Menu
Categories
Ҳамроқул Асқардан Мавлуда Асалхўжаевага байрам табриги
03/13/2016 Видео
Хамроқул Асқар:  –  
Илоҳий китобларда нақл этилганидек, Одам Ато жаннатдан Момо Ҳавога муҳаббати туфайли ҳайдалган бўлса, бу унинг энг буюк гуноҳидир.
Агар, қалбингизда Аёл муқаддас деган Она тасаввур яшамас экан, Сизнинг ҲАЁТ ЭКАНЛИГИНГИЗ ҲАМ шубҳалик. Чунки фақат, фақат муҳаббатгина инсоннинг тириклиги ҳақидаги энг буюк гувоҳномадир! Бу серғалва дунёнинг барча шовқинлари ўзаро бахт талашаётган очкўз кимсаларнинг можороларидир.
Улар билмайдиларки, бу оламда чинакам бахт Аёл меҳрини қозонган, лоақал унинг бир лаҳзалик самимий илтифотига сазовор бўлган ошиқнинг илкидадир.
Зеро, Бизнинг аёл зотига буюк эҳтиром ва муҳаббатдан ўзга бойлигимиз йўқ. Ер юзидаги барча аёлларни ўзлари каби гўзал байрамлари ила чин юракдан қутлайман!
Асалхўжаева 
МАВЛУДА АСАЛХЎЖАЕВАГА

 

Гоҳида тун бўйи йиғлаб чиқаман,
Ёмғирдек ёғади дилга қўшиқлар.
Ишқсизлар ҳолимни англамас –
Мени тушунади фақат ошиқлар.

 

 

Мавлуда Асалхужаева: «Хаётим кил устида турганида санъаткор булганимдан афсусланганман»
Мавлуда Асал
Қамариддин ШАЙХОВ, жамоатчи мухбир: — Бош муҳаррир “Профессионал интервью” лойиҳасининг шартига кўра, ҳар бир журналист ўзи истаган санъаткор билан суҳбат қилиши лозимлигини айтганида, тўғриси, ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Ва дарров кўпчиликнинг кўнглидан жой олган, халқ яхши кўрган, ўзим суҳбатлашишни истаган санъаткорни ахтаришга тушдим. Ахир «Профессионал интервью» ҳақиқий профессионаллар билан бўлиши керак-да! Очиғи, «кимдан интервью олсам экан» деб роса ўйландим. Маслаҳатлашмаган одамим қолмади. Ҳатто қўшниларимни ҳам безор қилиб улгурдим. Ва ниҳоят топдим. Суҳбатдошим Мавлуда Асалхўжаева билан танишганимга кўп бўлмаган бўлса-да, у билан интервью қилишни истаган ҳар қандай журналист суҳбат белгиланган кундан бир ҳафта аввал ҳаракатни бошлаши кераклигини яхши билардим. Хуллас, хонанда билан учрашиш имкониятига зўрға эга бўлдим.
— Ассалому алайкум! Тўғриси, жуда хурсандман! Режам иш берди.
— Қанақа режа?! Суҳбат бошланмасидан мени нималар деб қўрқитаяпсиз.
— Аслида режамизга кўра суҳбат бугун бўлиши керак эди. Мен эса сизни яхши билганим учун уни бугун эмас, балки «бир ҳафта аввал бўлиши керак», деб айтгандим. Демак, ҳаммаси режадагидек кетаяпти.
— Тўғриси, менга ҳеч ким бундай найранг ишлатмаган. Қани, саволларингизни беринг унда.
— Кўринишингиздан ҳаммадан шубҳаланадиганга ўхшайсиз. Фақат тўғрисини айтинг, мендан ҳам шубҳаланганмисиз?
— Бугун ҳақиқий суд бўладиганга ўхшаяпти-ку! Тўғрисини айтсам, гапингиз рост. Биринчи марта кўриб турган одамимдан доим шубҳаланаман. Ҳатто сиз билан илк бор кўришганимда ҳам «газеталарда мени иғво қилиб, турли миш-мишлар тарқатаётган йигит шу эмасмикан», деб гумонсирагандим.
