Menu
Categories
Исмат Хушев, Мирза Кенжа: Баҳодир Содиқовни ёд этиб
04/19/2016 Адабиёт
Исмат ХУШЕВ:
БИР СУРАТ ТАРИХИ
(Курсдошим Баҳодир Содиқов ёди)
Курсдошим Баҳодир ва бошқалар
Исмат Хушев расмга туширган ва мангуга муҳрлаган бу суратда Баҳодир Содиқов (ўртада – чапдан тўртинчи) олис самоларга термулганча хаёл уммонида ғарқ бўлган лаҳза акс этган. Тошкент вилоятининг Кумушкон дам олиш гўшаси – 1979 йил…

 

1. 
Баҳодир билан мен Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида бир курсда бирга ўқиш бахтига муяссар бўлганман.
Баҳодир – Хоразм вилоятининг Шовот районида туғилган бўлиб, курсимиздаги яна бир  ҳамюрти элликқалъалик Фарҳод Ибодуллаев билан ҳам жуда яқин дўст эди.
Баҳодир қувноқ табиатли бўлиш билан бирга, ўта мулоҳазали ва донишманд йигит эди. Даставвал ҳамма талабалар қатори ўқиб ўрганиб юрди.  Учинчи курсни тугатиб, тўртинчига ўтар пайтимизда унинг  табиатидаги олдинги қувноқлик ўрнини ўйчанлик ва хомушлик эгаллай бошлади.
Олдингидай ҳамма қатори костюм шим ва галстук тақиб юришлар барҳам топиб, соқол қўйиб, худди Хеменгуэйга ўхшаш қиёфа касб этди.  Ўзи ҳам, мулоҳазалари ҳам  анча улғайиб, донишманд чоллардай ажиб бир кўринишга эга бўлди.
Бир йилнинг ичида у менинг кўз ўнгимда ўн йиллик умрини яшагандай эди гўё…

 

2. 
Мен талабалик йилларимдаёқ  суюкли шоиримиз  Абдулла Орипов билан анча яқин бўлиб, у кишининг “Детский мир” атрофидаги хонадонларига тез тез бориб турардим.
Ана шундай ташрифларимда мен устознинг уйига доим дипломатимни тўлдириб Абдулла аканинг “Юртим шамоли” номли янги чиққан китобларини олиб борардим.  Бу китобларни менга курсдошларим берган бўлиб, устознинг имзоси билан уларнинг исми ёзилган дастхат олиб келишдек ёқимли бир вазифа бўларди менинг зиммамда.
Абдулла аканинг хонадонига навбатдаги бўлажак ташрифимдан хабар топган Баҳодир менга дарсдан сўнг университетнинг кутубхонасида бўлишини, кетар чоғим унга албатта  учраб ўтишимни илтимос қилди. Умуман кейинги пайтларда Баҳодир асосий вақтини кутубхонада ўтказишини ҳаммамиз яхши билардик.
Бордим. У аллақандай эски китоб ва архивдаги сарғайган газет тахламлари узра мук тушиб ниманидир мутолаа қилаётганини кўрдим. Имтиҳонлар даври эмас эди – ҳайрон бўлдим. Қизиқсиниб, суриштирсам, Сўфи Оллоёр ва Машраб ғазаллари таҳлил қилинган мақолани ўқиётганини,  Мансур Ҳаллож сингари улуғ сўфийлар ижоди уни оҳанграбодай ўзига тортишини, бундан кейин тасаввуфшунослик илми билан жиддий шуғулланиш ниятида эканини  завқ билан айта бошлади.
Сўнг устознинг уйига бораётганимни билиб, Абдулла Ориповнинг 1965 йилда чоп этилган “Митти Юлдуз” номли жажжигина китобчасини дасхат ёздириб олиш учун берди…

 

