Menu
Categories
Исмат Хушев: Шимолий вокзалдаги Темир йўл милицияси ҳибсхонасида (3-3)
03/26/2016 Бош мақола

Исмат ХУШЕВ:
ПОДШО ЭРКАТОЙИНИНГ САРГУЗАШТЛАРИ 
Умри – сaбoқ, дaрслигиггумoн йўқ,
Муб
oҳaсa, бaҳслигиггумoн йўқ.
Т
aрихий шaхс эмaсдир-у влекин,
Исм
aтжoннинг шaхслигиггумoн йўқ.
(Mуҳаммад РAҲМOН)

 

ras11

Суратда: Москва Давлат университети, журналистика факультети студенти Исмат Хушев устози Абдулла Орипов билан Москвада. Ҳали Ислом Каримов билан танишишга, ҳали Бош муҳаррир бўлишга ва ниҳоят Президент рухсати билан ҳибсга олинишига ҳали анча вақт бор эди…

 

Исмат ХУШЕВ:
КЎЙЛАКЧАН КУНЛАР
ЁКИ
ҲИБСДАГИ ҲОЛИ ЗАБУНЛАР
1.
Шоир дўстимиз Сирожиддин Саидовнинг “Кўйлакчан кунлар” деган шеъри бор.
Талабалик давримизда бир куни мен:
– Қаранг, Сирожиддин, кўйлакчан кунлар ҳам бошланди, – деган эдим.
– Вой-й, Исматбек, зўр гап айтдингиз! – деб шоир кейинчалик “Кўйлакчан кунлар” номли шеър ёзган эди.
Мен ўшанда қишли-қировли, рутубатли кунлар ортда қолиб, чароғон баҳор кунлари бошланганини беихтиёр “кўйлакчан кунлар”га қиёслаган эдим.
Афсуски, менинг пешонамга ёзилган рутубатли кунлар ҳали олдинда экан….
2.
Шундай қилиб менинг қамоқдаги кунларим бошланди.
Етмиш икки соатни Худога тавалло қилиб ўтказдим, лекин оҳу-зорларим Яратган Эгамга етиб бормади. Прокурор мени қамоқда қолдириб, терговимни яна икки ойга чўзиш тўғрисида санкция беради.
Озодликда юрган одамнинг кутилмаганда бунақа жойга тушиб қолиши даҳшатли бўлар экан. Қамоқдаги ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди.
Лекин инсоннинг иродаси шунчалик кучли эканки, шунча азоб уқубат ва хўрликларга қандай чидаганимга ҳозиргача ҳайрон қоламан.
Юраги касал одамлар бундай шароитларга чидамасдан инфаркт бўлиб, ўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Бир куни жазо муддатини ўтаб, озодликка чиққан танишини кўчада учратиб қолган Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи: “Ие, бизнинг қамоқхонадан ҳам тирик чиқиш мумкин экан-да!” деб ёқасини ушлаган экан….
3.
Прокурор санкция берганидан кейин одам бутунлай ўзгариб қоларкан.
Шу пайтгача айбсиз эканингни ҳис этиб, етмиш икки соат давомида озодликка чиқиб кетишингга ишониб яшасанг, энди ўзингни бўлажак тергов ва таҳқирларга тайёрлашинг керак, ўлмасдан шу қамоқлардан чиқишни ўйлашинг керак.
Ҳақиқий таҳқир ва хўрликлар, инсон шаънини ерга уришлар энди бошланади.
Ажабки, санкция берилганидан сўнг ўзингиз ҳам инсоният сафидан итқитиб юборилганингизни, махлуқлар қаторига кириб қолганингизни дарҳол англайсиз.
Прокурор санкция бергунча ҳам сизни унчалик хўрлашмас экан. Лекин прокурор санкция берди дегани – сен барча инсоний ҳақ-ҳуқуқларингдан маҳрум этилдинг дегани экан!
Прокурор санкция берганидан кейин мен шуни англаб етдим…
4.
Очиқ ойдин дўқ-пўписа, таҳқир бошланди.
Прокуратура томонидан тайинланган терговчи қандай бўлмасин сизнинг ишингизни судга олиб чиқиб, қаматиб юборишга ҳаракат қилади.
У ўзининг нонини шу йўсинда оқлар экан.
Агар у ишингизни судга олиб чиқа олмаса, прокурор берган санкцияси учун жавоб бериши керак, тергов жараёнида иштирок этган ва қатнашган катта-кичик ходимлар “лаёқатсизлиги” учун ишдан четлаштирилиши керак бўлади.
Шунинг учун ҳам бир марта ҳаракатга келтирилган ғилдиракни ҳеч ким чаппасига айлантирмайди. Агар ўзингизга ишонсангиз, пулингиз ёки таниш-билишларингиз кўп бўлса, уч куннинг ичида югуриб қолиш керак.
Акс ҳолда, етмиш икки соатнинг ичида прокурор “Дело”ни ўрганиб, Сизни қамоққа олиш тўғрисида санкция бердими – тамом, яна бир марта айтаман, Сиз энди одам эмас экансиз!
5.
Терговчи энди сизнинг оқланиб кетишингизни ёки айбингизни енгиллаштиришни хаёлига ҳам келтирмайди.
У сизни боши берк кўчага тиқиб, руҳан эзиб, синдириб, тамомила йўқ қилиб ташлайди. Сўнг ишингизни судга ошириб,  ўзи эса “ёруғ юз” билан бошқа ишга ўтиб кетар экан.
Албатта, ишончни оқлаган ва синашта бўлган терговчига прокурор бошқа бир янги “Дело”ни қўш-қўллаб топширади.
Суд эса – терговчи ва “қораловчи” кўрсатган Ўзбекистон жиноят процессуал Кодекси моддалари бўйича албатта сизни жазолайди…
6.
Афсуски, мана шу нарсаларни биз билмас эканмиз.
Терговчи ўзининг ҳар бир ҳаракати билан сизнинг ҳақ-ҳуқуқларингизни поймол қилишга уринаркан.
Руҳингизни ва ўзингизни синдиришга, ожизу, нотавон махлуқ ҳолатига тушириб, сизни оёқ ости қилишга, янчиб, мажақлаб, тамомила йўқ қилишга ҳаракат қиларкан. Шу унинг энг олий мақсади бўларкан.
Мен бу нарсаларга тамомила қаршиман. Аслида бундай бўлмаслиги керак.
Аслида терговчи энг аввало, айбланувчини тушуниши, унинг бор айбини – борга, йўқ айбини – йўққа чиқариб, жиноий вазиятни ойдинлаштириб, ҳақиқатни қарор топтириши, адолат тантанаси учун курашиши лозим.
“Честь мундира” учун эмас…
7.
Биз адолат ва диёнат тўғрисида кўп ёзамиз.
Шахсан ўзим танқидий мақола ва суд очеркларимда қанчадан қанча одамларни ноҳақликдан ҳимоя қилиб чиққан эдим.
Лекин ўзимнинг бошимга шундай мусибатлар тушганда довдираб қолдим.
Ўша ғурбатли ва адолатсиз кунда – прокурор менга санкция берган ўша даҳшатли ва қаро тунда – кўнглимдан кечган биринчи туйғу: “Наҳот Ўзбекистонда адолат бўлмаса?” деган ярадор ва ўксик ҳис бўлди.
Сўнг Ислом Каримовнинг: “Бу дунёда ёниб, жўшиб яшаш керак, болаларим. Ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқманг, ёнингизда мана мен борман. Ўзим сизга балогардонман!” деган сўзлари қулоқларим остида жаранглаб, кўз ўнгимда эса – у кишининг қўлларини икки томонга ёйиб, қучоқ очиб, жилмайиб турган улуғвор қиёфаси намоён бўлди…
Беихтиёр,  Абдулла Ориповнинг “Ўйларим” номли шеърини эсладим:
“Бу дунёда бўлмас алам, бўлмас деб фироқ,
Даста даста китоблардан ўқирдик таълим.
– Равон йўллар қаршингизда турибди муштоқ,
Дерди бизга ҳарф ўргатган ёш бир муаллим…
– дейди шоир.
Ўша шеърда: “Мен алам билан хотирлайман муаллимимни” деган сатрлар ҳам бор. Яъни ёшлигида, ўрта мактабда: “Ҳаёт фақат равон йўллардан иборат, ҳаммаси жой-жойига тушади, бу дунёда Адолат бор, хавотир олманглар! – деб таълим берган муаллимини шоир кейинчалик алам билан хотирлайди, эслайди.
Чунки шоир ўз муаллими мақтаган гулгун ҳаётнинг “равон йўллари”да жуда кўп бор ноҳақлик бўронларига дуч келади:
Олис жануб тортганидай қушча юрагин,
Олисларга етаклади мени бир сурон.
О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин,
Ким айтади бу дунёда йўқдир деб бўрон…
Ҳа, ҳаётда биринчи маротаба ноҳақлик билан рўбарў келган инсон руҳиятидаги кечинмаларни шоир ниҳоятда ҳаётий ва самимий тилда ифодалаган:
Бугун тўниб атрофимга қарайман секин,
Ўт беролмас қалбга энди бу сокин дамлар.
Мен инсонни бир инсондай севардим, лекин
Нечун кўпдир бу дунёда аблаҳ одамлар…
Мени ноҳақ ҳибсга олган Президент ва Прокурорга нисбатан, қолаверса – жамиятдаги адолатсизликка қарши қалбимда илк маротаба норозилик ва исён бош кўтарди.
Қарши пединститутида комсомоллар саркотиби бўлиб,  горкомнинг биринчи секретари Лозицкий билан олишиб юрган кезларимда раҳматли отам менга: “Бунақа ноҳақликларга ҳали жуда кўп дуч келасан, ўғлим, бардам бўл!” деб таскин ва тасалли берар эдилар.
Бугун мени ҳаётимда биринчи маротаба ноҳақ ҳибсга олдилар.
Энди менга таскин ва тасалли берадиган отам узоқда – қишлоқда эди. Акам эса автомобиль ҳалокати боис фожеали ҳалок бўлган, кўп ўтмай унинг ҳажрида куйиб-ёниб, онам ҳам бу ёруғ дунёни ташлаб кетган эдилар.
Шеър излайман бугун Тошкент кўчаларида,
Секингина зирқирайди беором қалбим.
Мен умримнинг бу суронли кечаларида,
На бир таскин топа олдим, на шеър тополдим.
Бу айрилиқ азобларига бир йил бўлар бўлмас, бу ҳам сенга кам деб энди мени қамоққа ҳам олдилар.
Кўзларимга дунё тор бўлди. Мен энди ҳаётда ҳақиқат борлигига ҳам ишонмай қўйдим:
Юрагимга бир маҳаллар кирган туйғулар,
Энди сендан кетгаймиз деб сўрайди жавоб.
Қўймайдилар бир зум ҳам ҳол жонимга улар,
Қўймайдилар – орзуларинг чиқди деб сароб…
Мен Ислом Каримовга ишонган эдим. У киши Ўзбекистонда адолатли жамият қўраяпти деб ўйлардим. Мен шу адолатли жамиятнинг устуни бўлган – Президент атрофида парвона эдим. Унга мутеларча, телбаларча, фанатикларча меҳр қўйган девона эдим.
Мен Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистонда адолатли жамият қурилаётганига, одамлар ҳам порлоқ келажак ва ойдин истиқбол сари шахдам одимлар отиб бораётганига чин юракдан ишонар эдим.
Прокурорнинг биргина адолатсиз санкцияси билан бу орзу умидларимнинг бари саробга айланди…
8.