— Ё тавба, шунақага ўхшайманми? Хўш, натижа қандай?
— Нима десам экан?.. Ҳозирча ижобий.
— Шунисига ҳам шукр! Одамлардан нега бунчалар гумонсирайсиз?
— Бунга сабаб бор. Чунки кўп бор алдашган. Кўп дўстларим, ишонганларим кўзимга чўп суқишган.
— Лекин бу ҳаммадан шубҳаланишга асос бўла олмайди. Гумонсираб, кимнингдир кўнглини ноҳақ оғритиб қўйиш ҳам мумкин.
— Йўқ, мен бундай деб ўйламайман. Ўзига ишонган одам ҳамма вақт бирдай қолаверади. Мен кимнинг қанақалигини 5 дақиқадаёқ билиб оламан. Гапимни асослаб беришим мумкин: бир неча йил аввал бир қиз уйимга келиб, «опажон, пулим, борадиган жойим йўқ, сизга ихлос қилганман. Илтимос, менга ёрдам беринг», деганида унга ишониб, уйимга қўйгандим. Ҳалиги қиз эса уйда йўқлигимда нарсаларимни ўмариб, қочиб кетишига бир баҳя қолган. Агар ўшанда уйга акаларим келиб қолишмаганида, билмадим, нима бўларди. Айтишади-ку, «оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади» деб. Аммо сиздан ҳозир ҳам шубҳаланаяпман (кулади).
— Телефонингиз жиринглаяпти. Бир неча дақиқадан буён кимдир қўнғироқ қилаяпти. Нега жавоб бермаяпсиз?
— Биринчидан, ҳозир иш жараёнидамиз. Қўнғироққа жавоб берсам, бу сизга нисбатан беҳурматлик бўлади. Боз устига, қўнғироқ қилаётган рақам эгасини танимайман.
— Телефонни нимага тутасиз-у, нега қўнғироқ қилишса жавоб бермайсиз? Ўша яширин рақам эгаси мен бўлишим ҳам мумкин эди. Менинг рақамим чиқса ҳам жавоб бермасмидингиз?
— Умуман олганда, телефонни оиламдагиларнинг аҳволидан бохабар бўлиб туриш учун тутаман. Кейин агар қўнғироқ қилаётган рақам эгасининг исм-шарифи телефоним хотирасида сақланмаган бўлса, кўтармасликка ҳаракат қиламан. Сабаби баъзилар қўнғироқ қилиб ҳазиллашишади. Ҳар хил гап-сўзлардан узоқроқ юришни афзал биламан.
— Менимча, санъаткор мухлислари билан яқинроқ бўлгани маъқул. Ахир мухлис…
— Ахир мухлис бизни олқишлаяпти, шундайми? Мухлислар икки турга бўлинади: бири ҳақиқий, иккинчиси эса шунчаки мухлис. Қайсидир телевизор орқали клипларимизни кўриб, концерт дастурларимизга тушиб, гул бериб, ҳурматимизни жойига қўйса, бошқаси умуман аксини қилади. Лекин униси ҳам, буниси ҳам мухлис. Бироқ мен ҳеч қачон мухлисларнинг юзига оёқ қўйган санъаткормасман. Санъатга кириб келибманки, халқимизга таъзим қилиб қўшиқ айтаман. Мисол учун, сиз журналистсиз. Сизни ҳам кимдир «мана бу мақолани ёзган қалами ўткир» деб ортингиздан мақташи, ғойибона мухлис бўлиши мумкин. «Ана, ёзувчи келаяпти», деб қўлини бигиз қилиб кўрсатадиганлар ҳам йўқ эмас. Хўш, ана энди тушунгандирсиз.
— Ашаддий мухлисингизнинг тўйида бепул хизмат қилишингиз мумкинми?
