гап бўларди. Аёллар озодлигини англатувчи айни тушунча шўролар даврининг энг муҳим ютуқларидан бири саналарди. «Эмансипация» аслида лотинча сўз бирикмаси бўлиб, бизнингчасига:
жабр-зулмдан, қарамликдан, хурофотдан қутулиш, эркинликка чиқиш мазмунларини англатар экан. Хўш, мана шу маънолар нуқтаи назаридан олганда, собиқ СССРда аслидаям шундаймиди?! Албатта йўқ! Октябрь «инқилоби» хотин-қизларга берган айни «ҳурлик», «тенг ҳуқуқлилик» фақатгина оғизларда-ю қоғозлардагина бўлгани яхши маълум. Бундай «эркинликлар»дан, биринчи навбатда, мислсиз жабр кўрганлар ҳам ўзбек аёллари эканлиги сир эмас.
Совет тузуми, энг аввало, бизда асрлар оша шаклланиб, амал қилиб келган оилавий муносабатларга ҳамда мувозанатларга рахна солди. Уйда, рўзғорда эркаклар мавқеига ва ўрнига путур етди, «тенг ҳуқуқлилик» даъво қилиб, ўзаро кўнгил қолдиришлар бошланди. Аёлларни фирқага, комсомолга, давлат хизматлари ва жамоатчилик ишларига жалб этиш ниқоби остида уларнинг шаъни-ҳамияти хўрланди. Улкан шоиримиз ўша пайтлари баъзи хотин-қизларимизга қарата: биз сизнинг юзингиздан чиммат пардасини олганмиз, ҳаё пардасини эмас – дея бекорга куйинмаган эди.
Собиқ иттифоқ замонида оддий аёлларимиз энг кўп озор чекардилар. Улар эрталабдан кечгача дала ишлари билан банд бўлсалар, кечаси уй-рўзғор ташвишларидан бўшамасдилар. Оқибатда, айниқса қишлоқ аёли Яратганнинг ўзи унга инъом этган гўзаллик ва латофатини йўқотди, ўзлигини унутди, арзон ишчи кучига айланиб қолди, «ўттиз ёшга кирмасдан ўтин»га айлана бошлади. Минглаб қони кам аёллар, турли касалликлар билан хасталанган бемор хотин-қизлар, ногирон болалар, майиб-мажруҳ бўлиб қолган оилалар шўро даврининг ҳосиласи сифатида бизга мерос бўлиб ўтди. Хотин-қизларнинг ўзини-ўзи ёқиши, осиши ва бошқа йўллар билан жонига суиқасд этишлари ҳам ўша замонлардан қолган иллатлардир.
* * *
Беҳад таассуфлар ҳамда беадад надоматлар-ки, ҳозирги кунларимиздаям аёлларимизнинг ҳол-аҳволлари билан мақтана олмаймиз. Тан олмоқ даркор: рўзғордаги асосий оғирлик, барибир, хотин-қизларимизнинг зиммаларига тушаётир. Бозор иқтисодиёти, дея аталмиш мураккаб босқичнинг барча қийинчиликлари, энг аввало, турмуш кечириш муаммоларини янада кучайтирди ва кўпайтирди. Ушбу нуқтаи назардан олганда, кўпинча, оилабошилар – эркакларнинг топган-тутганлари билангина рисоладагидек умргузаронлик этиш амримаҳол бўлиб қолди.
Айни боисдан, моддий, иқтисодий, маънавий томондан хонадонни, фарзандларни қўллаб-қувватлаш учун аёлларимиз ҳам тирикчилик майдонига тушишга мажбур бўлдилар. Оила ташвишлари хотин-қизларимизни узоқ-яқинларга юриб, савдо-сотиқ қилишга мажбур этгани-да айни ҳақиқат. Бундан тўрт йилча илгари шу муносабат билан ёзган шеъримда шундай сатрлар бор эди:
Эркаклар, йўлдан қочинглар,
Чегараларни очинглар,
Гул эмас, пуллар сочинглар,
Бозорга чиқди хотинлар!
Эр топгани-ла битмас иш,
Рўзғор тутиш, бола боқиш,
Чорасин тополмай бояқиш,
Бозорга чиқди хотинлар!
Демак, турмуш машаққатлари сабабли аёлларимиз ноилож олди-сотдига аралашган эканлар, бунга-да, биринчи навбатда, биз – эркаклар айбдормиз.
