Menu
Categories
Исмат ХУШЕВ: УЧ КЕЧА-Ю, УЧ КУНДУЗ (3-КИТОБ, 2-БОБ)
03/12/2016 Бош мақола
Исмат ХУШЕВ: ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

FullSizeRender (4)
“Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев (ўнгдан биринчи) янги ташкил этилган Божхона Давлат Қўмитасидаги тантанали йиғилишда. Суратда: Қўмита раиси, Ички хизмат генерали Ўрайимжон Абдуғаниев (чапда), унинг биринчи ўринбосари, ММХ мулозими Юлбарс Шералиев (орқа планда), Тошкент Молия институти ректори, академик Мурод Шарифхўжаев, Олий Кенгаш депутати Акмал Саидов ва Президент девони масъул ходими Умар Исмоиловлар йиғилиш президиумида…

 

УЧИНЧИ КИТОБ
 (3 китоб, 2-боб)

 

“Дунё ўзбеклари”дан:
 “Подшо эркатойининг саргузаштлари” номли хотиралар тўпламининг 3-китобини эълон қила бошлаймиз.
Унда шонли ва суронли Бош муҳаррирликдан урилиб, Президентнинг давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов билан бирга ҳибс этилган Исмат Хушевнинг ўзбек қамоқхоналарида –  мустақилликнинг турма ва зиндонларида кўрган кечирган қонли ва фиғонли кунлари ҳақида ҳикоя қилинади…

 