— Албатта. Нега энди мумкин бўлмасин?! Ҳали пул деб инсофимни йўқотмаганман. Ҳамма вақт имконияти йўқ одамларнинг тўйларига бориб, бепул хизмат қилганман. Бу анъана ҳали кўп давом этади.Яна бир бор айтаманки, мухлис бўлмаса ҳеч қайси санъаткор бугунгидек бўлолмасди.
— Негадир танқидни ёмон кўрасиз…
— Ҳечам-да! Агар танқидни ёмон кўрганимда ҳозиргидек сиз билан гаплашиб ўтирмаган бўлардим. Чунки фақат танқидий руҳдаги саволлар бераяпсиз. Танқид яхшиликка хизмат қилади. Фақат агар у асосли бўлса.
— Сизнинг қилиқларингизни қилиб, тўйхоналарда обрў топиб юрган бир «юлдузча»ни тўйдан ҳайдаб чиқарган экансиз?
— Жуда боплабман-да! Нега энди мени ҳар хил одобсиз қилиқлар билан тасвирлаб пул топиши керак экан? Ҳақиқий иқтидор эгаси бўлса, ўзига бошқа йўл топсин. Биз устоз санъаткорлар қўлида тарбия олганмиз. Лекин уларнинг кўзига тик қарашга ҳам қўрқардик ҳатто. Бугун эса дуч келган одам ўзича қўшиқчи, ўзича санъаткор. Камига ўзларидан катта устоз санъаткорларни оёқ учида кўрсатишлари қонимни қайнатади.
— Кўринишингиздан, гап-сўзларингиздан ўзингизга ишончингиз билиниб туради. Ўйлашимча, сизни алдаш жуда мушкул.

— Аксинча. Кўнглим жуда нозик. Бировнинг дарди учун ҳам кўз ёш қилиб ўтираман. Алданишга келсак, алдаганлар, хиёнат қилганлар кўп бўлган. Бироқ буларнинг барчасини унутиб юборишга ҳаракат қиламан. Бир воқеа эсимга тушиб кетди. Бир неча йил аввал қўл телефоним яқин дугонамда қолиб кетибди. Машинада кетаётсам, у қўнғироқ қилиб, «телефонинг менда қолиб кетибди, бирор жойда учрашайлик, бериб юбораман», деди. Учрашув жойи келишилди. Бир пайт негадир гўшакни қўймасдан туриб, мени ёнидаги одамга ёмонлай кетса бўладими!.. Гўшак ортида энг яқин дугонамнинг мен ҳақимда ёмон гапларни айтаётгани эшитиб, ҳўнграб йиғлаб юборганман. Бир неча кун гаплашмай юрдим. Аммо кун келиб, ўшанда унинг ҳамма гапини эшитганимни юзига айтиб, озгина бўлса-да, дарддан фориғ бўлдим.
— Миш-мишлар ҳам хиёнатга ўхшайди, назаримда. Беш-ўн қадам нарироқда кимдир сизни бўҳтон гаплар билан қораласа-да, ёнига бориб ҳеч нима деёлмасангиз… Бундан оғири бўлмаса керак. Миш-мишларга муносабатингиз қандай?
— Бу қандай миш-миш эканига боғлиқ. Биласизми, мен нимадан хафа бўламан? Баъзи ёш санъаткорларимиз, хонанда қизларимиз ўзларини реклама қилиш, тезроқ кўзга кўриниш учун турли миш-мишларни ўйлаб топиб, яна ўзларини турли бало-қазоларга гирифтор қилиб юборишади. Худо кўрсатмасин-у, реклама қилиш мақсадида айтилган ўша «авария» ростдан ҳам содир бўлса-чи?!
— Мен бекорга бу ҳақида гап очмадим. Сиз ҳақингизда ҳам миш-мишлар бисёр. Балки уларга бирин-кетин аниқлик киритармиз?

— Майли. Шу баҳона одамларнинг мен ҳақимдаги фикрларини билиб оламан.
