Гулнорага атаб ҳақоратли шеър битган ўқувчимиз мана икки уч кундирки, нега шеърим изоҳлар бўлимидан олиб ташланди деб ўйлаб юргани табиий.
Биз ҳам икки уч кундан бўён ўйлай ўйлай, охири у кишига алоҳида жавоб ёзишга қарор қилдик.
Рости, шеър ёмон ёзилмаган. Қофия, туроқлари ҳам жойида. Лекин биз барибир бу шеърни чоп этолмадик.
Гулнора танқид қилингани учун эмас, йўқ. Асло!
Гулнорани бепарда ва ҳақорат сўзлар билан таърифлаганингиз учун, унга ўлим тилаганингиз учун биз бу шеърни чоп этолмадик.
Шундай гўзал маликага ўлим тилагандан кўра унга умр тиланг. Унинг кийган лозимини муҳокама қилгандан кўра, унга ибодат ва саодат тиланг!
Бизга ҳам унинг қилган жуда қинғир кўп ишлари, ўзбек бизнес оламидаги зўравонликлари, “Зеромакс” ва МТС борасидаги ноҳақликлари, АҚШ ва Европадаги миллион миллион доллар қийматидаги ҳашаматли саройлари ёқмайди,.
Лекин бунинг учун биз унга ўлим тилаб, ўзини ҳақорат қилиб шеър ёзмаймиз.
Аксинча, унинг Филипп Киркоров билан тушган расмини кўриб, масалан, “узукка кўз қўйгандай экансизлар” деб яхши ният билан ҳазил мутойиба қилиб шеър битган эдик.
Шунинг учун, Гулнорага шеър битган мухлис уни эълон қила олмаганимиз учун биздан ранжимас, бизни тўғри тушинар деган умиддамиз…