Яхши-суъратимИсмат ХУШЕВ:
УЧ КЕЧА-Ю, УЧ КУНДУЗ
ёки
ДЎЗАХДАГИ ЕТМИШ ИККИ СОАТ
(3-КИТОБ, 2-БОБ)
1.
Хуллас, 1994 йилнинг 26 июль куни мен ҳибсга олиндим.
Ҳаётимда ўчмас из қолдирган бу машъум санани эслаб қолганимнинг яна бир сабаби шуки, орадан уч кун ўтгач, 29 июль куни Ўзбекистонда биринчи марта пул алмашади.
Яъни, сўм-кўпоннинг ўрнига ҳозирги миллий валютамиз – сўм муомилага киритилади.
Орадан ўтган қатор йиллар давомида ўзбек сўми ҳам, орзиқиб кутилган мустақиллик ҳам халқимизнинг асрий орзу-умидлари ушалишига замин яратиб беролмади, асос бўлолмади…
2.
26 июль куни кечаси – тун ярмида мени республика прокуратурасидан Шимолий вокзал атрофида жойлашган Тошкент шаҳар транспорт милицияси бўлимига олиб боришди.
Ишдан олинганимдан сўнг бир ярим ой кўчага ҳайдаб қўйишди, ортимдан кузатиб юришди. Сўнг ўзлари президентга, СНБга хат ёзсанг, яна сафимизга қайтасан деб лақиллатишди.
Бош прокуратурага чақириб, кўзларимга термулиб, қўйиб юборишди. Сўнг 25 июль куни – энди СНБга келасиз, хат бўйича гаплашамиз, эртага эрталаб уйда бўлиб туринг деб телефон қилишди.
26 июль тонгида эса бир гуруҳ ҳарбийлар уйимга бостириб кириб, тинтув ўтказиб, тунги соат 12 ларга бориб, мени 72 соатга ҳибсга олишганини маълум қилишди.
Ва ниҳоят Шимолий вокзал ҳудудида жойлашган Тошкент шаҳар транспорт милицияси бўлимига олиб келиб, қамаб қўйишди…
3.
Менинг Тошкентдаги бутун ҳаётим, унинг  Шимолий дарвозаси бўлмиш – темир йўл вокзали билан чамбарчас боғлиқ бўлган.
Отам билан илк бор – 1975 йил ўрта мактабни тугатиб, ўқишга кириш учун Китоб – Тошкент поезди билан пойтахтга келганимизда – Шимолий вокзал бизни ажиб бир ҳайрат ва ҳавас билан кутиб олган эди.
Тошкентда талаба бўлиб, Сирдарёнинг “Оқ олтин” районига пахта териш учун борганимизда ҳам – автобуслар карвони бизни – Шимолий вокзал дарвозаси орқали қишлоқ манзилига олиб борган.
Тошкентдан – МГУга ўқишга кетганимда ҳам – Шимолий вокзалдан поездга ўтириб, уч кечаю, уч кундуз юриб, Москванинг Қозонь вокзалига етиб борганман…
Ҳаёт гўзал эди, умр тугал эди. Ёш ва серҳаяжон, шеърпараст ва беармон Исмат Хушев чиққан поезд купеларидан – то тонггача шеър ва шуур, ишқ ва сурур ёғилар эди. Дунёнинг энг сулув қизлари ҳам унга ажиб бир ҳайрат ва муҳаббат билан боқар эдилар.
У нафақат поездларнинг вагон ва купеларига, балки бу ёруғ ва кенг, мунаввар оламга ҳам сиғмасди. Ўзбекистон, қолаверса, бутун ер юзи, курраи замин унга торлик қиларди. У бутун дунёни, жаҳонни қучиб, самоларда, фазоларда, кенгликларда қанот қоқиб учиб юрмоқ истарди.
Кейин ўқишларни, шўхликларни тугатиб, журналист бўлди. Одамларни ноҳақликлардан ҳимоя қилиб, мақола ва суд очерклари ёзди.
“Саодат” ва “Адабиёт” газетаси махсус мухбири сифатида Тошкентнинг Шимолий вокзалидан Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларига, шаҳар ва қишлоқларига бориб, фаол ва адолатпарвар журналист сифатида одамларнинг оғирини енгиллатишга ҳаракат қилди, жамиятда ўз ўрнини топишга интилди.
Сўнг кўп ўтмай кўтарилиб кетди. Вокзални бир қадар эсдан чиқарди. Энди унинг хизмат машинаси бор эди. Энди у поездларда эмас, балки тез учар самолетларда парвоз қиларди.
Вокзал эса унга ўрганиб қолган эди. Вокзал уни соғинар эди…
4.
Бугун – 26 июль куни, не тонг ва ё не кулфатки, мени – қўлларимга кишан солиб, Шимолий вокзалга олиб келишди.