— Гап-сўзларга қараганда, Гули Асалхўжаева сизнинг синглингиз эмас, қизингиз эмиш…
— Тавба!.. (хандон отиб кулиб) Агар Гули қизим бўлса, мен бешикдан турибоқ турмуш қурган эканман-да! Мен бу гапнинг умуман бошқача талқинини эшитганман. Яъни кичик синглим Моҳигулни онам 48 ёшларида дунёга келтирганлар. Лекин кўпчилик мени турмушга чиқиб, фарзандли бўлди, деб ўйлаган. Буни қарангки, йиллар ўтса-да, бу гап одамлар тилидан тушмайди.
— Эшитишимизча, қозоғистонлик бир инсонга турмушга чиқибсиз?
— Энди буниси ортиқча. Бу гапларни қаердан олиб айтаяпсиз (асабийлашиб)?
— Айтдим-ку, одамлар орасидаги миш-мишлар. Жавоб беришни истамасангиз…
— Нега энди?! Жавоб бераман. Агар шунга ҳам жавоб бермасам, одамлар дарров гап топиб, яна бир ғийбатни ўйлаб топишади. Бу гапларнинг келиб чиқишига асосий сабаб ўтган йили қизим Маржонани қозоғистонлик йигитга турмушга узатганим бўлса ажабмас. Шунинг учун юқоридаги каби гаплар болалагандир. Турмуш ўртоғим Давлет билан муносабатларимиз жуда яхши. Аммо у ҳозир асосий эътиборини синглим Гулининг ижодига қаратган.
— Сўнгги пайтларда турмуш ўртоғингиз клипларингизда ҳам кўринмай қолди.
— Ҳозир шу ҳақда гапираман деб оғиз жуфтлаб тургандим. Унда негадир олдингидай шижоат йўқ. Студияга қамалиб олиб, қўшиқ ёзишни, янги асарлар устида ишлашни, тинчликни маъқул кўради. Муносабатларимизга келсак, Давлет ва мени айро тасаввур қилиб бўлмайди. Санъатга кириб келганимизда бошимиздан қанча қийинчиликлар ўтган бўлса, барини бирга тотганмиз. Ҳатто бир куни узоқроқ бир жойга тўйга борганимизда Давлет бошқа машинада, мен эса бошқа машина умуман танимаган одамим билан кетишимни айтишган. Талабларига рози бўлмаганимдан кейин ҳатто пешанамга тўппонча тирашган. «Отсанг от, аммо эрим билан бирга кетаман», деб бор овозимда бақиришга қандай куч топганимни ўзим ҳам билмайман. Ҳатто ҳаётим қил устида турган бир пайтда санъаткор бўлганимдан афсусланганман.
— Онангиз учун фарзанд, келинингиз ва куёвингиз учун қайнона, фарзандларингиз учун она, турмуш ўртоғингиз учун севикли ёр… Буларнинг барини бирдай бажариш қийинмасми?
— Энг асосийсини унутдингиз. Бувилик жуда катта бахт экан. Авваллари буви бўлган дугоналаримнинг набиралари ҳақидаги гапларини эшитсам, унчалик ишонмасдим. Бугун ўзим ҳам бувиман. Ишонсангиз, уч набирамни кунига бир маротаба кўрмасам, куним қандай ўтганини билмайман. Бу ҳақиқий бахт!
— Буви бўлиш қариликни бўйнингизга юкламайдими? Бундай қўрқмайсизми?
— Инсон қалбан гўзал, қалбан ёш бўлсин.
— Тўғрисини айтинг, мендан ҳали ҳам шубҳа қилаяпсизми?
— Ҳа, бироз. Лекин бу шубҳами ёки бошқа нарсами, аниқ билмайман. Муҳими, кўнглимдаги чегарани ёриб кира олдингиз.
Хулоса
Қамариддин ШАЙХОВ: — Севимли санъаткорим билан суҳбат тунги соат 2 гача давом этди. Уйга қайта туриб, санъаткор бўлиш, унинг ортидан нон топиш қанчалик қийинлигини тушундим. Бу санъаткор эса ташқаридан чўрткесар, уришқоқ бўлиб кўринса-да, аслида ўта мулойим, кўнгилчан, шу билан бирга, бировнинг дилини оғритишни истамайдиган инсонлиги гап-сўзларидан билиниб турарди. Энг муҳими, бўлиб ўтган суҳбатдан мамнунман. Боиси унга мендан шубҳаланиши, гумонсираши ноўринлигини, журналистлар санъаткорларга душман эмаслигини тушунтира олдим.