Қамоқ менинг ҳаётимда – ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайдиган бетакрор ва бешафқат бир мактаб ролини ўтади.
Ростини айтсам, Абдулла Ориов ижодининг ҳақиқий қадр-қимматини ҳам – қамоқда ўтирган кезларимда англаб етдим.
Негаки, биз обод ва озод мамлакатда яшаяпмиз, дастимиз узун, сўзимиз кескир деб ўзимизга ортиқча бино қўйиб юраверган эканмиз.
Эрта индин кутилмаганда қамалиб қолишингизни асло ўйламас экансиз. Озодликни эртага биров олиб қўйишини хаёлингизга ҳам келтирмайсиз.
Шу ҳаёт меники, ўқидим, Москвадаги университетни тамомладим, дипломим бор, уйландим, Ўзбекистонда адолатли жамият бор, мен шу обод жамиятнинг озод фуқаросиман деб баланд пардаларда ашула айтиб юраверган эканмиз.
Эрта бир кун бу жамият ҳам, фуқаролик мақоми ҳам ҳеч нарса бўлмай қолишини ўйламас экансиз.
Ана шундай улуғвор туйғулар билан яшаб юрган одамнинг кутилмаганда қамалиб қолишини тасаввур қилишингиз учун бу гапларни ёзаяпман.
Шундай ҳолатлар одамни руҳан синдириб, маънавий мажруҳликка, қулликка маҳкум этар экан. Инсон икки оёқли махлуққа айланиб қолар экан.
Буларнинг ҳаммасини таърифлаб бўлмайди, таърифлашга тил ҳам, қалам ҳам ожизлик қилади.
Айниқса, қамалиб қолгандаги ҳуқуқингизни билмасангиз, ўзингизни шунга руҳан тайёрламаган бўлсангиз, ҳаммаси бир пасда тамом бўлар экан.
Прокурорнинг биргина санкцияси Сизнинг “озод ва обод” ҳаётингизни тамомила остин устун қилиб юборар экан…
9.
Ваҳоланки, мен прокурор ва терговчилар билан, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тизим мулозимлари билан жуда яхши ва яқин муносабатда эдим.
Улар менинг даврадош улфатларим эди. Уларни ҳурмат қилардим. Уларга ишонардим. Уларни яхши инсонлар деб ўйлардим.
Лекин бу тизим ва бу соҳа вакилларининг кимлигини сизга санкция берилиб, уларнинг қўлига тушганингиздан кейингина билар экансиз.
Тўкин сочин дастурхон атрофидаги зиёфат ва ўтиришларда улар билан қадаҳ кўтариб, шакаргуфторлик қилиш бошқа, гумондор ва ё айбланувчи сифатида уларнинг қўлига тушиб, “ҳамсуҳбат” бўлиш – бошқа нарса экан.
Менинг назаримда улар ҳар бир одам билан улфатчилик қилиб ўтирган пайтида ҳам: “Сеними, шошмай тур, ҳали қўлимга тушасан-ку!” деб ичида ғижинса керак.
Агар улфатчилик қилиб ўтирган даврадошининг қайсидир жиҳатдан ўзидан устунлигини билса, бас, унинг сиймосида улар дарҳол потенциал жиноятчини кўра бошлашади.
Мен уларнинг нигоҳларида гоҳида ўзимга ёт бўлган қандайдир ёвуз учқунларни пайқаб қолганимда бунинг аслида нима эканини қамоққа олинганимдан кейин англадим…
10.
Мен зиёфатларда ўзимни эркин тутардим ва эркин гапирардим. Давраларга раислик ва косагуллик қилардим, шеърлар ўқирдим.
Республика прокуратурасидаги дўстим ва акахоним Хуррам Холиқов кўпинча мени уларнинг – ўз ҳамкасбларининг даврасига олиб борарди.
Деярли ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари Тошкентнинг энг сўлим гўшаларида – чойхона ва ошхоналарда бир ҳафталик ҳибс ва сўроқдан чарчаб, толиққан прокурор ва терговчилар билан улфтчилик қилардик: улар ароқ ичарди мен эса уларга шеър ўқир эдим.
Сирожиддин Саидовнинг талабалик йилларида ёзган “Милицияда шеърият кечаси” номли машҳур шеърини улар жуда ёқтиришарди. Ҳар гал мендан айнан ўша шеърни ўқиб беришимни илтимос қилишарди.
Шунинг учун ҳам уларнинг даврасида жуда эркин эдим. Баъзан прокурорларнинг сўзларини бўлиб, луқма ташлардим.
Ҳаммани ўзимга, сўзимга, измимга буйсундириб ўтиришни истардим.
Президентга яқинлигимни билиб, уларнинг ҳаммаси менга таъзим қилишарди.
Лекин ўша давраларда менинг эркин ўтирганимни кўрган жуда кўп мулозимлар, ҳуқуқ ва тартибот тизими раҳбарлари ялтоқланиб, хушомад қилишарди-ю, аммо нигоҳларида совуқ бир ифода борлигини сезиб қолардим. Бундай совуқ нигоҳ ва ифодаларнинг асл маъносини қамоқда англадим:
– Шошмай тур, сен ҳали, булбулча! Сен менинг сўзимни бўлдингми?! Ўзингни мунча эмин-эркин тутяпсан. Фалакнинг гардиши билан қўлимга тушиб қолсанг, кўрамиз, ўзингни қанақа тутар экансан! – деган пинҳоний ниятларнинг сояси уларнинг нигоҳларида совуқ бир ифода шаклида ўзини кўрсатар экан…
11.
Ҳаётда мен жуда кўп суд, прокуратура ва милиция ходимлари билан яқин оғайни бўлганман, уларни қадрлайман.
Масалан, Китоб ва Шаҳрисабз райони прокурорлари Хасан Эштемиров, Амир Янгибоевлар билан жуда яқин эдик. Улар билан ака-ука бўлганман.
Районларга борганимда асосан прокурорларнинг чойини ичардим. Улар билан дўстлигимдан мен фахрлансам, мен йўғимда район ва вилоят раҳбарлари олдида улар мағрурланиб юришаркан: “Президентнинг ёнида юрадиган йигит бизнинг дўстимиз!” деб.
Мен бу гап-сўзларни билмасдим, лекин уларнинг даврасида ўзимни ниҳоятда эмин-эркин тутардим.
Афсуски, у пайтларда бу дунёда ҳаётнинг бошқа томонлари ҳам борлигини билмаган эдим…
12.
Мен ҳуқуқ ва тартибот тизимини ёппасига қораламоқчи эмасман.
Эҳтимол, бу тизимнинг моҳияти шунақадир. Уни тубдан ўзгартириб бўлмас. Лекин прокурорлар орасида ҳам яхши ва диёнатли одамлар борлиги ҳақида китобларда ўқиган эдим.
Масалан, ўқувчилик йилларимда ўқиган бир асарнинг Меҳмон исмли қаҳрамони болалигида прокурор бўлишни орзу қилади. Ёшлигидан шунга интилиб, орзу қилиб прокурор бўлади ҳам.
Лекин ноҳақ қамалган одамларни ҳимоя қиламан, адолатни қарор топтираман деб, охир оқибат ишдан ҳайдалиб кетади.
Менинг назаримда прокурор рўпарасида ўтирган – қўли кишанланган айбланувчининг айбсиз эканини билса, унга ёрдам бериши, уни ҳимоя қилиши ва оқланишига ҳаракат қилиши лозим.
Буни амалдаги қонун ва қоидалар ҳам тақиқламаса керак.
Лекин бизнинг прокурорлар “честь мундира” деган гапни ва шахсий манфаатни – порани ўртага қўйиб, иш кўрадилар. Агар сиз уларга катта миқдорда пора берсангиз, айбингиз бўлса ҳам улар сизга ёрдам бериши мумкин.
Айбингиз бўлмаса – сиздан бир нарса олмасдан ва ўз “мундир”ини ўйламасдан сизга ёрдам берадиган прокуратура ходимлари кўпроқ бўлишини истаганим учун бу гапларни айтаяпман.
Уларни ёппасига айбламоқчи ёки уларга қарши “уруш” эълон қилмоқчи эмасман…
13.
Яна бир истиҳола шундан иборатки, муайян бир жиноятни содир этган кимсалар кўпинча ўз айбини бўйнига олмайди.
Балки, ўшандай ҳолатларда ҳақиқий жиноятни аниқлаб, айбдорни қилмишига яраша жазолаш учун мана шундай ноинсоний тизим – институт вужудга келганмикан. У ёғини аниқ билмайман. Мен жиноят қилган шахсларни, уларнинг руҳий кечинмаларини  ўрганадиган ҳуқуқшунос ва ё руҳшунос эмасман.
Албатта, ашаддий жиноятчилар қамалганидан кейин ўз айбини осонлик билан, яхшиликча бўйнига олмайди. Кўп нарсаларни яширишга интилади.
Балки мана шундай мураккаб ҳолларда одамгарчиликни бир жойга йиғиштириб қўйиб, қаттиққўллик ва зулм билангина оғир ва мудҳиш жиноятларни фош қилиш мумкиндир. Балки жиноятни фош қилишнинг бошқа йўли йўқдир. Билмадим.
Лекин бари бир ҳуқуқ-тартибот ва куч ишлатар тизимларида ҳам одамгарчилик ва инсонпарварлик тамоиллари бўлиши керак.
Мен бу гапларни ўзим ноҳақликка учраганим учун, ўз бошимдан шу нарсаларни кечирганим учун айтаяпман.
Албатта, дастлабки кундан улар менга адвокат беришлари керак эди.
Аммо прокурор икки ойга санкция берганидан кейин ҳам анча кунгача мени адвокат билан таъминламадилар…
14.
Шундай қилиб менинг ҳаётдаги – кўйлакчан ва гулгун даврим тугаб, қамоқдаги – кишан кийган забун ва тушкун кунларим бошланди.
Эртадан кечгача бир толим нур тушаётган туйнукка тикилиб ўтираверасиз.
Ягона орзу умидингиз – камера эшигига ўрнатилган қулфга ташқаридан калит солинса-ю, кимдир ичкарига кириб келса бас: майли, сизни терговга олиб чиқиб кетишсин ёки адвокатингиз билан учраштиришсин – бунинг фарқи йўқ, фақат ташқаридан кимдир кириб келиб, ёруғ олам билан алоқа борлигини, ҳаёт ҳали тугамаганлигини билдириб қўйса, кифоя.
Акс ҳолда сиз одам эканлигингизни, тириклигингизни ҳам унутиб қўясиз.
Камерадаги абадиятга айланган сукунат – сизни жуда қийнаб юборади. Ҳибсдаги вақтнинг ўтиши – инсон учун энг катта азоб ва уқубат эканини мен ҳибсга олинганимдан кейин – қамоқда англаб етдим.
Гўё ҳеч қачон тугамай мангу давом этадигандай – бир умрлик абадиятга айланган ҳибсдаги тутқунлик ва ҳоли забунлик – энг камида яна икки ой давом этишини, ўшанда ҳам теровчи агар жиноий ишни ниҳоясига етказолмаса, у яна чўзилишини ўйлаб яшаш – одамни ўлимига ҳам рози қилиб қўяркан.
Мен ҳали қамоқдаги ярамас тергов усуллари – маънавий ва жисмоний таъсир каби турли босим ва тазйиқларни, куч ишлатиш каби ноинсоний муносабат ва таҳқирларни, зулм ва хўрликларни гапирмаяпман.
Зотан, уларга ҳам ҳали навбат келади…