Лекин перронда турган – менга таниш ва қадрдон поездларга, купеларга, вагонларга эмас, балки унинг шундоққина биқинидаги – қон ва тер ҳиди анқиб турган ҳибсхонага олиб келишди.
Тошкент шаҳар транспорт милициясига қарашли бўлган бу қамоқхонага – олдиндан поездларга чипта сотиб олинадиган кассаларнинг ёнидан ўтиб бориларкан.  Олдин бу томонларга йўлим тушмаган эди. Қувонч ва ҳаяжон билан келиб кетиб юрган азиз ва қадрдон вокзалнинг шундоққина ёнигинасида қамоқхона борлигини билмас эканман.
Мени ичкарига олиб киришгач, шарақ-шуруқ этказишиб рўпарадаги темир эшикларни очишади. Яна ичкарига кирилгач, яна шарқ шуруқ этиб, навбатдаги темир эшиклар очилади.
Бу дунёда темир эшикларнинг шарақ шуруқ этиб очилишини, калитлар ҳар буралганда совуқ ва ёқимсиз овоз чиқаришини ўшанда биринчи бор эшитдим. Ҳар темир эшик очилгандаги қўрқинчли ва ваҳимали товуш юрагингизни тилиб ўтади.
Шарқ-шуруқ. Шарақ-шуруқ. Шарақ-шуруқ…
Гўёки Сиз дўзахнинг ичкарисига кириб бораверасиз. Автомат ушлаб олган қоровуллар – соқчилар кўзга ташланади.
Камераларнинг бадбўй ва зах ҳиди димоғингизга гуп этиб урилади…
5.
Бу қамоқхонанинг бошлиғи истараси иссиқ, узун бўйли, хоразмлик йигит экан. Мени унга рўпара қилишди.
– Ничиксиз, галинг, – деди у совуққина.
У ҳам мени қайтадан тинтув қилиб, қандайдир қоғозларни тўлдирди.
– Манави жойга имзо чекинг, – деди. У кўрсатган жойга имзо чекдим. – Бўлди, олиб чиқинг! – деб буюрди ортимда қаққайиб турган соқчига.
Сўнг яна боягидек –  панжарали темир эшиклар шарақлаб очилди-да, дўзахдан одамлар чиқиб, мени ичкарига опкириб кетишди.
Шарқ-шуруқ. Шарақ-шуруқ. Шарақ-шуруқ…
Ним қоронғу йўлак бўйлаб кетавердик. Ҳар қадамда рўпарамиздаги  зил-замбил темир эшиклар очилиб, сўнг яна қулфланиб ёпилади.
Шарқ-шуруқ. Шарақ-шуруқ. Шарақ-шуруқ…
6.
Ниҳоят ним қоронғу коридор ниҳоясига етди.
Мени қоп-қоронғу йўлак бўйлаб бошлаб боришиб, битта камеранинг эшигини очишди-ю, ичкарига итариб юборишди.
Камерадаги бадбўй ҳид гуп этиб димоққа урилди. Ёз эди, кун иссиқ, ҳибсхона димиқиб кетган, ҳаво етишмасди.
Камера қоп-қоронғу эди. Ҳеч нарса кўринмасди. Мен нимагадир туртиниб кетдим. Камеранинг ўртасида даҳшатга тушиб, қаққайиб туриб қолдим.
Орадан анча вақт ўтгач бир йигит:
– Ўтир! – деди.
Камеранинг икки тарафида икки ярусли темир каравот бор экан. Ўшаларнинг биттасида плавкачан бир йигит чўзилиб ётарди.
– Нима гап? Тинчликми? – деди анави йигит. – Нега қаққайиб турибсан, ўтир, – деб такрорлади беписандлик билан.
Бўш қаравотларга қарадим-у, кўнглим тўлиб бирдан йиғлаб юбордим.
Умримда илк бора қамоқ қанақа бўлишини кўриб турардим…
7.
Ўн-ўн беш минут йиғлаб, мундоқ камерани кўздан кечирсам, бурчакда батта сатил (пақир) турибди: ўшанга ўтириб ҳожатингизни чиқаришингиз керак экан.
Эрталаб соат олтида фақат бир марта камерадан ташқарига олиб чиқишади, холос. Тамом. Бошқа пайтларда зарурият бўлиб қолса, сатилга ўтирасиз.
Унда тўпланиб қолган чиқитлар иссиқдан бижғиб кетган, димоқни ёрар даражада бадбўй ҳид тарқатарди. Биттагина туйнукча бор, фақат ўшанга қараб ёруғ дунё борлигини биласиз.
Камера ниҳоятда ифлос, хароб эди. Ҳар хил қурт ва қумурсқалар деворларда, полда, каравотларда ўрмалаб юрарди.
Кўрпа-тўшак деган нарсадан дарак ҳам йўқ…
8.
Камерадаги бу ҳолни кўриб, кўнглим айниб кетди, қусиб юборгим келди.