Источник: Darakchi.Uz
Мавлуда Асалхўжаева тожикистонлик хонанда Шабнам Сураё билан машмашаларига ойдинлик киритди

22:43, 09.02.2016 Шоу бизнес 4 600
“Гулсанамнинг нимаси ёмон. Маданиятли, одоб-ахлоқи жойида, тарбияли қиз. Ўша тилига эрк бераётганлар ҳадеб ёшларни ёмонлагандан кўра, ижод қилиб, ўзини кўрсатса, ўрнак бўлса бўлмайдими?”, – дейди хонанда.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаеванинг 2013 йилда куйлаган “Олма-анор” номли қўшиғи анча муаммоларга сабаб бўлганди. Ўшанда тожикистонлик хонанда Шабнам Сураё бу қўшиқни бир неча йил аввал куйлаганини маълум қилиб, хориж матбуотига интервью берган эди.
Мавлуда Асалхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:
— Бастакор Аҳмад Хожиматов ёнига менга ўзбекона бир қўшиқ қилиб беришини сўраб борган эдим. У бир қўшиқни эшиттирди, сўзларини шоир Бобур Бобомурод ёзган эди. Қўшиқ менга ёқди ва куйлаб чиқдим. Орадан кўп ўтмай тожикистонлик хонанда Шабнам Сураё бу қўшиқни “Ашки чашмониман” деб куйлагани маълум бўлди. Шабнам Сураёнинг продюсери  қўшиқни мен куйлаганимни билмасдан журналистларга “ўзбекистонликлар қўшиқни ўғирлашди” деб интервью бериб юборган. Аслида бу қўшиқни мендан аввал тожиклар айтганини умуман билмаганман. Бобур Бобомурод ҳам, бастакор Аҳмад Хожиматов ҳам бу қўшиқ аввал Шабнам Сураё куйлаганидан огоҳлантиришмаган. Ўша-ўша бастакорлардан қўрқадиган бўлиб қолдим.
Шу вақтгача Туркиялик хонандаларнинг қўшиқларини ўзларидан рухсат сўраб, сотиб олиб айтганман. Буни тасдиқловчи ҳужжатларим ҳам бор. Яқинда Сардор Ўртач Тошкентга келганида ҳам яна бир қўшиғини куйлашимга рухсат бериб кетди. Шу қўшиқни концертимда куйлаб чиқаман.
Мавлуда Асалхўжаева “Qalampir.uz” мухбири билан суҳбат чоғида хонанда Сардор Мамадалиев унинг “Болам, онанг қарияпти” номли қўшиғини рухсат сўрамай айтиб чиққанини айтди. Шунингдек, баъзи устоз санъаткорларнинг фақат ёшларни танқид қилаверишига ғаши келишини айтган хонанда Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовани ёшлар орасида энг истеъдодли санъаткор деб атади. “Гулсанамнинг нимаси ёмон. Маданиятли, одоб-ахлоқи жойида, тарбияли қиз. Ўзбекистоннинг санъатини дунёга олиб чиқаётган бўлса… Ўша тилига эрк бераётганлар ҳадеб ёшларни ёмонлагандан кўра, ижод қилиб, ўзини кўрсатса, ўрнак бўлса бўлмайдими?”, – дейди хонанда. Асалхўжаева билан бўлган эксклюзив интервьюни 10 февраль куни “Qalampir.uz” сайтида ўқишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, айни дамда хонанда 19-21 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган “Ёнимда борлигингиз бахт” номли концерт дастурига тайёргарлик кўрмоқда.
Фотомухбир Ғафур Расулов
“Ko’zgu” студияси
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Leave a Reply
*