Menu
Categories
Исмат Хушев: Етмиш ёшлик самимият (Журналист Анвар Усмоновга табрик ўрнида)
04/10/2016 Бош мақола

Анвар Усмонов Деҳқонович Исмат Хушев
ЕТМИШГА ТЎЛГАН САМИМИЯТ
(Анвар Усмоновга табрик ўрнида)
“Ўзбек мухолифати ҳақида ҳикоялар” туркумидан
1.
Яширмайман, Анвар Усмоновнинг етмишга тўлганини эшитиб, ҳам қувондим, ҳам куйиб, ёндим.
Қувонч ва ҳайратдан қувонганим шу маънодаки – Ўзбекистондан олис хорижнинг тинч ва осойишта гўшаларида қўним топган бир ўзбек журналисти – Яратган Эгамнинг қудрати билан ўлмай, нетмай – шу муборак ёшга етибди.
Ўкинч-у, ҳасратдан куйганим ва ёнганимга эса – Худо талант ва самимиятдан қисмаган, ўз халқи ва ватанига садоқатли бўлган шундай фидойи ва истеъдодли ижодкор умрининг кейинги ўттиз йилини муҳожирликда ўтказиб, муборак етмишинчи ёшини ҳам Ўзбекистонда эмас, хорижда кутиб олгани сабаб бўлди…
2.
Ҳа, таниқли ўзбек журналисти Анвар Усмонов бундан ўттиз йил муқаддам КПСС Марказий Комитети нашри бўлмиш “Учительская Газета”нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири эди.
Қадди қомати келишган, ёш ва ғайратли йигит Ўзбекистоннинг янги раҳбари этиб тайинланган Ислом Каримовга мухолиф бўлганлар сафига ўтиб, ватанни тарк этишга мажбур бўлди.
Бу ҳижрат бу қадар узоқ чўзилишини у етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган эди.
Айни кучга тўлган – қирчиллама қирқ ва эллик ўртасида Ўзбекистонни тарк этган таниқли ўзбек журналисти бугун, не тонгки, етмиш ёшга тўлибди.
Ўшанда Ватанини тарк этган маҳал у хорижни бир айланиб келгунича, Каримов ҳам ҳокимиятдан кетиб қолса керак деб ўйлаган эди.
Лекин, мана 27  йилдирки, мустабид ҳали ҳам ҳокимиятда.
Анвар Усмонов ҳануз Ўзбекистонга бориш орзусида яшаб юрибди.
Бевафо юрт эса ҳали вери Усмонов ва унинг сафдошларига Ватан дарвозаларини очмоқчи эмас…
3.
Ана шундай ғалати ва парадокс бир ҳолатда, Ер билан Осмон оралиғидаги сирли бир ҳилқатда, Олмония деган мамлакатда – у ўз муҳожирлик ҳаётининг емишинчи баҳорини қарши олди.
Ҳолбуки, унинг юрагида орзу умидлари бир олам эди. У Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланган, ҳур ва демократик, замонавий ва афсонавий  давлат бўлишини орзу қиларди.
Бу орзу йўлида у мавжуд тоталитар тузумга қарши ўз билгича курашди.
Мамлакатда ва давлат бошқарувида яккаҳокимлик ва ёпиқлик эмас, балки ошкоралик ва демократик тамойиллар асосий ўрин тутишини муҳим деб билди.
Бунинг учун эса – уни аввал ўз самолётида хориж эллардаги расмий сафарларида ҳамроқ қилиб олиб юрадиган президент қаттиқ жазолади: Аввал кўча-куйда “безорилар” уриб кетишди, уйини ёқиб юборишди, сўнг ўзини ҳибсга олишди…
4.
Анвар ака билан тўқсонинчи йиллар бошида мен ҳам бир муддат яхши ва яқин алоқада эдим.
Иккаламиз ҳам ўзбек мухолифатидаги журналистлар орасида пешқадамлардан эдик.
У пайтларда митинг ва йиғилишлар Ўзбекистонда энди-энди урф бўла бошлаган, одамларни ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун кўчаларга бошловчи  қайта қуриш ва ошкоралик насимлари эсаётган ажойиб ва ғаройиб даврлар эди.
Бир гал “Инқилоб хиёбони”даги етти қаватли “Газетлар корпуси” биносининг кенг ва мўҳташам мажлислар залида республика оммавий ахборот воситалари ходимларининг катта митингги бўлиб ўтганида уни Анвар ака билан бирга бошқариб боргандик.(Сурат берилади)
Анвар ака оғир, босиқ, мулоҳазали йигит. Журналистлар орасида обрў-эътибори ва нуфузи баланд. Шунинг учун ҳам унинг сўзини залдаги ҳамкасблар диққат билан тинглашар эди.
У ҳеч қачон бировга овозини баландлатиб гапирмас, ҳақорат қилмасди.
Юксак маданиятли, нозик таъб ижодкор эди…