 

15.
Шимолий вокзал ҳибсхонасида мени ўн-ўн беш кун ушлаб туришди.
Бизнинг “Иш”имиз анча машҳур экан: уч-тўрт соат камерада ётиб чиқиб кетадиган чакана жиноятчилар ташқи дунё хабарини бизга етказадилар.
Баъзан навбатчиликда турган милционер ва соқчилар янгиликларни айтиб туришади, қўшни камераларда кимлар ётганини, кимлар келиб, кимлар кетаётганини ҳамма билади.
Умуман, қамоқхонада янгиликлар тез тарқалади.
Ўша жойда ётганимда Мавлон аканинг ҳам қамалганини эшитдим…

 

 

16.
Дарвоқе, бизнинг қамалишимиз – ҳаётда ва матбуотда нега бунча шов-шув қилинди? Нега унга сиёсий тус берилди?
Бунинг сабаби шуки, Ислом Каримов раҳбарликка келганига беш йил бўлиб қолган эди. Одамлар одатда ҳар бир раҳбардан ўзгаришлар бўлишини талаб қилишади. Ҳаётдан янгилик ва яхшилик кутиб яшашади.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси бош бўлган “жиноий гуруҳ”ни ҳибсга олиб, Ислом Каримов Ўзбекистонни ва ўзбек халқини бир лаҳза бўлса-да, саросимага солиб қўйди.
Бу Ислом Каримов ҳокимиятга келган 1989 йилдан кейинги – Ўзбекистон Олий раҳбариятидаги энг катта шов-шувга сабаб бўлган биринчи “тозалаш” эди.
Бундан президентнинг кўзлаган ўз пинҳоний мақсадлари ҳам йўқ эмас эди.
Биринчидан, мулозимлар ўз мулозимликлари абадий эмаслигини англаб етиши керак.
Иккинчидан, одамлар Президент адолатли экан, ҳатто ўз ёнидаги энг яқин амалдорини ҳам олиб қамади деб ўйлаши зарур.
Қолаверса, ўз ўрнида абадий қолишни ният қилган ҳар бир раҳбар шу йусинда вақти вақти билан ёнидагиларни чўчитиб, мулозимларни қўрқитиб, халқни ҳам чалғитиб туриш керак…

 

 

17.
Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига 1989 йилнинг 23 июлида келган эди.
1994 йилда – орадан роппа роса беш йил ўтиб, Президентнинг кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқов ҳибсга олиниб, бир шов шув қилинди.
Энди яна мамлакатга бемалол раҳбарлик қилиш мумкин.
Одамларга беш йил муҳокама қилиб, тегишли сабоқ чиқариб олинадиган мавзу берилди…
1999 йил Ўзбекистон тарихига “Тошкент портлашлари” номи билан кириб, яна бир тўполон бўлди. Президент бир ўқ билан бир нечта қуённи уриб ташлади. Шу баҳонада мухолифатдан ҳам аёвсиз ўч олди.
Ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳни, ёзувчи Мамадали Маҳмудовларни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиб, одамларни тамомила сергак қилиб қўйди.
Орадан беш-олти йил ўтиб, энди мамлакатда 2005 йилги “Андижон қирғини” содир бўлди…
18.
Майли, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, мавзуга қайтсак.
Биз “Шимолий вокзал” ёнидаги ҳибсхонада бошланган қамоқдаги чор-ночор ва зор-интизор кунларим ҳақида гаплашаётган эдик.
Орадан анча вақт ўтиб, озодликка чиққанимдан сўнг эшитдимки, камерада менинг ҳуқуқий саводимни чиқарган сурхондарёлик наша билан ушланган йигит бизникига бориб, айтган нарсаларимни милиция бўлимига келтириб беради.
Лекин: “Бўпти, Исмат Хушевга ўзимиз бериб қўямиз, сиз хотиржам кетаверинг!” деб айтган ҳибсхона ходимлари яп-янги спорт кийимимни мени тергов қилаётган Жалолов деган прокуратура мулозимига “ҳадя” қилишади.
Умуман, ўзбек ҳибсхоналарида маҳбусларнинг ҳақига хиёнат қилиш соқчилар. милиционерлар ва терговчилар учун оддий ҳол экан…

 

 