3. 
Баҳодир бир муддат курсдошларимиз  Нурпеис ва Фарҳодлар билан Студентлар шаҳарчасининг шундоққина ёнгинасидаги “Мед городок”да – кўп қаватли “Дом”ларнинг бирида  ижарада турди.  Тўққиз қаватли бу “Дом”нинг шундоққина рўпарасида  хоразмлик  нуроний ва фаришта бир аёл жуда мазали чўзма лағмон қилиб сотарди.
Бир гал Баҳодир мендан Абдулла акани ўша ерга меҳмонга олиб боришимни илтимос қилди. Абдулла ака оқшом чоғлари баъзан вақт бевақт Студентлар шаҳарчасига келиб, унинг атрофларини “Жигули”да кезиб юришни яхши кўрарди.
Ана шундай сўлим ёз оқшомларининг бирида мен Абдулла акани олиб, Баҳодирлар кутаётган лағмонхонага борганимиз ҳануз ёдимда. Йигитлар ўшанда роса хурсанд бўлишган эди. Айниқса – Баҳодир.
Улар билан чақ-чақлашиб қайтар эканмиз, Абдулла ака – тўртовларинг ичидан соқолли йигит анча билимли экан деганлари ҳануз ёдимда…

 

4. 
Кейин мен кўп ўтмай Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетидан  – Москва Давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кетдим. Курсдошлар билан алоқа вақтинчалик узилиб қолди.
Баҳодир кейинги пайтларда мен юқорида тилга олган мавзулар билан бирга – Хоразм тарихига оид сирли ва мураккаб жараёнлар билан ҳам астойдил қизиқа бошлаган эди. Москвага кетишимдан олдин, менга ҳам: “Москвадан Хоразм ва Мовуроннаҳр тарихи оид топилмас ва ноёб китоблар бўлса, олиб кетинг” деб илтимос қилган эди.
Баҳодирда мен кейинги пайтларда олдин учратмаган бир ҳолни сездим: Унинг олдинги қувноқ кайфияти ўрнини ўйчанлик ва айтиш мумкинки қандайдир бир умидсизлик, ўтмишга, йўқликка, фоний дунёга қизиқишдек тушуниб бўлмас ва ғалати бир кайфият эгаллаб олганди. У ҳатто тарки дунё қилиш ҳақида ҳам гапира бошлаган эди.
1980 йил кутилмаганда Баҳодирнинг  ёзги таътил чоғи Хоразмга бориб,  Жайҳун бўйларида бир болани қутқараман деб, сувга чўкиб кетганини эшитдим. Янаям аниқроғи – болани қутқариб, соҳилга қўйиб: “Мен кетдим!” деб,  ўзи яна ўз ихтиёри билан сувга кириб кетганини айтишди.
Унинг қирғоқда қолиб кетган портфелидан сўфизм ва тасаввуфшуносликка оида китоблар чиққанини эшитдим…
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири.
R.S.  Суратга шарҳ ва сўнгсўз ўрнида…
Суратдаги курсдошларим – чапдан биринчи: Клара Бозорова (Бухоронинг Қизилтепасидан),  Насиба Худойбердиева (Сирдарё), Бобоназар Хасанов (Қашқадарёнинг Ғузор районидан), Нурпеис Ўтегенов (Тошкент вилояти), самоларга термулган Баҳодир Содиқов, жиззахлик таниқли шоира Фароғат Камолова, орқа планда эса – Дилором Исмадиёрова (Сирдарё) билан Фарҳод Ибодуллаев (Элликқаъла) лар Кумушконга дам олиш учун борганимизда тушган эканмиз.
Шахсий архивимда сақланиб қолган  бу суратни Канаданинг сирли ва сукунатли оқшомларида қайта ва қайта томошо қиларканман, нега ўшанда фотоаппаратни дўстларимдан бирортасига бериб, ўзим ҳам Баҳодирнинг ёнида туриб, расмга тушмаган эканман деб афсус ва надомат қиламан…
22 апрель, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада

 

Баҳодир Содиқ дўст (2)