Мен умрим давомида ҳали ҳеч қачон бунақа ғариб ва тушкун ҳолга, – инсон зоти яшаши мутлақо мумкин бўлмаган ташландик жойга тушмаган, тушаман деб ўйламаган ҳам  эдим.
Икки-уч кунгача ҳеч қандай овқатни ея олмадим, иштаҳам ғиппа буғилган эди. Фақат йиғлардим. Ўксиб, ўксиб йиғлардим.
Уч куннинг ичида очликдан силлам қуриб қолди. Улар берадиган овқатни кучукка берсангиз – емайди.
Лекин оч қолганингиздан кейин ўшани ҳам шунақа ҳафсала билан ер экансизки, иштаҳангиз очилиб кетганига ўзингиз ҳайрон қоласиз.
Қошиқ-пошиқ йўқ, овқатни қўлингиз билан ошалаб ейсиз.
Эҳ, у кунларни ҳеч кимнинг бошига солмасин…
9.
Энди секин аста тақдирга тан бериб, ўзимга кела бошладим.
Ҳибс ва очлик, ифлос ва бадбўй камера  – қамалган одамнинг руҳини синдириб, иродасини букиб қўяр экан.
Айниқса мендек – бу дунёда адолат ва диёнат бор деб юрган шоиртабиат йигит учун бундай ҳолга тушиш – жуда оғир ва азобли бўлди.
Бу мен учун ўлим билан тенг эди гўё…
10.
Шу тариқа менинг қамоқдаги кунларим бошланди.
Мени тергов қила бошлашди. Биринчи кундаёқ:
– Сенга ҳозирча битта модда қўямиз. Лекин кейинчалик тўртта моддани бўйнингга оласан, – деди терговчи беписандлик билан кўзларимга бақрайиб туриб. – Биринчиси, мансабни суистеъмол қилиш. Иккинчиси – ахлоқий бузуқлик… Учинчиси порахўрлик… Тўртинчиси – давлатга қарши террор…
Терговчи шу сўзларни айтиб, кўзларимга синчковлик билан тикиларкан, айтаётган сўзлари менга қандай таъсир қилаётганини унга ҳайрат ва даҳшат билан боқиб турган нигоҳларимдан билмоқчи бўларди гўё.
Сўзлари мени ростдан ҳам адойи тамом қилганини сезди шекилли, ишонч билан яна давом этди:
– Вазифада туриб неча марта жиноят қилганингни ўзинг айтиб берасан. Ўз хоҳишинг билан қилган барча айбларингга иқрор бўлсанг, жазонг енгиллашади. Йўқса, ўзингдан кўр. Бизнинг қўлимизга тушганлар бу ердан ҳали айбсиз ва соғ-омон чиқиб кетишмаган…
11.
Терговчилар инсонни руҳан эзиб ташлар экан.
Уларда заррача ҳам одамгарчилик ва меҳр-шафқат деган нарса бўлмаскан.
Ҳар куни терговга олиб чиқишади, ҳар куни битта гап такрорланаверади:
– Айт! – дейди терговчи.
– Нимани айтаман? – дейсиз ҳайрон бўлиб. Ростдан ҳам нимани айтишни билмайсиз.
– Бўпти, яна ўйлаб кўргин, – дейди терговчи.
Терговчининг вазифаси одамни хўрлашдан иборат.
У бошқа нарсани билмайди…
12.
Қамоқдаги азоб уқубатли ҳаётим бошланди.
Шу ерда қизиқ бир воқеа бўлди. Муқаддам таъкидлаганимдек, мени биринчи марта қоронғу камерага итариб юборганларида, у ерда битта йигит ётган эди.
Эртаси куни унга яхшилаб разм солсам, унинг кўкракларига, билакларига наколкалар урилган эди. Кейинчалик билсам, у сурхондарёлик бўлиб, яхши йигит экан. У наша билан қўлга тушган эди. Ҳаётнинг қизиқлигини шунда кўрдим. Нима учундир унинг кайфияти аъло эди.
Мен ҳайрон бўлардим. Ахир, биздаги мавжуд қонунлар бўйича нашафурушлар ҳатто энг олий – ўлим жазосига ҳам ҳукм этилиши мумкин. Лекин унинг кайфияти яхши, руҳи тетик эди.
Уч кундан кейин унинг ўзи гапириб қолди.
– Булар мени қўйиб юборишяпти. Боз устига наша билан қўлга тушганимни расмийлаштиришганиям йўқ. Пул сўрашяпти. Кеча ҳатто каттаси ҳам келиб гаплашди. Агар улар айтаётган пулни топиб келсам,  мени озод қилишади. Лекин “товар”ни олиб қолишмоқчи, сучкалар! – деди у.
– Ие, улар нашани нима қилишади?
Йигит ажабланиб менга тикилиб турди-да:
– Нима қилишарди, ўзларининг клиентларига сотишади., – деди пинак бузмай. – Майли, эсон омон бу ердан чиқиб кетсам, улар билан ўзим ҳисоб-китоб қиламан…