 

5.
Анвар аканинг “Луначарский” мавзесидаги сўлим маҳалласига – кейинчалик ҳукумат фатвоси билан ёқиб юборилган ўша машҳур уйига бир икки бор бориб меҳмон бўлганман.
Бир гал Абдуманноп Пўлатов билан, бир гал Шуҳрат Исматиллаев билан, бошқа бир гал Рауф Парфи билан борганларим ёдимда.
Ҳали Ўзбекистонда Нишонов даври бўлиб, мен ҳам мухолифат сафларида эдим.
Анвар аканинг уйи ҳам худди талабалар ётоқхонаси каби қачон борсак – тўзиган ва гавжум бўларди: Стол устида ҳамиша пиво ва вино ичилган рюмкалар қаторлашиб турар, кулдонда эса ҳар доим чекилган сигарет уюмлари қалашиб ётарди.
Ўзимиз билан нимадир олиб борган бўлсак, уни пиширардик, баҳам кўрардик.
Сўнг Ўзбекистон ва унинг келажаги худди ўзимизнинг қўлимизда каби унинг истиқболи ва келажаги ҳақида то тонггача суҳбат ва гурунглар қилиб чиқардик.
Ўзимизнинг келажагимизни эса ўйламас эдик…
6.
Кейин йўлларимиз иккига бўлинди.
Мен Ислом Каримов бошчилигидаги расмий ҳокимият сафига ўтиб – ҳукуматга, Анвар ака эса “неформал”лар сафида қолиб – мухолифатга меҳр қўйдик, садоқат изҳор қилдик.
Кўп ўтмай мен кўтарилиб – мулозимлик қудратига, Анвар Усмонов эса – Ватанни тарк этиб – муҳожирлик ҳижратига эришдик.
Бугун бу воқеаларга ҳам роппа роса 27 йил бўлибди.
Бугун – мухолифатга садоқат изҳор қилиб, муҳожирлик қисматини танлаган Анвар Усмонов ҳануз – ҳижратда – Олмонияда.
Лекин, ҳукумат тарафига ўтиб, мулозимлик қудратини танлаган Исмат Хушев бошига ҳам тақдим бугун, не тонг ва ё не кулфатки, муҳожирлик қисматини раво кўрди.
Тақдир тақозоси билан у Канада давлатидан сиёсий бошпана олиб, маҳзун ва шикаста дил билан умргузаронлик қилиб юрибди…
7.
2016 йилнинг 10 апрель куни Анвар акани қутлаш учун Олмонияга ташриф буюрган бир гуруҳ мухолифат фаоллари даврисида у киши қандай ҳис туйғуларга ҳамроқ бўлишини билмадим.
Ҳар қалай, юқорида айтганимдек, муҳожирликдаги ҳаётнинг -қувонч ва шодмонидан кўра, беҳуда совурилган бевафо йилларнинг – ўкинч ва армони Анвар акани қийнаши ва изтиробга солиши табиий, албатта.
Умр – ўтиб кетаверар экан. Ҳаёт биз бўлмасак ҳам давом этаверар экан.
Мамлакатга ким шоҳ ва подшоҳ бўлса – Конституция ҳам, Қонун ҳам, Демократия ҳам ўшанинг ўзи, ўшанинг айтган сўзи экан.
“Адолат” ва “Диёнат” деган ҳавойи гап-сўзлар бари бекор, бефойда экан.
Бу гап-сўзлар ерда эмас, осмонда экан…
8.
Анвар Усмоновнинг хорижда, Ватансизликда ўтган салкам чорак асрлик  умрини ва етмиш ёшга тўлган бугунги кунини ўйлаб, қувончдан кўра кўпроқ изтиробга ошно бўлганимнинг асл сабаби ҳам мана шу умидсиз ва ғамгин, шикаста ҳис туйғуларимдир.
Анвар Усмоновнинг аччиқ қисмати боис, улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг бир мискин шеъри ёдимга тушди:
Қанча диёрларда сайр этиб юрдим,
Қанча манзилларда туздим ошён.
Ва буюк ҳикматга ахир юз бурдим,
Сийланган жойида азиздур инсон.
Иста, қисматимга ўзинг бер барҳам,
Иста, яхши кунда номим қилгин ёд.
Менсиз ҳам мукаммал экан бу олам,
Менсиз ҳам бахтга ёр экан одамзод…
Ҳа, ўзбекистонликлар бизсиз ҳам, Анвар Усмонов каби мухолифат фаолларисиз ҳам бахтли экан.
Мухолифатсиз ҳам – Ўзбекистондаги ҳаёт мукаммал экан…
9.
Мен Анвар Усмоновнинг етмиш ёшга тўлгани ҳақидаги бу мискин мақолани бежиз “Етмиш ёшли самимият” деб атамадим.
Дарҳақиқат, Анвар Усмонов – самимият одами, самимиятли инсон.
Буни у билан учрашган ва суҳбатлашган ҳар бир одам яхши билади.
Анвар акани умрида кўрмаган ва билмаган, учратмаган одамлар ҳам унинг “Озодлик”да – Шуҳрат Бобожон билан қилган дилкаш гурунгларидан сўнг айнан самимиятлиги боис яхши кўриб қолишлари муболаға эмас, бор гап.
“Дунё ўзбеклари”га Анвар Усмоновнинг “Озодлик”даги самимий суҳбатларини тинглаб келган дил сўзларидан кўчирмалар:
– Анвар аканинг кимлиги ва қандай инсонлигини айтолмайман. Лекин жуда самимий одам эканликларига шубҳам йўқ. Буни у кишини “Озодлик”даги ўзбек тилини бузиб гапирсалар-да, лекин самимий бузиб гапиришларидан ҳам билса бўлади…
– Бир пайтлар Ислом Каримов ҳам худди Анвар Усмонов каби ўзбек тилини жуда бузиб гапирардилар. Лекин бугун – Ислом Каримовга қараганда 25 йилдан бўён ўзбек тилини ҳали ҳам яхши ўрганолмаган Анвар Усмоновнинг этагига намоз ўқиса бўлади…
– Анвар Усмоновдаги табиий ва ўлмас самимият – унинг ўзбек тилини яхши билмаслигини ҳам кўмиб юборади…