* * *
Ҳозирги шиддатли давримиз талабларидан келиб чиққан ҳолда айтиш зарур-ки, эндиликда замонга мос ҳамда хос ҳолда яшамоқ учун мустақил фикрлайдиган, ҳақ-ҳуқуқларини яхши танийдиган, оиласининг, ўзининг ҳамда фарзандларининг манфаатларини ҳимоя қила биладиган аёллар зарурдир.
Яна шуни унутмаслик даркор: фақат озод, оқила, фозила оналари мавжуд хонадонлардагина ҳақиқий маънодаги билимли, эркин, ватанпарвар ҳамда фидоий фарзандлар ўсажаклар ва улғаяжаклар. Шундай экан, илло, эл-у юртини севган, Ватани йўлида жонини-да аямайдиган улуғ аёлларни тарбиялаб етиштириш ҳар қандай давлат тақдирини ҳал этади.
V.
Ўрни келганда, фурсатдан фойдаланиб, замонавий аёл қандай бўлмоғи керак, деган мавзудаям қисқача тўхталсак. Бу ҳақда турфа касб эгалари, уй бекалари билан суҳбатлашганимизда ҳар хил мулоҳазаларни эшитдик. «Замонавий аёл – вафо қасрининг маликаси, оила ўчоғининг ўчмас алангаси бўлиши зарур» – дейди шоира сингилларимиздан бири. «Оиласига, давлат хизматига, фарзандларига, ўзига қарашни эплаган аёл – замонавий аёлдир» – жавоб қилади муаллималар намояндаси. «Бундай аёлнинг зиммасига умр йўлдоши билан ёнма-ён рўзғорнинг ғорини тўлдириб туриш, ўз устида ишлаш, ўзига қараш, ишниям, турмушниям жой-жойига қўйиш вазифаси юкланади» – дея фикр билдиради зиёлиларнинг яна бир вакиласи.
Энди эркакларга қулоқ тутайлик-чи: «Замонавий аёл, албатта олий ёки ўрта махсус маълумотли ёки бирор касбли-ю ҳунарли бўлмоғи даркор. Шу билан биргаликда, ишда фаол, оилада эрнинг, қайнота-қайнотасининг, бошқа яқинларининг кўнгилларидан чиқиши лозим» – ҳисоблайди уларнинг бири. «Ўзига қараб юриш, дид билан кийиниш, бисёр юмушларнинг уддасидан чиқиш – замонавийликнинг муҳим белгиларидир. Афсуски, бу – кўпчилик аёлларимизнинг қўлидан келмайди» – дейди иккинчиси. «Замонавий аёл бўлиш учун ҳамма нарсага улгурмоқлик даркор» – дея фикр билдиради учинчиси. «Аёл ишлаши керакми, йўқми?» – деган саволга ҳам турлича тоифадаги кишилардан турфача хил жавобларни олдик.
Бизнингча эса, ҳар томонлама мукаммалликка интилган ва, мумкин қадар, ушмундоқ мартабага эришган ҳар бир аёл замонавийдир. Аёлнинг ишлаш-ишламаслиги масаласига келсак, буни оиланинг шарт-шароитидан, фарзандларнинг ҳолатидан ва вазиятидан, аёлнинг имкониятидан ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳал этмоқ лозим.
…«Оламда аёл мадҳига достон тугамайдир…» – дея лутф айлаган эди халқ шоирларимиздан бири. Бу борада ул зотдан ўтказиб бирор нарса айтиш қийин. Ҳа, аёлни таърифламоғ-у тавсифламоққа қалам-у калом ожиз. Шундай эса-да, мазкур бахшидамни 2000 йиллар бошида битганим – айни мавзудаги шеъримнинг қуйидаги сатрлари билан ниҳояламоқчиман:
Илоҳим, бахтимизга дунё тургунича тур,
Азиз фарзандларингнинг порлоқ иқболини кўр,
Алланг оламни тутсин, оилангда даврон сур,
Таъзим, эъзоз, эҳтиром, ҳурмат, хизмат биздандур,
Ўзбегимга доимо ифтихор бўлгин, Аёл!
Бердиёр Жумаев,
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"1" Comment
  1. Tangrim dini-Turkiylarning dini

    Qur’onning muqaddasligi bahsli masala. Chunki Quron Usmon halifa tomonida yozdirilgan. 8 varianti bor Quronning. Har qaysi variantda arab millatining milliy manfaati aks etgan. Quron o’zga halqlarni arab millatiga qul qilishga xizmat qiladi.

Leave a Reply
*