13.
Уч кундан сўнг биз анча иноқ бўлиб қолдик.
– Мен эрта индин чиқиб кетаман, – деди у бир куни.
– Ака, агар озодликка чиқадиган бўлсангиз, бизникига боринг, уйдагилар ҳозирга қадар менинг қаердалигимни билишмайди, уларга соғ-саломат эканимни айтинг. Менга нон-пон, янги спорт кийимимни олиб келиб беришсин, – деб унга МВДнинг шундоққина орқасида жойлашган уйимизнинг адресини тушунтирдим.
– Бўпти, – деди у, – албатта бораман…
Чунки, терговчи уйингизга хабар бермайди. “Оила аъзоларинг учун сен ўлган одамсан, уларни энди унут!” деб кўзларингизга қараб, бақрайиб тураверади.
“Адвокат олишим керак!” десангиз: “Мана, сенга адвокат!” деб оёқларининг орасини кўрсатади….
14.
Нашафуруш йигит эса менинг айбсиз эканимга ишонди.
Ҳар куни йиғлаётганимни, терговчининг оёғига йиқилиб, ялиниб – ёлвораётганимни эшитиб, унинг қони қайнаб кетди.
– Агар менга адвокат топиб бермасаларинг, мен энди саволларингизга жавоб бермайман дегин! Тергов пайтида йиғламагин, терговчининг оёғига йиқилмагин!!! Хомтама бўлмагин! Билиб қўй, агар уч кунинг ичида бу ердан чиқсанг чиқдинг, чиқмасанг – тамом, қамалиб кетасан! Ўзингни руҳан шунга тайёрлаб боргин! Эшитяпсанми, уч кунгача сени чиқариб юборишмаса – қамалиб кетасан!!!
Менинг қамоқдаги ҳуқуқий билимимни ўша сурхондарёлик йигит оширди.
Афсуски, унинг исмини унутиб қўйдим, лекин яхши инсон эканлигини унутганим йўқ.
У менга кўп нарсаларни ўргатди:
– Агар терговчининг олдида йиғласанг, унинг оёғига йиқилсанг, у сени баттар эзаверади! Терговчига умуман яхши гапирмаслик керак. Ҳақлигингга ишонсанг, дадил туриб ўзингни ҳимоя қилгин! – дерди у куюниб…
15.
Биз одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, қатор “Суд очерклари” ёзган журналист бўлсак ҳам, Бош муҳаррир бўлсак ҳам, афсуски, қамоқдаги қонунларни билмас эканмиз.
Инсон кутилмаганда қамалиб қолса, унинг ҳуқуқлари нималардан иборат эканини, терговчи ва прокурорларнинг вазифа ва мажбуриятларини, ўзимиз яшаб турган жамиятнинг расмий ва норасмий  қонун-қоидаларини билишимиз, ўрганишимиз лозим керак.
Мен қамалганимдан кейингина ҳақ-ҳуқуқларимни таний бошладим.
Ҳаммасини ўша нашафуруш йигит ўргатди:
– Сен буларнинг оёғига тиз чўкма! – дерди у. – Келиб келиб шу ифлосларнинг оёғига бош урасанми?! Шу муттаҳамларга ялинасанми? Сенинг айбинг йўқлигини мен билиб турибман, лекин буни ҳаёт дейдилар. Йигит киши тақдирга тан беришни ҳам билиши керак. Ожизлик ва иродасизлик – ҳибсдаги маҳбуснинг энг катта душмани, шуни унутма! Келганингдан бўён йиғлайвериб, юрагимни эзиб юбординг. Бошга тушганини кўз кўраверади, дадил ва бардам бўл, ўзингни қўлга ол! Ҳаёт шу билан тугамайди. Ҳали бу ерлардан чиқиб, яна умид билан яшашинг керак…
Ўша йигитдан ўла-ўлгунимча миннатдорман, уни излаб топишим, раҳмат айтиб қўйишим керак.
Мард йигит экан, азамат!
16.
Уч кун ўтишини – етмиш икки соатнинг ичида тақдиримда ёрқин бурилиш бўлишини сабрсизлик билан кута бошладим.
Мен ўзимнинг ҳақлигимга ишонардим. Мени адашиб ҳибсга олганларига, етмиш икки соатнинг ичида оқни оққа, қорани қорага ажратишларига, адолат қарор топишига, бу жаҳаннамдан эсон-омон чиқиб кетишимга ишончим комил эди.
Қолаверса, Президентга, унинг одил ва инсонпарварлик сиёсатига ишонардим.