19.
Орадан ўн-ўн беш кун ўтиб, мени “Шимолий вокзал” ёнидаги ҳибсхонадан бошқа жойга кўчиришди.
– Айбингиз бўлмаса, қутулиб чиқасиз, бошга тушганни кўз кўради, бардам бўлинг, – деб ҳибсхонанинг хоразмлик бошлиғи мен билан хайрлашди.
Мени “ЗЕК” машинасига ўтқазишди. Бу машинанинг ойнаги ҳам, туйнуги ҳам йўқ эди. Фақат эски бўлгани учун, шалағи чиқиб кетган эшик тирқишидан бир тутам нур тушиб турарди, холос.
Мени қаергадир олиб кетишди. Қайси кўчадан кетяпман, қайси томонга кетяпман – ҳеч нарсани англаб бўлмасди.
Қоронғуликда одам ориентирини ҳам йўқотиб қўяркан.
Ўнт минутлар чамаси юрганимиздан сўнг бир жойга бориб тўхтадик.
Шарақ-шуруқ этиб, темир дарвоза очилди, ичкарига кирдик. Битта ҳовлида машинадан туширишди. Ҳовлидан – янги қамоқхонага олиб киришди. Бу ер аввалги жойдан яхшироқ кўринди.
Билсам, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг Жуковский кўчасида жойлашган биносига келган эканмиз. Бу ернинг ертўласида қамоқхоналар бор экан. Бу ерни “ГУВД” дейишаркан.
Подвалда юзга яқин камера бор экан. Битта камерада баъзан йигирма-ўттизта, баъзан беш-олтита одам турарди.
Мени ҳам подвалга олиб тушишди.
Шу ерда Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) да ишлайдиган, илгари журналистика факультетида ўқиган Отабек исмли йигитни тасодифан учратиб қолдим. Унинг кўзлари катта-катта, сочларига оқ оралаб қолган эди. Ўзи Андижонлик эди, шекилли.
У менинг қўлимда кишан кўрди-ю, шундоғам катта катта кўзлари янада катталашиб кетди…
Қамоқдан чиқиб, яна бош муҳаррир бўлганимдан сўнг, Ташқи Ишлар вазирлиги йиғилишида маърўза ўқиётиб, тасодифан залда мени тинглаб ўтирган Отабекка кўзиб тушиб қолди.
У энди МИД қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлигида ишларди.
Кечагина ҳибсхонада кишан кийиб юрган Исмат Хушев бугун яна Бош муҳаррир бўлиб, унга маърўза ўқиб турганидан Отабекнинг шундоғам катта катта кўзлари, янада катталашиб кетган эди…

 

 

20.
Лекин ҳозирча биз ҳали қамоқхонадамиз. Ҳали яна Бош муҳаррир бўлишимизга анча вақтлар бор эди.
Хуллас, Шимолий вокзал атрофидаги ҳибсхонадан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига қарашли бўлган Жуковский кўчасидаги ГУВД биноси ертўласидаги қамоқхонага олиб келишди.
Подвалга олиб тушганларида биринчи учратганим – Отабек бўлди. Уни кўриб, ҳайрон қолиб, салом бердим. Довдираб қолгандим.
Шу пайт:
– Хушев! – деб номимни ўқишди.
– Мен! – деб чақирилган жойга югуриб бордим.
– Давай, олға! – деди милиция ходими бир хонани кўрсатиб.
Бошқа бир ходим хона эшигини очди-ю, кетимга бир тепиб, ичкарига киритиб юборди. Хона бўм-бўш эди. Ҳайрон бўлдим.
– Давай, ечин! – деди битта милиционер.
Кийимларимни ечдим, ҳатто трусикни ҳам ечиш керак экан. Сўнг йигирма мартача ўтириб турғизди. Нима учун бундай қилишар экан десам, агар қора дорини капсулага солиб, ёки бошқа нарсани орқангизга тиқиб олган бўлсангиз, ўтириб тураётган пайтингизда бояги нарсалар порт этиб, ташқарига чиқиб кетар экан…
Бу нарсалар энди ошкора хўрлашдан бошқа нарса эмас.  Лекин бошқа иложингиз йўқ, чидайсиз.
Кийимларингизни ҳам қўлингизга бермайди, камеранинг ичига отиб юборишади. Ишқилиб, бирор баҳона топишадию, дарҳол хўрлайдилар.
Умуман, юқорида айтганимдек, прокурор санкция берганидан кейин сиз энди одам ҳисобланмайсиз…
Кийимларим ифлос бўлиб кетган эди.
Уйдан юборилган спорт формаларим менга етиб келмади.
Кийимларингизни қучоқлаб, титраб-қақшаб, қалтираб турасиз, қўрқасиз. Чунки ҳибсхонадаги соқчилар ва милиция ходимлари учун уриш, сўкиш, тепиш оддий ҳол экан. Уларда сизлаш, одамга ўхшаб муомила қилиш деган гаплар бўлмас экан.
Боз устига, мен жисмонан унча чиниққан эмасман, бир умр ақлий меҳнат билан шуғулланган одамман. Улар кимни кўрса: “Гудбай!” дейди. Шу билан тамом, уларнинг инон-ихтиёридаги қулваччага айланасиз қоласиз!

 

21.
Мени битта камерага олиб бориб тиқишди.
Қайтадан танишув бошланди, яна йиғи-сиғи бўлди. Бу камерада энди ҳақиқий жиноятчилар, ашаддий безорилар, ўғри ва киссавурлар, қотиллар бор эди.
Ичкарига киришингиз билан бирови: “Ўтир!” дейди, ўтирган заҳотингиз, бошқаси: “Тур!” дейди. Турганингиздан кейин яна бири башарангизга шарақлатиб тарсаки тушириб қолади.  Ҳар хил муомала қилишади. Ҳеч ким яхши муомала қилмайди. Бир тўп аламзада безориларнинг ичига тушиб қоласиз.
Агар камерада фақат биринчи марта қамалган одамлар йиғилган бўлса, яхши муомала қилишади. Акс ҳолда, “тажрибали” маҳбуслар дарҳол ўз ҳукмини ўтказишга интиладилар.
Бир умр қамоқхоналарда яшаган, озодликда яшашни эсидан ҳам чиқариб юборган айрим лўттибозлар янги қамоққа тушган одамларнинг сирини билиб – терговчиларга сотиб, эвазига сигарет ёки наша чекиб юришар экан.
Уларни “сука” (“қанжиқ”) лар дейишади.
Бу – вақтинча ушлаш камераси (изолятор временного задержания – ИВС) даги гаплар.
Зоналарда эса маҳбусларнинг уларга нисбатан муносабати тамомила бошқача бўларкан…
Аслида, қонун бўйича, янги терговга тушган ва биринчи бор қамалган одамларни ҳар хил тоифага мансуб аблаҳларнинг орасига қўшиб қўймаслик керак.
Лекин ўзбек қамоқхоналарида қонуннинг “Қ” ҳарфига ҳам амал қилинмайди.
Терговчиларнинг хуфялари камераларда ҳукмронлик қилишади: ҳатто жисмонан бавувват бўлган одамлар ҳам уларга бўйсунишади.
Хуллас, ҳар бир камеранинг ўзига хос тартиб қоидалари бўлади…

 

22.
Мен қамоқхона ҳаётига кўника олмасдан ҳадеб йиғлардим.
Бир кун ўтди, икки кун ўтди…
Шу орада жиноятчиларнинг ҳам менга нисбатан муносабати ўзгара бошлади. Жиноятчилар мард келар экан: улар жиноят қилмасдан қамоққа тушган одамларни нисбатан қадрлашар экан.
Фақат “зона”лардан махсус олиб келиниб, терговчиларнинг хуфя топшириқларини бажараётган “сука”ларгина одамни хўрлайди, руҳан азоб беради.
Бошқалар бундай қилмайди.
Мени ҳатто қотиллар билан битта камерага қўйиб қўйишди.
Кейин билсам, бизни қотиллар билан битта камерага қўйиш мумкин эмас экан…

 

 

23.
Икки-уч кун ўтгандан сўнг, ниҳоят, терговчи пайдо бўлди.
Аввал унга, сурхондарёлик йигитнинг ҳуқуқий “сабоғи”дан сўнг, қўполлик қилиб, саволларига жавоб бермай юрган бўлсам, энди муомала қилишга мажбурман.
Чунки у: “Оилангиз телефон қилди, ҳаммаси яхши юришибди”, дейди. Уйдагилар терговчига телефон қилиб туришади. Кейин адвокатларга ҳам рухсат беришди.
Шундай қилиб терговимиз бошланди.
Қизиғи шундаки, мени “Китоб район прокурори фаолиятига тўсқинлик қилганликда” айблаб, ҳибсга олишган эди. Лекин аслида Мавлон Умрзоқовнинг жиноий  гуруҳига алоқадорликда гумонлашади.
Тергов бошлангандан то тамом бўлгунга қадар – олти ой давомида мени фақат бир мартагина Китоб райони прокурори билан бўлган сўзлашув ҳақида – кассета масаласида Фарҳод Шайманов билан юзлаштиришди, холос.
Шунда мен: – Кассетадаги товуш меники, лекин унда нима деганимни яхшилаб эшитиб кўринглар! – дедим.
Шунда улар: “Нима деганингизнинг бизга фарқи йўқ. Шу товуш сизники эканини тан олсангиз, бас!” – дейишди.
Мен ҳайрон қолдим. Товуш меники деб тан олиб турган бўлсам, яна нима керак уларга?
– Керак бўлса, шу товуш сизникими ёки бошқа одамникими, аниқлаш учун экспертиза қилдирамиз, – дейишди яна.
– Йўқ, керак эмас экспертиза, бу товуш меники, мен бундан тонмайман. Фақат мен нима деганимни яхшилаб эшитиб кўринглар! – дедим яна.
Шунда Фарҳод Шайманов:
– Исматжон, энди айбингизни бўйнингизга олинг, – деб “маслаҳат” берди.
– Мен қайси жиноятни бўйнимга олишим керак?! Кассетани ўзингиз эшитиб кўринг. Унда мен сизни жиноятдан огоҳлантираяпман: “Пора сўраманг!” деяпман, холос. Боз устига, мен сизга дўқ-пўписа қилганим йўқ. Менга қўйилаётган моддани қамоқда ўргандим. Бу менга умуман тўғри келмас экан. Қачонки, ўзининг прокурорлик амалидан фойдаланиб, ўзидан қуйи даражадаги прокуратура ходимини зўрлик йўли билан, дўқ-пўписа қилиб, қонуний фаолиятидан четлаштиришга эришилса, 194-модда бўйича жиноят содир этилган деб ҳисобланаркан. Ҳолбуки, мен сизни фаолиятингиздан четлаштирадиган прокуратура соҳасидаги юқори лавозимли мансабдор бўлмаганман. Мен Бош муҳаррир бўлганман, Бош прокурор эмас…
– Бизга бунинг аҳамияти йўқ! – дейишди яна.
Улар учун масаланинг моҳияти унчалик аҳамиятга эга эмас экан…