 

 

10.
Хориждаги ўзбек мухолифати фаоллари орасида Анвар аканинг ўзига хос ва ўзига мос муносиб ўрни бор.
Чорак асрдан бўён у кишининг бирорта мухолифат аъзоси ҳақида ёмон гапирганини эшитмадим. Биров билан конфликтга борганини, уришганини сезмадим.
Анвар Усмонов журналист сифатида ҳам, инсон ва мухолифат фаоли сифатида ҳам талантли ва фидойи, ўз эътиқод ва ғоясига садоқатли инсон.
Айтиш мумкинки, у киши зукко сиёсатчи бўлиш билан бирга, яхшигина “дипломат” ҳам.
Агар Анвар акадек қувваи ҳофизаси кенг, билимли ва тажрибали,  салоҳиятли ва истеъдодли кишиларга имкон берилганда эди, у киши Ўзбекистоннинг энг таниқли сиёсатчиси ва обрў-эътиборли мулозимларидан бири бўлиши мумкин эди.
Лекин, минг афсуски, Анвар ака салкам чорак асрдан бўён  Ўзбекистонда эмас, балки хорижда – Олмония давлатида умргўзаронлик қилиб юрибди…
Сўнгсўз ўрнида:
Лекин барибир тушкунлик ва умидсизлик бизнинг табиатимизга ёт нарса.
Шунинг учун ушбу мақолани ҳам умидбахш сўзлар билан якунлашга қарор қилдик.
Ҳурматли Анвар Деҳқонович!
Сизга бағишланган бугунги мақолани – “Етмиш ёшли самимият” деб бежиз атамадик.
Сиз етмиш, саксон, тўқсон ва ҳатто юз ёшларда ҳам – асл самимият тимсоли бўлиб қоласиз.
Лекин кейинги “Круглая дата”ларни Ўзбекистонда нишонлаш бахти бизга насиб этса, унда Сиздаги бу самимият – нафақат Сизнинг, балки бутун ўзбек халқининг ҳам бахтли ва саодатли абадиятига айланиб қолишига мен бугун заррача ҳам шубҳа қилмайман!
Янги ва муборак, яхши ва ёруғ кунларда Ўзбекистонда дийдор кўришиш бизга насиб этсин, илоҳим.
Сизга чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан:
Исмат Хушев,
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири

 

10 апрель, 2016 йил,
Торонто шаҳри, Канада давлати…

 

399

Суратда: Ўнгдан биринчи – “Совет Ўзбекистони” газетаси Бош муҳаррири Ўктам Усмонов, “Правда Востока” газетаси Бош муҳаррири Рубен Сафаров, “Учительская газета”нинг Ўзбекистон бўйича мухбири Анвар Усмонов, Журналистлар уюшмаси раиси, СССР халқ депутати Аҳмаджон Мухторов  “Ҳаёт ва иқтисод” – “Жизнь и экономика” журналлари Бош муҳаррири Исмат Хушев ва бошқалар Ўзбекистон журналистларининг Москва матбуотида Фарғона фожеаларининг бир ёқлама ёритилишига қарши митинггида…
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
"5" Comments
  1. Anvar akani men xam tavallud kunlari bilan tabriklayaman .Sog bolsinla umrlari uzoq bolsinla .Vatanga qaytib diydor korishish xammamizga nasib etsin .

  2. “Дуне узбеклари” бош мухаририни Ушбу кутоливига кушилган холда муборак булсин деймиз .

  3. Shuxrat Normurod

    КИМ НИМА ДЕБ ЎЙЛАСА ЎЙЛАСИН, БАХТЛИ ОДАМ ҲАММА ЖОЙДА БАХТЛИ БЎЛИШИ МУМКИН, ХОХ У МУХОЖИРЛИКДА Ё ДА ЎЗ ЮРТИДА. ИНСОННИ ЎЗИГА БОҒЛИҚ ҲАММА НАРСА, ЙИҒЛАБ ДОД СОЛГАН БИЛАН БИР НАРСА ЎЗГАРИБ ҚОЛАДИМИ. ОДАМЗОТГА ҲАЁТ БИР МАРТА БЕРИЛАДИ ДУНЁГА ОЧИЛИБ, ДОИМО ЯХШИ НИЯТ БИЛАН ЎЗИ УЧУН ҲАМ ЯШАШНИ БИЛИШ КЕРАК. Э, ОДАМ СЕН КИМСАН?! ВАЗИЯТНИ ҚУЛИСАН, УНГА МОСЛАШИБ ЯШАШГА МАХКУМСАН! АНВАР АКА КЎРИНИШИНГИЗДАН ЯХШИСИЗ, ИЛОЙИ ЎЗОҚ УМИР КЎРИНГ, ИСМАТ ХУШЕВ ТУФАЙЛИ БИЗ СИЗНИ БУГУН БИЛДИК ВА ТАНИДИК, 70 ЁШИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН! МЕНИНГ ТИЛАГИМ ШУ ОМОН БЎЛИНГ.

  4. Укинманг Анвар Усмонов фақат сиз эмас Ўзбек ҳалқини асил виждонли ҳур фикир фарзандлари ҳаммаси мухожиратда юрибди. Биз сўзсиз Ватанга қайтамиз ўз сўзимизни баралла айтамиз. Умид сўнгда ўлади деган гап ҳам бор, ҳар қандай ҳолатда иродали бўлишимиз золим ҳукумдорга қарши курашиб яшашимиз керак. Биз сизни ғойибона эшитсакда унча билмас эдек. Мана Исмат ака туфайли энди яхши биламиз. Табриклаймиз муборак 70 ёшингиз билан! Дунё ўзбекларига раҳмат сизни бизга кашф қилиб бергани учун!

  5. Исмат ака, ўзбек мухолифатининг мақтовга арзигулик фаоллари ҳақида яхши нарсалар ёзаяпсиз, раҳмат, ака.

Leave a Reply to Nuur
*