Ислом акадай мард ва адолатпеша раҳбар бош бўлган ҳур ва озод мамлакатда – мустақил Ўзбекистонда ҳеч ким ва ҳеч қачон ноҳақдан қамалиб қолади деб, ўйламасдим, буни хаёлимга ҳам келтирмасдим.
Ана шундай умидбахш туйғлар билан 72 соатнинг ўтишини кута бошладим.
Ҳар куни эшикнинг қулфига ташқаридан калит тиқилишини интизорлик билан кутиб ўтираман.
Бу орада алкашлар, киссавурлар, ҳар хил қаланғи-қасанғилар камерага тепиб киритилиб, сўнг икки-уч соатдан кейин яна олиб чиқиб кетилаверарди.
Қамоқ ва ҳибс кишини – озодлик ва ёруғликнинг қадрига етишга ўргатади.
Агар бу ерлардан эсон омон чиқиб кетсам, Бош муҳаррир бўлмасам ҳам, оддий журналист бўлиб, оддий одам бўлиб озодликда яшаб юрсам бас деб юрагимга тугиб қўйдим.
Истаган пайтда истаган ишингни қилиш, истаган жойингга бориш бахти ва ҳуқуқи ҳам одам учун қанчалар катта саодат эканини – қурт қумусқа ва чўмолилар ўрмалаб юрган бадбўй ҳидли Шимолий вокзал қамоқхонасида англаб етдим…
17.
Бир куни қамоқхонанинг хоразмлик бошлиғи мени ҳузурига чақиртирди.
– Сени айбинг йўқ экан. Прокурор сенга санкция бермаган бўлиши ҳам мумкин, – деди камерадош ўртоқ.
Ўзим ҳам етмиш икки соатнинг ичида озодликка чиқиб кетишимга заррача ҳам шубҳаланмасдим. Боз устига, бир куни ярим кечаси ўша бошлиқ мени хонасига чақиртириб – Умрзоқов СНБ раиси Ғулом Алиевни сўккан даврада нима бўлганини, ким кимга нима деганини, шов шув бўлиб қамоқхоналарга етиб келган Мавлон ака ҳақидаги яна бошқа гап сўзларни ҳам узоқ сўраб суриштирди.
Улар ҳам одам, улар ҳам оқ қорани танийди деб билганларимни бошлиққа батафсил гапириб бердим. Президентга, давлатга қарши ҳеч иш қилмаганимизни, терговчиларнинг айтаётган гаплари, қўяётган ваҳимали айблари мутлақо асоссиз эканини, улар ҳақиқатга умуман тўғри келмаслигини ҳаяжон билан сўзладим.
Худди менинг тақдирим қамоқхона бошлиғига боғлиқдек роса йиғладим, оёқларига бош урдим, қўлларини ўпдим. Бечора бошлиқнинг ўзи хижолат чекди. “Майли, кўрамиз, қўлимиздан келганча ёрдам берамиз”, деб кўнглимни кўтарган эди ўшанда.
Мана энди ўша бошлиқ мени яна хонасига чақиртирди.
Қолаверса, бугун қамалганимнинг учинчи кечаси – ҳаётимда даҳшатли туш бўлиб мангуга муҳрланиб қолган лаънати етмиш икки соат тугаш арафасида…
18.
Навбатчи милиционер мени бошлиқнинг хонасига олиб кирди.
Бошлиқ негадир бошини эгиб ўтирарди, менга қарамасди. Аста унинг рўпарасига бордим.
– Исмат ака, қоғоз келди, – деди бошлиқ бошини кўтармасдан.
Мен шитоб билан унинг оёғига йиқилиб, қўлларини ўпдим.
– Ака, минг раҳмат Сизга! – дедим кўзларим жиққа ёшга тўлиб. – Ака, демак мени бу ердан озодликка чиқариш тўғрисида қоғоз келибди, шундайми?
– Йўқ, Исмат ака, сиз тушунмадингиз: Сизни қамоққа олиш тўғрисида прокурор санкция берди, – деди бошлиқ ноқулай аҳволга тушиб. – Кечирасиз, Исмат ака, биздан хафа бўлманг, – деди у елкамга қўлини қўйиб.
Сўнг менга санкцияни тутқазиб, ўқиб қўл қўйиб беринг деди.
Терговимни икки ойга чўзиш ҳақида прокурор санкция берган экан. Бошимга биров гурзи билан ургандай бўлди. Кўз олдим қоронғулашиб, ҳушимни йўқотиб қўйдим. Нафас олишим қийинлашиб. юрагим қисила бошлади. Сўлжайиб, деворга суяниб, ўтириб қолдим.
Юзларимга сув сепиб, ўзимга келтиришди. Сўнгра, биринчи куни мени қоронғу камерага итариб юборган милиционерлар аста қўлтиғимдан ушлашиб, камерамга киритишиб, ётқизиб қўйишди…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
Торонто шаҳри, Канада,