 

 

24.
Хуллас, тергов жараёнидаги олти ой давомида Фарҳод Шайманов ва унинг лаънати кассетаси бир четга қолиб, мендан фақат Мавлон Умрзоқов тўғрисида, унинг Президентга бўлган муносабати ҳақида, Ўзбекистондаги Олий раҳбарият аъзолари орасида Ислом Каримовга қарши яна қанақа гуруҳлар борлигини роса сўраб суриштиришди.
– Сенлар республика раҳбариятининг ичида туриб Президентга қарши гуруҳ тузгансанлар. Хўш, давлат тўнтаришини қачонга мўлжаллаган эдинглар?
Хуллас, эртадан кечгача мана шунақанги ўйдирма ва бўҳтон саволлар билан бошни қотиришарди. Буларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон ва тўҳмат саволлар эди. Устига устак, террорчилик, Муҳаммад Солиҳ ва Шукрилла Мирсаидов билан муносабатлар тўғрисида ҳам кетма-кет саволлар бериларди.
– Кечирасиз, Шукрилла Раҳматович Мирсаидов билан мени Ислом аканинг ўзлари шахсан таништирганлар, – деб жавоб берардим.
– Йўқ, ундай эмас! Қандай бўлганини биз яхши биламиз! – дейди терговчи.
– Ишонмасангиз, ана, Ислом аканинг ўзидан сўраб кўринг!
– “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг оддий мухбирлигидан қандай қилиб Госпланнинг “Иқтисод” журналига бирданига И.О. бўлгансан? Сўнг қандай қилиб Бош муҳаррир бўлиб олдинг? Сени бу ишларга Мирсаидов тайинлаган!
– Тўғри, Мирсаидов тайинлаган, чунки Ислом ака тавсия қилганлар! – дейман мен ҳам бўш келмай.
Шу каби бемаъни ва тутуриқсиз савол-жавоблар билан қамоқдаги кунларим ўта бошлади…

 

 