 Мирза Кенжабоев
                          ДЎСТ ХОТИРАСИ  
                              (Баҳодир Содиқ)
Авваллари
Эшикни қоқмасдан кириб келардинг
Мен ёлғиз ўлтирган чоғларда.
Энди
Кириб келаверасан
Эшикни қоқмасдан… очмасдан
Мен ёлғиз ўлтирган чоғларда.
Қизғин баҳс бошлайсан остонаданоқ
Зўр мунаққид сезиб  ўзингни:
“Менинг пийрим Фейрбах айтади…”
“Савиянгнинг нози соз” – дейман,
Зўр шоир сезаман  ўзимни!
Авваллари
Торгина кулбамга
Эшикни қоқмасдан кириб келардинг,
Энди
Кириб келаверасан
Эшикни  қоқмасдан… Очмасдан!
– Ёш  жонингга  соқол муборак!
Кел, навқирон чол.
– Соқолимдан кулманг, – дейсан сен, –
Мен қайтяпман
Ўтмиш сари,
Аждодлар сари!
Дарвоқе,
Сенинг қоралама сатрларингда
Тирилмоқда эди қайтадан
Кўҳна Хоразмнинг мўрт томирлари;
Дарвоқе,
Сен қайтмоқда эдинг
Ўтмиш сари
Аждодлар сари!
Кўҳна Урганчдаги
Қадим Карвон  йўли дарвозасидан;
Дарвозаки,
Икки ёнидан
Ўтарлар у ёққа, бу ёққа.
Лекин дарвозанинг ўзидан
Ҳеч ким ўтмай қўйган сўнгги асрда.
Жуда эрта қайтдинг Баҳодир,
Ўтмиш сари, Аждодлар сари!
Табиат аямай берганди сенга
Иқтидорни ҳам эҳтиросни.
Меҳрнию, совуққонликни,
Сендан ўлимни ҳам аямади у.
Сен ўтни севардинг.
Машрабни севардинг – Машраб ўт эди!
Сувда ёниб кетдинг. Сув – басир!
Кулгуларинг – қулаган қаср…
Менга алам қилган ҳодисалар кўп
Сенинг ўлимингдан ташқари:
Чўкиши зарур,
Ўлиши  зарур бўлган қимсалар
Бўғзимга тиқилиб яшайди менинг…
Авваллари
Торгина хонамга
Эшикни қоқмасдан кириб келардинг.
Энди кириб келаверасан
Эшикни очмасдан… қоқмасдан,
Мен ёлғиз ўлтирган чоғларда.
Энг ғалат воқеаларни
Айтиб кулаверасан, айтиб кулаверасан.
Бу мунглиғ латифа – ҳаётни айтиб
Кулаверасан, кулаверасан, кулаверасан.
Мен эса
Очилмаган эшикка боқиб,
Қаршимдаги бўм-бўш курсига  боқиб
Йиғлайвераман,
                      Йиғлайвераман,
                                              Йиғлайвераман…

1980

Шеър

Мирзо Кенжа

“Дунё ўзбеклари” дан:
Курсдошим Баҳодир ҳақидаги биринчи мақола эълон қилинганидан сўнг  кўп ўтмай Ўзбекистондаги мухлисдан  истеъдодли ўзбек шоири Мирза Кенжабоев (ўнгда) нинг юқоридаги шеъри ва тўпламдан кўчириб олинган шеър матни сурати келиб тушди. 
“Дунё ўзбеклари”нинг кўпминг сонли мухлис ва муштарийлари номидан бизга бу бетакрор шеърни йўллаган мухлис дўстимизга чин юракдан миннатдорчилик изҳор этамиз.
19 апрель, 2015 йил, Торонто шаҳри, Канада
  1. Сизга қойил, Исмат ака! Қандай қилиб 30 40 йил олдинги курсдошларингизнинг исми ва фамилиясини аниқ эслаб қолгансиз? Сизнинг “Президент эркатойининг хотиралари” номли китобингизда юзлаб амалдорлар, давлат ва жамият мулозимлари, хизматчиларининг оти, фамилияларини эслашларингизни ақлга сиғдириш қийин. Демак сизда камдан кам одамларда бўлган фазилат – хотирангиз ниҳоятда кучли экан. Бунга бугун яна бир бор тан бердим, ака.

    “Дунё ўзбеклари” учун махсус

Leave a Reply
*