 

10 март, 2016 йил.

 

 

Бош прокурорнинг янги расми

Суратда: Мени ҳибсга олиш учун санкцияга имзо чеккан Бош проурор ўринбосари, кейинчалик – 15 йил давомида узлуксиз равишда Ўзбекистон Бош прокурори бўлиб ишлаган Рашид Қодиров…

 

ras13
Суратда: Мени Бош муҳаррирликдан озод қилган Бош вазир Ўринбосари, академик Мурод Шарифхўжаев (ўнгдан биринчи), мени ҳибсга олишга Президентни шахсан кўндирган МХХ раиси, генерал-лейтенант Ғулом Алиев (ўртада), МВД ертўласида мени уриб, дўппослашларига шароит яратиб берган Ички Ишлар вазири, генерал-полковник Зокиржон Алматов – Ўзбекистон Олий Кенгаши йиғилишида…
(Исмат Хушевнинг шахсий альбомидан олинган бу ноёб суратлар матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда…)
“Дунё ўзбеклари” учун махсус

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

"3" Comments
  1. Тўғри Исмат ака амалий иш мутлоқа бошқа, назария қонун қоидалар. Сиз айтган шароитга тушиш , унга бардош бериш оғир начора одам куникиб кетар экан. Буларни ўқиб сиздек Президент тарафдори буган одамнинг бошидан шунча азоб уқубат утган бўлса, оддий халқ бечораларнинг ҳозирги аҳволи қанақа экан деб уйлаб кетаман. Кейинги 25 йилда Ўзбекистонда қамалмаган оила қолмади хисоб. Сизнинг китобингизни ўқиб, нима учун бизда қамалганлар кўплигини англаб етгандай бўлаяпман. Бир қамоққа кирган одам ҳушёрроқ, қўрқоқроғ бўлиб қолади. Каримов атайлаб шу қатағон сиёсатни олиб бораётганини мен бугун тушундим. Исмат Хушевнинг асарларини ўқиб тушундим.

  2. Менг лаънатлар бўлсин шу қамоқхонадаги шароитни яратган ҳокимятига ҳам бошқаларига ҳам. Бундай ҳайвон сифат махлуқларни ўзларини шундай шароитда сақлаш керак. Ахир бўларни ўзи ўғри, пораҳур, мутаҳамлар-ку.Мен энди тушундим нима учун Ўзбекистоннинг ярми қамоғда эканини. Демак улар озодликда юришнинг ўзи ҳам катта бахт экан деб жим юриши учун шундай қилинган. Менга ана шу хакикатни очиб бергани учун Исмат Хушевни хурмат қиламан. Ва уни ўзимнинг сиёсий кумирим деб биламан. Каримов режими яратган қамоқхонанинг асл башарасини хали хич ким И.Хушевчалик очиб беролгани йўқ. Бу хали бор йуғи бир китобнинг икки боби, холос. Қаламингизга барака, умрингиз узоқ бўлсин, ўзингизни асранг, буларнигнг кулидан хар нима келиши мумкин, Исмат ака.

  3. Ўзбекистон – қамоқхоналар салтанати!

Leave a Reply
*