25.
“ГУВД”даги мен ҳикоя қилаётган ертўладаги ҳибсхоналар – вақтинча қамоқ камераси – ИВС ёки КПЗ деб аталади.
Рус тилидаги “Изолятор временного содержания” ва “Камера предварительного заключения” деган ибораларни ўзбек тилига “Вақтинча сақлаш изолятори” ва “Тахминий ушлаш камераси” деб таржима қилиш мумкин.
Бу жойларда мавжуд қонун қоидаларга кўра гумондор ва айбдорлар беш-ўн кундан зиёд ушлаб турилмаслиги керак экан. Шунинг учун унинг номида “вақтинча” деган атама бор.
Гумондор ва айбдор маҳбуслар асосан Қўйлиқдаги энг катта ҳибсхона – Тоштурмага жўнатилиши керак экан.
Вақтинча ушлаш камералари – “ИВС” ва “КПЗ” ларда кўрпа тўшак, ёстиқ йўқ. Полга сваркалаб – пайвандлаб ташланган темир каравотларнинг ўзи бор, холос.
Кир-чир мискаларда итга бериладиган ювиндилар билан маҳбуслар боқилади. Оч қолгандан шуни ҳам талашиб тортишиб еймиз.
Хона ниҳоятда ифлос, ҳамма ёқни бурга, бит босиб кетган…
26.
Шу ўринда яна бир жирканч ҳодисани айтиб ўтишим керак.
Тутқунликдаги ҳоли забун маҳбусларга “передача” келиб туради.
Бир куни менга ҳам “передача” келиб қолди: унда патирнинг бир бўлаги (уйнинг патири, оиламнинг ўзи пиширган патир), бир дона олма, бир дона конфет, бир дона помидор, хуллас, нимаики жўнатган бўлса, ҳаммасидан бир донадан – жами бир ҳовуч бўлади, холос.
Бошқаларга ҳам шунақа. Мен ҳайрон қолардим. Колбасадан ҳам бир паллам бўларди. Кўпинча ўша палла ҳам тишланган бўлади…
Камерада шундай қоида бор: ташқаридан келган нарсалар – йигирма киши бўлса ҳам ўртага қўйилади.  Бу одат яхши экан. Ҳеч ким алоҳила ўтириб овқатланиши мумкин эмас. Айниқса, ташқаридан келган овқатга ҳеч ким тўймайди, фақат татиб кўради, холос.
Кейин билсам, Тошкент шаҳар ички ишлар Бошқармасининг вақтинча ушлаб туриш камерасида ҳам, бошқа жойларда ҳам терговчилар учун иш вақти чекланмаган экан.
Улар тергов пайтида тушликка ҳам чиқишмайди, вақтида овқатланишмайди, қисқаси, уларнинг аҳволини тушуниш мумкин.
Лекин шуни баҳона қилиб, терговчилар маҳбусларга келган “передача”ларни ўзлаштириб юборишларини мен умуман тушунолмадим…
27.
Энди икки оғиз сўз – вақтинча ушлаш изоляторидаги тергов олиб бориш усуллари ва одатлари ҳақида.
Одатда, маҳбуслар эндигина ширин уйқуга кетган пайтларда терговчилар уларни уйғотиб, ўз хоналарига чақиртиришади-да, енг шимариб, сўроқни бошлайдилар.
Яшириб ўтирмайман, маҳбусларга “противогаз” кийдириб ёки бошқа усулда, қонунга хилоф равишда тергов ишлари асосан кечалари олиб борилади.
Икки-уч марта ширин уйғудан уйғотиб, олиб чиқиб кетилса, уриб, куч ишлатишса, жонидан тўйиб кетган айрим одамлар қилмаган жиноятларини ҳам бўйнига олиб қўяди.
Шахсан менга нисбатан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси (ГУВД) да терговчилар зўравонлик қилишмади, куч ишлатишмади. Қаерда менга куч ишлатиб, зўравонлик қилишганини – уришганини ҳали айтаман.
Лекин бошқаларга нисбатан қилинган зўрлик ва хўрликларни мен ҳар куни кўриб, билиб турдим.
Мен билан бир камерада ётган бошқа одамларнинг кечалари терговга олиб чиқиб кетилгач, уларнинг қовурғалари уриб синдирилганини, товонлари тилинганини, аъзойи баданлари калтак, мушт ва тепки зарбидан момоталоқ бўлиб кетганини шахсан кўп марта кўрдим ва гувоҳ бўлдим.
Терговчилар ўғри ва қотилларни кўп калтаклашади. Улар дастлаб ўз айбига иқрор бўлмаса-да, лекин кейинчалик деярли ҳаммаси ўз айбини бўйнига олиб, жазоланади.
Эҳтимол, маҳбусларга нисбатан уларни “мўмин-қобил” қилиш учун қандайдир таъсир амалларини ҳам қўллаш керакдир. Жиноятни аниқлаш учун тергов қилиш усуллари ва институтларини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш лозимдир.
Бу бошқа масала.
Лекин уларга нисбатан куч ишлатиб, зўравонлик қилиш, “противогаз” кийдириб, қовурғасини синдириш ва товонини тилиб, туз сепиш каби ваҳший ва ноинсоний усулларни шахсан мен ҳазм қилолмадим.
Негаки, ёнингизда ётган шеригингиз қон қусиб турса, унга бефарқ қараб ўтира олмайсиз:
– Мени урдилар, агар бу ердан эсон-омон чиқиб кетсангиз, Исмат ака, шуларни албатта ёзинг! – деб илтимос қилса, янада оғир бўларкан.
Шундай гапларни эшитсангиз, руҳан эзиласиз, раҳматли отангиз бу дунёда борлигига сизни ишонтириб кетган адолат ва диёнатни тополмай, қийналасиз…
28.
Баъзан сўроқ қилиш учун мени ҳам чақириб туришади.
Подвалдан тепа қаватлардаги тергов хонасига олиб чиқишаётганда лифтда қон томчиларини кўрасиз.
Кўпинча калтак еб, дабдаласи чиқиб келадиган йигитлар: “Асосан лифтда уришади” дейишарди. Шунинг учун мен лифтга чиқсам, қўрқиб турардим.
– Лифтнинг эшиги ёпилган заҳоти сизни уриб, йиқитишади, – дерди камерадагилар. – Полвалдан тўринчи ё бешинчи қаватга чиққунча ётган жойингизда тепкилаб, оғзи-бурнингизни қонга тўлдириб ташлашади…
Мен камерадаги маҳбусларнинг бу гапларини эшитганим учун бўлса керак, лифтга кирган заҳотим, оёқларим қалтираб, мазам қоча бошларди.
Хайрият, мени уришмасди. Тепага олиб чиқишиб, сўроқ қилишарди, холос…
29.
Ана шундай кунларнинг бирида Тошкент шаҳар ички ишлар бошлиғининг ўринбосарими ё бошқарма бошлиқларидан бирими, билмайман, ҳар тугул юқори мансабдаги раҳбарлардан биттаси мени ўз ҳузурига чақиртириб:
– Мавлон Умрзоқов отилади, сен ўн етти йил олиб кетасан! – деди.
– Ака, илтимос, менга ўзингиз ёрдам беринг! – дедим ялиниб.
– Яхшиликча, ҳаммасини бўйнингга олгин! Мана бу қиз биз билан ҳамкорлик қила бошлади. У яқинда бу ердан чиқиб кетади – деди мулозим.
Унинг хонасида битта чиройли қиз ўтирган экан. Таниқли санъаткорлардан бири. У ҳам аёлларнинг камерасига қамалган эди. Кундуз кунлари гулдор, ҳарир рўмолини елкасига ташлаб, йўлакларда эмин-эркин юрарди, фақат кечаси уни камерага тиқиб қўйишарди.
Кўпинча кундуз кунлари у терговчилар олдида ўтирар экан.
Кейинчалик, у ростдан ҳам тергов билан ҳамкорлик қилиб, ўз айбларини бўйнига олади. Фақат йигирма кунча қамоқда сақланади, холос.
У терговчилар истаган йўсинда Умрзоқов тўғрисида ниманидир ёзиб беради ва иши судга оширилиб, сўнг амнистия бўйича озодликка чиқиб кетади.
Бояги амалдор ўша қизни кўрсатиб:
– Манави қиз ҳаммасини тан оляпти, сен ҳам ҳаммасини айтсанг, Умрзоқов қилган жиноятларни бирма бир санаб берсанг, ўзингга енгил бўлади, – деди.
Мен Умрзоқовнинг қайси “жиноятлари” уларни қизиқтириши мумкин деб, ўйланиб қолдим.
Гўзал ва ўйчан раққоса қиз эса менга маюсгина боқиб турарди.
Янглишмасам, кейинчалик у чет элга кетиб қолди, шекилли…
30.
Кўпинча камерада оч қолардик.
Очликка кўникмаган одамлар қамоқда ниҳоятда қийналади.
Буни яхши билган милиция мулозими мени ўша куни яхшилаб меҳмон қилишни кўнглига туккан экан. Лекин бунинг эвазига мен унинг бир илтимосини бажаришим керак эди.
Мен буларнинг ҳаммасини “зиёфат”дан кейин тушуниб етдим.
Мени раққоса ўтирган кабинетга олиб киришганларида – Мавлон Умрзоқовнинг отилиб кетишига шубҳаланмайдиган ўша милиция бошлиғи олдидаги столнинг устида ёзилган газетада бир буханка нон билан икки дона пахта гулли чинни пиёла турган эди.
У мени стол атрофидаги стуллардан бирига таклиф қилди. Сўнг ўзи ҳам ёнимга келиб, буханка ноннинг орасини очган эди, ичидан буғланиб турган кабоблар чиқди. Ўшанда биринчи маротаба мағизи олиб ташганган буханканинг ичида кабобларни иссиқ сақлаш мумкинлигини кўрган эдим.
У киши бир пиёлани тўлдириб коньяк қўйиб, менга узатди.
Сўнг:
– Мен сенга бир нарсани айтаман, сен ўшани ўз номингдан менга ёзиб берасан, – деб илтимос қилди.
– Бўпти, ака, фақат бир оз ўйлаб кўрай, – дедим.
Бир пиёла коньяк ичиб, иссиққина кабоб еб, шунақанги мазза қилдимки, асти қўяверасиз, энди ўлдириб юборишса ҳам, рози эдим…
31.
Қамалганимдан бўён биринчи марта одамга ўхшаб кабоб еб, коньяк ичдим.
Оч қоринга ичилган бир пиёла коньяк одамга қандай таъсир қилишини ҳам ҳаётимда биринчи маротаба қамоқда англаб етдим.
Мен Бош муҳаррир мақомида, Президентнинг эркатойи бўлиб гулгун давраларнинг энг тўрида юрганимда ҳам ҳали ҳеч қачон бунақанги мазза қилиб, руҳим енгил тортмаган эди.
Мени меҳмон қилган милиция мулозими қаергадир чиқиб кетиб, унинг ўрнига қолган Нодир исмли терговчи йигит: “Исмат ака, бир ой бўлди сизни тергов қилаяпмиз. Икки ҳафта нариги изоляторда, икки ҳафта бу ерда. Яқинда сизни бошқа жойга кўчиришади. Биз қўлимиздан келганини қилдик. Сиз адашиб тушиб қолгансиз буларнинг орасига. Бошлиғимиз бежиз сизга яхши муносабат қилмаяпти. У кишининг айтганларини қилинг, ўзингизга яхши бўлади, – деди.
Қамалганимдан бўён менга биринчи марта одамга ўхшаб муомила қилаётган эдилар. Кўзларим жиққа ёшга тўлиб: “Раҳмат, сизга!” дедим зўрға.
– Агар истасангиз, уйингизга телефон қилиб, гаплашишингиз мумкин. Фақат буни ҳеч ким билмаслиги керак, – деди кутилмаганда Нодир.
Мен улардан ҳамма нарсани кутган бўлсам-да, лекин бундай марҳаматни кутмаган эдим. Ҳазиллашаяптими деб,  терговчининг кўзларига қарадим. Йўқ, у жиддий айтаётган эди.
Қамоқхонада маҳбус учун уйи билан гаплашиш – Яратган Эгамнинг энг олий муруввати эканини айтиб ўтишим керак. Бу – ҳеч қайси маҳбусга насиб этмайдиган энг олий саодат!
Адвокат орқали хат олиб, хат бериш, уйдагиларнинг ҳол аҳволини билиш бошқа, телефон орқали шахсан гаплашиш бошқа нарса.
Нодир телефон аппаратини олдимга суриб қўйиб, ўзи секин хонани тарк этди. Бир лаҳза қувончдан ўзимни юқотиб қўйдим. Бошим гангиб, кўз олдим қоронғулашиб қолди. Юрагим ҳаяжондан гуп гуп этиб, ура бошлади.
Телефон гўшагини кўтариб, рақамини терай десам, ҳаяжон ва қувончдан ўз қадрдон уйимнинг телефон номерини даставвал эслолмадим. Қўлларим қалтираб, бир лаҳза ғалати аҳволда қолдим. Сўнг хаёл осмонларим тиниқлашиб, рақам ўз ўзидан ёдимга тушди.
Учинчи гудокдан сўнг телефонни оилам кўтарди:
– Наргиз, салом, бу менман, – дедим товушим титраб.
Оилам овозимни таниб, йиғлаб юборди.
– Қўйиб юборишдими, чиқдингизми? – деди бир оздан сўнг ўзига келиб. – Болалар ҳар куни сизни сўрайди…
– Йўқ, ҳали шу ердаман. Лекин чиқишимга бугун ишондим… – дедим. – Сени, болаларни жуда соғиндим…
Шу гапни айтдиму, энди ўзим очиқ ошкор йиғлаб юбордим…
32.
Мен хотинимнинг олдида ҳеч қачон йиғламаган эдим.
Қарши пединститути комсомол комитети секретари бўлиб – қадамимдан ўт чақнаб юрган пайтларимда унга уйланганман.
У – ўн саккизда, мен – йигирма саккизда эдим.
Кейин Тошкентга кўчиб келиб, аввал “Саодат” журналида, сўнг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида мухбирлик қилдим.
Ўша даврларда ҳам ёмон яшамасдик. Мухбирлик ойлигим ва ёзган мақолалар учун оладиган қалам ҳақи (гонорар) ни қўшиб ҳисоблаганда, яхшигина маош олардим. Журналист ва ижодкор зиёли ҳолига маймунлар йиғлайдиган аянчли ҳолат, кейинчалик, хусусан мустақилликдан кейин пайдо бўлди.
Боз устига Наргизнинг дадаси Шаҳрисабз “заготзерно”сида узоқ йиллардан бўён директор эди. Ун, гуручдан қарашиб турарди.
Тошкентдаги менинг оддий мухбирлигим кўп давом этмади.
Орадан икки-уч йил ўтар-ўтмас, Ислом Каримов Ўзбекистон раҳбарлигига келиб, мен ҳам кўтарилиб кетдим. Хуллас, ёмон яшамасдик.
Бу даврга келиб уч фарзандлик бўлдик. Мен қамалганда катта қизим етти ёшда, ўғлим бешда ва кенжатойим уч ёшда эди.
Телефонда оиламнинг: “Болалар ҳар куни сизни сўрайди!” – деган сўзи менга қаттиқ таъсир қилди. Қолаверса, ўзим ҳам уларни жуда ва жуда соғинган эдим.
Шунинг учун йиғлаб юбордим…
33.
Наргизнинг бувиси ҳам бизникида экан.
У киши билан ҳам гаплашдим. Телефонда узундан узун дуо қилдилар.
Болаларим ухлаб қолишган эди.
– Уларни ўпиб қўй, майли уйғотиб ўтирма, йиғлаганимни кўриб, ўксиб юришмасин, – дедим…
34.
Телефон гўшагини жойига қўйиб, бошимни кўтариб қарасам, мени меҳмон қилган хўжайин ҳам, Нодир ҳам аллақачон ўз жойларини эгаллашган, оилам билан бўлган “йиғи-сиғим”ни жимгина эшитиб ўтиришарди.
Ҳаяжон билан бўлиб, уларнинг хонага кириб келганларини ҳам сезмай қолибман. Мен ноқулай аҳволда қолдим. Нодирга гап тегишидан хавотирда эдим.
Кўз ёшларим билан бошлиққа қарадим. Кўзларим хўжайиннинг кўзлари билан бир лаҳза тўқнашди.
Мен унинг нигоҳларида қаҳр-ғазаб ва маломатдан кўра кўпроқ меҳр-шафқат ва диёнатни кўргандай бўлдим.
У менга ҳам, мени кабинетда холи қолдириб чиқиб кетган Нодирга ҳам индамади. Гўё ҳеч нарса бўлмаганидай, сокин ва осойишта сўз бошлади:
– Биз учун кўп нарсалар ойдинлашиб боряпти. Энди сизни агар айтганимизни қилсангиз, МХХ изоляторига ўтказамиз. У ерда одамга ўхшаб яшайсиз. Кўрпа тўшак, ёстиқ, оппоқ чойшаблар берилади. Хонада тўрт кишидан ортиқ одам бўлмайди…
Хўжайин шу сўзларни айтаркан, бир лаҳза ўйланиб турди-да, яна қўшимча қилди:
– Умрзоқовнинг жиноий гуруҳи билан алоқангиз ҳозирча кўринмаяпти. Янаям буни МХХ аниқлайди, биз эмас. Лекин сизга бугун бошқа бир илтимос бор. Бизга Равшан Ҳайдаров билан Зелемхон Ҳайдаров тўғрисида маълумот керак. Баъзи гап-сўзларни биз айтамиз. Масалан, улар иккови ҳам Гулистондан, ака-ука деб ёзасиз. Баъзиларини ўзингиз айтасиз. Сизни улар билан алоқангиз яхши дейишди. Мана, Зелемхон Ҳайдаровнинг ҳам, Равшан Ҳайдаровнинг ҳам қабулхонасидаги ва ёрдамчиларидаги кирди-чиқди журналларида сизнинг номингиз кўп маротаба зикр этилган. Ҳатто, қанча соатгача қолиб кетганларингиз ҳам бор…
Бу таклифни эшитиб, елкамдан тоғ ағдарилгандай бўлди. Мен Мавлон Умрзоқовга тўҳмат қилиб, ниманидир ёзиб беришни сўрашади деб қўрққан эдим…
35.
Ўша пайтларда Равшан Ҳайдаров – Ички Ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг кадрлар сиёсати бўйича ўринбосари эди.
Уни бу лавозимга – Президент девонида ишсиз қолганидан кейин – Мавлон ака ўтқазган эди. Зокир Алматов икки оёғини тираб, қаршилик қилганини биламан. Лекин Мавлон ака Президентни кўндириб, буйруқни барибир чиқартирган эди.
Мен унинг вазирликдаги кабинетига тез тез бориб турардим.
Ички ишлар вазири Зокиржон аканинг Дилшод исмли қадди қомати келишган ёрдамчиси бор эди. Унинг ёрдамида аввал Зокир Алматовнинг, сўнг албатта Равшан Ҳайдаровнинг ҳам олдига бир-ров кириб ўтардим.
Бир икки марта органдан ҳайдалган офицер ва мулозимларини вазифасига ва ўз соҳасига қайта тиклаш учун мурожаат қилганман ва ҳар сафар илтимосимни вазирилик раҳбарияти ижобий ҳал қилган эди.
Ҳолбуки, амалдаги қонун қоидалар бўйича ички ишлар, прокуратура ва махсус хизматлардан ҳайдалганларнинг қайтиб бу соҳага яна тикланиши ва мулозим бўлиши, бу жуда қийин ва кўпинча – имконсиз масала.
Зелемхон Ҳайдаров билан ҳам яқин ва яхши алоқада эдим. Бу ҳақда у кишининг сиёсий портретига бағишланган ва шарҳ берилган бобларда батафсил ёзилган…
36.
Хуллас, Зелемхон Ҳайдаров – Президентнинг ёрдамчиси эди.
У билан ниҳоятда яқин деб кўрилган ички ишлар вазири ўринбосари Равшан Ҳайдаровдан Алматов чўчигани учун ҳам уни вазирликка келишини истамаган.
Энди келганидан кейин унинг тимсолида – ўз ўрнига муносиб даъвогарни кўра бошлаган бўлиши ҳам мумкин. Бу ёғи менга қоронғу. Лекин ўша даврда уларнинг ҳар иккаласига ҳам қарши гуруҳ ва кучлар Ўзбекистон Олий раҳбариятида бўлганлиги аниқ.
Масалан, орадан кўп ўтмай Равшан Ҳайдаров, агар адашмасам, бир муддат, Тошкент шаҳар ички ишлар Бошқармаси бошлиғи этиб тайинланади. Зелемхон Ҳайдаров эса Президентнинг ўнг қўли бўлди. “Оқ сарой” салтанати бевосита унинг қўлида қолди.
Демак, ўшанда мен орқали кимдир (Балки – кимлардир) ўша зотларни бадном қилиб, йўқотмоқчи бўлган бўлиши мумкин.
Бугун энди бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлиб кетди. Лекин агар исталса, бу мулозимлар топилса, ўша “буюртма” ким томонидан берилганини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.
Юқори доиралардаги бир-бирини маҳв этиш борасидаги “шантаж” ва “интрига”лар шу йўсинда тайёрланар экан…
37.
– Ака, мен яна бир бора яхшилаб ўйлаб кўрай, кейин ёзиб бераман, – дедим хўжайинга.
У бир Нодирга, бир менга, бир стол устидаги боя мен оилам билан гаплашган телефон аппаратига қараб, ўйланиб турди-да:
– Яхши, мен уч кунга хизмат сафари билан Москвага кетяпман. Қайтиб келганимда мен айтган “Маълумотнома” папкада бўлиши керак, – деб Нодирга қаради.
– Хўп бўлади, албатта бажарамиз, – деб Нодир менинг номимдан ҳам жавоб берди шошиб…
38.
Кайф қилдим, қорним тўқ, уй билан гаплашдим.
Инсонга бахтли бўлиш учун кўп нарса керак эмас.
Лекин бунинг эвазига менга кўп яхшиликлар қилган “ака-ука” Ҳайдаровлар ҳақида “Маълумотнома” ёзишим керак эди.
Буни энди ўйлаб кўриш керак…
Нодир мени камерага олиб тушди. Ичимда: “Қанийди эртага ҳам меҳмон қилишса!” деб тамшаниб қўйдим.
Лекин эртаси куни Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси (“ГУВД”) да тўс-тўполон бошланди. Бошқарма бошлиғи, генерал Ғофуровни номаълум сабабларга кўра ўз кабинетида ўлик ҳолда топилганини эшитдик.
Мени ҳам, “Маълумотнома”ни ҳам эсдан чиқаришди. Уч кунлик хизмат сафари билан Москвага кетган “хўжайин” ҳам қайтиб кўринмади. Нодир ҳам бошқа ишга ўтиб кетганини айтишди.
Бугун бу воқеаларга ҳам анча йиллар бўлиб қолди. Кўп нарсалар йиллар таъсирида секин аста унутилди.
Лекин бир ойлик маҳбусликда туриб, уй билан гаплашгандаги ўша қувонч ва ҳаяжон ҳануз ёдимда.
Дарвоқе, ўша куни коньяк ичиб, кабоб еб камерага тушганимдан сўнг ўзимни худди кўйлакчан кунларимга қайтгандай ҳис этган эдим…
Бу боб тугади

 

14 шарҳ

  1. O`zbek qamoqhonalaridagi hatot haqida bu qadar ochiq oydin hikoya va samimiy tasvirni men hali hech qaerda o`qimagan edim. Ismat Xushev haqiqiy iste`dod sohibi bo`lib shakllandi bu asari bilan.

  2. QIMIZ..

    ISMAT AKA MENING SHARHI QAERGA GOYIB BULDI?

  3. Офарин сизга Исмат ака! Ўша Ватан хоинларининг, ҳалқимиз ва давлатимиз душманларининг ҳақиқий башараларини жуда ҳам тиниқ қилиб очиб ташлагансиз. Қатор йиллар ичида виждони бор орган ходимлари юқори рахбарияти қатағонига учраб, ЭВРИЛ ТУРОН таърифлагандеклари ишлаб қола олишди. Тўрт сўм пулга номусини сотганлар саволларга жавоб бермасдан яшаб юраверадилар;
    ЧЕСТЬ МУНДИРА, СЛОВО ОФИЦЕРА, ОР-НОМУС, ИНСОНЛИК ШАЪНИ барчасини Бўритош ва Қодиржон акамлар порага алмашиб юборганлар. Шогирдлари давомчиси хали ҳам!!

    1. qodir

      Сиз тўғрисини айтибсиз Исмат ака! Очлик кимлар учундир ўлимдан қийиндир. Мен бир нарсага ҳайрон қоламан, очлик эълон қилганлар қандай қилиб чидар экан. Шахсан мен бир кун овқат емасам нақт йиқилиб коламан. Қамокхонадаги бундай хаётий ваокеаларни қандай бўлса шундайлигича очиқ ойдин ёзганингиз учун рахмат , ака. Бундан кейин жим юрамиз, Каримовга қарши бормай. Шу кунимизга хам шукур қилиб…

    2. O’zbekxan

      Исмат ака, тўқсонинчи йиллар бошида биз Эркин Ёшлар Уюшмасини ташкил қилганимизда генирал Ғофуров бизни олдимизга келган эди, биз билан ярим соатча юзма юз туриб гаплашди. Давлат мулозимлар ичида бундай эркин фикирлайдиган, очиқ кунгилли шахсни кўрмаганмиз. Унинг тоза ва яхши инсонлиги, ишонувчанлиги бошига етди. Сиз уз хотирларингизда ўзбекистон сиёсий тарихининг ана шу қоронғу томонларини яхши очиб берябсиз. Юқоридаги бази укувчилар айтганидек, бу асар ўзбек адабиётида янги бир ходиса бўса ажаб эмас.

    3. QIMIZ..

      Qolgani qani tezroq yozmaesizmi. Odamni нit qildingiz?

    4. Tangrim dini -Turkiylar dini

      Ismat aka
      Sizda talant ham bor ham jasur demokratiya bor. Bu ikki narsa kamdan kam odamlarga nasib etadi. Sizda bir yoqlamalikni ko’rmadim. Din masalasida ham demokratiya qila olganiz bu juda katta jasorat aslida. Mana shu xislatiz bilan hali ko’p ishlar qilishiz mumkin. Yaratgan Egam Tangrim sizni suyushiga menda shubha yo’q.

    5. Исмат ака. Биз Тошкентда яшаймиз. Бутун оила аъзоларимиз билан ўқияпмиз асарингизни. Оилам мактабда инглиз тилидан дарс беради. Мактабда ҳам хамма укитувчилар шу хақда гапиришаркан. Нега шуни ўзбек матбуотида эълон қилишнинг иложи йўқ. Президентга яхши эмасми, қамоқдаги камчиликларни ойнадек кўрсатиб берадиган мақолаларнинг эълон қилиниши. Лекин сизга гап йўқ, ака. Биз сиз билан пахрланамиз. Давомини интизорлик билан кутиб ўтирибмиз.

    6. Жуда ажойиб ёзаябсиз, камокхона хаётини Исмат ака. Худди Достоевскийни “Улик уйдан мактублар” романидай хаммаси хакида батафсил ва тушинарли килиб.

    7. Shayboni

      Олти ой нақт жаҳаннамни ичида бўлган экансиз. Исмат ака бундай ноинсоий қамоҳоналардаги шароитга Каримов жавобгар. Шундай экан уни бундан кейин мақтаманг! 8 ойдан бери пустагини қоқаяпсиз шундай давом этинг! Сизни биламиз юрагингиз тоза чинакам ватанпарварсиз. Илтимос ҳеч қачон устоз диманг шу золим, қасамхўрни.

    8. O’zbekxan

      Мен ҳам эшитганман. Сизни гапингиздан кейин тўлиқ ишондим. Бу жоҳиллик ҳайвонийликдир. Коммунест тарбиясини олган кадрлар трик экан хозрги аҳвол ўзгармайди. Сизнинг ёзган биргина мана шу асарингиздан кейин призидент қамоқ тизимини қайта куриб чиқарди агар адолат ва одамлар тарафида булганида эди. Сиз бизнинг 25 йилдан бери очилмай келаётган кузларимизни очдингиз…

    9. Офарин сизга Исмат ака! Сизнинг ёзганларингиз вақти келиб қўрқинчлик туш каби бўлиб қолсин, жабрдийда ўзбек халқи фақат тарихий китобларингизни ўқиб ўша кунларнинг қайтиб келмаслигини туну-кун дуосини қилишсин.
      Бу фашистларнинг барчасининг номлари тарихимизнинг қора кунлари сахифасидан жой олмоғи шарт!
      Ўлим чангалидан омон чиқишингиз эса Дунё Ўзбекларининг бахти учундир, чунки миллионлаб инсонлар Ватан соғинчини Дунё Ўзбеклари билан овутишиб, ёруғ кунларнинг умиди билан яшашмоқда, Сизга ишонишган!!!!

    10. Nima uchun keyingi paytda Ismat Hushev asarlariga odamlar qiziqib qoldi? Chunki u bor gaplarni yozadi. Yozganda ham samimiy yozadi. O`zini beayb qilib ko`rsatmaydi. Oqni oq, qorani qora dyedi. Masalan men har kuni internitni ochib eng avvalo dunyo o`zbeklari ga kiraman. keyin ozodlik va fargona ru ni ko`zdan kechiraman. Tamom. Boshqa o`qiydaigan sayt ham qolmadi hisob. O`zbekistondaku mayli sharoit yo`q, ochiq yozishha. Lekin chet ellarda ham nega o`zbek tilida izlab o`qitdigan nashr yo`q.

    11. O`zbek qamoqhonalaridagi haqiqiy ahvolni tasvirlagansiz. Men ham bir paytlar siz qalamga olgan hibshonalarda bo`lganman va u erlarda vaziyat qandayligini yahshi bilaman. Bugun O`zbekistonda qamalmagan odam juda kamligini hisobga olsak va sizning hitiralaringizdan kelib chiqsak, Karimov odamlarni atay qamatayotganday taassurot tugiladi. Ozodlikda yurishning qadriga etsin, tinch yursin,menga qarshi b`osh ko`tarmasin deb. Ismat Xushevning bu kitobi barcha o`zbek halqi uchun muhim qo`llanmadir…

(3-боб ҳали давом этади)
"10" Comments
  1. Шархларни хаммасига кушилган холда давомини кутиб коламиз.
    Хатто маҳбусларнинг кийимларини хам узиники килиб кийишгача бориш учун одам жуда паст булиш керак, бундай одамларга ачиниш керак, маҳбусларга аталган овкатни еб Корин туйгазиш, бировни ХАККИ деган тушинча бор, уммуман одам энг комил инсон ва энг паст махлук хам була оларкан иккинчи хислатга еришиш осон охири эса вой, аттанг булади факат.

  2. Исмат ака, хаммаси такдирдан эканда. Шу кунгача ёзган барча маколаларингизда мустакил Узбекистон хаётини, утмишини ёзиб келяпсиз. Агар сизнинг бошингизга бу кунлар тушмаганда, камок хаётини, у ердаги ифлосликлар, адолатсизликлар ва махбуснинг изтиробларини очиб берадиган самимий ва холис маълумот берилмасди. Кун келиб сизни ёзган маколаларингиз жамланиб мустакил Узбекистоннинг тарихи шаклида келажак авлодлар укиб юрса ажабланмаймиз. Самимий ва холис ишингизда куч кувват тилайман.

  3. Исмат амаки тан бердим сиз ҳеч нарсадан чучимайдиган экансиз. Отни бошидик юрагингиз бор экан. Хайажон билан ўқиб чиқдим, буни ўқиган амалдорлар ўзларини сизни ўрнингизга қўйиб кечалари ўхлалмай чиқса керак.

  4. Shu rasmning o`zi bir tarih ekan, Ismat aka. Sochlaringiz buncha uzun. Buncha yosh va navqoronsizlar…

  5. Ismat aka, agar shu yozganlaringiz bo`yicha kino ishlansa zo`r dediktiv va shov-shuvli kino bo`lardi…

  6. Ham iste`dod, ham samimiyat, ham holislik, ham jasorat bor bu asarda. Ismat Hushevni men bugun kashaf qildim o`zim uchun.

  7. Dahshat, dahshat, dahshat. Shuncha azob uqubat ko`rgansiz deb o`lamagandim. Sizga hurmatim yana oshdi, Ismat aka!

  8. Ismat aka. Balki o`sha sizni mehmon qilib ma`lumotnoma so`raganlari uchun general Gofurovni o`ldirishgandir…

  9. Ismat Xushev hotiralarining 3 bobini ham o`qib tugatdik. Keyingi bobni sabrsizlik bilan kutish boshlandi. Nega boshqalarning ham yozganlarini shunday soginib kutmaydi odam. Haqiqiy istedod degani shu bo`lsa kerak-da Ismat aka. Men qamoqhona hayoti haqida boshqa asarlarni ham o`qiganman. Lekin ularning hech biri menga siz yozganday ta`sir qilmagan. Haqiqiqy talant shu emasmi. Boshqa yana nima dey, Ismat aka. Shu yaxsh so`zimdan boshqa ish qo`limdan kelmasa. Nomimni qo`yib maqola yozsam ishdan haydalaman…

  10. Ismat aka! Avvalo katta rahmat asar uchun. Qaytar dunyo ekan ne ajab…..Usha Farhod Shaymanov ham xor buldi. Zangi ota rayonida pom prokror paytida “soqqa” bilan ushlab Bekobodga srok berishdi. Oxir oqibat invalit dokument qilib chiqdi. Hozir drujbada yashayapti, ugli Bektemirga prokraturada edi uyam urildi….xullas xor buldi.

Leave a Reply
*